Линклар

Шошилинч хабар
19 сентябр 2019, Тошкент вақти: 20:08

Халқаро янгиликлар

Ироқ вице-президенти Яссин Рамадон Европа Иттифоқини АҚШнинг Ироққа зарба бериш режасига қарши туришга чақирди.

Европа Иттифоқи мамлакатлари Ташқи ишлар вазирларининг кеча Данияда бўлиб ўтган мажлисида Бағдоднинг ҳарбий режаларини назорат қилиш учун БМТ инспекторларининг Ироққа зудлик билан қайтишларини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.
АҚШ Ироқни оммавий қирғин қуроллари ишлаб чиқариш устида иш олиб бораётганликда айблаб, Саддам Ҳусайн режимига нисбатан ҳарбий зарба бериши эҳтимоли борлигини билдирмоқда.
Бироқ Вашинтоннинг бундай режасини унинг Европадаги иттифоқчилари ҳозирча қўллаб- қувватлагани йўқ.
Ироқ лидери Саддам Ҳусайн кеча хос мажлис ўтказди. Унда АҚШ режалаштираётган уруш бошланган тақдирда қилиниши лозим бўлган ишлар муҳокама этилди.

Исроил ҳарбийлари билан Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида бугун бўлиб ўтган отишмалар чоғида 5 фаластинлик ўлдирилди.

Исроил қўмондонлиги хабарига кўра, тўрт фаластинлик яҳудийлар истиқомат қиладиган Кирьят Арба аҳоли пунктига кирмоқчи бўлиб турганларида Исроил патрули томонидан отиб ташланган.
Яна бир фаластинлик Женин шаҳрида бўлиб ўтган тўқнашув пайтида ўлдирилган.

Москва метросида АҚШ элчихонаси ходими калтакланди.

Россия ахборот агентликлари хабарига кўра, элчихона кутубхонаси ходими, 23 ёшли Мардок Люкас кўплаган жароҳатлар билан Москвадаги Европа тиббиёт марказига келтирилган.
Шанба куни кечқурун метро вагонида кўринишидан ўзларини "скинхедлар" деб атовчи профашистик гуруҳ азоларига ўхшаш икки йигит афроамерикаликка хужум қилган.
Милиция хужум қилганларни изламоқда.
Жума куни ҳам яна бир дипломатик хизмат - Мали элчихонаси ходимига хужум қилинган эди. Ўшанда ҳам безориларни қўлга тушира олмагандилар.

Россиялик мутахассислар Эроннинг Бушер шаҳридаги атом электр станцияси учун биринчи реакторни йиғишни бошладилар.

Россиянинг "Атомстройэкспорт" компанияси бошлиғи Виктор Козлов шартномада назарда тутилган материалларнинг ҳаммаси Бушерга етказилди, деб хабар берди. Мазкур ташкилот август ойида Бушердаги АЭС 2004 йилнинг ўрталарида фойдаланишга топширилади, деб хабар берган эди.
Россия АҚШнинг э"тирозига қарамай Эрондаги атом электр станцияси қурилишида иштирок этмоқда. Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши билан Эрон қурол сифатида ишлатилиши мумкин бўлган плутонийни ола бошлаши эҳтимоли бор, деб хавфсирамоқда Вашингтон.

Испаниянинг Бильбао шаҳрида полиция портловчи моддалар юкланган автомобилни аниқлади.

Мазкур машина Баск сепаратчиларининг ЭТА гуруҳига тааллуқли бўлиши мумкин, деб тахмин қилмоқда полиция.
Автомобилдан 30 килограммга яқин портловчи модда чиққан. Терговчиларнинг тахминларича, портлаш машина ёнидан полиция патрули ўтаётган пайтда содир бўлиши лозим эди.
Террористик хуруж қилишга йўналтирилган мазкур ҳаракат Испания ҳукумати томонидан "Батасуна" партияси таъқиқлаб қўйилганидан сўнг амалга оширилди. "Батасуна" партияси Баск сепаратчиларининг сиёсий қаноти ҳисобланади.

Швециянинг ҳуқуқ-тартибот органлари пайшанба куни Вестерас шаҳри аэропортида қўлга олинган Карема Чаттини сўроқ қилишни давом эттирмоқдалар.

Чатти Буюк Британияга учиши керак бўлган самолетга тўппонча билан чиқмоқчи бўлаётганида қўлга олинган эди.
Келиб чиқиши тунислик бўлган Швеция фуқароси, 29 ёшли Чатти сўроқ пайтида қўлидаги юк орасида қандай қилиб тўппонча пайдо бўлиб қолганини билмаслигини айтган.
Терговчилар Карема Чаттининг 1997 йили АҚШда учувчилар мактабида ўқиганлигини аниқлаганлар.
Рейтер ахборот агентлиги Швеция ҳуқуқ тартибот органларидаги бир манбадан олган маълумотларига таяниб, Чатти самолетни эгаллаб олиб, уни АҚШнинг Европа мамлакатларидан биридаги элчихонаси устига қулатишни режалаштиргани тўғрисида хабар қилди. Швеция маҳфий хизмати раҳбарияти эса бу хабарни инкор этди.
Тўрт йил муқаддам исломни қабул қилган Чатти 19 кишидан иборат гуруҳ таркибида Британиянинг Бирмингем шаҳрига бу ерда бўлиб ўтаётган исломий анжуманда иштирок этиш учун кетаётган эди.

Туркиялик ва ироқлик беш нафар курд нолегал иммигрантнинг жасади Италиянинг Авеллино шаҳри яқинидаги йўлда автофургон ичидан топилди.

Иммигрант курдлар, афтидан, иссиқдан ҳамда очлик ва ташналикдан нобуд бўлган кўринадилар. Яна тўрт киши оғир аҳволда касалхонага ётқизилган.
Икки италиялик - юк машинаси ҳайдовчилари қўлга олиндилар.

Украина ғарбида мамлакат қўшинлари ва НАТО ҳарбийларининг қўшма машқлари бошланди.

Мазкур машқларда миллатлараро можаролар чиққан зоналарда тинчлик ўрнатиш амалиётларини ўтказиш ўрганилмоқда. Бундай амалиётлар Тинчлик учун ҳамкорлик дастури доирасида ўтказилади. Машқларда 370га яқин Британия ҳарбийлари иштирок этмоқдалар.
Бу йил Украина НАТОга кирмоқчи эканлиги тўғрисида бир неча бор билдирди.

Покистон суди мамлакат жанубидаги Панжоб вилоятилик 6 кишини ўлим жазосига маҳкум қилди. Ўлимга маҳкум этилганлар қабила бошлиқларининг ҳукми билан 18 ёшли қизни зўрлаганлар.

Улардан ташқари яна 8 киши жавобгарликка тортилган.
Паст табақали қабиладан чиққан қиз акасини юқорироқ табақадан чиққан қиз билан бирга кўриб қолишганлари учун жазоланган.
Мазкур жиноят нафақат Покистонда, балки бутун жаҳонда шов-шувга сабаб бўлди. Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи халқаро ташкилотлар маълумотларига кўра, Панжоб вилоятида қонунлардан кўра кўпроқ қабила урф- одатларига риоя қилинади. Вилоятда кейинги бир неча ой ичидаёқ 150 дан зиёд шу каби жиноят содир этилган.

АҚШ давлат котиби Колин Пауэлл Ироқ атрофидаги бўҳронни ҳал этиш йўлидаги биринчи қадам бу мамлакатга БМТ инспекторларининг қайтиши бўлиши керак, деб баёнот берди.

БиБиСи телекомпаниясига берган интервьюси чоғида Пауэлл АҚШ президенти Жорж Буш мана шундай бўлиши лозимлигини таъкидламоқда, деди.
Ироқ 11 йилдан буён БМТ резолюциясини бажаришдан бош тортиб келмоқда, деди Пауэлл.
Саддам Ҳусайн режими солаётган хавф тўғрисида жаҳон жамоатчилигига кўпроқ маълумот бериш лозим, токи халқаро ҳамжамият Ироққа нисбатан қандай чоралар кўриш тўғрисида бир қарорга кела олсин, деб таъкидлади Колин Пауэлл.

Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Даниянинг Эльсинор қалъасида бўлиб ўтган норасмий сўзлашувлар сўнгида уч қисмдан иборат Яқин Шарқ тинчлик режасини маъқулладилар.

Европа Иттифоқи матбуот мулозими Сам Магидга кўра, Эльсинорда бир орага келган Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари, 2005 йилга келиб мустақил Фаластин давлати барпо этилишини кўзда тутувчи Дания режасини қўллаб-қувватлаганлар.
Келаси хафта Европа Иттифоқига раислик қилаётган давлат – Дания ташқи ишлар вазири Пер Стиг Мюллернинг Яқин Шарққа келиши кутилмоқда. Ташриф давомида Мюллер Миср, Саудия Арабистони, Исроил ва Фаластин мухторияти расмийлари билан сўзлашувлар олиб боради. Қабул қилинган янги тинчлик режаси сентябр ойида Нью-Йоркда бўладиган АҚШ, Россия, Европа Иттифоқи ва БМТ учрашувида тақдим этилади.

Бугун "Хамас" Фаластин экстремист ташкилоти етакчиларидан бўлган Ҳасан Юсуф Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида Исроил ҳарбийлари тарафидан қўлга олинди.

Кузатувчилар, Юсуфнинг қўлга олинишини Исроил махсус ҳизматларининг муваффақиятли иши дея баҳолашмоқда. "Ҳамас" етакчиси узоқ вақт давомида исроилликларга тутқич бермай, қочиб юрган эди. Ҳасан Юсуф етакчилик қилаётган "Ҳамас" ташкилоти юзлаб исроилликлар ўлимига сабаб бўлган террорчилик ҳаракатларига жавобгарликни зиммасига олган.

Бугун АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Дэвид Саттерфилд Фаластин мухторияти ички ишлар вазири Абдул Раззоқ ал-Яҳё билан музокаралар олиб борди.

Сўзлашувлар давомида томонлар Исроил қўшинларининг Ғазо минтақаси ва ғарбий соҳилдан босқичма-босқич чиқарилиши билан боғлиқ масалалларни муҳокама этдилар. Келишувга мувофиқ, Фаластин томони Исроил қўшинларининг ғарбий соҳилдан чиқарилиши эвазига террорчиликка чек қўйиш мажбуриятини олган эди.

Бугун эрталаб Қобул аэропорти яқинида маҳаллий вақт билан 6:30да уч портлаш рўй берди.

Жароҳатланганлар йўқ. Афғонистондаги халқаро хавфсизлик кучлари қўмондонлиги вакилларининг маълум қилишларича, портлашлар оқибатида пойтахт аэропортига шикаст етмаган. Самалётлар қатнови давом этмоқда. Портлаш рўй берган жойда француз харбийлари текширув ишларини олиб бормоқдалар. Ҳозирча у ким тарафидан содир этилгани номаълум. Бундай ходиса пойтахт Қобулда сўнгги хафта давомида учинчи марта рўй бериши. Душанба куни "Интерконтиненталь" мехмонхонаси яқинида, бир кун ўтиб эса Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ваколатхонасига қарашли ҳудудларнинг бирида портлашлар рўй берган эди.

Таниқли афғон ҳарбий қўмондони Абдул Рашид Дўстум ўтган йили Қундуз ишғол этилганидан сўнг қўлга олинган толибон ва Ал-Қоида асрлари бошқа жойга олиб ўтилаётган пайтда ҳалок бўлганликларини тан олди.

Бироқ, Дўстумнинг таъкидлашича, ҳарбий асрлар ўлдирилмаган. Улар кўпчилиги оғир яралангани боис, 200 махбус Шибирғон қамоқхонасидан бошқа жойга олиб ўтилаётган пайтда ҳалок бўлишган. Бу ҳақда, Дўстум Ассошиэйтед Пресс мухбирига маълум қилган.
БМТ ва ғарб оммавий ахборот воситалари тарқатган маълумотларга кўра, мингга яқин Ал-Қоида ва толибон махбуси темир контейнерларда олиб ўтилаётган пайтда нафаси қайтиб ҳалок бўлганлар ва яширинча мамлакат шимолидаги оммавий қабрга дафн этилган. Ўтган хафта Афғонистон ўтиш даври ҳукумати раҳбари Хомид Қарзай ушбу воқеалар юзасидан текшириш ишлари ўтказилишини ваъда қилган эди. Бироқ, текширишлар ҳанузгача бошлангани йўқ.

Ер саммити ўтаётган Йоханнесбург шаҳрида 10 мингга яқин киши глоболизацияга қарши намойишларда иштирок этди.

Улар қашшоқ давлатларга ёрдамлар кенгайтирилишини талаб этганлар. Саммитнинг бугунги йиғилишида унинг иштирокчилари глобал экологик мувозанатни таъминлаш юзасидан анжуманнинг якунловчи ҳужжати борасида бир тўхтамга келаолганлари йўқ. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тарафидан олға сурилган резолюция лойиҳасининг 14 банди кескин тортишувларга сабаб бўлди. АҚШ ва Европа Иттифоқи вакиллари ривожланаётган давлатларга ёрдамлар фақат у ерда демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият яхшиланган тақдирдагина берилишини таъкидламоқдалар.

Американинг Кубадаги Гуантанамо ҳарбий базасида сақланаётган толибон ва Ал-Қоида махбуслари орасида етти Россия фуқароси ҳам бор.

Бу ҳақда Россия Бош прокурори ўринбосари Сергей Фридинский "Интерфакс" мухбирига маълум қилди. Йилнинг бошларида Кубада сақланаётган махбуслар орасида Бошқирдистон ва Қабардалик уч рус фуқаросининг борлиги маълум эди. Яқинда улар қаторига Афғонистонда толибон жангарилари сафида жангларда иштирок этган яна тўрт рус фуқароси олиб келинди. Фридинскийнинг таъкидлашича, улар Мордовия ва Татаристон фуқаролари бўлишган.

Бугун Қирғизистонда Мустақиллик байрами кенг нишонланмоқда.

Пойтахт Бишкек марказида байрам муносабати билан турли тадбирлар –концерт, театрлаштирилган томошалар ва халқ сайллари бўлиб ўтмоқда. Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш учун кўп сонли милиция ходимлари жалб этилган.

Жума куни кечқурун Бразилиянинг шимолий-ғарбида йўловчи учқич қулагани оқибатида 30 киши ҳалок бўлди.

Учқич бортида 28 йўловчи ва 3 экипаж аъзоси бўлган. Ҳалок рўй берган жойдан 17 кишининг жасади топилди, яна икки йўловчи касалхонада жон берди. Ҳозирда жасадларни қидириш ишлари давом этмоқда. Бразилия полициясининг маълум қилишича, учқич бортида бўлганларнинг бари ҳалок бўлган. Кучли ёмғир уларнинг жасадларини қидириш ишларига ҳалал бермоқда.

Пайшанба куни Стокгольм аэропортида самолётни олиб қочишга уринганликда гумон этилиб ушланган келиб чиқиши Тунислик бўлган Швед фуқароси унинг сумкасидан топилган тўппонча ҳақида ҳеч нарса билмаслигини маълум қилди.

Тўппонча самолёт бортига чиқиш олдидан ўтказилган текширув пайтида топилган эди. Швед полицияси мулозими, қўлга олинган бу шахснинг террорчи ташкилотлар билан алоқаси борлигини инкор этмаяпти. Самолётда у билан бирга Лондонда ўтадиган Ислом конференцияси йиғинининг 19 делегати ҳам учиши керак эди.

Машхур америкалик жаз юлдузи Лайнел Хэмптон бугун Нью-Йоркда 94 ёшида оламдан ўтди.

Хэмптон нафақат виброфонист сифатида, балки жаз дастаси раҳбари сифатида ҳам танилган. У Бенни Гудмэн, Чарли Паркер ва Квинси Жонс каби таниқли жазмэнлар билан саҳнага чиққан. 1936 йилда Лайнел Хэмптон илк бор пианист Тэдди Уилсон билан бирга қора ва оқ танлилардан иборат жаз квартетига асос солган.

Покистондаги сайлов комиссияси расмийлари собиқ Бош вазир Беназир Бхуттонинг октябр ойида бўладиган парламент сайловларида қатнашиш учун тақдим этган хужжатларини қабул қилишни рад этди.

Сайлов комиссияси расмий вакили Аҳлоқ Хуссайн Ладак пойтаҳт Исломободдан жануби шарқ томонда жойлашган Ларкана шаҳрида, Бхутто сургунда яшаётган пайтида Покистондаги суд унга нисбатан коррупция айби билан жиноий иш очгани сабабли унинг сайловларга ўз номзодини қўйиши ҳақидаги аризаси қабул қилинмаганини билдирди.

Бугун Япония Бош вазири Юнихиро Коизуми Шимолий Корея лидери Ким Жонг-ил билан икки давлат ўртасидаги муносабатни нормаллаштириш масаласини муҳокама қилиш учун келаси ойда Шимолий Кореяга боришини маълум қилди.

17 сентябрга режалаштирилган бир кунлик ташриф, коммунистлар йўлбошчилик қилаётган Шимолий Кореяга Япония Бош вазирининг биринчи сафари бўлади. Шуни эслатиб ўтиш лозимки, Япония ва Шимолий Корея бир неча ўн йил мобайнида дипломатик алоқалар ўрнатмаган ва ўртадаги муносабатлар доим таранг бўлиб келган.

Қозоғистондаги суд коррупцияда айбланиб етти йил қамоқ жазосига хукм қилинган муҳолифот аъзосининг шикоят аризасини рад этди.

Павлодар шаҳридаги суд, Павлодар вилоятининг собиқ ҳокими Ғалимжон Жакиянов устидан чиқарилган аввалги суд қарори ўз кучида қолишини маълум қилди. Жакиянов ноябр ойида эгаллаб турган лавозимидан четлаштирилган.
Судда ўқиб эшиттирилган баёнотида Жакиянов, ўзига қарши бошланган суд сиёсий асосга эга эканини ва у президент Нурсултон Назарбоев томонидан рағбатлантирилганини айтган.

Россия Мудофаа вазири Сергей Иванов Чеченистондаги ҳарбий вертолет ҳалокатига қанотли ракета ҳужуми сабаб бўлганига энди шубҳа йўқ эканини айтди.

19 август куни Хонқала яқинида МИ-26 русумидаги вертолетнинг ҳалокатга учрагани оқибатида 118 киши қурбон бўлди. Бугун Россиядаги йирик нашрларнинг билдиришича, Иванов, ракета вертолетнинг ўнг моторига текканини айтган.
Россия Мудофаа вазири Иванов ҳалокат учун чечен партизанларини эмас балки, ўз вазифасига совуққон муносабатда бўлган россиялик ҳарбийларни айблаган.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG