Линклар

Шошилинч хабар
26 август 2019, Тошкент вақти: 06:20

Халқаро янгиликлар

Исроилнинг Натанья шаҳрида худкуш террорчи томонидан содир этилган портлаш туфайли камида 28 киши жароҳат олди.

Мазкур инциденд бугун шаҳарнинг очиқ осмон остидаги бозорида юз берди. Ҳозирча ўз тасдиғини топмаган малумотларга кўра террорчидан ташқари бир исроиллик ҳам нобуд бўлган. Террористик хуруж учун масъулиятни Хамас гуруҳи ўз зиммасига олди.

Туркия ҳукумати хотин - қизларнинг диний маросимларда иштирок этишини чекловчи баъзи тақиқларни бекор қилди.

Бундан буён туркиялик муслималар намозни масжидларда ўқишлари мумкин. Диний ишлар бўйича давлат бошқармасининг баёнотида эркак ва аёллар ўзаро тенг ва бир бирини тўлдирувчи яралмишлар эканликлари такидланган.
Дунявий давлат бўлган Туркияда давлат муассасалари ва мактабларда аёлларнинг чодрада юриши тақиқлаб қўйилган. Расмийларга кўра чодра сиёсий исломнинг рамзидир.

Бугун Вьетнамда парламент сайловлари бўлиб ўтмоқда.

Миллий ассамблеядаги 500 ўринга 700 киши давогарлик қилмоқда.
Вьетнам – бирпартияли мамлакатдир. Депутатликка номзодларни танлашни коммунистик партия назорат қилади. Бу йилги сайловларда 16 мустақил номзод иштирок этмоқда. Уларнинг ҳаммаси компартиянинг якка ҳоким эканлигини тан олиши лозим. Коммунистик партиянинг "етакчилик ролини " тан олмаслик жиноят ҳисобланади ва тан олмаган киши қамалади.

Ирландияда жума куни ўтказилган парламент сайловларининг якунларини чиқариш давом этмоқда.

Бюллетенларнинг катта қисми санаб бўлинганидан сўнг мамлакатнинг ҳозирга бош вазири Берти Ахерн етакчилигидаги Фианна Файл партияси ғалаба қилганлиги аниқланди. Парламентдаги 166 ўриннинг 70 тасини шу партия аъзолари эгаллайдилар.

Бугун Бухарестда Европа тамирлаш ва тараққиёт банки раҳбариятининг йиллик учрашуви очилди.

Мазкур халқаро молиявий ташкилотга 1991 йили асос солинган бўлиб, у собиқ социалистик мамлакатларга уларнинг демократия ва бозор иқтисодиётига ўтишлари йўлида кўмак кўрсатади.
Европа тамирлаш ва тараққиёт банки бюжетига энг кўп бадални АҚШ тўлайди.
Мазкур банк кейинги йилдаги учрашувини Тошкентда ўтказиш режаси бор. Бундай режадан норозиликларини билдириб инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи бир қатор халқаро ташкилотлар вакиллари Банк раҳбариятига мурожаат қилганлар. Ўзбекистонда демократик ислоҳотлар ўтказилмагунга қадар бундай тадбирларни Тошкентда ўтказмаслик сўралган, ҳуқуқ ҳимоячиларининг мурожаатномаларида.

Ҳарбий жиноятларда ва инсониятга қарши жиноятларда айбланаётган босниялик серб Душко Кнезевич ўзини ўз ихтиёри билан Халқаро трибуналга топширди.

Трибунал вакилининг Франс пресс агентлигига хабар қилишича, Кнезевич ҳозир Гаагадаги қамоқхонада сақланмоқда. У 90 йилларда давом этган уруш пайтида Босниянинг шимоли ғарбидаги Омарск ва Кератерм концентрацион лагерларида оммавий қирғин ўтказганлиги, маҳбусларни қийноқларга солгани учун суд олдида жавоб беради.

Қандахор шаҳрида Афғонистонга Совет қўшинлари 1979 йили бостириб кирганидан буён биринчи бор комендантлик соати бекор қилинди.

АҚШ қўмондонлигининг вакили Брайан Хилферти маҳаллий мамурларнинг бу қадамини Афғонистонда барқарорлик ўрнатилаётгани ифодаси сифатида баҳолади.
Бироқ мамлакат шарқидаги Лағман вилоятида бир неча юз киши намойишга чиқиб, маҳаллий жамоалар ўртасидаги ўзаро можароларга марказий ҳокимиятнинг аралашувидан норози эканликларини билдирдилар. Афғонистон муваққат ҳукумати мазкур минтақага ўзаро уруш ҳолатига кириб қолган жамоаларни ажратиш учун мингдан зиёд аскар юборган эди. Маҳаллий лидерлар муаммоларни ўз кучимиз билан ҳал қила оламиз, деган иддаони билдирмоқдалар.
Мамлакат шарқидаги тоғларда эса америкалик ва британиялик ҳарбийлар толиблар ва алқаидачилар отрядларидан қолган жангариларга қарши амалиётларни ўтказмоқдалар.

Ҳиндистон расмийлари Покистон элчисига мамлакатни бир ҳафта ичида тарк этишни тавсия қилдилар.

Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Жасвант Синг бу чорани ўтган йилнинг декабридан буён Исломободда Ҳиндистон элчиси йўқлиги билан изоҳлади. Ҳиндистоннинг Покистондаги элчиси ўтган йилнинг декабрида Покистонда жойлашган Кашмир экстремистлари томонидан Деҳлидаги парламент биносига террористик ҳуруж уюштирилганидан сўнг чақириб олинганди.
Ҳиндистон – Покистон муносабатларининг шу кундаги кескинлашувига покистонлик экстремистларнинг Кашмирдаги Ҳиндистонга қарашли ҳарбий қисмга хужум қилиши ва оқибатда 30дан кишининг қурбон бўлиши сабаб бўлди.
Деҳли хужум учун масъулиятни Исломобод зиммасига юклади.
Кеча Кашмир чегара минтақасида ҳиндистонлик ва покистонлик ҳарбийлар ўртасида юз бераган отишмалар пайтида тўрт киши қурбон бўлди.

Европа Иттифоқи дипломатлари Байтулҳамдаги Исои Масиҳ таваллуди ибодатхонасининг қамал қилинишини тўхтатиш ҳақидаги келишувга эришилгандан сўнг Кипрга депортация қилинган фаластинлик 13 жангари тақдири бундан буён нима бўлиши тўғрисида келишиб олдилар.

Хабарларга қараганда, Италия ва Испания 3 нафардан, Греция ва Ирландия 2, Португалия ва Финландия биттадан фаластинликка бошпана беради. Депортация қилинган яна бир фаластинлик Кипрда қолади.
Испания бош вазири Хосе Мария Аснар кўчирилган 13 фаластинликнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги масала ҳам ҳал қилинади, деб баёнот берди.

Фаластин вазирлар маҳкамасининг 20 га яқин аъзоси Ясир Арафатга мухториятнинг маъмурий тузилмаларини қайта тузиб олиши учун имконият яратиш мақсадида ўзларининг истеъфога чиқишга тайёр эканликлари тўғрисида баёнот бердилар.

Ғарбдаги ахборот агентликлари бу хабарни Фаластин раҳбариятидаги манбадан олган маълумотларига таяниб ёйинладилар.
Би Би Си тарқатган маълумотга кўра, Арафат бу таклифни рад этган.
Фаластин мухторияти раҳбари бугун Марказий сайлов комиссияси аъзолари билан учрашди. Жума куни Арафат Фаластиннинг ҳокимиятининг барча бутоқларига сайловлар мухторият ҳудудидан Исроил ҳарбийлари батамом олиб чиқиб кетилганидан сўнггина ўтказилиши тўғрисида баёнот берган эди. Ўша кунгача эса сайловларни шу йилнинг охиригача ўтказиш лозимлигини таъкидлаётган эди.
Исроил вакили Ранаан Гиссиннинг фикрича, Арафат Фаластин мухториятининг ҳокимият тизимларида ислоҳотлар ўтказмаслик учун баҳона изламоқда. Бундай ислоҳотлар ўтказишнинг зарурлигини Исроил, АҚШ, Европа Иттифоқи ва Фаластин раҳбариятининг бир қатор вакиллари таъкидламоқдалар.

Федерал тергов бюроси маълумотларига қараганда "Ал- Қаида" террористик ташкилоти АҚШ даги баъзи турар-жойларни портлатишга ҳозирлик кўраётган бўлиши мумкин.

Бюро вакили Дэбби Вейерманнинг сўзларига кўра " Ал– Қаида" аъзолари квартираларни ижарага олиш ва сўнгра уларга портловчи моддаларни жойлаштириш имкониятларини изламоқдалар. Вейерманга кўра қўлга киритилган маълумотларда ўтказилиши кутилаётган амалиётлар ҳақида тафсилотлар йўқ ва бу маълумотлар бошқа манбалар томонидан тасдиқланган эмас.
АҚШ расмийлари ҳозирча бу маълумотдан таҳликага тушганларини билдирганлари йўқ. Федерал тергаов бюроси бу маълумотларни ўзининг минтақавий бўлимларига ҳамда турар-жойларнинг эгалари ва бошқарувчиларига тарқатди.
Айни пайтда АҚШда 11 сентябрь воқеалари арафасида хавфсизлик хизматларининг йўловчи учоқлари олиб қочилиши мумкинлиги тўғрисидаги огоҳлантиришларига президент Буш маъмурияти эътибор бермаганликда айбланиши билан боғлиқ можаро тобора авж олмоқда.

ДАРСЛИК ИЖАРА УСУЛИДА ТАРҚАТИЛАДИ

Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги янги ўқув йилида бир қатор дарсликлар ижара усулида тарқатлишини баëн қилди.Вазирликнинг дарсликлар ва ўқув қўлланмалари бўлими бошлиғи Раъно Отабоеванинг Озодлик радиосига билдиришича¸2002- 2003 ўқув йилларида бу усул билан ўзбек ва қорақалпоқ мактабларининг 9-синф ўқувчиларига 12 номдаги дарслик тарқатилади.
Бу тадбир Осиё тараққиёт банки кредити асосида амалга оширилади.
Маълум бўлишича, ижарага олинган дарсликлар пулини ота-оналар 4 йил давомида тўртга бўлиб мактаб ҳисобига ўтказишади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда дарсликлар нархи бир қанча ошгани боис¸ ота-оналар ўқувчи- фарзандларига дарсликларни сотиб олишда муайян қийинчиликларга рўпара бўлмоқда.

ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ АЪЗОСИ ЖАМОАТЧИ ҲИМОЯЧИ СИФАТИДА МАҲКАМАДА ИШТИРОК ЭТДИ

Ноқонуний диний гуруҳга аъзоликда айбланиб, 10 йилга қамоқ жазосига ҳукм этилган Комилжон Усмоновнинг кассация тартибдаги судида илк бор Халқаро инсон ҳуқуқлари жамияти вакили ҳам иштирок этди. Жамиятнинг Ўзбекистон бўлими аъзоси Суръат Икромов мазкур маҳкама ишида жамоатчи ҳимоячи сифатида қатнашди.
Суръат Икромов айбланувчи Комилжон Усмоновни бутунлай озод қилишни сўради. Бироқ ҳакам Усмоновга чиқарилган 10 йиллик қамоқ жазоси муддатини 7 йилга туширди¸ жазо тартибини қаттиқ режимдан умумий режимга ўтказди¸ мол-мулкни мусодара этиш тўғрисидаги дастлабки суд қарорини бекор қилди.

АРСЛОН РЎЗМЕТОВ ИШДАН ОЛИНДИ

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» давлат акциядорлик компанияси матбуот ҳизмати вакилининг тасдиқлашича, Арслон Рўзметов компания раиси лавозимидан бўшатилган. Унинг билдиришича¸ Вазирлар Маҳкамасининг 14 июнь 2002 йилги қарори билан Тян Валерий Николаевич компанияга раис этиб сайланган.
Ҳозирча расмий идоралар бу ҳусусда маълумот тарқатганлари йўқ.

Сўнгги кунларда ғарбий Европада ҳавонинг кескин исигани кузатилди.

Женевада ҳаво ҳарорати 34 даражагача кўтарилди. Бундай ҳарорат Швейцарияда сўнгги 50 йил мобайнида биринчи марта кузатилмоқда. Базелда эса ҳаво исигани, боис мактаб ўқувчилари уйларига юборилган. Германиянинг Кельн, Франкфурт, Мюньхен шаҳарларида эса иссиқлик 37 даражагача кўтарилган. Айни харорат Италияда ҳам қайд этилди. Римда касалхоналар иссиққа чидолмаётган қарияларга тўлиб кетган.

Футбол бўйича жаҳон чемпионатида ўйинларни давом эттираётган жамоалар сони тобора камайиб бормоқда.

Бугун чемпионат мезбони Япония Туркия терма командасига 0:1 ҳисобида ютқазиб, ўйинлардан чиқарилди. Туркия учун эса ушбу ғалаба чорак финалга чиқиш имконини берди. Чемпионатнинг яна бир мезбони Жанубий Корея жамоаси қўшимча вақт хисобига Италия терма командаси устидан 2:1 хисобида ғалаба қозониб, чорак финалга йўлланма олди.

Қирғизистон жанубида оммавий норозилик намойишлари давом этмоқда.

Бугун Жалолободда 6000 намойишчи депутат Азимбек Бекназаровга қўйилаётган айбловлар бекор этилишини, бу борадаги Бекназаров даъво аризаси кўриб чиқилишини талаб этиб чиқишган. Хабарларга кўра, милиция намойишларни бостиришга уринган, бироқ намойишчилар кўп бўлгани сабабли, бунинг уддасидан чиқа олмаган. Жалолобод суди Бекназаров даъво аризасини бугун кўриб чиқиши керак эди. Бироқ айрим сабабларга кўра у бир кунга кечиктирилган. Даъво аризасини Жалолобод суди эмас, Тўқтағул шаҳар суди кўриб чиқадиган бўлди. Бироқ, Бекназаровнинг унда иштирок этиш-этмаслиги ҳозирча номаълум. Қирғиз депутати ўз хизмат лавозимини суистеъмол қилганликда айбланиб, унга нисбатан шартли бир йил қамоқ жазоси белгиланган эди.

Бугун Варшава суди совет даврида Польша қамоқхонасида соқчи бўлиб ишлаган 74 ёшли Тадеуш Шиманскийга 5 йил қамоқ жазосини белгилади.

У қамоқхонадаги сиёсий махбусларни қийнаб, уларга нисбатан қўпол муомилада бўлгани учун бундай жазога тортилди. Шиманский 1948-1953 йиллар давомида Варшава қамоқхонасида ишлаганида ўлим жазоси ижрочиси бўлган.

Кашмир минтақасида вазият қалтислигича қолмоқда.

Покистон ва Ҳиндистонни иккига ажратувчи мазкур минтақада бугун ҳам артиллерия отишмалари кузатилди. Ҳиндистон расмий маълумотларига кўра сешанбага ўтар кечаси чегара яқинида Покистондан отилган юзга яқин снаряд портлаган. Бир фуқаронинг ҳалок бўлгани айтилмоқда. Ўтган бир ой давомида Кашмир минтақасида давом этаётган отишмалар оқибатида жами 150 киши нобуд бўлди. Назорат чизиғининг ҳар икки томонига миллионга яқин қўшин жалб этилган.

Бирлашган миллатлар ташкилотининг қочқинлар ишлари билан шуғулланувчи бошқармаси раҳбари Рууд Лубберснинг таъкидлашича, сўнгги олти ой мобайнида миллиондан зиёд афғон қочқини ўз уйларига қайтарилган.

Лубберс таҳминларига кўра йилнинг охирига келиб 2 миллионга яқин афғон қочқини репатриация қилиниши керак. БМТ қочқинлар идораси раҳбари бутун халқаро ҳамжамиятни Афғонистонга қайтган қочқинларга қўшимча молиявий ёрдам кўрсатишга, уларни озиқ-овқат билан таъминлашга чақирди. БМТ маълумотларига кўра, қочқинларнинг аксари – яъни 920 минг нафари Покистондан, қолган 80 минги қўшни Эрон ва Марказий Осиёдан ўз уйларига қайтарилган.

АҚШ Федерал қидирув бюроси раҳбари Роберт Мюллер ҳамда Марказий разведка бошқармаси директори Жорж Теннетлар бугун Конгрессга кўрсатма беришни бошлайдилар.

Конгресснинг икки кунлик ёпиқ мажлиси давомида улар АҚШнинг разведка идоралари нима сабабдан 11 сентябр фожеаларининг олдини олиб қола олмагани ҳақида ҳисобот беришлари керак. Шунингдек, конгрессда миллий хавфсизлик бошқармаси директори Майкл Хэйденнинг ҳам кўрсатмалари тингланади. Бугун, шунингдек Буш маъмурияти мамлакатнинг янги хавфсизлик идораси – Ички хавфсизлик департаментини тузиш бўйича қонун лойиҳасини Конгресс муҳокамасига қўйиши керак. Тузилажак янги департамент Федерал қидирув бюроси ҳамда Марказий разведка бошқармасидан бошқа барча федерал хавфсизлик идораларини бирлаштириши кўзда тутилмоқда.

Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмоновнинг таъкидлашича, Афғонистондан келаётган терроризм хавфи ҳали бартараф этилганича йўқ.

Бугун Душанбеда Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар чегара қўшинлари қўмондонларининг йиғилишида чиқиш қилган Раҳмонов, Афғонистонда толибон ва Ал-Қаида гуруҳлари ҳали ҳам сақланиб қолаётгани борасидаги тожик махсус хизматлари разведка маълумотларини ошкор этди. Раҳмоновга кўра, улар янги террорчилик ҳаракатларига ҳозирлик кўришмоқда. Душанбе раҳбари шунингдек, ал-қаидачилар аксил-террор компаниясини қўллаб-қувватлаётган МДҲ давлатларига қарши ҳуруж қилишлари мумкинлигидан огоҳлантирди.

Афғонистон раҳбари Ҳамид Карзай "Лўя Жирга"нинг бугунги мажлисида ўтиш даври ҳукуматининг муҳим идоралари – мудофаа, ички ишлар, ташқи ишлар, молия ва адлия вазирликлари раҳбарларининг номларини эртага эълон қилишини айтди.

Бугун эрталаб "Лўя Жирга" мажлиси ўз ишини давом эттирди. Мажлисга раислик қилаётган Исмоил Қосимёр Афғонистон ўтиш даври ҳукумати раҳбари кўрсатмасига мувофиқ "Лўя Жирга" вакиллари бўлган саккиз округ депутатларидан иборат махсус қўмита тузишларини сўради. Мазкур қўмита вақтли парламент тамойилларини ишлаб чиқиши керак.

Бугун Қуддусда яна террорчилик ҳаракати содир этилди.

Худкуш-террорчи шаҳар автобусларининг бирида ўзини-ўзи портлатгани оқибатида 19 киши нобуд бўлди, қирққа яқини оғир жароҳат олди. Мазкур портлашга жавобгарликни фаластиннинг "Ал-Акса мазлумлари" ҳамда "Хамас" ташкилотлари зиммасига олди. Фалокат рўй берган жойга етиб келган Исроил бош вазири Ариэль Шарон террорчиликка қарши кураш бундан буён ҳам давом этишини баён қилди.
Бу каби вахшийликлар содир этилар экан, Фаластин давлати ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас, - деб таъкидлади Шарон, жумладан.
Душанба куни, Исроил ҳарбийлари Байтулҳамда "Ал-акса мазлумлари" ташкилотининг бир фаолини отиб ўлдиришган. Мазкур ташкилот Исроилда ўнлаб террорчилик ҳаракатлари содир этгани, бунинг оқибатида юзлаб исроилликлар ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Шанба куни Чехияда ўтказилган парламент сайловларида социал демократлар ғолиб чиққанидан кейин бугун президент Васлав Хавел центр сўл қанот партияси лидери Владимир Спидлага янги ҳукумат ташкил қилишни тайинлади.

Спидла етакчилигидаги социал демократлар 30 фоиз, собиқ бош вазир Васлав Клаус бошчилигидаги сивик демократлар 24 фоиз, коммунистлар 18 фоиздан ошиқ ва центрист коалиция 14 фоиз овоз олди. Спидланинг айтишига қараганда, янги ҳукумат ташкил қилиш учун у аввал центрист коалиция билан келишишга харакат қилади. Агар музокаралар мувофақиятли бўлса, икки блок 200 ўринли парламентда 101 ўринни эгаллайди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG