Линклар

Шошилинч хабар
26 август 2019, Тошкент вақти: 06:19

Халқаро янгиликлар

Бугун Қирғизистон парламенти юқори палатаси Николай Танаев номзодини мамлакат янги бош вазири лавозимига тасдиқлади.

Овоз бериш жараёнида Танаевни ёқлаб 36, унга қарши 5 депутат овоз берди. Курманбек Бакиев бош вазир лавозимидан истеъфо берганидан кейин ўтган хафтада президент Асқар Ақаев Танаевни вақтинчалик бош вазир лавозимига тайинлаган. Танаев Бакиев хукуматида бош вазир биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.
Николай Танаев Россиянинг Пенза вилоятида туғилган. У Қозоғистондаги университетнинг қурилиш-инженерлик факултетида ўқиган. Танаев Қирғизистон тарихида бош вазир лавозимига тайинланган биринчи этник рус миллатига мансуб фуқаро ҳисобланади.

Туркия расмийлари, бош вазир Булент Эжевитнинг саломатлиги ёмон бўлгани сабабли у Миллий ҳавфсизлик кенгаши йиғилишида қатнаша олмаслигини маълум қилдилар.

Президент Аҳмад Неждат Сезер раислигида ўтган Хавфсизлик кенгаши йиғилишида диққат эътибор Туркиянинг Европа Иттифоқига қўшилиши учун амалга оширилиши лозим бўлган иқтисодий ислоҳотлар масаласига қаратилиши кутилган.

Бугун Буюк Британия ташқи ишлар вазири Жэк Строу Деҳлида ҳинд расмийлари билан минтақада вазиятни юмшатиш борасида сўзлашувлар олиб борди.

Учрашув сўнгида чиқиш қилган Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Жасвант Сингх Покистон террорчиларни экспорт қилишни тўхтатмас экан, Деҳлининг Қашмир масаласида Исломобод билан музокара олиб бориш нияти йўқ эканини баён қилди.
Ҳиндистон бир неча бор Покистонни Қашмир айирмачиларини қўллаб қувватлаётганликда айблаб келган эди. Ўз навбатида расмий Исломобод бундай айбловларни рад этмоқда. Учрашув сўнгида журналистлар олдида чиқиш қилган Жэк Строу Британия ва халқаро ҳамжамият террорчиларга қарши кескин чора кўришда Мушарраф томонидан конкрет кадамларни кутмоқда, - дея баён қилди. Кеча у Исломободда Покистон Президенти Парвез Мушарраф билан минтақада юзага келган вазиятни муҳокама этган.
Ҳиндистон ғарбидаги Гужарат штатида содир этилган портлашлар оқибатида камида 12 киши қурбон бўлди. Аҳмадобод полициясининг маълум қилишича, портлаган уч бомбадан иккитаса шаҳар автобуслари ўриндиқлари тагига яшириб қўйилган бўлиши мумкин. Ҳозирча ҳеч ким портлашларга жавобгарликни зиммасига олмади. Гужурат штатида маҳаллий индуицлар ва мусулмонлар ўртасида диний қарама-қаршиликлар кучайгани оқибатида, шу йилнинг ўзида мингга яқин киши қурбон бўлди.

Бугун Исроил ҳукумати фаластин террорчиларига қарши кескин чораларни ишлаб чиқиш мақсадида фавқулодда мажлисга тўпланди.

Мажлис давомида конкрет тўхтамга келинмагани боис, ҳукумат аъзолари кейинроқ мазкур масалага яна қайтажакларини маълум қилишди. Ўтган тунда Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги ёҳудийлар истиқомат қиладиган худудларда қуролланган фаластинли уч нафар исроиллик диний мактаб ўқувчисини ўлдирган. Яна бир ўқувчи эса оғир жароҳат олди. Исроил полициясининг хабар қилишича қотил шу заҳоти отиб ўлдирилган. Мазкур ҳужумга жавобгарликни "Ал –Акса мазлумлари" ташкилоти зиммасига олди. Сешанба кечқурун исроил кучлари Рамаллоҳда "Хамас" гуруҳи жангариларига қарши амалиётлар олиб борди. Жининда эса Хамаснинг саккиз маҳаллий фаоли қамоққа олинган. Террорчиларга қарши рейдлар душанба куни Тель-Авивда содир этилган портлашларга жавобан амалга оширилди. Душанба кунидан буён фаластинликлар томонидан жами олти исроил фуқароси ўлдирилган.

Россия ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатлар Калининград вилояти билан боғлиқ муаммоларнинг ҳал бўлишига боғлиқ.

Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин бугун Москвада иш бошлаган
"Европа Иттифоқи-Россия" саммитида баён қилди. Путинга кўра Калининград Европа Иттифоқи ичкарисидаги Россиянинг анклав ҳудуди бўлиб қолар экан, калининградликларга эркин ҳаракатланишлари учун имконият яратиб берилиши керак. Саммит кун тартибига қўйилган бошқа масалалар қаторида – террорчиликка қарши кураш, иқтисод ва энергетика соҳаларида ҳамкорликни кучайтириш масалалари ҳам бор. Саммит ишида Европа Комиссияси раиси Романо Проди, Европа Иттифоқи ташқи сиёсатига масъул Хавьер Солана ва ташкилотга раислик қилаётган давлат – Испания бош вазири Мария Аснарлар иштирок этмоқда.

Туркия Афғонистондаги тинчликни сақловчи кучларга қўмондонлик эстафетасини қабул қилиб олиши билан, унинг таркибида ўз иштирокини кенгайтириш ниятида.

Яъни июн ойининг оҳирларига келиб Афғонистондаги турк қўшинлари таркиби 1400га етиши мумкин. Бугун бу ҳақда турк армияси қўмондони Ҳусайин Қивриқ ўғли маълум қилди. Айни соатларда 300га яқин турк қўшини Қобулга йўл олган. Агар 20 июндан бошлаб Туркия халқаро тинчликни сақловчи кучларга раҳбарлик қилиш эстафетасини Британиядан қабул қилиб олса, халқаро қўшинларга турк генерали Хилми Акин Зўрли қўмондон этиб тайинланиши мумкин.

Хитойнинг расмий "Ксинхуа" ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра Хитойнинг жанубий шарқида рўй берган автобус фалокати оқибатида 16 киши халок бўлган.

Сичуан шаҳри яқинида кетаётган автобус айланма йўлда изидан чиқиб тепаликка бориб урилган. Хабарларга кўра фалокат оқибатида шунингдек бир неча киши оғир жароҳат олган.

Американинг Техас штатида яшовчи шахс ўн етти ёшида содир этган жинояти учун қатл этилди.

Сешанба куни 25 ёшли Наполеон Бизлга нисбатан олий жазо унга ўлдирадиган инъекция қадаш орқали ижро этилди. 1994 йилда у АҚШ федерал судяларидан бирининг отасини қасддан ўлдирган.
Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи Халқаро Амнести ташкилоти Тахасда амалга оширилган қатл жараёнини танқид остига олди. Ташкилот вакилларининг таъкидлашларича, балоғат ёшига тўлмаган пайтда содир этилган жиноят учун ўлим жазосининг қўлланиши халқаро ҳуқуқ нормаларига мутлақо зиддир. Техас қонунларига кўра, шунингдек АҚШнинг яна тўртта штатида ўн етти яшар ўсмир жиноятчиларга ҳам олий жазо қўлланиши мумкин.

Швейцариялик Жозеф Блаттер яна тўрт йилга ФИФА - халқаро футбол федерацияси раиси лавозимида қоладиган бўлди.

Федерациянинг бугун Сеулда ўтган мажлисида мазкур қарор кўпчилик овоз билан маъқулланди. Шунга қарамай Швейцария прокуратураси коррупцияда айбланаётган Блаттер устидан терговни давом эттирмоқда. ФИФА раҳбарига бундай айбловлар ташкилот ижроя кенгашининг айрим аъзолари томонидан қўйилган эди. Жума куни Сеулда футбол бўйича жаҳон чемпионати очилади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қочқинлар масаласи билан шуғулланувчи олий комиссарлиги италиялик модельер Жоржио Арманини йилнинг "яхши ният элчиси" сифатида эълон этди.

БМТ олий комиссари Рууд Любберснинг таъкидлашича, афғон қочқинларига беғараз ёрдами учун Армани бундай фахрий унвонга сазовор бўлди.

Туркманистон, Афғонистон ва Покистон раҳбарлари Исломободда учрашиб, Туркманистондан Покистонга ўтувчи газ қувури лойиҳасини муҳокама этиш ниятида.

Эртага бўладиган учрашув давомида Туркман Президенти Сапармурат Ниязов, Афғонистон вақтли идораси раҳбари Ҳамид Қарзай ва Покистон Президенти Парвез Мушарафлар бу борада ўзаро тушуниш мемарандумини имзолашлари кутилмоқда. Лойиҳада ётқизилиши кўзда тутилган 1460 километрлик газ қувури йилига 15 милиард куба метр газ ўтказиш қувватига эга. Лойиҳанинг умумий нарҳи эса 2 миллиарддан 3 ярим миллиард АҚШ долларини ташкил этиши мумкин. Ҳозирда кўплаб хорижий компаниялар унда иштирок этишга қизиқиш билдирмоқда.

Жиноятчилик борасида Чех республикасида ўтказилган тадқиқот натижалари.

Жамоат фикрини ўрганиш маркази амалга оширган ва шу ҳафтада эълон қилган сўров натижаларига кўра, Чехия аҳолисини энг кўп хавотирга солаётган муаммо коррупция ва уюшган жиноятчилик эканини кўрсатган. Сўралганларнинг 73 фоизи мамлакатдаги коррупцияни ҳал этилиши лозим бўлган муҳим муаммо деб айтган. Сўров натижалари уюшган жиноятчилик аҳолини ташвишга солаётган иккинчи муҳим муаммо эканини кўрсатган. Саволларга жавоб берган 1133 нафар Чехия фуқароси, ўзларини ташвишга солаётган учинчи муҳим муаммо ишсизлик муаммоси эканини чунки бекорчи кишидан ҳамма нарсани кутиш мумкинлигини айтганлар. Мингдан ортиқ чехияликлар орасида ўтказилган сўров уларни сиёсат, ирқчилик ва қочоқлар муаммоси кам қизиқтиришини кўрсатган.

Бугун Ҳиндистон ҳукумати Покистон президенти Парвез Мушаррафнинг икки давлат ўртасидаги Кашмир можороси ҳусусида қилган чиқишидан хавфсаласи пир бўлганини билдирди.

Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Жасванд Сингнинг Деҳлида мухбирларга айтишига қараганда, кечаги нутқ афсусланарли ва хавфлидир.
“Генерал Парвез Мушаррафнинг 27 май куни телевидения орқали қилган чиқиши афсусланарли ва хавфлидир. Афсусланарли чунки, Покистонда жангариларга қарши чора-тадбирлар кўрилиши тўғрисидаги ваъдалар яна такрорланди ваҳоланки бу хақда олдин берилган ваъдалар бугунгача бажарилгани йўқ. Хавфли чунки вазиятни юмшатиш ўринига янада кескинлаштирди”, - дейди Жасванд Синг.
Мушарраф ўз нутқида айтишига кўра, Покистон Ҳиндистон билан уруш қилишни истамайди аммо агар хужумга учраса бутун кучи билан жавоб қайтаришга тайëр. Мушарраф Деҳли хукуматининг Исломободга қарши айбномаларни яъни жангарилар хужумларига ҳомийлик қилаëтганини рад этди. Британия ташқи ишлар вазири Жак Стров ядровий қуролларга эга бўлган икки давлат ўртасидаги кескинликни юмшатишга ëрдам бериш учун бугун Исломободда Покистон лидерлари билан учрашди, у яна Деҳлига ҳам боради.

Бугун Исроил қўшинлари жангариларни қидириб топиш учун Фаластиннинг Ғарбий соҳилдаги Женин шаҳрига бостириб кирди.

Отишмалар оқибатида бир фаластинлик халок бўлгани билдирилди. Хабарларга кўра, Исроил қўшинлари Жениндан чиқиб кетишидан олдин, Хамаз жангари гуруҳининг маҳаллий лидери ва бошқа бир неча жангарини хибсга олган. Кеча тунда Тел Авив яқинидаги бир савдо маркази ичида бир шахс ўзини-ўзи бомба билан портлатгани натижасида 1 аëл ва 1 чақалоқ ўлди. Бугун АҚШ президенти Жорж Буш мазкур бомба хужумини қоралади ва Исроил, Фаластин ҳамда Араб давлатлари раҳбарларини терактларга қарши курашда биргаликда ишлашга чақирди.

АҚШ генералининг айтишига қараганда, энди Ал-Қоида ва Толибон жангарилари Покистондан туриб, Афғонистоннинг янги ҳукуматини танлаш жараëнига халақит бериш учун хужумлар уюштирмоқдалар.

Афғонистонда АҚШ етакчилигидаги кучлар қўмондони, генерал Франклин Хагенбекнинг айтишига кўра, ҳозир Покистоннинг ғарбий қабила худудларида Ал-Қоида ва Толибларнинг тахминан 1.000 жангариси борлигига ишонилмоқда. Генерал Хагенбекнинг разведка маълумотларига асосланиб маълум қилишича, Покистондаги Ал-Қоида ва Толибон лидерлари келаси ойга белгиланган Лоя-Жирға учрашувига халақит бериш учун турли қўпарувчилик хужумларини режалаëтган бўлишлари мумкин. Хагенбек Покистон ҳукумати ваъда қилгани каби, Ал-Қоида ва Толибон элементларини тор-мор этишига ишонишини айтди. Аммо у сўзига қўшимча қилиб, ҳозир Покистон ва Ҳиндистон ўртасида Кашмир масаласида вазият нихоятда кескинлашгани – Ал-Қоида ва Толибон элементларига қарши амалиëтлар қачон ўтказилишини номаълум қилиб қўйганини айтди.

БМТ, Афғонистоннинг навбатдаги ҳукуматини танлаш жараëнида иштирок этаëтган одамлар Хирот вилоятида турли таҳдидларга учраëтгани ва ушлаб турилгани тўғрисида жиддий хавотирланиш билдирди.

Бугун БМТ матбуот вакили Маноел де Алмеида Силванинг айтишига қараганда, Лоя Жирғага делегатлар танлаш салоҳияти берилган икки номоëнда Хиротда хибсга олинган. У ўз сўзида давом этиб, Хиротдаги Карух худудида бир маҳаллий бошлиқ Лоя Жирға жараëнининг 6 номоëндасига улар ўлдириб кетилиши хақда таҳдид қилганини билдирди. БМТ матбуот вакилининг яна айтишича, шу ой мобайнида Афғонистон худудлари бўйлаб Лоя Жирғанинг 8 номзоди ўлдирилган, аммо бу қотилликлар сиëсий сабабларга кўра содир этилгани тўғрисида бевостида далиллар йўқ.

Инсон ҳуқуқларини химоя қилувчи “Amnesty International” ташкилоти АҚШни 11 сентябр терактларидан кейин тахминан 1.200 одамни ушлаб тургани ҳусусида яна танқид қилди.

Бугун Халқаро Амнести ташкилоти ўзининг йиллик ҳисоботини тарқатиб, АҚШ томонидан ушланган айрим шубҳали шахсларга нисбатан ëмон муносибатда бўлинаëтгани жумладан уларга ташқи дунë билан алоқа қилишларига рухсат этилмаëтгани хақда маълумотларга эга эканини билдирди. Ташкилотнинг маълум қилишича, АҚШ томонидан терроризмда гумон этилиб ушланган шахсларнинг аксари Яқин Шарқ ëки жануб Осиë минтақаларидаги давлатларнинг фуқороларидир. Амнести ҳисоботида, АҚШ ҳукумати ташқи давлатлар фуқороларини терактларга алоқаси бўлиши мумкин деган гумон билан ушлаб тургани шунингдек миллий хавфсизлик сабабларини пеш қилиб, адвакатлар ва ушланган шахслар ўртасидаги алоқаларни яқиндан назорат қилаëтгани тўғрисида хавотирланиш билдирди. Халқаро Амнести ташкилоти, АҚШнинг бундай хатти-харакатлари, бошқа давлатларда инсон хуқуқлари поймол этилаëтганини қоралашда Америка обрўсига зарар етказиши хақда огоҳлантирди.

Бугун Италияда Россия президенти Владимир Путин ва НАТОга аъзо 19 давлат лидерлари янги НАТО-Россия кенгашини тузиш тўғрисидаги декларацияни имзоладилар.

Путиннинг айтишига қараганда, Россия ва НАТО ўртасидаги муносибатлар муштарак хавфсизлик манфатлари йўлида ривожланмоқда.
“Жаҳон сиëсатига таъсири кучли бўлган 20 давлат, тез ўзгараëтган халқаро вазиятда ўзларининг муштарак хавфсизлик манфатларини тушундилар. Улар янги глобал таҳдидлар хавфи ва қолаверса халқаро терроризм тахдидига қарши яқиндан хамкорлик қилишлари кераклигини англаб етдилар”, - дейди Путин.
АҚШ президенти Жорж Буш Рим декларациясини тарихий мувафақият деб боҳолади. Бушнинг айтишига қараганда, Россия-НАТО ҳамкорлиги аллиансни эркин ва тинч Европа умум мақсадига яқинлаштиради. Янги кенгаш Россияга НАТО давлатлари билан халқаро хавфсизлик масалаларини тенг даражада мухокама қилиш хуқуқини беради аммо Москвага НАТО қарорларини вито қилиш салоҳиятини бермайди.

Бугун АҚШ президенти Жорж Буш Америка хотира куни муносибати билан Франциянинг Нарманди худудидаги қабристонда нутқ сўзлади.

Бу ерда иккинчи жаҳон урушида халок бўлган 9.000дан ошиқ аскар дафн этилган. Ветеранлар ва фаҳрийлар жумладан Франция президенти Жак Ширак олдида сўз этган президент Буш, илгарги авлодларнинг уруш пайтида берган қурбонликларини – терроризмга урушда аллақачон аскарлар ва оилалар томонидан берилган қурбонликларга қиëслади. Бугун эрталаб Буш ва Ширак Сант-Мере-Еглис шаҳрида
хотира куни муносибати билан ўтказилган маросимда иштирок этишди. Сант-Мере-Еглис 1944 йил июн ойида иттифоқдош кучлар томонидан озод қилинган биринчи шаҳардир.

Покистон ҳукумати Хитойнинг ҳозирги Шинжон вилоятида этник Уйғурларнинг шарқий Туркистон мустақиллик харакатига етакчилик қилган Исмоил Қодирни расмий Пекинга ушлаб бергани билдирилди.

Бугун Хитой расмий вакилларининг даъво қилишларича, Исмоил Қодир Кашмирда мусулмон гуруҳлари билан яширин учрашув ўтказаëтган пайтда Покистон маҳфий хизмати ходимлари томонидан қўлга туширилган. Шинжон вилоятида коммунист партия котиби Ванг Легуаннинг Урумчида журналистларга айтишига кўра, Исмоил Қодир этник Уйғурларнинг сепаратист харакатида учинчи юқори даражали лидердир ва у 11 сентябрдан кейин Шинжондан қочиб чиққан. Ванг Легуаннинг яна айтишича, Хитой ҳукумати Усама бин Ладеннинг кучлари Афғонистонда бир мингдан ошиқ Уйғурларни тайëргарликдан ўтказганига ишонади. Унинг қайд қилишича, у ердаги жангларда таҳминан 20 Уйғур халок бўлган, 600 Уйғур Покистонга қочиб ўтган ва қайтган тахминан 110 Уйғур Хитойда ушланган. Унинг айтишича, Пекин ҳукумати АҚШдан Америка кучлари томонидан қўлга туширилган 300 Уйғур Хитойга қайтарилишини сўрамоқда.

Бугун Россия ташқи ишлар вазир ўринбосари Анатоли Сафонов Покистон ва Ҳиндистон ўртасидаги кескин вазиятни юмшатишга ëрдам бериш учун Исломободга келди.

Россия расмий вакили президент Владимир Путиннинг Покистон президенти Парвез Мушарраф ва Ҳиндистон бош вазири Атал Бехарий Важпайи ўртасида яккама-якка учрашувга мезбонлик қилиши тўғрисида киритган таклифини расман билдириши кутилади. Халқаро ҳамжамият Покистон ва Ҳиндистонга Кашмир масаласида яна уруш бошламаслик борасида босим этмоқда. АҚШ президенти Жорж Буш Мушаррафни жангариларнинг Кашмирда Хиндистонликларга қарши террористик хужумлар қилишига йўл қўймаслик учун амаллий чора-тадбирлар кўришга чақирди. Мушарраф бир ярим соатдан кейин Покистон халқига мурожат қилади. У Кашмир масаласида ва Покистоннинг сўнгги ракета синовлари тўғрисида сўз этиши кутилади.

Бугун Москвада АҚШ ва Россия мутахассислари ядровий, кимëвий ва биологик терроризмга қарши курашда хамкорлик қилиш масалаларини муҳокама қилишмоқда.

АҚШ сенатори Ричард Лугар ва собиқ сенатор Сам Нан Америка делегациясига етакчилик қилишмоқда. Улар собиқ совет иттифоқида қолган оммавий қирғин қуроллари террористлар қўлига тушишига йўл қўймасликка қаратилган АҚШнинг 10 йиллик дастурини бошқариб келишмоқда. Лугар-Нан номи билан танилган мазкур дастур бўйича, АҚШ таҳдидни камайтириш лойиҳалари учун ҳозирга қадар тахминан 5 миллиард доллар сарфлади. Сенатор Лугар АҚШнинг молиявий ëрдамлари Россиянинг асосан юқори даражада бойитилган ядровий ëнилғи қуйиладиган ядровий сув ости кемаларини ишдан чиқаришда қўлланилишига чақирди. Россиянинг ташқи сиëсат бўйича мутахассиси Сергеи Караганов эса АҚШ ва Россия ўртасида фуқоровий мудофаа дастурлари ишлаб чиқилишига чақирди.

Бугун Москвада НАТО ҳарбий қўмитасининг раиси Россиянинг юқори лавозимли ҳарбий амалдори билан музокаралар олиб борди.

НАТО адмирали Гуидо Вентурони ва Россия қуролли кучлар штаб бошлиғи, генерал Юрий Балювеский ўртасида ўтказилган музокараларда НАТОнинг бугун Москвада очилган янги миссияси мухокама қилинди. Вентуронининг айтишига қараганда, ушбу миссия янги НАТО-Россия кенгашининг ишларини амалга оширишда ëрдам беради. Эртага Римда ўтказиладиган саммитда кенгаш расман тасдиқланади.

Бугун Парижда Германия канслери Герхард Шроедер Франция президенти Жак Ширак билан музокаралар олиб боради.

Германия ва Франция хукумат матбуот вакилларининг айтишларича, музокараларда келаси ойда Испанияда ўтказилиши белгиланган Европа иттифоқининг саммити, Европа иттифоқи ислоҳотлари ва Россия билан бўлган муносибатлар асосий масалалар сифатида муҳокама этилади. Франция ташқи ишлар вазирлиги билдиришича, Ширак ва Шроедер Париж ва Берлин ўртасида янада кўпроқ маслахатлашиб турилишини истайдилар. Франция ва Германия лидерларининг бугунги норасмий учрашуви, АҚШ президенти Жорж Бушнинг кечаги Париж ва ўтган хафтада Берлинга қилган ташрифлари пайтига тўғри келмоқда.

Хабарларга қараганда, бугун Тошкентда Ўзбекистон милицияси ички ишлар вазирлиги қошида ўтказилган номойишни тарқатиш учун куч ишлатган.

Ўзбекистон инсон хуқуқлари жамиятининг камида 3 аъзоси ушлангани билдирилди. Номойишчилар Юлдош Расулов озод этилишини талаб қилишган. Ўзбекистон инсон хуқуқлари жамиятининг аъзоси Юлдош Расулов ëшларни Жамият номли экстеримист диний гуруҳга киришга даъват қилган, деган айб билан жума куни хибсга олинган. Хабарларга кўра, бир соатга етмаган номойиш милиция томонидан тарқатилган. Бугун ушланган айрим номойишчилар кейинчалик озод этилганлар. Халқаро инсон хуқуқлари гуруҳлари ва Ғарб давлатлари Ўзбекистон ҳукуматини инсон ҳуқуқларини поймол этаëтганида танқид қилиб келишмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG