Линклар

Шошилинч хабар
26 август 2019, Тошкент вақти: 06:16

Халқаро янгиликлар

ЗАМБУРУҒЛИ КАСАЛЛИКЛАР КЎПАЙМОҚДА

Ўзбекистон тери-таносил касалликлари илмий-текшириш институти мутахассиси Акром Баратов йил сайин республика аҳолиси орасида замбуруғли касалликлар кўпайиб бораëтганини қайд этди.
Баратовнинг айтишича, Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 35% замбуруғли касалликларга чалинган. Маълум бўлишича, Навоий, Бухоро ва Самарқанд вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон республикаси аҳолиси орасида замбуруғли касалликлар айниқса кўп учрайди.
Юқоридаги маълумотлар Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигининг замбуруғли касалликларга оид ўтказган матбуот йиғинида айтиб ўтилди.

ТОШКЕНТДА НАТО ИЛМИЙ ҚЎМИТАСИНИНГ КЎЧМА МАЖЛИСИ ВА СЕМИНАРИ ЎЗ ИШИНИ БОШЛАДИ

НАТО илмий қўмитаси барча Марказий Осиё республикалари билан мавжуд илмий-техникавий ҳамкорликни янада ривожлантиришга интилмоқда.
13 июнь куни Тошкентда НАТО илмий қўмитаси бошлаган семинарда минтақанинг илмий-техникавий муаммоларини ечиш йўллари кўриб чиқилди. Семинар 14 июнда ҳам ўз ишини давом эттиради.

МУХОЛИФАТ ПРЕЗИДЕНТ ИСЛОМ КАРИМОВ БИЛАН УЧРАШМОҚЧИ

Ўзбекистондаги ноҳукумат ташкилот вакиллари, мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва мухолифат аъзолари президент Ислом Каримов билан учрашиш истагини билдирмоқда.
«Шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш» ташкилоти раиси муовини Абдуқодир Назаровнинг Озодлик радиосига айтганларига кўра, бу ташаббусни улар Янгийўл шаҳрида бўлиб ўтган семинар давомида илгари суришган. "Мухолифат қуруқ гап-сўздан ташқари амалий иш қилмоқчи",- дейди Абдуқодир Назаров.
Унинг айтишича, конструктив мухолифат, ноҳукумат ташкилотлар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиш йўлларини қидиряпти.

Жанубий Корея ва Япония давлатларида футбол бўйича жаҳон чемпионати ўйинлари давом этмоқда.

Бугун Туркия ва Бразилия терма жамоалари чемпионат мусобақаларининг иккинчи даврасига йўлланма олишди. Туркиялик футболчилар Хитойликларни 3-0 хисобида, Бразилиялик футболчилар эса Коста Рикалик рақибларини 5-2 хисобида мағлубиятга учратишди. Натижада Хитой ва Коста Рика терма жамоалари турнирдан чиқиб кетишди.

Бугун 30 йил олдин тузилган баллистик ракеталарга қарши шартноманинг муддати расман тугади.

АҚШ аллақачон янги ракета мудофаа тизими устида иш бошлади. Ўтган декабр ойида АҚШ президенти Жорж Буш мамлакати шартномадан чиқишини расман эълон қилди. Бушнинг айтишига қараганда, 1972 йил май ойида АҚШ президенти Ричард Никсон ва Совет Иттифоқи раҳбари Леонид Брежнев томонидан имзоланган мазкур шартнома совуқ уруш даврининг қолдиғи бўлгани боис ўзининг стратегик аҳмиятини йўқотган. Бугун Россия ташқи ишлар вазири Игорь Ивановнинг айтишига кўра, Россия шартнома кучдан чиққанига афсусланади, аммо бунинг натижасида юзага чиқадиган салбий оқибатларни камайтириш устида ишлайди. Шанба куни АҚШнинг Аляска штатида янги ракета мудофаа тизими учун синов майдонини қуриш ишлари бошланди.

Бугун Римда БМТ озиқ-овқат саммити якунланди.

Делегатлар аъзо давлатларнинг жаҳон бўйлаб очликдан азият чекаëтган одамлар сонини ярмига қисқатириш хақдаги мақсадини тасдиқладилар, аммо бу мақсадга қандай эришиш борасида келишолмадилар. БМТ маълумотларига кўра, бугун жаҳон бўйлаб 800 миллиондан ошиқ одам, шу жумладан, болалар ҳам очликдан азият чекишмоқда. Ҳар куни таҳминан 24 минг одам очликдан қурбон бўлмоқда. Учрашувга мезбонлик қилган Италия бош вазири Силвио Берлускони саммит фойдали бўлганини айтди ва аксари Ғарб лидерларининг учрашувга қатнашмагани – саммит аҳамиятини камайтирди, деган танқидларни рад этди. Жаҳон бўйлаб ривожланаëтган деярли барча 74 мамлакатнинг давлат ëки ҳукумат бошлиқлари саммитда иштирок этишди. 4 кунлик саммит давомида камбағал давлатларнинг делегатлари бой давлатлар бозорларига кириш осонлаштирилишига чақирдилар.

Россия хавфсизлик котиби Владимир Рушайлонинг айтишига қараганда, Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо давлатлар келаси бир неча йил ичида террорга қарши янги бир дастур ишлаб чиқишлари керак.

Бугун Бишкекда нутқ сўзлаган Рушайло, дастур ҳар қачонгидан ҳам пухта бўлиши, аммо шунинг билан бирга халқаро қонунларга жавоб бериши зарурлигини таъкидлади. Унинг айтишича, коллектив тезкор кучларнинг амалиëтларида самарадорликни оширишга эҳтиëж сезилмоқда. Бугун Бишкекда Россия мудофаа вазири Сергеи Иванов расмий Москва ўзининг Қирғизистондаги ҳарбий базаларини яна камида 7 йилдан 15 йилгача сақлаб туришни режалаëтганини маълум қилди. Ҳозир Россия қуролли кучлари ва федерал чегара ҳизматининг Қирғизистонда 4 та ҳарбий базаси бор. Иванов ва Қирғизистон мудофаа вазири Эсен Топоев Россиянинг Қирғизистондаги базалари тўғрисида бир шартнома имзоладилар.

Бугун Тошкентда НАТОнинг илмий-техникавий қўмитаси 2 кунлик учрашув ўтказишни бошлади.

Учрашувда минтақавий энергетика, табиатни муҳофаза этиш ва сув таъминоти каби масалалар муҳокама этилмоқда. Ўзбекистон расмийларининг айтишларича, кеча НАТО бош котибининг илмий-техникавий ва экология ишлари бўйича ëрдамчиси Жан Фурнет Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашган.

Бугун Афғонистон Лўя Жирга олий кенгаши делегатлари муваққат ҳукумат раҳбари Хамид Карзайни мамлакатнинг янги давлат бошлиқлигига номзод этиб кўрсатдилар.

Шундан кейин олий кенгашнинг 1.500 делегати олдида чиқиш қилган Карзай, мамлакатга хавфсизлик ва тинчлик, шунингдек, бутун Афғонистонни назорат эта оладиган бир ҳукумат кераклигини айтди. Унинг таъкидлашича, бутун Афғонистон ҳалқи таълим олиш имкониятига эга бўлиши ва етарлича озиқ-овқат билан таъминланиши зарур. Карзайнинг ўтиш давридаги 18 ойлик ҳукуматга етакчилик қилиши кутилмоқда.

Кеча Ҳиндистонда “Ал-Қаида” жангарилари Кашмирнинг Покистон назоратидаги ҳудудларида фаолият кўрсатаëтган бўлиши мумкинлигини айтган АҚШ мудофаа вазири Доналд Рамсфелд бугун расмий Исломободни мазкур террор тармоғига қарши курашда ҳамкорлик қилаëтгани учун мақтади.

Рамсфелднинг Исломободда Покистон ташқи ишлар вазири Абдул Саттор билан музокаралар олиб борганидан кейин айтишига кўра, Покистон ҳукумати “Ал-Қаида” жангариларини Кашмирнинг Ҳиндистон қисмига киришини қўллагани тўғрисида далиллар йўқ.

“Менда, АҚШда “Ал-Қаида” жангарилари Кашмирда фаолият кўрсатаëтгани хақда далиллар йўқ. Разведка манбалари Кашмирда ëки турли жойларда “Ал-Қаида” жангарилари борлигига ишонишмоқда, фақат бу маълумотлар тахминий ва тасдиқланмади”, - деди Рамсфелд. У Исломобод ҳукумати Покистон ичида “Ал-Қаида”нинг ҳар қандай аъзосига қарши чора-тадбирлар кўришига ишонишини айтди. Бугун Рамсфелд Кашмир можаросида Ҳиндистон билан бўлган кескинликни юмшатиш мақсадида Покистон президенти Парвез Мушарраф билан учрашади.

ЎЗБЕКИСТОН-АРМАНИСТОН ЎРТАСИДА ҚЎШМА КОМИССИЯ ТУЗИЛДИ

Арманистон ташқи ишлар вазири Вартан Оскаряннинг Тошкентга ташрифи натижаси ўлароқ Ўзбекистон-Арманистон орасида қўшма комиссия тузилди. Мазкур комиссия икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш билан шуғулланади.

ЯККА ТАРТИБДА САВДО ҚИЛУВЧИЛАР НОРОЗИ

2002 йил 6 июн куни эълон қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига товарлар олиб келинишини тартибга солиш тўғрисида»ги қарорнинг жорий этилиши индивидуал савдогарлар норозилиги туфайли 1 июлга қадар қолдирилди. Маълум бўлишича, қарорнинг айрим бандларида индивидуал тарзда савдогарлик билан шуғулланувчи тадбиркорлар ҳуқуқи хисобга олинмаган. Шу сабаб 2002 йил 7 июнь куни «Отчопар» бозорида савдо қилувчи савдогарлар Тошкент шаҳар Давлат солиқ инспекцияси биноси олдида йиғилишган. Воқеа жойига Ўзбекистон давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Эркин Гадоев ҳамда молия вазири ўринбосари жаноб Жўраев етиб келишган. Аммо улар билдирилган эътирозларга жавоб бера олишмаган.
Маълум бўлишича, қарорда Давлат солиқ қумитаси Назорат-тафтиш бош бошқармаси ва Республика прокуратураси ҳузуридаги Солиққа оид жиноятларга қарши курашиш департаменти мансабдорларига «импорт қилувчи жисмоний шахсларда тижорат фаолияти учун мўлжалланган товарларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб келинишини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжудлигини режадан ташқари текшириш ҳуқуқи» берилган бўлиб, айни ҳужжат кўрсатилмаса тадбиркорнинг товари мусодара этилиши айтилган. «Отчопар» бозорининг милиция ходимлари қарорнинг мазкур бандини баҳона қилган ҳолда савдогарлардан ўтган йили олиб келинган товарлар учун ҳужжат кўрсатишни талаб қилишган. Ҳужжат кўрсатилмагач, милиция ходимлари савдогарларнинг товарларини мусодара қила бошлаган.
Республика солиқ қўмитаси вакилига кўра, «Отчопар» бозори яқиндан бери милиция ходимлари тасарруфига ўтган бўлиб, солиқ тўловлари ҳамда махсус ҳужжатларни текшириш ишлари уларга юклатилган.
Республика солиқ қўмитаси ходимларининг Озодлик радиосига хабар беришларича, айни пайтда қарорга тузатиш киритиш устида ишлар олиб бориляпти.

«КЎКТУРКЛАРНИНГ ЎЛИМИ» РОМАНИ ИЛК БОР ЎЗБЕК ТИЛИДА НАШР ЭТИЛДИ

Туркчилик ғоясини ўз асарида мадҳ этган ХХ аср машҳур турк ёзувчиси Ҳусайн Ниҳол Отсизнинг «Кўктуркларнинг ўлими» романи илк бор ўзбек тилида нашр этилди. Ушбу асарни турк тилидан ўзбекчага таниқли ўзбек шоири Тохир Қаҳҳор ўгирган.
«Кўктуркларнинг ўлими» романида қадимги туркий хақонликнинг Чин мамлакатига қарам бўлиб қолиши акс этган.
Тохир Қаҳҳорнинг эътирофича, «Кўктуркларнинг ўлими» романи ўзбек ўқувчилари учун хануз ғира-шира бўлиб турган қадимги турклар даврини бир қадар ёритади.

Москва тарафдори бўлган Чеченистон маъмуриятидаги расмий киши, ўтган 24 соат ичида Россиянинг камида етти аскари ўлдирилганини маълум қилди.

Ўз исмини айтмасликни сўраган расмий киши Ассосиэйтед Пресс ахборот агентлигига, бир милиция ходими номаълум шаҳс томонидан ўлдирилгани ҳамда бошқа бир милиция ходимининг жасади топилганини билдирди.
Россия ҳаво кучлари Ножай Юрт туманида партизанларга тегишли эканида гумон қилинган жойларни бомбардимон қилди. Шунингдек Россия аскарлари тозалаш операциялари давомида партизан ёки уларга хайриҳоҳ эканида гумон қилинган 60 кишини қўлга олди.

Бугун Афғонистонда анъанавий оқсоқоллар кенгаши Лўя Жирга иккинчи кун ўз ишини давом эттирди.

Делегатлар қуролли гуруҳ бошлиқларининг иштироки йиғилишнинг демократик ҳукумат пойдеворини яратиш мақсадига путур етказиши ҳақида шикоят қилдилар.
Бироқ Европа Иттифоқининг махсус вакили Клаус Петер Клайбер, собиқ қуролли гуруҳ бошлиқларининг қўшилиши “катта ютуқ” эканини айтди: “Бу менга бир нарсага яъни муваққат хукумат собиқ қуролли гуруҳ бошлиқларини Кобулда ҳукумат таркибига қўшишга қарор қилганига ишора қилмоқда. Агар бунинг уддасидан чиқилса, бу катта ютуқ бўлади”,- деди.
Йиғилишда қатнашаётган 1.500 нафар расмий делегат, 18 ой фаолият олиб борадиган Афғонистоннинг Ўтиш даври хукумати бошлиғини сайлаши керак.

АҚШ мудофаа вазири Доналд Рамсфелд Нью Деҳлида Ҳиндистон бош вазири Атал Биҳари Важпайи билан учрашмоқда.

Сўзлашувлар чоғида Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги кескин вазият масаласи муҳокама этилмоқда. АҚШ расмийлари сўзлашувларда диққат эътибор Покистонда жойлашган исломий жангарилар Кашмирнинг Ҳиндистон назоратидаги қисмига яширинча ўтишини кузатиш эҳтимоли масаласига қаратилишини айтдилар.
Рамсфелд бугун эрталаб Ҳиндистон ҳавфсизлик маслаҳатчиси ва мудофаа вазири билан бўлган музокаралар самарали бўлганини айтди.
АҚШ мудофаа вазири Рамсфелд: “Биз конструктив чоралар кўрилаётганига ишонамиз. Ҳиндистон раҳбарияти ўз ҳавотирини билдирди ва муаммо тўғри йўл орқали ўз ечимини топишидан манфаатдор эканини айтди”,- деди.
Нью Деҳлида сўзлашувлар тугаганидан кейин Рамсфелд Покистон лидери Парвез Мушарраф билан эртага музокаралар олиб бориш учун Исломободга учиб кетади.

Россия президенти Владимир Путин бугун “Россия куни”, яъни мамлакатнинг совет иттифоқидан суверен бўлганини нишонлади.

Путин коммунистик тузумдан ўтиш даврининг энг оғир йиллари ортда қолганини айтиб, янги ижтимоий жамият қураётгани учун Россия фуқароларини мақтади. Президент Путин: “Биз бу мамлакатда ҳақиқий демократик жамият қураяпмиз ва биз, дунёда кўп қутбли демократик тартиб бўлишида фаол иштирок этишни ҳоҳлаймиз” деди.

Туркия Бош вазири Булент Эжевет соғлиги яхшиланаётганини маълум қилди.

Бугун 77 ёшдаги Эжевет, шифокорлар уйига камроқ келаётганларини, бу тузалаётганидан далолат эканини айтди. Ўтган ойда Эжевет ичак касаллиги, кейинроқ эса қовурғаси сингани сабабли икки маротаба касалхонага ётқизилган. Эжеветнинг хасталиги, у бошчилик қилаётган кабинет коалицияси ҳақида хавотирлар пайдо бўлишига олиб келди.

Навбатдаги хабар Хитойда юз берган табиий офат ҳақида.

Хитойнинг ғарбий қисмида ёққан кучли ёмғирдан пайдо бўлган сув тошқини ҳамда ер сурилиши оқибатида 170дан ортиқ киши нобуд бўлгани ва минглаб аҳоли бошпанасиз қолгани хабар қилинди.
Фавқулодда ҳолатлар расмийлари маълумотига кўра, Шаанкси вилоятида ҳафта охирида ёққан кучли ёмғир оқибатида тахминан 150 киши нобуд бўлгани ва камида 260 киши бедарак йўқолган. Сичуань вилоятида эса 24 киши нобуд бўлган ва салкам 10.000 аҳоли бошпанасиз қолгани таҳмин қилинмоқда.

Бугун Лиссабонда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг олий даражали учрашуви бошланди.

Йиғилишнинг тантанали очилиши маросимида сўзлаган нутқида, Португалия бош вазири Хосе Дурао Барросо, терроризмга қарши курашда халқаро ҳамкорликка чақирди. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги президентлик вазифасини бажараётган Португалия бош вазири, бир кунлик саммитда сиёсий, иқтисодий, молиявий ва харбий стратегиялардан фойдаланган ҳолда терроризмга қарши кураш масаласи муҳокама этилишини билдирди.

Россия ва Марказий осиёнинг учта республикаси кучлари бугун Қирғизистонда биргаликда ҳарбий машқлар ўтказишни бошладилар.

Россиянинг ҳарбий матбуот вакили Сергей Черномирдин Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг таҳминан 500 аскардан иборат тез харакат қилувчи кучлари биргаликда, тасаввур қилинган террорчи гуруҳларга қарши ҳарбий тактика ишлаб чиқаётганларини айтди. Черномирдин шунингдек, Қирғизистон пойтахти Бишкек яқинида ўтаётган ушбу машқлар шанба кунигача давом этишини, сўнг ҳарбий машқлар Қозоғистонда давом этишини билдирди.

Россиялик чегарачилар Афғонистондан Тожикистон худудига ўтишга уринган бир гуруҳ қуролли шахсни ўққа тутдилар.

Бугун чегарачилар штаби бошлиғи генерал Сергей Жилкин тўрт шахс чоршанбага ўтар кечаси қоронғуда қочишга улгурганини билдирди. Жилкин сўзига қўшимча қилиб, чегарачилар воқеа юз берган жойдан қайиқ, танкка қарши граната отувчи қурол ва бошқа турдаги ўқотар қуролларни топганларини айтди.

МАКТАБГА КОМПЬЮТЕР СОВҒА ҚИЛИНДИ

11 июн куни Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари ҳамда Ўзбекистондаги ҳинд маданияти маркази ходимлари Тошкент шаҳри Собир Раҳимов туманида жойлашган 24-ўрта мактабга уч дона компьютер, учта принтер ва бир дона факс ускунасини совға қилдилар.
Тошкент шаҳридаги 24-ўрта мактаб ҳинд тилини ўқитишга ихтисослашгани учун элчихона кўп йилдан бери мазкур мактабга ёрдам кўрсатиб келмоқда.

ХОНОБОД АЭРОДРОМИДА ҲАНДАЛ ГАЗИ ТОПИЛДИ

Хонободдаги АҚШ ҳарбий базасида заҳарли ҳандал газининг излари топилган. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати вакили Шерзод Қудратхўжаевнинг Озодлик радиосига айтганларига кўра, ҳандал газининг миқдори кўп эмас. Ҳозирча бу газ одамлар соғлигига жиддий зиён етказмаган.
Ўз вақтида собиқ СССРнинг Давлат хавфсизлиги хизмати (КГБ) ва ҳарбий вазирлиги Хонобод аэродромида зарарли ҳандал гази сақланганлиги ҳақида Ўзбекистон томонини маълум қилмаган. Мустақиллик даврида ҳам бундай маълумот ошкор қилинмаган.
9 июн куни АҚШ армияси расмийлари Хонобод ҳарбий базасидаги 3 жойда заҳарли газ аломатлари аниқлангани ҳамда АҚШ харбийлари бу жойлардан кўчирилгани ҳақида хабар қилишди.

Бугун Кобулда Лўя Жирганинг биринчи йиғини очилди.

Йиғин қатнашчилари ўтиш даври ҳукуматини сайлашлари керак.
Бир ярим мингга яқин халқ вакили олдида Афғонистоннинг собиқ қироли Муҳаммад Зоҳиршоҳ нутқ сўзлади.
Кеча, бўлажак ҳукумат таркиби, ҳамда собиқ монархнинг роли устидаги тортишувлар муносабати билан Лўя Жирга йиғини кечиктирилган эди. Оқсоқоллар кенгаши аъзоларининг кўпчилиги Зоҳиршоҳнинг давлатга раҳбарлик қилишини исташмоқда.
Бироқ кеча собиқ қирол янги ҳукуматда бирор мансаб эгаллаш нияти йўқлигини эълон қилиб, бош вазир лавозимига ҳозирги муваққат идора раҳбари Ҳамид Карзайнинг сайланиши тарафдори эканини айтди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG