Линклар

Шошилинч хабар
13 декабр 2019, Тошкент вақти: 04:32

Халқаро хабарлар

Фаластин мухторияти Президенти вазифасини вақтинча бажараётган Маҳмуд Аббос Рафах қочқинлар лагерига борди.

Сўнгги тўрт йил ичида Исроил ва фаластинликлар ўртасидаги энг шиддитли жанглар айнан шу лагерда юз берган. У ерда яшовчи фаластинликлар президентлик сайловида Маҳмуд Аббос номзодини қўллаб-қувватлашга ваъда бердилар.

1 январ куни Покистон ва Ҳиндистон ўзининг ядровий объектлари ҳақидаги маълумотларни дипломатик канал орқали алмашди.

Айни пайтда, 1 январ куни Ҳиндистон ҳукумати 25 йил ичида биринчи марта Кашмирда келаси ой мунисипал сайловлар бўлиб ўтишини эълон қилди.
Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, Кашмирнинг ёзги пойтахти Сринагар ва қишки пойтахти Жамму шаҳрида сайловлар 1 феврал куни бўлиб ўтади. Зўравонликлар тез-тез юз берадиган Кашмирнинг Пунч ва Ражури туманларида сайлов охирги босқичда, яъни, 17 феврал куни бўлиб ўтади.

Судан ҳукумати ва партизанлик уруши олиб бораётган Судан халқ озодлик ҳаракати Кенияда фуқаролик урушини тўхтатиш бўйича иккита протокол имзолади.

Бу Судан ҳукумати ва партизан гуруҳи раҳбарларига 9 январ куни Найроби шаҳрида тинчлик тўғрисидаги шартномани имзолашга йўл очади. Судан халқ озодлик ҳаракати лидери Жон Гарангнинг билдиришича, иккала томон БМТ Хавфсизлик кенгашига берган ваъдасини бажарган.

Украиана ва Молдова ўртасида имзоланган “Фуқароларнинг визасиз саёҳат қилиши тўғрисида”ги шартнома 2005 йил 1 январдан кучга кирди.

Шу кундан эътиборат икки давлат фуқаролари давлат чегарасида фақат ўз паспортини кўрсатиб, қўшни мамлакат ҳудудига бемалол ўта олади. Ҳозиргача бундай имтиёз фақат икки давлатнинг чегара минтақаларида яшовчи фуқароларга берилган эди.

Япония ҳукумати эълон қилган маълумотга кўра, 2004 йилда мамлакатда туғилиш сони рекорд даражада камайиб, 1 миллион 100 минг бола дунёга келган.

Ҳукумат ҳисоботига кўра, аксарият япон ёшлари оила харажатларини кўтара олмасликдан қўрқиш, карьера қилиш ёки турмуш тарзини ўзгартиришни хоҳламаслик сабабли оила қуришни истамайди.

Хитойнинг туризм саноати 2003 йилги парранда гриппидан кўрилган зарар қоплангани ва ҳозирда туризм соҳаси аввалгидек фаолият юрита бошлаганини маълум қилди.

Хитой Туризм агентлиги маълумотига асосланиб “Синхуа” ахборот агентлигининг билдиришича, 2004 йил январи-ноябр ойларида Хитойга 99 миллион турист келиб кетган. Бу 2003 йилги кўрсаткичдан 20 фоизга кўп. 2004 йилда Хитой туризмдан 23 ярим миллиард доллар фойда кўрган.

Аргентина полицияси пайшанба куни тунда ёнғин оқибатида 175 одам нобуд бўлган, 900 одам жароҳатланган Буэнос Аэрес шаҳридаги дискотека зали эгасини ҳибсга олди.

Текширув натижаларига кўра, ёнғин пайтида дискотека залининг олтита эшигидан фақат иккитаси очиқ бўлган, қолган тўртта эшикка қулф осиғлиқ бўлган.

Айни пайтда, Швеция ҳукумати келаси шанба кунини цунами қурбонлари хотирасига миллий мотам куни, деб эълон қилди.

Жанубий Осиёда дам олаётган минглаб Швеция фуқаролари тўфон оқибатида ҳалок бўлгани эҳтимоли борлиги айтилмоқда.
Хабарларга кўра, Ҳинд Океани соҳилларида 1 мингдан 4 ярим минггача, Тайландда эса 1 ярим минг швециялик бедарак йўқолган.
Германия ҳам кўп фуқароларини йўқотган бўлилиши мумкинлиги айтилмоқда. Германия раҳбари Герхард Шрёдер берган баёнотда мингга яқин Германия фуқароси бедарак йўқолгани айтилади. Шунингдек, юзлаб Норвегия ва Италия фуқароларидан ҳам дарак йўқилиги хабар қилинмоқда.
Бугун Ҳиндистон расмийлари жанубий соҳил яқинида яна зилзила рўй бериши ва у цунами ҳосил қилиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Жанубий соҳил аҳолиси турар жойларини ташлаб кетмоқдалар. Бироқ америкалик сейсмологларнинг маълумотларига кўра, цунами келтириб чиқариши мумкин бўлган зилзила бўлишидан улар бехабар.

Олинган сўнгги хабарларга кўра, Жанубий Осиёда рўй берган цунами қурбонларининг сони 100 мингдан ошиб кетди.

Бугун Индонезия ҳукумати берган баёнотида мамлакатда ҳалок бўлганлар сони 80 минг кишига етганини маълум қилди. Ундан олдин Индонезияда қурбонлар 52 минг киши, деб айтилаётган эди.
Ахборот агентликларининг хабар қилишича, Индонезия ҳукуматининг баёнотидан сўнг, фалокатда қурбон бўлганларнинг умумий сони 114 мингдан ошган бўлиши мумкин.
Турли давлатлардан ёрдам келмоқда. Лекин БМТга кўра, ёрдамнинг бир қисмигина мухтожларга етиб борган.
БМТнинг маълум қилишича, 5 миллионга яқин киши ёрдамга мухтож.
Айни патйда, Индонезия Президенти Сусило Бамбанг Юдҳоёно ҳукумат офат юз берган жойда касалликлар тарқалишининг олдини олишга ҳаракат қилётганини маълум қилди.
“Эпидемия тарқалишининг олдини олиш учун қўлимиздан келганини қилмоқдамиз. Банда Асеҳ ва Меулабоҳ худудларида вазият айниқса жиддий. У ерда касалликлар тарқалиши эҳтимоли юқори. Барча чоралар кўрилади, жумладан кўчма касалхоналар қурилади”, - деди жумладан Индонезия президенти.

Бугун Украина Олий суди Бош вазир Виктор Януковичнинг якшунба кунги овоз бериш натижаларини бекор қилишга қаратилган шикоятларини рад этди.

Якшанба куни қайта ўтказилган президентлик сайловида Виктор Юшченко ғолиб чиққан эди.
Бироқ, Виктор Янукович овоз беришнинг расмий натижалари эълон қилинганидан сўнг, яна судга мурожаат этиши мумкинлиги айтилмоқда.
Айни пайтда, Виктор Юшченко президетлик лавозимга киришганидан сўнг Юлия Тимошенконинг Бош вазир этиб тайинланишини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Кеча Юлия Тимошенко Украинадаги янги сиёсий тизим қандай бўлиши ҳақида бундай деди:
“Биз ҳукуматга келганимизда мухолифатчилар Кучма пайтидагидек қамалмайди ёки сургун қилинмайди. Журналист Гонгадзе сингари бошлари танасидан жудо қилинмайди ва журналистлар калтакланмайди. Чунки биз ҳукуматга умуман ўзгача қалб ва ўзгача идрок билан келяпмиз. Ўйлайманки, буни ўзингиз кўриб тушуниб оласиз”.
Юшченко унинг ҳукумати Европа Иттифоқи ва Россия билан алоқаларни ривожлантиришини ҳам маъулм қилди.

Саудия Арабистонидан олинган хабарларага кўра, кеча пойтахт Эр-Риёдда иккита портлашдан кейин, жанггариликда гумон қилинаётган етти киши ўлдирилган.

Портлашлар ички ишлар вазирлиги ва хавфсизлик хизмати бинолари олдида содир этилди. Аниқланишича, иккала портлаш бир-бири билан боғлиқ бўлган.
Ички ишлар расмийларининг маълум қилишича, портлашлар оқибатида 90 киши жароҳатланган, қурбонлар бўлмаган.
Икчки ишлар баёнотида хавфсизлик хизмати ўтказган операция натижасида портлашларга алоқадор бўлган етти нафар жанггари ўлдирилгани айтилади.
Шунингдек баёнотда айтилишича, портлашни содир этган жанггарилар Ал-Қойда вакиллари бўлган.
Портлашлардан сўнг Ню Йорк қимматли қоғозлар биржасида нефтнинг нарҳи қарийб 2 долларга қимматлашди.

АҚШ ва Ироқ ҳарбий кучлари Бағдодда ўтказилган операция натижасида Иорданиялик жанггари Абу Мусаб ал-Зарқавий етакчилик қилган террорчи гуруҳининг вакилларидан бири қўлга олингани хабар қилинмоқда.

Ироқ расмийларининг хабар қилишича, Фадил Хуссайн Аҳмад ал-Курдий жанггариликда гумон қилинаётган яна икки киши билан қўлга олинган.
Расмийларининг баёнотида ал-Курдий Ал-Қойда ва Зарқавий ўртасида мулоқотни таъминлаш ва террорчиларининг Ироққа келиши ва мамлакатдан чиқишини ташкил қилишга маъсул бўлгани айтилади.
Баёнотда жанггарилар қачон қўлга олингани маълум қилинмади.
Зарқавийнинг гуруҳи Ироқда уюуштирилган кўплаб хужумлар учун масъулиятни ўз бўйнига олган. Унинг боши учун 25 миллион АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти ваъда қилинган.

Ғазодан олинган хабарларга кўра, бугун минтақада Исроил ўтказган ҳарбий операция натижасида беш фаластинлик ҳалок бўлган.

Маълум бўлишича, Исроил ҳаво кучлари Ғазо минтақасидаги Хон Юнус қочқинлар лагерига қарата иккита ракета отган. Айтилишича, ракеталар жанггариликда гумон қилинаётганларни мўлжал қилган.
Ҳалок бўлганлар орасида Хамас жанггари гуруҳи аъзолари борлиги айтилмоқда.
Исроил ҳарбийларига кўра, операция фаластин жанггарилари яхудийлар истиқомат жойига хужум қилишининг олдини олиш мақсадида ўтказилган. Бу охирги икки ҳафта ичида Ғазода ўтказилган учинчи ҳарбий операциядир.

Айни пайтда, Исроил Бош вазир ўринбосари Эхуд Олмерт кейинги йилга белгиланган Ғазо Минтақасидан яхудийларни олиб чиқиш режаси вақтида амалга оширилишини маълум қилди. Расмийга кўра, шунингдек Ғарбий Соҳилдан ҳам яхудий аҳоли олиб чиқилади.

Jerusalem Post газетасига берган интервюсида Омерт яхудийларнинг нафақат Ғазодан, балки барча Фаластин ҳудудларидан олиб чиқилиши Исроил манфаатларида эканини айтган.
Бош вазир Ариэл Шароннинг 8 минг яхудийларни Ғазодан олиб чиқиш режаси келишмовчиликларга сабаб бўлган эди. Олмертнинг сўзлари ҳукумат вакиллари орасида норозиликларга сабаб бўлиши айтилмоқда.
Ҳозирги режаларга кўра, Ғарбий соҳилдаги 240 минг яхудийлардан бир неча юзини олиб чиқиш кўзда тутилган холос.

Россиядан олинган хабарга кўра, Бош прокурор ўринбосари Генерал Николай Шепел шу йилнинг сентябр ойида Бесландаги мактабни гаровга олган 31 бир жангаридан 17 нафарининг шахси аниқланганини маълум қилган.

Унинг айтишича, Яқин Шарқлик, деб гумон қилинаётган икки жанггарининг хужжатлари текшириш учун Интерполга юборилган.

Беслан хужуми учун масъулиятни ўз зиммасига олган Шамил Басаев мактабни гаровга олганларнинг икки нафари араб эканини айтган эди.
Сентябр бошидаги Беслан воқеаси отишма ва портлашлар билан тугуган эди. Воқеада 330 нафар гаровга олинганлар ҳалок бўлган. Уларнинг таҳминан ярми болалар бўлган.

Москвадан олинган яна бир хабарга кўра, бугун Россия ҳукумати келаси йилда армия учун янги қурол сотиб олиш мақсадида қарийб 7 миллиард АҚШ доллари ажратилишини маълум қилган.

Бош вазир Михаил Фрадков ажратилаётган маблағлар 2004 йилга нисбатан кўпроқ эканини айтди, лекин қанчага кўпроқ эканини маълум қилмади.

Россия ҳарбий бюджети 27 ярим фоизга ошган. Бу 2005 йилда мамлакат бюджетининг энг катта қисмини ташкил қилади.

Ҳукумат мажлисидан сўнг Россия Мудофаа взири Сергей Иванов кейинги йили ҳарбий кучлар учун 7та континентлараро баллистик ракетаси, 9та ҳарбий йўлдош, 5та ракета двигатели ва бошқа замонавий қуроллар сотиб олинишини маълум қилди.
Расмий маълумотларга кўра, Россия армиясида 1,2 миллиондан ортиқ ҳарбий ва 870 мингдан ортиқ ҳарбий бўлмаган хизматчилари бор.

Бугун Туркия пойтахти Анкарада ер қимирлаши қайд этилди. Зилзила аҳоли орасида саросимага сабаб бўлди.

Зизлзила эпицентри Анкара яқинидаги Кубук шаҳарчасида бўлиб, унинг кучи 4,6 баллни ташкил этди.
Зилзила оқибатида қрубонлар бўлмагани хабар қилинмоқда.

Якшанба куни Жанубий Осиëда рўй берган тўфон натижасида ҳалок бўлганлар сони тобора ортиб бормоқда. Сўнгги хабарларга кўра¸ камида 68 минг киши нобуд бўлган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра¸ Жанубий Осиë мамлакатларида юз берган кучли тўфондан зарар кўрган аҳолига зудлик билан ëрдам кўрсатилмаса¸ минглаб одам турли касалликлар қурбони бўлиши мумкин.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Индонезиядаги миссияси бошлиғи Дэвид Набарронинг айтишича¸ зилзила оқибатида рўй берган тўфон натижасида ҳалок бўлганлар сони¸ агар касаллик тарқаладиган бўлса икки баробарга кўпайиши мумкин. Жуда кўп ҳудудларда жасадларнинг ириб-сасиб ëтгани ва сувнинг ифлослангани инсон саломатлиги учун хавфлидир.
Австралия Ташқи ишлар вазири Александр Даунерга кўра¸ фалокат оқибатида катта иқтисодий зарар ҳам етган.
"Ҳодисадан зарар кўрган мамлакатлар иқтисодиëтига катта зиëн етди. Бу соҳани қайта тиклаш учун анча иш қилиш ва катта сармоя ëтқизиш керак бўлади. Австралия¸ АҚШ ва Япония каби мамлакатлар бу ишга ҳисса қўшиши лозим. Бу масъулиятни биз ўз зиммамизга олишимиз керак"¸ - деди Австралия Ташқи ишлар вазири.

Якшанба куни президентлик сайловининг иккинчи босқичи такрор ўтказилганида мағлубиятга учраган Украина Бош вазири Виктор Янукович сайлов натижаларидан норозилик билдириб Марказий сайлов комиссиясига мурожаат қилди.

Марказий сайлов комиссияси матбуот вакили Зоя Чарикованинг айтишича¸ Янукович 225 сайлов округининг барчасида сайлов қонунлари бузилгани тўғрисида шикоят аризаси билан мурожаат қилган. Агар шикоят рад қилинса¸ Янукович мамлакат Олий судига мурожаат қилиши мумкин.

Қозоғистон прокуратураси мухолифатдаги "Қозоғистон демократик танлови" партиясидан фаолиятини тўхтатишни талаб қилди.

Прокуратура хулосасига кўра¸ мазкур партия "давлат хавфсизлигига таҳдид солган". Партия баëнотида айтилишича¸ прокуратуранинг бундай хулосага келишига Қозоғистон парламентининг қўйи палатасига бўлиб ўтган сайловлар натижаси партия томонидан қаттиқ танқид қилингани сабаб бўлган. "Қозоғистон демократик танлови" партияси сентябр ойида ўтказилган сайловларда Президент Нурсултон Назарбоевни сохтакорликка йўл қўйганликда айблаган эди.
Қозоғистон прокуратураси мазкур партия фаолиятини тўхтатиш тўғрисида Олма-ота шаҳар судига қилинган мурожаат ортида ҳеч қандай сиëсий сабаб йўқ¸ деб ҳисоблайди.

Эроннинг собиқ Маориф вазири - ислоҳотлар тарафдори Мустафо Муин президентлик сайловига ўз номзодини қўйишини маълум қилди.

Эроннинг расмий ИРНА ахборот агентлиги хабарига кўра¸ Мустафо Муин 2005 йилнинг май ëки июн ойларида ўтказиладиган президентлик сайловида қатнашишни истайди. Амалдаги Президент Муҳаммад Хотамий Конституция бўйича учинчи муддатга сайловда иштирок эта олмайди. Муин ўтган йилнинг ëзида кўплаб талабаларнинг қамоққа олинганидан норозилик билдириб¸ Хотамий ҳукуматидаги вазирлик лавозимидан истеъфо берган эди.

Бугун Афғонистон янги Мудофаа вазири Абдулраҳим Вардак мамлакатда қуролсизлантириш жараëнини тезлаштириши ва миллий армияни мустаҳкамлашини таъкидлади.

Президент Ҳомид Карзай етакчилигидаги янги ҳукумат таркибида ўтган ҳафта қасамëдга келтирилган Вардакнинг айтишича¸ ҳукумат миллий армия ташкил этишни кучайтириши ва унинг салоҳиятларини вилоятларда ҳам кенгайтириши керак. Вардакка кўра¸ миллий армия 2006 йилнинг декабрига қадар ташкил қилиниши лозим. Афғонистон миллий армияси сафида 70 минг аскар хизмат қилиши режалаштирилган. Ҳозирча унинг таркибида тақрибан 20 минг аскар хизмат қилмоқда.

Украина Мудофаа вазири Олександер Кузмук келаси йилнинг охирига бориб Украина аскарларининг ҳаммаси Ироқдан олиб чиқилишини билдирди.

Мамлакат парламенти бу ҳақда тўрт ҳафта муқаддам қарор қабул қилган эди.
Якшанба куни такрор ўтказилган президентлик сайловининг иккинчи босқичида ғалаба қозонган Виктор Юшченко ҳам¸ унинг сайловдаги рақиби Виктор Янукович ҳам Украина кучларининг Ироқдан олиб чиқилиши тарафдоридир.
Украина АҚШнинг таклифига биноан 2003 йилнинг сентябрида Ироққа 1600 аскар юборган эди.

БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури Судан жанубидаги Дарфур минтақасида ҳукумат аскарлари билан жанггари кучлар ўртасида тўқнашувлар қайта бошланганидан кейин мазкур минтақага озиқ-овқат юборишни тўхтатиб қўйди.

БМТ расмийларининг билдиришича¸ Дарфурга бир минг уч юз тонна озиқ-овқат етказиши лозим бўлган 70 та юк машинаси тўхтатиб қўйилган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра¸ Дарфурда март ойидан буëн 70 минг одам очлик ва касаллик оқибатида нобуд бўлган¸ 1 миллион 800 минг киши уй-жойини ташлаб чиққан.

Жанубий Осиё мамлакатларида якшанба кунги кучли тўфон қурбонлари сони 50 мингга етди.

Индонезия Соғлиқни сақлаш вазирлиги тарқатган хабарда якшанба кунги фалокат оқибатида Индонезияда 27 минг киши ҳалок бўлгани айтилади.
Тўфондан азият чеккан бошқа мамлакатлар ҳам қурбонлар сони ошиб бораётганини айтмоқда.
Шри Ланка расмийларига кўра, бу мамлакатда қурбонлар сони 18 мингга яқинлашган.
Ҳиндистон 8 минг киши ҳалок бўлганини хабар қилмоқда.
Тайланддан олинган маълумотларга кўра, у ерда бир ярим минг киши қурбон бўлган. Уларнинг кўпчилиги Тайландга дам олгани келган туристлар бўлган.
Тайланд ҳукумати расмийси Озодлик радиосига чет эллик туристларга имкони қадар ёрдам берилаётганини маълум қилди.
“Тайланд ҳукумати вазиятни енгиллаштириш, айниқса одмларга ёрдам бериш учун барча воситаларни ишга солган. Ҳозир ҳукумат учун бу энг асосий вазифа ва биз жароҳатланганлар ўз уйларига тезроқ қайтиши учун қўлимиздан келганини қиламиз”, - деди Тайланд ташқи ишлар вазирлиги вакили Итти Дипбанжонг.
Қаттиқ зилзиладан келиб чиққан тўфон шунингдек, Малазия, Малдив Ороллари, Бирма, Бангладеш ҳамда Африка қитъасининг Сомали, Кения ва Танзания мамлакатларида юзлаб кишиларнинг жонига зомин бўлди.
Фалокат юз берган мамлакатларда миллионлаб одамлар бош-панасиз қолган.
БМТ расмийларининг таҳминларига кўра, келтирилган зарар миллиардлаб АҚШ долларига тенг бўлиши мумкин.

Сўнгги хабарларда якшанба кунги тўфон Янги Зеландия соҳилларигача етиб боргани айтилмоқда.
Янги Зеландия Сув ва атмосфера миллий тадқиқот институти маълумотларига кўра, Янги Зеландия соҳилларида сувнинг сатҳи 10 см дан 30 см гача кўтарилган.
Янги Зеландия соҳиллари тўфон бошланган жойдан 8 минг км узоқликда жойлашган. Айтилишича, тўфон тўлқинлари у ерга 17 соатда етиб борган. Сув сатҳининг кўтарилиши Янги Зеландияда ҳеч қандай зарар келтиримаган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG