Линклар

Шошилинч хабар
26 август 2019, Тошкент вақти: 05:15

Халқаро янгиликлар

МАКТАБГА КОМПЬЮТЕР СОВҒА ҚИЛИНДИ

11 июн куни Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари ҳамда Ўзбекистондаги ҳинд маданияти маркази ходимлари Тошкент шаҳри Собир Раҳимов туманида жойлашган 24-ўрта мактабга уч дона компьютер, учта принтер ва бир дона факс ускунасини совға қилдилар.
Тошкент шаҳридаги 24-ўрта мактаб ҳинд тилини ўқитишга ихтисослашгани учун элчихона кўп йилдан бери мазкур мактабга ёрдам кўрсатиб келмоқда.

ХОНОБОД АЭРОДРОМИДА ҲАНДАЛ ГАЗИ ТОПИЛДИ

Хонободдаги АҚШ ҳарбий базасида заҳарли ҳандал газининг излари топилган. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати вакили Шерзод Қудратхўжаевнинг Озодлик радиосига айтганларига кўра, ҳандал газининг миқдори кўп эмас. Ҳозирча бу газ одамлар соғлигига жиддий зиён етказмаган.
Ўз вақтида собиқ СССРнинг Давлат хавфсизлиги хизмати (КГБ) ва ҳарбий вазирлиги Хонобод аэродромида зарарли ҳандал гази сақланганлиги ҳақида Ўзбекистон томонини маълум қилмаган. Мустақиллик даврида ҳам бундай маълумот ошкор қилинмаган.
9 июн куни АҚШ армияси расмийлари Хонобод ҳарбий базасидаги 3 жойда заҳарли газ аломатлари аниқлангани ҳамда АҚШ харбийлари бу жойлардан кўчирилгани ҳақида хабар қилишди.

Бугун Кобулда Лўя Жирганинг биринчи йиғини очилди.

Йиғин қатнашчилари ўтиш даври ҳукуматини сайлашлари керак.
Бир ярим мингга яқин халқ вакили олдида Афғонистоннинг собиқ қироли Муҳаммад Зоҳиршоҳ нутқ сўзлади.
Кеча, бўлажак ҳукумат таркиби, ҳамда собиқ монархнинг роли устидаги тортишувлар муносабати билан Лўя Жирга йиғини кечиктирилган эди. Оқсоқоллар кенгаши аъзоларининг кўпчилиги Зоҳиршоҳнинг давлатга раҳбарлик қилишини исташмоқда.
Бироқ кеча собиқ қирол янги ҳукуматда бирор мансаб эгаллаш нияти йўқлигини эълон қилиб, бош вазир лавозимига ҳозирги муваққат идора раҳбари Ҳамид Карзайнинг сайланиши тарафдори эканини айтди.

Афсонавий Битлз гуруҳи аъзоларидан бири - Пол Маккартни бугун фотомедель Хазер Миллерсга уйланмоқда.

Тўй Ирландиядаги Лесли қасрида ўтказилаëтир.Унга 300 га яқин меҳмон таклиф қилинган. Улар орасида Маккартнининг биринчи никоҳидан туғилган фарзандлари, Битлз гуруҳининг собиқ аъзоси Ринго Старр ва қатор бошқа таниқли созанда ва хонандалар бор.
Турмуш қураëтганлар, 2 миллион доллар таклиф этилганига қарамай, тўй суратларини матбуотда чоп этиш ҳақидаги таклифларни рад этганлар. Матбуотга биргина сурат берилади. Ундан тушадиган маблағ, пиëдалар миналарини таъқиқлаш учун курашаëтган ҳайрия ташкилотларидан бири ҳисобига ўтказилади.

Корея халқ демократик республикасининг тўққиз фуқароси Пекиндаги Жанубий Корея консулхонасига ўтиб, бошпана берилишини сўрашди.

Олдинроқ ҳудди шундай мурожаат билан консулхонага 8 шимолий кореялик мурожаат қилган эди.
Бундан ташқари, икки қочқин ҳозир Канададаги Жанубий Корея элчиҳонасида қолмоқда.
Олдинроқ Хитой, Пекин билан Пхеньян орасида қочқинларни бир бирларига топшириш ҳақидаги шартнома тузилганига қарамай, Шимолий Кореянинг 38 фуқаросига учинчи мамлакатлар орқали Жанубий Кореяга ўтишларига руҳсат берган эди.

Иорданнинг ғарбий соҳилида автобус яқинида бомба портлаши оқибатида исроиллик уч талаба бугун жароҳатланди.

Исроил полициясининг маълумотларига кўра, портловчи мослама йўл ëқасида қолдириб кетилган.
Айни пайтда Исроил қўшинлари Фаластин территорияларидаги амалиëтларини давом эттиришмоқда.
Қўшинлар терроризмда гумон этилган шахсларни ушлаш мақсадида Байт-ул-Ҳам яқинидаги қочқинлар лагерига кириб боришди. Кеча Вашингтонда АҚШ президенти Жорж Буш билан Исроил бош вазири Ариэль Шарон орасида музокаралар бўлиб ўтди. Буш , Исроил фаластин террорчилари билан кураш олиб боришга ҳақли эканини таъкидлаб, бу билан ўз хавфсизлигини таъминлашга интилаëтганини айтди.
Фаластин муҳториятининг юқори мартабали вакили Саëб Эракат Бушнинг баëноти муносабати билан афсусланиш изхор қилди. Унинг сўзларига кўра, Вашингтон тутаëтган бундай позиция, Яқин Шарқ инқирозини ҳал қилишга ëрдам беролмайди.

АҚШ президенти Жорж Буш НАТОнинг кенгайтирилиши ҳамда иттифоқ аъзолигига номзод мамлакатларга ҳарбий ëрдам кўрсатишни қўллаб-қувватловчи қонун лойиҳасини имзолади.

Ҳужжат АҚШ Конгрессининг ҳар икки палатаси томонидан маъқулланган. Унда НАТОга қўшилишга интилаëтган мамлакатларга 55 миллион доллар ҳажмида ҳарбий ëрдам кўрсатиш кўзда тутилади. Бу мамлакатлар жумласига Болгария, Эстония, Литва, Руминия, Словакия ва Словения киради.
НАТОни кенгайтириш билан боғлиқ масала ташкилотнинг ноябр ойида Прагада ўтадиган саммитида муҳокама этилади.

АҚШ президенти Жорж Буш халқаро терроризм таҳликаси кимëвий, биологик ва ядровий қуроллар тарқалиб бораëтган вазиятда, мисли кўрилмаган кўламларга етганини эълон қилди.

Ушбу баëнот Буш томонидан АҚШ расмийлари Америкада радиоактив модда билан тўлдирилган бомбани портлатишни режалаштирилган террорчи ушланганидан сўнг қилинди.
АҚШ адлия вазири Жон Эшкрофтнинг сўзларига кўра, ҳибсга олинган шахс америка фуқаролигига эга бўлган “Ал-Қаида” тармоғи аъзосидир. Эшкрофтнинг айтишига кўра, 8-май куни Покистондан Чикаго аэропортига етиб борганида қўлга олинган Абдулла ал Мужоҳир “Ал –Қаида”га оид ўта муҳим маълумотларга эга. АҚШ давлат котиби ўринбосари Жон Болтон Россияга мурожаат қилиб, терроризмни қўллаб-қувватлаëтган мамлакатларга ҳарбий ва ядровий технологиялар ва материалларнинг бориб тегмаслигини таъминлаш учун тегишли чоралар кўришга чақирди. Унинг сўзларига кўра, Америка-Россия муносабатларнинг истиқболи айни шунга боғлиқдир.

Бугун Афғонистонга Туркия ҳарбийлари делегацияси етиб борди.

20 июнда Кобулдаги халқаро тинчлик сақлаш кучларига қўмондонлик қилиш вазифалари Туркияга топширилади. Афғонистонда мингга яқин туркиялик ҳарбий жойлаштирилади. Кобулда 20 мамлакатдан келган тўрт ярим мингга яқин ҳалқаро қўшин фаолият юритмоқда.

Покистон президенти Первез Мушарраф Покистон билан Ҳиндистон орасида Кашмир туфайли бошланиб кетган сўнгги инқирозни тинч йўллар билан ҳал қилиш эҳтимоли нисбатан катта эканини эълон қилди.

Мушарраф кеча Ҳиндистон томонидан қабул қилинган Покистон фуқаролар авиациясига Ҳиндистонга учишларни қайта бошлашга рухсат бериш ҳақидаги қарорни олқишлади. Бироқ айни пайтда Покистон раҳбари икки мамлакат орасидаги муносабатларни нормаллаштириш учун ҳали кўп ишлар қилиниши зарурлигини таъкидлаб ўтди.
Кеча Ҳиндистон ташқи ишлар вазирлиги Покистон самолëтларининг учишларига қўйилган таъқиқ Кашмирдаги исломий эстремистларнинг фаоллиги бир мунча сусайгани муносабати билан ечилганини эълон қилган эди.
Шунга қарамай Кашмирда Покистон ва Ҳиндистон қўшинлари орасида отишмалар давом этмоқда. АҚШ мудофаа вазири Доналд Рамсфельд бугун Деҳлида Ҳиндистон раҳбарияти билан можарони ҳал этиш йўлларини муҳокама қилмоқда.

Бугун Москвада турар жой биносида газ портлаши оқибатида уч одам жароҳатланди.

Россия фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълум қилишича, ҳодиса пойтаҳтнинг Рязанская кўчасида содир бўлган. Жароҳатланганлар шифохонага етказилган. Портлаш сабабларини аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.

Москва марказида якшанба куни бўлиб ўтган оммавий тартибсизликлар оқибатида зарар кўрган иншоотларнинг барчаси тикланди.

Якшанба ҳодисалари муносабати билан Россия Давлат Думасининг хавфсизлик бўйича комитети бугун навбатдан ташқари йиғинини ўтказмоқда. Унда Москва ички ишлар бошқармаси раҳбари Владимир Пронинни вазифасидан озод этиш масаласи қўйилиши мумкин. Кеча Прониннинг ўринбосари¸Манежная майдонида Россия билан Япония орасидаги футбол мусобақаларининг намойиш этилиши чоғида хавфсизлик учун жавобгар Василий Чемисов исте'фога чиқарилган эди. Майдонда бошланиб кетган тартибсизликлар натижасида бир одам ўлган ва етмишдан зиëд одам тан жароҳатлари олган.

Югославия армиясининг собиқ аскари Иван Никоич бугун сербиянинг Прокупле шаҳрида суд олдида жавоб бера бошлади.

У 1999 йили Косово можаролари давомида икки косоволик албанни ўлдирганликда айбланмоқда. Бундай иш серб судида биринчи марта кўриб кўриб чиқилмоқда.

ЦЕНЗУРА ОЛИБ ТАШЛАНДИ, ЛЕКИН СЎЗ ЭРКИНЛИГИ ЙЎҚ

Жамшид ШОМУРОДОВ

«Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси»(CPJ) вакиллари гарчи Ўзбекистонда цензура олиб ташланган бўлса-да, лекин ўзбек матбуотида эркинлик нафаси сезилмаëтганини қайд этишди. 2002 йил 10 июн куни Ўзбекистон миллий матбуот марказида журналистлар билан учрашган ташкилот намояндалари Питер Арнетт, Ричард М. Мерфи ва Алекс Лупис Тошкент ҳукумати ҳали ҳам матбуотта босим ўтказиш воситаларига эга экани ва уларни ишлатишга ҳаракат қилаётганини баëн қилишди.

Питер Арнеттнинг эътирофича, ўзбек ҳукуматининг қаттиққўл сиёсати мамлакат журналистлари орасида ўз-ўзини цензура қилиш тамойилини кучайтириб юборган.

«Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси» вакиллари Ўзбекистонга сафари давомида мамлакатдаги бу соҳада мавжуд вазиятни ўрганиб, ўзбек матбуоти эркинлигига кўмак берувчи тавсия тайёрлаб, уни матбуот расмийларига тақдим қилганлар.
Тавсияда ҳукуматга мухолиф «Эрк» партиясининг «Эрк» газетаси мухбирлари Муҳаммад Бегжонов ва Юсуф Рўзимуродов ҳамда маҳаллий «Янги аср» газетаси мухбири Мажид Абдураимовни зудлик билан қамоқдан озод қилиш айтилган. Мустақил «ALC» телестанцияси бошлиғи Шуҳрат Бобожоновнинг ватанга қайтишига ва канал фаолиятини қайта тиклашга расмий кафолат сўралган. «Озодлик» ва «Би-Би-Си» радиоларининг ўзбекча эшиттиришларини ўрта тўлқинга ўтказиш масаласи ҳам кўтарилган. Шунингдек, тавсияда давлат хизматчилари ҳукумат сиёсати ҳақида журналистларга маълумот берганлари учун қўрқмасликлари кераклиги қайд этилган.

АҚШ Президенти Жорж Буш мамлакат хавфсизлик ҳизматларини тубдан ислоҳ қилиш бўйича таклифни ўртага ташлади.

Пайшанба кунги чиқишида Вашингтон раҳбари, ички хавфсизлик идорасини тузиш зарурати туғилганини урғулади. Буш таклифига кўра, тузилажак янги ташкилот ҳозирда мавжуд идоралар – божхон ҳизмати, турли мудофаа тузилмалари, иммиграция масалалари билан шуғулланувчи ташкилотлар, чегара ва фавқулодда вазиятлар бўйича федерал ҳизматларини ўз таркибига олиши кўзда тутилган. Вазирлик даражасидаги янги бошқарма зиммасига эса, террорчиларнинг АҚШ худудларига киришларини олдини олиш ва бу борада турли хавфсизлик идоралари фаолиятини мувофиқлаштириб бориш юклатилади. Таклиф этилаётган режага кўра янги ташкилотга 170 мингга яқин ходим жалб этилиши мумкин ва унинг йиллик бюджети 37 миллиард АҚШ долларни ташкил этиши таҳмин этилмоқда.

Ҳиндистоннинг Покистон билан урушиш нияти йўқ.

Бугун бу ҳақда Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Жасвант Сингх АҚШ Давлат котиби ўринбосари Ричард Эрмитэйж билан бўлган музокаралардан сўнг баён қилди. Сингх АҚШнинг Қашмир атрофида юзага келган можарони тинч йўл билан ҳал этиш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун миннатдорчилик изҳор этар экан, Покистон ислом экстремизмига қарши кескин чораларни кўриши билан, Деҳли у билан музокаралар бошлашга киришишини таъкидлади. Кеча Эрмитэйж Покистон Президенти Парвез Мушарраф билан учрашган эди. Учрашув давомида Мушарраф юқори мартабали АҚШ расмийсига Исломобод қандай қилиб бўлмасин Ҳиндистон билан уруш бўлмаслигига ҳаракат қилаётганини маълум қилган. Шунга қарамай Ҳиндистон-Покистон чегараларида вазият тобора таранглашмоқда. Қашмир минтақасида ислом экстремистлари ва ҳинд аскарлари ўртасида отишмалар давомида бугуннинг ўзида саккиз киши нобуд бўлган.

Бугун Шанхай олтилигига аъзо давлатлар Россия, Хитой ва Марказий Осиёнинг тўрт давлати раҳбарлари Россиянинг шимолий пойтахти Санкт Петербургда тўпланиб, минтақавий хавфсизлик масалаларини муҳокама этмоқдалар.

Саммит давомида унинг иштирокчилари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти хартиясини имзоладилар. Мазкур ҳужжатнинг имзоланиши ташкилотга Халқаро ҳуқуқ субъекти мақомини беради. Россия Президенти Владимир Путин Шанхай ҳамкорлиги ташкилоти котибиятини Пекинда жойлаштириш борасидаги Хитой раҳбари Цзян Цземин таклифини қўллаб қувватлади. Шунингдек Шанхай олтилигига аъзо давлатлар раҳбарлари ташкилот доирасида минтақавий аксил-террор марказини тузиш режасини ҳам муҳокама этдилар. Ташкилотнинг мазкур тузилмаси Қирғизистон пойтахти Бишкекда жойлаштириладиган бўлди. Бугун кечқурун Россия раҳбари Владимир Путин Санкт Петербургга ташриф буюрган тўрт Марказий Осиё давлати раҳбарлари билан икки томонлама музокаралар олиб боради.

Бугун Мадридда Европа Иттифоқи ва Шарқий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирларининг учрашуви бўлиб ўтди.

Унда кўрилаётган асосий масалалар қаторидан – террорчиликка қарши биргаликда кураш, Ҳиндистон ва Покистон ўртасида можароларни тинч ҳал этиш йўллари ҳамда иқтисодий ҳамкорлик масалалари ўрин олган. Шунингдек, учрашув якуни бўйича Яқин Шарқдаги вазият билан боғлиқ қўшма декларация қабул қилиниши кутилмоқда. Бугунги учрашув сентябр ойида Копенгагенда бўладиган Евросиё саммити олдидан ўтказилмоқда.

Покистон ташқи ишлар вазири Абдул Саттор мамлакат президенти Парвез Мушаррафдан истэъфога чиқиш бўйича аризасини тасдиқлашни сўраган.

Бугун журналистлар олдида чиқиш қилган Абдул Саттор унинг бундай қарори соғлигининг ёмонлашгани билан боғлиқ эканини маълум қилди. Сатторга кўра унинг ўз ихтиёри билан истэъфога чиқишининг Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар ёмонлашганига ҳеч қандай даҳли йўқ. Покистон матбуоти хабарларига кўра, ўтган хафта Абдул Саттор жарроҳлик операциясини бошидан кечирган.

Бугун Исроил қўшинлари танклар ёрдамида Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги Жинин шаҳрига қайтадан киритилди.

Шунингдек, Рамаллоҳ, Хеврон ва Тулкарем шаҳарларида ҳам назорат кучайтирилган. Исроил ҳарбийлари бу ҳаракатларни фаластин ҳудудларида террорчилар ва қурол аслаҳаларни қидириш бўйича олиб борилаётган оддий амалиётлар дейишмоқда. Ҳозирга қадар ўнлаб фаластинлик террорчиликда гумон этилиб хибсга олинди.

Филиппинда маҳаллий экстремистлар томонидан гаровда ушлаб турилган АҚШ фуқароси Мартин Бернхэм ўлдирилган.

Америкалик миссионер филиппин қўшинлари уни озод этиш бўйича олиб борган амалиётлари давомида ҳалок бўлди. Гаровда ушлаб турилган унинг рафиқаси эса оғир аҳволда қутқариб қолинди. Эр-хотин Бернхэмларни "Абу -Сайёф" экстремист гуруҳлари ўтган йилнинг май ойида олиб қочган эди. Бугун филиппин қўшинлари гаровга олинганлар ушлаб турилган Минданао оролидаги террорчилар лагерини ишғол этишди. Олиб борлган амалиётлар давомида Мартин Бернхем билан бирга гаровга олиган филлипинлик ҳамшира ҳам террорчилар томонидан ўлдирилгани аниқланди.

Европанинг жанубий-ғарбида эсган кучли шамол ва давомли сел жиддий талофатларни келтириб чиқарди.

Таббий офат оқибатида камида тўрт кишининг халок бўлгани ва бир неча киши дом дараксиз йўқолгани айтилмоқда. Айниқса Германия, Австрия, Швейцария ҳамда Франциянинг жанубий- шарқий ҳудудлари табиий офатдан жиддий зарар кўрди. Шунингдек, узоқ ёққан сел мазкур худудларда кўчки ва сув тошқинини келтириб чиқарди. Ўнлаб шаҳар-қишлоқлар сув отида қолиб қолди, электр таъминоти ишдан чиқди. Ҳозирда Франция ва Италия ўртасида темир йўл қатнови тўхтаган. Венециянинг катта қисми сув остида қолиб қолди. Мазкур шаҳарда сув садҳи 1 метр 20 сантиметргача кўтарилгани айтилмоқда.

Япония ва Корея ўйингоҳларида футбол бўйича жаҳон чемпионати давом этмоқда.

Бугун Испания терма командаси Парагвай термасига қарши тўп сурди. Ҳисоб 3:1, Испания фойдасига ҳал бўлди. Шундай қилиб Испания ўз гурухида пешқадамликни қўлга киритиб, чемпинатнинг навбатдаги босқичига йўлланма олган илк команда бўлди.
Шунингдек, Шведция бугун Нигерия устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, тўрт очқо билан ўз гуруҳида етакчилик қилмоқда. Айни гуруҳда уч очко билан иккинчи ўринни эгаллаб турган Аргентина терма командаси эса Англия 0:1 ҳисобида ютқазди.

Бугун Исроил кучлари Фаластин лидери Ясир Арафатнинг Рамаллоҳ шаҳридаги қароргохига хужум қилди.

Исроил аскарлари Фаластин хавфсизлик кучлари билан бўлган тўқнашувларда Арафат қўриқчиларидан бирини отиб ўлдиришди ва шаҳардан чиқиб кетишидан олдин 2 та бинони портлатишди. Исроил ҳарбийларининг айтишларича, бугунги хужум фаластинликлар Исроил ичида ўзларини портлатиб хужумлар қилишаëтганига шу жумладан кеча бир автобус портлатилиб 17 одам ўлдирилганига жавоб бўлган. Арафат ўзининг вайрон бўлган идорасидан чиқиб келганида таҳминан 100 фуқоро ва қўриқчилар томонидан олқишлаб кутиб олинди. Унинг айтишига қараганда, Исроил кучларининг унинг қароргоҳига қилган сўнгги хужуми, фаластинликлар тутган позицияни фақат мустаҳкамлайди халос.
“Исроилликлар бизни мағлубиятга учрата-олишларини кўрсатишга уринмоқдалар. Насронийлар ва мусулмонларнинг муқаддас жойларини мудофаа қилаëтган Фаластин халқини ҳеч ким мағлубиятга учратолмайди ва биз бу жойларни мудофаа қилиш учун қурбон бўлишга тайëрмиз”, - деди, Арафат жумладан.
Олинган сўнги хабарга кўра, Исроил кучлари яна Раммалоҳ шаҳрига кириб, Фаластин мухториятига қарашли биноларни ўққа тутган.

Бугун Покистон президенти Парвез Мушарраф АҚШ расмий вакилига Покистон Кашмир можоросида Ҳиндистонга қарши уруш бошламаслигини айтди.

АҚШ давлат котиби ўринбосари Ричард Армитажнинг Исломобод учрашувидан кейин айтишича, Мушарраф уни Покистон тинчликни исташини ва урушни четлаб ўтиш учун барча имкониятлардан фойдаланишига ишонтирган. Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги кескинликни юмшатишга харакат қилаëтган Армитаж Ҳиндистон раҳбарлари билан учрашиш учун эртага Деҳлига боради. 060628 “Президент Мушарраф тинчлик тарафдори эканини ва у урушни бошламаслигини аниқ айтди ва мен эртага Деҳлига борганимда худди шундай сўзни эшитишга умид қиламан”, - деди Ричард Армитаж. Бугун Ҳиндистон миллий хавфсизлик маслаҳатчиси Бражеш Чандра Мишра, ҳукумати Покистоннинг иккига бўлинган Кашмир чегараси халқаро кучлар томонидан қўриқланиши тўғрисида киритган таклифига қарши эканини яна такрорлади. У кеча Ҳиндистон бош вазири Атал Беҳари Важпайи ўртага қўйган таклифни яъни Кашмир чегараси Ҳиндистон ва Покистон кучлари томонидан биргаликда қўриқланиши кераклигини яна тилга олди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG