Линклар

Шошилинч хабар
19 август 2019, Тошкент вақти: 02:19

Халқаро янгиликлар

Туркиядаги ҳукмрон “Адолат ва Тараққиëт” партиясининг лидери Ражеп Тайип Эрдўған шу ойда Марказий Осиë давлатлари ва Хитойга сафар қилади.

Анадолу ахборот агентлиги хабарига кўра, Эрдўған 7 январда Озарбайжонга, 8 январда Туркманистонга ва 11 январда Қозоқистонга ташриф буюради ва бу 3 давлатнинг раҳбарлари учрашади.
Эрдўған 14 январда 3 кунлик расмий ташриф билан Хитойга боради. Туркия вазирлари ва ишбилармонларидан ташкил топган 100 кишилик делегация Эрдўғанга ҳамроҳлик қилади.

Афғонистоннинг Пактия вилоятидаги Зурмат худудида ўтказилган тўйда бир граната портлагани оқибатида 7 киши ҳалок бўлди.

Бугун Бахтар ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, тўйга келган меҳмонлар никоҳни нишонлаш учун турли қуроллардан ҳаво ўқ отганлар. Меҳмонлар томонидан отилган гранаталардан биттаси кишилар орасига тушиб портлаган.
Яраланганлар ҳақида маълумот берилмади.
Афғонистонда қуролсизланиш дастури амалга оширилаëтганига қарамай, тўйларда никоҳни нишонлаш учун қуроллардан ўқ отиш уруф-одати давом этмоқда.

Бугун Покистон ва Ҳиндистон бир-бирларининг ядровий иншоатлари тўғрисида маълумотлар алмашдилар.

Покистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Камрон Ниëзга кўра, мазкур маълумотларда ядровий иншоатларнинг жойлашган ерлари аниқ кўрсатилган.
1991 йилда Покистон ва Ҳиндистон бир-бирларининг ядровий иншоатларига ҳужум қилмаслик ҳақида келишув имзолади. 1992 йилдан бери икки мамлакат ҳар йили 1 январда ўзларининг ядровий иншоатлари тўғрисида маълумотлар алмашиб келмоқдалар.

Бугун Ўрта денгизда Америка, Туркия ва Исроил денгиз кучлари ҳарбий машғулотлар ўтказишни бошлади.

Исроил полковниги Рани Бен-Яехуданинг қайд этишича, 3 мамлакат денгиз кучлари ўртасида ўтказилаëтган машқлар қидириш ва қутқарув ишларига бағишланган.
Унга кўра, мазкур машқлар минтақадаги ҳеч бир давлатга қарши қаратилмаган.

Шимолий Кореянинг ядровий дастури борасидаги вазият тобора кескинлашар экан, Жанубий Корея расмий вакили бўҳронни юмшатиш учун бугун Хитойга борди.

Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Ли Тай-Шик Хитой ҳукуматини Шимолий Кореядан ўзининг ядровий дастурини тўхтатишни талаб қилишда фаол рол ўйнашга чақириши кутилмоқда.
Хитой Шимолий Кореянинг яқин иттифоқдоши саналади.
Шимолий Корея ядровий қуроллар учун плутоний ишлаб чиқара оладиган ядровий реакторни қайта ишга солди ва БМТ инспекторларини мамлакатдан чиқариб юборди.
Кеча АҚШ президенти Жорж Буш бўҳронга дипломатик ечим топилишига ишонишини қайд этди.

Кеча Кобулда Франция Мудофаа вазири Мишел Аллиот-Мари хоним Афғонистон раҳбарлари билан учрашди.

У собиқ Қирол Зоҳиршоҳ, Президент Ҳомид Карзай, Мудофаа вазири Муҳаммад Фаҳим ва БМТнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Лаҳдар Браҳими билан музокаралар олиб борди.
Музокараларда Кабул ва Афғонистоннинг бошқа худудларидаги ҳавфсизлик вазияти ва давлат ташкилотларини ташкил қилиш масалалари муҳокама этилди.
Франция Мудофаа вазири Мишел Аллиот-Мари хоним Афғонистон раҳбарлари олдида Франция Афғонистонга ëрдам кўрсатишни давом эттириши ҳақида ваъда берди.
2002 йилда Франция Афғонистонга сал кам 29 миллион евро қимматида ëрдам берди, бу кўрсаткич ваъда қилинган ëрдамнинг тахминан 80 фоизидир. Франция Афғонистондаги мактабларни қайта қуриш ишларига ҳам фаол ëрдам бериб келмоқда.

Жаҳон мамлакатлари бўйлаб миллионлаб киши Янги йилни шоду-ҳўрамлик билан кутиб олар экан, хавфсизлик тадбирлари мисли кўрилмаган даражада кучайтирилди.

Франция ва Британияда минглаб полициячилар кўчаларда патруллик қилишди. Италияда Ватикан ва аэропортларда қўшимча хавфсизлик чоралари кўрилди.
Берлиннинг Бранденбург дарвозаси олдида 1 миллиондан ошиқ киши Янги йилни нишонлади.
Нью-Йоркда юз-минглаб кишилар Янги йилни қаршилар экан, махсус полиция кучлари “Times Square” майдони атрофидаги позицияларда ҳушëр бўлиб турди.
Жума куни Грознийда Чеченистон ҳукумат биноси портлатилгани оқибатида 83 киши ҳалок бўлганидан кейин, Янги йил кечасида Россия худудларида ҳам хавфсизлик тадбирлари кучайтирилди.
Исроилда террор ҳужумлари таҳдидларига қарамай, клублар ва меҳмонҳоналар одамлар билан тўлиб кетди.
Бугун АҚШ президенти Жорж Буш терроризмга қарши курашда муваффақиятли натижаларга эришилганини юқори баҳолаб, аксилтеррор кампания 2003 йилда ҳам давом этишини таъкидлади.

БМТ ҳарбий инспекторлари Ироқда оммавий қирғин қуролларини қидириш ишларини давом эттирмоқдалар.

Хабарларга кўра, инспекторлар 27 январда БМТ Хавфсизлик кенгашига ҳисобот беришдан олдин, Ироқ БМТ инспекторлари бошлиғи Ханс Бликсни ҳамкорлик ишини текшириш учун Бағдодга таклиф қилган.
Кеча АҚШ президенти Жорж Буш Ироқ бўҳрони тинч йўллар орқали ҳал этилишига умид билдирди. Бушга кўра, Ироқнинг шубҳа этилган оммавий қирғин қуроллари тўғрисида БМТга тақдим этган ҳисоботида камчиликлар бор.
Қўшма Штатлар расмийлари Ироқ Американинг ташқи мамлакатлардаги кучларига, ташкилотларига ҳужум қилиши ëки “Ал-Қоида” террор тармоғига ўхшаган экстеримист гуруҳларни қуроллар билан таъминлаши мумкинлигини таъкидладилар.

Халқаро инспекторларнинг Шимолий Кореядан чиқариб юборилиши ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартноманинг яққол бузилишидир.

Бу ҳақда БМТнинг Атом энергияси бўйича халқаро агентлиги вакили Мелисса Флеминг баён қилди. Унинг таъкидлашича, эндиликда Пхеньян ядро реакторини қайта ишга солиб ҳеч қандай тўсиқларсиз плутоний ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши мумкин.
Шимолий Кореядан чиқариб юборилган БМТнинг икки инспектори бугун эрталаб Пекинга келдилар. Ҳар икки инспектор ҳам журналистлар билан учрашувдан бош тортди. Улардан бирининг яқин орада БМТ Атом энергияси бўйича халқаро агентлиги қароргоҳи жойлашган Венага келиши кутилмоқда.
АҚШ расмийларига кўра, иқтисодий жазо чоралари билан Шимолий Кореяни ядро дастуридан воз кечтирса бўлади. Жанубий Корея эса Пхеньян билан музокара бошлаш зарурлигини айтмоқда.

Ироқда юздан ортиқ БМТ инспектори оммавий қирғин қуролларини қидириш ишларини давом эттирмоқда.

Кеча Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши Ироққа махсус рухсатномасиз киритилиши таъқиқланган товарлар рўйхатини кенгайтирди. Мутахассислар фикрича, мазкур товарлар ҳарбий масадларда қўлланиши мумкин.
Бугун БМТ Бош котиби Кофи Аннан ўз чиқишида, Бағдод харбий инспекторлар билан ҳамкорлик қилаётган бир пайтда Ироққа қарши ҳарбий ҳаракатлардан маъно кўрмаётганини қайд этди. Бироқ, АҚШ ҳали ҳам Ироқда оммавий қирғин қуроллари йўқ қилинганига иккиланиш билан қарамоқда. Вашингтон расмийларига кўра, Бағдод бу борада ишонарли далилларни тақдим этолмаган.

Бугун Россиянинг Ростов суди полковник Будановни жиноий жавобгарликдан озод этди.

Суднинг эътироф этишича, Буданов жиноят содир этган пайтда рухий жиҳатдан носоғлом бўлган. У махсус типдаги рухий диспансерга мажбурий даволаниш учун юбориладиган бўлди. Чечен қизи Эльза Кунгаевани ўлдирганликда айбланаётган Полковник Будановга 12 йил қамоқ жазоси сўралган эди.

Янги йил арафасида Шанхайда дунёда биринчи марта магнит ёстиқчали темир йўл поездлари қатнови йўлга қўйилди.

Шаҳар марказини аэропорт билан боғловчи 30 километрлик шаҳар магистрал йўлининг ишга туширилиши тақдимот маросимида Германия канцлери Герхард Шредер ва Хитой Халқ Республикаси раиси Цзян Цземинлар иштирок этишди. Соатига 430 километр тезликда ҳаракатланувчи бу поездлар немис технологияси асосида қурилган бўлиб, лойиҳанинг умимий нархи 1 миллиард икки юз миллион долларни ташкил этади. Эндиликда йўловчилар, Шанхай аэропортидан шаҳар марказига бор йўғи етти дақиқада етиб олишлари мумкин.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Чеченистонда мандати тугаганбир пайтда, 1 январдан бошлаб Беларусда фаолиятини қайтадан бошлайди.

Ташкилот вакилининг Озодлик мухбирига айтишича, Минск билан бу борада янги келишув имзоланган. Миссиянинг вазифаси мамлакатда фуқаролик жамиятинининг қарор топишига кўмаклашишдан иборат. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Беларусда ўз фаолияти октябр ойида Минск расмийлари ташкилотнинг айрим ходимларига виза бермагани учун тўхтатган эди.

Бугун Босния Герцеговинадаги БМТ тинчликни сақловчи кучлар мандати тугайди.

1 январдан эътиборан ушбу мамлакатда тинчликни сақлаш ишларига Европа Иттифоқи бош қош бўлади. Яқин кунлар ичида Боснияга Европа Иттифоқи давлатларидан жами 500 нафар полициячининг келиши кутилмоқда.

Франция мудофаа вазири Мишель Альо-Мари бугун Афғонистонга келади.

Альо-Марининг Қобулдаги тинчликни сақловчи халқаро қўшинлар таркибида ҳизмат қилаётган франция ҳарбий ҳизматчилари билан учрашиши режалаштирилган.
Кеча Франция мудофаа вазири Тожикистон пойтахти Душанбега келган эди. Ташриф давомида икки давлат ўртасида ҳарбий ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди. Тожикистон мудофаа вазири Шерали Хайруллоевнинг журналистларга маълум қилишича, ҳужжатда тожик зобитларини Франция олийгоҳларида қайта тайёргарликдан ўтказилиши ҳақда ҳам гапирилади.

Қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган халқаро Хьюман Райтс Уотч ташкилоти туркман мухолифати лидери Борис Шихмуродовга қўйилган айблов ҳукмини қоралади.

Ташкилотнинг ҳисоблашича, айблов қарори ҳуқуқий жиҳатдан мутлақо нотўғри бўлган.
Кеча Туркманистоннинг қонун чиқарувчи органи ҳисобланган Халқ маслаҳати Шихмуродовни мамлакат президенти Сапармурат Ниёзовга суиқасд уюштирганликда айблаб, уни умрбод қамоқ жазосига тортди. Хьюман-Райтс уотч вакилларига кўра, Шихмуродов рухий ва жисмоний босимлар орқали айбига иқрор қилдирилганлигига ҳеч шубҳа йўқ.

Мана беш хафтадирки Венесуэлада мамлакат президенти Уго Чавеса истэъфосини талаб этаётган намойишчиларнинг чиқишлари тинмаяпти.

Уго Чавеса Венесуэлада диктатура режимини ўрнатишга ҳаракат қилаётгани ва мамлакат иқтисодини жар ёқасига олиб келагни учун халқ унга қарши чиқмоқда. Норозилар президент ўзи истэъфо бермас экан, уларнинг намойишлари давом этаверишини айтишмоқда.

Исроил банки шахматчи Гарри Каспаровни банкдан олган бир миллион олти юз минг долларлик кредитни қайтармагани учун судга берди.

Олдинига горссмэйстер омонатни "Каспаров Чес Онлайн" интернет саҳифасидаги акциялари эвазига қайтаришни ваъда қилган эди. Бироқ, молиявий мураккабликлар боис яқинда интернет саҳифа фаолияти тўхтаб қолган эди. Кузатувчилар фикрича, исроил банки бу билан Гарри Каспаровга рухий босим қилишга урунмоқда. Январ ойида шахмат устасининг Қуддусда компьютер билан ўйини бўлиб ўтади. Агар Каспаров компьютердан устун келса у 800 минг доллари қозониши мумкин.

Эрон жанубий-ғарбидаги Ахваз шаҳрида тартибсизликлар бир ҳафта давом этди.

Уч юз кишининг хибсга олингани айтилмоқда. "Франс пресс" ахборот агентлиги тарқатган хабарда айтилишича, тартибсизликларга хориж фильмлари ёзилган видекассеталар ва компакт дисклар савдоси билан шуғулланувчи дўконларнинг ёпилиши сабабчи бўлган. Бир вақтнинг ўзида маҳаллий полиция четдан теледастурларни қабул қилиб олувчи спутник антенналарни йўқ қилиш бўйича ҳам рейд ўтказди. Тартибсизликлар давомида унинг иштирокчилари банк биносини ёқиб юбордилар ва икки кун давомида шаҳарга элитувчи магистрал йўлини тўсиб турдилар.

Бу йил Байкал кўли мавжудодларининг ҳам ўзига ҳос янги йил арчаси бор.

Интерфакс хабарига кўра, иркутсклик ғаввозлар 17 метр чуқурликдаги Байкал кўлининг энг тубига арча ўрнатганлар.

Сешанба куни Туркия президенти Аҳмад Наждод Сезар мамлакатдаги ҳукумрон партия етакчиси Режап Тойип Эрдўғонга бош вазир бўлиш имконини берувчи конституциявий ўзгартишларни маъқуллади.

Олдинроқ Туркия маҳкамаси Эрдўғоннинг бош вазир бўлиш ҳуқуқини чеклаб қўйган эди.

Янги йил арафасида дунёнинг кўплаб давлатларида хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Жумладан Парижнинг хиёбон- кўчаларини, янги йил базмлари ўтадиган Эфеле минораси атрофлари полициянинг кучли назорати остида. Индонезия пойтахти Жакартани 200 минг полициячи қўриқламоқда. Мамлакат халқи ҳали ҳам Бали портлашларидан сўнг ўзига келгани йўқ. Австралияда эса 31 декабр оқшоми автомашиналарнинг шаҳар марказига киритилишини таъқиқлаб қўйди. Россия пойтахти Москвада полиция ҳатто қорбоболарни ҳам манеж майдонига текшириб ўтказмоқда.

Бугун Яманда 3 нафар америкалик шифокор отиб ўлдирилди.

Хабарларга кўра, Яманнинг Жибла шаҳридаги миссионерлар шифохонасида қуролли шахс ўт очгани оқибатида икки эркак ва бир аëл ҳалок бўлган.
Ҳужум оқибатида яна бир америкалик шифокор яраланди.
Яман расмийларининг билдиришича, ҳужум қилган шахс ушланган ва унинг жангари исломий гуруҳга алоқаси бўлиши мумкин.
АҚШнинг Санадаги элчихонаси бир баëнот тарқатиб, ҳужумни қоралади ва Яман ҳукуматини қотиликка жавобгар бўлганларни жазолашга чақирди. Элчихона Ямандаги АҚШ фуқароларига янада хушëр бўлишни маслаҳат қилди.

Ўтган ҳафтада Чеченистон ҳукумат биноси портлатилгани оқибатида ҳалок бўлганлар сони 80 кишига етар экан, бугун 3 кунлик мотам тутиш бошланди.

Жума куни Грознийда худкушлар портловчи моддалар юкланган иккита юк машинасини ҳукумат биносига уриб портлатгани оқибатида 150дан ортиқ киши яраланди.
Бугун Чеченистон маъмуриятининг раҳбари Аҳмад Қодиров 3 кунлик мотам эълон қилиб, барча расмий учрашувлар ва маросимларни қолдирди.
Бугун Россия ҳукумати портлаш оқибатида қурбон бўлган ҳар бир кишининг оиласига 100 минг рубл товон тўлашини маълум қилди. Оғир яраланган кишиларга эса 50 минг рубл тўланади.
Айни пайтда, Россия расмийлари Чеченистондаги юқори лавозимли хавфсизлик амалдорларини портлашнинг олдини олмагани учун ишдан бўшатилишини тавсия этмоқдалар. Бош Прокурор ўринбосари Сергей Фридинскийга кўра, текширув ишлари натижасида Грозний ва ҳукумат биносини мудофаа қилиш ва қўриқлаш борасидаги хавфсизлик тадбирлари бузилгани аниқланган.

Бугун Жанубий Корея президенти Ким Дай-Жунгнинг таъкидлашича, Шимолий Кореяни ўзининг ядровий дастуридан воз кечишга кўндиришнинг маъқул йўли – Пхенянга босим қилиш ва уни яккалаб қўйиш эмас, балки Шимолий Корея билан музокаралар олиб боришдир.

Кимнинг идораси Америка режаси ҳақида муносабат билдиришдан бош тортди. Ушбу режада Шимолий Кореяни ядровий қуроллар учун плутоний ишлаб чиқара оладиган ядровий реакторни қайта ишга солишдан тўхтатиш учун мамлакатга қарши иқтисодий босим қилиш назарда тутилган.
АҚШ давлат котиби Колин Пауэллга кўра, ҳозирча Қўшма Штатлар Шимолий Кореянинг ядровий дастурини тўхтатиш учун мамлакатга қарши ҳарбий ҳужум қилишни режалаëтгани йўқ.
Шимолий Корея ҳукумати Америка босимини қабул қилмаслигини ва агар Вашингтон ҳужум қилмаслик тўғрисидаги шартномани имзоласа, бўҳрон тинч йўл орқали ҳал этилишини билдирди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG