Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2019, Тошкент вақти: 07:40

Халқаро хабарлар

ДАРСЛИК ИЖАРА УСУЛИДА ТАРҚАТИЛАДИ

Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги янги ўқув йилида бир қатор дарсликлар ижара усулида тарқатлишини баëн қилди.Вазирликнинг дарсликлар ва ўқув қўлланмалари бўлими бошлиғи Раъно Отабоеванинг Озодлик радиосига билдиришича¸2002- 2003 ўқув йилларида бу усул билан ўзбек ва қорақалпоқ мактабларининг 9-синф ўқувчиларига 12 номдаги дарслик тарқатилади.
Бу тадбир Осиё тараққиёт банки кредити асосида амалга оширилади.
Маълум бўлишича, ижарага олинган дарсликлар пулини ота-оналар 4 йил давомида тўртга бўлиб мактаб ҳисобига ўтказишади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда дарсликлар нархи бир қанча ошгани боис¸ ота-оналар ўқувчи- фарзандларига дарсликларни сотиб олишда муайян қийинчиликларга рўпара бўлмоқда.

ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ АЪЗОСИ ЖАМОАТЧИ ҲИМОЯЧИ СИФАТИДА МАҲКАМАДА ИШТИРОК ЭТДИ

Ноқонуний диний гуруҳга аъзоликда айбланиб, 10 йилга қамоқ жазосига ҳукм этилган Комилжон Усмоновнинг кассация тартибдаги судида илк бор Халқаро инсон ҳуқуқлари жамияти вакили ҳам иштирок этди. Жамиятнинг Ўзбекистон бўлими аъзоси Суръат Икромов мазкур маҳкама ишида жамоатчи ҳимоячи сифатида қатнашди.
Суръат Икромов айбланувчи Комилжон Усмоновни бутунлай озод қилишни сўради. Бироқ ҳакам Усмоновга чиқарилган 10 йиллик қамоқ жазоси муддатини 7 йилга туширди¸ жазо тартибини қаттиқ режимдан умумий режимга ўтказди¸ мол-мулкни мусодара этиш тўғрисидаги дастлабки суд қарорини бекор қилди.

АРСЛОН РЎЗМЕТОВ ИШДАН ОЛИНДИ

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» давлат акциядорлик компанияси матбуот ҳизмати вакилининг тасдиқлашича, Арслон Рўзметов компания раиси лавозимидан бўшатилган. Унинг билдиришича¸ Вазирлар Маҳкамасининг 14 июнь 2002 йилги қарори билан Тян Валерий Николаевич компанияга раис этиб сайланган.
Ҳозирча расмий идоралар бу ҳусусда маълумот тарқатганлари йўқ.

Сўнгги кунларда ғарбий Европада ҳавонинг кескин исигани кузатилди.

Женевада ҳаво ҳарорати 34 даражагача кўтарилди. Бундай ҳарорат Швейцарияда сўнгги 50 йил мобайнида биринчи марта кузатилмоқда. Базелда эса ҳаво исигани, боис мактаб ўқувчилари уйларига юборилган. Германиянинг Кельн, Франкфурт, Мюньхен шаҳарларида эса иссиқлик 37 даражагача кўтарилган. Айни харорат Италияда ҳам қайд этилди. Римда касалхоналар иссиққа чидолмаётган қарияларга тўлиб кетган.

Футбол бўйича жаҳон чемпионатида ўйинларни давом эттираётган жамоалар сони тобора камайиб бормоқда.

Бугун чемпионат мезбони Япония Туркия терма командасига 0:1 ҳисобида ютқазиб, ўйинлардан чиқарилди. Туркия учун эса ушбу ғалаба чорак финалга чиқиш имконини берди. Чемпионатнинг яна бир мезбони Жанубий Корея жамоаси қўшимча вақт хисобига Италия терма командаси устидан 2:1 хисобида ғалаба қозониб, чорак финалга йўлланма олди.

Қирғизистон жанубида оммавий норозилик намойишлари давом этмоқда.

Бугун Жалолободда 6000 намойишчи депутат Азимбек Бекназаровга қўйилаётган айбловлар бекор этилишини, бу борадаги Бекназаров даъво аризаси кўриб чиқилишини талаб этиб чиқишган. Хабарларга кўра, милиция намойишларни бостиришга уринган, бироқ намойишчилар кўп бўлгани сабабли, бунинг уддасидан чиқа олмаган. Жалолобод суди Бекназаров даъво аризасини бугун кўриб чиқиши керак эди. Бироқ айрим сабабларга кўра у бир кунга кечиктирилган. Даъво аризасини Жалолобод суди эмас, Тўқтағул шаҳар суди кўриб чиқадиган бўлди. Бироқ, Бекназаровнинг унда иштирок этиш-этмаслиги ҳозирча номаълум. Қирғиз депутати ўз хизмат лавозимини суистеъмол қилганликда айбланиб, унга нисбатан шартли бир йил қамоқ жазоси белгиланган эди.

Бугун Варшава суди совет даврида Польша қамоқхонасида соқчи бўлиб ишлаган 74 ёшли Тадеуш Шиманскийга 5 йил қамоқ жазосини белгилади.

У қамоқхонадаги сиёсий махбусларни қийнаб, уларга нисбатан қўпол муомилада бўлгани учун бундай жазога тортилди. Шиманский 1948-1953 йиллар давомида Варшава қамоқхонасида ишлаганида ўлим жазоси ижрочиси бўлган.

Кашмир минтақасида вазият қалтислигича қолмоқда.

Покистон ва Ҳиндистонни иккига ажратувчи мазкур минтақада бугун ҳам артиллерия отишмалари кузатилди. Ҳиндистон расмий маълумотларига кўра сешанбага ўтар кечаси чегара яқинида Покистондан отилган юзга яқин снаряд портлаган. Бир фуқаронинг ҳалок бўлгани айтилмоқда. Ўтган бир ой давомида Кашмир минтақасида давом этаётган отишмалар оқибатида жами 150 киши нобуд бўлди. Назорат чизиғининг ҳар икки томонига миллионга яқин қўшин жалб этилган.

Бирлашган миллатлар ташкилотининг қочқинлар ишлари билан шуғулланувчи бошқармаси раҳбари Рууд Лубберснинг таъкидлашича, сўнгги олти ой мобайнида миллиондан зиёд афғон қочқини ўз уйларига қайтарилган.

Лубберс таҳминларига кўра йилнинг охирига келиб 2 миллионга яқин афғон қочқини репатриация қилиниши керак. БМТ қочқинлар идораси раҳбари бутун халқаро ҳамжамиятни Афғонистонга қайтган қочқинларга қўшимча молиявий ёрдам кўрсатишга, уларни озиқ-овқат билан таъминлашга чақирди. БМТ маълумотларига кўра, қочқинларнинг аксари – яъни 920 минг нафари Покистондан, қолган 80 минги қўшни Эрон ва Марказий Осиёдан ўз уйларига қайтарилган.

АҚШ Федерал қидирув бюроси раҳбари Роберт Мюллер ҳамда Марказий разведка бошқармаси директори Жорж Теннетлар бугун Конгрессга кўрсатма беришни бошлайдилар.

Конгресснинг икки кунлик ёпиқ мажлиси давомида улар АҚШнинг разведка идоралари нима сабабдан 11 сентябр фожеаларининг олдини олиб қола олмагани ҳақида ҳисобот беришлари керак. Шунингдек, конгрессда миллий хавфсизлик бошқармаси директори Майкл Хэйденнинг ҳам кўрсатмалари тингланади. Бугун, шунингдек Буш маъмурияти мамлакатнинг янги хавфсизлик идораси – Ички хавфсизлик департаментини тузиш бўйича қонун лойиҳасини Конгресс муҳокамасига қўйиши керак. Тузилажак янги департамент Федерал қидирув бюроси ҳамда Марказий разведка бошқармасидан бошқа барча федерал хавфсизлик идораларини бирлаштириши кўзда тутилмоқда.

Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмоновнинг таъкидлашича, Афғонистондан келаётган терроризм хавфи ҳали бартараф этилганича йўқ.

Бугун Душанбеда Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар чегара қўшинлари қўмондонларининг йиғилишида чиқиш қилган Раҳмонов, Афғонистонда толибон ва Ал-Қаида гуруҳлари ҳали ҳам сақланиб қолаётгани борасидаги тожик махсус хизматлари разведка маълумотларини ошкор этди. Раҳмоновга кўра, улар янги террорчилик ҳаракатларига ҳозирлик кўришмоқда. Душанбе раҳбари шунингдек, ал-қаидачилар аксил-террор компаниясини қўллаб-қувватлаётган МДҲ давлатларига қарши ҳуруж қилишлари мумкинлигидан огоҳлантирди.

Афғонистон раҳбари Ҳамид Карзай "Лўя Жирга"нинг бугунги мажлисида ўтиш даври ҳукуматининг муҳим идоралари – мудофаа, ички ишлар, ташқи ишлар, молия ва адлия вазирликлари раҳбарларининг номларини эртага эълон қилишини айтди.

Бугун эрталаб "Лўя Жирга" мажлиси ўз ишини давом эттирди. Мажлисга раислик қилаётган Исмоил Қосимёр Афғонистон ўтиш даври ҳукумати раҳбари кўрсатмасига мувофиқ "Лўя Жирга" вакиллари бўлган саккиз округ депутатларидан иборат махсус қўмита тузишларини сўради. Мазкур қўмита вақтли парламент тамойилларини ишлаб чиқиши керак.

Бугун Қуддусда яна террорчилик ҳаракати содир этилди.

Худкуш-террорчи шаҳар автобусларининг бирида ўзини-ўзи портлатгани оқибатида 19 киши нобуд бўлди, қирққа яқини оғир жароҳат олди. Мазкур портлашга жавобгарликни фаластиннинг "Ал-Акса мазлумлари" ҳамда "Хамас" ташкилотлари зиммасига олди. Фалокат рўй берган жойга етиб келган Исроил бош вазири Ариэль Шарон террорчиликка қарши кураш бундан буён ҳам давом этишини баён қилди.
Бу каби вахшийликлар содир этилар экан, Фаластин давлати ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас, - деб таъкидлади Шарон, жумладан.
Душанба куни, Исроил ҳарбийлари Байтулҳамда "Ал-акса мазлумлари" ташкилотининг бир фаолини отиб ўлдиришган. Мазкур ташкилот Исроилда ўнлаб террорчилик ҳаракатлари содир этгани, бунинг оқибатида юзлаб исроилликлар ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Шанба куни Чехияда ўтказилган парламент сайловларида социал демократлар ғолиб чиққанидан кейин бугун президент Васлав Хавел центр сўл қанот партияси лидери Владимир Спидлага янги ҳукумат ташкил қилишни тайинлади.

Спидла етакчилигидаги социал демократлар 30 фоиз, собиқ бош вазир Васлав Клаус бошчилигидаги сивик демократлар 24 фоиз, коммунистлар 18 фоиздан ошиқ ва центрист коалиция 14 фоиз овоз олди. Спидланинг айтишига қараганда, янги ҳукумат ташкил қилиш учун у аввал центрист коалиция билан келишишга харакат қилади. Агар музокаралар мувофақиятли бўлса, икки блок 200 ўринли парламентда 101 ўринни эгаллайди.

Бугун футбол бўйича жаҳон чемпионати мусобақалари тарихида биринчи марта Америкалик футболчилар Мексико терма жамоасини 2-0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, турнирнинг чорак финал ўйинларига йўлланма олишди.

Эслатиб ўтамиз, бу Америкаликлар эришган иккинчи ғалабадир, улар бир неча кун олдин Португалия терма жамоаси устидан 3-2 ҳисобида ғолиб чиқишган.
Бугун Британия бош вазири Тонэ Блэр ҳам футбол ишқибози эканини ошкор қилди. Блэр Европа иттифоқидан ўзининг жума кунига белгиланган Севил саммитини бошқа кунга қолдиришни сўрашини айтди, ўша куни Англия терма жамоаси ўзининг чорак финал матчини ўйнайди.

Бугун Эрон давлат радиоси агар расмий Берлин Германияга саëҳат қилувчи Эрон фуқароларига қарши иммиграция назоратини кучайтирса, Теҳрон ҳукумати ҳам Германия фуқароларига қарши худди шундай чора-тадбирлар кўриши ҳақида огоҳлантирди.

Германия ҳукумати иммиграция назоратида бирон бир ўзгариш бўлганини эълон қилгани йўқ, аммо мамлакат матбуотининг билдиришига кўра, ҳукумат 22 мамлакат шу жумладан Эрон, Покистон ва Сауди Арабистони фуқароларининг Германияга кириш визаси олишларини янада қийинлаштирадиган режани муҳокама қилмоқда.

Бугун Ғарбий соҳил чегарасидаги Исроил полиция пункти яқинида гумон этилган бир фаластинлик бомба портлатиб ўзини ўлдирди, бошқа ҳеч кимга зарар етмагани билдирилди.

Исроил полициячиларининг айтишларича, улар шахснинг хужжатини текшириш учун яқинлашганларида у ўзини портлатиб юборган. Кеча тунда Исроил қўшинлари яна Ғарбий соҳилнинг Женин шаҳрига кириб, қуролли фаластинликлар билан тўқнашди. Талофатлар тўғрисида маълумот берилмади.

Бугун Душанбеда АҚШ давлат котибининг Марказий Осиë, Кавказ ва жануб шарқий Европа ишлари бўйича ëрдамчиси Лэн Паско Тожикистон президенти Имомали Раҳмонов билан учрашади.

Музокараларда минтақавий хавфсизлик, Афғонистон ва халқаро терроризмга қарши кураш каби масалалар муҳокама этилиши кутилади. Паско кеча Тожикистон ташқи ишлар вазири Талбак Назаров билан учрашди ва АҚШ Тожикистонга гуманитар ва иқтисодий ëрдамлар беришни оширишини айтди. Улар АҚШ ва Тожикистон ўртасида кўпроқ ҳамкорлик қилиш масаласини ҳам кўриб чиқишди.

Кеча Тожикистонинг шимолий худудларида шиддатли бўрондан кейин ҳосил бўлган сув тошқинлари оқибатида икки аëл ва икки бола қурбон бўлди, 24 та уй вайрон бўлди.

Тожикистон фавқулодда вазиятлар вазирлиги халқаро донор ташкилотларга мурожаат қилиб, сув тошқинларидан зарар кўрган оилаларга ëрдам беришни сўради.

Бугун АҚШ ўзининг Покистон пойтахти Исломободдаги элчихонасини, шунингдек, Лахор ва Пешавардаги консулхоналарини қайта очди.

Жума куни Карочи шаҳридаги АҚШ консулхонаси қошида бир машина ичида бомба портлатилганидан кейин Американинг Покистондаги барча дипломатик миссиялари ëпилган эди. Мазкур портлаш оқибатида 12 одам қурбон бўлди ва 44 киши тан жароҳати олди. Консулхонанинг ховли деворига қисман зарар етди. Консулхонани қачон қайта очиш тўғрисида бугун қарор берилиши кутилади. Илгари танилмаган “Ал-Қанун” гурухи Карочида содир этилган хужум жавобгарлигини ўз зиммасига олди. Ҳозирча полиция хужумга алоқаси бўлиши мумкин, деган гумон билан 3 кишини сўроқ қилди, аммо ҳеч ким ҳибсга олингани йўқ.

Бугун Покистон ташқи ишлар вазирлигининг билдиришига кўра, чегара соқчилари Афғонистондан Покистонга киришга уринган икки Америкаликни ва бошқа айрим одамларни ушлаган.

Вазирлик матбуот вакили Азиз Аҳмадхон ушланган одамларни сўроқ қилиш ишлари давом этаëтганини айтиб, бу ҳақда бошқа маълумот бермади. Ўтган йилда Покистон АҚШнинг ҳарбий хужумларидан қочаëтган “Ал-Қайда” террористлари ва Толибон жангариларини қўлга олиш учун Афғонистон билан бўлган чегара бўйида назоратни кучайтирди.

Бугун Кобулда Афғонистон Лўя Жирга делегатларининг яримидан кўпи муҳим масалаларда ижобий натижаларга эришилмаëтгани ва муҳолифат қарашлари инобатга олинмаëтганига норозилик билдиришди.

Афғонистоннинг ўтиш давридаги янги давлат бошлиғи Хамид Карзайнинг бугун тушдан кейин 1.600 делегатга мурожаат қилиши кутилган эди, бироқ олинган сўнгги хабарга кўра, Карзай ярим соатдан кейин нутқ сўзлайди. Карзай ўтиш давридаги парламент таркиби борасидаги келишмовчиликларни ҳал этиши керак. Лўя Жирга делегатлари парламент аъзоларини танлаш масаласида келишолмаяптилар. Лўя Жирга учрашуви аслида кеча якунланиши керак эди, аммо хабарларга қараганда, кенгаш қачон тугаши аниқ эмас.

ЕТТИТА ОДАМНИ ЎЛДИРГАН ЭРИ-ХОТИН ҚОТИЛЛАР УСТИДАН МАҲКАМА ЖАРАЁНИ КЕЧАЁТИР

Фарғона вилоятининг Данғара туманида яшовчи эри-хотин Усмонов Иқбол ва Усмонова Мавлуда ҳамда Раҳмонов Юнусали қасддан одам ўлдириш, босқинчилик, қабрни таҳқирлаш каби жиноятларни содир этганликда айбланишмоқда.
Маълум бўлишича, улар киракашлик билан шуғулланувчи ҳусусий машина эгаларини ҳийла билан уйларига олиб келиб, ўлдириб, мурдаларни ўзлари яшаб турган ҳовлига кўмишган. Енгил машиналарни эса эҳтиёт қисмларга ажратиб сотишган. Улар шу усулда еттита одамни ўлдиришган.
Айбланувчилар 2001 йилнинг охирги ойларида қўлга олинган эдилар. Суд Фарғона вилоятининг Данғара туманида бўлаётир.

ЛАТВИЯ ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРИНИНГ ЎЗБЕКИСТОНГА ТАШРИФИ

17 июн куни Латвия ва Ўзбекистон ўртасида уюшган жиноятчилик, терроризм, наркотик ва психотроп моддалар ҳамда прекурсорларнинг ноқонуний тарқалишига қарши кураш тўғрисида келишув имзоланди. Бу келишув Латвия ташқи ишлар вазири Индулис Берзиньшнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи давомида имзоланган.

Словакия ташқи ишлар вазири Эдуард Кукан Европа Иттифоқини тузилмани олдиндан режалаштирилган муддатларда кенгайтиришга чақиришини эълон қилди.

Европа Иттифоқи раҳбарларининг навбатдаги йиғини келаси ҳафтада Испанияда ўтади.
Янги аъзоларни 2004 йилда қабул қилиш кўзда тутилган.
Куканнинг сўзларига кўра, у муддатларнинг узайтирилиши иттифоқ аъзолигига номзод 10 мамлакат учун салбий оқибалтлар келтириши мумкинлигини билдиришни режалаштирмоқда.
Европа Иттифоқига аъзолик мавзусидаги музокаралар қишлоқ хўжалигига субсидиялар ажратиш масаласи устида тортишувлар юзага келгани муносабати билан боши берк кўчага кириб қолган.
Европа Иттифоқининг режасига кўра, иттифоққа қўшиладиган мамлакатлар дастлабки босқичда, тузилмага ҳозир аъзо бўлган мамлакатларга ажратиладиган субсидиялар миқдорининг тўртдан бир қисмини олишади.

Давомини ўқинг

OzodTa'sir

XS
SM
MD
LG