Линклар

Шошилинч хабар
26 август 2019, Тошкент вақти: 05:58

Халқаро янгиликлар

ҚАШШОҚЛИК БОЛАЛАР НИГОҲИДА

Ўзбекистон Бадиий Академиясининг кўргазмалар залида «Қашшоқлик болалар нигоҳида» мавзуида кўргазма-танлов бўлиб ўтди. Танлов-кўргазмани БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси ва Ўзбекистон Бадиий академияси ташкил этишган. Кўргазмада 6 ёшдан 19 ёшгача бўлган ўзбек ёш мусаввирларининг қашшоқлик мавзуида чизган 300 га яқин асарлари намойиш этилди.
Кўргазма мавзуига қарамай¸танловга қўйилган асарларнинг фақатгина учдан бир фоизида қашшоқлик мавзуси акс эттирилган эди. Қашқадарё, Сурҳондарё ва қорақалпоқистонлик ёш рассомларнинг асарларида қашшоқлик мавзуси кўпроқ ифода этилган.

ФЕДЕРАЛ ҚИДИРУВ БЮРОСИ ТОШКЕНТДА СЕМИНАР ЎТКАЗМОҚДА

АҚШ Федерал қидирув бюроси (FBI) Тошкент шаҳрида «Ички назорат» мавзуида семинар бошлади. АҚШ Давлат департаменти билан ҳамкорликда ўтказилаëтган бу семинарда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ичидаги жиноятчиликка қарши кураш масаласи муҳокама қилинади.
Семинарда АҚШ Федерал қидирув бюроси ҳодимларидан ташқари, Америка полицияси вакиллари ва Бирмингем шаҳар прокурори ёрдамчиси иштирок этаётир. Семинар уч кун давом этади.

Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги фаластин ҳудудларида Исроил харбийларининг рейдлари бугун ҳам давом этди.

Ҳозирга қадар Фаластининг етти шаҳри исроилликларнинг тўлиқ назоратида. Кеча Хеврондаги амалиётлар давомида Исроил аскарлари тўрт фаластин полициячисини отиб ўлдирган. Бугун ғарбий соҳилдаги қишлоқларнинг бирида етти фаластинлик террорчиликда гумон этилиб ҳибсга олинди.

Фаластин ҳукуматининг юқори мартабали вакили Саэб Эрекат мухторият президентлиги ҳамда парламент сайловлари келаси йилнинг январ ойида ўтказилишини маълум қилди.

Маҳаллий вакиллик органларига сайловлар эса март ойига белгиланди.
Эрекатга кўра, Фаластин раҳбарияти шунингдек, мухторият суд тизими ва хавфсизлик ҳизматини ҳам ислоҳ қилиш ниятида. Президентлик сайловларида Ясир Арафат ўз номзодини қўядими, йўқ, бу ҳақда у кейинроқ маълум қилажагини айтган. Душанба куни АҚШ Президенти Жорж Буш келаси уч йил ичида мустақил Фаластин давлатини барпо этиш режасини ўртага ташлади. Шу билан бирга Буш фаластин халқини ўзларига янги, террорчилик ва ҳар хил иддаоларда холи раҳбар сайлашга чақирди. "Нью-Йорк таймс" (New York Times)газетасининг ёзишича, АҚШ раҳбарининг бундай қарорига Ясир Арафат террорчи гуруҳларнинг бирига 20 минг доллар ўтказгани ҳақидаги маълумот сабабчи бўлган.
Айнан ана шу ташкилот кейинчалик Қуддусда содир этилган сўнгги террорчилик ҳаракатига жавобгарликни зиммасига олган эди.

Яқин Шарқ низосини тинч йўл билан ҳал этиш ва халқаро террорчиликка қарши кураш масалалари бугун Канадада очилажак катта саккизлик саммити диққат марказида бўлади.

Шунингдек, саммит иштирокчилари жаҳон иқтисоди, қашшоқликка қарши кураш ва Африка мамлакатларига ёрдам масалаларини ҳам мухокама этадилар. Канаданинг саммит ўтаётган Альберт вилоятида хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Халқаро валюта жамғармаси вакиллари фикрича, Ўзбекистон ўзининг ўта марказлашган ва чигал иқтисодини ўнглаб олишда "сезиларли ўсиш"га эришган.

Шунга қарамай, бугун Тошкентда чиқиш қилган ташкилот вакиллари мамлакатда бошланган пул ислоҳоти ва фискал сиёсатда чекинишлар бўлиш – бўлмаслигини аниқлаш учун мазкур жараённи яна икки ой давомида кузатажакларини айтишган. Ўтган йили Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотлар кузатилмагани боис у ердаги ўз вакилини чақириб олган эди. Бироқ, сал ўтиб Ўзбекистон ва Халқаро валюта жамғармаси ўртасида меморандум имзоланди. Унга кўра Тошкент ҳукумати шу йилнинг ўртасига келиб сўм конвертациясига чекловларни бекор қилиш мажбуриятини олган эди.

Покистондаги миллиондан зиёд афғон қочқини ўз уйларига қайтиш ниятида.

Бугун бу ҳақда БМТ қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги вакили маълум қилди. Ҳозирда Покистонда 2 миллиондан ортиқ афғон қочқини бор. Уларнинг кўпчилиги мазкур мамлакатда 20 йилдан буён ўрнашиб олишган. БМТ қочқинлар идорасининг Покистондаги ваколатхонаси вакилининг айтишича, афғон қочқинларини репатриация қилиш ишлари бир неча йил давом этиши мумкин.

Афғонистон ўтиш даври ҳукумати раҳбари Ҳамид Карзай келиб чиқиши этник ўзбек бўлган Нахматулло Шаҳронийни вице-президент лавозимига тайинлади.

Ҳаммаси бўлиб, Карзай ҳукуматида тўрт вице-президентлик лавозими жорий этилган. Улар Афғонистондаги асосий этник гуруҳлар бўлган – паштунлар, тожиклар, ўзбеклар ва хазорийлар вакилларидан иборат бўлди. Улар Карзай йўқлигида навбатма-навбат мамлакат раҳбари вазифаларини бажариб борадилар.

Бугун Афғонистон-Покистон чегара ҳудудларида "Ал-Қаида" жангарилари билан бўлган отишмалар давомида 10 Покистон аскари ҳалок бўлди.

Террорчилардан эса икки нафари отиб ўлдирилган. Покистон ҳарбийлари Афғонистондан қочиб ўтган "Ал-қаида" жангарилари яшириниши мумкин бўлган ҳудудларда амалиётлар олиб борган эди. АҚШ харбийлари маълумотларига кўра, чегаранинг ҳар икки тарафида ҳозир ҳам ал-қаидачилар фаолият олиб бормоқда. Сўнгги олиб борилган аксил-террор амалиётлари давомида АҚШ ва Британия кучлари террорчиларнинг бир неча қурол-аслаҳа ва озиқ-овқат омборини топишган.

Бугун Қозоғистон парламентининг қуйи палатаси "Сиёсий партиялар тўғрисида"ги мамлакат қонуни лойиҳасини тасдиқлади.

Унга кўра, эндиликда камида 50 минг рўйхатга олинган аъзосига эга партиялар сайловларда иштирок этишлари мумкин бўлади. Маълумотларга кўра, ҳозир Қозоғистонда ушбу талабларга жавоб бера оладиган уч партия мавжуд халос. Мухолифат вакилларининг фикрича, янги қонун демократик партияларни мамлакат сиёсий саҳнасидан четга суриб, фақат ҳукуматга моил қўғирчоқ партияларни қолдириш учун йўналтирилган. Ҳукумат сиёсатини қўллаб қувватловчи "Ватан" партияси томонидан олға сурилган янги қонун лойиҳасини кеча парламентнинг юқори палатаси тасдиқлаган эди. Бугун мазкур қонун имзо учун президент Назарбоевга жўнатилди.

Туркманистон президенти Сапармурат Ниязов айрим ночор оилаларга коррупцияда айбланиб, мол –мулки мусодара этилган собиқ туркман амалдорларининг уй-жойларни ваъда қилди.

Шу йилнинг март-апрел ойларида қатор вазирлик-идора раҳбарлари ҳизмат лавозимларини суистеъмол қилганликда айбланиб, уларга нисбатан жиноий иш очилган эди. Туркман президенти мамлакат телевидениеси орқали қилган чиқишида улардан тортиб олинган 300 квартирани камбағалларга берилиши ҳақида фармойиш берди. Коррупцияда айбланган собиқ амалдорлар ҳозирда турли муддатларга қамоқ жазосига тортилганлар. Турманистоннинг собиқ бош вазир ўринбосари ва собиқ мудофаа вазири мамлакатдаги заводларнинг бирида оддий ҳизматчи бўлиб ишламоқда. Мари вилояти собиқ хокими Аман Атаев эса ҳозирда Туркманистоннинг чекка вилоятларидан бирида пахта-буғдой экиб, деҳқончилик қилмоқда. Турманбоши Ниёзовга кўра улар 10 йил давомида тер-тўкиб ўз гуноҳларини ана шу йўл билан ювишлари керак.

Умумевропа пули - евронинг курси АҚШ доллариники билан деярли тенглашди.

Яъни унинг долларга нисбати бугун 99 центни ташкил этди. Апрель ойидан буён евронинг қадри 13 фойизга ошди. Экспертлар евро курсининг кўтарилишини долларга талаб камайгани билан изоҳлашмоқда. Улар фикрича, бунга Европа Иттифоқининг евро пул бирлиги маконига кирувчи 12 давлатидаги иқтисодий ўсиш таъсир кўрсатмаган. Кеча Нью-Йорк биржасида акциялар курси тушгани кузатилди. Жумладан, Доу Жонс кўрсаткичи, ўртача ҳисобда 1.7 фоизга тушган.

Бугун француз полицияси Монблан ер ости йўлини тўсиб олган намойишчиларни тарқатиш мақсадида уларга қарши кўздан ёш чиқарувчи газ қўллади.

Намойишчилар тунелдан оғир юк машиналарини ўтказмаслик талаби билан чиқишган. Кечадан буён у ерда мингга яқин намойишчи тунел ичкарисида жонли тўсиқ ясаган эди. Бугун улар тарқатилиб, Монблан ер ости йўли орқали ҳаракат қайтадан йўлга қўйилди. Маълумотларга кўра, икки юк машинаси полиция ҳамроҳлигида тунел орқали ўтган. Монблан ер ости йўли бир неча фалокатларга сабаб бўлгани учун 1999 йилда ёпиб қўйилди. Ўшанда, оғир юк машинаси тунел ичкарисида ёниб кетгани боис 39 киши нобуд бўлган эди.

Бугун Туркия ва Бразилия терма жамоалари ўртасидаги жаҳон футбол биринчилиги учун ярим финал матчи 0:1 ҳисобида Бразилия фойдасига ҳал бўлди.

Шундай қилиб Бразилия финалда Германия футболчилари билан майдонга тушади. Туркия ва Жанубий Корея терма жамоалари эса 30 июн куни 3 ўрин учун беллашадилар.

ЧЕТ ЭЛГА ЧИҚИШ ВИЗАЛАРИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШДА ЯНГИ ТАРТИБ ЖОРИЙ ҚИЛИНАДИ

Ҳукумат қарорига мувофиқ¸ 2002 йилнинг 1 сентябридан бошлаб чет элга чиқиш визаларини расмийлаштиришда янги тартиб жорий қилинади. Унга кўра¸паспорт варағига муҳр ўрнига стикер ёпиштирилади. Муҳр кўринишидаги чиқиш визалари зарур муддатгача кучда қолади. Расмийларнинг Озодлик радиосига айтишларича¸ муҳр ўрнига жорий қилинаётган стикерлар чет элга чиқиш тартибини такомиллаштиришга хизмат қилади ва соҳта муҳрлар қўйилишининг олдини олади.
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги фуқароларнинг чет элга чиқиш тизими масъули Салоҳиддин Мираҳмедовнинг Озодлик мухбирига маълум қилганларига кўра, фуқароларнинг ҳорижга чиқиш тартибида бошқа ўзгаришлар кўзда тутилмаган.

БОТИР ПАРПИЕВ ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТЛАР ВАЗИРИ ЭТИБ ТАЙИНЛАНДИ

Ўзбекистон президентининг 2002 йил 14 июн кунги қарори билан мамлакат Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Ботир Парпиев Фавқулодда вазиятлар вазири этиб тайинланди.
Юқори лавозимли милиция ходимининг Озодлик мухбирига берган маълумотларига кўра¸ айни кунгача Ботир Парпиев Ички ишлар вазирлигида жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш бошқармасини бошқарган. Милиция зобитининг айтишича, Ботир Парпиев Ички ишлар вазирлигидаги фаолиятини 1994 йилнинг охирлари 1995 йилнинг бошларида жиноятларнинг олдини олиш бошқармаси раҳбари сифатида бошлаган. Бир йилдан сўнг эса ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган.

Туркманистон президенти Сапармурод Ниёзов амалдорлардан мусодара қилинган Ашхабоддаги 200 га яқин уйни йўқсиллар ва кўп болали оилаларга беришни ваъда қилди.

Унинг сўзларига кўра, бу уйлар собиқ эгаларининг ноқонуний пулларига қурилган. Уйлари мусодара қилинганлар орасида собиқ вазирлар, банклар раҳбарлари, маҳаллий маъмуриятлар бошлиқлари ҳамда шу кунда хорижда яшаётган собиқ вице-бош вазир Борис Шихмурадовлар бор.

Исроил АҚШ президенти Жорж Бушнинг Яқин Шарқ бўҳронини хал қилиш бўйича таклифларини қўллаб-қувватлади.

Исроил бош вазири вакили Ранаан Гиссиннинг баёнотига кўра, Америка режасининг асосий ғояси
аввалига террорни, сўнгра Фаластин ерларининг Исроил томонидан оккупация қилинишини тўхтатишдир.
Фаластин мухторияти бошлиғи Ясир Арафат АҚШнинг режасини шарҳламади. Арафатнинг ёрдамчилари эса Вашингтоннинг таклифларини қабул қилиб бўлмаслигини таъкидлаб, Арафат Фаластин халқи томонидан сайланган, дедилар.

АҚШ президенти Жорж Буш Яқин Шарқ бўҳронини хал қилиш бўйича Америка маъмурияти режасини эълон қилди.

Бушнинг фикрича, шу йилнинг охиригача Фаластин парламентига сайловлар ўтказиш лозим, Фаластин давлати эса 3 йилдан сўнг тузилади.
Буш фаластинликларни Ясир Арафатнинг ўрнини эгаллайдиган арбоб топишга ҳамда ҳокимият органларини демократиялаштиришга чақирди.
Фаластин халқи янги лидерга ҳамда қўшнилар билан хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги келишувларга эга бўлгач, АҚШ Фаластин давлатини яратиш ғоясини қўллаб қувватлайди, деб таъкидлади Буш.
АҚШ президенти, шунингдек, Исроилни ўз ҳарбийларини Фаластин ерларидан чиқариб, 1967 йилгача бўлган чегараларга қайтаришга чақирди.

Афғонистонда жойлаштирилган АҚШ ҳарбийлари ўтган тунда бир неча марта ўққа тутилдилар.

АҚШ қўмондонлигининг вакили Хост вилоятидаги Америка ҳарбийлари позицияларига қаратиб ракеталар отилгани ҳақида хабар берди. Кунар вилоятида ҳам АҚШнинг махсус қисмлари минометлардан ўққа тутилдилар.
Америкалик ҳарбийлардан ҳеч кимга зарар етмади. Ўт очилган позицияларга АҚШ авиацияси томонидан зарба берилди.
Афғонистонинг шарқидаги Пақтия вилоятида аксилтеррор иттифоқ кучлари маҳаллий аҳоли ёрдамида қурол-яроғ яширилган учта омбор топдилар.

Исроил ҳарбийлари танклар ёрдамида бугун Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги Хеврон шаҳрига бостириб кирдилар.

Рейтер агентлигига кўра, отишма пайтида қуролланган тўрт фаластинлик ўлдирилган.
Хеврон яқинда исроилликларга қарши уюштирилган қатор террористик хуружлардан сўнг Исроил ҳарбийлари Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида ишғол қилган еттинчи шаҳардир.
Исроил қўмондонлиги вакиллари берган хабарларга қараганда, Хевронда портловчи мосламалар ишлаб чиқариладиган фабрика борлиги аниқланган. Бундай мосламалардан худкуш- террорчилар ҳам фойдаланган. Катта миқдорда қурол-яроғ топилган.

Фаластин манбаларига кўра, Хевронда исроилликлар томонидан 150 киши қўлга олинган бўлиб, улар орасида Фаластин разведкаси маҳаллий бўлими бошлиғи ҳам бор.
Кеча Исроил ҳарбийлари Фаластин мухторияти бошлиғи Ясир Арафатнинг Рамаллоҳ шаҳридаги қароргоҳини яна қуршовга олдилар.

Москвада ярим миллион долларлик қимматбаҳо тошлар ўғирлаб кетилди.

Ўғри қимматбаҳо тошларни қайта ишловчи ширкат идорасидаги сейфни бузиб, унда сақланаётган 7 килограмм оғирликдаги зумрад, икки кило топаз ҳамда 28 та ишлов берилган зумрадни ўғирлаб кетган.

Бугун Сеулда Германия ва Жанубий Корея терма командалари ўртасида ярим финал учрашуви бўлиб ўтди. Ўйин 1:0 ҳисоб билан Германия фойдасига хал бўлди.

Эроннинг шимоли-ғарбида бугун яна ер қимирлади.

Зилзила кучи Рихтер шкаласи бўйича 4 баллни ташкил этди. Кўрилган зарар ҳақида маълумот йўқ.
Шанба кунги ер қимирлаши оқибатида 230 киши нобуд бўлди, 1300 киши жароҳат олди. 60 та аҳоли пункти вайрон бўлди.
БМТнинг Эрон бўйича мувофиқлаштирувчиси Франческо Бастальи кеча Эрон ҳукумати зилзиладан зарар кўрган минтақа аҳолисини озиқ- овқат билан ўз вақтида таъминлай олмади, деб баёнот берди.

Европа Иттифоқи Парламент ассамблеясининг бугунги мажлисида Россиянинг Калининград вилояти атрофидаги вазият муҳокама қилинмоқда.

Кеча Россия президенти Владимир Путин Европа Иттифоқининг кенгайиши Калининград вилоятининг Россия Федерациясидан ажралиб кетишига олиб келмаслиги лозим, деб таъкидлади.
Путин Европа Иттифоқидан мазкур масалани ижобий хал қилишни сўради.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG