Линклар

Шошилинч хабар
26 август 2019, Тошкент вақти: 05:18

Халқаро янгиликлар

Шанба куни Чехияда ўтказилган парламент сайловларида социал демократлар ғолиб чиққанидан кейин бугун президент Васлав Хавел центр сўл қанот партияси лидери Владимир Спидлага янги ҳукумат ташкил қилишни тайинлади.

Спидла етакчилигидаги социал демократлар 30 фоиз, собиқ бош вазир Васлав Клаус бошчилигидаги сивик демократлар 24 фоиз, коммунистлар 18 фоиздан ошиқ ва центрист коалиция 14 фоиз овоз олди. Спидланинг айтишига қараганда, янги ҳукумат ташкил қилиш учун у аввал центрист коалиция билан келишишга харакат қилади. Агар музокаралар мувофақиятли бўлса, икки блок 200 ўринли парламентда 101 ўринни эгаллайди.

Бугун футбол бўйича жаҳон чемпионати мусобақалари тарихида биринчи марта Америкалик футболчилар Мексико терма жамоасини 2-0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, турнирнинг чорак финал ўйинларига йўлланма олишди.

Эслатиб ўтамиз, бу Америкаликлар эришган иккинчи ғалабадир, улар бир неча кун олдин Португалия терма жамоаси устидан 3-2 ҳисобида ғолиб чиқишган.
Бугун Британия бош вазири Тонэ Блэр ҳам футбол ишқибози эканини ошкор қилди. Блэр Европа иттифоқидан ўзининг жума кунига белгиланган Севил саммитини бошқа кунга қолдиришни сўрашини айтди, ўша куни Англия терма жамоаси ўзининг чорак финал матчини ўйнайди.

Бугун Ғарбий соҳил чегарасидаги Исроил полиция пункти яқинида гумон этилган бир фаластинлик бомба портлатиб ўзини ўлдирди, бошқа ҳеч кимга зарар етмагани билдирилди.

Исроил полициячиларининг айтишларича, улар шахснинг хужжатини текшириш учун яқинлашганларида у ўзини портлатиб юборган. Кеча тунда Исроил қўшинлари яна Ғарбий соҳилнинг Женин шаҳрига кириб, қуролли фаластинликлар билан тўқнашди. Талофатлар тўғрисида маълумот берилмади.

Бугун Эрон давлат радиоси агар расмий Берлин Германияга саëҳат қилувчи Эрон фуқароларига қарши иммиграция назоратини кучайтирса, Теҳрон ҳукумати ҳам Германия фуқароларига қарши худди шундай чора-тадбирлар кўриши ҳақида огоҳлантирди.

Германия ҳукумати иммиграция назоратида бирон бир ўзгариш бўлганини эълон қилгани йўқ, аммо мамлакат матбуотининг билдиришига кўра, ҳукумат 22 мамлакат шу жумладан Эрон, Покистон ва Сауди Арабистони фуқароларининг Германияга кириш визаси олишларини янада қийинлаштирадиган режани муҳокама қилмоқда.

Бугун Душанбеда АҚШ давлат котибининг Марказий Осиë, Кавказ ва жануб шарқий Европа ишлари бўйича ëрдамчиси Лэн Паско Тожикистон президенти Имомали Раҳмонов билан учрашади.

Музокараларда минтақавий хавфсизлик, Афғонистон ва халқаро терроризмга қарши кураш каби масалалар муҳокама этилиши кутилади. Паско кеча Тожикистон ташқи ишлар вазири Талбак Назаров билан учрашди ва АҚШ Тожикистонга гуманитар ва иқтисодий ëрдамлар беришни оширишини айтди. Улар АҚШ ва Тожикистон ўртасида кўпроқ ҳамкорлик қилиш масаласини ҳам кўриб чиқишди.

Кеча Тожикистонинг шимолий худудларида шиддатли бўрондан кейин ҳосил бўлган сув тошқинлари оқибатида икки аëл ва икки бола қурбон бўлди, 24 та уй вайрон бўлди.

Тожикистон фавқулодда вазиятлар вазирлиги халқаро донор ташкилотларга мурожаат қилиб, сув тошқинларидан зарар кўрган оилаларга ëрдам беришни сўради.

Бугун АҚШ ўзининг Покистон пойтахти Исломободдаги элчихонасини, шунингдек, Лахор ва Пешавардаги консулхоналарини қайта очди.

Жума куни Карочи шаҳридаги АҚШ консулхонаси қошида бир машина ичида бомба портлатилганидан кейин Американинг Покистондаги барча дипломатик миссиялари ëпилган эди. Мазкур портлаш оқибатида 12 одам қурбон бўлди ва 44 киши тан жароҳати олди. Консулхонанинг ховли деворига қисман зарар етди. Консулхонани қачон қайта очиш тўғрисида бугун қарор берилиши кутилади. Илгари танилмаган “Ал-Қанун” гурухи Карочида содир этилган хужум жавобгарлигини ўз зиммасига олди. Ҳозирча полиция хужумга алоқаси бўлиши мумкин, деган гумон билан 3 кишини сўроқ қилди, аммо ҳеч ким ҳибсга олингани йўқ.

Бугун Покистон ташқи ишлар вазирлигининг билдиришига кўра, чегара соқчилари Афғонистондан Покистонга киришга уринган икки Америкаликни ва бошқа айрим одамларни ушлаган.

Вазирлик матбуот вакили Азиз Аҳмадхон ушланган одамларни сўроқ қилиш ишлари давом этаëтганини айтиб, бу ҳақда бошқа маълумот бермади. Ўтган йилда Покистон АҚШнинг ҳарбий хужумларидан қочаëтган “Ал-Қайда” террористлари ва Толибон жангариларини қўлга олиш учун Афғонистон билан бўлган чегара бўйида назоратни кучайтирди.

Бугун Кобулда Афғонистон Лўя Жирга делегатларининг яримидан кўпи муҳим масалаларда ижобий натижаларга эришилмаëтгани ва муҳолифат қарашлари инобатга олинмаëтганига норозилик билдиришди.

Афғонистоннинг ўтиш давридаги янги давлат бошлиғи Хамид Карзайнинг бугун тушдан кейин 1.600 делегатга мурожаат қилиши кутилган эди, бироқ олинган сўнгги хабарга кўра, Карзай ярим соатдан кейин нутқ сўзлайди. Карзай ўтиш давридаги парламент таркиби борасидаги келишмовчиликларни ҳал этиши керак. Лўя Жирга делегатлари парламент аъзоларини танлаш масаласида келишолмаяптилар. Лўя Жирга учрашуви аслида кеча якунланиши керак эди, аммо хабарларга қараганда, кенгаш қачон тугаши аниқ эмас.

ЕТТИТА ОДАМНИ ЎЛДИРГАН ЭРИ-ХОТИН ҚОТИЛЛАР УСТИДАН МАҲКАМА ЖАРАЁНИ КЕЧАЁТИР

Фарғона вилоятининг Данғара туманида яшовчи эри-хотин Усмонов Иқбол ва Усмонова Мавлуда ҳамда Раҳмонов Юнусали қасддан одам ўлдириш, босқинчилик, қабрни таҳқирлаш каби жиноятларни содир этганликда айбланишмоқда.
Маълум бўлишича, улар киракашлик билан шуғулланувчи ҳусусий машина эгаларини ҳийла билан уйларига олиб келиб, ўлдириб, мурдаларни ўзлари яшаб турган ҳовлига кўмишган. Енгил машиналарни эса эҳтиёт қисмларга ажратиб сотишган. Улар шу усулда еттита одамни ўлдиришган.
Айбланувчилар 2001 йилнинг охирги ойларида қўлга олинган эдилар. Суд Фарғона вилоятининг Данғара туманида бўлаётир.

ЛАТВИЯ ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРИНИНГ ЎЗБЕКИСТОНГА ТАШРИФИ

17 июн куни Латвия ва Ўзбекистон ўртасида уюшган жиноятчилик, терроризм, наркотик ва психотроп моддалар ҳамда прекурсорларнинг ноқонуний тарқалишига қарши кураш тўғрисида келишув имзоланди. Бу келишув Латвия ташқи ишлар вазири Индулис Берзиньшнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи давомида имзоланган.

Словакия ташқи ишлар вазири Эдуард Кукан Европа Иттифоқини тузилмани олдиндан режалаштирилган муддатларда кенгайтиришга чақиришини эълон қилди.

Европа Иттифоқи раҳбарларининг навбатдаги йиғини келаси ҳафтада Испанияда ўтади.
Янги аъзоларни 2004 йилда қабул қилиш кўзда тутилган.
Куканнинг сўзларига кўра, у муддатларнинг узайтирилиши иттифоқ аъзолигига номзод 10 мамлакат учун салбий оқибалтлар келтириши мумкинлигини билдиришни режалаштирмоқда.
Европа Иттифоқига аъзолик мавзусидаги музокаралар қишлоқ хўжалигига субсидиялар ажратиш масаласи устида тортишувлар юзага келгани муносабати билан боши берк кўчага кириб қолган.
Европа Иттифоқининг режасига кўра, иттифоққа қўшиладиган мамлакатлар дастлабки босқичда, тузилмага ҳозир аъзо бўлган мамлакатларга ажратиладиган субсидиялар миқдорининг тўртдан бир қисмини олишади.

Кашмирнинг Ҳиндистонга қарашли қисмида Покистон ҳудудларидан туриб амалга оширилган зарбалар натижасида тинч аҳолидан камида беш одам ҳалок бўлди. Уч киши оғир тан жароҳатлари олган.

Ҳиндистон ахборот бошқармаларининг маълумотларига кўра, Кашмирдаги Ҳиндистон-Покистон чегарасида Ҳиндистон ҳудудларига ўтишга уринган беш жангари ўлдирилган.
Кеча Сринагар шаҳрида Кашмирнинг Ҳиндистонга қарашли қисми маъмурияти раҳбарига суиқасд амалга оширилди. Террорчилар расмий маросим чоғида икки гранатани портлатишган. Баҳтли тасодифга кўра, ҳеч кимга зиëн етмаган.
Ҳиндистон
ички ишлар вазири Лал Кришна АДВАНИ, токи Покистон сепаратчилар базаларини ëпмагунича Кашмирдаги можарони тинч йўллар билан ҳал қилиш мавзусидаги музокаларлар ўтказилмаслигини эълон қилди.
Вазирнинг сўзларига кўра, Кашмирнинг Покистонга қарашли қисмида террорчилар қайта тайëргарликдан ўтказилаëтган 70 га яқин легар мавжуд.

Пекиндаги университет шаҳарчасида жойлашган интернет қаҳваҳонасида содир бўлган ëнғин натижасида 24 одам ҳалок бўлди.

13 киши жароҳатланган.
Фожеа сабаблари ҳозирча номаълум.
Кунига 24 соат мобайнида ишлайдиган интернет қаҳваҳоналари Ҳитойликлар орасида ўта оммавийдир. Ҳалқаро компютер тармоғидан фойдаланаëтган 34 миллион хитойликларнинг аксари ўз компютерларини ҳарид қилиш
имконларидан маҳрумдирлар.
Расмийлар, сиëсий ва порнографик сайтларни зиëрат қиладиган фойдаланувчиларни топиш мақсадида, бундай қаҳваҳоналарда мунтазам текширишлар ўтказиб туришади.
Фожеадан сўнг Пекин расмийлари шаҳардаги барча интернет қаҳваҳоналарини ëпиб қўйишди.

Босфор бўғозида Россиянинг Камбоджа байроғи остида сузган ”Магиск” юк кемаси Туркиянинг патрул катери билан тўқнашди.

Дастлабки маълумотларга кўра, 15 одам жароҳат олган. Икки одам бедарак йўқолганлар рўйҳатида қолмоқда. Россия экипажидан ҳеч кимга зиëн етмаган.
Туркия катери сувга чўккан.
Украинадан Италияга металл олиб кетаëтган кема яқинда жойлашган портлардан бирига етказилди. Бугун кема капитани туркия полициясида сўроқ қилинади.

Саноати тараққий этган етти давлат лидерлари июнь ойининг оҳирларида Канадада ўтадиган “Катта етти ва Россия” гуруҳи саммитида ривожланган ва ривожланаëтган мамлакатлар орасидаги муносабатларнинг янги тизимини кўриб чиқишади.

Бу ҳақда шанба куни Канаданинг ГАЛИФАКС шаҳрида учрашган катта етти гуруҳига кирувчи давлатлар молия вазирлари эълон қилишди.
Учрашув диққат марказидаги мавзу, молиявий ëрдам дастурларини ислоҳ қилиш масаласи бўлди. Вазирларнинг фикрига кўра, бундай ëрдамни олишга даъвогарлик қилаëтган мамлакатлар ҳукуматлари, ўз давлатларидаги вазиятнинг барқарорлиги учун кўпроқ маъсулият ҳис этишлари керак.
Форумда шунингдек жаҳон иқтисоди муаммолари, ҳамда молиявий инқироз ҳолатига тушган мамлакатлардаги вазият муҳокама этилди.
Галифаксдаги учрашувлар якунига етаëтганида глобаллашув жараëнига қарши чиқаëтган намойишчилар билан полициячилар орасида тўқнашувлар юз берди. Намойишчиларни тарқатиш учун ëш оқизувчи газ қўлланган. Жароҳатланганлар ҳақида маълумотлар тушмаган.

Исроил бош вазири Ариэль Шарон яқин келажакда мустақил фаластин давлатининг тузилиши эҳтимолини инкор этди.

Исроил радиосининг хабарига кўра, Шарон ушбу баëнотини вазирлар маҳкамаси йиғинида қилган.
АҚШ президенти Жорж Буш ҳукумат аъзолари билан Яқин Шарқ можаросини тинч йўллар билан ҳал этишнинг янги дастурини муҳокама қилмоқда. Унда ҳусусан, вақтинчалик чегараларга эга бўлган мустақил фаластин давлатини тузиш кўзда тутилади.
Исроил Иорданниннг ғарбий соҳилидаги чегарада тўсиқлар қуриш ишларини бошлаб юборди. 350 километрлик тўсиқлар мажмуасига бетон деворлар, зовурлар ва электрон кузатиш тизимлари киради. Исроил мудофаа вазири Биньямин Бен-Элиэзер лойиҳадан мақсад фаластин террорчиларининг Исрил ҳудудуларига ўтришларига йўл қўймасликдир.
Кеча Ғазза секторида “Хамас” гуруҳи жангарилари томонидан қилинган ҳужум натижасида исроиллик икки аскар ҳалок бўлди. Яна тўрт ҳарбий хизматчи жароҳатланган.

АҚШ давлат департаментининг юқори мартабали расмийси Тожикистонга ташрифини бошлади.

Давлат котибининг ëрдамчиси Лин Паско Душанбеда президент Имомали Раҳмонов билан учрашиб, минтақавий хавфсизлик, Афғониsтондаги вазият, ҳамда халқаро терроризм билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилади.
Душанбега келишдан олдин Паско Тошкентда Ўзбекистон раҳбарияти билан музокаралар ўтказди.

Бугун Францияда парламент сайловларининг иккинчи давраси ўтмоқда.

Франция парламентнинг қуйи палатаси - Миллий кенгашдаги 519 ўринга мингдан зиëд номзод даъвогарлик қилқмода. Бундан бир ҳафта олдин ўтган биринчи давра сайловларда 58 депутат сайланган.
Жак Ширак тарафдорлари сайловларда жиддий ғалабага эришиб, парламентдаги ўринларнинг бешдан тўрт қисмини эгаллашлари кутилмоқда. Сўнгги беш йил давомида Миллий кенгаш депутатларининг аксарияти чап партиялар намоëндалари бўлган.

АҚШ ларида ракеталарга қарши милий мудофаа тизимини яратиш дастури доирасида ерда жойлаштириладиган ракеталарни учириш мосламаларини қуриш ишлари бошлаб юборилди.

Таркибига олти учириш шахтаси кирган мослама Аляска штатидаги Форт-Грилида жойлаштирилади.
Қурилиш ишларини 2004 йил сентябрга қадар якунлаш режалаштирилмоқда. Шу ҳафта АҚШ 1972 йилда имзоланган ракеталарга қарши тизимларни ривожлантиришни чекловчи шартмомадан чиққанини расман эълон қилган.

Қобулда умумафғон оқсоқоллари кенгаши - Лўя Жирга

Бугун делегатлар Лўя Жирга томонидан сайланадиган ўтиш даври ҳукуматидаги 111 ўринга номзодларни танлаш тизимини муҳокама қилишмоқда.
Тушган уч таклифдан бирига кўра, делегатлар Афғонистондаги 32 вилоятнинг ҳар биридан икки нафардан номзодни илгари суришлари керак. Мандатларнинг қолган қисми жамоа ташкилотлари, университетлар ва бошқа тузилмалар орасида тақсимланади.
Ўз навбатида муваққат парламент ўтиш даври ҳукумати таркиби ва стурктурасини белгилайди. Муваққат парламент раҳбарилигига Афғонистоннинг собиқ президенти Бурҳониддин Раббонийнинг номзоди қўйилган.
Лўя Жирга йиғинлари душанба куни якунланиши кутилмоқда.

Бугун эрта саҳардан Исроил кучлари яна Иордан дарёси ғарбий соҳилидаги Жинин шаҳрига қайтадан киритилди.

Ҳозирда шаҳар бўйлаб комендантлик соати жорий этилган. Жининда исроил харбийлари террорчиларни қидириш ишларини давом эттирмоқда. Исроил разведка хизмати баён қилишича, фаластинлик қуролли гуруҳлар янги террорчилик ҳужумларига ҳозирлик кўрмоқда экан. Ҳозирча қамоққа олинганлар ҳақида маълумотлар йўқ.
Кеча АҚШ Давлат котиби Колин Пауэл Вашингтонда Исроил армияси бош штаби раҳбари Шоул Мофаз, Фаластин мухторияти вакили Набил Шаат ҳамда Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири шайхзода Соуд ал-Файсал билан музокаралар олиб борди. Унгача эса АҚШ Давлат департаментида Америка, Россия, Европа Иттифоқи ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти вакилларининг учрашуви ўтган. Учрашув иштирокчилари Яқин Шарқ бўйича халқаро анжуманга тайёргарлик ишларини муҳокама этганлар. Келгуси ҳафтада АҚШ Президенти Жорж Буш томонидан Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш бўйича янги таклиф ўртага ташланиши кутилмоқда.

АҚШ президенти Жорж Буш кеча Покистонда Америка консулхонаси ёнида содир этилган портлашларни қоралар экан, уни уюштирган "жирканч қотилларга" қарши кураш бундан буён ҳам давом этишини баён қилди.

Карачида содир этилган террорчилик ҳаракати оқибатида 11 киши нобуд бўлди, 45 га яқини оғир жароҳат олди. Ҳалок бўлганлар орасида 5 нафар покистон полициячиси ҳам бор. Мазкур портлашларга жавобгарликни "Ал-Қонун" ташкилоти зиммасига олди. Ташкилот кечаги террорчилик ҳаракатлари АҚШ ва Покистон ҳукуматига қарши "муқаддас уруш"нинг бошланиши, дея баён қилган. Қарачидаги фожеалардан сўнг Покистондаги АҚШ ваколатхоналари бир неча кунга ёпиб қўйилди. Олдинроқ эса мамлакатдаги америка дипломатларининг кўпгина қисми оила аъзолари билан бирга эвакуация қилинган эди. Шунга қарамай, АҚШ Давлат котиби Колин Пауэл Покистон президенти Парвез Мушаррафга Вашингтон бундан буён ҳам Исломобод билан террорчиликка қарши курашда яқин ҳамкорлик олиб боришини маълум қилди.

Бугун Қобулда афғон қавмлари оқсоқоллар кенгаши Лўя Жирга мажлиси ўз ишини давом эттирди.

Лўя Жирга Афғонистон ўтиш даври ҳукумати таркибини сайлаши керак. Афғонистон муваққат идораси раҳбари бўлиб келган Ҳамид Карзай пайшанба куни Афғонистон ўтиш даври ҳукумати бошлиғи этиб сайланган эди. Карзай ўз чиқишида сайланадиган янги ҳукумат Афғон халқи манфаатлари йўлида, уларнинг турмушини, тинч-тотувлигини таъминлаш борасида иш олиб боражагини маълум қилди. Янги тузилажак ўтиш даври ҳукумати Афғонистонни бир ярим йил мобайнида, яъни 2004 йилда бўладиган умумхалқ сайловларига қадар идора этади.

Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги Қашмир минтақасида ракета-артиллерия отишмалари тинмаяпти.

Улар оқибатида бугуннинг ўзида уч киши нобуд бўлди, йигирмага яқини жароҳат олди. Ушбу хафта тинчлик миссияси билан Яқин Шарққа ташриф буюрган АҚШ Мудофаа вазири Дональд Рамсфелд томонларни ўт очишни тўхтатиб, музокара бошлашга даъват этган эди. Кеча Покистон Араб денгизидаги ўз харбий ва сувости кемаларини олдинги позициясига қайтариш бўйича фармоиш берди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG