Линклар

Шошилинч хабар
23 август 2019, Тошкент вақти: 07:05

Халқаро янгиликлар

НАРКОТИК МОДДАЛАР ЁҚИБ ЮБОРИЛДИ

Ўзбекистон ҳукумати топшириғига кўра, 27 июн куни Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати журналистлар иштирокида 2230 кило наркотик моддани ёқиб юборди. Маълум бўлишича, 1994 йилдан буён Ўзбекистонда 35 тонна наркотик модда йўқ қилинган.
Маълумотларга кўра, кейинги пайтда қора бозорда наркотик моддалар нарҳи ошган. Бир йил олдин 1 кг. героин 4,5-5 минг долларга баҳоланган бўлса, бугунги кунда унинг нарҳи 6-7 минг долларни ташкил этмоқда.

ЎЗБЕК ЖУРНАЛИСТЛАРИ КАСБ БАЙРАМИНИ НИШОНЛАДИЛАР

27 июн ўзбек журналистлари ўзларининг касб байрамини нишонладилар. Мазкур байрам муносабати билан марказий нашрларда Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг байрам табриги эълон қилинган. Аксар маҳаллий журналистларнинг Озодлик мухбирига айтишларича, бу йилги байрам табриги аввалгиларидан тубдан фарқ қилади. Унда хусусан шундай дейилади: «… ўзимизга бир савол берайлик: мана шундай турли хил қарашлар, ўзаро қарама-қарши бўлган фикрлар матбуотимиз, оммавий ахборот воситаларимизда ўзига ўрин топаяптими? Бугун масалани мана шу тарзда қўйиш вақти етди, деб ўйлайман.» «Моҳият» газетаси бош муҳаррири, ёзувчи Абдуқаюм Йўлдошевнинг Озодлик мухбирига айтишича, газеталарда даврнинг энг аччиқ ҳақиқатлари чоп этилмаслигининг сабаби, кўпчилик муҳаррирларда ички цензуранинг мавжудлиги, журналистларда ҳукумат томонидан берилган эркинлик вақтинча, деган фикр ҳукмрон эканлигидадир.
Тошкентнинг Мирзо Улуғбек боғида ўтказилган байрам сайли давомида Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларини демокриятлаштириш ва қўллаб қувватлаш ижтимоий-сиёсий жамғармаси вакиллари бир қатор фаол журналистларни қимматбаҳо совғалар билан тақдирлашди.

Бугун Туркия бош вазири Булент Эжевит парламентда ўз партиясининг учрашувига иштирок этди.

Унинг соғлиқ муоаммолари сиëсий барқарорлик бошланиши тўғрисидаги ҳавотирларга сабаб бўлмоқда. 77 ëшли Эжевит янада эркинроқ ўтириш учун ўзининг одатдаги машинасида эмас, балки микроавтобусда парламентга борди. Эжевит парламент биносига кириб борганида депутатлар уни гулдирос қарсаклар билан кутиб олишди. Сўнгги пайтларда Эжевит турли хасталиклардан азият чекмоқда. У март ойида икки марта шифоҳонага ëтқизилганидан буëн уйида даволанмоқда. Кеча у тиббий текширувдан ўтганидан кейин 2-3 хафта ичида ишга қайтишини айтди. Эжевитнинг соғлиқ муоаммолари, у истеъфо бериши, унинг коалиция ҳукумати қуллаши ва муддатидан олдин сайловлар ўтказилишига сабаб бўлиши мумкин, деган хавотирларга сабаб бўлмоқда. Бугун Эжевит навбатдаги сайловлар белгилангани каби 2004 йил апрел ойида ўтказилишини айтди.

Бугун Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Қозоғистоннинг сиëсий партиялар тўғрисидаги янги қонуни хақда хавотирланиш билдириб, бу сиëсий плюрализмга зарар етказишини таъкидлади.

Шу хафтада Қозоғистон парламентининг ҳар икки палатаси томонидан қабул қилинган янги қонунга кўра, партия руйҳатдан ўтиш учун 3.000 дан 50.000 гача аъзоси бўлиши керак. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг билдиришича, ушбу шартни фақат ҳукуматга тарафдор партияларгина бажара олади. Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг қонун лойиҳасини имзолаши кутилади ва бу кучга кирганидан кейин барча сиëсий партиялар янги шартларга кўра қайта руйҳатдан ўтишлари керак.

Бугун Киевда Украина президентлик ва ҳукумат бинолари қошида бир неча юз одам тўпланиб, президент Леонид Кучмани истеъфо беришга чақирдилар.

Муҳолифат партиялари томонидан уюштирилган номойишда сўзга чиққанлар, Кучма ҳукуматини коррупцияда, жиноятчиликда айбладилар ва Украина конститутцияси ҳурмат қилинишини талаб этдилар. Кучма Россияга Украинада ҳаддан зиëд сармоя ҳуқуқларини бергани тўғрисида ҳам шикоят қилинди.

Бугун Қирғизистоннинг Тўқтағул туманида суд депутат Азимбек Бекназаровнинг шикоят аризасини кўриб чиқишни бошлади.

Ўтган ойда суд, Бекназаровни Жалолобод прократурасида терговчи сифатида хизмат қилган пайтида салоҳиятини суистеъмол этганида айбдор, деб топган эди. Бекназаров суднинг ушбу ҳукми бекор этилишини сўрамоқда. Айни чоғда Жалолобод шаҳрида ва Ўш шаҳри атрофида Бекназаровга тарафдор бўлган юзлаб одам тўпланиб, суднинг шикоят аризаси юзасидан қандай қарор чиқаришини кутиб туришибди. Эслатиб ўтамиз, март ойида Аҳси туманида Бекназаровни қўллаш учун ўтказилган намойишда милиция ўқ узгани оқибатида намойиш иштирокчиларидан 5 одам ҳалок бўлган эди. Ҳозир Қирғизистон парламенти мамлакатдаги вазиятни муҳокама қилмоқда.

БМТнинг билдиришича, Афғонистон шимолида рақиблашган фракциялар ўртасида отишмалар содир бўлгани оқибатида юзлаб одам уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган.

БМТ матбуот вакили Маноэл Силванинг айтишига қараганда, талон-тарож ва вайронагарчиликлардан кейин тахминан 150 оила уйсиз қолган. Тўқнашувлар туфайли БМТ ўзининг 3 нафар ишчисини Майманадан Мазори-Шарифга кўчирди. Силванинг айтишига кўра, кеча тунда Сари-Пул тумани атрофида Абдул Рашид Дўстум етакчилигидаги этник ўзбек кучлари ва аксари этник тожиклардан иборат “Жамияти-Исломий” фракцияси кучлари ўртасида тўқнашувлар давом этган.

БМТ хавфсизлик кенгаши Афғонистоннинг ўтиш даври ҳукуматини қўллаб, уни инсон хуқуқларини ҳурмат этадиган давлат ташкил қилишга ундади.

Кеча кенгашга аъзо 15 давлат томонидан бир овоздан қабул қилинган резолюцияда Афғонистон халқи Лўя Жирга учрашуви муваффақиятли бўлгани билан қутланди. Кенгаш Лўя Жирга Хамид Карзайни ўтиш давридаги президент этиб сайлаганини мамнуният билан қабул қилди. Маълумки, Карзай, 18 ойдан кейин миллий сайловлар ўтказилишига қадар, давлат бошлиғи сифатида хизмат қилади. БМТ хавфсизлик кенгаши Афғонистоннинг ўтиш давридаги ҳукуматини ўз мажбуриятларини бажаришга, жумладан асосий қонунни ишлаб чиқишга, марказий ҳукуматни мустаҳкамлашга, миллий армия ва полиция кучларини ташкил қилишга чақирди. Кенгаш, шунингдек, янги ҳукуматни наркотикларга қарши курашишга, инсон хуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлашга, адлия соҳасида ислоҳотлар ўтказишга ва иқтисодиëтни ривожлантириш учун замин яратишга ҳам ундади.

Шу ҳафтада АҚШ президенти Жорж Буш, агар фаластинликлар террорга муроса қилмайдиган янги раҳбарият танласаларгина мустақил давлат учун ëрдам олишлари мумкин, деб айтган гапларига халқаро ҳамжамиятнинг муносабатлари турлича бўлмоқда.

Канада конференциясида иштирок этаëтган саккизлик гуруҳи лидерларининг аксарияти, фаластинликлар ўз лидерини танлашда эркин бўлишлари кераклигини қайд этишди. Британия бош вазири Тони Блэр, фаластинликлар терроризмни рад этадиган лидер сайлашлари зарурлигини таъкидлади. Канада бош вазири Жан Кретьеннинг айтишига қараганда, Фаластин раҳбари Ясир Арафат ўрнига бошқа бир лидер сайланиши балки ижобий қадам бўлиши мумкин, лекин келаси январ ойида ўтказиладиган президентлик ва парламент сайловлари натижаларини муҳокама қилишга вақт эрта. Бугун Исломий конференция ташкилотига аъзо давлатларнинг ташқи ишлар вазирлари бир баëнот тарқатиб, Арафат раҳбариятини қўллаб-қувватлашди.

ҚАШШОҚЛИК БОЛАЛАР НИГОҲИДА

Ўзбекистон Бадиий Академиясининг кўргазмалар залида «Қашшоқлик болалар нигоҳида» мавзуида кўргазма-танлов бўлиб ўтди. Танлов-кўргазмани БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси ва Ўзбекистон Бадиий академияси ташкил этишган. Кўргазмада 6 ёшдан 19 ёшгача бўлган ўзбек ёш мусаввирларининг қашшоқлик мавзуида чизган 300 га яқин асарлари намойиш этилди.
Кўргазма мавзуига қарамай¸танловга қўйилган асарларнинг фақатгина учдан бир фоизида қашшоқлик мавзуси акс эттирилган эди. Қашқадарё, Сурҳондарё ва қорақалпоқистонлик ёш рассомларнинг асарларида қашшоқлик мавзуси кўпроқ ифода этилган.

ФЕДЕРАЛ ҚИДИРУВ БЮРОСИ ТОШКЕНТДА СЕМИНАР ЎТКАЗМОҚДА

АҚШ Федерал қидирув бюроси (FBI) Тошкент шаҳрида «Ички назорат» мавзуида семинар бошлади. АҚШ Давлат департаменти билан ҳамкорликда ўтказилаëтган бу семинарда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ичидаги жиноятчиликка қарши кураш масаласи муҳокама қилинади.
Семинарда АҚШ Федерал қидирув бюроси ҳодимларидан ташқари, Америка полицияси вакиллари ва Бирмингем шаҳар прокурори ёрдамчиси иштирок этаётир. Семинар уч кун давом этади.

Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги фаластин ҳудудларида Исроил харбийларининг рейдлари бугун ҳам давом этди.

Ҳозирга қадар Фаластининг етти шаҳри исроилликларнинг тўлиқ назоратида. Кеча Хеврондаги амалиётлар давомида Исроил аскарлари тўрт фаластин полициячисини отиб ўлдирган. Бугун ғарбий соҳилдаги қишлоқларнинг бирида етти фаластинлик террорчиликда гумон этилиб ҳибсга олинди.

Фаластин ҳукуматининг юқори мартабали вакили Саэб Эрекат мухторият президентлиги ҳамда парламент сайловлари келаси йилнинг январ ойида ўтказилишини маълум қилди.

Маҳаллий вакиллик органларига сайловлар эса март ойига белгиланди.
Эрекатга кўра, Фаластин раҳбарияти шунингдек, мухторият суд тизими ва хавфсизлик ҳизматини ҳам ислоҳ қилиш ниятида. Президентлик сайловларида Ясир Арафат ўз номзодини қўядими, йўқ, бу ҳақда у кейинроқ маълум қилажагини айтган. Душанба куни АҚШ Президенти Жорж Буш келаси уч йил ичида мустақил Фаластин давлатини барпо этиш режасини ўртага ташлади. Шу билан бирга Буш фаластин халқини ўзларига янги, террорчилик ва ҳар хил иддаоларда холи раҳбар сайлашга чақирди. "Нью-Йорк таймс" (New York Times)газетасининг ёзишича, АҚШ раҳбарининг бундай қарорига Ясир Арафат террорчи гуруҳларнинг бирига 20 минг доллар ўтказгани ҳақидаги маълумот сабабчи бўлган.
Айнан ана шу ташкилот кейинчалик Қуддусда содир этилган сўнгги террорчилик ҳаракатига жавобгарликни зиммасига олган эди.

Яқин Шарқ низосини тинч йўл билан ҳал этиш ва халқаро террорчиликка қарши кураш масалалари бугун Канадада очилажак катта саккизлик саммити диққат марказида бўлади.

Шунингдек, саммит иштирокчилари жаҳон иқтисоди, қашшоқликка қарши кураш ва Африка мамлакатларига ёрдам масалаларини ҳам мухокама этадилар. Канаданинг саммит ўтаётган Альберт вилоятида хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Халқаро валюта жамғармаси вакиллари фикрича, Ўзбекистон ўзининг ўта марказлашган ва чигал иқтисодини ўнглаб олишда "сезиларли ўсиш"га эришган.

Шунга қарамай, бугун Тошкентда чиқиш қилган ташкилот вакиллари мамлакатда бошланган пул ислоҳоти ва фискал сиёсатда чекинишлар бўлиш – бўлмаслигини аниқлаш учун мазкур жараённи яна икки ой давомида кузатажакларини айтишган. Ўтган йили Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотлар кузатилмагани боис у ердаги ўз вакилини чақириб олган эди. Бироқ, сал ўтиб Ўзбекистон ва Халқаро валюта жамғармаси ўртасида меморандум имзоланди. Унга кўра Тошкент ҳукумати шу йилнинг ўртасига келиб сўм конвертациясига чекловларни бекор қилиш мажбуриятини олган эди.

Покистондаги миллиондан зиёд афғон қочқини ўз уйларига қайтиш ниятида.

Бугун бу ҳақда БМТ қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги вакили маълум қилди. Ҳозирда Покистонда 2 миллиондан ортиқ афғон қочқини бор. Уларнинг кўпчилиги мазкур мамлакатда 20 йилдан буён ўрнашиб олишган. БМТ қочқинлар идорасининг Покистондаги ваколатхонаси вакилининг айтишича, афғон қочқинларини репатриация қилиш ишлари бир неча йил давом этиши мумкин.

Афғонистон ўтиш даври ҳукумати раҳбари Ҳамид Карзай келиб чиқиши этник ўзбек бўлган Нахматулло Шаҳронийни вице-президент лавозимига тайинлади.

Ҳаммаси бўлиб, Карзай ҳукуматида тўрт вице-президентлик лавозими жорий этилган. Улар Афғонистондаги асосий этник гуруҳлар бўлган – паштунлар, тожиклар, ўзбеклар ва хазорийлар вакилларидан иборат бўлди. Улар Карзай йўқлигида навбатма-навбат мамлакат раҳбари вазифаларини бажариб борадилар.

Бугун Афғонистон-Покистон чегара ҳудудларида "Ал-Қаида" жангарилари билан бўлган отишмалар давомида 10 Покистон аскари ҳалок бўлди.

Террорчилардан эса икки нафари отиб ўлдирилган. Покистон ҳарбийлари Афғонистондан қочиб ўтган "Ал-қаида" жангарилари яшириниши мумкин бўлган ҳудудларда амалиётлар олиб борган эди. АҚШ харбийлари маълумотларига кўра, чегаранинг ҳар икки тарафида ҳозир ҳам ал-қаидачилар фаолият олиб бормоқда. Сўнгги олиб борилган аксил-террор амалиётлари давомида АҚШ ва Британия кучлари террорчиларнинг бир неча қурол-аслаҳа ва озиқ-овқат омборини топишган.

Бугун Қозоғистон парламентининг қуйи палатаси "Сиёсий партиялар тўғрисида"ги мамлакат қонуни лойиҳасини тасдиқлади.

Унга кўра, эндиликда камида 50 минг рўйхатга олинган аъзосига эга партиялар сайловларда иштирок этишлари мумкин бўлади. Маълумотларга кўра, ҳозир Қозоғистонда ушбу талабларга жавоб бера оладиган уч партия мавжуд халос. Мухолифат вакилларининг фикрича, янги қонун демократик партияларни мамлакат сиёсий саҳнасидан четга суриб, фақат ҳукуматга моил қўғирчоқ партияларни қолдириш учун йўналтирилган. Ҳукумат сиёсатини қўллаб қувватловчи "Ватан" партияси томонидан олға сурилган янги қонун лойиҳасини кеча парламентнинг юқори палатаси тасдиқлаган эди. Бугун мазкур қонун имзо учун президент Назарбоевга жўнатилди.

Туркманистон президенти Сапармурат Ниязов айрим ночор оилаларга коррупцияда айбланиб, мол –мулки мусодара этилган собиқ туркман амалдорларининг уй-жойларни ваъда қилди.

Шу йилнинг март-апрел ойларида қатор вазирлик-идора раҳбарлари ҳизмат лавозимларини суистеъмол қилганликда айбланиб, уларга нисбатан жиноий иш очилган эди. Туркман президенти мамлакат телевидениеси орқали қилган чиқишида улардан тортиб олинган 300 квартирани камбағалларга берилиши ҳақида фармойиш берди. Коррупцияда айбланган собиқ амалдорлар ҳозирда турли муддатларга қамоқ жазосига тортилганлар. Турманистоннинг собиқ бош вазир ўринбосари ва собиқ мудофаа вазири мамлакатдаги заводларнинг бирида оддий ҳизматчи бўлиб ишламоқда. Мари вилояти собиқ хокими Аман Атаев эса ҳозирда Туркманистоннинг чекка вилоятларидан бирида пахта-буғдой экиб, деҳқончилик қилмоқда. Турманбоши Ниёзовга кўра улар 10 йил давомида тер-тўкиб ўз гуноҳларини ана шу йўл билан ювишлари керак.

Умумевропа пули - евронинг курси АҚШ доллариники билан деярли тенглашди.

Яъни унинг долларга нисбати бугун 99 центни ташкил этди. Апрель ойидан буён евронинг қадри 13 фойизга ошди. Экспертлар евро курсининг кўтарилишини долларга талаб камайгани билан изоҳлашмоқда. Улар фикрича, бунга Европа Иттифоқининг евро пул бирлиги маконига кирувчи 12 давлатидаги иқтисодий ўсиш таъсир кўрсатмаган. Кеча Нью-Йорк биржасида акциялар курси тушгани кузатилди. Жумладан, Доу Жонс кўрсаткичи, ўртача ҳисобда 1.7 фоизга тушган.

Бугун француз полицияси Монблан ер ости йўлини тўсиб олган намойишчиларни тарқатиш мақсадида уларга қарши кўздан ёш чиқарувчи газ қўллади.

Намойишчилар тунелдан оғир юк машиналарини ўтказмаслик талаби билан чиқишган. Кечадан буён у ерда мингга яқин намойишчи тунел ичкарисида жонли тўсиқ ясаган эди. Бугун улар тарқатилиб, Монблан ер ости йўли орқали ҳаракат қайтадан йўлга қўйилди. Маълумотларга кўра, икки юк машинаси полиция ҳамроҳлигида тунел орқали ўтган. Монблан ер ости йўли бир неча фалокатларга сабаб бўлгани учун 1999 йилда ёпиб қўйилди. Ўшанда, оғир юк машинаси тунел ичкарисида ёниб кетгани боис 39 киши нобуд бўлган эди.

Бугун Туркия ва Бразилия терма жамоалари ўртасидаги жаҳон футбол биринчилиги учун ярим финал матчи 0:1 ҳисобида Бразилия фойдасига ҳал бўлди.

Шундай қилиб Бразилия финалда Германия футболчилари билан майдонга тушади. Туркия ва Жанубий Корея терма жамоалари эса 30 июн куни 3 ўрин учун беллашадилар.

ЧЕТ ЭЛГА ЧИҚИШ ВИЗАЛАРИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШДА ЯНГИ ТАРТИБ ЖОРИЙ ҚИЛИНАДИ

Ҳукумат қарорига мувофиқ¸ 2002 йилнинг 1 сентябридан бошлаб чет элга чиқиш визаларини расмийлаштиришда янги тартиб жорий қилинади. Унга кўра¸паспорт варағига муҳр ўрнига стикер ёпиштирилади. Муҳр кўринишидаги чиқиш визалари зарур муддатгача кучда қолади. Расмийларнинг Озодлик радиосига айтишларича¸ муҳр ўрнига жорий қилинаётган стикерлар чет элга чиқиш тартибини такомиллаштиришга хизмат қилади ва соҳта муҳрлар қўйилишининг олдини олади.
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги фуқароларнинг чет элга чиқиш тизими масъули Салоҳиддин Мираҳмедовнинг Озодлик мухбирига маълум қилганларига кўра, фуқароларнинг ҳорижга чиқиш тартибида бошқа ўзгаришлар кўзда тутилмаган.

БОТИР ПАРПИЕВ ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТЛАР ВАЗИРИ ЭТИБ ТАЙИНЛАНДИ

Ўзбекистон президентининг 2002 йил 14 июн кунги қарори билан мамлакат Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Ботир Парпиев Фавқулодда вазиятлар вазири этиб тайинланди.
Юқори лавозимли милиция ходимининг Озодлик мухбирига берган маълумотларига кўра¸ айни кунгача Ботир Парпиев Ички ишлар вазирлигида жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш бошқармасини бошқарган. Милиция зобитининг айтишича, Ботир Парпиев Ички ишлар вазирлигидаги фаолиятини 1994 йилнинг охирлари 1995 йилнинг бошларида жиноятларнинг олдини олиш бошқармаси раҳбари сифатида бошлаган. Бир йилдан сўнг эса ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG