Линклар

Шошилинч хабар
23 август 2019, Тошкент вақти: 07:24

Халқаро янгиликлар

Бугун эрталаб Исроил қўшинлари Ғарбий соҳилнинг Фаластин назоратидаги Хеброн шаҳрига кирди.

Олинган хабарларга кўра, бир неча соатдан кейин шаҳарни тарк этган Исроил аскарлари, Исроилга қарши жангарилар эканида шубҳа қилинган бир неча шахсни қўлга олган.
Исроил қўшинлари Байтулҳам шаҳрида ҳам бешинчи кун ўз операцияларини давом эттирмоқда.

Покистон, қўшни Афғонистон чегарасидаги ўз харбий кучларни, кескин вазият хукм сураётган Ҳиндистон билан бўлган чегара минтақасига жўната бошлаганини маълум қилди.

Покистон президенти ва харбий қўмондони Парвез Мушаррафнинг матбуот котиби Рашид Қуреши, ўз қўшинларини зарур бўлган минтақага жўнатаётган бўлишига қарамасдан Покистон, АҚШ етакчилигидаги аксил террор кампаниясини қўллаб қувватлашни давом эттиришини айтди.

Бугун Покистон раҳбари генерал Парвез Мушарраф Покистон мамлакатининг шарқий чегарасини мустаҳкамлаш учун ўз қўшинларини Афғонистон билан чегарадош минтақаданхозирча олиб чиқмаганини маълум қилди.

Бироқ бугун Исломобод шаҳрида бўлиб ўтган матбуот конференциясида Мушарраф, токи Ҳиндистон билан кескин вазият сақланиб қолар экан, қўшинларни Афғонистон билан бўлган чегара минтақасидан олиб чиқиш масаласи кун тартибида қолишини айтган.
АҚШ Покистон ўз қўшинларини Афғонистон чегарасидан кўчириш режаси борасида хавотир билдирган.

Ҳиндистон расмийлари бугун хавфсизлик кучлари Кашмирнинг Ҳиндистон назоратидаги қисмида полиция постига хужум уюштирган исломий жангари эканида гумон қилинган икки шахсни отиб ўлдирганини маълум қилдилар.

Пайшанбага ўтар кечаси Дода минтақасидаги полиция постига қарши уюштирилган хужумда камида икки нафар полициячи ўлдирилган.
Маълумотларга кўра, Ҳиндистон-Покистон чегарасида юз берган сўнгги отишмаларда ҳар икки томондан камида 20 киши ўлган.
Ядровий қуролга эга бўлган икки қўшни давлат чегара минтақасига бир миллион аскардан иборат ҳарбий куч тўплаган.

Париждаги ким ошди савдоси ташкилотчилари, бир пайтлар Эрон шоҳи рафиқасига тегишли бўлган қимматбаҳо тақинчоқлар 3.6 миллион долларга сотилганини маълум қилдилар.

1951 йилда Шоҳнинг иккинчи хотини бўлган малика Сурайё ўғил фарзанд туғмагани сабабли, Шоҳ олти йилдан кейин у билан ажрашган.
Ўтган йил куз фаслида вафот этган малика ўзининг қимматбаҳо тақинчоқлари сотилиши ва ундан тушган маблағ ҳайрия ишларига сарфланишини васият қилган. Сурайёнинг никоҳ узуги деб қаралаётган олмос кўзли платинадан ишланган узук 900.000 еврога сотилди. Малика Сурайёга тегишли тақинчоқларнинг Париж шаҳридаги ким ошди савдоси давом этиши белгиланган.

АҚШ ва Европа иттифоқи вакиллари бугун Қоҳирада Миср президенти Ҳусни Муборак билан учрашдилар.

Сўзлашувлар чоғида яқин шарқ тинчлик музокаралари ва Фаластин мухториятидаги ислоҳотларни рағбатлантириш йўлидаги уринишларни мувофиқлаштириш масаласи муҳокама қилинди.
Европа иттифоқи ташқи сиёсати бошлиғи Хавиер Солана ва АҚШ вакили Вилям Бернс Муборак билан алоҳида-алоҳида учрашдилар.
Солана, ўзи ва Бернс Фаластин худудида Фаластин лидери Яссир Арофат билан учрашиб, Фаластин мухторияти структурасини молиявий ва сиёсий ислоҳ қилиш масаласини муҳокама қилишларини билдирди.

Туркманистон, Афғонистон ва Покистон лидерлари бугун Исломобод шаҳрида учрашиб, Туркманистондан Покистонгача газ қувури қуриш масаласини муҳокама қиладилар.

Туркманистон президенти Сапармурод Ниёзов, Афғонистон муваққат хукумати бошлиғи Ҳамид Карзай ва Покистон президенти Парвез Мушаррафнинг музокаралардан кейин англашув меморандумини имзолашлари мумкинлиги кутилмоқда.
Туркманистоннинг Давлатобод газ хавзасидан Покистонгача бўлган 1.460 километр узунликдаги қувурнинг йилига 15 млрд куб метр табиий газ транспорт қилиши кўзда тутилган. Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун 2 – 3.5 миллиард доллар маблағ сарфланиши таҳмин қилинмоқда. Хориждаги бир қатор йирик компаниялар ушбу лойиҳага қизиқиш билдирганлар.

Бугун сайловчилар Афғонистон собиқ президенти, Жамияти Исломий партияси раҳбари Бурҳониддин Раббонийни Лоя жирга аъзоси бўлиши учун овоз берадилар.

Шуни эслатиб ўтиш лозимки, мамлакат шимолидаги Бадаҳшон тумани 29 май куни Раббонийни Лоя жиргага номзод қилиб кўрсатган.
Афғонистон муваққат ҳукуматида Мудофаа вазири ўринбосари лавозимини эгаллаган генерал Абдул Рашид Дўстум ўтган хафтада Мозори Шариф шаҳридан Лоя Жиргага вакил сифатида сайланган.

Бугун Қирғизистон парламенти юқори палатаси Николай Танаев номзодини мамлакат янги бош вазири лавозимига тасдиқлади.

Овоз бериш жараёнида Танаевни ёқлаб 36, унга қарши 5 депутат овоз берди. Курманбек Бакиев бош вазир лавозимидан истеъфо берганидан кейин ўтган хафтада президент Асқар Ақаев Танаевни вақтинчалик бош вазир лавозимига тайинлаган. Танаев Бакиев хукуматида бош вазир биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.
Николай Танаев Россиянинг Пенза вилоятида туғилган. У Қозоғистондаги университетнинг қурилиш-инженерлик факултетида ўқиган. Танаев Қирғизистон тарихида бош вазир лавозимига тайинланган биринчи этник рус миллатига мансуб фуқаро ҳисобланади.

Туркия расмийлари, бош вазир Булент Эжевитнинг саломатлиги ёмон бўлгани сабабли у Миллий ҳавфсизлик кенгаши йиғилишида қатнаша олмаслигини маълум қилдилар.

Президент Аҳмад Неждат Сезер раислигида ўтган Хавфсизлик кенгаши йиғилишида диққат эътибор Туркиянинг Европа Иттифоқига қўшилиши учун амалга оширилиши лозим бўлган иқтисодий ислоҳотлар масаласига қаратилиши кутилган.

Бугун Буюк Британия ташқи ишлар вазири Жэк Строу Деҳлида ҳинд расмийлари билан минтақада вазиятни юмшатиш борасида сўзлашувлар олиб борди.

Учрашув сўнгида чиқиш қилган Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Жасвант Сингх Покистон террорчиларни экспорт қилишни тўхтатмас экан, Деҳлининг Қашмир масаласида Исломобод билан музокара олиб бориш нияти йўқ эканини баён қилди.
Ҳиндистон бир неча бор Покистонни Қашмир айирмачиларини қўллаб қувватлаётганликда айблаб келган эди. Ўз навбатида расмий Исломобод бундай айбловларни рад этмоқда. Учрашув сўнгида журналистлар олдида чиқиш қилган Жэк Строу Британия ва халқаро ҳамжамият террорчиларга қарши кескин чора кўришда Мушарраф томонидан конкрет кадамларни кутмоқда, - дея баён қилди. Кеча у Исломободда Покистон Президенти Парвез Мушарраф билан минтақада юзага келган вазиятни муҳокама этган.
Ҳиндистон ғарбидаги Гужарат штатида содир этилган портлашлар оқибатида камида 12 киши қурбон бўлди. Аҳмадобод полициясининг маълум қилишича, портлаган уч бомбадан иккитаса шаҳар автобуслари ўриндиқлари тагига яшириб қўйилган бўлиши мумкин. Ҳозирча ҳеч ким портлашларга жавобгарликни зиммасига олмади. Гужурат штатида маҳаллий индуицлар ва мусулмонлар ўртасида диний қарама-қаршиликлар кучайгани оқибатида, шу йилнинг ўзида мингга яқин киши қурбон бўлди.

Бугун Исроил ҳукумати фаластин террорчиларига қарши кескин чораларни ишлаб чиқиш мақсадида фавқулодда мажлисга тўпланди.

Мажлис давомида конкрет тўхтамга келинмагани боис, ҳукумат аъзолари кейинроқ мазкур масалага яна қайтажакларини маълум қилишди. Ўтган тунда Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги ёҳудийлар истиқомат қиладиган худудларда қуролланган фаластинли уч нафар исроиллик диний мактаб ўқувчисини ўлдирган. Яна бир ўқувчи эса оғир жароҳат олди. Исроил полициясининг хабар қилишича қотил шу заҳоти отиб ўлдирилган. Мазкур ҳужумга жавобгарликни "Ал –Акса мазлумлари" ташкилоти зиммасига олди. Сешанба кечқурун исроил кучлари Рамаллоҳда "Хамас" гуруҳи жангариларига қарши амалиётлар олиб борди. Жининда эса Хамаснинг саккиз маҳаллий фаоли қамоққа олинган. Террорчиларга қарши рейдлар душанба куни Тель-Авивда содир этилган портлашларга жавобан амалга оширилди. Душанба кунидан буён фаластинликлар томонидан жами олти исроил фуқароси ўлдирилган.

Россия ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатлар Калининград вилояти билан боғлиқ муаммоларнинг ҳал бўлишига боғлиқ.

Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин бугун Москвада иш бошлаган
"Европа Иттифоқи-Россия" саммитида баён қилди. Путинга кўра Калининград Европа Иттифоқи ичкарисидаги Россиянинг анклав ҳудуди бўлиб қолар экан, калининградликларга эркин ҳаракатланишлари учун имконият яратиб берилиши керак. Саммит кун тартибига қўйилган бошқа масалалар қаторида – террорчиликка қарши кураш, иқтисод ва энергетика соҳаларида ҳамкорликни кучайтириш масалалари ҳам бор. Саммит ишида Европа Комиссияси раиси Романо Проди, Европа Иттифоқи ташқи сиёсатига масъул Хавьер Солана ва ташкилотга раислик қилаётган давлат – Испания бош вазири Мария Аснарлар иштирок этмоқда.

Хитойнинг расмий "Ксинхуа" ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра Хитойнинг жанубий шарқида рўй берган автобус фалокати оқибатида 16 киши халок бўлган.

Сичуан шаҳри яқинида кетаётган автобус айланма йўлда изидан чиқиб тепаликка бориб урилган. Хабарларга кўра фалокат оқибатида шунингдек бир неча киши оғир жароҳат олган.

Туркия Афғонистондаги тинчликни сақловчи кучларга қўмондонлик эстафетасини қабул қилиб олиши билан, унинг таркибида ўз иштирокини кенгайтириш ниятида.

Яъни июн ойининг оҳирларига келиб Афғонистондаги турк қўшинлари таркиби 1400га етиши мумкин. Бугун бу ҳақда турк армияси қўмондони Ҳусайин Қивриқ ўғли маълум қилди. Айни соатларда 300га яқин турк қўшини Қобулга йўл олган. Агар 20 июндан бошлаб Туркия халқаро тинчликни сақловчи кучларга раҳбарлик қилиш эстафетасини Британиядан қабул қилиб олса, халқаро қўшинларга турк генерали Хилми Акин Зўрли қўмондон этиб тайинланиши мумкин.

Американинг Техас штатида яшовчи шахс ўн етти ёшида содир этган жинояти учун қатл этилди.

Сешанба куни 25 ёшли Наполеон Бизлга нисбатан олий жазо унга ўлдирадиган инъекция қадаш орқали ижро этилди. 1994 йилда у АҚШ федерал судяларидан бирининг отасини қасддан ўлдирган.
Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи Халқаро Амнести ташкилоти Тахасда амалга оширилган қатл жараёнини танқид остига олди. Ташкилот вакилларининг таъкидлашларича, балоғат ёшига тўлмаган пайтда содир этилган жиноят учун ўлим жазосининг қўлланиши халқаро ҳуқуқ нормаларига мутлақо зиддир. Техас қонунларига кўра, шунингдек АҚШнинг яна тўртта штатида ўн етти яшар ўсмир жиноятчиларга ҳам олий жазо қўлланиши мумкин.

Швейцариялик Жозеф Блаттер яна тўрт йилга ФИФА - халқаро футбол федерацияси раиси лавозимида қоладиган бўлди.

Федерациянинг бугун Сеулда ўтган мажлисида мазкур қарор кўпчилик овоз билан маъқулланди. Шунга қарамай Швейцария прокуратураси коррупцияда айбланаётган Блаттер устидан терговни давом эттирмоқда. ФИФА раҳбарига бундай айбловлар ташкилот ижроя кенгашининг айрим аъзолари томонидан қўйилган эди. Жума куни Сеулда футбол бўйича жаҳон чемпионати очилади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қочқинлар масаласи билан шуғулланувчи олий комиссарлиги италиялик модельер Жоржио Арманини йилнинг "яхши ният элчиси" сифатида эълон этди.

БМТ олий комиссари Рууд Любберснинг таъкидлашича, афғон қочқинларига беғараз ёрдами учун Армани бундай фахрий унвонга сазовор бўлди.

Туркманистон, Афғонистон ва Покистон раҳбарлари Исломободда учрашиб, Туркманистондан Покистонга ўтувчи газ қувури лойиҳасини муҳокама этиш ниятида.

Эртага бўладиган учрашув давомида Туркман Президенти Сапармурат Ниязов, Афғонистон вақтли идораси раҳбари Ҳамид Қарзай ва Покистон Президенти Парвез Мушарафлар бу борада ўзаро тушуниш мемарандумини имзолашлари кутилмоқда. Лойиҳада ётқизилиши кўзда тутилган 1460 километрлик газ қувури йилига 15 милиард куба метр газ ўтказиш қувватига эга. Лойиҳанинг умумий нарҳи эса 2 миллиарддан 3 ярим миллиард АҚШ долларини ташкил этиши мумкин. Ҳозирда кўплаб хорижий компаниялар унда иштирок этишга қизиқиш билдирмоқда.

Жиноятчилик борасида Чех республикасида ўтказилган тадқиқот натижалари.

Жамоат фикрини ўрганиш маркази амалга оширган ва шу ҳафтада эълон қилган сўров натижаларига кўра, Чехия аҳолисини энг кўп хавотирга солаётган муаммо коррупция ва уюшган жиноятчилик эканини кўрсатган. Сўралганларнинг 73 фоизи мамлакатдаги коррупцияни ҳал этилиши лозим бўлган муҳим муаммо деб айтган. Сўров натижалари уюшган жиноятчилик аҳолини ташвишга солаётган иккинчи муҳим муаммо эканини кўрсатган. Саволларга жавоб берган 1133 нафар Чехия фуқароси, ўзларини ташвишга солаётган учинчи муҳим муаммо ишсизлик муаммоси эканини чунки бекорчи кишидан ҳамма нарсани кутиш мумкинлигини айтганлар. Мингдан ортиқ чехияликлар орасида ўтказилган сўров уларни сиёсат, ирқчилик ва қочоқлар муаммоси кам қизиқтиришини кўрсатган.

Бугун Ҳиндистон ҳукумати Покистон президенти Парвез Мушаррафнинг икки давлат ўртасидаги Кашмир можороси ҳусусида қилган чиқишидан хавфсаласи пир бўлганини билдирди.

Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Жасванд Сингнинг Деҳлида мухбирларга айтишига қараганда, кечаги нутқ афсусланарли ва хавфлидир.
“Генерал Парвез Мушаррафнинг 27 май куни телевидения орқали қилган чиқиши афсусланарли ва хавфлидир. Афсусланарли чунки, Покистонда жангариларга қарши чора-тадбирлар кўрилиши тўғрисидаги ваъдалар яна такрорланди ваҳоланки бу хақда олдин берилган ваъдалар бугунгача бажарилгани йўқ. Хавфли чунки вазиятни юмшатиш ўринига янада кескинлаштирди”, - дейди Жасванд Синг.
Мушарраф ўз нутқида айтишига кўра, Покистон Ҳиндистон билан уруш қилишни истамайди аммо агар хужумга учраса бутун кучи билан жавоб қайтаришга тайëр. Мушарраф Деҳли хукуматининг Исломободга қарши айбномаларни яъни жангарилар хужумларига ҳомийлик қилаëтганини рад этди. Британия ташқи ишлар вазири Жак Стров ядровий қуролларга эга бўлган икки давлат ўртасидаги кескинликни юмшатишга ëрдам бериш учун бугун Исломободда Покистон лидерлари билан учрашди, у яна Деҳлига ҳам боради.

Бугун Исроил қўшинлари жангариларни қидириб топиш учун Фаластиннинг Ғарбий соҳилдаги Женин шаҳрига бостириб кирди.

Отишмалар оқибатида бир фаластинлик халок бўлгани билдирилди. Хабарларга кўра, Исроил қўшинлари Жениндан чиқиб кетишидан олдин, Хамаз жангари гуруҳининг маҳаллий лидери ва бошқа бир неча жангарини хибсга олган. Кеча тунда Тел Авив яқинидаги бир савдо маркази ичида бир шахс ўзини-ўзи бомба билан портлатгани натижасида 1 аëл ва 1 чақалоқ ўлди. Бугун АҚШ президенти Жорж Буш мазкур бомба хужумини қоралади ва Исроил, Фаластин ҳамда Араб давлатлари раҳбарларини терактларга қарши курашда биргаликда ишлашга чақирди.

АҚШ генералининг айтишига қараганда, энди Ал-Қоида ва Толибон жангарилари Покистондан туриб, Афғонистоннинг янги ҳукуматини танлаш жараëнига халақит бериш учун хужумлар уюштирмоқдалар.

Афғонистонда АҚШ етакчилигидаги кучлар қўмондони, генерал Франклин Хагенбекнинг айтишига кўра, ҳозир Покистоннинг ғарбий қабила худудларида Ал-Қоида ва Толибларнинг тахминан 1.000 жангариси борлигига ишонилмоқда. Генерал Хагенбекнинг разведка маълумотларига асосланиб маълум қилишича, Покистондаги Ал-Қоида ва Толибон лидерлари келаси ойга белгиланган Лоя-Жирға учрашувига халақит бериш учун турли қўпарувчилик хужумларини режалаëтган бўлишлари мумкин. Хагенбек Покистон ҳукумати ваъда қилгани каби, Ал-Қоида ва Толибон элементларини тор-мор этишига ишонишини айтди. Аммо у сўзига қўшимча қилиб, ҳозир Покистон ва Ҳиндистон ўртасида Кашмир масаласида вазият нихоятда кескинлашгани – Ал-Қоида ва Толибон элементларига қарши амалиëтлар қачон ўтказилишини номаълум қилиб қўйганини айтди.

БМТ, Афғонистоннинг навбатдаги ҳукуматини танлаш жараëнида иштирок этаëтган одамлар Хирот вилоятида турли таҳдидларга учраëтгани ва ушлаб турилгани тўғрисида жиддий хавотирланиш билдирди.

Бугун БМТ матбуот вакили Маноел де Алмеида Силванинг айтишига қараганда, Лоя Жирғага делегатлар танлаш салоҳияти берилган икки номоëнда Хиротда хибсга олинган. У ўз сўзида давом этиб, Хиротдаги Карух худудида бир маҳаллий бошлиқ Лоя Жирға жараëнининг 6 номоëндасига улар ўлдириб кетилиши хақда таҳдид қилганини билдирди. БМТ матбуот вакилининг яна айтишича, шу ой мобайнида Афғонистон худудлари бўйлаб Лоя Жирғанинг 8 номзоди ўлдирилган, аммо бу қотилликлар сиëсий сабабларга кўра содир этилгани тўғрисида бевостида далиллар йўқ.

Инсон ҳуқуқларини химоя қилувчи “Amnesty International” ташкилоти АҚШни 11 сентябр терактларидан кейин тахминан 1.200 одамни ушлаб тургани ҳусусида яна танқид қилди.

Бугун Халқаро Амнести ташкилоти ўзининг йиллик ҳисоботини тарқатиб, АҚШ томонидан ушланган айрим шубҳали шахсларга нисбатан ëмон муносибатда бўлинаëтгани жумладан уларга ташқи дунë билан алоқа қилишларига рухсат этилмаëтгани хақда маълумотларга эга эканини билдирди. Ташкилотнинг маълум қилишича, АҚШ томонидан терроризмда гумон этилиб ушланган шахсларнинг аксари Яқин Шарқ ëки жануб Осиë минтақаларидаги давлатларнинг фуқороларидир. Амнести ҳисоботида, АҚШ ҳукумати ташқи давлатлар фуқороларини терактларга алоқаси бўлиши мумкин деган гумон билан ушлаб тургани шунингдек миллий хавфсизлик сабабларини пеш қилиб, адвакатлар ва ушланган шахслар ўртасидаги алоқаларни яқиндан назорат қилаëтгани тўғрисида хавотирланиш билдирди. Халқаро Амнести ташкилоти, АҚШнинг бундай хатти-харакатлари, бошқа давлатларда инсон хуқуқлари поймол этилаëтганини қоралашда Америка обрўсига зарар етказиши хақда огоҳлантирди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG