Линклар

Шошилинч хабар
23 август 2019, Тошкент вақти: 07:32

Халқаро янгиликлар

Туркиянинг тинчлик ўрнатувчи кучлари бугундан бошлаб Кобул аэропортини ўз назоратига олдилар.

Шу пайтгача аэропортда жойлаштирилган икки ярим минг нафар ҳарбий хизматчидан иборат халқаро кучларга Буюк Британия қўмондонлик қилаётган эди.
Кобул аэропорти Афғонистонни совет қўшинлари босиб олган йилларда ва ундан сўнг давом этган фуқаролар уруши пайтида вайрон бўлган. Мутахассисларнинг ҳисоб китобларига кўра, шу кунда аэропорт районида 50 мингта мина бор.
Туркия Кобулдаги Халқаро тинчлик сақловчи кучларга қўмондонлик қилишни 20 июнь куни ўз зиммасига олди. Бу вазифани у олти ой мобайнида бажаради. Афғонистонда тинчлик ўрнатиш амалиётларида 19 мамлакат иштирок этмоқда.

Исроилнинг Лод шаҳри яқинидаги темир йўлдан поезд ўтаётган пайтда бомба портлади.

Икки йўловчи енгил жароҳат олди. Битта вагонга зарар етди. Фаластин жангарилари шу пайтгача бир неча бор автобус бекатлари ва автобусларда террористик акциялар ўтказгандилар. Бугунги ҳодиса темир йўлда содир этилган биринчи террористик актдир.

Исроил мудофаа вазири Бинямин Бен Элизер шанба куни кечқурун Исроил Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги яҳудийлар истиқомат қиладиган 10та кичик қишлоқдан аҳолини кўчиришни режалаштираётганини маълум қилди.

Элизерга кўра, мазкур аҳоли пунктларининг хавфсизлиги жуда ёмон таъминланаган. Аҳолини эса, кўп бўлмаганидан, Исроилга кўчириш мушкул эмас.
Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги яҳудийлар яшайдиган пунктларга фаластинлик террорчилар тез-тез хужум қилиб турадилар. Фаластин мухторияти расмийлари ғарбий соҳилдан ва Ғазо секторидан яҳудийлар яшайдиган пунктларни йўқотишни талаб қилмоқдалар.

Бишкекда қуролли хужум оқибатида Хитой элчихонасининг ходими ўлдириб кетилди.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги хабарига кўра, Хитой консули якшанбага ўтар тунда Бишкекнинг маркази бўйлаб автомобилда кетаётган чоғида ўқ еган. У билан бирга маҳаллий уйғурлар жамоасининг вакили тадбиркор Нурмуҳаммад Умаров бўлган.
Терговчиларга кўра, қотилликнинг ҳам сиёсий, ҳам жиноий сабаблари бўлиши мумкин.

Каспий денгизининг Қозоғистонга қарашли соҳилида топилган Кашаган конидаги нефть заҳираси, бу конни дунёдаги энг йирик конлар қаторига қўшишга имкон беради.

Бу ҳақда шанба куни Қозоғистоннинг нефть қазиб чиқарувчи давлат "Казмунайгаз" компанияси ҳамда халқаро "Ажип Кей Си О" консорциуми вакиллари хабар бердилар. Уларнинг баёнотига кўра, Кашаган конида 7 миллиарддан 9 миллиард баррелгача нефть бор.
"Ажип Кей Си О" бу кондан нефть қазиб чиқаришни 2006 йили бошлашга режалаштирган.
Дунёдаги энг йирик 10та нефть кони қаторига кирган Тенгиз кони ҳам Қозоғистонда жойлашган.

Ҳиндистон армияси учун сотиб олинган Россияда ишлаб чиқарилган ракетанинг синови ўтказилди.

Ҳиндистон оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарга кўра, ракета Россиянинг "Смерч" ва "Град" системаларига кирувчи қисмдир.
Мамлакатнинг Орисса штатида ўтказилган синовларда 30га яқин россиялик муҳандис ҳозир бўлган.
Ўтган йили Россия Ҳиндистонга қарийб 4 ярим миллиард долларлик қурол-яроғ сотган.

Корея халқ демократик республикаси ва Жанубий Кореяга қарашли соқчи кемалар орасида шанба куни бўлиб ўтган отишмадан сўнг Корея ярим оролида вазият кескинлашиб кетди.

Тўқнашув оқибатида жанубий кореялик денгизчилардан 4 нафари нобуд бўлди, 19 нафари яраланди. Шимолий кореяликлар кўрган талафотлар ҳақида хабарлар йўқ.
Жанубий Корея президенти Ким Де Чжун ҳарбийларга хавфсизлик чораларини кучайтириш тўғрисида фармойиш бергани тўғрисида хабар берди. Японияга сафар қилган президент ҳарбий қўмондонлик билан доимий алоқада бўлиб туришини айтди.
Сеулга кўра, Шимолий Корея ярим аср муқаддам Корея ярим оролидаги урушга чек қўйган келишувга хилоф иш тутди ва шунинг учун Пхеньяндан узр сўрашни талаб қилаяпти.
Шимолий Кореяга кўра, биринчи бўлиб Жанубий Корея денгизчилари ўт очганлар.
АҚШ мазкур инцидентни Шимолий Корея томонидан қилинган қуролли провокация, деб атади.

Ер курраси бўйлаб ҳаво шарида саёҳатга чиққан америкалик ҳаво сайёҳи Стив Фоссет йўлнинг тўртдан уч қисмини босиб ўтди.

Унинг шари Атлантиканинг жанубий қисмини кесиб ўтди ва айни пайтда Ҳинд океанига яқинлашмоқда. Фоссет 28 минг километрли масофанинг қолган 7 минг километрини учиб ўтиши керак.
Бу Фоссетнинг ер курраси айланаси бўйлаб учиб ўтишга қилган олтинчи ҳаракатидир. Бундай саёҳатни биринчи бўлиб уддалаш 1999 йилнинг мартида швейцариялик Бертран Пикар ва англиялик Брайан Жонслардан иборат экипажга насиб қилган эди.

Япониянинг Иокагама шаҳрида муқаддам футбол бўйича жаҳон чемпионатининг финал ўйини бўлиб ўтди.

2:0 ҳисоб билан Бразилия терма жамоаси германиялик футболчилар устидан ғалаба қилди.
Футбол бўйича жаҳон чемпионатлари тарихида бразилиялик футболчилар 4 марта ( охирги марта 1994 йили ), немислар эса 3 марта ( сўнгги гал 1990 йили ) чемпион бўлгандилар.
Шуниси қизиқки, бразилиялик ва германиялик футболчилар жаҳон биринчилиги ўйинларида илгари бирон марта ҳам учрашмагандилар.

Бугун Шимолий Корея Халқ Республикаси ҳамда Жанубий Корея патрул катерлари ўртасида рўй берган отишмалардан сўнг Жанубий Корея қуролли кучлари юқори даражадаги жанговор шай холатга келтириб қўйилди.

Бўлиб ўтган тўқнашувлар оқибатида Жанубий Кореянинг тўрт нафар ҳарбий денгизчиси ҳалок бўлди, 18 нафари яраланди. Катер эса сувга чўктирилди. Отишмалар Корея ярим ороли атрофидаги Сариқ денгиз қирғоқларида рўй берди. Жанубий Корея ҳарбийларининг маълум қилишларича, Шимолий Корея ҳарбий кемалари икки мамлакат ўртасидаги чегарани бузиб ўтган. Чегарачиларнинг огоҳлантирувига эса шимолий кореяликлар ўт очиш билан жавоб қайтаришган. Шимолий Корея кемаларнинг чегара бузиш холлари йил бошидан буён ўнинчи марта такрорланиши. Бироқ олдингилари ҳарбий тўқнашувларсиз якун топган эди.
Бугун Жанубий Кореяда футбол бўйича жаҳон чемпионатининг финал бахслашувлари бўлиб ўтди. Туркия терма жамоаси Кореялик футболчилар устидан 3:2 ҳисобида ғалаба қозониб, жаҳон чемпионатининг учинчи ўрин соҳиби бўлдилар.

Бугун Қирғизистоннинг Кербен шаҳрида 5000га яқин киши ҳукумат ва маҳкаманинг кечаги қарорига қарши намойишларга тўпланган.

Кеча Қирғиз парламентининг қуйи палатаси Жалолободдаги март ғалаёнлари иштирокчиларини авф этиш юзасидан Амнистия тғрисидаги қонунни қабул қилган эди. Мазкур қонунда ғалаёнлар давомида олти кишининг ўлимида айбланаётган милиционерларнинг ҳам оқланиши кўзда тутилади. Бугун Жалолободда бир неча милиция ҳодими иш ташлаб, намойишчиларга қарата ўт очишга ким буйруқ берганига ойдинлик киритилишини ҳукуматдан талаб этишган. Эслатиб ўтамиз март ойида Ахсида депутат Азимбек Бекназаровни ҳимоя этиб ўтказилган намойишларда беш киши отиб ўлдирилган эди. Гарчи, кеча Тўқтагул туман суди Бекназаров иши ёпилгани ҳусусида эълон қилган бўлсада, шартли бир йил қамоқ жазоси тўғрисидаги маҳкама ажрими ўз кучида қолдирилди.

Бугун эрталаб Қобул атрофидаги ҳудудларнинг бирида кучли портлаш рўй берган.

Бироқ портлаш оқибатида ҳеч ким талофат кўрмади. Қобулдаги тинчликни сақловчи кучлар вакилининг маълум қилишича, портлаш пойтахт аэропортидан 3 километр узоқликда рўй берган. Ҳозирда инцидент сабабларини аниқлаш учун у ерга маҳсус бўлинма жўнатилган. Маълумотларга кўра Қобул шаҳри ва унинг атрофларида 23 йиллик уруш давомида қўйилган пиёдаларга қарши миналар ҳанузгача зарарсизлантирилмаган. Жума куни Афғонистоннинг жанубий-шарқидаги Спин-Болдак қишлоғида қурол-аслаҳа омбори портлагани оқибатида 19 киши ҳалок бўлди, ўнлаб фуқаро жароҳат олди. Яраланганлар орасида БМТ ҳодимлари ҳам бор.

Ўтган тунда Қашмирда ҳинд ҳарбийлари Покистондан Ҳиндистонга ўтишга уринган беш ислом жангарисини отиб ўлдирган.

Покистонда фаолият олиб бораётган мусулмон экстремистларининг Ҳиндистонга ҳуружлари Деҳли ва Исломобод ўртасида вазиятнинг таранглашувига олиб келди. Ҳозирда чегаранинг ҳар икки тарафига юз минглаб аскар жалб этилган. Ҳиндистон бош вазири Атал Бихари Важпаи Покистон раҳбариятини яна бир бор террорчи гуруҳларнинг ҳуружларига чек қўйишга, уларга қарши кескин чоралар кўришга даъват этди. Деҳли Исломободни Қашмир айирмачиларини қўллаб-қувватлаётганликда айбламоқда. Улар 1989 йилдан буён қашмир мустақиллиги учун курашни давом эттирмоқда. Ўшандан буён мазкур минтақада жами 35 минг киши қурбон бўлди.

АҚШ Давлат департаменти икки журналист иши юзасидан чиқарган Белорус маҳкамаси қарорини қоралади.

Белорус муҳолифати газетаси ҳисобланмиш "Пагония" бош муҳаррири Николай Маркевич ҳамда газета мухбири Павел Можайколар ушбу ҳафта мамлакат президенти Александр Лукашенко тўғрисида танқидий мақолалар ёзганликлари учун узоқ муддатли мажбурий меҳнат жазосига тортилдилар. Бироқ маҳкама қарорида айтилишича журналистлар мамлакат президентига таъна тошларини отганликлари учун бундай жазога тортилганлар. АҚШ Давлат департаменти матбуот мулозими Ричард Баучер Белорус маҳкамасининг бундай қарорини "умумэътироф этилган сўз эркинликлари ва эркин матбуот тамойилларига тажоввуз" сифатида таърифлади. Журналистларнинг жазога тортилиши эса "сиёсий ўч олиш"дан бошқа нарса эмас, - қайд этади Баучер.

Бугун АҚШ Президенти Жорж Бушга ичак жарроҳлик операцияси қилинади.

Бушнинг таъкидлашича, операция давомида у наркоз холатида бўлиши боис, ҳар эҳтимолга қарши давлатга раҳбарлик қилиш ваколати бир неча соатга вице-президент Дик Чейни зиммасига юклатилади, чунки Буш таъбири билан айтганда Америка уруш ҳолатида. Бушга жарроҳлик операцияси АҚШ президентининг Кэмп Дэвид амбулатор касалхонасида амалга оширилади.

Бугун Исроил ҳарбийлари Хеврондаги Фаластин маъмурий биносини портлатишди.

Франс-пресс ахборот агентлигининг Исроил радиосига таяниб хабар беришича, у ерда яшириниб олган 15 фаластин жангариси ҳалок бўлган. Улар Фаластин раҳбари Ясир Арафат раҳнамолигидаги "Фатх" ҳаракатининг ҳарбий қаноти - "Танзим" ташкилотининг фаоллари бўлишган. Исроил ҳукумати эса "Танзим" ҳаракатини бир неча қуролли ҳуружларни содир этганликда айбламоқда. Исроилликлар Хеврондаги Фаластин маъмуриятини деярли тўрт кун давомида қуршовда ушлаб турдилар. У ерда яшириниб олган фаластинликлар таслим бўлишдан воз кечканликлари боис бино портлатилиб, бульдозерлар билан ер билан яксон этилди. Исроил кучлари ғарбий соҳилда бугун ҳам амалиётларни давом эттирдилар. Ушбу ҳудудлардаги Фаластиннинг етти йирик шаҳри ҳанузгача исроилликлар қуршовида қолмоқда. Амалиётлар фаластин террорчиларининг яқинда содир этган ҳуружларига жавобан амалга оширилмоқда. Уларнинг оқибатида ўнлаб исроилликлар ҳалок бўлган эди.

Хитой раҳбарияти лицензияси бўлмаган Интернет – кафе эгаларини қонун йўли билан қўрқитмоқда.

Бугундан бошлаб уч кун ичида мамлакатдаги барча Интернет-кафелар қайта рўйхатдан ўтишлари керак бўлади. Расмий маълумотларга кўра, Хитойда мавжуд 200минг Интернет кафенинг, бешдан бир қисмигина рўйхатдан ўтган холос. Ўтган йили Хитойда мижозларнинг қайси саҳифаларга киришларини қайд этиб борадиган маҳсус дастур қўйилмаган мингга яқин Интернет-кафе ёпилган эди. Хитой махсус ҳизматлари мамлакатга интернет оқимини мунтазам кузатиб борилади, ҳукумат олиб бораётган сиёсатга номақбул бўлган сайтлар бўғилади.

Бугун Туркия футболчилари Жанубий Корея терма жамоаси устидан 3:2 ҳисобида ғалаба қозониб, жаҳон чемпионатининг учинчи ўрин соҳиби бўлдилар.

Мана тўрт кундирки, Исроил қўшинлари Хеврондаги Фаластин хавфсизлик ҳизмати бош қароргоҳини ўққа тутишда давом этмоқда.

У ерга 15га яқин фаластин жангариси яшириниб олган. Кеча мазкур бино ракеталардан ўққа тутилган эди. Гувоҳларнинг маълум қилишларича, бугун исроил ҳарбийлари танк ва бульдозерлар ёрдамида бино ичкарисига кирмоқчи бўлишган. Исроил мудофаа вазири Беньямин Бен-Элизарга кўра, Хеврондаги Фаластин маъмурияти биноси исроилликлар тарафидан қуршовга олинганидан буён 20га яқин Фаластин разведка хизмати ходими таслим бўлган. Улар террорчиларнинг портловчи модда ишлаб чиқарадиган бир неча истеҳкомларини айтиб беришган. Жумага ўтар кечаси Қуддус, Байтулҳам ва Хеврон яқинидаги ҳудудларда Исроил ҳарбийлари террорчиликда гумон этилаётган олти фаластинликни ҳибсга олди. Ҳозирда Иордан дарёси ғарбий соҳилидаги Фаластиннинг етти йирик шаҳри исроилликлар қуршовида қолмоқда. Олинган хабарларга кўра, бугун Қалқалияда исроил харбийлари уч фаластинлик болани отиб ўлдирган. Бугун Рамаллоҳда чиқиш қилган Фаластин ахборот вазири Ясер Абед Раббо исроилликларнинг бу ҳаракатларини жиноят сифатида таърифлади.
Исроил босқини кучаяр экан, кеча Фаластин раҳбарияти Канадада тўпланган "саккизлик гуруҳи" етакчиларига мурожаат билан чиқди. Мурожаатда Исроил армиясининг Фаластин ҳудудларидан чиқарилиши талаб этилади.

Қирғизистон парламентининг қуйи палатаси Жалолободдаги март ғалаёнлари иштирокчиларини амнистия қилиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди.

Парламент депутатлари депутат Азимбек Бекназаровни қўллаб чиққан норозилик намойиш иштирокчилари билан бирга, ғалаёнлар давомида олти кишининг ўлимида айбланаётган милиционерларни ҳам оқлаш бўйича ҳукумат таклифини маъқулладилар. Шунингдек, амнистия ҳизмат лавозимини суиистеъмол қилганликда айбланаётган Азимбек Бекназаровга ҳам тегишли бўлади. Бироқ, Бекназаров амнистиядан воз кечиб, ўзининг гуноҳсиз эканини суд орқали исботлаяжагини айтган. Амнистия тўғрисидаги қонунни энди Қирғиз парламентининг юқори палатаси маъқуллаши керак.

Россия ва собиқ Совет Иттифоқининг бошқа давлатларидаги оммавий қирғин қуролларини йўқ қилиш учун дунёнинг энг ривожланган етти давлати 20 миллиард доллар ажратади.

Бу ҳақда Канадада якунланган саккизлик гуруҳи саммити давомида бир тўхтамга келинди. Ишлаб чиқилган дастурга мувофиқ, қуролларни йўқ қилиш жараёни 10 йилга мўлжалланган бўлиб, ундан мақсад – хавфли радиоактив ва химиявий қуролларнинг террорчилар қўлига тушишини олдини олишдир. Шунингдек, Россия ва МДҲ давлатларининг ядро реакторлари ва бошқа ҳатарли объектлар устидан назорат кучайтирилиши кўзда тутилган. Кеча, саммит иштирокчилари Африканинг қашшоқ давлатларига ёрдам дастурини маъқулладилар. Мазкур дастур Африкада низолар келиб чиқишининг олдини олиш, экологик лойиҳаларни молиялаш ва Африка маҳсулотларини ғарб бозорларига олиб келинишини таъминлашни ўз ичига олади.

Ўтган тунда Афғонистон жанубида қурол-аслаҳа омбори портлагани оқибатида камида етти киши нобуд бўлди, ўттизга яқини яраланди.

Шунингдек, эллик киши дом-дарак йўқолгани айтилмоқда. Портлаш оқибатида жами ўнга яқин бино вайрон бўлди. Портлаган ракеталарнинг бири БМТ тасарруфидаги озиқ-овқат омборига келиб тушган. У ерда ташкилотнинг олти ходими жароҳат олди. Ҳозирда портлаш сабаблари ўрганилмоқда. Қурол-аслаҳа омбори мазкур ҳудудларда толибон режими даврида қурилгани таҳмин этилмоқда.

Иқтисодий мураккабликларни бошидан кечираётган Аргентинада оммавий норозилик намойишлари давом этмоқда.

Пайшанба куни Буэнос-Айресда мамлакатдаги иқтисодий тушкунликдан норози 10 мингга яқин намойишчи шаҳар кўчаларига чиқиб, президент Эдуардо Дуальде истеъфосини талаб қилишган. Шунингдек, бир вақтнинг ўзида Аргентинада ўқитувчилар ва бошқа давлат ҳизматчиларининг иш ташлашлари давом этмоқда. Чоршанба куни намойишчилар ва полиция ўртасида юз берган тўқнашувлар оқибатида икки фуқаро ҳалок бўлган эди.

АҚШ ҳукумати зилзиладан азият чеккан Эрон халқига инсонпарварлик ёрдамини жўнатиш ниятида.

АҚШ Давлат департаменти матбуот вакили Ричард Баучерга кўра, мазкур ёрдам доирасида Эронга сув тозалагичлар, дори-дармон ва чодирлар юборилади. Вашингтоннинг Теҳрон билан дипломатик алоқаси бўлмагани боис, ёрдамлар БМТ каналлари орқали жўнатиладиган бўлди. Ёрдамларнинг умумий қиймати 300 минг долларни ташкил этади. Эслатиб ўтамиз, Эронда ўтган ҳатфа рўй берган кучли зилзила оқибатида жами 220 киши нобуд бўлди, минглаб киши бош панасиз қолди.

Бугун Жанубий Кореяда мамлакат президенти Ким Дэ Жунг ўғли устидан маҳкама жараёни бошланди.

У маҳаллий тадбиркорларидан уч миллион доллар миқдорда пора олганликда айбланмоқда. Президентнинг яна бир ўғли ҳам коррупцияда айбланиб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Ким Дэ Жунг ҳукумат тепасига 1998 йилда, коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш шиори остида келган эди. Ўтган ҳафта у ўғилларининг қилмишлари учун парламентдаги ўз сайловчиларидан кечирим сўради.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG