Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2019, Тошкент вақти: 07:56

Халқаро хабарлар

АҚШ Президенти Жорж Буш келгуси ҳафтада мамлакат Мудофаа вазири Дональд Рамсфелдни Жанубий Осиёга юборишини маълум қилди.

Рамсфелд минтақада вазиятни юмшатиш ва томонларни муросага чақириш мақсадида Покистон ва Ҳинд расмийлари билан музокаралар олиб боради. Президент Жорж Буш Покистон раҳбариятини Қашмирда исломий экстремистларга қарши кескин чораларни кўришга чақирган эди. Бушнинг таъкидлашича, ядро қуролига эга давлатлар - Ҳиндистон ва Покистон ўртасида вазиятнинг кескинлашуви минтақада уруш оловини ёқиши мумкин. Бу эса ҳар икки давлат манфаатига ҳам тўғри келмайди. Кеча Покистон раҳбари Парвез Мушарраф Афғонистон билан чегара ҳудудлардаги қўшинини конфликт ҳудудга олиб ўтилиши борасида фармойиш берди. Ҳозирда Покистон ва Ҳиндистон ўртасидаги Қашмир минтақаси назорат чизиғининг ҳар икки тарафига миллионга яқин қўшин жалб этилган.

АҚШ Давлат департаменти Ҳиндистондаги барча америкаликларни дарҳол мамлакатни тарк этишларини сўраган.

Вашингтон расмийлари Ҳиндистон ва Покистон ўртасида уруш бошланишидан ҳавотирланиб бундай даъват билан чиқди. Шунингдек, Деҳлидаги Америка дипломатлари ва уларнинг оила аъзоларига ҳам мамлакатни тарк этиш тавсия этилган. АҚШнинг Покистондаги элчихонаси ҳодимлари сони аллқачон минимумга қисқартирилди. Буюк Британия ҳам Исломободдаги ўз дипломатларини чақиртириб олган.

Бугун Жанубий Корея пойтахти Сеулда футбол бўйича жаҳон чемпионати старт олди.

Унинг тантанали очилиш маросимини томоша этиш учун Сеул стадионига 64 мингга яқин томошабин йиғилган. Маросимда чемпионат иштирокчиларини Жанубий Корея ва Япония бош вазирлари Ким Дэ Жун ва Дзюнидиро Коидзумилар олқишлади. Тантаналар тугагач Сеул ўйингоҳида Жаҳон кубоги ўйинларининг дастлабки матчи бўлиб. Унда жаҳон чемпиони Франция Сенегал терма командасига имкониятни бой бериб, 0:1га ютқазиб қўйди. Бу галги жаҳон чемпионати Осиё минтақасида илк бор ўтказилмоқда. Жаҳон биринчилиги учун футбол беллашувлари Япония ва Жанубий Корея ўйингоҳларида 31 майдан июн ойининг оҳирги кунига қадар давом этади. Турнирда жами 32 давлат терма командаси 8 гурухга бўлинган холда беллашувлар олиб боради. Япон расмийларининг маълум қилишларича ҳар бир футбол матчини саккиз мингга яқин полициячи қўриқлаб боради. Биргина Япониянинг ўзига футбол томошаларини кузатиб бориш учун 3 ярим миллион чет эллик ташриф буюрган. Чемпионатнинг финал матчи 30 июн куни Японияда бўлиб ўтади.

АҚШ Адлия вазири Жон Эшкрофт террорчиликка қарши самарали кураш олиб бориш мақсадида Федерал қидирув бюроси FBI ваколати янада кенгайтирилганини маълум қилди.

Эшкрофтга кўра, 25 йил олдин қабул қилинган FBI фаолиятини чекловчи ҳукумат қарорлари бекор қилинди. Янги қабул қилинган қонунларга кўра Федерал қидирув бюроси агентларига Интернетни назорат этиш ва жамоатчилик жойларида кузтув ишларини олиб бориш ваколати берилди. АҚШ Федерал қидирув бюроси директори Роберт Мюллер террорчиликка қарши курашга тўсқинлик қилаётган "бюрократик тўсиқлар" олиб ташланишини олқишлади.

Бугун Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги ёҳудийлар истиқомат қиладиган худудларда террорчилик ҳаракати олди олинди.

Автомат ва гранатаметлар билан қуролланган фаластинли мазкур худудга кираётган пайтда отиб ўлдирилган. Исроил қўшинлари Наблусда экстремистларга қарши харбий амалиётларни давом эттирмоқда. Шаҳарда комендантлик соати жорий этилган. Исроил полициясининг маълум қилишича амалиётлар давомида бир неча фаластинли, шу жумладан "Хамас" гуруҳи етакчиларидан бири хибсга олинган. Бугуннинг ўзида исроил қўшинлари, шунингдек Калкалия шаҳрига ва Балата фаластин қочқинлар лагерига ҳам кириб улгирган. Айнан ана шу ҳудудларда "Аль-Акса мазлумлари" экстремист ташкилотининг бош қароргоҳи жойлашгани таҳмин этилмоқда. Мазкур ташкилот 6 кишининг ўлимига сабаб бўлган Тель-Авивда содир этилган портлашларга жавобгарликни олган эди.

Қирғизистон бош вазири этиб тайинланган Николай Танаев инсон ҳуқуқлари у бошқарадиган ҳукуматнинг устивор сиёсати бўлишини таъкидлади.

Шунингдек у, бундан буён ҳукумат кенг жамоатчилик фикрини эътиборга олган холда иш олиб боришини ва ноҳукумат ташкилотлари билан алоқалар кучайтирилишини маълум қилди. Кеча мамлакат парламентининг юқори палатаси Танаев номзодини кўпчилик овоз билан тасдиқлаган эди.

Бугун Алматида совет даври сиёсий қурбонлари ҳотирасига бағишлаб ўтказилган мухолифат намойишлари милиция томонидан тарқатилди.

Озодлик мухбирининг хабар беришича норозилик акциясида мухолифат тарафдорлари билан бир қаторда пенсионерлар ҳам иштирок этган. Қозоғистон республикачилар халқ партияси ва Демократик танлови ҳаракати томонидан уюштирилган намойиш иштирокчилари ҳукумат расмийларидан мухолифат лидерларини таъқиб этиш ва мустақил матбуотга босимлар тўхтатилишини талаб этишган. Озодлик мухбирининг айтишича митинг бошланганидан ярим соат ўтар ўтмас у милиция томонидан бостирилиб, мухолифатнинг олти етакчисини ҳибсга олганлар.

Осиё тараққиёт банки Афғонистонга ёрдам тариқасида 15 миллион доллар ажратишини маълум қилди.

Мазкур маблағлар биринчи навбатда қишлоқ хўжалиги, таълим, соғлиқни-сақлаш, транспорт ва энергетика соҳаларини ривожлантириш сарфланади. Шунингдек, афғон расмийлари улардан қурғоқчилик ва зилзила келтириб чиқарган зарарни қоплашда фойдаланишлари мумкин.

Европа парламенти ҳуқуқни мухофаза органларига телефон суҳбатларини кузатиб бориш ва интернетни назорат этиш ваколатини берувчи қонун лойиҳасини маъқуллади.

Ҳужжат Европа Иттифоқининг барча 15 аъзоси томонидан тасдиқлансагина кучга кириши мумкин. Агар мазкур қонун амалга ўтадиган бўлса телекоммуникация компаниялари полиция топшириғига биноан истаган маълумотни тақдим этиш мажбуриятини олади. Мазкур қонун лойиҳаси кўплаб ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилотлар танқидига учраб улгирди. Уларнинг таъкидлашларича бу инсон ҳуқуқларининг бузулишига олиб келиши мумкин.

Европанинг ягона валютаси – "евро"нинг АҚШ долларига нисбатан қадри ўсишда давом этмоқда.

Жума куни "евро"нинг долларга нисбати 94 центни ташкил этди. Бу ўтган йил ёздагига қараганда 10 центга кўп демакдир. "Евро"нинг кучайишига асосий сабаблардан бири америка омонатчиларининг европа бозорига қизиқиши ортаётгани ва Германия ҳамда Франция иқтисодининг кўтарилаётганида дейишмоқда кузатувчилар.

Карачида ислом экстремистлари томонидан қатл этилган Америкалик журналист Дэниел Перлнинг беваси ўғил кўрди.

Парижда туғилган чақалоқнинг онаси Мариана Перл унга Адам деб исм қўйди. Вол Стрит Жорнал мухбири Дэниел Перл январ ойида ислом экстремистлари томонидан олиб қочилиб кейинчалик қатл этилган эди. Ҳозирда уни ўлдирганликда гумон этилиб тўрт нафар шахс устидан маҳкама Карачида давом этмоқда.

Бугун эрталаб Исроил қўшинлари Ғарбий соҳилнинг Фаластин назоратидаги Хеброн шаҳрига кирди.

Олинган хабарларга кўра, бир неча соатдан кейин шаҳарни тарк этган Исроил аскарлари, Исроилга қарши жангарилар эканида шубҳа қилинган бир неча шахсни қўлга олган.
Исроил қўшинлари Байтулҳам шаҳрида ҳам бешинчи кун ўз операцияларини давом эттирмоқда.

Бугун Покистон раҳбари генерал Парвез Мушарраф Покистон мамлакатининг шарқий чегарасини мустаҳкамлаш учун ўз қўшинларини Афғонистон билан чегарадош минтақаданхозирча олиб чиқмаганини маълум қилди.

Бироқ бугун Исломобод шаҳрида бўлиб ўтган матбуот конференциясида Мушарраф, токи Ҳиндистон билан кескин вазият сақланиб қолар экан, қўшинларни Афғонистон билан бўлган чегара минтақасидан олиб чиқиш масаласи кун тартибида қолишини айтган.
АҚШ Покистон ўз қўшинларини Афғонистон чегарасидан кўчириш режаси борасида хавотир билдирган.

Ҳиндистон расмийлари бугун хавфсизлик кучлари Кашмирнинг Ҳиндистон назоратидаги қисмида полиция постига хужум уюштирган исломий жангари эканида гумон қилинган икки шахсни отиб ўлдирганини маълум қилдилар.

Пайшанбага ўтар кечаси Дода минтақасидаги полиция постига қарши уюштирилган хужумда камида икки нафар полициячи ўлдирилган.
Маълумотларга кўра, Ҳиндистон-Покистон чегарасида юз берган сўнгги отишмаларда ҳар икки томондан камида 20 киши ўлган.
Ядровий қуролга эга бўлган икки қўшни давлат чегара минтақасига бир миллион аскардан иборат ҳарбий куч тўплаган.

Покистон, қўшни Афғонистон чегарасидаги ўз харбий кучларни, кескин вазият хукм сураётган Ҳиндистон билан бўлган чегара минтақасига жўната бошлаганини маълум қилди.

Покистон президенти ва харбий қўмондони Парвез Мушаррафнинг матбуот котиби Рашид Қуреши, ўз қўшинларини зарур бўлган минтақага жўнатаётган бўлишига қарамасдан Покистон, АҚШ етакчилигидаги аксил террор кампаниясини қўллаб қувватлашни давом эттиришини айтди.

Париждаги ким ошди савдоси ташкилотчилари, бир пайтлар Эрон шоҳи рафиқасига тегишли бўлган қимматбаҳо тақинчоқлар 3.6 миллион долларга сотилганини маълум қилдилар.

1951 йилда Шоҳнинг иккинчи хотини бўлган малика Сурайё ўғил фарзанд туғмагани сабабли, Шоҳ олти йилдан кейин у билан ажрашган.
Ўтган йил куз фаслида вафот этган малика ўзининг қимматбаҳо тақинчоқлари сотилиши ва ундан тушган маблағ ҳайрия ишларига сарфланишини васият қилган. Сурайёнинг никоҳ узуги деб қаралаётган олмос кўзли платинадан ишланган узук 900.000 еврога сотилди. Малика Сурайёга тегишли тақинчоқларнинг Париж шаҳридаги ким ошди савдоси давом этиши белгиланган.

АҚШ ва Европа иттифоқи вакиллари бугун Қоҳирада Миср президенти Ҳусни Муборак билан учрашдилар.

Сўзлашувлар чоғида яқин шарқ тинчлик музокаралари ва Фаластин мухториятидаги ислоҳотларни рағбатлантириш йўлидаги уринишларни мувофиқлаштириш масаласи муҳокама қилинди.
Европа иттифоқи ташқи сиёсати бошлиғи Хавиер Солана ва АҚШ вакили Вилям Бернс Муборак билан алоҳида-алоҳида учрашдилар.
Солана, ўзи ва Бернс Фаластин худудида Фаластин лидери Яссир Арофат билан учрашиб, Фаластин мухторияти структурасини молиявий ва сиёсий ислоҳ қилиш масаласини муҳокама қилишларини билдирди.

Туркманистон, Афғонистон ва Покистон лидерлари бугун Исломобод шаҳрида учрашиб, Туркманистондан Покистонгача газ қувури қуриш масаласини муҳокама қиладилар.

Туркманистон президенти Сапармурод Ниёзов, Афғонистон муваққат хукумати бошлиғи Ҳамид Карзай ва Покистон президенти Парвез Мушаррафнинг музокаралардан кейин англашув меморандумини имзолашлари мумкинлиги кутилмоқда.
Туркманистоннинг Давлатобод газ хавзасидан Покистонгача бўлган 1.460 километр узунликдаги қувурнинг йилига 15 млрд куб метр табиий газ транспорт қилиши кўзда тутилган. Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун 2 – 3.5 миллиард доллар маблағ сарфланиши таҳмин қилинмоқда. Хориждаги бир қатор йирик компаниялар ушбу лойиҳага қизиқиш билдирганлар.

Бугун сайловчилар Афғонистон собиқ президенти, Жамияти Исломий партияси раҳбари Бурҳониддин Раббонийни Лоя жирга аъзоси бўлиши учун овоз берадилар.

Шуни эслатиб ўтиш лозимки, мамлакат шимолидаги Бадаҳшон тумани 29 май куни Раббонийни Лоя жиргага номзод қилиб кўрсатган.
Афғонистон муваққат ҳукуматида Мудофаа вазири ўринбосари лавозимини эгаллаган генерал Абдул Рашид Дўстум ўтган хафтада Мозори Шариф шаҳридан Лоя Жиргага вакил сифатида сайланган.

Бугун Қирғизистон парламенти юқори палатаси Николай Танаев номзодини мамлакат янги бош вазири лавозимига тасдиқлади.

Овоз бериш жараёнида Танаевни ёқлаб 36, унга қарши 5 депутат овоз берди. Курманбек Бакиев бош вазир лавозимидан истеъфо берганидан кейин ўтган хафтада президент Асқар Ақаев Танаевни вақтинчалик бош вазир лавозимига тайинлаган. Танаев Бакиев хукуматида бош вазир биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.
Николай Танаев Россиянинг Пенза вилоятида туғилган. У Қозоғистондаги университетнинг қурилиш-инженерлик факултетида ўқиган. Танаев Қирғизистон тарихида бош вазир лавозимига тайинланган биринчи этник рус миллатига мансуб фуқаро ҳисобланади.

Туркия расмийлари, бош вазир Булент Эжевитнинг саломатлиги ёмон бўлгани сабабли у Миллий ҳавфсизлик кенгаши йиғилишида қатнаша олмаслигини маълум қилдилар.

Президент Аҳмад Неждат Сезер раислигида ўтган Хавфсизлик кенгаши йиғилишида диққат эътибор Туркиянинг Европа Иттифоқига қўшилиши учун амалга оширилиши лозим бўлган иқтисодий ислоҳотлар масаласига қаратилиши кутилган.

Бугун Буюк Британия ташқи ишлар вазири Жэк Строу Деҳлида ҳинд расмийлари билан минтақада вазиятни юмшатиш борасида сўзлашувлар олиб борди.

Учрашув сўнгида чиқиш қилган Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Жасвант Сингх Покистон террорчиларни экспорт қилишни тўхтатмас экан, Деҳлининг Қашмир масаласида Исломобод билан музокара олиб бориш нияти йўқ эканини баён қилди.
Ҳиндистон бир неча бор Покистонни Қашмир айирмачиларини қўллаб қувватлаётганликда айблаб келган эди. Ўз навбатида расмий Исломобод бундай айбловларни рад этмоқда. Учрашув сўнгида журналистлар олдида чиқиш қилган Жэк Строу Британия ва халқаро ҳамжамият террорчиларга қарши кескин чора кўришда Мушарраф томонидан конкрет кадамларни кутмоқда, - дея баён қилди. Кеча у Исломободда Покистон Президенти Парвез Мушарраф билан минтақада юзага келган вазиятни муҳокама этган.
Ҳиндистон ғарбидаги Гужарат штатида содир этилган портлашлар оқибатида камида 12 киши қурбон бўлди. Аҳмадобод полициясининг маълум қилишича, портлаган уч бомбадан иккитаса шаҳар автобуслари ўриндиқлари тагига яшириб қўйилган бўлиши мумкин. Ҳозирча ҳеч ким портлашларга жавобгарликни зиммасига олмади. Гужурат штатида маҳаллий индуицлар ва мусулмонлар ўртасида диний қарама-қаршиликлар кучайгани оқибатида, шу йилнинг ўзида мингга яқин киши қурбон бўлди.

Бугун Исроил ҳукумати фаластин террорчиларига қарши кескин чораларни ишлаб чиқиш мақсадида фавқулодда мажлисга тўпланди.

Мажлис давомида конкрет тўхтамга келинмагани боис, ҳукумат аъзолари кейинроқ мазкур масалага яна қайтажакларини маълум қилишди. Ўтган тунда Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги ёҳудийлар истиқомат қиладиган худудларда қуролланган фаластинли уч нафар исроиллик диний мактаб ўқувчисини ўлдирган. Яна бир ўқувчи эса оғир жароҳат олди. Исроил полициясининг хабар қилишича қотил шу заҳоти отиб ўлдирилган. Мазкур ҳужумга жавобгарликни "Ал –Акса мазлумлари" ташкилоти зиммасига олди. Сешанба кечқурун исроил кучлари Рамаллоҳда "Хамас" гуруҳи жангариларига қарши амалиётлар олиб борди. Жининда эса Хамаснинг саккиз маҳаллий фаоли қамоққа олинган. Террорчиларга қарши рейдлар душанба куни Тель-Авивда содир этилган портлашларга жавобан амалга оширилди. Душанба кунидан буён фаластинликлар томонидан жами олти исроил фуқароси ўлдирилган.

Россия ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатлар Калининград вилояти билан боғлиқ муаммоларнинг ҳал бўлишига боғлиқ.

Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин бугун Москвада иш бошлаган
"Европа Иттифоқи-Россия" саммитида баён қилди. Путинга кўра Калининград Европа Иттифоқи ичкарисидаги Россиянинг анклав ҳудуди бўлиб қолар экан, калининградликларга эркин ҳаракатланишлари учун имконият яратиб берилиши керак. Саммит кун тартибига қўйилган бошқа масалалар қаторида – террорчиликка қарши кураш, иқтисод ва энергетика соҳаларида ҳамкорликни кучайтириш масалалари ҳам бор. Саммит ишида Европа Комиссияси раиси Романо Проди, Европа Иттифоқи ташқи сиёсатига масъул Хавьер Солана ва ташкилотга раислик қилаётган давлат – Испания бош вазири Мария Аснарлар иштирок этмоқда.

Туркия Афғонистондаги тинчликни сақловчи кучларга қўмондонлик эстафетасини қабул қилиб олиши билан, унинг таркибида ўз иштирокини кенгайтириш ниятида.

Яъни июн ойининг оҳирларига келиб Афғонистондаги турк қўшинлари таркиби 1400га етиши мумкин. Бугун бу ҳақда турк армияси қўмондони Ҳусайин Қивриқ ўғли маълум қилди. Айни соатларда 300га яқин турк қўшини Қобулга йўл олган. Агар 20 июндан бошлаб Туркия халқаро тинчликни сақловчи кучларга раҳбарлик қилиш эстафетасини Британиядан қабул қилиб олса, халқаро қўшинларга турк генерали Хилми Акин Зўрли қўмондон этиб тайинланиши мумкин.

Давомини ўқинг

OzodTa'sir

XS
SM
MD
LG