Линклар

Шошилинч хабар
26 август 2019, Тошкент вақти: 05:27

Халқаро янгиликлар

Туркманистон президенти Сапармурод Ниёзов амалдорлардан мусодара қилинган Ашхабоддаги 200 га яқин уйни йўқсиллар ва кўп болали оилаларга беришни ваъда қилди.

Унинг сўзларига кўра, бу уйлар собиқ эгаларининг ноқонуний пулларига қурилган. Уйлари мусодара қилинганлар орасида собиқ вазирлар, банклар раҳбарлари, маҳаллий маъмуриятлар бошлиқлари ҳамда шу кунда хорижда яшаётган собиқ вице-бош вазир Борис Шихмурадовлар бор.

Исроил АҚШ президенти Жорж Бушнинг Яқин Шарқ бўҳронини хал қилиш бўйича таклифларини қўллаб-қувватлади.

Исроил бош вазири вакили Ранаан Гиссиннинг баёнотига кўра, Америка режасининг асосий ғояси
аввалига террорни, сўнгра Фаластин ерларининг Исроил томонидан оккупация қилинишини тўхтатишдир.
Фаластин мухторияти бошлиғи Ясир Арафат АҚШнинг режасини шарҳламади. Арафатнинг ёрдамчилари эса Вашингтоннинг таклифларини қабул қилиб бўлмаслигини таъкидлаб, Арафат Фаластин халқи томонидан сайланган, дедилар.

АҚШ президенти Жорж Буш Яқин Шарқ бўҳронини хал қилиш бўйича Америка маъмурияти режасини эълон қилди.

Бушнинг фикрича, шу йилнинг охиригача Фаластин парламентига сайловлар ўтказиш лозим, Фаластин давлати эса 3 йилдан сўнг тузилади.
Буш фаластинликларни Ясир Арафатнинг ўрнини эгаллайдиган арбоб топишга ҳамда ҳокимият органларини демократиялаштиришга чақирди.
Фаластин халқи янги лидерга ҳамда қўшнилар билан хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги келишувларга эга бўлгач, АҚШ Фаластин давлатини яратиш ғоясини қўллаб қувватлайди, деб таъкидлади Буш.
АҚШ президенти, шунингдек, Исроилни ўз ҳарбийларини Фаластин ерларидан чиқариб, 1967 йилгача бўлган чегараларга қайтаришга чақирди.

Афғонистонда жойлаштирилган АҚШ ҳарбийлари ўтган тунда бир неча марта ўққа тутилдилар.

АҚШ қўмондонлигининг вакили Хост вилоятидаги Америка ҳарбийлари позицияларига қаратиб ракеталар отилгани ҳақида хабар берди. Кунар вилоятида ҳам АҚШнинг махсус қисмлари минометлардан ўққа тутилдилар.
Америкалик ҳарбийлардан ҳеч кимга зарар етмади. Ўт очилган позицияларга АҚШ авиацияси томонидан зарба берилди.
Афғонистонинг шарқидаги Пақтия вилоятида аксилтеррор иттифоқ кучлари маҳаллий аҳоли ёрдамида қурол-яроғ яширилган учта омбор топдилар.

Исроил ҳарбийлари танклар ёрдамида бугун Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги Хеврон шаҳрига бостириб кирдилар.

Рейтер агентлигига кўра, отишма пайтида қуролланган тўрт фаластинлик ўлдирилган.
Хеврон яқинда исроилликларга қарши уюштирилган қатор террористик хуружлардан сўнг Исроил ҳарбийлари Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида ишғол қилган еттинчи шаҳардир.
Исроил қўмондонлиги вакиллари берган хабарларга қараганда, Хевронда портловчи мосламалар ишлаб чиқариладиган фабрика борлиги аниқланган. Бундай мосламалардан худкуш- террорчилар ҳам фойдаланган. Катта миқдорда қурол-яроғ топилган.

Фаластин манбаларига кўра, Хевронда исроилликлар томонидан 150 киши қўлга олинган бўлиб, улар орасида Фаластин разведкаси маҳаллий бўлими бошлиғи ҳам бор.
Кеча Исроил ҳарбийлари Фаластин мухторияти бошлиғи Ясир Арафатнинг Рамаллоҳ шаҳридаги қароргоҳини яна қуршовга олдилар.

Москвада ярим миллион долларлик қимматбаҳо тошлар ўғирлаб кетилди.

Ўғри қимматбаҳо тошларни қайта ишловчи ширкат идорасидаги сейфни бузиб, унда сақланаётган 7 килограмм оғирликдаги зумрад, икки кило топаз ҳамда 28 та ишлов берилган зумрадни ўғирлаб кетган.

Бугун Сеулда Германия ва Жанубий Корея терма командалари ўртасида ярим финал учрашуви бўлиб ўтди. Ўйин 1:0 ҳисоб билан Германия фойдасига хал бўлди.

Эроннинг шимоли-ғарбида бугун яна ер қимирлади.

Зилзила кучи Рихтер шкаласи бўйича 4 баллни ташкил этди. Кўрилган зарар ҳақида маълумот йўқ.
Шанба кунги ер қимирлаши оқибатида 230 киши нобуд бўлди, 1300 киши жароҳат олди. 60 та аҳоли пункти вайрон бўлди.
БМТнинг Эрон бўйича мувофиқлаштирувчиси Франческо Бастальи кеча Эрон ҳукумати зилзиладан зарар кўрган минтақа аҳолисини озиқ- овқат билан ўз вақтида таъминлай олмади, деб баёнот берди.

Европа Иттифоқи Парламент ассамблеясининг бугунги мажлисида Россиянинг Калининград вилояти атрофидаги вазият муҳокама қилинмоқда.

Кеча Россия президенти Владимир Путин Европа Иттифоқининг кенгайиши Калининград вилоятининг Россия Федерациясидан ажралиб кетишига олиб келмаслиги лозим, деб таъкидлади.
Путин Европа Иттифоқидан мазкур масалани ижобий хал қилишни сўради.

Россиянинг жанубида юз берган кучли сув тошқини оқибатида, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги малумотларига кўра, 59 киши нобуд бўлди.

Сув тошган районлардан 85 минг киши кўчирилди. Табиий офат туфайли 3 мингдан зиёд уй, 200дан ортиқ кўприк, минг километр атрофида автомобиль йўллари вайрон бўлди.

БМТ Афғонистоннинг шимолий минтақаларидан халқаро ташкилотларнинг ходимлари - аёлларни эвакуация қила бошлади.

Халқаро ҳамжамият халқаро ташкилотлар ходималарга бир неча марта хужум қилинганидан сўнг шундай қарорга келди.
БМТ вакили Афғонистоннинг шу ҳудудида ёрдам дастурларини тўхтатиш масаласи кўрилаётгани ҳақида хабар берди.

ТУРКИЯ ДЕЛЕГАЦИЯСИ ЎЗБЕКИСТОНГА ТАШРИФ БУЮРДИ

23 июн куни Туркиянинг Туркий Республикалар бўйича давлат вазири доктор Решат Доғру бошчилигидаги расмий делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди.
Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати вакилларининг Озодлик мухбирига берган маълумотларига кўра, делегация ташрифи давомида Ўзбекистон ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги билан Туркия Жумҳурияти Бош вазирлиги девони қошидаги Туркия ҳамкорлик ва ривожланиш агентлиги (TIKA) ўртасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида ҳужжат имзоланади. 24 июн куни делегация вакиллари Ўзбекистон Олий Мажлиси Парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Эркин Воҳидов билан учрашиб, ўзаро ҳамкорлик борасида келишиб олдилар.
25 июнда делегация вакиллари Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Маданият вазирлиги ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликларида учрашувлар ўтказиши мўлжалланмоқда.
Туркия элчихонаси матбуот хизмати вакилининг Озодлик радоисига берган маълумотларига кўра, делегация пайшанба куни Тошкентдан Бишкекка учиб кетади. У ерда Решат Доғлунинг Қирғизистон президенти Асқар Ақаев билан учрашув ўтказиши кутилмоқда.

Бугун Исроил кучлари Ғазо ҳудудида жангариликда гумон этилган 6 фаластинликни отиб ўлдирди ва Фаластин лидери Ясир Арафатнинг Рамаллоҳ шаҳридаги қароргоҳини яна қуршовга олди.

Фаластин манбаларининг билдиришича, Ғазода қилинган ҳаво хужумларида радикал Ҳамаз гуруҳининг камида 2 та юқори лавозимли амалдори ҳалок бўлган. Исроил ҳарбийлари бу хабарни рад этишди. Ҳамаз яқинда Исроилда содир этилган бир неча портлаш жавобгарлигини ўз зиммасига олди. Ғазодаги хужумдан сал олдинроқ, Исроил танклари Рамаллоҳ шаҳрига кириб, Арафат қароргоҳи атрофини тўсиб қўйди. Бугун Исроил аскарлари Женин ва Хеброн шаҳарларида ҳам жангариликда гумон этилган камида 10 фаластинликни ҳибсга олдилар.

Бугун Озарбайжон президенти Ҳайдар Алиев Кобулда жойлашган халқаро хавфсизлик кучлари сафида Озербайжон аскарлари ҳам хизмат қилишини айтди.

Ўтган хафтада Туркия Британиядан халқаро хавфсизлик кучларига қўмондонлик қилиш вазифасини қабул қилди.

Бугун АҚШ ҳарбий амалдори “Ал Қаида” нинг Афғонистондаги аксил террор кампаниясида тармоқ деярли зарар кўрмагани тўғрисида қилган даъвосини рад этди.

АҚШ армияси матбуот вакили полковник Рожэр Кинг бундай даъволар ҳақиқатга тўғри келмаслигини қайд этиб, АҚШ етакчилигида олиб борилган ҳарбий амалиëтларда “Ал Қаида” нинг фаолият кўрсатиш имкониятига катта зарар етказилганини таъкидлади. Бугун АҚШнинг Афғонистондаги қўмондонлиги тарқатган бошқа бир хабарга кўра, Хост шаҳри яқинидаги АҚШ махсус қўшинларига қарата бир ракета отилган. Талофатлар ва бу ҳодиса қачон содир бўлгани хақда маълумот берилмади.

Бугун Россия чегара соқчилари матбуот вакилининг айтишига кўра, кеча тунда Афғонистондан Тожикистонга ўтишга уринган 2 киши отиб ўлдирилган.

Тожикистон ва Россия чегара соқчилари жорий йил бошидан буëн, аксари героиндан иборат 2 тоннадан ошиқ наркотикни мусодара қилишди, шунингдек, 30 га яқин контрабандистни отиб ўлдиришди ва Афғонистондан Тожикистонга наркотиклар олиб ўтишга уринган яна 700 кишини ҳибсга олдилар. БМТ маълумотларига қараганда, шу йили Афғонистонда тахминан 3.000 тонна кўкнор етиштирилиши мумкин. Афғонистонда ишлаб чиқарилаëтган наркотиклар қўшни давлатлар орқали Европага ташилмоқда.

Шанба кунги зилзила оқибатида кўплаб қишлоқ вайрон бўлганидан кейин бугун Эрон расмийлари уй-жой қуриш ишларида хавфсизлик стандартларига риоя этмаëтганлари учун танқидга учрадилар.

Депутат Валиоллоҳ Азарашнинг айтишига қараганда, зилзилада кўп одам ҳалок бўлганига уйларнинг омонат қурилгани сабаб бўлган. Эрон Қизил ярим ой жамияти расмий маълумотларига кўра, табиий офат натижасида тахминан 220 одам қурбон бўлган, аммо маҳаллий расмийларнинг айтишларича, ўлган одамлар сони бу кўрсатгичдан анча кўп бўлиши мумкин. Шанба кунги зилзила оқибатида Қавзин вилоятида кўплаб қишлоқ вайрон бўлди, минглаб одам жароҳатланди ва уйсиз қолди. Бугун Эронга яна бир неча давлат, жумладан Белгия 250.000 евро ва Қувайт Қизил ярим ой жамияти 50.000 доллар қимматида шошилинч равишда ëрдам жўнатишини билдирди.

Бугун Қозоғизистон мухолифат лидери ва собиқ ҳукумат расмий вакилининг суд иши бошланади.

Собиқ савдо ва саноат вазири Муҳтор Аблязов коррупцияда айбланмоқда. Аблязов адвокатларининг айтишларича, Қозоғистон Демократик танлови ҳаракати лидери Муҳтор Аблязовга қарши қўйилган барча айбномалар сиëсий аҳамиятга моликдир. Мухбиримизнинг айтишига қараганда, Алматида ўтказилаëтган суд ишида ўнлаб одамнинг гувоҳлик бериши кутилади.

Бугун Пекинда Хитой ва Қирғизистон президентлари 8 та янги иккитомонлама шартномани имзоладилар.

Иккитомонлама солиқ олмаслик, академик сертификатларни тан олиш, адлия вазирликлари ўртасида, энергетека ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилиш - имзоланган келишувлар жумласига киради. Эртага президент Асқар Ақаев Хитой бош вазири Жу Ронгжу билан музокаралар олиб боради. Ақаев Қирғизистон мустақиллигининг биринчи 10 йиллигига бағишланган сўнгги китобини ҳам тақдим этади.

Бугун Россия президенти Владимир Путиннинг айтишига қараганда, НАТОга аъзолик - альянсга қўшилишга ҳаракат қилаëтган давлатларнинг хавфсизлигини мустаҳкамламайди.

Кремлда матбуот конференциясида сўз юритган Путин, Россия номзод давлатлар Эстония, Латвия ва Литванинг НАТОга аъзо бўлишига қаршилик кўрсатмаслигини, аммо НАТОнинг кенгайтирилиши бу давлатлардаги хавфсизлик вазиятига ëрдам бермаслигини қайд этди. Путин, шунингдек, Жаҳон савдо ташкилотини Россияни тезроқ қабулга қилишга чақириб, Россиянинг қўшилиши ташкилотга иқтисодий ишлар учун бир структура яратишга ва иқтисодий жиноятга қарши курашда ëрдам беришини айтди. Президент Европа иттифоқининг, Литва ва Польша ўртасида жойлашган Калининградга саëҳат қилувчи россияликларга виза режимини жорий этиш режасига мутлақо қарши эканини яна такрорлади. Унинг таъкидлашича, Россия давлатнинг суверент худудини ажратиб қўядиган сиëсатни ҳеч қачон қабул қилмайди.

АҚШнинг Аризона штатида ўрмон ëнғинлари ҳали ҳам давом этмоқда.

Кучли шамол эсаëтгани натижасида ўт ўчирувчиларнинг иши янада оғирлашди. Ҳозир тахминан 80 километрлик масофагача тарқалган ўрмон ëнғинларини умуман тўхтатиб бўлмаяпти. Ëнғин оқибатида ўрмон атрофидаги қишлоқларда яшовчи 25.000 одам эвакауция қилинди ва кўплаб уйлар кул-тепага айланди. Тез тарқалаëтган ëнғин энди ўрмон яқинидаги Шов Лов шаҳарчасига ҳам таҳдид этмоқда.

Америкалик ва британиялик ҳарбийлар Афғонистоннинг жанубий минтақаларида толиблар лидери Мулла Умар ва унинг сафдошларини ушлаш бўйича кенгмиқёсли амалиётлар ўтказмоқдалар.

Мазкур амалиётларда юзлаган ҳарбий хизматчи иштирок этмоқда. Амалиётлар мулла Умар мамлакатнинг жанубидаги тоғли минтақада яширинган, деган маълумот қўлга киритилганидан сўнг бошланди. Мулла Умар билан бирга собиқ толиблар ҳукуматида Мудофаа вазири лавозимини эгаллаб турган мулла Убайдуллоҳ ҳамда бир қатор бошқа шахслар борлиги тахмин қилинмоқда.
Британия денгиз пиёдалари Покистон чегарасидаги қишлоқда аксилтеррор амалиётлари бошлангандан буён биринчи бор энг йирик қурол-яроғ омборини топдилар. Топилган қуроллар орасида минометлар, ракеталар бор. 10 киши ҳибсга олинди.

Усама бин Ладиннинг вакили "Ал-Қаида" террористик ташкилоти раҳбари ва унинг яқин сафдоши Айман ал Завахри АҚШ ҳарбийлари томонидан ўтказилган бомбардировкалар чоғида Афғонистоннинг шарқидаги тоғларда нобуд бўлишган, деган маълумотларни инкор этди.

Сулаймон Абу Гейснинг чиқиши ёзилган видеотасмани бугун Қатарнинг Ал Жазира телеканали намойиш қилди.
Абу Гейс "Ал-Қаида" бутун дунё бўйлаб Америкага қарашли объектларга янги хужумлар уюштиришга тайёр эканлигини билдирди. Туниснинг Жерба оролидаги синагогда шу йилнинг апрелида содир этилган террористик хуруж ҳам "Ал-Қаида" томонидан уюштирилган эди, деди Абу Гейс.
Видеоёзувнинг қалбаки эмаслигини тасдиқлашнинг ҳозирча иложи йўқ, дейилади хабарларда. Унинг қачон ва қаерда суратга олингани аниқ эмас. Телеканал раҳбарияти ёзувни қаердан олгани ҳақида хабар бермаган.
АҚШ маъмурияти вакиллари ҳозирча вазиятни шарҳламаяптилар. Вашингтон Усама бин Ладиннинг ўлганлиги тўғрисида ишончли далиллари йўқ эканлиги ҳақида аввал баёнот берган эди.

Россиянинг Краснодар ўлкасида 200 нафар месхети турки шанба куни очлик эълон қилди.

Маҳаллий ҳокимиятнинг месхети туркларига нисбатан олиб бораётган дискриминацион сиёсати туфайли ўтказилмоқда мазкур норозилик акцияси.
Бу ҳақда "Франс-пресс" ахборот агентлиги инсон ҳуқуқлари бўйича Новороссийск қўмитасидан олинган маълумотга таяниб хабар берган.
Шу йилнинг февралида Краснодар ўлкасининг Қонун чиқарувчи мажлиси мигрантлар ҳуқуқларини камситувчи қарор қабул қилган эди.

Озарбайжон президенти Ҳайдар Алиев мамлакат конституциясига ўзгартириш киритиш бўйича рефередум ўтказиш ҳақида фармонни имзолади.

Референдумни 24 августда ўтказиш белгиланди.
Асосий қонуннинг 20 та моддасига, жумладан президент сайлови тўғрисидаги моддасига ҳам ўзгартишлар киритиш таклиф қилинмоқда. Умумхалқ овоз беришида бу таклифлар қабул қилинса, мамлакат президентлигига номзод сайловчилар овозларининг оддий кўпчилигини олиши кифоя қилади. Ҳозир эса президент бўлиш учун номзод сайловчилар овозларининг учдан икки қисмини олиши лозим.
Ёши 79га чиққан Алиев шу ҳафтада ўз номзодини учинчи бор президентликка қўйишга қарор қилганини эълон қилди. Сайловлар кейинги йилнинг октябрида бўлиб ўтади.
Мухолифат Озарбайжонда 1998 йили бўлиб ўтган президентлик сайловларини бойкот қилган эди. Хорижий кузатувчилар ўша сайловларни нодемократик сайловлар, деб баҳолагандилар.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG