Линклар

Шошилинч хабар
23 август 2019, Тошкент вақти: 07:22

Халқаро янгиликлар

Бугун Испанияда яна портлаш содир этилди.

Соҳил бўйидаги Мижас шаҳридаги икки меҳмонхона оралиғида ичига бомба қўйилган машина портлади. Қурбонлар тўғрисида ҳозирча айтилмаяпти. Бу каби портлашлар Испания жума куни ҳам содир этилганди. Мамлакат жанубидаги шаҳарларда ичига бомба қўйилган икки машина портлатилгани оқибатида олти нафар хорижлик сайёҳ жарохат олди. Ҳеч бир ташкилот мазкур портлашга жавобгарликни зиммасига олмади. Полиция мазкур портлашларда ЭТА айирмачиларини айблади.

Бугун Россияда Улуғ Ватан уруши бошланган кун – Хотира ва мотом куни сифатида нишонланмоқда.

Бутун мамлакат бўйлаб давлат байроқлари тушуриб қўйилган. Ушбу сана муносабати билан Россия Президенти Владимир Путин ва ҳукуматнинг бошқа аъзолари Қизил майдондаги номаълум солдат қабоига гулчамбар қўйдилар. Шунингдек, Москванинг турли бурчакларида намойишлар, ҳар хил тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Пойтахтнинг Белорус вокзали ёнида мингга яқин уруш фахрийси тўпланган.

АҚШ Федерал қидирув бюроси террорчилар навбатдаги ҳуружларни уюштиришда бензин ташувчи юк машиналардан фойдаланишлари мумкинлигидан огоҳлантирди.

Федерал қидирув бюроси вакилининг айтишича, ҳоҳ Қўшма Штатларда бўлсин ҳоҳ бошқа давлатларда, ёқилғи қуйиш шаҳобчалари, яҳудий мактабари ва синагогалари навбатдаги террорчилик ҳаракатлари объекти бўлиши мумкин. Апрель ойида бензин ташувчи юк машинаси портлатилгани оқибатида Тунисда 19 киши нобуд бўлган эди.

Ҳиндистон ўз қўшинларини Кашмирга туташ ҳудудлардан орқага олмас экан, Покистон қўшинлари назорат чизиғини тарк этмайди.

Бугун бу ҳақда Исломобод раҳбари Парвез Мушарраф баён қилди. Мушаррафнинг таъкидлашича, бир неча хафта олдин Покистон ва Ҳиндистон ўртасида Кашмир устида уруш чиқишига сал қолганди. Шунга қарамай, дейди Покистон раҳбари, ҳозир ҳам вазият таранглигича қолмоқда. Бу мамлакатларни иккига ажратувчи назорат чизиғининг ҳар икки тарафига миллионлаб қўшин жалб этилган. Гарчи ҳар икки томон ўт очмасликка мажбурият олишган бўлишсада, у ерда вақти –вақти билан ўқ овозлари эшитилиб туради.

АҚШ мустақил Фаластин давлати барпо этиш масаласи юзасидан ўз қарашларини қайта кўриб чиқиши мумкин.

Бугун бу ҳақда Оқ уй вакилларидан бири маълум қилди. Олдинроқ АҚШ Президенти Жорж Буш Исроилнинг Фаластин жангарилари амалга оширган террорчилик ҳаракатларига жавобан олиб бораётган чораларини қўллаб-қувватлаганди. Бушга кўра Исроил ўзини террорчилардан ҳимоя этишга ҳақли. Жума куни бутун Исроил бўйлаб армияга сафарбарлик эълон этилди. Бугунга келиб ғарбий соҳилдаги олти фалатин шаҳри исроилликлар томонидан ишғол этилди. Ушбу хафта фаластин террорчилари томонидан содир этилган ҳуружлар оқибатида жами 30 исроиллик ҳалок бўлди. Кеча Жининда Исроил харбийлари тўрт фаластинликни отиб ўлдирган, улар орасида ёш болалар ҳам бор. Бироқ, исроил харбийлари нишон нотўғри бўлганини айтишган.

Бугун Эронда кучли зилзила рўй берди.

ИРНА ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра зилзила оқибатида камида 500 киши ҳалок бўлган, 1000 га яқини жароҳатланган. Зилзила эпидмаркази мамлакатнинг шимолий-шарқида бўлиб, у Рихтер шкаласи бўйича 6.3 бални ташкил этган. Эрон радиосининг хабарларига кўра мамлакатнинг Казвин ва Хамадан вилоятлари зилзиладан кучли талофат кўрган. Ҳозирда мазкур худудларда қутқарувчилар иш олиб бормоқда. Шунингдек, зилзила эпидмарказдан 225 километр узоқда бўлган пойтахт Теҳронда ҳам қайд этилди.

Бугун Испаниянинг Севилья шаҳрида Европа Иттифоқи саммити ниҳоясига етмоқда.

Саммит давомида унинг иштирокчилари ноқонуний иммиграцияга қарши кураш ҳамда Иттифоқни кенгайтириш масалаларини муҳокама этдилар. Бугун саммитнинг якунловчи ҳужжати қабул қилинши керак. Унга Европа Иттифоқига аъзо-давлатлар ноқонуний иммиграцияга қарши курашни мувофиқлаштирилган холда олиб боришлари керак бўлади. Саммитда чиқиш қилган Испания ташқи ишлар вазири Хосе Пикке барча-аъзо давлатларни мазкур ҳужжатни қўллаб-қувватлашларини сўради.
Европа иммиграцияга қарши эмас. Биз Европа Иттифоқига қонуний равишда кираётган иммгрантлар ҳуқуқларини ҳимоя этиш механизмини яратишимиз керак. Биз уларнинг жамиятимизга ассимиляция бўлишлари тарафдоримиз. Бироқ, чегарадан ноқонуний ўтишлар давом этар экан, бунга курашмасдан бошқа чорамиз йўқ деб таъкидлади, Испания ташқи ишлар вазири. Маълумотларга кўра йилига 500минг иммигрант Европа Иттифоқи ўлкаларига ноқонуний тарзда ўтишлари қайд этилган. Саммитда шунингдек, яна бир масала мухокама этилди. У ҳам бўлса Европа Иттифоқини кенгайтириш масаласидир. 2003 йилнинг бахорига келиб Шарқий Европанинг 10 давлати Венгрия, Қибрис, уч Болтиқбўйи давлати, Мальта, Польша, Словакия, Словения ва Чехияларнинг Иттифоққа кириш шартномалари кўриб чиқилиши керак.

Япония ва Корея ўйингоҳларида футбол бўйича жаҳон чемпионати ўйинлари бугун ҳам давом этди.

Чемпионат мезбони Корея терма жамоаси Испания устидан ғалаба қозониб ярим финалга йўлланма олди. Корея жамоаси ярим финалда Германия футболчилари билан учрашади. Шунингдек, Туркия Сенегал устидан 1:0 хисобида ғалаба қозониб ярим финалга йўлланма олган тўртинчи жамоа бўлди. Қўшимча вақтда туркиялик футболчи Илканнинг олтин голи ўйин натижасини ҳал этди. Туркия ярим финалда Бразилия терма жамоаси билан учрашади.

Янги Зелландия Католик черкови сўнгги ўн йил мобайнида черков рухонийлари томонидан 38 жинсий тажоввуз холати қайд этилганини расман тасдиқлади.

Кўплаб фуқаролардан тушган арз-даъволарга кўра жинсий тужоввузга учраганларнинг аксарияти болалар экани аниқланди. Сўнгги пайтларда Европа ва АҚШ черковларида баччабозлик, бесоқолбозлик иллатлари кенг тарқалгани айтилмоқда. Бунинг оқибатида, 250 черков рухонийси баччабозликда гумон этилиб ўз лавозимларидан четлаштирилди.

САВДОГАРЛАР НОРОЗИЛИК НАМОЙИШИНИ УЮШТИРИШДИ

21 июн куни Тошкент шаҳрининг Қатортол кўчасида жойлашган бозорча савдогарлари норозилик намойишини уюштиришди. Уларга кўра бозорга сайланган янги раҳбар савдогарлар ҳуқукларини қўпол равишда бузган. Савдогарларнинг айтишларича¸ ҳеч бир изоҳсиз дўконларни бузиш ва товарларни кўчага улоқтириш буюрилган. Савдогарлар янги раҳбардан ўз ҳатти-ҳаракатини изоҳлаб беришни талаб қилишмоқда.

ЖОРЖТАУН УНИВЕРСИТЕТИ ДИНИЙ АРБОБИ ЯХЬЯ ХЕНДИ ЎЗБЕКИСТОНГА ТАШРИФ ҚИЛМОҚДА

Жоржтаун университети диний арбоби имом Яхья Хенди АҚШ элчихонаси ҳомийлигидаги бир қатор дастурларда иштирок этиш ниятида Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ташриф дастурига кўра имом Хенди ўзбек ҳамкасблари билан учрашувлар ўтказиши ва маҳаллий таълим муассасаларида лекциялар ўқиши мўлжалланган.
22 июн куни имом Хенди Фарғона, Андижон ҳамда Қўқон шаҳарларига сафар қилади. У ерда имом Хенди нодавлат ташкилотлар вакиллари ва дин пешволари билан учрашувлар ўтказади.

Бугун Белград маҳкамаси серб телевидениеси собиқ раҳбари Драголюб Милановичга 10 йил қамоқ жазосини белгилади.

Маҳкама Милановични 1999 йилда НАТО учқичлари Белградни бомбалаганида 16 киши ўлгани учун айбдор деб топди. Ўшанда телевидение собиқ раҳбари атайлаб ходимларни эвакуация қилиш борасидаги буйруққа бўйсунмаган эди. Оқибатда телевидениенинг техник ходимлари ва соқчилари ҳалок бўлди. Миланович адвокатлари эса маҳкама қарорини инкор этиб, даъво аризаси билан чиқажакларини айтишган. НАТО қўмондонлиги вакилларининг таъкидлашларича серб телевидениеси Слободан Милошевичнинг ҳарбий-сиёсий пропаганда машинаси бўлиб келган. Шунинг учун ҳам телевидение биноси 1999 йилда нишонга олинган эди, дейишмоқда улар.

Бразилиялик машҳур футболчи Пелега кўра, Япония ва Жанубий Кореяда ўтаётган бу галги футбол бўйича жаҳон чемпионати давомида ҳакамларнинг кўплаб ҳатолари туфайли айрим соҳтагарчиликларга йўл қўйилган.

Бугун Токиода чиқиш қилган Пеле Халқаро Футбол Федерацияси - ФИФАни ҳакамлар ишига жиддий эътибор билан қарашга чақирди. Шунингдек, Пеле 2010 йилги жаҳон чемпионатини Африкада ўтказиш бўйича ФИФА қарорини танқид қилди. Брозилиялик футболчига кўра, Африканинг ҳеч бир давлати бу каби нуфузли турнирни қабул қилиб олиш учун етарли инфратузилмага эга эмас.
Бугун футбол бўйича жаҳон чемпионати ўйинлари давом этди. Япониянинг Сидзуока шаҳрида Бразилия Англия устидан 2:1 хисобида ғалаба қозониб, чемпионатнинг ярим финалига чиққан илк команда бўлди. Бразилиянинг ярим финалдаги рақиби эртага Туркия ва Сенегал терма жамоалари ўртасидаги бахслашувлардан сўнг маълум бўлади.

Абу – Сайёф Филиппин экстремист гуруҳи етакчиларидан бўлган Абу Сабайя ҳукумат қўшинлари билан бўлиб ўтган сўнгги жанглар давомида ҳалок бўлган ёки оғир жароҳатланган бўлиши мумкин.

Бугун бу ҳақда Филиппин раҳбари Глория Арройо маълум қилди.
Ҳақиқий исми Алдам Тилао бўлган Сабайя Филиппин экстремистлари беш етакчисидан бири бўлган. Унинг қаердалиги борасидаги маълумот учун АҚШ ҳукумати беш миллион доллар мукофот белгилаган эди. Сабайя бир неча филиппинликни, шу жумладан уч америка фуқаросини гаровга олгани ҳақида маълумотлар бор. Яқинда улардан бири қатл этилган эди. Шунингдек, Абу-Сайёф гуруҳининг Ал-Қаида ташкилоти билан яқин алоқада экани таҳмин этилмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти энг хавфли болалар касаллиги хисобланган полиомиелитга Европада барҳам берилганини расман эълон қилди.

Ташкилот тарқатган маълумотларда айтилишича, эндиликда полиомиелит фақат Африка ва Жанубий Осиёда қайд этилган. Агар бу мамлакатларда эмлаш кампанияси вақтида олиб борилса, 2005 йилга бориб полиомиелит вируси батамом йўқ қилиниши мумкин, дейишмоқда ташкилот вакиллари.

Бугун Кашмир минтақасида ҳинд ҳарбийлари камида беш ислом жангарисини отиб ўлдирган.

Қуролли тўқнашувлар ислом экстремист гуруҳлари яшириниб олган Ҳиндистоннинг Жамму ва Кашмир штатида кузатилган. Яқинда Покистон президенти Парвез Мушарраф террорчиларнинг Ҳиндистон ичкарисига киришларига бошқа йўл қўйилмаслигини ваъда қилган эди. Кеча Ҳиндистон ҳарбийларидан бири, Мушарраф ўз сўзида турибди, бироқ чегара ҳудудларидан қўшинларни орқага олишга ҳали эрта деб таъкидлаган. Гарчи, Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги таранглик бироз юмшаган бўлсада, бу мамлакатларни иккига ажратувчи чегара ҳудудларда қўшинлар урушга шай турибди. Вақти-вақти билан отишмалар кузатилмоқда.

Бугун Испанияда Европа Иттифоқи саммити ўтаётган бир пайтда, мамлакат жанубидаги Фуэнхироло шаҳрида ичига бомба қўйилган машина портлади.

Портлаш оқибатида камида беш киши жароҳат олди. Ҳозирча ҳеч бир ташкилот мазкур портлашга жавобгарликни зиммасига олмади. Полиция тахминларига кўра ушбу террорчилик ҳаракати ЭТА айирмачиларининг иши бўлиши мумкин.

Бугун Исроил кучлари танклар ва бронетехника ёрдамида Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги Наблус шаҳрига киритилди.

Ўтган тунда Наблус яқинидаги яҳудийлар истиқомат қиладиган ҳудудларда террорчилик ҳаракати содир этилган. Сал олдинроқ Исроил ҳар бир террорчилик ҳуружи учун янги Фаластин ерлари босиб олинишидан огоҳлантирган эди. Жумага ўтар кечаси қуролланган Фаластин жангариси яҳудийлар истиқомат қиладиган хонадонларнинг бирига бостириб кириб, беш кишини отиб ўлдирган. Улар орасида бир аёл ва ёш болалар ҳам бор. Шунингдек, яна саккиз киши оғир жароҳат олди. Ҳужум уюштирганларнинг бир шу заҳоти отиб ўлдирилди, қолгани эса жойдан ғойиб бўлган. Мазкур террорчилик ҳужумларга жавобгарликни "Фаластин озодлиги халқ жабҳаси" зиммасига олди. Ушбу воқеалардан сўнг Бош вазир Ариэль Шарон раҳбарлигидаги Исроил ҳукумати фавқулодда мажлисга тўпланиб, Фаластин худудларида ҳарбий амалиётларни кенгайтириш масалаларини муҳокама этган. Бутун Исроил бўйлаб армияга сафарбарлик эълон қилинди.

Ноқонуний иммиграцияга қарши кураш масаласи Испаниянинг Севилья шаҳрида бугун иш бошлаган Европа Иттифоқи саммити диққат марказида бўлмоқда.

Саммит иштирокчилари икки кун давомида Европа Иттифоқига аъзо давлатлар раҳбарлари чегараларда назоратни кучайтириш бўйича бир қатор чора-тадбирларни муҳокама этадилар. Жумладан, аъзо давлатлар Иттифоқ чегараларини мустаҳкамлаш учун биргаликда маблағ ажратишлари кўзда тутилмоқда. Денгиз йўллари орқали иммигрантлар оқимини тўхтатиш учун эса ҳарбий денгиз ва ҳаво кучларининг ҳам жалб этилиши, бунинг учун эса Греция, Испания ва Италияга молиявий ёрдамлар ажратиш масалалари кўриб чиқилиши керак. Чунки Европа Иттифоқининг мазкур уч давлатига денгиз йўллари орқали келаётган иммигрантларнинг асосий оқими тўғри келади. Ўрта ер денгизи орқали Африка, Яқин Шарқ ва Болқон мамлакатларидан келаётган иммигрантлар оқими тўхтамаяпти. Маълумотларга кўра йилига 500минг иммигрант Европа Иттифоқи ўлкаларига ноқонуний тарзда ўтиши қайд этилган.

ДОЛЛАР ОЛУВЧИЛАР НАВБАТИ УЗАЙМОҚДА

Кейинги кунларда Тошкент шаҳридаги валюта алмаштириш шахобчаларида АҚШ долларини сотиб олиш учун тўпланиб турган одамлар сони кўпайиб кетганлиги кузатилаётир.
Доллар сотиб олмоқчи бўлаётганларнинг фикрича, валюта алмаштириш шахобчалари ходимлари компьютер бузуқ, доллар кам, сертификат йўқ¸ деган баҳоналар билан ахолига доллар сотгиси келмаяпти.
20 июн куни Ўзбекистон Миллий банкининг Тошкент шаҳар бош бошқармаси валюта алмаштириш шахобчаси олдида 60га яқин одам доллар сотиб ололмаганликлари учун норозилик билдиришган.
Уларнинг айтишича, мазкур банк ҳар-хил баҳоналарни рўкач қилиб, ахолига доллар сотишдан бош тортмоқда.
Бироқ банкнинг валюта амалиётлари бўлими бошлиғининг айтишича, валюта алмаштириш шахобчалари ходимлари тушликка чиқмоқчи бўлишган. Одамлар эса бунга норозилик билдиришган.
Ўзбекистон миллий банкининг валюта алмаштириш шахобчалари бўйича масъули Нодир Назаровнинг «Озодлик» муҳбирига айтишича, «қора» бозорда ноқонуний валюта алмаштириш билан шуғулланувчилар яқинда долларнинг сўмга нисбати ошиб кетади, дея миш-миш тарқатишган. Шу миш-миш сабаб доллар сотиб олмоқчи бўлган одамлар сони кўпайиб кетиб, валюта алмаштириш шахобчалари олдида сезиларли навбатга туришлар пайдо бўлган.
Банк вакили валюта алмаштириш шахобчаларида доллар етарли миқдорда эканини билдирди.
Ўтган ойдан бери республикада хорижий валюта сотиб олиш тартиби бир қанча енгиллаштирилган.

22 МИЛЛИОН ҚОЧОҚЛАРНИНГ 75 ФОИЗИ АЁЛЛАРДИР

20 июн куни Ўзбекистон Бадиий академияси кўргазмалар залида Халқаро қочоқлар кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда БМТнинг Қочоқлар масалалари бўйича олий комисссарлиги вакиллари иштирок этишди. Гарчи 20 июн Халқаро қочоқлар куни бўлса-да, тадбирда кўпроқ аёл қочоқлар ҳақида гапирилди.
БМТнинг Қочоқлар масалалари бўйича олий комиссарлиги эълон қилган маълумотларга кўра, айни кунларда дунёда 22 миллиондан ортиқ қочоқлар мавжуд бўлиб, уларнинг 75 фоизи аёллардир.
Тадбир давомида дунё сураткашларининг қочоқлар ҳаётини акс эттирган суратлари намойиш этилди.

Бугун Ҳиндистон мудофаа вазири Жорж Фернандес, жангариларнинг Покистондан Кашмирнинг Ҳиндистон назоратидаги қисмига кириши деярли тўхтатилганини айтди.

Аммо Фернандеснинг таъкидлашича, ҳозирча Ҳиндистон Покистон билан бўлган чегарадан ўз қўшинларини олиб чиқмайди. Унинг айтишига қараганда, Ҳиндистон ҳукумати Кашмирда “Ал-Қаида” террор гуруҳининг аъзолари борлигига ишонади. Покистон, жангариларни Кашмирнинг Ҳиндистон назоратидаги қисмига киришини тўхтатиши хақида ваъда бериб, ядровий қуролларга эга бўлган рақибини Кашмирнинг келажаги тўғрисида музокаралар олиб боришга чақирди.

Кеча тунда Россия чегара соқчилари Тожикистон-Афғонистон чегарасида содир бўлган тўқнашувда афғонистонлик икки контрабандистни отиб ўлдиришди ва 96 кг героинни қўлга киритишди.

Бугун чегара соқчилари матбуот вакилининг айтишига қараганда, бу жорий йилнинг ҳозирга қадар қўлга киритилган энг катта хажмдаги героиндир. Тожикистон ва Россия чегара соқчилари шу йилнинг бошидан бери 25 контрабандистни отиб ўлдиришди ва 1.5 тонна гиëҳванд моддаларни мусодара этдилар. Улар Афғонистондан Тожикистонга наркотикларни олиб ўтишга уринган яна 500 кишини ҳибсга олдилар.

Бугун Бишкекда Қирғизистон президенти Асқар Ақаев АҚШ давлат котиби ëрдамчиси Лэн Паско билан учрашди.

Улар Марказий Осиë минтақасида хавфсизлик, Афғонистондаги қайта қуриш ишлари, шунингдек, Қирғизистон ва АҚШ ўртасида халқаро терроризмга қарши курашда ҳамкорлик қилиш масалаларини муҳокама қилишди. Пасконинг айтишига қараганда, жорий йилда АҚШ Қирғизистонга деярли 50 миллион доллар қимматида иқтисодий ëрдам беради. Пасконинг Қирғизистон бош вазири, ташқи ишлар вазири ва хавфсизлик кенгаши котиби билан ҳам музокаралар олиб бориши кутилади.

Бугун Халқаро амнистия ташкилоти Жаҳон муҳожирлар куни муносабати билан бир баëнот тарқатиб, Афғонистонда хавфсизлик ва барқарорлик мустаҳкамланмагани боис, муҳожирлар мамлакатга қайтишга шошилмасликлари кераклигини билдирди.

Баëнотда ëзилишича, Афғонистон ўтиш даврининг ҳозирги босқичида муҳожирларни ватанига қайтишига жалб этиш ëки мажбурлаш ëмон оқибатларга олиб келиши мумкин, чунки Афғонистонда жанг, жиноят ва босқинчилик ҳали ҳам давом этмоқда ва портламаган минглаб мина бор. Кўплаб давлатлар Толиблар ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин муҳожирларнинг Афғонистонга қайтиши учун шароитлар яхшиланганини билдиришди. Душанба куни БМТ бир миллиондан ошиқ муҳожир аллақачон Афғонистонга қайтганини маълум қилди. Шу йилнинг охирига қадар яна икки миллионга яқин афғонистонликнинг ўз юртига қайтиши кутилади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG