Линклар

Шошилинч хабар
23 август 2019, Тошкент вақти: 07:42

Халқаро янгиликлар

ЯККА ТАРТИБДА САВДО ҚИЛУВЧИЛАР НОРОЗИ

2002 йил 6 июн куни эълон қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига товарлар олиб келинишини тартибга солиш тўғрисида»ги қарорнинг жорий этилиши индивидуал савдогарлар норозилиги туфайли 1 июлга қадар қолдирилди. Маълум бўлишича, қарорнинг айрим бандларида индивидуал тарзда савдогарлик билан шуғулланувчи тадбиркорлар ҳуқуқи хисобга олинмаган. Шу сабаб 2002 йил 7 июнь куни «Отчопар» бозорида савдо қилувчи савдогарлар Тошкент шаҳар Давлат солиқ инспекцияси биноси олдида йиғилишган. Воқеа жойига Ўзбекистон давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Эркин Гадоев ҳамда молия вазири ўринбосари жаноб Жўраев етиб келишган. Аммо улар билдирилган эътирозларга жавоб бера олишмаган.
Маълум бўлишича, қарорда Давлат солиқ қумитаси Назорат-тафтиш бош бошқармаси ва Республика прокуратураси ҳузуридаги Солиққа оид жиноятларга қарши курашиш департаменти мансабдорларига «импорт қилувчи жисмоний шахсларда тижорат фаолияти учун мўлжалланган товарларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб келинишини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжудлигини режадан ташқари текшириш ҳуқуқи» берилган бўлиб, айни ҳужжат кўрсатилмаса тадбиркорнинг товари мусодара этилиши айтилган. «Отчопар» бозорининг милиция ходимлари қарорнинг мазкур бандини баҳона қилган ҳолда савдогарлардан ўтган йили олиб келинган товарлар учун ҳужжат кўрсатишни талаб қилишган. Ҳужжат кўрсатилмагач, милиция ходимлари савдогарларнинг товарларини мусодара қила бошлаган.
Республика солиқ қўмитаси вакилига кўра, «Отчопар» бозори яқиндан бери милиция ходимлари тасарруфига ўтган бўлиб, солиқ тўловлари ҳамда махсус ҳужжатларни текшириш ишлари уларга юклатилган.
Республика солиқ қўмитаси ходимларининг Озодлик радиосига хабар беришларича, айни пайтда қарорга тузатиш киритиш устида ишлар олиб бориляпти.

ЎЗБЕКИСТОН-АРМАНИСТОН ЎРТАСИДА ҚЎШМА КОМИССИЯ ТУЗИЛДИ

Арманистон ташқи ишлар вазири Вартан Оскаряннинг Тошкентга ташрифи натижаси ўлароқ Ўзбекистон-Арманистон орасида қўшма комиссия тузилди. Мазкур комиссия икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш билан шуғулланади.

«КЎКТУРКЛАРНИНГ ЎЛИМИ» РОМАНИ ИЛК БОР ЎЗБЕК ТИЛИДА НАШР ЭТИЛДИ

Туркчилик ғоясини ўз асарида мадҳ этган ХХ аср машҳур турк ёзувчиси Ҳусайн Ниҳол Отсизнинг «Кўктуркларнинг ўлими» романи илк бор ўзбек тилида нашр этилди. Ушбу асарни турк тилидан ўзбекчага таниқли ўзбек шоири Тохир Қаҳҳор ўгирган.
«Кўктуркларнинг ўлими» романида қадимги туркий хақонликнинг Чин мамлакатига қарам бўлиб қолиши акс этган.
Тохир Қаҳҳорнинг эътирофича, «Кўктуркларнинг ўлими» романи ўзбек ўқувчилари учун хануз ғира-шира бўлиб турган қадимги турклар даврини бир қадар ёритади.

Москва тарафдори бўлган Чеченистон маъмуриятидаги расмий киши, ўтган 24 соат ичида Россиянинг камида етти аскари ўлдирилганини маълум қилди.

Ўз исмини айтмасликни сўраган расмий киши Ассосиэйтед Пресс ахборот агентлигига, бир милиция ходими номаълум шаҳс томонидан ўлдирилгани ҳамда бошқа бир милиция ходимининг жасади топилганини билдирди.
Россия ҳаво кучлари Ножай Юрт туманида партизанларга тегишли эканида гумон қилинган жойларни бомбардимон қилди. Шунингдек Россия аскарлари тозалаш операциялари давомида партизан ёки уларга хайриҳоҳ эканида гумон қилинган 60 кишини қўлга олди.

Бугун Афғонистонда анъанавий оқсоқоллар кенгаши Лўя Жирга иккинчи кун ўз ишини давом эттирди.

Делегатлар қуролли гуруҳ бошлиқларининг иштироки йиғилишнинг демократик ҳукумат пойдеворини яратиш мақсадига путур етказиши ҳақида шикоят қилдилар.
Бироқ Европа Иттифоқининг махсус вакили Клаус Петер Клайбер, собиқ қуролли гуруҳ бошлиқларининг қўшилиши “катта ютуқ” эканини айтди: “Бу менга бир нарсага яъни муваққат хукумат собиқ қуролли гуруҳ бошлиқларини Кобулда ҳукумат таркибига қўшишга қарор қилганига ишора қилмоқда. Агар бунинг уддасидан чиқилса, бу катта ютуқ бўлади”,- деди.
Йиғилишда қатнашаётган 1.500 нафар расмий делегат, 18 ой фаолият олиб борадиган Афғонистоннинг Ўтиш даври хукумати бошлиғини сайлаши керак.

АҚШ мудофаа вазири Доналд Рамсфелд Нью Деҳлида Ҳиндистон бош вазири Атал Биҳари Важпайи билан учрашмоқда.

Сўзлашувлар чоғида Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги кескин вазият масаласи муҳокама этилмоқда. АҚШ расмийлари сўзлашувларда диққат эътибор Покистонда жойлашган исломий жангарилар Кашмирнинг Ҳиндистон назоратидаги қисмига яширинча ўтишини кузатиш эҳтимоли масаласига қаратилишини айтдилар.
Рамсфелд бугун эрталаб Ҳиндистон ҳавфсизлик маслаҳатчиси ва мудофаа вазири билан бўлган музокаралар самарали бўлганини айтди.
АҚШ мудофаа вазири Рамсфелд: “Биз конструктив чоралар кўрилаётганига ишонамиз. Ҳиндистон раҳбарияти ўз ҳавотирини билдирди ва муаммо тўғри йўл орқали ўз ечимини топишидан манфаатдор эканини айтди”,- деди.
Нью Деҳлида сўзлашувлар тугаганидан кейин Рамсфелд Покистон лидери Парвез Мушарраф билан эртага музокаралар олиб бориш учун Исломободга учиб кетади.

Туркия Бош вазири Булент Эжевет соғлиги яхшиланаётганини маълум қилди.

Бугун 77 ёшдаги Эжевет, шифокорлар уйига камроқ келаётганларини, бу тузалаётганидан далолат эканини айтди. Ўтган ойда Эжевет ичак касаллиги, кейинроқ эса қовурғаси сингани сабабли икки маротаба касалхонага ётқизилган. Эжеветнинг хасталиги, у бошчилик қилаётган кабинет коалицияси ҳақида хавотирлар пайдо бўлишига олиб келди.

Россия президенти Владимир Путин бугун “Россия куни”, яъни мамлакатнинг совет иттифоқидан суверен бўлганини нишонлади.

Путин коммунистик тузумдан ўтиш даврининг энг оғир йиллари ортда қолганини айтиб, янги ижтимоий жамият қураётгани учун Россия фуқароларини мақтади. Президент Путин: “Биз бу мамлакатда ҳақиқий демократик жамият қураяпмиз ва биз, дунёда кўп қутбли демократик тартиб бўлишида фаол иштирок этишни ҳоҳлаймиз” деди.

Навбатдаги хабар Хитойда юз берган табиий офат ҳақида.

Хитойнинг ғарбий қисмида ёққан кучли ёмғирдан пайдо бўлган сув тошқини ҳамда ер сурилиши оқибатида 170дан ортиқ киши нобуд бўлгани ва минглаб аҳоли бошпанасиз қолгани хабар қилинди.
Фавқулодда ҳолатлар расмийлари маълумотига кўра, Шаанкси вилоятида ҳафта охирида ёққан кучли ёмғир оқибатида тахминан 150 киши нобуд бўлгани ва камида 260 киши бедарак йўқолган. Сичуань вилоятида эса 24 киши нобуд бўлган ва салкам 10.000 аҳоли бошпанасиз қолгани таҳмин қилинмоқда.

Бугун Лиссабонда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг олий даражали учрашуви бошланди.

Йиғилишнинг тантанали очилиши маросимида сўзлаган нутқида, Португалия бош вазири Хосе Дурао Барросо, терроризмга қарши курашда халқаро ҳамкорликка чақирди. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги президентлик вазифасини бажараётган Португалия бош вазири, бир кунлик саммитда сиёсий, иқтисодий, молиявий ва харбий стратегиялардан фойдаланган ҳолда терроризмга қарши кураш масаласи муҳокама этилишини билдирди.

Россия ва Марказий осиёнинг учта республикаси кучлари бугун Қирғизистонда биргаликда ҳарбий машқлар ўтказишни бошладилар.

Россиянинг ҳарбий матбуот вакили Сергей Черномирдин Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг таҳминан 500 аскардан иборат тез харакат қилувчи кучлари биргаликда, тасаввур қилинган террорчи гуруҳларга қарши ҳарбий тактика ишлаб чиқаётганларини айтди. Черномирдин шунингдек, Қирғизистон пойтахти Бишкек яқинида ўтаётган ушбу машқлар шанба кунигача давом этишини, сўнг ҳарбий машқлар Қозоғистонда давом этишини билдирди.

Россиялик чегарачилар Афғонистондан Тожикистон худудига ўтишга уринган бир гуруҳ қуролли шахсни ўққа тутдилар.

Бугун чегарачилар штаби бошлиғи генерал Сергей Жилкин тўрт шахс чоршанбага ўтар кечаси қоронғуда қочишга улгурганини билдирди. Жилкин сўзига қўшимча қилиб, чегарачилар воқеа юз берган жойдан қайиқ, танкка қарши граната отувчи қурол ва бошқа турдаги ўқотар қуролларни топганларини айтди.

МАКТАБГА КОМПЬЮТЕР СОВҒА ҚИЛИНДИ

11 июн куни Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари ҳамда Ўзбекистондаги ҳинд маданияти маркази ходимлари Тошкент шаҳри Собир Раҳимов туманида жойлашган 24-ўрта мактабга уч дона компьютер, учта принтер ва бир дона факс ускунасини совға қилдилар.
Тошкент шаҳридаги 24-ўрта мактаб ҳинд тилини ўқитишга ихтисослашгани учун элчихона кўп йилдан бери мазкур мактабга ёрдам кўрсатиб келмоқда.

ХОНОБОД АЭРОДРОМИДА ҲАНДАЛ ГАЗИ ТОПИЛДИ

Хонободдаги АҚШ ҳарбий базасида заҳарли ҳандал газининг излари топилган. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати вакили Шерзод Қудратхўжаевнинг Озодлик радиосига айтганларига кўра, ҳандал газининг миқдори кўп эмас. Ҳозирча бу газ одамлар соғлигига жиддий зиён етказмаган.
Ўз вақтида собиқ СССРнинг Давлат хавфсизлиги хизмати (КГБ) ва ҳарбий вазирлиги Хонобод аэродромида зарарли ҳандал гази сақланганлиги ҳақида Ўзбекистон томонини маълум қилмаган. Мустақиллик даврида ҳам бундай маълумот ошкор қилинмаган.
9 июн куни АҚШ армияси расмийлари Хонобод ҳарбий базасидаги 3 жойда заҳарли газ аломатлари аниқлангани ҳамда АҚШ харбийлари бу жойлардан кўчирилгани ҳақида хабар қилишди.

Бугун Кобулда Лўя Жирганинг биринчи йиғини очилди.

Йиғин қатнашчилари ўтиш даври ҳукуматини сайлашлари керак.
Бир ярим мингга яқин халқ вакили олдида Афғонистоннинг собиқ қироли Муҳаммад Зоҳиршоҳ нутқ сўзлади.
Кеча, бўлажак ҳукумат таркиби, ҳамда собиқ монархнинг роли устидаги тортишувлар муносабати билан Лўя Жирга йиғини кечиктирилган эди. Оқсоқоллар кенгаши аъзоларининг кўпчилиги Зоҳиршоҳнинг давлатга раҳбарлик қилишини исташмоқда.
Бироқ кеча собиқ қирол янги ҳукуматда бирор мансаб эгаллаш нияти йўқлигини эълон қилиб, бош вазир лавозимига ҳозирги муваққат идора раҳбари Ҳамид Карзайнинг сайланиши тарафдори эканини айтди.

Афсонавий Битлз гуруҳи аъзоларидан бири - Пол Маккартни бугун фотомедель Хазер Миллерсга уйланмоқда.

Тўй Ирландиядаги Лесли қасрида ўтказилаëтир.Унга 300 га яқин меҳмон таклиф қилинган. Улар орасида Маккартнининг биринчи никоҳидан туғилган фарзандлари, Битлз гуруҳининг собиқ аъзоси Ринго Старр ва қатор бошқа таниқли созанда ва хонандалар бор.
Турмуш қураëтганлар, 2 миллион доллар таклиф этилганига қарамай, тўй суратларини матбуотда чоп этиш ҳақидаги таклифларни рад этганлар. Матбуотга биргина сурат берилади. Ундан тушадиган маблағ, пиëдалар миналарини таъқиқлаш учун курашаëтган ҳайрия ташкилотларидан бири ҳисобига ўтказилади.

Корея халқ демократик республикасининг тўққиз фуқароси Пекиндаги Жанубий Корея консулхонасига ўтиб, бошпана берилишини сўрашди.

Олдинроқ ҳудди шундай мурожаат билан консулхонага 8 шимолий кореялик мурожаат қилган эди.
Бундан ташқари, икки қочқин ҳозир Канададаги Жанубий Корея элчиҳонасида қолмоқда.
Олдинроқ Хитой, Пекин билан Пхеньян орасида қочқинларни бир бирларига топшириш ҳақидаги шартнома тузилганига қарамай, Шимолий Кореянинг 38 фуқаросига учинчи мамлакатлар орқали Жанубий Кореяга ўтишларига руҳсат берган эди.

Иорданнинг ғарбий соҳилида автобус яқинида бомба портлаши оқибатида исроиллик уч талаба бугун жароҳатланди.

Исроил полициясининг маълумотларига кўра, портловчи мослама йўл ëқасида қолдириб кетилган.
Айни пайтда Исроил қўшинлари Фаластин территорияларидаги амалиëтларини давом эттиришмоқда.
Қўшинлар терроризмда гумон этилган шахсларни ушлаш мақсадида Байт-ул-Ҳам яқинидаги қочқинлар лагерига кириб боришди. Кеча Вашингтонда АҚШ президенти Жорж Буш билан Исроил бош вазири Ариэль Шарон орасида музокаралар бўлиб ўтди. Буш , Исроил фаластин террорчилари билан кураш олиб боришга ҳақли эканини таъкидлаб, бу билан ўз хавфсизлигини таъминлашга интилаëтганини айтди.
Фаластин муҳториятининг юқори мартабали вакили Саëб Эракат Бушнинг баëноти муносабати билан афсусланиш изхор қилди. Унинг сўзларига кўра, Вашингтон тутаëтган бундай позиция, Яқин Шарқ инқирозини ҳал қилишга ëрдам беролмайди.

АҚШ президенти Жорж Буш НАТОнинг кенгайтирилиши ҳамда иттифоқ аъзолигига номзод мамлакатларга ҳарбий ëрдам кўрсатишни қўллаб-қувватловчи қонун лойиҳасини имзолади.

Ҳужжат АҚШ Конгрессининг ҳар икки палатаси томонидан маъқулланган. Унда НАТОга қўшилишга интилаëтган мамлакатларга 55 миллион доллар ҳажмида ҳарбий ëрдам кўрсатиш кўзда тутилади. Бу мамлакатлар жумласига Болгария, Эстония, Литва, Руминия, Словакия ва Словения киради.
НАТОни кенгайтириш билан боғлиқ масала ташкилотнинг ноябр ойида Прагада ўтадиган саммитида муҳокама этилади.

АҚШ президенти Жорж Буш халқаро терроризм таҳликаси кимëвий, биологик ва ядровий қуроллар тарқалиб бораëтган вазиятда, мисли кўрилмаган кўламларга етганини эълон қилди.

Ушбу баëнот Буш томонидан АҚШ расмийлари Америкада радиоактив модда билан тўлдирилган бомбани портлатишни режалаштирилган террорчи ушланганидан сўнг қилинди.
АҚШ адлия вазири Жон Эшкрофтнинг сўзларига кўра, ҳибсга олинган шахс америка фуқаролигига эга бўлган “Ал-Қаида” тармоғи аъзосидир. Эшкрофтнинг айтишига кўра, 8-май куни Покистондан Чикаго аэропортига етиб борганида қўлга олинган Абдулла ал Мужоҳир “Ал –Қаида”га оид ўта муҳим маълумотларга эга. АҚШ давлат котиби ўринбосари Жон Болтон Россияга мурожаат қилиб, терроризмни қўллаб-қувватлаëтган мамлакатларга ҳарбий ва ядровий технологиялар ва материалларнинг бориб тегмаслигини таъминлаш учун тегишли чоралар кўришга чақирди. Унинг сўзларига кўра, Америка-Россия муносабатларнинг истиқболи айни шунга боғлиқдир.

Бугун Афғонистонга Туркия ҳарбийлари делегацияси етиб борди.

20 июнда Кобулдаги халқаро тинчлик сақлаш кучларига қўмондонлик қилиш вазифалари Туркияга топширилади. Афғонистонда мингга яқин туркиялик ҳарбий жойлаштирилади. Кобулда 20 мамлакатдан келган тўрт ярим мингга яқин ҳалқаро қўшин фаолият юритмоқда.

Покистон президенти Первез Мушарраф Покистон билан Ҳиндистон орасида Кашмир туфайли бошланиб кетган сўнгги инқирозни тинч йўллар билан ҳал қилиш эҳтимоли нисбатан катта эканини эълон қилди.

Мушарраф кеча Ҳиндистон томонидан қабул қилинган Покистон фуқаролар авиациясига Ҳиндистонга учишларни қайта бошлашга рухсат бериш ҳақидаги қарорни олқишлади. Бироқ айни пайтда Покистон раҳбари икки мамлакат орасидаги муносабатларни нормаллаштириш учун ҳали кўп ишлар қилиниши зарурлигини таъкидлаб ўтди.
Кеча Ҳиндистон ташқи ишлар вазирлиги Покистон самолëтларининг учишларига қўйилган таъқиқ Кашмирдаги исломий эстремистларнинг фаоллиги бир мунча сусайгани муносабати билан ечилганини эълон қилган эди.
Шунга қарамай Кашмирда Покистон ва Ҳиндистон қўшинлари орасида отишмалар давом этмоқда. АҚШ мудофаа вазири Доналд Рамсфельд бугун Деҳлида Ҳиндистон раҳбарияти билан можарони ҳал этиш йўлларини муҳокама қилмоқда.

Бугун Москвада турар жой биносида газ портлаши оқибатида уч одам жароҳатланди.

Россия фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълум қилишича, ҳодиса пойтаҳтнинг Рязанская кўчасида содир бўлган. Жароҳатланганлар шифохонага етказилган. Портлаш сабабларини аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.

Москва марказида якшанба куни бўлиб ўтган оммавий тартибсизликлар оқибатида зарар кўрган иншоотларнинг барчаси тикланди.

Якшанба ҳодисалари муносабати билан Россия Давлат Думасининг хавфсизлик бўйича комитети бугун навбатдан ташқари йиғинини ўтказмоқда. Унда Москва ички ишлар бошқармаси раҳбари Владимир Пронинни вазифасидан озод этиш масаласи қўйилиши мумкин. Кеча Прониннинг ўринбосари¸Манежная майдонида Россия билан Япония орасидаги футбол мусобақаларининг намойиш этилиши чоғида хавфсизлик учун жавобгар Василий Чемисов исте'фога чиқарилган эди. Майдонда бошланиб кетган тартибсизликлар натижасида бир одам ўлган ва етмишдан зиëд одам тан жароҳатлари олган.

Югославия армиясининг собиқ аскари Иван Никоич бугун сербиянинг Прокупле шаҳрида суд олдида жавоб бера бошлади.

У 1999 йили Косово можаролари давомида икки косоволик албанни ўлдирганликда айбланмоқда. Бундай иш серб судида биринчи марта кўриб кўриб чиқилмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG