Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2019, Тошкент вақти: 10:42

Халқаро хабарлар

Исроил ҳарбий вертолётлари Ғазо Секторидаги объектларга зарба берди.

Исроил ҳарбийларига кўра, Фаластиндаги “ал-Ақса” жанггари гуруҳи аъзолари Исроилга қарши ракета ҳужуми уюштиришининг олдини олиш учун шундай чора кўрилган. Исроил ҳарбийлари ҳужуми оқибатида талафот йўқлиги айтилмоқда. Душанба куни Исроил ҳукумати фаластинлик жанггарилар ҳужумини тўхтатиш мақсадида Ғазо сектори шимолида хавфсизлик зонаси ташкил этилишини маълум қилди.

Россия президенти Владимир Путиннинг иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Андрей Илларионов истефога чиққанини эълон қилди.

Москвада бўлиб ўтган матбуот анжуманида Илларионов Россияда иқтисодий эркинлик йўқлигини айтди. Униниг фикрича, сиёсий режим ўзгаргани боис бундан буён Россия эркин ва демократик давлат эмас. Илларионов президент Путиннинг иқтисодий соҳада олиб бораётган сиёсатига ўз норозилигини билдириб келаётган эди.

Россия Мудофаа вазири Сергей Иванов Украина ҳукуматини Россия ҳарбий флоти фойдаланаётган Қрим ярим оролидаги Севастопол порти ижара ҳақини оширмаслик тўғрисида огоҳлантирди.

“Совет Иттифоқининг Қора денгиз флотини бўлиб олиш тўғрисидаги келишув Россия-Украина ўртасида эришилган катта шартноманинг ажралмас қисмидир. Икки давлатнинг бир-бири чегараларини тан олиши эса келишувнинг иккинчи қисмини ташкил этади. Шу боис, бу келишувни қайта кўриб чиқишга уриниш менимча, ўлим билан тенг,” – деди Россия Мудофаа вазири Сергей Иванов.

Қирғизистон Бош прокурори Қамбарали Қўнғантиев собиқ президент Асқар Ақаевнинг ўғли Айдар жиноий айблов бўйича Қирғизистонга экстрадиция қилиниши кераклигини Россия расмийларидан сўраганини маълум қилди.

Бишкекда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Қўнғантиев Айдар Ақаевнинг Россияда экани ва у қўлга олиниши кераклигини айтди. Айдар март ойида рўй берган исён пайтида ўз оила аъзолари билан Қирғизистонни тарк этган. Қирғизистон ҳукумати уни товламачилик ва ноқонуний йўллар билан топилган пулларини қонунийлаштирганликда айбламоқда. Айдар ва унинг оила аъзолари бу айбловларни рад этмоқда. Айдар Ақаев парламент аъзоси. Бироқ Қирғизистон ҳукумати унинг депутатлик дахлсизлигини бекор қилиб, унинг устидан жиноий иш қўзғатишга йўл очди.
Шунингдек, Қирғизистон Бош прокурори Қамбарали Қўнғантиев собиқ Мудофаа вазири Эсен Топоев ҳам коррупцияда айбланиб қидирилаётганини билдирди.

Толибон ҳаракатининг юқори лавозимли расмийси Афғонистонда яна янги ҳудкуш ҳужумлар уюштирилишидан огоҳлантирди.

Мулла Дадуллоҳнинг Ассосиэйтед пресс ахборот агентлигига билдиришича, ҳозирда 200дан ортиқ толиблар кўнгилли равишда АҚШ ва унинг иттифоқчиларига қарши худкуш ҳужум уюштириш истагини билдирган. Мулла Дадуллоҳ АҚШ қўллаб-қувватлаган Афғонистон президенти Ҳамид Карзай ҳукумати билан ярашиш таклифини рад қилиб келмоқда.
Айни пайтда, Афғонистон Мудофаа вазирлиги матбуот вакили генерал Муҳаммад Зоҳир Азимий Дадуллоҳнинг иддаосини ташвиқот дея бахолаб, Афғонистон хавфсизлик кучлари жанггариларни йўқ қилиш қудратига эга эканини билдирди.

Индонезиянинг Аче вилоятида қарийб 30 йил давомида қуролли кураш олиб борган партизанлар ўз фаолиятини тўхтатди.

Сешанба куни партизан гуруҳлари вакиллари Индонезия президенти Сусило Бамбанг Юдхойоно билан учрашди. Музокаралардан сўнг: “Мен Ачеда узоқ муддатли тинчлик ҳукм суришига умид қиламан. Чунки барқарорлик - қайта қуриш ишлари ва муваффақиятга эришишда энг муҳим омилдир”, – деди Индонезия президенти.
Ўтган йил 26 декабрда Ҳинд океанида денгиз тўфони – цунами рўй берганидан кейин Аче вилояти партизанлари қуролли курашни тўхтатиш эвазига вилоятга автономия берилиши тўғрисида Жакарта расмийлари билан келишувга эришган эди.

Ироқда содир этилган портлашлар оқибатида яна уч ироқлик нобуд бўлди.

Шунингдек, бугун Бағдодда бир неча минг фуқаро миллий бирлик ҳукумати ҳамда 15 декабр кунги парламент сайлови натижаларини қўллаб намойиш ўтказди.
Айни пайтда, бугун Полша пойтахти Варшавада мамлакат янги ҳукумати Ироқдаги бир ярим минг аскардан иборат Полша ҳарбий контингенти муддатини яна бир йилга, яъни 2006 йил охиригача узайтиришни сўраб президент Лех Касдзинскийга мурожаат қилди.
Сешанба куни Болгария Мудофаа вазири Весселин Близнаков АҚШ етакчилигидаги кучлар таркибидан бўлган Болгариянинг охирги 130 ҳарбийси бугун Ироқни тарк этганини билдирди.

Кувайт суди “ал-Қайда”га алоқадор гуруҳнинг олти аъзосини ўлимга ҳукм қилди.

Улар январ ойида полиция билан содир бўлган қуролли тўқнашувда иштирок этганликда айбланди. Олий жазога ҳукм қилинганларнинг уч нафари Кувайт фуқаролари, уч нафари эса фуқаролиги бўлмаган шахслардир. Ҳакамлар қора курсида ўтирган еттинчи шахсни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилдилар.

Чили суди собиқ диктатор Августо Пиночетнинг жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги тўғрисида қарор чиқарди.

Бу қарор 70-йилларда Чилини бошқарган Пиночет ўша пайтда бедарак йўқолган ўз сиёсий рақиблари юзасидан суд олдида жавоб беришига йўл очади.
Душанба куни Чили Олий суди Пиночетнинг амалдаги уй қамоғини бекор қилиш тўғрисидаги иккинчи аризасига рад жавоби берди.

АҚШ ўз космонавтларининг Россияга қарашли ракетада халқаро фазо станциясига парвоз қилиши ва қайтиши учун Росияга пул тўлайдиган бўлди.

Шу ҳақдаги янги шартнома сешанба куни Россиянинг “Роскосмос” ширкати ва АҚШнинг Фазо тадқиқотлари маркази – НАСА вакиллари ўртасида имзоланди.
АҚШ ва Россия ўртасида эришилган аввалги келишувга кўра, Америка космонавтлари ҳозирга қадар фазо станциясига текинга парвоз қилаётган эди. Мазкур келишув муддати 2005 йил охирида тугайди.

Саудия Арабистонида ўта хавфли жанггари қўлга олди.

Муҳаммад бин Абдулрахмон ал-Сувелми Саудия хавфсизлик кучлари томонидан қидирилаётган ал-Қайдага алоқадор 36 нафар жанггари рўйхатида еттинчи ўринда турган. Хавфсизлик кучларига кўра, ал-Сувелми Риёд шаҳридан 300 км шимолда жойлашган Бурайда аҳоли пункти яқинида автомобилда кетаётиб икки полиция ходимини отиб ўлдирган.

Ироқда жанггарилар амалга оширган ҳужумларда 10 нафар ироқлик аскар ҳалок бўлди.

Эрталаб Буҳриз шаҳри яқинидаги текширув пунктига уюштирилган ҳужумда бир полициячи ҳалок бўлди ва уч нафари яраланди.
Полицияга кўра, бу воқеада жанггариларнинг олти нафари ўлдирилган.
Бағдоддан 100 километр узоқликда жойлашган Дҳабаб қишлоғида беш аскар жанггарилар қўлидан ҳалок бўлди.
Кеча амалга оширилган зўравонликларда камида олти киши, жумладан америкалик бир аскар ўлдирилган эди.

2004 йилнинг 26 декабрида рўй берган цунамидан азият чеккан мамлакатлар фалокатнинг бир йиллигини нишонламоқда.

Ўтган йилнинг охирида Жанубий Осиёнинг бир неча мамлакатига хамла қилган тўфон 200 мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган эди.
Индонезия Президенти Сусило Бамбанг Юдҳоёно эрталабки соат 8:16да фалокат қурбонлари хотирасига сирена чалди. Айнан шу вақтда тўфоннинг биринчи улкан тўлқинлари мамлакат соҳилларига келиб урилган эди.
Цунамидан энг катта зарар кўрган Ачех вилоятида ўтказилган маросимда сўзга чиққан Индонезия президенти офат пайтида халқаро ҳамжамият мисли кўрилмаган даражада бирдамлигини намойиш этганини айтди.
“Менимча, цунамининг энг эътиборли оқибатларидан бири жаҳон халқларини бирлаштирганидадир. Ҳеч қачон табий офат бунчалик ҳамдардлик, яхши ният ва саҳийликка сабаб бўлмаган”, - деди президент Сусило Бамбанг Юдҳоёно.
Офатнинг бир йиллигига бағишланган маросимлар Тайланд, Малдив Ороллари, Шри Ланка ва Ҳиндистонда ҳам ўтказилди.
Цунамига Суматра ороли яқинида, денгиз тубида рўй берган қаттиқ зилзила сабаб бўлган эди.
Тўфонда икки ярим мингга яқин ҳорижлик, жумладан кўплаб европалик саёҳлар ҳалок бўлган.

Ўзбекистон ҳукумати “БМТнинг Андижон воқеалари юзасидан ўтказилаётган судларнинг адолатсиз эканлиги борасидаги хавотирлари асоссиз”, деб баёнот берди.

Ўзбекистон бош прокуратурасининг баёнотида мазкур судловлар “Ўзбекистоннинг халқаро меъёрларга риоя қилиш борасидаги мажбуриятларига мос равишда” ўтказилаётгани таъкидланади.
“Андижонда террорчилик ҳаракати амалга оширилганига шубҳа йўқ. Шу билан биргаликда Ўзбекистон бош прокуратураси Андижонда амалга оширилган террорчилик ҳаракатлари ва бошқа жиддий жиноятларни тергов қилишда барча ҳуқуқий меъёрларга амал қилинганига жаҳон ҳамжамияти диққатини тортишни лозим топди. Одамларнинг ҳалок бўлишига олиб келган жиноятларни тергов қилиш жиноят кодекси талабларига риоя қилган ҳолда амалга оширилди”, - дейди бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Светлана Ортиқова.
Ҳозиргача ўтказилган маҳкамаларда Андижон воқеаларини уюштирганликда айбланган 150дан ортиқ одам 20 йилгача бўлган муддатларга қамоққа ҳукм этилган.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Луиз Арбур хоним ўтган жума куни Ўзбекистонда ёпиқ эшиклар ортида ўтказилаётган маҳкамаларда “адолатсиз ва асоссиз ҳукмлар чиқарилиши, айни пайтда эса асл жиноятчилар жазосиз қолиб кетиши мумкинлигидан” хавотир билдирган эди.
Бош прокрутура расмийси Ортиқованинг таъкидлашича эса, Андижон воқеалари юзасидан ўтказилаётган судловлар ёпиқ эшиклар ортида эмас, балки очиқ тарзда ўтказилмоқда.
Бироқ жаҳон матбуотида бир неча ҳафтадан бери тарқатилган хабарларда Андижон воқеаларида айбланганлар устидан ўтказилган биринчи маҳкамадан кейинги барча судловлар ёпиқ эшиклар ортида ўтказилаётгани айтиб келинмоқда.
Айни пайтда Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги эълон қилган баёнотда, БМТнинг қийноқлар бўйича собиқ махсус маърузачиси Тео ван Бовеннинг Ўзбекистонда қийноқлар бўйича вазият аянчлилигича қолмоқда, деган айбловлари “мутлақо асоссиз” экани таъкидланади.

Чеченистон сепаратчилари вакили республикада рўй берган оммавий заҳарланиш ҳолати юзасидани халқаро текширув ўтказишга чақирди.

Лондонда мухожирликда яшаётган чеченистон айирмачилари ҳукуматининг вакили Аҳмад Закаев кимёвий қуролларни тақиқлаш бўйича халқаро ташкилот бош директори Роҳелио Пфайтерга йўллаган мактубида воқеа юзасидан “дарҳол халқаро тергов ўтказилишини” илтимос қилган.
Эслатиб ўтамиз, бундан 10 кун олдин Чеченистоннинг бир неча шаҳрида 80 киши, жумладан 58 бола заҳарланган эди.
Закаев таъкидлашича, одамлар ҳукумат расмийлари айтганидек, руҳий сабабларга кўра оммавий касал бўлган эмас, балки кимёвий моддалардан заҳарланган бўлиши мумкин.
Чеченистон расмийларининг баъзилари беморлардаги баъзи аломатлар уларнинг фалаж қилувчи газдан заҳарланганига ишора қилишини айтган эди. Бироқ Чеченистонга Москвадан юборилган махсус комиссия бу тахминларни инкор этиб, оммавий касалланишга руҳий факторлар сабаб бўлганини хулоса қилган эди.

Россия расмийлари Санкт-Петербургдаги дўконлардан бирида рўй берган газ ҳужуми террорчиликка алоқаси йўқлигини маълум қилди.

Расмийларга кўра, 70дан ортиқ одамнинг заҳарланишига олиб келган газни жиноий гуруҳлар сочган бўлиши мумкин.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот котибига кўра, заҳарланганларнинг ҳаммаси хўжалик буюмларини сотадиган “Максидом” савдо тармоғига тегишли дўконлардан бирида бўлган.
Мазкур тармоққа тегишли яна икки дўконда ҳам шубҳали канистралар топилган. Дўконлардан ҳаридорлар эвакуация қилинган.
Маълум бўлишича, “Максидром” савдо тармоғи таҳдид хатларини олган.
Федерал хавфсизлик хизмати вакилининг маълум қилишича, сочилган газ метил меркаптан бўлган. Бу газ кўз, тери ва юқори нафас олиш йўлларидаги шиллиқ қаватларга таъсир қилади.
78 киши тиббий ёрдам учун мурожаат қилган, уларнинг 66 нафари касалхонага ётқизилган. Заҳарланганларнинг ҳаёти хавф остида эмаслиги айтилмоқда.

Эрон ва Афғонистон ўзаро консуллик алоқалари ўрнатиш ҳақида меморандумни имзолади.

Мазкур ҳужжат Эрон ташқи ишлар вазири Манучеҳр Моттакий Кобулга бир кунлик сафари чоғида имзолади.
Расмий хабарларга кўра, Моттакий Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай, ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Абдуллоҳ билан учрашув чоғида икки томонлама муносабатларни яхшилаш, ҳамда Эронда яшаётган минглаб афғонистонлик қочқиyлар масалаларини муҳокама қилган.

Украина газ заҳиралари бу йилги қишни чиқариш учун етарли.

Бу ҳақда Украинанинг давлатга қарашли табиий газ ширкати раҳбари Алексей Ивченко баёнот берди.
Шунга қарамасдан “Нефтогаз” ширкати бошлиғи аҳолини тежамкор бўлишга чақирди.
Украинада газнинг 13та ер ости заҳиралари мавжуд бўлиб, уларнинг умумий миқдори 30 миллиард кубометрга тенг.
Ивченко бу баёнотни, Россиянинг Газпром ширкати, Москва ва Киев ўртасида нарҳлар борасида келишувга эришилмаган тақдирда 1 январдан Украинага газ узатишни тўхтатишини маълум қилганидан кейин берди.
Газпром Украинага сотилаётган газнинг нарҳини минг кубометр учун ҳозир тўланаётган 50 доллардан 230 долларга кўтармоқчи.
Москва буни халқаро нарҳларга яқинлаштириш билан тушинтирмоқда. Киевнинг таъкидлашича эса, Кремл Украиннинг Ғарбга йўналтирган янги сиёсати учун жазолаш мақсадида нарҳларни кўтармоқда.

Қозоғистон бош прокуратураси қозоқ муҳолифат етакчиларидан бирининг муддатидан илгари қамоқдан озод этилиши юзасидан аппеляция шикояти билан судга мурожаат қилди.

14 декабр куни Павлодар вилояти суди Ғалимжон Жақияновни қамоқхонани ички тартибларига риоя қилгани учун муддатидан илгари озод этиш ҳақида қарор қилган эди.
Бироқ Қозоғистон бош прокуратурасининг жазони ўташ муассасалари бўйича махсус вакили суднинг қароридан норози бўлиб, Жақиянов қамоқдалигида қоидаларни жиддий тарзда бузганлигини таъкидлаган ҳолда, аппеляция шикояти билан мурожаат қилди.
“Адолатли Қозоғистон учун” деб номланувчи мухолифат коалицияси прокурорнинг шикоятини асоссиз, дея баҳолади.
Павлодар вилоятининг собиқ ҳокими Жақиянов 2001 йилда “Қозоғистон демократик танлови” партиясига асос солган эди. 2002 йилда эса ҳокимлик пайтида ўз лавозимидан суиистеъмол қилганликда айбланиб етти йилга қамалган эди.
2004 йилда “Қозоғистон демократик танлови” ман этилганида, қамоқдаги Жақиянов “Адолатли Қозоғистон учун” коалициясига қўшилишини эълон қилган эди.

Озарбайжон ҳаво йўллари Ан-140 русумли учқичлардан фойдаланишни вақтинча тўхтатди.

Бунга ўтган жума куни Украинада чиқарилган Ан-140 самолётининг ҳаклокатга учрагани сабаб бўлди.
Эслатиб ўтамиз, жума кунги учқич ҳалокатида унинг бортидаги 23 йўловчининг барчаси ҳалок бўлган эди.
Давлатга тегишли авиаширкат расмийсига кўра, ҳалокат сабаблари ўрганилмагунча, Ан-140 учқичидан фойдаланиш вақтинча тўхтатилади.

Бугун Кобулда Афғонистон разведка хизматининг собиқ раҳбари судга тортилди.

Асадулло Сарварий 1980 йилларда мамлкатда коммунстлар ҳукмронлиги пайтида ҳарбий жиноятлар содир этганлик ва қийноқларни қўллаганликда айбланмоқда.
Афғонистонда кўп йиллар давом этган урушдан кейин бундай маҳкама биринчи марта ўтказилмоқда.
Сарварий 1992 йилда мужоҳидлар собиқ иттифоққа содиқ ҳукуматни ағдарганидан кейин қўлга олинган эди.
Сарварий ўтган асрнинг 80 йилларида Афғонистон разведкасининг бошлиғи бўлиб ишлаган пайтида ҳукуматга муҳолиф бўлган минглаб одамлар ўлдирилган.
Миллий суд маҳкамасида қилган чиқишида ўзининг ҳибсга олиниши ноқонуний экани ҳамда ҳарбий жиноятларга алоқаси йўқлигини таъкидлади.
Расмийларга кўра, судланувчи айбдор деб топиладиган тақдирда, ўлимга ҳукм этилиши мумкин.

Қурдистон ишчилар партияси етакчиси Абдуллоҳ Ўжаланнинг жияни жанггариларни ёллаганликда айбланмоқда.

Адвокат Бейҳан Гунелига кўра, Адана шаҳар суди жума куни ҳибсга олинган Маҳмат Аслонга расман айбловни эълон қилган.
Аслон айбдор деб топиладиган тақдирда, олти йилга қамоққа ҳукм этилиши мумкин.
Қурдистон ишчилар партияси етакчиси Абдуллоҳ Ўжаланнинг ўзи 1999 йилда ҳибсга олинган ҳамда “сепартчилик” ва “давлатга ҳийнат қилганлик” айбловлари билан умрбод қамоққа ҳукм этилган.
1984 йилда Туркиянинг Қурдистон вилоятида исёнчилар бош кўтарганидан бери 37 мингга яқин одам ҳалок бўлган.

Эрон ўз ядровий дастури учун уранни бойитиб бериш борасидаги Россиянинг таклифини рад этди.

Кеча расмий Москва Теҳронга Эрондаги реакторлада ишлатилиши мумкин бўлган уранни Россия ҳудудида бойитиш таклифини яна бир марта қайтарди.
Эрон ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Ҳамид Ризо Осифий Теҳрон ҳозирча Россиядан аниқ таклифни олмаганини баён қилди.
“Россиянинг таклифи ҳақида гапирадиган бўлсак, биз Россиядан ёзма равишда аниқ бир таклифни олганимиз йўқ.”
Бироқ нима бўлганда ҳам, деди Теҳрон расмийси, Эрон ҳукумати ўз ҳудудида уранни бойитиши ҳуқуқидан фойдаланиш истагида.
Эрон ядровий дастури кўпдан бери мунозараларга сабаб бўлиб келмоқда. Хусусан Қўшма Штатлар Теҳронни бу дастур доирасида ядровий қурол ишлаб чиқаришга уринганликда айблаб келмоқда.
Россия Эронда тинч мақсадлардаги ядровий иншоотларни қуришда ёрдамлашмоқда, ҳамда Эрон ва унинг ядровий дастурига қарши давлатлар ўртасида воситачилик қилишга уринмоқда.

Ироқда амалга оширилган зўравонликларда камида олти киши ҳалок бўлди.

Киркук шаҳрида маҳаллий расмийлардан бири машинада ўтиб кетаётганда рўй берган портлашда бир киши ҳалок бўлди ва уч киши яраланди.
Мосул шаҳридаги портлашда эса бир полиция ходими қурбон бўлди.
Бағдодда ички ишлар вазирлигининг бир ходими отиб ўлдирилди ҳамда уч нафар Ироқ аскаро портлашда ҳалок бўлди.
Шунингдек, бугун Бағдоддаги портлашлардан бирида америкалик аскар нобуд бўлди.
Полиция хабарларига кўра, Самаррадаги зўравонликларда уч киши ҳалко бўлган.

Ватиканда Рим Папаси Бенедикт Ўн Олтинчи Рождество, яъни Исо Масиҳнинг мавлуди муносабати билан католик насронийларга мурожаат қилди.

“Исо Масиҳнинг мавлуди жаҳонга ҳақиқий баҳт қаерда эканини эслатиб турсин. Қалбингиз уимд ва ҳурсандчиликка тўлсин. Ҳалоскор биз учун туғилган.”
Байрам ибодати пайтида папа Дарфур ва Судандаги халқлар ҳаққига ҳам дуо қилди. Рим-католик черкови раҳбари шунингдек, Яқин Шарқда тинчлик ўрнатилишини Худодан илтижо қилди.
Шундан кейин 78 яшар папа 30дан ортиқ тилда жаҳон католик насронийларини дуо қилди.
Бенедикт Ўн Олтинчи биринчи марта Рим Папаси сифатида мавлуд ибодатида қатнашмоқда.

Давомини ўқинг

OzodTa'sir

XS
SM
MD
LG