Линклар

Шошилинч хабар
26 август 2019, Тошкент вақти: 05:54

Халқаро янгиликлар

ДОЛЛАР ОЛУВЧИЛАР НАВБАТИ УЗАЙМОҚДА

Кейинги кунларда Тошкент шаҳридаги валюта алмаштириш шахобчаларида АҚШ долларини сотиб олиш учун тўпланиб турган одамлар сони кўпайиб кетганлиги кузатилаётир.
Доллар сотиб олмоқчи бўлаётганларнинг фикрича, валюта алмаштириш шахобчалари ходимлари компьютер бузуқ, доллар кам, сертификат йўқ¸ деган баҳоналар билан ахолига доллар сотгиси келмаяпти.
20 июн куни Ўзбекистон Миллий банкининг Тошкент шаҳар бош бошқармаси валюта алмаштириш шахобчаси олдида 60га яқин одам доллар сотиб ололмаганликлари учун норозилик билдиришган.
Уларнинг айтишича, мазкур банк ҳар-хил баҳоналарни рўкач қилиб, ахолига доллар сотишдан бош тортмоқда.
Бироқ банкнинг валюта амалиётлари бўлими бошлиғининг айтишича, валюта алмаштириш шахобчалари ходимлари тушликка чиқмоқчи бўлишган. Одамлар эса бунга норозилик билдиришган.
Ўзбекистон миллий банкининг валюта алмаштириш шахобчалари бўйича масъули Нодир Назаровнинг «Озодлик» муҳбирига айтишича, «қора» бозорда ноқонуний валюта алмаштириш билан шуғулланувчилар яқинда долларнинг сўмга нисбати ошиб кетади, дея миш-миш тарқатишган. Шу миш-миш сабаб доллар сотиб олмоқчи бўлган одамлар сони кўпайиб кетиб, валюта алмаштириш шахобчалари олдида сезиларли навбатга туришлар пайдо бўлган.
Банк вакили валюта алмаштириш шахобчаларида доллар етарли миқдорда эканини билдирди.
Ўтган ойдан бери республикада хорижий валюта сотиб олиш тартиби бир қанча енгиллаштирилган.

22 МИЛЛИОН ҚОЧОҚЛАРНИНГ 75 ФОИЗИ АЁЛЛАРДИР

20 июн куни Ўзбекистон Бадиий академияси кўргазмалар залида Халқаро қочоқлар кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда БМТнинг Қочоқлар масалалари бўйича олий комисссарлиги вакиллари иштирок этишди. Гарчи 20 июн Халқаро қочоқлар куни бўлса-да, тадбирда кўпроқ аёл қочоқлар ҳақида гапирилди.
БМТнинг Қочоқлар масалалари бўйича олий комиссарлиги эълон қилган маълумотларга кўра, айни кунларда дунёда 22 миллиондан ортиқ қочоқлар мавжуд бўлиб, уларнинг 75 фоизи аёллардир.
Тадбир давомида дунё сураткашларининг қочоқлар ҳаётини акс эттирган суратлари намойиш этилди.

Бугун Ҳиндистон мудофаа вазири Жорж Фернандес, жангариларнинг Покистондан Кашмирнинг Ҳиндистон назоратидаги қисмига кириши деярли тўхтатилганини айтди.

Аммо Фернандеснинг таъкидлашича, ҳозирча Ҳиндистон Покистон билан бўлган чегарадан ўз қўшинларини олиб чиқмайди. Унинг айтишига қараганда, Ҳиндистон ҳукумати Кашмирда “Ал-Қаида” террор гуруҳининг аъзолари борлигига ишонади. Покистон, жангариларни Кашмирнинг Ҳиндистон назоратидаги қисмига киришини тўхтатиши хақида ваъда бериб, ядровий қуролларга эга бўлган рақибини Кашмирнинг келажаги тўғрисида музокаралар олиб боришга чақирди.

Кеча тунда Россия чегара соқчилари Тожикистон-Афғонистон чегарасида содир бўлган тўқнашувда афғонистонлик икки контрабандистни отиб ўлдиришди ва 96 кг героинни қўлга киритишди.

Бугун чегара соқчилари матбуот вакилининг айтишига қараганда, бу жорий йилнинг ҳозирга қадар қўлга киритилган энг катта хажмдаги героиндир. Тожикистон ва Россия чегара соқчилари шу йилнинг бошидан бери 25 контрабандистни отиб ўлдиришди ва 1.5 тонна гиëҳванд моддаларни мусодара этдилар. Улар Афғонистондан Тожикистонга наркотикларни олиб ўтишга уринган яна 500 кишини ҳибсга олдилар.

Бугун Бишкекда Қирғизистон президенти Асқар Ақаев АҚШ давлат котиби ëрдамчиси Лэн Паско билан учрашди.

Улар Марказий Осиë минтақасида хавфсизлик, Афғонистондаги қайта қуриш ишлари, шунингдек, Қирғизистон ва АҚШ ўртасида халқаро терроризмга қарши курашда ҳамкорлик қилиш масалаларини муҳокама қилишди. Пасконинг айтишига қараганда, жорий йилда АҚШ Қирғизистонга деярли 50 миллион доллар қимматида иқтисодий ëрдам беради. Пасконинг Қирғизистон бош вазири, ташқи ишлар вазири ва хавфсизлик кенгаши котиби билан ҳам музокаралар олиб бориши кутилади.

Бугун Халқаро амнистия ташкилоти Жаҳон муҳожирлар куни муносабати билан бир баëнот тарқатиб, Афғонистонда хавфсизлик ва барқарорлик мустаҳкамланмагани боис, муҳожирлар мамлакатга қайтишга шошилмасликлари кераклигини билдирди.

Баëнотда ëзилишича, Афғонистон ўтиш даврининг ҳозирги босқичида муҳожирларни ватанига қайтишига жалб этиш ëки мажбурлаш ëмон оқибатларга олиб келиши мумкин, чунки Афғонистонда жанг, жиноят ва босқинчилик ҳали ҳам давом этмоқда ва портламаган минглаб мина бор. Кўплаб давлатлар Толиблар ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин муҳожирларнинг Афғонистонга қайтиши учун шароитлар яхшиланганини билдиришди. Душанба куни БМТ бир миллиондан ошиқ муҳожир аллақачон Афғонистонга қайтганини маълум қилди. Шу йилнинг охирига қадар яна икки миллионга яқин афғонистонликнинг ўз юртига қайтиши кутилади.

Бугун Британия генерали Жон Мкол халқаро хавфсизлик кучларига қўмондонлик қилиш вазифасини Туркия генерали Акин Зорлуга топширар экан, Афғонистоннинг ўтиш давридаги президенти Хамид Карзай халқаро хавфсизлик кучлари ишини юқори баҳолади.

Қўмондонлик вазифасини топшириш маросимида нутқ сўзлаган Карзай, 6 ой олдин халқаро хавфсизлик кучлари Кобул кўчаларини қўриқлай бошлаганидан бери пойтахтда хавфсизлик мустаҳкамланганини айтиб, бунинг учун минатдорчилик билдирди. Хавфсизлик кучлари сафида турли давлатлардан келган 4.000 дан ошиқ аскар хизмат қилмоқда, улар жумласида 1.400 туркиялик аскар ҳам бор. Карзай халқаро қўшинларнинг пойтахт ташқарисига ҳам жўнатилишига чақирганига қарамай, халқаро хавфсизлик кучлари фақат Кобул кўчаларида патруллик қилишмоқда.

Бугун Афғонистоннинг ўтиш давридаги президенти Хамид Карзай Афғонистон фуқароларини, хатто у айрим номзодлар масаласида чиққан келишмовчиликларни ҳал этиш учун музокаралар олиб боришни давом эттираëтган бўлсада, ўзининг янги тайинланган кабинетини ҳурмат қилишга чақирди.

Полиция кучлари ички ишлар вазири лавозимидан истеъфо берган ва моариф вазири этиб тайинланган Юнус Қонунийни қўллаш учун вазирлик биноси атрофидаги йўлларни тўсиб қўйди. Бунга жавобан Карзай, ўз қарорини ўзгартирмаслигини ва янги ички ишлар вазири Тож Муҳаммад Вардакнинг буйруқлари ҳурмат қилиниши кераклигини айтди. Карзайнинг яна таъкидлашича, Афғонистоннинг барча аскарлари вилоят қўмондонларининг эмас, балки мудофаа вазирлигининг буйруқларига бўйсуниши керак. Унинг айтишича, миллий армиядан ташқарида бўлган ҳар қандай қуролли кучга нисбатан ўзбошимча куч сифатида муносабат қилинади. Аммо айни пайтда кабинет аъзолари тўғрисида музокаралар давом этмоқда. Озод Европа/Озодлик радиоси мухбирининг Кобулдан хабар беришича, расмий вакиллар Юнус Қонунийни моариф вазиридан янада юқорироқ лавозимга тайинлаш масаласини муҳокама қилишмоқда.

Бугун Исроил қўшинлари Ғарбий соҳилнинг Байтуния ва Байтулҳам шаҳарлари ҳамда яқин атрофдаги муҳожирлар лагерига кириб, қўмондонлик соатини жорий этди ва гумон этилган жангариларни қидирди.

Кеча Қуддусда бир фаластинлик ўзини бомба билан портлатгани оқибатида 6 одам ҳалок бўлди ва 35 кишига тан жароҳати етди. Исроил ҳукумати агар Исроил фуқароларига қарши хужумлар давом этса, Фаластин муҳторияти назоратидаги ҳудудларни қайта ишғол этиб, сақлаб туриши хақида ваъда берди. Бугун Исроил бош вазири Ариел Шарон, фаластинликларнинг хужумлари тўҳтатилмас экан, хеч қандай тинчлик музокаралари ўтказилмаслигини таъкидлади. Бугун Фаластин лидери Ясир Арафат бир баëнот тарқатиб, Исроил фуқароларига қарши барча хужумларни тўҳтатишга чақирди.

Исроилнинг Натанья шаҳрида худкуш террорчи томонидан содир этилган портлаш туфайли камида 28 киши жароҳат олди.

Мазкур инциденд бугун шаҳарнинг очиқ осмон остидаги бозорида юз берди. Ҳозирча ўз тасдиғини топмаган малумотларга кўра террорчидан ташқари бир исроиллик ҳам нобуд бўлган. Террористик хуруж учун масъулиятни Хамас гуруҳи ўз зиммасига олди.

Туркия ҳукумати хотин - қизларнинг диний маросимларда иштирок этишини чекловчи баъзи тақиқларни бекор қилди.

Бундан буён туркиялик муслималар намозни масжидларда ўқишлари мумкин. Диний ишлар бўйича давлат бошқармасининг баёнотида эркак ва аёллар ўзаро тенг ва бир бирини тўлдирувчи яралмишлар эканликлари такидланган.
Дунявий давлат бўлган Туркияда давлат муассасалари ва мактабларда аёлларнинг чодрада юриши тақиқлаб қўйилган. Расмийларга кўра чодра сиёсий исломнинг рамзидир.

Бугун Вьетнамда парламент сайловлари бўлиб ўтмоқда.

Миллий ассамблеядаги 500 ўринга 700 киши давогарлик қилмоқда.
Вьетнам – бирпартияли мамлакатдир. Депутатликка номзодларни танлашни коммунистик партия назорат қилади. Бу йилги сайловларда 16 мустақил номзод иштирок этмоқда. Уларнинг ҳаммаси компартиянинг якка ҳоким эканлигини тан олиши лозим. Коммунистик партиянинг "етакчилик ролини " тан олмаслик жиноят ҳисобланади ва тан олмаган киши қамалади.

Ирландияда жума куни ўтказилган парламент сайловларининг якунларини чиқариш давом этмоқда.

Бюллетенларнинг катта қисми санаб бўлинганидан сўнг мамлакатнинг ҳозирга бош вазири Берти Ахерн етакчилигидаги Фианна Файл партияси ғалаба қилганлиги аниқланди. Парламентдаги 166 ўриннинг 70 тасини шу партия аъзолари эгаллайдилар.

Бугун Бухарестда Европа тамирлаш ва тараққиёт банки раҳбариятининг йиллик учрашуви очилди.

Мазкур халқаро молиявий ташкилотга 1991 йили асос солинган бўлиб, у собиқ социалистик мамлакатларга уларнинг демократия ва бозор иқтисодиётига ўтишлари йўлида кўмак кўрсатади.
Европа тамирлаш ва тараққиёт банки бюжетига энг кўп бадални АҚШ тўлайди.
Мазкур банк кейинги йилдаги учрашувини Тошкентда ўтказиш режаси бор. Бундай режадан норозиликларини билдириб инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи бир қатор халқаро ташкилотлар вакиллари Банк раҳбариятига мурожаат қилганлар. Ўзбекистонда демократик ислоҳотлар ўтказилмагунга қадар бундай тадбирларни Тошкентда ўтказмаслик сўралган, ҳуқуқ ҳимоячиларининг мурожаатномаларида.

Ҳарбий жиноятларда ва инсониятга қарши жиноятларда айбланаётган босниялик серб Душко Кнезевич ўзини ўз ихтиёри билан Халқаро трибуналга топширди.

Трибунал вакилининг Франс пресс агентлигига хабар қилишича, Кнезевич ҳозир Гаагадаги қамоқхонада сақланмоқда. У 90 йилларда давом этган уруш пайтида Босниянинг шимоли ғарбидаги Омарск ва Кератерм концентрацион лагерларида оммавий қирғин ўтказганлиги, маҳбусларни қийноқларга солгани учун суд олдида жавоб беради.

Қандахор шаҳрида Афғонистонга Совет қўшинлари 1979 йили бостириб кирганидан буён биринчи бор комендантлик соати бекор қилинди.

АҚШ қўмондонлигининг вакили Брайан Хилферти маҳаллий мамурларнинг бу қадамини Афғонистонда барқарорлик ўрнатилаётгани ифодаси сифатида баҳолади.
Бироқ мамлакат шарқидаги Лағман вилоятида бир неча юз киши намойишга чиқиб, маҳаллий жамоалар ўртасидаги ўзаро можароларга марказий ҳокимиятнинг аралашувидан норози эканликларини билдирдилар. Афғонистон муваққат ҳукумати мазкур минтақага ўзаро уруш ҳолатига кириб қолган жамоаларни ажратиш учун мингдан зиёд аскар юборган эди. Маҳаллий лидерлар муаммоларни ўз кучимиз билан ҳал қила оламиз, деган иддаони билдирмоқдалар.
Мамлакат шарқидаги тоғларда эса америкалик ва британиялик ҳарбийлар толиблар ва алқаидачилар отрядларидан қолган жангариларга қарши амалиётларни ўтказмоқдалар.

Ҳиндистон расмийлари Покистон элчисига мамлакатни бир ҳафта ичида тарк этишни тавсия қилдилар.

Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Жасвант Синг бу чорани ўтган йилнинг декабридан буён Исломободда Ҳиндистон элчиси йўқлиги билан изоҳлади. Ҳиндистоннинг Покистондаги элчиси ўтган йилнинг декабрида Покистонда жойлашган Кашмир экстремистлари томонидан Деҳлидаги парламент биносига террористик ҳуруж уюштирилганидан сўнг чақириб олинганди.
Ҳиндистон – Покистон муносабатларининг шу кундаги кескинлашувига покистонлик экстремистларнинг Кашмирдаги Ҳиндистонга қарашли ҳарбий қисмга хужум қилиши ва оқибатда 30дан кишининг қурбон бўлиши сабаб бўлди.
Деҳли хужум учун масъулиятни Исломобод зиммасига юклади.
Кеча Кашмир чегара минтақасида ҳиндистонлик ва покистонлик ҳарбийлар ўртасида юз бераган отишмалар пайтида тўрт киши қурбон бўлди.

Европа Иттифоқи дипломатлари Байтулҳамдаги Исои Масиҳ таваллуди ибодатхонасининг қамал қилинишини тўхтатиш ҳақидаги келишувга эришилгандан сўнг Кипрга депортация қилинган фаластинлик 13 жангари тақдири бундан буён нима бўлиши тўғрисида келишиб олдилар.

Хабарларга қараганда, Италия ва Испания 3 нафардан, Греция ва Ирландия 2, Португалия ва Финландия биттадан фаластинликка бошпана беради. Депортация қилинган яна бир фаластинлик Кипрда қолади.
Испания бош вазири Хосе Мария Аснар кўчирилган 13 фаластинликнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги масала ҳам ҳал қилинади, деб баёнот берди.

Фаластин вазирлар маҳкамасининг 20 га яқин аъзоси Ясир Арафатга мухториятнинг маъмурий тузилмаларини қайта тузиб олиши учун имконият яратиш мақсадида ўзларининг истеъфога чиқишга тайёр эканликлари тўғрисида баёнот бердилар.

Ғарбдаги ахборот агентликлари бу хабарни Фаластин раҳбариятидаги манбадан олган маълумотларига таяниб ёйинладилар.
Би Би Си тарқатган маълумотга кўра, Арафат бу таклифни рад этган.
Фаластин мухторияти раҳбари бугун Марказий сайлов комиссияси аъзолари билан учрашди. Жума куни Арафат Фаластиннинг ҳокимиятининг барча бутоқларига сайловлар мухторият ҳудудидан Исроил ҳарбийлари батамом олиб чиқиб кетилганидан сўнггина ўтказилиши тўғрисида баёнот берган эди. Ўша кунгача эса сайловларни шу йилнинг охиригача ўтказиш лозимлигини таъкидлаётган эди.
Исроил вакили Ранаан Гиссиннинг фикрича, Арафат Фаластин мухториятининг ҳокимият тизимларида ислоҳотлар ўтказмаслик учун баҳона изламоқда. Бундай ислоҳотлар ўтказишнинг зарурлигини Исроил, АҚШ, Европа Иттифоқи ва Фаластин раҳбариятининг бир қатор вакиллари таъкидламоқдалар.

Федерал тергов бюроси маълумотларига қараганда "Ал- Қаида" террористик ташкилоти АҚШ даги баъзи турар-жойларни портлатишга ҳозирлик кўраётган бўлиши мумкин.

Бюро вакили Дэбби Вейерманнинг сўзларига кўра " Ал– Қаида" аъзолари квартираларни ижарага олиш ва сўнгра уларга портловчи моддаларни жойлаштириш имкониятларини изламоқдалар. Вейерманга кўра қўлга киритилган маълумотларда ўтказилиши кутилаётган амалиётлар ҳақида тафсилотлар йўқ ва бу маълумотлар бошқа манбалар томонидан тасдиқланган эмас.
АҚШ расмийлари ҳозирча бу маълумотдан таҳликага тушганларини билдирганлари йўқ. Федерал тергаов бюроси бу маълумотларни ўзининг минтақавий бўлимларига ҳамда турар-жойларнинг эгалари ва бошқарувчиларига тарқатди.
Айни пайтда АҚШда 11 сентябрь воқеалари арафасида хавфсизлик хизматларининг йўловчи учоқлари олиб қочилиши мумкинлиги тўғрисидаги огоҳлантиришларига президент Буш маъмурияти эътибор бермаганликда айбланиши билан боғлиқ можаро тобора авж олмоқда.

ДАРСЛИК ИЖАРА УСУЛИДА ТАРҚАТИЛАДИ

Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги янги ўқув йилида бир қатор дарсликлар ижара усулида тарқатлишини баëн қилди.Вазирликнинг дарсликлар ва ўқув қўлланмалари бўлими бошлиғи Раъно Отабоеванинг Озодлик радиосига билдиришича¸2002- 2003 ўқув йилларида бу усул билан ўзбек ва қорақалпоқ мактабларининг 9-синф ўқувчиларига 12 номдаги дарслик тарқатилади.
Бу тадбир Осиё тараққиёт банки кредити асосида амалга оширилади.
Маълум бўлишича, ижарага олинган дарсликлар пулини ота-оналар 4 йил давомида тўртга бўлиб мактаб ҳисобига ўтказишади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда дарсликлар нархи бир қанча ошгани боис¸ ота-оналар ўқувчи- фарзандларига дарсликларни сотиб олишда муайян қийинчиликларга рўпара бўлмоқда.

ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ АЪЗОСИ ЖАМОАТЧИ ҲИМОЯЧИ СИФАТИДА МАҲКАМАДА ИШТИРОК ЭТДИ

Ноқонуний диний гуруҳга аъзоликда айбланиб, 10 йилга қамоқ жазосига ҳукм этилган Комилжон Усмоновнинг кассация тартибдаги судида илк бор Халқаро инсон ҳуқуқлари жамияти вакили ҳам иштирок этди. Жамиятнинг Ўзбекистон бўлими аъзоси Суръат Икромов мазкур маҳкама ишида жамоатчи ҳимоячи сифатида қатнашди.
Суръат Икромов айбланувчи Комилжон Усмоновни бутунлай озод қилишни сўради. Бироқ ҳакам Усмоновга чиқарилган 10 йиллик қамоқ жазоси муддатини 7 йилга туширди¸ жазо тартибини қаттиқ режимдан умумий режимга ўтказди¸ мол-мулкни мусодара этиш тўғрисидаги дастлабки суд қарорини бекор қилди.

АРСЛОН РЎЗМЕТОВ ИШДАН ОЛИНДИ

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» давлат акциядорлик компанияси матбуот ҳизмати вакилининг тасдиқлашича, Арслон Рўзметов компания раиси лавозимидан бўшатилган. Унинг билдиришича¸ Вазирлар Маҳкамасининг 14 июнь 2002 йилги қарори билан Тян Валерий Николаевич компанияга раис этиб сайланган.
Ҳозирча расмий идоралар бу ҳусусда маълумот тарқатганлари йўқ.

Сўнгги кунларда ғарбий Европада ҳавонинг кескин исигани кузатилди.

Женевада ҳаво ҳарорати 34 даражагача кўтарилди. Бундай ҳарорат Швейцарияда сўнгги 50 йил мобайнида биринчи марта кузатилмоқда. Базелда эса ҳаво исигани, боис мактаб ўқувчилари уйларига юборилган. Германиянинг Кельн, Франкфурт, Мюньхен шаҳарларида эса иссиқлик 37 даражагача кўтарилган. Айни харорат Италияда ҳам қайд этилди. Римда касалхоналар иссиққа чидолмаётган қарияларга тўлиб кетган.

Футбол бўйича жаҳон чемпионатида ўйинларни давом эттираётган жамоалар сони тобора камайиб бормоқда.

Бугун чемпионат мезбони Япония Туркия терма командасига 0:1 ҳисобида ютқазиб, ўйинлардан чиқарилди. Туркия учун эса ушбу ғалаба чорак финалга чиқиш имконини берди. Чемпионатнинг яна бир мезбони Жанубий Корея жамоаси қўшимча вақт хисобига Италия терма командаси устидан 2:1 хисобида ғалаба қозониб, чорак финалга йўлланма олди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG