Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2019, Тошкент вақти: 07:37

Халқаро хабарлар

Бугун эрта саҳардан Исроил кучлари яна Иордан дарёси ғарбий соҳилидаги Жинин шаҳрига қайтадан киритилди.

Ҳозирда шаҳар бўйлаб комендантлик соати жорий этилган. Жининда исроил харбийлари террорчиларни қидириш ишларини давом эттирмоқда. Исроил разведка хизмати баён қилишича, фаластинлик қуролли гуруҳлар янги террорчилик ҳужумларига ҳозирлик кўрмоқда экан. Ҳозирча қамоққа олинганлар ҳақида маълумотлар йўқ.
Кеча АҚШ Давлат котиби Колин Пауэл Вашингтонда Исроил армияси бош штаби раҳбари Шоул Мофаз, Фаластин мухторияти вакили Набил Шаат ҳамда Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири шайхзода Соуд ал-Файсал билан музокаралар олиб борди. Унгача эса АҚШ Давлат департаментида Америка, Россия, Европа Иттифоқи ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти вакилларининг учрашуви ўтган. Учрашув иштирокчилари Яқин Шарқ бўйича халқаро анжуманга тайёргарлик ишларини муҳокама этганлар. Келгуси ҳафтада АҚШ Президенти Жорж Буш томонидан Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш бўйича янги таклиф ўртага ташланиши кутилмоқда.

АҚШ президенти Жорж Буш кеча Покистонда Америка консулхонаси ёнида содир этилган портлашларни қоралар экан, уни уюштирган "жирканч қотилларга" қарши кураш бундан буён ҳам давом этишини баён қилди.

Карачида содир этилган террорчилик ҳаракати оқибатида 11 киши нобуд бўлди, 45 га яқини оғир жароҳат олди. Ҳалок бўлганлар орасида 5 нафар покистон полициячиси ҳам бор. Мазкур портлашларга жавобгарликни "Ал-Қонун" ташкилоти зиммасига олди. Ташкилот кечаги террорчилик ҳаракатлари АҚШ ва Покистон ҳукуматига қарши "муқаддас уруш"нинг бошланиши, дея баён қилган. Қарачидаги фожеалардан сўнг Покистондаги АҚШ ваколатхоналари бир неча кунга ёпиб қўйилди. Олдинроқ эса мамлакатдаги америка дипломатларининг кўпгина қисми оила аъзолари билан бирга эвакуация қилинган эди. Шунга қарамай, АҚШ Давлат котиби Колин Пауэл Покистон президенти Парвез Мушаррафга Вашингтон бундан буён ҳам Исломобод билан террорчиликка қарши курашда яқин ҳамкорлик олиб боришини маълум қилди.

Бугун Қобулда афғон қавмлари оқсоқоллар кенгаши Лўя Жирга мажлиси ўз ишини давом эттирди.

Лўя Жирга Афғонистон ўтиш даври ҳукумати таркибини сайлаши керак. Афғонистон муваққат идораси раҳбари бўлиб келган Ҳамид Карзай пайшанба куни Афғонистон ўтиш даври ҳукумати бошлиғи этиб сайланган эди. Карзай ўз чиқишида сайланадиган янги ҳукумат Афғон халқи манфаатлари йўлида, уларнинг турмушини, тинч-тотувлигини таъминлаш борасида иш олиб боражагини маълум қилди. Янги тузилажак ўтиш даври ҳукумати Афғонистонни бир ярим йил мобайнида, яъни 2004 йилда бўладиган умумхалқ сайловларига қадар идора этади.

Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги Қашмир минтақасида ракета-артиллерия отишмалари тинмаяпти.

Улар оқибатида бугуннинг ўзида уч киши нобуд бўлди, йигирмага яқини жароҳат олди. Ушбу хафта тинчлик миссияси билан Яқин Шарққа ташриф буюрган АҚШ Мудофаа вазири Дональд Рамсфелд томонларни ўт очишни тўхтатиб, музокара бошлашга даъват этган эди. Кеча Покистон Араб денгизидаги ўз харбий ва сувости кемаларини олдинги позициясига қайтариш бўйича фармоиш берди.

АҚШ расмийларининг маълум қилишларича, ҳозирда американинг Кубадаги Гуантанамо харбий базасида 502 нафар толибон ва Ал-Қаида махбуси сақланмоқда.

Жума куни эса Афғонистондан яна 34 нафар махбус Гуантанамога олиб ўтилган. Уларнинг бари Афғонистонда олиб борилган аксил-террор амалиётлари давомида қўлга олинганлар.Шунингдек, 150дан зиёд террорчи-махбуслар Афғонистоннинг ўзида сақланмоқда. Ҳозирча уларнинг тақдири ноаниқлигича қолмоқда. Гарчи АҚШ Президенти Жорж Буш харбий трибуналларга махбусларни суд қилишлари учун рухсат берган бўлсада, қамоқдагиларнинг ҳеч бирига айблов жазоси белгиланмади.

Бугун Чехияда парламент сайловлари ниҳоясига етди.

Овоз бериш жараёни икки кун давом этди. Таҳминларга кўра, тадбирда сайловчиларнинг 70 фоизи иштирок этган. Сайловнинг дастлабки натижаларига мувофиқ иқтидордаги социал-демократлар ва мухолифатдаги Фуқаролар демократик партиялари Парламентдан кўпроқ жой эгаллашлари таҳмин этилмоқда. Ҳар икки партия ҳам Чехиянинг Европа иттифоқига қўшилиш тарафдори.

Бугун Қирғизистонда МДҲ коллектив тезкор кучлари харбий ўқув машқлари бошланди.

Унда Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон қўшинлари иштирок этяпти. Кеча Қирғизистоннинг Чўлпон ота шаҳрида ҳамдўстликка аъзо мамлакатлар мудофаа вазирлари минтақавий хавфсизлик ҳамда ўзаро ҳарбий ҳамкорлик масалаларини муҳокама этган эдилар. Россия мудофаа вазири Сергей Иванов раислигида ўтаётган мазкур йиғинда МДҲ давлатлари ўртасида маълумотлар алмашинуви бўйича махсус дастур қабул қилинган.

Қибрис оролининг юнон ва турк қисмини иккига ажратувчи назорат чизиғида халқаро тинчликни сақловчи кучлар туришини 15 декабрга узайтирилиши борасидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши резолюциясини Туркия қатъиян рад этди.

Туркия ташқи ишлар вазирлиги расмий баёнотида айтилишича, БМТ резолюциясида Шимолий Қибрис Турк Жумҳурияти мутлақо инкор этилган. Туркия – Шимолий Қибрис Турк Жумҳурияти мустақиллигини тан олган ягона давлатдир. Унинг мустақиллиги 1974 йилда Анкаранинг бевосита харбий кўмагида эълон этилган эди.

Бугун Жанубий Кореяда рўй берган авто фалокат оқибатида 13 киши қурбон бўлди.

Ўлганларнинг икки нафари хорижлик фуқаролардир. Пойтахт Сеулни мамлакатнинг шимолий вилоятлари билан боғловчи автотрассада юқори тезликда кетаётган автобус бензин ташувчи юк машинасига бориб урилди. Полиция таҳминларига кўра автофалокат юк машина хайдовчисининг хатоси туфайли рўй берган. Фалокат оқибатида яна 20 киши оғир жароҳат олди. Футбол бўйича жаҳон чемпионати ўтаётган Жанубий Кореяда минглаб хорижлик туристлар борлиги айтилмоқда. Уларнинг аксари футбол томошаларини кўриш учун келишган.

Жанубий Қорея Мудофаа вазирлиги мамлакат футбол жамоаси ўйинчиларини 26 ойлик мажбурий харбий ҳизматдан озод этди.

Кеча Жанубий Корея футболчилари Португалия устидан 1:0 хисобида ғалаба қозониб, жаҳон чемпионатининг навбатдаги даврасига йўлланма олган эди. Мудофаа вазирлигининг бундай имтиёзи Корея футбол жамоасининг ҳали ҳарбий хизматга чақирилмаган 10 аъзосига тегишлидир. Бугун жаҳон чемпионатининг иккинчи давраси мезбон жамоалар Жанубий Қорея ва Япония ўртасидаги ўйин билан бошланади.

ЎЗБЕКИСТОН ГУУАМ АЪЗОЛИГИДАН ЧИҚИШГА ҚАРОР ҚИЛДИ

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистон ГУУАМ ташкилотига аъзоликдан чиққанлигини айтди. Ушбу маълумотни А. Комилов Тошкентда бошланган «Марказий Осиёда низолардан кейинги барқарорлик» анжуманида журналистлар билан учрашув пайти ошкор этди.
Комиловнинг айтишича, ГУУАМ доирасида жиддий иқтисодий режаларни амалга оширишдан аввал бу ташкилот аъзолари ўзаро муносабатларини тартибга келтиришлари ва ўз ички муаммоларини ҳал этишлари лозим. Комиловнинг таъкидлашича, Ўзбекистонинг ГУУАМга аъзо мамлакатлар билан икки томонлама алоқалари яхши.
ГУУАМ- Грузия, Украина, Озарбайжон, Молдова ва Ўзбекистон иштирокида тузилган иқтисодий ва сиёсий ташкилот. У 1997 йилда ташкил этилган. Ўзбекистон ташкилотга 1999 йили қўшилган.

МУҲИМ АНЖУМАН ИШ БОШЛАДИ

14 июнь куни Тошкентда «Марказий Осиёда низолардан кейинги даврдаги барқарорлик» мавзусидаги халқаро конференция ўз ишини бошлади.
Конференция Лондондаги халқаро стратегик тадқиқотлар институти ва Ўзбекистон Республикаси Президенти қошидаги стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамкорлигида ўтказилмоқда.
Анжуман иштирокчиларининг фикрича, конференция миллатлараро таҳдидларнинг тарқалишига қаршилик кўрсатишда халқаро ва минтақавий ҳамкорликка янги руҳ беради.
15 июнь куни конференция ўз ишини давом эттиради.

Покистон расмийларининг маълум қилишларича бугун Қарачида АҚШ Консулхонаси ёнида содир этилган портлаш оқибатида ўлганлар сони 11 га етган.

Шаҳар полицияси бошлиғи Комил Шохга кўра ўлганлар орасида тўрт нафар Покистон полициячиси ҳам бор.
Гарчи портлаш оқибатида АҚШ ваколатхонаси ходимлари жароҳат олмаган бўлсада, Консулхона биноси ва унинг яқинида жойлашган меҳмонхонага жиддий шикаст етган. Ҳозирча мазкур портлашларга ҳеч бир ташкилот жавобгарликни олмади. АҚШ Консулхонаси яқинида портлаган машина террорчи –комикадзе томонидан бошқарилгани таҳмин этилмоқда. Покистон президенти Парвез Мушарраф АҚШ ва унинг иттифоқчилари олиб бораётган аксилтеррор компаниясини қўллаб-қувватлаши борасида баёнотлар билан чиққанидан сўнг, мамлакатда экстремистлар анча фаоллашиб қолгани айтилмоқда. Бугун Ҳиндистон ташқи ишлар вазирлиги бўлиб ўтган инцидент юзасидан ташвишланиш изҳор этди.

Пентагон ўзининг ракетага қарши янги мудофаа дастури доирасида навбатдаги синовларни муваффақиятли ўтказди.

Тинч океанидаги АҚШ харбий денгиз қувватларига қарашли кемадан отилган тўсувчи ракета Гавай оролларидан учирилган баллистик ракетани уриб туширди. Кема радарлари ракета йўналишини тўғри аниқлаб, уни 100 миль масофадан туриб аниқ нишонга олган. Кеча Америка Қўшма Штатлари 1972 йилда имзоланган Баллистик ракеталарга қарши мудофаа тўғрисидаги шартномадан расман чиқди. Мазкур шартнома янги синовлар ўтказилишини чеклаб келган эди.

Жанубий Осиё бўйлаб сафарини якунлаган АҚШ Мудофаа вазири Дональд Рамсфелд Қашмир бўйича Ҳиндистон ва Покистон бевосита музокараларни бошлашлари зарурлигини баён қилди.

Ташриф якунида Рамсфелд Покистон Президенти Парвез Мушарраф билан сўзлашувлар олиб борди. АҚШ Мудофаа вазири террорчиликка қарши Покистон раҳбарияти ҳаракатларини ижобий баҳолади. Рамсфелдга кўра, Президент Парвез Мушарраф террорчи-экстремистларнинг Ҳиндистонга ўтишининг олдини олиш бўйича кескин чораларни ваъда қилган. Унгача эса АҚШ мудофаа вазири Қашмир масаласини Ҳинд раҳбарияти билан муҳокама этди. Рамсфелд таклиф этган тинчлик режасига мувофиқ томонлар чегара ҳудудларида артиллерия отишмаларини тўхтатиш бўйича мажбурият олганлар. Шунга қарамай Қашмир минтақасида вазият қалтислигича қолмоқда. Бугун у ерда яна артиллерия отишмалари кузатилган. Отишмалар давомида тўрт кишининг нобуд бўлгани айтилмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Кофи Аннан Ҳамид Карзайнинг Афғонистон муваққат ҳукуматига қайтадан раҳбар этиб сайланганини олқишлади.

Аннан ушбу воқеани "Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик йўлида ташланган муҳим қадам" - дея эътироф этди. Афғон қавмлари оқсоқоллар кенгаши Лўя Жирга мажлисида кўпчилик овоз билан раҳбарликка қайтадан сайланган Ҳамид Карзай ўз халқи тинчлик-фаровонлиги, тотувлигини таъминлашда бор имкониятини сафарбар қилишини баён қилди.
"Мен бир Оллоҳнинг ожиз бандаси сифатида ўз халқим тинчлиги, мустақиллиги ва фаровон ҳаёти йўлида қўлимдан келганича, бор кучимни аямайман. Жафокаш Афғон халқига хизмат қилишга тайёрман", - деб таъкидлади Ҳамид Карзай.
Эндиликда Лўя Жирга депутатлари олдида мураккаб вазифа турибди. Улар янги ҳукумат аъзоларини сайлашлари керак. Бу борада айрим этник гуруҳлар ўртасида келишмовчиликлар ҳали ҳам сақланиб қолаётгани айтилмоқда. БМТ режасига мувофиқ, икки йилдан сўнг Афғонистонда умумхалқ демократик сайловлари бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Ўзбекистон таркибига беш собиқ Совет республикаси кирувчи ГУУАМ ташкилотидан чиқиш ниятида.

Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Содиқ Сафоев маълум қилди. Сафоевга кўра ГУУАМга аъзо давлатлар –Грузия, Украина, Озарбайжон ва Молдова элчихоналарига бу ҳақда огоҳлантирув нотаси юборилган. Аъзо давлатлар ўртасида Россия таъсиридан ташқарида сиёсий, иқтисодий ва стратегик ҳамкорлик алоқаларини кучайтиришга йўналтирилган ГУУАМ ташкилоти 1997 йилда ташкил топган эди. Ўзбекистон эса мазкур ташкилотга 1999 йилда қўшилди. Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги нотасида, ташкилот ўз олдига қўйган мақсад ва вазифаларнинг бажарилишидан қониқиш ҳосил қилмагани боис, Ўзбекистон ундан чиқажаги айтилади.

Исроил қайтадан Фаластин вакиллари билан мулоқотни йўлга қўйиш ниятида.

Бу ҳақда бугун исроил ташқи ишлар вазири Шимон Перес баён қилди. Пересга кўра, бўлажак музокаралар превентив характерга эга. Бироқ, ҳозирча бу борада батафсил маълумотлар айтилмаяпти. Кеча Фаластин янги маъмурияти қасамёдга келтирилган эди. Халқаро ҳамжамият кучли босими остида Ясир Арафат ўз маъмуриятини ислоҳ этишга мажбур бўлди. Вазирлар сони учдан иккига қисқартирилди. Фаластин хавфсизлик кучларини мувофиқлаштириб бориш учун ички ишлар вазири лавозими жорий этилди. Илгари ушбу вазифани Арафатнинг ўзи бажариб келган эди. Шунга қарамай Иордан дарёси ғарбий соҳилида Исроил харбийлари террорчиларга қарши рейдларни давом этирмоқда. Бугун Хеврон яқинида террорчиликда гумон этилиб уч фаластинлик хибсга олинган.

Бугун Қирғизистоннинг Чўлпон ота шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар мудофаа вазирлари минтақавий хавфсизлик ҳамда ўзаро ҳарбий ҳамкорлик масалаларини муҳокама этдилар.

Россия мудофаа вазири Сергей Иванов раислигида ўтаётган мазкур йиғин кун тартибидан шунингдек, Грузия-Абхазия минтақасида тинчлик ўрнатиш борасида Ҳамдўстлик давлатлари иштирокини кучайтириш масаласи ҳам ўрин олди. Учрашув якунида МДҲ мудофаа идоралари раҳбарлари коллектив тезкор кучлар харбий машқларини кузатадилар. Шунингдек, уларнинг Қирғизистон президенти Аскар Акаев билан учрашуви ҳам режалаштирилган.

Бугун Қирғизистон жанубида яна намойишлар бўлиб ўтди.

Юзлаб намойишчилар депутат Азимбек Бекназаровга қўйилаётган айбловлар бекор этилишини талаб этиб чиқишган. Қирғизистон ички ишлар вазирлиги матбуот вакили Жолдасбек Бузманкуловга кўра, норозилик намойишларида 700га яқин киши иштирок этган. Ўтган ой Бекназаров ўз хизмат лавозимини суиистеъмол қилганликда айбланиб, унга нисбатан шартли 1 йил қамоқ жазоси белгиланган эди. Келгуси хафтада Қирғиз маҳкамаси унинг ишини қайтадан кўриб чиқиши керак.

Япония ва Корея ўйингоҳларида футбол бўйича жаҳон чемпионати давом этмоқда.

Бугун чемпионатнинг навбатдаги даврасига йўлланма олган янги командалар аниқланди. Жанубий Корея Португалия терма командаси устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, чемпионатнинг навбатдаги босқичига йўлланма олди. АҚШ футболчилари эса Польша терма жамоасига 0:1 ҳисобида ютқазиб бўлса ҳам, ўйинларни давом эттирадиган бўлди. Ундан олдин эса Япония Тунис футболчилари устидан 2:0 ҳисобида ғолибликни қўлга киритган бўлса, Бельгия терма командаси Россияликларни 3:2 ҳисобида мағлубиятга учратди. Шундай қилиб, мезбон давлат жамоалари билан бир қаторда АҚШ ва Бельгия ҳам давбатдаги бочқичга йўлланма олдилар. Тунис, Польша, Португалия ва Россия терма командлари чемпионатни тарк этадиган бўлди. Ушбу воқеалардан сўнг Олег Романцев бошлиқ Россия жамоаси мураббийлар гуруҳи истэъфо берди.

ТОШКЕНТДА НАТО ИЛМИЙ ҚЎМИТАСИНИНГ КЎЧМА МАЖЛИСИ ВА СЕМИНАРИ ЎЗ ИШИНИ БОШЛАДИ

НАТО илмий қўмитаси барча Марказий Осиё республикалари билан мавжуд илмий-техникавий ҳамкорликни янада ривожлантиришга интилмоқда.
13 июнь куни Тошкентда НАТО илмий қўмитаси бошлаган семинарда минтақанинг илмий-техникавий муаммоларини ечиш йўллари кўриб чиқилди. Семинар 14 июнда ҳам ўз ишини давом эттиради.

ЗАМБУРУҒЛИ КАСАЛЛИКЛАР КЎПАЙМОҚДА

Ўзбекистон тери-таносил касалликлари илмий-текшириш институти мутахассиси Акром Баратов йил сайин республика аҳолиси орасида замбуруғли касалликлар кўпайиб бораëтганини қайд этди.
Баратовнинг айтишича, Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 35% замбуруғли касалликларга чалинган. Маълум бўлишича, Навоий, Бухоро ва Самарқанд вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон республикаси аҳолиси орасида замбуруғли касалликлар айниқса кўп учрайди.
Юқоридаги маълумотлар Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигининг замбуруғли касалликларга оид ўтказган матбуот йиғинида айтиб ўтилди.

МУХОЛИФАТ ПРЕЗИДЕНТ ИСЛОМ КАРИМОВ БИЛАН УЧРАШМОҚЧИ

Ўзбекистондаги ноҳукумат ташкилот вакиллари, мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва мухолифат аъзолари президент Ислом Каримов билан учрашиш истагини билдирмоқда.
«Шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш» ташкилоти раиси муовини Абдуқодир Назаровнинг Озодлик радиосига айтганларига кўра, бу ташаббусни улар Янгийўл шаҳрида бўлиб ўтган семинар давомида илгари суришган. "Мухолифат қуруқ гап-сўздан ташқари амалий иш қилмоқчи",- дейди Абдуқодир Назаров.
Унинг айтишича, конструктив мухолифат, ноҳукумат ташкилотлар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиш йўлларини қидиряпти.

Жанубий Корея ва Япония давлатларида футбол бўйича жаҳон чемпионати ўйинлари давом этмоқда.

Бугун Туркия ва Бразилия терма жамоалари чемпионат мусобақаларининг иккинчи даврасига йўлланма олишди. Туркиялик футболчилар Хитойликларни 3-0 хисобида, Бразилиялик футболчилар эса Коста Рикалик рақибларини 5-2 хисобида мағлубиятга учратишди. Натижада Хитой ва Коста Рика терма жамоалари турнирдан чиқиб кетишди.

Давомини ўқинг

OzodTa'sir

XS
SM
MD
LG