Линклар

Шошилинч хабар
19 сентябр 2019, Тошкент вақти: 20:28

Халқаро янгиликлар

Жаҳон раҳбарлари янги 2004 йилнинг қандай бўлиши ҳақида эҳтиëткорлик билан муносабат билдиришмоқда.

БМТ Бош котиб Кофи Аннанга кўра, Ироқ уруши халқаро ҳамжамиятни бошқа муаммоларни ҳал қилиш устида ишлашига йўл қўймаган:
“Ироқ уруши оқибатида жаҳон раҳбарлари бошқа муаммолар, жумладан, қашшоқлик, очарчилик ва юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш масалаларига етарли эътибор бермадилар”, - деди Кофи Аннан.
Рим Папаси Худодан бутун жаҳонда тинчлик бўлишини сўради.

Террор ҳужумлари юз бериши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилганига қарамай, кўплаб мамлакатларда миллионлаб одам янги 2004 йилни нишонладилар

Ню Йоркдаги “Таймс” майдонида минглаб одам Янги Йилни кутиб олар экан, бинолар томида мерганлар хушëр бўлиб турдилар ва атрофда вертолëтлар учиб турди.
Европа, Осиë мамлакатлари ва Австралияда одамлар мушаклар отиб, Янги Йилни қаршиладилар.
Аммо баъзи мамлакатларда Янги Йил байрами арафасида фожиа юз берди. Филиппинда ëнғинлар, отишмалар ва ҳалокатлар рўй бергани оқибатида тахминан 200 одам нобуд бўлди. Индонезияда портлаш юз бергани оқибатида 9 одам қурбон бўлди. Италияда мушаклардан 600 одам яраланди.

Бугун Эроннинг Бам шаҳридаги қутқарувчилар харобалар остидан тирик қолган икки одамни олиб чиқдилар.

6 кун аввал Бамда зилзила рўй бергани оқибатида тахминан 30 минг одам нобуд бўлди.
Айни пайтда, 60 мамлакатдан борган 1.700 халқаро вакил Бамда қутқарув ва ëрдам бериш ишларини давом эттирмоқдалар. Улар орасида америкаликлар ҳам бор.
АҚШ маъмурияти Бам аҳолисига инсонпарварлик ëрдами жўнатишни тезлаштириш учун Эронга қарши жорий этган санкцияларни вақтинча юмшатганини билдирди. Эрон расмийларига кўра, расмий Теҳрон Вашингтон маъмуриятининг яхши ният билан қилган ушбу ҳаракатига ижобий жавоб қайтаради.

Кеча Бағдодда Янги Йил кириб келишидан бир неча соат аввал портлаш юз бергани оқибатида 8 одам нобуд бўлди ва 20 дан ортиқ киши, жумладан, уч америкалик журналист яраланди.

Бундай ҳужумлар яна юз бериши эҳтимолидан хавотир олаëтган Ироқ полиция ходимлари ва Америка ҳарбийлари Бағдодда хавфсизлик чораларини кучайтирмоқдалар.

Америка Қўшма Штатлари Тожикистон ва Афғонистон ўртасидаги Панж дарëси устида янги кўприк қуриш учун 30-40 миллион доллар маблағ беришини маълум қилди.

АҚШнинг Душанбедаги элчихонасига кўра, кўприкни қуриш ишлари яқинда бошланади ва бу кўприкнинг 18 ой ичида ишга туширилиши кутилмоқда.
Расмийларга кўра, бундай кўприк Тожикистон, Афғонистон ва Эрон ўртасида иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга катта ëрдам беради. Бу кўприк орқали шунингдек, инсонпарварлик ëрдами юкланган колонналар Афғонистонга тезроқ бориши билан бирга, мамлакатдаги қайта қуриш ишларини ҳам тезлаштирилиши мумкин.

Бугун Покистон парламентининг ялпи йиғинида президент Парвез Мушаррафга ишонч овози берилди.

Натижада 1999 йили қон тўкмаган ҳолда давлат тўнтариши қилиб, ҳокимиятни эгаллаган Мушарраф 2007 йилгача президент бўлиб қоладиган бўлди.
Парламентдаги диний партиялар билан муросали келишувга эришган Мушарраф, жорий йил охирида Армия бош қўмондони вазифасидан истеъфо бериш ва Олий Суднинг рухсатисиз парламентни тарқатиб юбормасликка рози бўлди.

Бугун Ироқнинг Киркўк шаҳрида ўтказилган намойиш давомида курд полиция ходимлари икки одамни отиб ўлдирди ва 14 кишини яралади.

Намойишда қатнашган араблар ва этник туркманлар Киркўк шаҳри таклиф этилаëтган курд федерацияси эмас, балки Ироқ марказий ҳукумати назоратида қолишини талаб қилдилар.
Ироқдаги Америка ҳарбийлари Киркўк шаҳрига кириб, курд полиция ходимлари ва намойишчилар ўртасида тўқнашув рўй берган жойда текширув нуқталарини ўрнатдилар.
Айни пайтда, Янги Йил байрами арафасида ҳужумлар юз бериши эҳтимолидан хавотир олинаëтгани туфайли, Ироқ полиция ходимлари ва Америка ҳарбийлари Бағдодда хавфсизлик чораларини кучайтирмоқдалар.

Осиë мамлакатлари ва Австралияда миллионлаб одам Янги Йилни қаршилади.

Австралия ва Хаваи ўртасидаги Кирибати ороли аҳолиси дунëда биринчи бўлиб, 2004 йилни кутиб олди. Бир соат ўтгандан кейин Янги Зеландия, Австралия ва Филиппинга Янги Йил кириб борди. Кўплаб мамлакатларда байрам арафсида террор ҳужумлари рўй бериши эҳтимолидан хавотир олинаëтгани туфайли, хавфсизлик чоралари кучайтирилмоқда.

Бугун БМТ Бош Котиби Кофи Аннан Янги Йил байрами арафасида чиқиш қилиб, 2003 йил давомида халқаро ҳамжамият дуч келган қийинчиликлар ва 2004 йилда БМТ эътиборни қаратадиган масалалар ҳақида тўхталди.

Аннанга кўра, 2003 йил БМТ учун энг оғир йиллардан бири бўлган. Ироқ урушини тилга олган Аннан, давлатлар орасида уруш ва тинчликка оид мухим масалалар борасида якдиллик йўқлигини таъкидлади.
Бугун БМТ Бош Котибига кўра, халқаро ҳамжамият 2004 йилда бир қатор муаммоларни ҳал қилиш устида ишлаши керак.
“Тўғри, биз терроризм қарши курашмоғимиз керак. Оммавий қирғин қуроллари тарқалишига йўл қўймаслигимиз лозим. Аммо қашшоқликда кун кечираëтган одамларнинг турмуш шароитини яхлаш кераклигини унутмаслигимиз зарур. Чунки ривожланишсиз тинчлик бўлмайди”, - деди Кофи Аннан. Унга кўра, энди ваъдалар беришни тўхтатиш керак ва аввал берилган ваъдаларни бажариш керак.

Эрон расмийлари кўра, ҳозир Бам шаҳрида харобалар остидан тирик қолган одамларни қидириш ишлари тўхтатилган ва у ердаги халқаро ëрдам кўрсатувчи вакиллар минтақада турли касалликлар тарқалишига йўл қўймаслик устида ишламоқдалар.

Айни пайтда, кўплаб мамлакатлар Эроннинг Бам аҳолиси учун гуманитар ëрдам жўнатишни давом эттирмоқда. Кеча президент Муҳаммад Хотамий Америка Эронга инсонпарварлик ëрдами жўнатганини мамнуният билан қаршилади. Аммо у икки мамлакат ўртасидаги совуқ муносабатларни яхшилаш учун Вашингтон ўзининг Эронга нисбатан сиëсатини ўзгартириши кераклигини таъкидлади.
Ўтган жума куни Эроннинг Бам шаҳрида даҳшатли зилзила рўй берганидан бери, 30 мингдан ортиқ жасад дафн этилди. Уйсиз қолган минглаб одамлар чодирларда кун кечиришмоқда.

Бугун Исроил ҳарбийлари Ғарбий соҳилда хавфсизлик тўсиқлари ўрнатилишига қаршилик кўрсатган 17 фаластинликни яралади ва 10 га яқин одамни ҳибсга олди.

Айни пайтда, Исроил ҳукумати Голан тепалигида яшовчи исроилликлар сонини келаси уч йил давомида икки баробарга оширишни режалаштирмоқда. Исроил мазкур тепаликни 1967 йили Суриядан ишғол қилган.
Хабарларга кўра, Голан тепалигининг келажаги хусусида Сурия билан музокаралар бошлашдан аввал, Исроил ушбу минтақада ўз позициясини мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда.
Бугун Исроил радиоси маълум қилишича, ҳукумат Голан тепалигида янги турар-жой бинолари, қишлоқ ҳўжалиги, туризм ва саноат инфратузулмасини ривожлантириш учун тахминан 7 миллион доллар сарфлашни режалаштирмоқда.
Сурия Исроилдан тинчлик келишувини тузиш шарти сифатида Голан тепалигини қайтаришни талаб қилмоқда.

Халқаро Қизил Хоч ташкилоти АҚШ бошчилигидаги коалициядан қўлга олинган Ироқ собиқ президенти Саддам Ҳусайн билан учрашиб туриш учун рухсат беришни сўради.

Мазкур ташкилот Женева конвенцияларига кўра, уруш асирлари, шу жумладан, 13 декабр куни қўлга олинган Саддам Ҳусайн билан учрашиб туришга ҳақи борлигини билдирди.
Женева конвенцияларида уруш асирларининг асосий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш назарда тутилади.

Вилнюсдаги Тэримай маркази томонидан ўтказилган сўровлар натижаларига кўра, президент Роландас Паксас Литвада йилнинг энг машҳур инсони бўлган.

Айни пайтда, Литва депутатлари президент Паксасни Россия мафияси билан алоқадорликда айблаб, унга қарши ишончсизлик овози берилишига чақирмоқдалар.
Кеча Литва Конституция Суди президент Роландас Паксас россиялик ишбилармон Юрий Борисовга Литва фуқаролиги ҳуқуқини бериб, қонунни бузган, деб ҳукм чиқарди.
Борисов Паксаснинг сайлов кампанияси учун молиявий ëрдам бергани айтилмоқда. Литва хавфсизлик органлари уни Суданга яширинча қурол сотганликда айбламоқдалар.

Бугун Афғонистон Президенти Хамид Карзай деярли уч ҳафтадан бери, янги Конституция лойиҳасини муҳокама қилаëтган Лўя Жирга делегатларини президентга кўпроқ салоҳиятлар бериш кўзда тутилган моддаларни тасдиқлашга чақирди.

Паштун миллатига мансуб Карзай мамлакатда иқтисодий ривожланишни йўл қўйиш даври давомида президентга кучли салоҳиятлар берилишини талаб қилмоқда. Афғонистонлик тожик ва ўзбеклар бош вазир лавозимини яратиш ва парламентга кўпроқ салоҳиятлар берилишига даъват қилмоқдалар.
Карзайга кўра, агар Лўя Жиргадаги 502 делегат муросага эришсалар, Конституция лойиҳаси келаси жума ëки шанба куни тасдиқланиши мумкин.

Туркия расмийлари хавфсизлик сабабларига кўра, Истамбулдаги марказий майдонда Янги Йил байрами нишонланишини бекор қилдилар.

Истамбул шаҳар ҳокими идораси байрам арафасида АҚШ, Исроил ва Ғарб давлатларининг Туркиядаги манфаатлари террорчилар томонидан нишонга олиниши мумкинлигини билдирди.
Минглаб одамнинг Истамбулдаги “Тақсим” майдонида Янги Йилни қаршилаши кутилаëтган эди.

Бугун Қирғизистоннинг Жалолобод вилоят прокурори Ойбек Турганбаев ўзбекистонлик етти милиция ходимини ҳибсдан озод қилгани учун ишдан ҳайдалгани билдирилди.

Ўзбекистон милиция ходимлари 10 декабр куни Жалолободда Қирғизистон фуқаросини ушлаб олиб кетмоқчи бўлганларида ўзлари Қирғизистон милицияси томонидан қўлга олинган эдилар. Ўзбекистон милиция ходимлари нима сабабдан Қирғизистон фуқаросини қамоққа олишга ҳаракат қилганлари аниқ эмас.

АҚШ Давлат Котиби Колин Пауэллга кўра, Эроннинг муроса қилиш учун яқинда амалга оширган ҳаракатлари икки мамлакат ўртасидаги мулоқотнинг қайта ўрнатилишига олиб келиши мумкин.

Бугун “Вашингтон Пост” газетасининг Пауэллга асосланиб билдиришича, Эрон бошқа давлатларга нисбатан янгича муносабат қила бошлаган.
Пауэлл яқинда расмий Теҳрон ўзининг ядровий иншоотларида текширув ўтказилишига рози бўлгани, мўътадил араб давлатлари билан муроса қилгани ва ўтган ҳафтада зилзила рўй берганидан кейин Американинг инсонпарварлик ëрдамини қабул қилганини тилга олди.

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев 164 маҳбусни озод қилиш ëки уларнинг қамоқ муддатини қисқартириш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Қамоқдан озод этилаëтганлар орасида собиқ ички ишлар вазири Искандар Ҳамидов ҳам бор. У 1995 йилда давлат мулкини ўзлаштирганликда айбдор, деб топилган эди.
Президентлик амнистиясига кўра, умрбод озодликдан маҳрум этилган Элдор Алиев 20 йил қамоқда ўтирадиган бўлди. У 1995 йилда собиқ президент Ҳайдар Алиевни ҳокимиятдан ағдариш ҳаракатига алоқадорликда айбланган эди.

АҚШ ва Туркманистон ҳукуматлари бир-бирининг фуқароларини Жиноий ишлар бўйича халқаро судга топширмаслик ҳақида келишув имзоладилар.

Бошқа 75 давлат билан шундай келишув тузган АҚШ маъмурияти, айниқса, чет элдаги ҳарбийлари сиëсий сабабларга кўра халқаро судга топширилиши эҳтимолидан хавотир олмоқда.
Жиноий ишлар бўйича халқаро судни қўллаб-қувватлаëтган Европа Иттифоқи Қўшма Штатларни инсон ҳуқуқлари соҳасида ижобий натижаларга эришилишига тўсқинлик қилаëтганликда танқид этмоқда.

Афғонистоннинг жанубий минтақаларини “толиблар” ва “Ал-Қайда” жанггариларидан тозалаш учун АҚШ бошчилигидаги коалиция кучлари томонидан ўтказилган операция бугун якунлангани билдирилди.

Америка ҳарбийларига кўра, Хелманд, Қандаҳор, Зобул, Ўрузгон, Хўст, Пактика ва Нангарҳор вилоятларида олиб борилган операцияда 2 минг аскар қатнашган.
Бир ой давом этган мазкур операция давомида кўплаб қурол ва ўқ-дорилар мусодара қилинган ва 100дан ортиқ шубҳали шахс қўлга олинган. Таслим бўлишни хоҳламаган 10 киши отиб ўлдирилган.

Бугун Исроил ҳарбийлари Ғарбий соҳилдаги Наблус шаҳрига кириб, фаластинлик қуролли шахслар билан тўқнашгандан кейин, у ерда қўмондонлик соатини жорий этди.

Отишма оқибатида ҳеч кимга талафот етмади. Аммо Исроил ҳарбийлари тинтув ўтказиш учун одамларни уйларидан ташқарига чиқишга мажбур қилгани билдирилди.
Айни пайтда, Исроил Ички Ишлар Вазирлигининг маълум қилишича, бош вазир Ариэл Шарон 2001 йил март ойида ҳокимиятга келганидан бери, Фаластин ерларида жойлаштирилган исроилликлар сони 236 минг кишига етган.
“Йўл Харитаси” деб номланган тинчлик режасида Исроил ҳукуматидан Фаластин ерларига исроилликларни кўчиришни тўхтатиши талаб қилинади.
Аммо Исроил ҳукумати Фаластин ерларида исроилликлар учун турар-жой биноларини қуриш борасида тендерлар эълон қилишни давом эттирмоқда.

Бугун Украина Конституция Суди Леонид Кучма навбатдаги сайловда президентликка номзод бўлишга лойиқ, деб ҳукм чиқарди.

2004 йил октябр ойида Украинада президентлик сайловини ўтказиш режалаштирилган.
Кучма дастлаб 1994 йилда президент этиб сайланган эди. У ўзининг иккинчи муддати келаси йилда тамом бўлгандан кейин, президентликка номзод бўлмаслигини очиқ айтган.
Украинанинг мухолифатдаги партиялари Кучмани порахўрлик ва унинг сиëсатини танқид қилган журналист ўлдирилганига алоқадорликда айбламоқдалар.
Кучма ушбу айбларни рад этиб келмоқда.

Бугун Ҳиндистон ҳукумати Афғонистон Миллий Армияси учун ваъда қилган 300 машинанинг биринчи 24 тасини Кобул расмийларига топширди.

Ҳиндистоннинг Кобулдаги элчиси Вивек Кажуга кўра, юк ва тез ëрдам машиналаридан иборат қолган автомобиллар келаси бир неча ой давомида Афғонистонга келтирилади.
Ҳиндистон, шунингдек, Афғонистон ҳукуматига учта йўловчи учқичи, 200 дан ортиқ автобус ва мактаб ўқувчилари учун 10 минг тонна кулинария маҳсулотларини хайрия қилди.

Бугун Эрон Президенти Муҳаммад Хотамий ўтган жума кунги кучли зилзила оқибатида вайрон бўлган Бам шаҳри икки йил ичида қайта қурилиши ҳақида ваъда берди.

Қутқарувчиларга кўра, харобалар остидан одамларни тирик топиш имконсиз бўлиб қолгани туфайли, эндиликда асосий эътибор зилзила оқибатида азият чеккан минглаб одамларга ëрдам беришга қаратилган. Эрон расмийларига кўра, ҳозиргача тахминан 28 минг жасад дафн этилган.
Бугун Ҳиндистон Эронга учта самолëтда инсонпарварлик ëрдами жўнатаëтганини маълум қилди. Форс кўрфази атрофидаги араб давлатлари ҳам Эронга 400 миллион долларлик гуманитар ëрдам беришини билдирдилар.

Бугун Литва Конституция Суди президент Роландас Паксас россиялик ишбилармон Юрий Борисовга Литва фуқаролиги ҳуқуқини бериб, қонунни бузган, деб ҳукм чиқарди.

Борисов Паксаснинг сайлов кампанияси учун молиявий ëрдам бергани айтилмоқда. Литва хавфсизлик органлари уни Суданга яширинча қурол сотганликда айбламоқдалар.
Айни пайтда, Литва депутатлари президент Паксасни Россия мафияси билан алоқадорликда айблаб, унга қарши ишончсизлик овози берилишига чақирмоқдалар.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG