Линклар

Шошилинч хабар
26 август 2019, Тошкент вақти: 05:18

Халқаро янгиликлар

Бугун Исроил кучлари Фаластин лидери Ясир Арафатнинг Рамаллоҳ шаҳридаги қароргохига хужум қилди.

Исроил аскарлари Фаластин хавфсизлик кучлари билан бўлган тўқнашувларда Арафат қўриқчиларидан бирини отиб ўлдиришди ва шаҳардан чиқиб кетишидан олдин 2 та бинони портлатишди. Исроил ҳарбийларининг айтишларича, бугунги хужум фаластинликлар Исроил ичида ўзларини портлатиб хужумлар қилишаëтганига шу жумладан кеча бир автобус портлатилиб 17 одам ўлдирилганига жавоб бўлган. Арафат ўзининг вайрон бўлган идорасидан чиқиб келганида таҳминан 100 фуқоро ва қўриқчилар томонидан олқишлаб кутиб олинди. Унинг айтишига қараганда, Исроил кучларининг унинг қароргоҳига қилган сўнгги хужуми, фаластинликлар тутган позицияни фақат мустаҳкамлайди халос.
“Исроилликлар бизни мағлубиятга учрата-олишларини кўрсатишга уринмоқдалар. Насронийлар ва мусулмонларнинг муқаддас жойларини мудофаа қилаëтган Фаластин халқини ҳеч ким мағлубиятга учратолмайди ва биз бу жойларни мудофаа қилиш учун қурбон бўлишга тайëрмиз”, - деди, Арафат жумладан.
Олинган сўнги хабарга кўра, Исроил кучлари яна Раммалоҳ шаҳрига кириб, Фаластин мухториятига қарашли биноларни ўққа тутган.

Бугун Покистон президенти Парвез Мушарраф АҚШ расмий вакилига Покистон Кашмир можоросида Ҳиндистонга қарши уруш бошламаслигини айтди.

АҚШ давлат котиби ўринбосари Ричард Армитажнинг Исломобод учрашувидан кейин айтишича, Мушарраф уни Покистон тинчликни исташини ва урушни четлаб ўтиш учун барча имкониятлардан фойдаланишига ишонтирган. Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги кескинликни юмшатишга харакат қилаëтган Армитаж Ҳиндистон раҳбарлари билан учрашиш учун эртага Деҳлига боради. 060628 “Президент Мушарраф тинчлик тарафдори эканини ва у урушни бошламаслигини аниқ айтди ва мен эртага Деҳлига борганимда худди шундай сўзни эшитишга умид қиламан”, - деди Ричард Армитаж. Бугун Ҳиндистон миллий хавфсизлик маслаҳатчиси Бражеш Чандра Мишра, ҳукумати Покистоннинг иккига бўлинган Кашмир чегараси халқаро кучлар томонидан қўриқланиши тўғрисида киритган таклифига қарши эканини яна такрорлади. У кеча Ҳиндистон бош вазири Атал Беҳари Важпайи ўртага қўйган таклифни яъни Кашмир чегараси Ҳиндистон ва Покистон кучлари томонидан биргаликда қўриқланиши кераклигини яна тилга олди.

Бугун Санкт Петербургда Марказий Осиë давлатлари саммитидан бир кун олдин, Россия президенти Владимир Путин Хитой президенти Цианг Цемин билан учрашади.

Россия ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишига кўра, шу хафтада Алматида минтақавий хавфсизлик саммитида учрашган Путин ва Цианг Цемин Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги кескинликни мухокама қилишади. Алмати саммити хорижида, Путин Ҳиндистон бош вазири Атал Бехари Важпайи ва Покистон президенти Парвез Мушарраф билан алохида учрашди. Шундан кейин Путиннинг айтишига қараганда, ҳар икки раҳбар ҳам унга ниҳоятда ижобий сигналлар беришган аммо музокаралар ўтказишдан олдинги шартлар ҳусусида ҳануз келишолмаяптилар. Эртага Санкт Петербургда Путин ва Цианг Цемин Марказий Осиëнинг 4 давлати бошлиқлари билан Шанхай хамкорлик ташкилоти учрашувини ўтказадилар. Тожикистон, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон президентларининг саммитда иштирок этишлари кутилади.

Бугун Бухарестда шарқий Европа давлатларининг соғлиқни сақлаш вазирлари минтақада СПИД касаллигига қарши кураш фаолиятларини мувофиқлаштириш учун учрашув ўтказишни бошладилар.

Баëнотда вазирларнинг айтишларича, бугун қўйилган ўртача сармоя СПИДнинг эртага катта зарарлар пайдо қилишига йўл қўймаслик учун етарлидир. Руминия пойтахтида ўтказилаëтган 3 кунлик йиғинда БМТнинг СПИДни олдини олиш ташкилоти , Болалар жамғармаси ва тарақиëт дастури расмий вакиллари иштирок этишмоқда. Учрашувдан кейин Албания, Босния, Болгария, Харватия, Македония, Молдова, Руминия ва Югославия соғлиқни сақлаш вазирлари СПИД касаллигига қарши курашда вазифалар белгиланган бир қўшма декларацияни қабул қиладилар.

Human Rights Watch ташкилотининг билдиришича, Афғонистонда маҳаллий қўмондонлар мамлакатнинг келажагига пойдевор қўйиш мақсадида ташкил қилинган кенгашга путур етказиш учун таҳдид этмоқдалар.

Инсон хуқуқлари ташкилотининг ҳисоботида қайд этилишича, айрим қўмондонларнинг ҳокимиятдан четлаштирилган Толиблар ва ашшадий жангарилар билан алоқаси бор. Ташкилот қўмондонларни Лоя Жирға кенгашига делегатлар танлашда хийла-найранг қўллашаëтгани учун айблади. Кенгаш Афғонистоннинг навбатдаги ҳукуматини танлаш учун 10 июндан 16 июнгача учрашув ўтказади. Афғонистонликлар келаси икки йил мобайнида ҳокимиятда бўладиган ҳукуматни танлаш учун Кобулда Лоя Жирға йиғинида тўпланишади. Human Rights Watch ташкилотининг ҳисоботида яна ëзилишича, Афғонистоннинг кўплаб ҳудудларида фуқоролар қатағон ва қонунсизликдан азият чекмоқдалар.

АҚШ ҳарбий разведкаси расмийлари Ал Қайда жангариларининг анчагина қисми хозир ҳам Афғонистонда экани таҳмин қилинаётганини билдирдилар.

Полковник Майкл Флинн бугун Кобул яқинидаги Багром ҳаво базасида, Ал Қайда Афғонистонда қанча кучга эга экани ҳақидаги рақамларни айта олмаслигини айтди.
Айни пайтда бугун Берлин шаҳрида Германия ҳукумати, Афғонистондаги Германиянинг тинчликни сақловчи кучлари муддатини яна олти ойга узайтириш ҳақида қарор қабул қилди. 1.200 нафар аскардан иборат ушбу кучларнинг дастлаб Афғонистонда 20 июнгача бўлиши режалаштирилган эди. БМТ Ҳавфсизлик кенгаши аъзолари Халқаро тинчликни сақловчи кучлар Кобул шаҳрида жорий йилнинг декабр ойигача қолишини ёқлаб овоз берганидан кейин Германия ҳукумати ҳам ўз қўшинлари ҳақида шундай қарор қабул қилди.

Исроил мамлакатнинг шимолий қисмида автобусда бомба хужуми уюштирилиб камида 16 киши нобуд бўлганида, Фаластин лидери Яссир Арофат масъул эканини айтди. Фаластин мухторияти эса бу айбловларни рад этди.

Хужумдан бир оз кейин Исроил хукумати матбуот котиби Ариел Мекел, Арофат бомба портлатиш хужумларига чек қўя олмаганини айтди. Мекел: “Биз, буларнинг барчаси ортида Яссир Арофат турганига ишонамиз. Фойдасиз ислоҳотлар ва хоказолар ҳақида миш-мишлар тарқатар экан, у асосий масалада – террорга, террорчилик ташкилотлари, ушбу ташкилотларига бошчилик қилишга ва уларнинг Исроилга қарши хужум уюштиришига чек қўйишда ҳеч нарса қилмаяпти” деди.
Хужумдан бир неча соат кейин ўнлаб Исроил танклари ғарбий соҳилдаги Женин шаҳрига бостириб кирди. Талофатлар ҳақида дарҳол маълумот олинмади.
БМТ, Россия ва Европа лидерлари Исломий жиҳод гуруҳи масъулиятини ўз зиммисига олган бомба хужумини қораладилар.

Россия бош вазири Михаил Касянов бугун Москвада Болгария бош вазири Симеон Саксе-Кобург-Гота билан учрашди.

Музокаралардан кейин Касянов Россия ва Болгария “молиявий муаммони узил кесил хал қилганини” айтди. Бош вазирлар сўзлашуви чоғида қандай масалалар мухокама этилгани дарҳол маълум қилинмади. Аммо Касянов Россиянинг Болгарияга бўлган тахминан 100 миллион доллар қарзлари борасидаги хужжат имзоланганини айтди.
Музокара бошланиши арафасида Касянов, сўзлашувда муҳокама этилиши учун вазирлар савдо-сотиқ, молиявий ва маданий соҳаларга оид шартномаларни тайёрлаганларини айтган.
Болгария бош вазирининг Россияга тўрт кунлик сафари 6 июн куни тугайди.

АҚШ Давлат департаменти эълон қилган янги ҳисоботида, инсонлар яширинча бошқа давлатларга ташилишининг олдини олишда 19та мамлакат етарли чоралар кўрмаётгани билдирилган.

АҚШ ҳукумати 2000 йилнинг октябр ойида, кишилар контрабандасига қарши етарли чора кўрмаётган давлатларга иқтисодий санкциялар жорий этишга чақирувчи қонунни қабул қилган.
АҚШ тузган рўйхатдаги мана шундай давлатлар орасида Эрон, Афғонистон, Арманистон, Беларус, Босния, Қирғизистон, Россия, Туркия ва Тожикистон ҳам бор. Яна 52та давлат, бу борада минимум стандартларга жавоб бермаслиги, аммо улар вазиятни яхшилашга уринаётгани билдирилган.

Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида бўлиб ўтган матбуот конференциясида Ҳиндистон бош вазири Атал Беҳари Важпайи, мунозарали Кашмир чегарасини Покистон билан биргаликда қўриқлашни таклиф қилди ва Покистон расмийлари бу таклифга қизиқиш билдирдилар.

Ҳиндистон бош вазири Важпайи: “Агар Покистон жангарилар чегарадан ўтишини қўллаб қувватламасликка қарор қилса, сўнг икки давлат чегарани биргаликда назорат қилиш механизмини ишлаб чиқиши мумкин. Бу масала аввал ҳам муҳокама қилинган ва уни ҳар икки давлат қабул қилган. Бу минтақа тоғли, ўтиб бўлмайдиган ва учинчи мамлакатнинг келиб вазиятни кузатишига на ҳожат ва на зарурат бор”,-деди.
Кеча Покистон президенти Парвез Мушарраф АҚШ ёки БМТ назорат чизиғини кузатиб туриши кераклигини таклиф қилган эди.

АҚШ мудофаа вазири Доналд Рамсфелд ўзининг Европа ва Осиёга режалаштирилган 10 кунлик сафари доирасида бугун Лондонга келди.

Рамсфелд Британия Бош вазири Тони Блейер ва мудофаа вазири Жефф Хуун билан учрашади. АҚШ мудофа котиби Лондондан кейин НАТО бош қароргоҳи Брюссел шаҳрига боради ва НАТО-Россия Кенгашининг биринчи йиғилишида қатнашади. Рамсфелд Ҳиндистон ва Покистонга ҳам боришни режалаган.
Рамсфелд Исломобод ва Деҳли расмийлари ўртасида воситачилик қилиш ниятида эмаслигини, ўз таклифи воқеалар сўнгги кунлар ичида қай йўсинда ривожланишидан келиб чиқишини маълум қилди.

Хитой президенти Цзян Цземин Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити бошланишидан олдин бугун Санкт Петербург шаҳрига келди.

Ташкилотга аъзо Россия, Хитой, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон давлат рахбарларининг олий даражадаги учрашуви жума куни бошланиши белгиланган. Цземиннинг Россия президенти Владимир Путин билан саммит йиғилишидан ташқари учрашиши кутилмоқда.

Германия президенти Жоханнес Рау Чех Республикаси президенти Васлав Хавел билан учрашиш мақсадида бугун Прага шаҳрига келди.

Хавел, ушбу ташриф Чех Республикаси ва Германия ўртасидаги тарангликни юмшатишига умид қилишини билдирди.
Прага саройида президент билан учрашишдан ташқари Жоханнес Рау пойтахтда Чехия-Германия мактаби қурилиши пойдеворига тош қўяди.
Судет немислари масаласидаги тортишув сабабли Германия канцлери Герхард Шрёдер март ойида ўзининг Чехияга режалаштирилган ташрифини бекор қилган.

Ҳиндистон ва Покистон раҳбарлари Қашмир устида можароларнинг кескинлашганида бир – бирларини айблашдан нарига ўтишмади.

Алматида иш бошлаган Осий саммити давомида чиқиш қилган Ҳиндистон Бош вазири Атал Бихари Важпаи Покистон раҳбариятини террорчиларни қўллаб қувватлаётганликда айблади.
Ўз навбатида Покистон Президенти Парвез Мушшараф Жанубий Осиёда кескинликни юзага келишида авваламбор Ҳиндистон раҳбарияти айбдор, деб таъкидлади. Гарчи менинг мамлакатим урушни истамасада, имконияти доирасида ўзини ҳар қандай тажовуздан мудофаа этишга қодир, - деб таъкидлади Мушарраф.
Бугун Алмати саммити доирасида Ҳиндистон ва Покистон раҳбарлари билан сўзлашувлар олиб борган Россия Президенти Владимир Путин томонлар можарони тинч йўл билан ҳал этишга тайёр эканликларини қайд этди. Атал Бихари Важпаи Парвез Мушарраф билан бевосита мулоқотдан воз кечгани сабаб, учрашувлар айри ҳолда ўтди. Учрашув якунида чиқиш қилган Путин:
"Бизнинг Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги вазият жар ёқасига келиб қолганидан ташвишланмай иложимиз йўқ. Чунки, бу бутун Жанубий Осиё минтақасига хавф туғдирмоқда ва минтақадаги ҳар бир давлат эътиборидан четда қолмаслиги керак", - деб таъкидлади. Учрашувдан сўнг Покистон раҳбари Мушарраф сўзлашувларни Москвада давом этириш бўйича Путин таклифини қабул қилганини маълум қилди. Шунингдек, мазкур учрашувга Ҳиндистон бош вазири Атал Бихари Важпаи ҳам таклиф этилган, бироқ расмий Деҳли бу борада муносабат билдирганича йўқ.
Шунингдек, Алмати саммити давомида Хитой Халқ Республикаси раиси Цзян Цземиннинг ҳам Ҳиндистон ва Покистон лидерлари билан учрашуви режалаштирилган. Қозоғистонда Ҳиндистон ва Покистон раҳбарлари билан музокаралар давом этар экан, бугун Қашмир минтақасининг Ҳимолай мунозарали ҳудудларида отишмалар кузатилди.

Бугун мингга яқин намойишчи Қирғизистоннинг жанубий вилояти Жалолободда тўпланиб, қирғиз депутатига қўйилаётган айбловлар бекор қилинишини ва мамлакат президенти истеъфосини талаб қилиб чиқишди.

Аҳсида ўтган намойишларда унинг иштирокчилари депутат Азимбек Бекназаровга қўйилган айбловлар мутлақо асоссиз эканини ва бунинг ортида сиёсий сабаблар борлигини айтишган. Ўтган ҳафтада қирғиз маҳкамаси Бекназаровни Жалолободда прокурор лавозимида ишлаган пайтда ўз хизмат лавозимини суиистеъмол қилгани учун айблаб, унга шартли бир йиллик қамоқ жазоси белгилаган эди. Бекназаров тарафдорлари эса у Президент Акаевни танқид қилгани учун бундай жазога тортилганини айтишмоқда. Олдинги намойишлар Қирғизистон бош вазири истеъфоси билан якун топган эди.

Америка Қўшма Штатлари Покистонда фаолият олиб бораётган "Ал-Қаида" жангариларини йўқ қилиш ниятида.

Бугун бу ҳақда Американинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод Қобулда баён қилди. Март ойидан бошлаб Афғонистонда аксил-террор кампанияси авж олиши билан, юзлаб "Ал-Қаида" жангарилари Покистонга ўтишга муваффақ бўлган эди. Ушбу ҳафта Америка ва Британия қўшинлари уларга қарши янги амалиётларни бошлаб юбордилар. Ҳозирда Афғонистоннинг Покистон билан чегаралари тўлиқ назорат остида.
Ўз навбатида Афғонистонда Лоя Жирга – афғон қавмлари оқсоқоллар кенгаши мажлисига тайёргарлик ишлари якуний босқичга ўтган. Эртага сайловларнинг сўнгги куни. Таркибига мингдан ортиқ делегат кирувчи оқсоқоллар кенгаши янги ҳукуматни сайлаши керак.

Афғонистон вақтли идораси раҳбари Хомид Қарзай янги тузиладиган ҳукуматга раҳбарлик қилиш ваколатини сақлаб қолишда турли афғон гуруҳлари қўллаб – қувватлашларига таяниши мумкин.

Маълумотларга кўра, Қарзайни мамлакатдаги икки етакчи шиялар партияси қўллаб қувватлайди. Шунингдек, у бутун мамлакат бўйлаб, айниқса Хирот ва Қандахордаги афғон сиёсий доираларида эътибор қозонган. Шунингдек, Қарзайга ҳозирги ҳукуматда юқори лавозимларни эгаллаб турган собиқ Шимолий альянс етакчилари ҳам ҳайрихохлик билдиришлари мумкин. Лоя Жирга мажлиси 10 июн куни Қобулда очилиши керак.

АҚШ Мудофаа вазири Дональд Рамсфелд бугун ўзининг Европа ва Жанубий Осиё минтақаси бўйлаб сафарини бошлади.

Дастлаб у Лондонда Буюк Британия Мудофаа вазири Жэф Хун билан музокаралар олиб боради. Пайшанба ва жума кунлари эса Рамсфелд Брюсселда НАТО мудофаа вазирлари йиғилишида иштирок этиши керак. Ҳиндистон ва Покистонга келишдан олдин АҚШ мудофаа вазири Германия ва Эстонияда тўхтаб ўтади. Рамсфельднинг Жанубий Осиёга келиш муддати ҳозирча ноаниқ.

Бугун Фаластин мухторияти раҳбари Ясир Арафат Яқин Шарққа ташриф буюрган АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Жорж Теннет билан учрашди.

Учрашув давомида Арафат АҚШ вакилига Фаластин хавфсизлик кучларини ислоҳ қилиш режасини тақдим этди. Мазкур режада хавфсизлик кучларининг икки баробар қисқартириш ва улар устидан назоратни кучайтириш кўзда тутилади. Хавфсизлик кучларининг ислоҳ этилиши Фаластин мухториятининг ҳокимият тузилмаларини қайтадан шакллантириш борасида бошланган ишларнинг бир қисмидир ва буни АҚШ ҳам Европа Иттифоқи ҳам талаб этмоқда. Исроил ҳукумати эса Фаластин мухторияти инфратузилмаси бутунлай ислоҳ этилиб, террорчилик кампанияси тўхтасагина, улар билан музокаралар бошланиши мумкинлигини айтмоқда. Шунга қарамай, Исроил кучлари Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида аксил-террор амалиётларини давом эттирмоқда. Бугун эрталаб Исроил қўшинлари қисқа муддатга Женинга киритилган. Яқин Шарқда вазият кескинлигича қолар экан АҚШ Президенти Жорж Буш Исроил Бош вазири Ариэль Шаронни Оқ уйга таклиф этди. Учрашув душанба кунига белгиланди.

Сўнгги икки кун мобайнида Европада хавфсизлик ва ҳакорлик ташкилотининг яна бир вакили Беларусни тарк этди.

Меган Фицжеральд бугун Венага маслаҳатлашув учун чақириб олинди. Ташкилот вакилининг июл ойида мамлакатда бўлиш виза муддати тугаши керак ва унинг Минск раҳбарияти томонидан узайтирилишига Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти шубҳа билан қарамоқда. Кеча ташкилотнинг Минскдаги ваколатхонаси раҳбари Эндрю Карпентер ҳам виза муддати узайтирилмагани боис Беларусни тарк этган эди. Минск раҳбарияти Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг мамлакатдаги ваколатхонасини мухолифатни қўллаб қувватлаётганликда айбламоқда.

Бугун Москвада Россия ва Туркия қўшинлари бош штаблари раҳбарлари Анатолий Квашнин ва Хусайин Қивриқ ўғли икки мамлакат ўртасида харбий ҳамкорлик масалаларини муҳокама этдилар.

Туркияга рус харбий вертолётларини етказиб бериш бўйича лойиҳа томонларнинг диққат марказида бўлди. Контрактнинг умумий нарҳи 2 - 2.5 миллиард долларни ташкил этиши мумкин. Туркияга ҳарбий вертолётлар етказиб бериш тендерида, шунингдек АҚШ ва Франция ҳам иштирок этмоқда.

Корея ва Япония ўйингоҳларида футбол бўйича жаҳон чемпионати ўйинлари давом этмоқда.

Бугун чемпионатга мезбонлик қилаётган давлат - Япония терма командаси ўз майдонида Бельгияга қарши тўп сурди. Ҳисоб иккию икки. Барча голлар ўйиннинг охирги дақиқаларида дарбозага киритилди. Шунингдек, Коста Рика терма командаси Хитой терма командаси устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Бугун Покистон президенти Парвез Мушарраф минтақавий хавфсизлик конференциясига иштирок этиш учун Қозоғистонга ташриф буюрди.

Мушарраф конференция ҳорижида Ҳиндистон бош вазири Атал Бехарий Важпайи билан шартсиз музокаралар олиб боришга рози эканини айтди. Аммо кеча Алматига келган Важпайи, расмий Исломобод Ҳиндистонга хужум қилаëтган Покистонлик жангариларга қарши кескин чора-тадбирлар кўрмагунига қадар, Мушарраф билан учрашмаслигини таъкидлади. Хабарларга қараганда, Хитой президенти Цианг Цемин ядровий қуролларга эга бўлган Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги кескинликни юмшатиш мақсадида эртага Мушарраф ва Важпайи билан алоҳида учрашувлар ўтказади. Алмати конференциясидан самарали фойдаланиш учун Россия президенти Владимир Путин ҳам Ҳиндистон-Покистон можоросига воситачилик қилишини таклиф этди. Бугун Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Важпайи билан музокаралар ўтказганидан кейин, конференция иштирокчилари халқаро терроризм қораланган бир қўшма декларация ишлаб чиқишларини айтди. Важпайининг қайд этишича, у ва Назарбоев терроризм борасидаги бўҳронларни ҳал қилишда қандай чора-тадбирлар кўрилиши кераклиги хақда бир хил фикрдалар, аммо у бу хусусда аниқроқ сўз юритмади.

Жанубий Кареа ва Япония давлатларида футбол бўйича жаҳон чимпионати ўйинлари давом этмоқда.

Бугун Бразилия терма жамоаси Туркияни 2-1 ҳисобда мағлубиятга учратди. Мексиколик футболчилар эса Харватия терма жамоасига қарши майдонда тўп суриб, 1-0 хисобида ғолиб чиқишди. Шу ой охирига қадар Жанубий Кареа ва Японияда давом этадиган футбол мусобақаларида 32 мамлакатнинг терма жамоалари иштирок этади. Чимпионлик ўйини 30 июн куни Японияда ўтказилади.

Бугун Филипин ва АҚШ ҳукуматлари Америка ҳарбий кучларини Филипин аскарлари Усама бин Ладенга алоқаси бўлган жангариларга қарши курашаëтган худудларга яқинлаштириш ҳусусида келишдилар.

Манилада Филипин ҳукумат расмий вакиллари ва АҚШ мудофаа вазир ўринбосари Пол Волфовитз ўртасида олиб борилган музокараларда мамлакатнинг жанубида қўшма ҳарбий машғулотларни кенгайтириш масаласи мухокама этилди аммо хеч қандай қарор қабул қилинмади. Филипин президенти Глория Араë хонимнинг айтишига қараганда, у АҚШ қўшинлари тўқнашув майдонларига яқинлаштирилишига тарафдор, ўшанда Америкаликлар Абу Сайоф жангариларига қарши жанг қилаëтган Филипин аскарларини яхшироқ тайëргарликдан ўтказиш учун қулай имкониятга эга бўладилар. Филипин мудофаа вазири Анжело Рейеснинг айтишига кўра, АҚШ қўшинлари жангларда иштирок этмайди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG