Линклар

Шошилинч хабар
19 сентябр 2019, Тошкент вақти: 19:52

Халқаро янгиликлар

Белорус муҳолифат раҳбари Винчук Вячорка Чехия бош вазири Милош Земанни яқинда Белорус ҳукуматини танқид қилгани учун мақтади.

Миллий Фронт лидери Вячорка Белорус муҳолифати ва Чехия расмийлари ўртасидаги муносабатларни ҳам юқори баҳолади. Земан апрел ойида Минскга қилган ташрифи давомида ҳукумат расмий вакиллари билан учрашмади, аммо президент Александр Лукашенка муҳолифлари билан кўришди. Вячорка Чехияда чиқадиган “Hospodarske noviny” газетасининг бугунги сонида айниқса Земаннинг Белорусни “диктатура музеи”, деб таърифлаганидан қаноат ҳосил қилганини айтди. Ўтган хафтада Земан Минск ҳукуматини Лукашенкани танқид қилганида айбланган икки журналистга қарши тазйиқларни тўҳтатишга чақирди. Земан Белорусга қилган сафари давомида журналистлардан бирига интервью бергани туфайли бу ишга аралашиш керакдек ҳис қилаëтганини айтди.

Бугун Хаагада Халқаро жиноий ишлар бўйича суд, 74 давлатнинг қўллаб-қувватлаши ва АҚШнинг қаттиқ қаршилиги билан кучга кирди.

Энди уруш жиноятлари бўйича биринчи доимий суд дунëнинг қаерида бўлишидан қатъий назар, уруш жиноятлари содир қилганликда гумон этилган шахсларни, агар уларни ўз давлати жавобгарликка тортмаса, суд қилиш ваколатига эга бўлади. Аммо маҳкама 2003 йилгача гумон этилган ҳеч бир шахсни суд қилмайди ва ҳозирча унда фақат 4 ходим ишламоқда. Кеча БМТ Оқ Уйнинг тинчлик сақловчи кучлар сафида хизмат қилаëтган америка аскарларининг Халқаро жиноий ишлар бўйича судда жавобаргарликка тортилмасликлари учун уларга даҳлсизлик ҳуқуқини бериш хақдаги талабини рад этди. Шундан кейин АҚШ БМТнинг Босниядаги тинчликни сақлаш амалиëтлари муддатини 6 ойга узайтириш тўғрисидаги резолюцияни вето қилди. Бироқ кейинчалик Вашингтон, дипломат келишмовчиликни ҳал этишларига имконият бериш учун Босния миссиясини чоршанба кунига қадар давом эттиришга рози бўлди. АҚШнинг айрим расмий вакиллари тинчлик сақловчи кучларда ҳизмат қилаëтган америкалик аскарлар сиëсий сабабларга кўра суд қилиниши эҳтимолидан ҳавотирланишмоқда.

Бугун Қирғизистон расмийлари шанба куни Бишкекда Хитой элчихонасининг расмий вакили ва унинг ҳайдовчиси отиб ўлдирганига гумон этилган шахслар келаси бир неча кун ичида қамоқга олинишини айтдилар.

Ички ишлар вазирлиги матбуот вакили Умурбек Эгамбердевнинг айтишига қараганда, гумон этилган шахслар руйҳати тайëр ва улар эртадан бошлаб ушланадилар. Пекин ҳукумати Хитойнинг Бишкекдаги консули Ван Тен Пен ўлдирилганидан кейин бу борада зудлик билан чора-тадбирлар кўрилишига чақирди. Хабарларга қараганда, Ван Тен Пеннинг ҳайдовчиси этник уйғур Хитой фуқароси бўлган. Ҳозирча Қирғизистон терговчилари уйғур ҳайдовчи Қирғизистондаги уйғур миллатчиларининг асосий нишони бўлган бўлиши ëки бу қотилликларга уюшган жиноий гуруҳларни алоқаси бўлиши мумкин, дея тахмин қилишмоқда.

Бугун Дания Испаниядан Европа иттифоқига президентлик қилиш вазифасини қабул қилиб олди.

Дания келаси 6 ой мобайнида иттифоқни кенгайтириш борасидаги музокараларга етакчилик қилади. Режага мувофиқ, 2004 йилгача 10 та номзод давлат, жумладан Қибриз, Мальта, Венгрия, Польша, Чехия, Словения, Словакия, Латвия, Эстония ва Литва Европа иттифоқига қабул қилиниши керак. Дания янги аъзо давлатлар учун очиқ меҳнат бозорлари сиëсати тарафдоридир. Дания Европа иттифоқи раиси сифатида халқаро терроризм, уюшган жиноятчилик ва қонунсиз эммиграцияга қарши кураш билан боғлиқ масалалар билан ҳам шуғулланади.

Бугун Исроил мамлакат ҳарбийлари портлашларни уюштирганида айбланган фаластинликларнинг радикал Хамас гуруҳининг юқори лавозимли аъзосини отиб ўлдирганини ҳимоя қилди.

Исроил мудофаа вазири Беньямин Бэн Элезер маҳсус кучларнинг Маҳанад ал-Таҳер жонига суиқасд қилганини “катта мувоффақият”, деб баҳолади. Бош вазир Ариель Шарон ҳужумни: “Исроил ўзини мудофаа қилишга ҳақи бор”, дея оқлашга уринди. Хамас гуруҳи бир баëнот тарқатиб, мазкур суиқасд фаластинликларнинг янги хужумларига сабаб бўлишини билдирди. Шароннинг айтишига қараганда, осойишталик ва хавфсизлик ўрнатилмагунига қадар, Исроил қўшинлари Фаластин ҳудудларидан олиб чиқилмайди. Кеча АҚШ давлат котиби Колин Пауэлл айтишига кўра, Америка расмий вакиллари Фаластин раҳбари Ясир Арафат билан алоқани узишган, аммо Фаластиннинг бошқа расмийлари билан алоқа қилишда давом этмоқда.

Бугун Афғонистоннинг ўтиш даври ҳукумати президенти Хамид Карзай ҳукумат вазирларини ўзларининг фракциявий душманчилик хатти-ҳаракатларига чек қўйишга ҳамда мамлакатда тинчлик ва хавфсизлик ўрнатиш учун марказий ҳукумат ичида бирлашишга чақирди.

Ўтиш даври ҳукуматининг биринчи йиғинида чиқиш қилган Карзай , Афғонистон вилоятлари бўйлаб қуролли гуруҳлар бошлиқлари хукмронлигига барҳам берилиши зарурлигини, шунингдек, барча гуруҳларга қарашли кучлар мудофаа вазирлиги назорати остида бўлиши кераклигини таъкидлади. Карзайнинг айтишига кўра, маориф, қайта қуриш ва солиқ олиш ишлари марказий ҳукумат орқали мувофиқлаштирилиши лозим. Афғонистон шимолида рақиб гуруҳлар ўртасидаги тўқнашувларни текшириш учун Карзай томонидан тайинланган 4 кишилик гуруҳ бугун Кобулдан Мозори-Шарифга жўнаб кетди. Гуруҳ шимолдаги 5 вилоятда бўлиб қайтади.

Бугун Покистон президенти Парвез Мушарраф “Ал-Қаида” террор тармоғининг бошлиғи Усама бин Ладен Покистонда беркиниб олган, деган тахминий фикрларни рад этди.

Исломободда матбуот конференциясида сўз этган Мушарраф, бин Ладен тирик эканига ҳам шубҳаланиш билдирди. Кеча ички ишлар вазирлиги Покистон халқига мурожат қилиб, бин Ладен ва унинг ëрдамчиларини қўлга олишда ëрдам беришни сўради. Карочи шаҳрида урду тилида чиқадиган газетада бин Ладен ва “Ал-Қаида” нинг бошқа 17 нафар жангарисининг фото-суратлари эълон қилинди. Расмийлар мурожатнома террористлар Покистонда экани хақдаги маълумотларга асосланганми, деган саволга жавоб беришдан тортдилар.

ЎЗБЕКИСТОН-ТОЖИКИСТОН ОРАСИДА ЧЕГАРАЛАРНИ ДЕЛИМИТАЦИЯ ҚИЛИШ ТАДБИРЛАРИНИНГ ДАСТЛАБКИ БОСҚИЧИ БОШЛАНДИ

Ўзбекистон-Тожикистон орасида чегараларни делимитация қилишнинг дастлабки босқичи бошланди. Маълум бўлишича, делимитация жанубий чегаралардан бошланган. Ўзбекистон-Тожикистон ўртасидаги чегара узунлиги 1000 километрдан зиёддир.
1992 йили Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Бишкекдаги учрашувида чегараларни делимитация қилишда собиқ совет давридаги маъмурий чегаралар асос қилиб олинган. Бишкекда эришилган келишувларга кўра, зарурат туғилган ҳолларда, собиқ совет тузумидан аввалги чегарага тегишли ҳужжатларга ҳам мурожаат қилинади.
Маълумотларга қараганда, Ўзбекистон ва Туркманистон орасидаги чегарани делимитацияси ишлари якунланган. Ўзбекистон-Қозоғистон чегараларининг 96 фоизида делимитация ишлари якунланган. Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасида эса мавжуд чегара қарийб учдан бир қисми делимитация қилиб бўлинган.

ВОДИЛДА СУВ ТОШҚИНИ

30 июн якшанба куни Фарғона вилояти Водил қишлоғида кундузи соат учдан ўтганда сув тошқини бошланган. Тошқин қарийб уч соат давом этган. Қирғизистон Республикасининг Қадамжой ваЎхна жойларида қаттиқ ёққан ёмғир селга айланиб, жуда кўп миқдордаги сув Шоҳимардонсойга кўшилган. Тошган сув Шоҳимардон-Ҳайдаркон бурилишидаги катта кўприкни олиб кетган ва йўл-йўлакай яна ўнлаб кўприкларга зиён етказган. Табиий офат Водил қишлоғидаги Обжувоз ва Бўстон маҳалласидаги аҳоли хонадонларига ҳам жиддий зиён етказган. Ушбу маҳалладаги 32 хонадонни сув бутунлай ювиб кетган, юзлаб хонадонларга, шунингдек, айрим маъмурий биноларга қисман зарар етган.
Бир неча йиллик қурғоқчиликдан сўнг¸ жорий йили Ўзбекистон ва умуман Марказий Осиëда катта ëғингарчилик кузатилмоқда.

Туркиянинг тинчлик ўрнатувчи кучлари бугундан бошлаб Кобул аэропортини ўз назоратига олдилар.

Шу пайтгача аэропортда жойлаштирилган икки ярим минг нафар ҳарбий хизматчидан иборат халқаро кучларга Буюк Британия қўмондонлик қилаётган эди.
Кобул аэропорти Афғонистонни совет қўшинлари босиб олган йилларда ва ундан сўнг давом этган фуқаролар уруши пайтида вайрон бўлган. Мутахассисларнинг ҳисоб китобларига кўра, шу кунда аэропорт районида 50 мингта мина бор.
Туркия Кобулдаги Халқаро тинчлик сақловчи кучларга қўмондонлик қилишни 20 июнь куни ўз зиммасига олди. Бу вазифани у олти ой мобайнида бажаради. Афғонистонда тинчлик ўрнатиш амалиётларида 19 мамлакат иштирок этмоқда.

Исроилнинг Лод шаҳри яқинидаги темир йўлдан поезд ўтаётган пайтда бомба портлади.

Икки йўловчи енгил жароҳат олди. Битта вагонга зарар етди. Фаластин жангарилари шу пайтгача бир неча бор автобус бекатлари ва автобусларда террористик акциялар ўтказгандилар. Бугунги ҳодиса темир йўлда содир этилган биринчи террористик актдир.

Исроил мудофаа вазири Бинямин Бен Элизер шанба куни кечқурун Исроил Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги яҳудийлар истиқомат қиладиган 10та кичик қишлоқдан аҳолини кўчиришни режалаштираётганини маълум қилди.

Элизерга кўра, мазкур аҳоли пунктларининг хавфсизлиги жуда ёмон таъминланаган. Аҳолини эса, кўп бўлмаганидан, Исроилга кўчириш мушкул эмас.
Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги яҳудийлар яшайдиган пунктларга фаластинлик террорчилар тез-тез хужум қилиб турадилар. Фаластин мухторияти расмийлари ғарбий соҳилдан ва Ғазо секторидан яҳудийлар яшайдиган пунктларни йўқотишни талаб қилмоқдалар.

Бишкекда қуролли хужум оқибатида Хитой элчихонасининг ходими ўлдириб кетилди.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги хабарига кўра, Хитой консули якшанбага ўтар тунда Бишкекнинг маркази бўйлаб автомобилда кетаётган чоғида ўқ еган. У билан бирга маҳаллий уйғурлар жамоасининг вакили тадбиркор Нурмуҳаммад Умаров бўлган.
Терговчиларга кўра, қотилликнинг ҳам сиёсий, ҳам жиноий сабаблари бўлиши мумкин.

Каспий денгизининг Қозоғистонга қарашли соҳилида топилган Кашаган конидаги нефть заҳираси, бу конни дунёдаги энг йирик конлар қаторига қўшишга имкон беради.

Бу ҳақда шанба куни Қозоғистоннинг нефть қазиб чиқарувчи давлат "Казмунайгаз" компанияси ҳамда халқаро "Ажип Кей Си О" консорциуми вакиллари хабар бердилар. Уларнинг баёнотига кўра, Кашаган конида 7 миллиарддан 9 миллиард баррелгача нефть бор.
"Ажип Кей Си О" бу кондан нефть қазиб чиқаришни 2006 йили бошлашга режалаштирган.
Дунёдаги энг йирик 10та нефть кони қаторига кирган Тенгиз кони ҳам Қозоғистонда жойлашган.

Ҳиндистон армияси учун сотиб олинган Россияда ишлаб чиқарилган ракетанинг синови ўтказилди.

Ҳиндистон оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарга кўра, ракета Россиянинг "Смерч" ва "Град" системаларига кирувчи қисмдир.
Мамлакатнинг Орисса штатида ўтказилган синовларда 30га яқин россиялик муҳандис ҳозир бўлган.
Ўтган йили Россия Ҳиндистонга қарийб 4 ярим миллиард долларлик қурол-яроғ сотган.

Корея халқ демократик республикаси ва Жанубий Кореяга қарашли соқчи кемалар орасида шанба куни бўлиб ўтган отишмадан сўнг Корея ярим оролида вазият кескинлашиб кетди.

Тўқнашув оқибатида жанубий кореялик денгизчилардан 4 нафари нобуд бўлди, 19 нафари яраланди. Шимолий кореяликлар кўрган талафотлар ҳақида хабарлар йўқ.
Жанубий Корея президенти Ким Де Чжун ҳарбийларга хавфсизлик чораларини кучайтириш тўғрисида фармойиш бергани тўғрисида хабар берди. Японияга сафар қилган президент ҳарбий қўмондонлик билан доимий алоқада бўлиб туришини айтди.
Сеулга кўра, Шимолий Корея ярим аср муқаддам Корея ярим оролидаги урушга чек қўйган келишувга хилоф иш тутди ва шунинг учун Пхеньяндан узр сўрашни талаб қилаяпти.
Шимолий Кореяга кўра, биринчи бўлиб Жанубий Корея денгизчилари ўт очганлар.
АҚШ мазкур инцидентни Шимолий Корея томонидан қилинган қуролли провокация, деб атади.

Ер курраси бўйлаб ҳаво шарида саёҳатга чиққан америкалик ҳаво сайёҳи Стив Фоссет йўлнинг тўртдан уч қисмини босиб ўтди.

Унинг шари Атлантиканинг жанубий қисмини кесиб ўтди ва айни пайтда Ҳинд океанига яқинлашмоқда. Фоссет 28 минг километрли масофанинг қолган 7 минг километрини учиб ўтиши керак.
Бу Фоссетнинг ер курраси айланаси бўйлаб учиб ўтишга қилган олтинчи ҳаракатидир. Бундай саёҳатни биринчи бўлиб уддалаш 1999 йилнинг мартида швейцариялик Бертран Пикар ва англиялик Брайан Жонслардан иборат экипажга насиб қилган эди.

Япониянинг Иокагама шаҳрида муқаддам футбол бўйича жаҳон чемпионатининг финал ўйини бўлиб ўтди.

2:0 ҳисоб билан Бразилия терма жамоаси германиялик футболчилар устидан ғалаба қилди.
Футбол бўйича жаҳон чемпионатлари тарихида бразилиялик футболчилар 4 марта ( охирги марта 1994 йили ), немислар эса 3 марта ( сўнгги гал 1990 йили ) чемпион бўлгандилар.
Шуниси қизиқки, бразилиялик ва германиялик футболчилар жаҳон биринчилиги ўйинларида илгари бирон марта ҳам учрашмагандилар.

Бугун Шимолий Корея Халқ Республикаси ҳамда Жанубий Корея патрул катерлари ўртасида рўй берган отишмалардан сўнг Жанубий Корея қуролли кучлари юқори даражадаги жанговор шай холатга келтириб қўйилди.

Бўлиб ўтган тўқнашувлар оқибатида Жанубий Кореянинг тўрт нафар ҳарбий денгизчиси ҳалок бўлди, 18 нафари яраланди. Катер эса сувга чўктирилди. Отишмалар Корея ярим ороли атрофидаги Сариқ денгиз қирғоқларида рўй берди. Жанубий Корея ҳарбийларининг маълум қилишларича, Шимолий Корея ҳарбий кемалари икки мамлакат ўртасидаги чегарани бузиб ўтган. Чегарачиларнинг огоҳлантирувига эса шимолий кореяликлар ўт очиш билан жавоб қайтаришган. Шимолий Корея кемаларнинг чегара бузиш холлари йил бошидан буён ўнинчи марта такрорланиши. Бироқ олдингилари ҳарбий тўқнашувларсиз якун топган эди.
Бугун Жанубий Кореяда футбол бўйича жаҳон чемпионатининг финал бахслашувлари бўлиб ўтди. Туркия терма жамоаси Кореялик футболчилар устидан 3:2 ҳисобида ғалаба қозониб, жаҳон чемпионатининг учинчи ўрин соҳиби бўлдилар.

Бугун Қирғизистоннинг Кербен шаҳрида 5000га яқин киши ҳукумат ва маҳкаманинг кечаги қарорига қарши намойишларга тўпланган.

Кеча Қирғиз парламентининг қуйи палатаси Жалолободдаги март ғалаёнлари иштирокчиларини авф этиш юзасидан Амнистия тғрисидаги қонунни қабул қилган эди. Мазкур қонунда ғалаёнлар давомида олти кишининг ўлимида айбланаётган милиционерларнинг ҳам оқланиши кўзда тутилади. Бугун Жалолободда бир неча милиция ҳодими иш ташлаб, намойишчиларга қарата ўт очишга ким буйруқ берганига ойдинлик киритилишини ҳукуматдан талаб этишган. Эслатиб ўтамиз март ойида Ахсида депутат Азимбек Бекназаровни ҳимоя этиб ўтказилган намойишларда беш киши отиб ўлдирилган эди. Гарчи, кеча Тўқтагул туман суди Бекназаров иши ёпилгани ҳусусида эълон қилган бўлсада, шартли бир йил қамоқ жазоси тўғрисидаги маҳкама ажрими ўз кучида қолдирилди.

Бугун эрталаб Қобул атрофидаги ҳудудларнинг бирида кучли портлаш рўй берган.

Бироқ портлаш оқибатида ҳеч ким талофат кўрмади. Қобулдаги тинчликни сақловчи кучлар вакилининг маълум қилишича, портлаш пойтахт аэропортидан 3 километр узоқликда рўй берган. Ҳозирда инцидент сабабларини аниқлаш учун у ерга маҳсус бўлинма жўнатилган. Маълумотларга кўра Қобул шаҳри ва унинг атрофларида 23 йиллик уруш давомида қўйилган пиёдаларга қарши миналар ҳанузгача зарарсизлантирилмаган. Жума куни Афғонистоннинг жанубий-шарқидаги Спин-Болдак қишлоғида қурол-аслаҳа омбори портлагани оқибатида 19 киши ҳалок бўлди, ўнлаб фуқаро жароҳат олди. Яраланганлар орасида БМТ ҳодимлари ҳам бор.

Ўтган тунда Қашмирда ҳинд ҳарбийлари Покистондан Ҳиндистонга ўтишга уринган беш ислом жангарисини отиб ўлдирган.

Покистонда фаолият олиб бораётган мусулмон экстремистларининг Ҳиндистонга ҳуружлари Деҳли ва Исломобод ўртасида вазиятнинг таранглашувига олиб келди. Ҳозирда чегаранинг ҳар икки тарафига юз минглаб аскар жалб этилган. Ҳиндистон бош вазири Атал Бихари Важпаи Покистон раҳбариятини яна бир бор террорчи гуруҳларнинг ҳуружларига чек қўйишга, уларга қарши кескин чоралар кўришга даъват этди. Деҳли Исломободни Қашмир айирмачиларини қўллаб-қувватлаётганликда айбламоқда. Улар 1989 йилдан буён қашмир мустақиллиги учун курашни давом эттирмоқда. Ўшандан буён мазкур минтақада жами 35 минг киши қурбон бўлди.

АҚШ Давлат департаменти икки журналист иши юзасидан чиқарган Белорус маҳкамаси қарорини қоралади.

Белорус муҳолифати газетаси ҳисобланмиш "Пагония" бош муҳаррири Николай Маркевич ҳамда газета мухбири Павел Можайколар ушбу ҳафта мамлакат президенти Александр Лукашенко тўғрисида танқидий мақолалар ёзганликлари учун узоқ муддатли мажбурий меҳнат жазосига тортилдилар. Бироқ маҳкама қарорида айтилишича журналистлар мамлакат президентига таъна тошларини отганликлари учун бундай жазога тортилганлар. АҚШ Давлат департаменти матбуот мулозими Ричард Баучер Белорус маҳкамасининг бундай қарорини "умумэътироф этилган сўз эркинликлари ва эркин матбуот тамойилларига тажоввуз" сифатида таърифлади. Журналистларнинг жазога тортилиши эса "сиёсий ўч олиш"дан бошқа нарса эмас, - қайд этади Баучер.

Бугун АҚШ Президенти Жорж Бушга ичак жарроҳлик операцияси қилинади.

Бушнинг таъкидлашича, операция давомида у наркоз холатида бўлиши боис, ҳар эҳтимолга қарши давлатга раҳбарлик қилиш ваколати бир неча соатга вице-президент Дик Чейни зиммасига юклатилади, чунки Буш таъбири билан айтганда Америка уруш ҳолатида. Бушга жарроҳлик операцияси АҚШ президентининг Кэмп Дэвид амбулатор касалхонасида амалга оширилади.

Бугун Исроил ҳарбийлари Хеврондаги Фаластин маъмурий биносини портлатишди.

Франс-пресс ахборот агентлигининг Исроил радиосига таяниб хабар беришича, у ерда яшириниб олган 15 фаластин жангариси ҳалок бўлган. Улар Фаластин раҳбари Ясир Арафат раҳнамолигидаги "Фатх" ҳаракатининг ҳарбий қаноти - "Танзим" ташкилотининг фаоллари бўлишган. Исроил ҳукумати эса "Танзим" ҳаракатини бир неча қуролли ҳуружларни содир этганликда айбламоқда. Исроилликлар Хеврондаги Фаластин маъмуриятини деярли тўрт кун давомида қуршовда ушлаб турдилар. У ерда яшириниб олган фаластинликлар таслим бўлишдан воз кечканликлари боис бино портлатилиб, бульдозерлар билан ер билан яксон этилди. Исроил кучлари ғарбий соҳилда бугун ҳам амалиётларни давом эттирдилар. Ушбу ҳудудлардаги Фаластиннинг етти йирик шаҳри ҳанузгача исроилликлар қуршовида қолмоқда. Амалиётлар фаластин террорчиларининг яқинда содир этган ҳуружларига жавобан амалга оширилмоқда. Уларнинг оқибатида ўнлаб исроилликлар ҳалок бўлган эди.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG