Линклар

Шошилинч хабар
20 август 2019, Тошкент вақти: 20:51

Халқаро янгиликлар

Ироқда жанггарилар амалга оширган ҳужумларда 10 нафар ироқлик аскар ҳалок бўлди.

Эрталаб Буҳриз шаҳри яқинидаги текширув пунктига уюштирилган ҳужумда бир полициячи ҳалок бўлди ва уч нафари яраланди.
Полицияга кўра, бу воқеада жанггариларнинг олти нафари ўлдирилган.
Бағдоддан 100 километр узоқликда жойлашган Дҳабаб қишлоғида беш аскар жанггарилар қўлидан ҳалок бўлди.
Кеча амалга оширилган зўравонликларда камида олти киши, жумладан америкалик бир аскар ўлдирилган эди.

2004 йилнинг 26 декабрида рўй берган цунамидан азият чеккан мамлакатлар фалокатнинг бир йиллигини нишонламоқда.

Ўтган йилнинг охирида Жанубий Осиёнинг бир неча мамлакатига хамла қилган тўфон 200 мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган эди.
Индонезия Президенти Сусило Бамбанг Юдҳоёно эрталабки соат 8:16да фалокат қурбонлари хотирасига сирена чалди. Айнан шу вақтда тўфоннинг биринчи улкан тўлқинлари мамлакат соҳилларига келиб урилган эди.
Цунамидан энг катта зарар кўрган Ачех вилоятида ўтказилган маросимда сўзга чиққан Индонезия президенти офат пайтида халқаро ҳамжамият мисли кўрилмаган даражада бирдамлигини намойиш этганини айтди.
“Менимча, цунамининг энг эътиборли оқибатларидан бири жаҳон халқларини бирлаштирганидадир. Ҳеч қачон табий офат бунчалик ҳамдардлик, яхши ният ва саҳийликка сабаб бўлмаган”, - деди президент Сусило Бамбанг Юдҳоёно.
Офатнинг бир йиллигига бағишланган маросимлар Тайланд, Малдив Ороллари, Шри Ланка ва Ҳиндистонда ҳам ўтказилди.
Цунамига Суматра ороли яқинида, денгиз тубида рўй берган қаттиқ зилзила сабаб бўлган эди.
Тўфонда икки ярим мингга яқин ҳорижлик, жумладан кўплаб европалик саёҳлар ҳалок бўлган.

Ўзбекистон ҳукумати “БМТнинг Андижон воқеалари юзасидан ўтказилаётган судларнинг адолатсиз эканлиги борасидаги хавотирлари асоссиз”, деб баёнот берди.

Ўзбекистон бош прокуратурасининг баёнотида мазкур судловлар “Ўзбекистоннинг халқаро меъёрларга риоя қилиш борасидаги мажбуриятларига мос равишда” ўтказилаётгани таъкидланади.
“Андижонда террорчилик ҳаракати амалга оширилганига шубҳа йўқ. Шу билан биргаликда Ўзбекистон бош прокуратураси Андижонда амалга оширилган террорчилик ҳаракатлари ва бошқа жиддий жиноятларни тергов қилишда барча ҳуқуқий меъёрларга амал қилинганига жаҳон ҳамжамияти диққатини тортишни лозим топди. Одамларнинг ҳалок бўлишига олиб келган жиноятларни тергов қилиш жиноят кодекси талабларига риоя қилган ҳолда амалга оширилди”, - дейди бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Светлана Ортиқова.
Ҳозиргача ўтказилган маҳкамаларда Андижон воқеаларини уюштирганликда айбланган 150дан ортиқ одам 20 йилгача бўлган муддатларга қамоққа ҳукм этилган.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Луиз Арбур хоним ўтган жума куни Ўзбекистонда ёпиқ эшиклар ортида ўтказилаётган маҳкамаларда “адолатсиз ва асоссиз ҳукмлар чиқарилиши, айни пайтда эса асл жиноятчилар жазосиз қолиб кетиши мумкинлигидан” хавотир билдирган эди.
Бош прокрутура расмийси Ортиқованинг таъкидлашича эса, Андижон воқеалари юзасидан ўтказилаётган судловлар ёпиқ эшиклар ортида эмас, балки очиқ тарзда ўтказилмоқда.
Бироқ жаҳон матбуотида бир неча ҳафтадан бери тарқатилган хабарларда Андижон воқеаларида айбланганлар устидан ўтказилган биринчи маҳкамадан кейинги барча судловлар ёпиқ эшиклар ортида ўтказилаётгани айтиб келинмоқда.
Айни пайтда Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги эълон қилган баёнотда, БМТнинг қийноқлар бўйича собиқ махсус маърузачиси Тео ван Бовеннинг Ўзбекистонда қийноқлар бўйича вазият аянчлилигича қолмоқда, деган айбловлари “мутлақо асоссиз” экани таъкидланади.

Чеченистон сепаратчилари вакили республикада рўй берган оммавий заҳарланиш ҳолати юзасидани халқаро текширув ўтказишга чақирди.

Лондонда мухожирликда яшаётган чеченистон айирмачилари ҳукуматининг вакили Аҳмад Закаев кимёвий қуролларни тақиқлаш бўйича халқаро ташкилот бош директори Роҳелио Пфайтерга йўллаган мактубида воқеа юзасидан “дарҳол халқаро тергов ўтказилишини” илтимос қилган.
Эслатиб ўтамиз, бундан 10 кун олдин Чеченистоннинг бир неча шаҳрида 80 киши, жумладан 58 бола заҳарланган эди.
Закаев таъкидлашича, одамлар ҳукумат расмийлари айтганидек, руҳий сабабларга кўра оммавий касал бўлган эмас, балки кимёвий моддалардан заҳарланган бўлиши мумкин.
Чеченистон расмийларининг баъзилари беморлардаги баъзи аломатлар уларнинг фалаж қилувчи газдан заҳарланганига ишора қилишини айтган эди. Бироқ Чеченистонга Москвадан юборилган махсус комиссия бу тахминларни инкор этиб, оммавий касалланишга руҳий факторлар сабаб бўлганини хулоса қилган эди.

Россия расмийлари Санкт-Петербургдаги дўконлардан бирида рўй берган газ ҳужуми террорчиликка алоқаси йўқлигини маълум қилди.

Расмийларга кўра, 70дан ортиқ одамнинг заҳарланишига олиб келган газни жиноий гуруҳлар сочган бўлиши мумкин.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот котибига кўра, заҳарланганларнинг ҳаммаси хўжалик буюмларини сотадиган “Максидом” савдо тармоғига тегишли дўконлардан бирида бўлган.
Мазкур тармоққа тегишли яна икки дўконда ҳам шубҳали канистралар топилган. Дўконлардан ҳаридорлар эвакуация қилинган.
Маълум бўлишича, “Максидром” савдо тармоғи таҳдид хатларини олган.
Федерал хавфсизлик хизмати вакилининг маълум қилишича, сочилган газ метил меркаптан бўлган. Бу газ кўз, тери ва юқори нафас олиш йўлларидаги шиллиқ қаватларга таъсир қилади.
78 киши тиббий ёрдам учун мурожаат қилган, уларнинг 66 нафари касалхонага ётқизилган. Заҳарланганларнинг ҳаёти хавф остида эмаслиги айтилмоқда.

Эрон ва Афғонистон ўзаро консуллик алоқалари ўрнатиш ҳақида меморандумни имзолади.

Мазкур ҳужжат Эрон ташқи ишлар вазири Манучеҳр Моттакий Кобулга бир кунлик сафари чоғида имзолади.
Расмий хабарларга кўра, Моттакий Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай, ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Абдуллоҳ билан учрашув чоғида икки томонлама муносабатларни яхшилаш, ҳамда Эронда яшаётган минглаб афғонистонлик қочқиyлар масалаларини муҳокама қилган.

Украина газ заҳиралари бу йилги қишни чиқариш учун етарли.

Бу ҳақда Украинанинг давлатга қарашли табиий газ ширкати раҳбари Алексей Ивченко баёнот берди.
Шунга қарамасдан “Нефтогаз” ширкати бошлиғи аҳолини тежамкор бўлишга чақирди.
Украинада газнинг 13та ер ости заҳиралари мавжуд бўлиб, уларнинг умумий миқдори 30 миллиард кубометрга тенг.
Ивченко бу баёнотни, Россиянинг Газпром ширкати, Москва ва Киев ўртасида нарҳлар борасида келишувга эришилмаган тақдирда 1 январдан Украинага газ узатишни тўхтатишини маълум қилганидан кейин берди.
Газпром Украинага сотилаётган газнинг нарҳини минг кубометр учун ҳозир тўланаётган 50 доллардан 230 долларга кўтармоқчи.
Москва буни халқаро нарҳларга яқинлаштириш билан тушинтирмоқда. Киевнинг таъкидлашича эса, Кремл Украиннинг Ғарбга йўналтирган янги сиёсати учун жазолаш мақсадида нарҳларни кўтармоқда.

Қозоғистон бош прокуратураси қозоқ муҳолифат етакчиларидан бирининг муддатидан илгари қамоқдан озод этилиши юзасидан аппеляция шикояти билан судга мурожаат қилди.

14 декабр куни Павлодар вилояти суди Ғалимжон Жақияновни қамоқхонани ички тартибларига риоя қилгани учун муддатидан илгари озод этиш ҳақида қарор қилган эди.
Бироқ Қозоғистон бош прокуратурасининг жазони ўташ муассасалари бўйича махсус вакили суднинг қароридан норози бўлиб, Жақиянов қамоқдалигида қоидаларни жиддий тарзда бузганлигини таъкидлаган ҳолда, аппеляция шикояти билан мурожаат қилди.
“Адолатли Қозоғистон учун” деб номланувчи мухолифат коалицияси прокурорнинг шикоятини асоссиз, дея баҳолади.
Павлодар вилоятининг собиқ ҳокими Жақиянов 2001 йилда “Қозоғистон демократик танлови” партиясига асос солган эди. 2002 йилда эса ҳокимлик пайтида ўз лавозимидан суиистеъмол қилганликда айбланиб етти йилга қамалган эди.
2004 йилда “Қозоғистон демократик танлови” ман этилганида, қамоқдаги Жақиянов “Адолатли Қозоғистон учун” коалициясига қўшилишини эълон қилган эди.

Озарбайжон ҳаво йўллари Ан-140 русумли учқичлардан фойдаланишни вақтинча тўхтатди.

Бунга ўтган жума куни Украинада чиқарилган Ан-140 самолётининг ҳаклокатга учрагани сабаб бўлди.
Эслатиб ўтамиз, жума кунги учқич ҳалокатида унинг бортидаги 23 йўловчининг барчаси ҳалок бўлган эди.
Давлатга тегишли авиаширкат расмийсига кўра, ҳалокат сабаблари ўрганилмагунча, Ан-140 учқичидан фойдаланиш вақтинча тўхтатилади.

Бугун Кобулда Афғонистон разведка хизматининг собиқ раҳбари судга тортилди.

Асадулло Сарварий 1980 йилларда мамлкатда коммунстлар ҳукмронлиги пайтида ҳарбий жиноятлар содир этганлик ва қийноқларни қўллаганликда айбланмоқда.
Афғонистонда кўп йиллар давом этган урушдан кейин бундай маҳкама биринчи марта ўтказилмоқда.
Сарварий 1992 йилда мужоҳидлар собиқ иттифоққа содиқ ҳукуматни ағдарганидан кейин қўлга олинган эди.
Сарварий ўтган асрнинг 80 йилларида Афғонистон разведкасининг бошлиғи бўлиб ишлаган пайтида ҳукуматга муҳолиф бўлган минглаб одамлар ўлдирилган.
Миллий суд маҳкамасида қилган чиқишида ўзининг ҳибсга олиниши ноқонуний экани ҳамда ҳарбий жиноятларга алоқаси йўқлигини таъкидлади.
Расмийларга кўра, судланувчи айбдор деб топиладиган тақдирда, ўлимга ҳукм этилиши мумкин.

Қурдистон ишчилар партияси етакчиси Абдуллоҳ Ўжаланнинг жияни жанггариларни ёллаганликда айбланмоқда.

Адвокат Бейҳан Гунелига кўра, Адана шаҳар суди жума куни ҳибсга олинган Маҳмат Аслонга расман айбловни эълон қилган.
Аслон айбдор деб топиладиган тақдирда, олти йилга қамоққа ҳукм этилиши мумкин.
Қурдистон ишчилар партияси етакчиси Абдуллоҳ Ўжаланнинг ўзи 1999 йилда ҳибсга олинган ҳамда “сепартчилик” ва “давлатга ҳийнат қилганлик” айбловлари билан умрбод қамоққа ҳукм этилган.
1984 йилда Туркиянинг Қурдистон вилоятида исёнчилар бош кўтарганидан бери 37 мингга яқин одам ҳалок бўлган.

Эрон ўз ядровий дастури учун уранни бойитиб бериш борасидаги Россиянинг таклифини рад этди.

Кеча расмий Москва Теҳронга Эрондаги реакторлада ишлатилиши мумкин бўлган уранни Россия ҳудудида бойитиш таклифини яна бир марта қайтарди.
Эрон ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Ҳамид Ризо Осифий Теҳрон ҳозирча Россиядан аниқ таклифни олмаганини баён қилди.
“Россиянинг таклифи ҳақида гапирадиган бўлсак, биз Россиядан ёзма равишда аниқ бир таклифни олганимиз йўқ.”
Бироқ нима бўлганда ҳам, деди Теҳрон расмийси, Эрон ҳукумати ўз ҳудудида уранни бойитиши ҳуқуқидан фойдаланиш истагида.
Эрон ядровий дастури кўпдан бери мунозараларга сабаб бўлиб келмоқда. Хусусан Қўшма Штатлар Теҳронни бу дастур доирасида ядровий қурол ишлаб чиқаришга уринганликда айблаб келмоқда.
Россия Эронда тинч мақсадлардаги ядровий иншоотларни қуришда ёрдамлашмоқда, ҳамда Эрон ва унинг ядровий дастурига қарши давлатлар ўртасида воситачилик қилишга уринмоқда.

Ироқда амалга оширилган зўравонликларда камида олти киши ҳалок бўлди.

Киркук шаҳрида маҳаллий расмийлардан бири машинада ўтиб кетаётганда рўй берган портлашда бир киши ҳалок бўлди ва уч киши яраланди.
Мосул шаҳридаги портлашда эса бир полиция ходими қурбон бўлди.
Бағдодда ички ишлар вазирлигининг бир ходими отиб ўлдирилди ҳамда уч нафар Ироқ аскаро портлашда ҳалок бўлди.
Шунингдек, бугун Бағдоддаги портлашлардан бирида америкалик аскар нобуд бўлди.
Полиция хабарларига кўра, Самаррадаги зўравонликларда уч киши ҳалко бўлган.

Ватиканда Рим Папаси Бенедикт Ўн Олтинчи Рождество, яъни Исо Масиҳнинг мавлуди муносабати билан католик насронийларга мурожаат қилди.

“Исо Масиҳнинг мавлуди жаҳонга ҳақиқий баҳт қаерда эканини эслатиб турсин. Қалбингиз уимд ва ҳурсандчиликка тўлсин. Ҳалоскор биз учун туғилган.”
Байрам ибодати пайтида папа Дарфур ва Судандаги халқлар ҳаққига ҳам дуо қилди. Рим-католик черкови раҳбари шунингдек, Яқин Шарқда тинчлик ўрнатилишини Худодан илтижо қилди.
Шундан кейин 78 яшар папа 30дан ортиқ тилда жаҳон католик насронийларини дуо қилди.
Бенедикт Ўн Олтинчи биринчи марта Рим Папаси сифатида мавлуд ибодатида қатнашмоқда.

Ироқ расмийлари ўтган ҳафта АҚШ ҳарбийлари озод қилган оммавий қирғин қуроллари бўйича Ироқлик икки олимни қайта ҳибсга олиш истагида эканини маълум қилди.

Ўтган ҳафта АҚШ ҳарбийлари собиқ диктатор Саддам Ҳусайн ҳукуматида ишлаган бир неча расмийни озод қилгани ҳақида маълум қилган эди.
Америка ҳарбийлари бу шахсларнинг бошқа хавф туғдирмагани боис озод этилганини айтиб, исмларини ошкор қилмаганди.
Аммо, хабарларга кўра, озод қилинганлар орасида Саддам режимининг биологик қуроллар дастурида ишлаган Ҳуда Солиҳ Маҳдий Аммаш ва Риҳаб Таҳа исмли икки аёл бўлган. АҚШ ҳарбийлари Маҳдий Аммашни “Миссиз Антракс”, яъни Хоним Куйдирги, Риҳаб Таҳани эса, “Доктор Жёрм”, яъни Доктор Микроб лақаблари билан атаган.
Ироқ миллий хавфсизлик кенгаши маслаҳатчиси Муваффақ ал-Рубае Ироқ газеталаридан бирига берган интервьюсида бу икки аёлни Саддам режими даврида амалга оширилган жиноятларда айблади.

Афғонистондан келган хабарларга кўра, мамлакат жанубида Толибон ҳаракати жанггарилари деб гумон қилинаётган уч киши қўлга олинган.

Қандаҳор вилояти полиция раҳбари Генерал Абдул Малик Хоннинг маълум қилишича, шаҳарга мотоциклда портловчи моддаларни олиб киришга уринган бир киши ҳибсга олинган. Қўлга олинган шахс берган кўрсатмалар натижаси ўлароқ, Қандаҳор яқинида яна икки Толибон жанггариси қўлга олинган.
Полиция портолвчи моддалар ортилган яна учта мотоциклни ҳам қўлга олгани олгани хабар қилинмоқда.
Кеча кечқурун Қандаҳор яқинида Толибон аъзоси деб гумон қилинаётган тўрт киши мина ўрнатаётганда, миналардан бири тасоддифан портлаши натижасида ҳалок бўлган эди.

Иордания ҳукумати Ироқда бир иорданияликни ўғирлаб кетган жанггариларнинг талабини “шантаж”, дея баҳолаб рад этди.

Ироқлик одам ўғрилари Иорданиядан Ироқ ҳукумати билан алоқаларни узишни ҳамда ноябрда Аммандаги портлашларда иштирок этган, деб гумон қилинаётган аёлни озод этишни талаб қилмоқда эди.
Иордания ҳукумати матбуот вакили Носсир Жуддаҳ шанба куни берган баёнотида Иордания ҳеч қачон террорчилар ёки шантажга ён бермаслигини таъкидлади. Амман расмийси шунингдек, жанггариларни Маҳмуд Сулайман Сайдат исмли Иордания фуқаросини дарҳол озод этишга чақирди. Ўтган сешанба куни ўғирлаб кетилган Сайдат Бағдоддаги Иордания элчихонасида ҳайдовчи бўлиб ишлаган.

Хитойда ҳалокатга учраб Сариқ Дарёга тушиб кетган автобус йўловчиларининг 28 нафари ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Давлат телевидениесига кўра, бедарак йўқолган 28 йўловчининг тирик қолгани умид қолмаган. Автобус ҳалокати кеча кечқурун Ички Мўғилистон вилоятидаги Ҳангин шаҳарчасида содир бўлди.
Айтилишича, автобусда 36 йўловчи бўлган. улардан 8 нафари қутқариб қолинган. Қолган йўловчилар ҳалок бўлгани тахмин этилишига қарамасдан, қутқарув ишлар давом этмоқда.

Хитой пойтахти Пекинда Япония ва Шимолий Корея расмийлари ўртасидаги музокараларнинг иккинчи куни якунланди.

Музокаралардан икки томон ўртасидаги алоқаларни яхшилаш мақсад қилинган.
Музокаралар Шимолий Кореянинг Пекиндаги элчихонасида бўлиб ўтказилди.
Музокараларда Токио илгари сураётган муаммоларга Шимолий Корея 1970-80 йилларда Япония фуқароларини ўғирлаб кетгани учун масъулиятни тан олиши борасидаги талаби ҳамда Пхеняннинг ядровий дастури борасидаги хавотирлар киради.
Шимолий Корея эса, ўз навбатида, 1910-1945 йилларда Япониянинг Корея ярим оролида мутамлакачи сифатида ҳукмронлик қилгани учун бадал тўлаши лозимлигини айтмоқда.

Беларусда қаттиқ қор ёғиши натижасида Брест ва Гродневск вилоятларидаги 140дан ортиқ шаҳар ва туманлар электсиз қолди.

Расмийларга кўра, электр симларига тушган қалин қор симларнинг узилиб кетишига сабаб бўлган.
Брестдаги баъзи шаҳарларда электрни узатиш қисман тикланган бўлсада, Гродневскадаги 80дан ортиқ шаҳар ва туманлар электрсиз қолмоқда.

Озарбайжондаги самолёт ҳалокатини тергов қилаётган гуруҳ воқеа жойида “қора қути”ни топди.

Украинада ишлаб чиқарилган Ан-140 русумли учқич жума куни Бокудаги аэропортдан Қозоғистоннинг Оқтау шаҳрига йўл олганидан бироз ўтиб қулаган эди.
Самолётдаги 23 йўловчининг барчаси, жумладан саккиз ҳориж фуқароси ҳалок бўлди.
Хабарларга кўра, “қора қути” деб аталадиган, самолёт бортидаги сўзлашувларни ёзиб олувчи махсус ускуна топилган. Ундаги ёзувлар ҳозирча аниқланмаган.
Кеча Украинанинг Харьков авизаводи мутахассислари Озарбайжонда олиб борилаётган терговда қатнашиш учун етиб келди.
Хабарларга кўра, учқич қолдиқлари икки километр масофга сачилиб кетган.

Жанбуий Осиёдаги мамлакатлар ўтган йили рўй берган цунамининг бир йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўрмоқда.

2004 йилнинг 26 декабрида рўй берган тўфон оқибатида 220 мингдан ортиқ одам қурбон бўлган эди.
Цунамидан энг катта зарар кўрган Индонезиянинг Ачеҳ вилоятига дунё малакатларидан 40қа яқин расмийларнинг келиши кутилмоқда.
Айни пайтда, вилоят маркази ҳисобланмиш Банда Ачеҳ шаҳарчасида минглоаб одамлар фалокат қурбонларини ёдга олиб ибодат қилдилар ва минглаб воқеа қурбонлари дафн этилган оммавий қабрни зиёрат қилдилар.

Бойқўнғир космодромидан Россиянинг Протон-К космик кемаси учирилди.

Пртон-К ўз бортида учта сунъий йўлдошни фазога олиб чиқди.
Расмийларга кўра, учта йўлдош Россиянинг Глобал навигацион йўлдош тизимининг бир қисмига айланди.

Газпром Москва ва Киев ўртасида нарҳлар борасида келишувга эришилмаган тақдирда 1 январдан Украинага газ узатишни тўхтатиш ҳақида маълум қилди.

Газпромнинг газни экспорт қилиш бўлими раҳбари Александр Медведев музокаралар натижа бермаса, 1 янаварнинг тонгида газни узатиш тўхтатилишини таъкидлади.
Газпром Украинага сотилаётган газнинг нарҳини минг кубометр учун ҳозир тўланаётган 50 доллардан 230 долларга кўтармоқчи.
Москва буни халқаро нарҳларга яқинлаштириш билан тушинтирмоқда. Киевнинг таъкидлашича эса, Кремл Украиннинг Ғарбга йўналтирган янги сиёсати учун жазолаш мақсадида нарҳларни кўтармоқда.

Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида портлаш юз берди.

Қирғизистон Ички ишлар вазири ўринбосари Шерғози Мирзакаримовга кўра, портлаш террорчилар томонидан содир этилмаган. “Портлаш сиёсий ёки диний сабабаларга кўра амалга оширилган, деб бўлмайди. Бу ҳақда пухта текширув ўтказилганидан кейингина мен бирор нарса айтишим мумкин”, – деди Қирғизистон Ички ишлар вазири ўринбосари.
Вилоят прокурори ўринбосари Фарход Саидбоев Озодлик радиосига портлаш юзасидан жиноий иш қўзғатилганини билдирди.
Расмийлар газ портлаган, деб тахмин қилмоқда. Ўт ўчирувчилар вилоят маъмурияти биносининг мажлислар залидаги ёнғинни тезда ўчиришга муваффақ бўлди. Портлаш рўй берган пайтда Ўш вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Казбек Тезекбаев маъмурият биносида бўлган. Портлаш оқибатида талафот кўрилмади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG