Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2019, Тошкент вақти: 07:52

Халқаро хабарлар

Америкалик ва британиялик ҳарбийлар Афғонистоннинг жанубий минтақаларида толиблар лидери Мулла Умар ва унинг сафдошларини ушлаш бўйича кенгмиқёсли амалиётлар ўтказмоқдалар.

Мазкур амалиётларда юзлаган ҳарбий хизматчи иштирок этмоқда. Амалиётлар мулла Умар мамлакатнинг жанубидаги тоғли минтақада яширинган, деган маълумот қўлга киритилганидан сўнг бошланди. Мулла Умар билан бирга собиқ толиблар ҳукуматида Мудофаа вазири лавозимини эгаллаб турган мулла Убайдуллоҳ ҳамда бир қатор бошқа шахслар борлиги тахмин қилинмоқда.
Британия денгиз пиёдалари Покистон чегарасидаги қишлоқда аксилтеррор амалиётлари бошлангандан буён биринчи бор энг йирик қурол-яроғ омборини топдилар. Топилган қуроллар орасида минометлар, ракеталар бор. 10 киши ҳибсга олинди.

Усама бин Ладиннинг вакили "Ал-Қаида" террористик ташкилоти раҳбари ва унинг яқин сафдоши Айман ал Завахри АҚШ ҳарбийлари томонидан ўтказилган бомбардировкалар чоғида Афғонистоннинг шарқидаги тоғларда нобуд бўлишган, деган маълумотларни инкор этди.

Сулаймон Абу Гейснинг чиқиши ёзилган видеотасмани бугун Қатарнинг Ал Жазира телеканали намойиш қилди.
Абу Гейс "Ал-Қаида" бутун дунё бўйлаб Америкага қарашли объектларга янги хужумлар уюштиришга тайёр эканлигини билдирди. Туниснинг Жерба оролидаги синагогда шу йилнинг апрелида содир этилган террористик хуруж ҳам "Ал-Қаида" томонидан уюштирилган эди, деди Абу Гейс.
Видеоёзувнинг қалбаки эмаслигини тасдиқлашнинг ҳозирча иложи йўқ, дейилади хабарларда. Унинг қачон ва қаерда суратга олингани аниқ эмас. Телеканал раҳбарияти ёзувни қаердан олгани ҳақида хабар бермаган.
АҚШ маъмурияти вакиллари ҳозирча вазиятни шарҳламаяптилар. Вашингтон Усама бин Ладиннинг ўлганлиги тўғрисида ишончли далиллари йўқ эканлиги ҳақида аввал баёнот берган эди.

Россиянинг Краснодар ўлкасида 200 нафар месхети турки шанба куни очлик эълон қилди.

Маҳаллий ҳокимиятнинг месхети туркларига нисбатан олиб бораётган дискриминацион сиёсати туфайли ўтказилмоқда мазкур норозилик акцияси.
Бу ҳақда "Франс-пресс" ахборот агентлиги инсон ҳуқуқлари бўйича Новороссийск қўмитасидан олинган маълумотга таяниб хабар берган.
Шу йилнинг февралида Краснодар ўлкасининг Қонун чиқарувчи мажлиси мигрантлар ҳуқуқларини камситувчи қарор қабул қилган эди.

Озарбайжон президенти Ҳайдар Алиев мамлакат конституциясига ўзгартириш киритиш бўйича рефередум ўтказиш ҳақида фармонни имзолади.

Референдумни 24 августда ўтказиш белгиланди.
Асосий қонуннинг 20 та моддасига, жумладан президент сайлови тўғрисидаги моддасига ҳам ўзгартишлар киритиш таклиф қилинмоқда. Умумхалқ овоз беришида бу таклифлар қабул қилинса, мамлакат президентлигига номзод сайловчилар овозларининг оддий кўпчилигини олиши кифоя қилади. Ҳозир эса президент бўлиш учун номзод сайловчилар овозларининг учдан икки қисмини олиши лозим.
Ёши 79га чиққан Алиев шу ҳафтада ўз номзодини учинчи бор президентликка қўйишга қарор қилганини эълон қилди. Сайловлар кейинги йилнинг октябрида бўлиб ўтади.
Мухолифат Озарбайжонда 1998 йили бўлиб ўтган президентлик сайловларини бойкот қилган эди. Хорижий кузатувчилар ўша сайловларни нодемократик сайловлар, деб баҳолагандилар.

Исроил ҳарбийлари танклар ёрдамида бугун эрталаб Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги Фаластинга қарашли Қалқилия шаҳрига кирдилар.

Шаҳарда комендантлик соати жорий этилди.
Қалқилия шаҳрига қилинган рейд Исроил ҳарбийлари ўтказаётган кенгмиқёсли амалиётларнинг бир қисмидир. Бу амалиётлар 30 га яқин исроилликнинг нобуд бўлишига олиб келган бир неча террористик хуружга жавоб тариқасида ўтказилмоқда.
Исроил ҳарбийлари Наблус, Женин, Тулкарм, Байтулҳам шаҳарларини ва Рамаллоҳ шаҳри атрофларини ишғол қилиб турибдилар.
Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги амалиётлар қўмондони генерал Амос Гилад Исроил радиосига берган интервьюсида армия Фаластин ҳудудларида ҳарбий бошқарувни жорий этмоқчи эмас, гап "террористларнинг базалари" устидан назорат ўрнатиш ҳақида бормоқда, холос, деди.
Ўтказилаётган ҳарбий амалиётлар муносабати билан бугун Исроилда заҳирадаги ҳарбий хизматчиларни сафарбар қилиш эълон этилди.

Қирғизистон сиёсий мухолифатининг бир неча юз фаоли бугун мамлакат жанубидаги Ўш шаҳрига етиб келди.

Улар парламент депутати Азимбек Бекназаровга қўйилган айбловларни бекор қилишни талаб этаяптилар. Намойишчилар Ўшда митинг уюштиришни режалаштирганлар.

Мазкур акция тафсилотларини дастуримиз давомида тинглашингиз мумкин.

Шанба куни кечқурун Севилья шаҳрида глобализмга қарши кучларнинг кўпминг кишилик намойиши бўлиб ўтди.

Мазкур акция икки кун давомида бу шаҳарда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи саммитининг ёпилиши муносабати билан ўтказилди.
Полиция маълумотларига кўра намойишда 20 минг киши иштирок этди. Намойиш уюштирувчиларига кўра эса, акцияда қатнашганлар сони ўн баравар кўпдир.
Севильяда бўлиб ўтган намойишда, март oйида Барселонада ўтказилган намойишдан фарқли ўлароқ, полиция билан тўқнашувлар юз бермади.

Эроннинг шимоли-ғарбида қутқарувчилар зилзила оқибатида вайроналар остида қолганларни қутқариш ишларини давом эттирмоқдалар.

Мамлакат расмийлари шанба куни камида 500 киши нобуд бўлгани, бир ярим мингдан зиёд киши жароҳатлангани ҳақида эълон қилгандилар. Бироқ олис тоғ қишлоқларидан хабарлар етиб келгач, қурбон бўлганлар миқдори анча кўп бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
Қизил Ярим Ой жамияти маълумотларига кўра 5 минг уй вайрон бўлган, 25 минг киши бошпанасиз қолган. Эроннинг шимоли-ғарбидаги Казвин вилоятига бугун БМТнинг махсус миссияси жўнаб кетди. У юз берган табиий офат кўламини аниқлайди ва бу минтақага шошилинч инсонпарварлик ёрдами етказишни уюштиради.
АҚШ президенти Жорж Буш Қўшма Штатлар зилзиладан зарар кўрган минтақага озиқ-овқат ва дори-дармонлар жўнатишга тайёр эканлигини билдирди.

Хитой Жанубий Кореянинг Пекиндаги консулхонасига кириб олган 20 дан зиёд Шимолий Корея фуқаросига мамлакатдан чиқиб кетишга рухсат беради, деб баёнот берди Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили.

Агар улар Хитой ҳудудида тартиббузарлик қилмаган бўлсалар, Хитойдан ҳеч қандай монеликсиз чиқиб кетишлари мумкин, деди вакил.

Бугун Испанияда яна портлаш содир этилди.

Соҳил бўйидаги Мижас шаҳридаги икки меҳмонхона оралиғида ичига бомба қўйилган машина портлади. Қурбонлар тўғрисида ҳозирча айтилмаяпти. Бу каби портлашлар Испания жума куни ҳам содир этилганди. Мамлакат жанубидаги шаҳарларда ичига бомба қўйилган икки машина портлатилгани оқибатида олти нафар хорижлик сайёҳ жарохат олди. Ҳеч бир ташкилот мазкур портлашга жавобгарликни зиммасига олмади. Полиция мазкур портлашларда ЭТА айирмачиларини айблади.

Бугун Россияда Улуғ Ватан уруши бошланган кун – Хотира ва мотом куни сифатида нишонланмоқда.

Бутун мамлакат бўйлаб давлат байроқлари тушуриб қўйилган. Ушбу сана муносабати билан Россия Президенти Владимир Путин ва ҳукуматнинг бошқа аъзолари Қизил майдондаги номаълум солдат қабоига гулчамбар қўйдилар. Шунингдек, Москванинг турли бурчакларида намойишлар, ҳар хил тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Пойтахтнинг Белорус вокзали ёнида мингга яқин уруш фахрийси тўпланган.

АҚШ Федерал қидирув бюроси террорчилар навбатдаги ҳуружларни уюштиришда бензин ташувчи юк машиналардан фойдаланишлари мумкинлигидан огоҳлантирди.

Федерал қидирув бюроси вакилининг айтишича, ҳоҳ Қўшма Штатларда бўлсин ҳоҳ бошқа давлатларда, ёқилғи қуйиш шаҳобчалари, яҳудий мактабари ва синагогалари навбатдаги террорчилик ҳаракатлари объекти бўлиши мумкин. Апрель ойида бензин ташувчи юк машинаси портлатилгани оқибатида Тунисда 19 киши нобуд бўлган эди.

Ҳиндистон ўз қўшинларини Кашмирга туташ ҳудудлардан орқага олмас экан, Покистон қўшинлари назорат чизиғини тарк этмайди.

Бугун бу ҳақда Исломобод раҳбари Парвез Мушарраф баён қилди. Мушаррафнинг таъкидлашича, бир неча хафта олдин Покистон ва Ҳиндистон ўртасида Кашмир устида уруш чиқишига сал қолганди. Шунга қарамай, дейди Покистон раҳбари, ҳозир ҳам вазият таранглигича қолмоқда. Бу мамлакатларни иккига ажратувчи назорат чизиғининг ҳар икки тарафига миллионлаб қўшин жалб этилган. Гарчи ҳар икки томон ўт очмасликка мажбурият олишган бўлишсада, у ерда вақти –вақти билан ўқ овозлари эшитилиб туради.

АҚШ мустақил Фаластин давлати барпо этиш масаласи юзасидан ўз қарашларини қайта кўриб чиқиши мумкин.

Бугун бу ҳақда Оқ уй вакилларидан бири маълум қилди. Олдинроқ АҚШ Президенти Жорж Буш Исроилнинг Фаластин жангарилари амалга оширган террорчилик ҳаракатларига жавобан олиб бораётган чораларини қўллаб-қувватлаганди. Бушга кўра Исроил ўзини террорчилардан ҳимоя этишга ҳақли. Жума куни бутун Исроил бўйлаб армияга сафарбарлик эълон этилди. Бугунга келиб ғарбий соҳилдаги олти фалатин шаҳри исроилликлар томонидан ишғол этилди. Ушбу хафта фаластин террорчилари томонидан содир этилган ҳуружлар оқибатида жами 30 исроиллик ҳалок бўлди. Кеча Жининда Исроил харбийлари тўрт фаластинликни отиб ўлдирган, улар орасида ёш болалар ҳам бор. Бироқ, исроил харбийлари нишон нотўғри бўлганини айтишган.

Бугун Эронда кучли зилзила рўй берди.

ИРНА ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра зилзила оқибатида камида 500 киши ҳалок бўлган, 1000 га яқини жароҳатланган. Зилзила эпидмаркази мамлакатнинг шимолий-шарқида бўлиб, у Рихтер шкаласи бўйича 6.3 бални ташкил этган. Эрон радиосининг хабарларига кўра мамлакатнинг Казвин ва Хамадан вилоятлари зилзиладан кучли талофат кўрган. Ҳозирда мазкур худудларда қутқарувчилар иш олиб бормоқда. Шунингдек, зилзила эпидмарказдан 225 километр узоқда бўлган пойтахт Теҳронда ҳам қайд этилди.

Бугун Испаниянинг Севилья шаҳрида Европа Иттифоқи саммити ниҳоясига етмоқда.

Саммит давомида унинг иштирокчилари ноқонуний иммиграцияга қарши кураш ҳамда Иттифоқни кенгайтириш масалаларини муҳокама этдилар. Бугун саммитнинг якунловчи ҳужжати қабул қилинши керак. Унга Европа Иттифоқига аъзо-давлатлар ноқонуний иммиграцияга қарши курашни мувофиқлаштирилган холда олиб боришлари керак бўлади. Саммитда чиқиш қилган Испания ташқи ишлар вазири Хосе Пикке барча-аъзо давлатларни мазкур ҳужжатни қўллаб-қувватлашларини сўради.
Европа иммиграцияга қарши эмас. Биз Европа Иттифоқига қонуний равишда кираётган иммгрантлар ҳуқуқларини ҳимоя этиш механизмини яратишимиз керак. Биз уларнинг жамиятимизга ассимиляция бўлишлари тарафдоримиз. Бироқ, чегарадан ноқонуний ўтишлар давом этар экан, бунга курашмасдан бошқа чорамиз йўқ деб таъкидлади, Испания ташқи ишлар вазири. Маълумотларга кўра йилига 500минг иммигрант Европа Иттифоқи ўлкаларига ноқонуний тарзда ўтишлари қайд этилган. Саммитда шунингдек, яна бир масала мухокама этилди. У ҳам бўлса Европа Иттифоқини кенгайтириш масаласидир. 2003 йилнинг бахорига келиб Шарқий Европанинг 10 давлати Венгрия, Қибрис, уч Болтиқбўйи давлати, Мальта, Польша, Словакия, Словения ва Чехияларнинг Иттифоққа кириш шартномалари кўриб чиқилиши керак.

Япония ва Корея ўйингоҳларида футбол бўйича жаҳон чемпионати ўйинлари бугун ҳам давом этди.

Чемпионат мезбони Корея терма жамоаси Испания устидан ғалаба қозониб ярим финалга йўлланма олди. Корея жамоаси ярим финалда Германия футболчилари билан учрашади. Шунингдек, Туркия Сенегал устидан 1:0 хисобида ғалаба қозониб ярим финалга йўлланма олган тўртинчи жамоа бўлди. Қўшимча вақтда туркиялик футболчи Илканнинг олтин голи ўйин натижасини ҳал этди. Туркия ярим финалда Бразилия терма жамоаси билан учрашади.

Янги Зелландия Католик черкови сўнгги ўн йил мобайнида черков рухонийлари томонидан 38 жинсий тажоввуз холати қайд этилганини расман тасдиқлади.

Кўплаб фуқаролардан тушган арз-даъволарга кўра жинсий тужоввузга учраганларнинг аксарияти болалар экани аниқланди. Сўнгги пайтларда Европа ва АҚШ черковларида баччабозлик, бесоқолбозлик иллатлари кенг тарқалгани айтилмоқда. Бунинг оқибатида, 250 черков рухонийси баччабозликда гумон этилиб ўз лавозимларидан четлаштирилди.

САВДОГАРЛАР НОРОЗИЛИК НАМОЙИШИНИ УЮШТИРИШДИ

21 июн куни Тошкент шаҳрининг Қатортол кўчасида жойлашган бозорча савдогарлари норозилик намойишини уюштиришди. Уларга кўра бозорга сайланган янги раҳбар савдогарлар ҳуқукларини қўпол равишда бузган. Савдогарларнинг айтишларича¸ ҳеч бир изоҳсиз дўконларни бузиш ва товарларни кўчага улоқтириш буюрилган. Савдогарлар янги раҳбардан ўз ҳатти-ҳаракатини изоҳлаб беришни талаб қилишмоқда.

ЖОРЖТАУН УНИВЕРСИТЕТИ ДИНИЙ АРБОБИ ЯХЬЯ ХЕНДИ ЎЗБЕКИСТОНГА ТАШРИФ ҚИЛМОҚДА

Жоржтаун университети диний арбоби имом Яхья Хенди АҚШ элчихонаси ҳомийлигидаги бир қатор дастурларда иштирок этиш ниятида Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ташриф дастурига кўра имом Хенди ўзбек ҳамкасблари билан учрашувлар ўтказиши ва маҳаллий таълим муассасаларида лекциялар ўқиши мўлжалланган.
22 июн куни имом Хенди Фарғона, Андижон ҳамда Қўқон шаҳарларига сафар қилади. У ерда имом Хенди нодавлат ташкилотлар вакиллари ва дин пешволари билан учрашувлар ўтказади.

Бугун Белград маҳкамаси серб телевидениеси собиқ раҳбари Драголюб Милановичга 10 йил қамоқ жазосини белгилади.

Маҳкама Милановични 1999 йилда НАТО учқичлари Белградни бомбалаганида 16 киши ўлгани учун айбдор деб топди. Ўшанда телевидение собиқ раҳбари атайлаб ходимларни эвакуация қилиш борасидаги буйруққа бўйсунмаган эди. Оқибатда телевидениенинг техник ходимлари ва соқчилари ҳалок бўлди. Миланович адвокатлари эса маҳкама қарорини инкор этиб, даъво аризаси билан чиқажакларини айтишган. НАТО қўмондонлиги вакилларининг таъкидлашларича серб телевидениеси Слободан Милошевичнинг ҳарбий-сиёсий пропаганда машинаси бўлиб келган. Шунинг учун ҳам телевидение биноси 1999 йилда нишонга олинган эди, дейишмоқда улар.

Бразилиялик машҳур футболчи Пелега кўра, Япония ва Жанубий Кореяда ўтаётган бу галги футбол бўйича жаҳон чемпионати давомида ҳакамларнинг кўплаб ҳатолари туфайли айрим соҳтагарчиликларга йўл қўйилган.

Бугун Токиода чиқиш қилган Пеле Халқаро Футбол Федерацияси - ФИФАни ҳакамлар ишига жиддий эътибор билан қарашга чақирди. Шунингдек, Пеле 2010 йилги жаҳон чемпионатини Африкада ўтказиш бўйича ФИФА қарорини танқид қилди. Брозилиялик футболчига кўра, Африканинг ҳеч бир давлати бу каби нуфузли турнирни қабул қилиб олиш учун етарли инфратузилмага эга эмас.
Бугун футбол бўйича жаҳон чемпионати ўйинлари давом этди. Япониянинг Сидзуока шаҳрида Бразилия Англия устидан 2:1 хисобида ғалаба қозониб, чемпионатнинг ярим финалига чиққан илк команда бўлди. Бразилиянинг ярим финалдаги рақиби эртага Туркия ва Сенегал терма жамоалари ўртасидаги бахслашувлардан сўнг маълум бўлади.

Абу – Сайёф Филиппин экстремист гуруҳи етакчиларидан бўлган Абу Сабайя ҳукумат қўшинлари билан бўлиб ўтган сўнгги жанглар давомида ҳалок бўлган ёки оғир жароҳатланган бўлиши мумкин.

Бугун бу ҳақда Филиппин раҳбари Глория Арройо маълум қилди.
Ҳақиқий исми Алдам Тилао бўлган Сабайя Филиппин экстремистлари беш етакчисидан бири бўлган. Унинг қаердалиги борасидаги маълумот учун АҚШ ҳукумати беш миллион доллар мукофот белгилаган эди. Сабайя бир неча филиппинликни, шу жумладан уч америка фуқаросини гаровга олгани ҳақида маълумотлар бор. Яқинда улардан бири қатл этилган эди. Шунингдек, Абу-Сайёф гуруҳининг Ал-Қаида ташкилоти билан яқин алоқада экани таҳмин этилмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти энг хавфли болалар касаллиги хисобланган полиомиелитга Европада барҳам берилганини расман эълон қилди.

Ташкилот тарқатган маълумотларда айтилишича, эндиликда полиомиелит фақат Африка ва Жанубий Осиёда қайд этилган. Агар бу мамлакатларда эмлаш кампанияси вақтида олиб борилса, 2005 йилга бориб полиомиелит вируси батамом йўқ қилиниши мумкин, дейишмоқда ташкилот вакиллари.

Бугун Кашмир минтақасида ҳинд ҳарбийлари камида беш ислом жангарисини отиб ўлдирган.

Қуролли тўқнашувлар ислом экстремист гуруҳлари яшириниб олган Ҳиндистоннинг Жамму ва Кашмир штатида кузатилган. Яқинда Покистон президенти Парвез Мушарраф террорчиларнинг Ҳиндистон ичкарисига киришларига бошқа йўл қўйилмаслигини ваъда қилган эди. Кеча Ҳиндистон ҳарбийларидан бири, Мушарраф ўз сўзида турибди, бироқ чегара ҳудудларидан қўшинларни орқага олишга ҳали эрта деб таъкидлаган. Гарчи, Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги таранглик бироз юмшаган бўлсада, бу мамлакатларни иккига ажратувчи чегара ҳудудларда қўшинлар урушга шай турибди. Вақти-вақти билан отишмалар кузатилмоқда.

Давомини ўқинг

OzodTa'sir

XS
SM
MD
LG