Линклар

Шошилинч хабар
06 декабр 2019, Тошкент вақти: 03:07

Халқаро хабарлар

Халқаро атом энергетикаси ташкилоти Шимолий Кореядан, ўзининг ядровий дастуридан воз кечиши ва халқаро инспекторларнинг текшириш олиб боришларига рухсат беришга чақирди.

Россия, АҚШ ва Жанубий Корея бу ташаббусни олқишлади. Халқаро атом энергетикаси ташкилоти жума куни Пхенян расмийларини ўзининг ядро билан боғлиқ барча участкаларини инспекция учун очишга даъват қилди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги бу чақириқни олқишлади ҳамда АҚШ ва Шимолий Кореяни ҳамма учун бирдек хавотирли бўлган масалалар юзасидан диалогларни қайта бошлашга чақирди.
Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлиги, халқаро ҳамжамият Шимолий Кореяга жиддий огоҳлантириш йўллаганини билдирди.

Исроил полицияси жума куни қамоқдан қочган икки фаластинлик қайта қўлга олинганини маълум қилди.

Муҳаммад Хож Салоҳ ва Назир Муҳаммад Рамазон исломий Ҳамас ҳаракати аъзоси бўлганлар. Исроил харбийлари радиоси, ушбу икки фаластинликнинг бири Исроил аскарини ўлдиргани, бошқаси машинада бомба портлатишга урингани айблари билан умрбод қамоқ жазосини ўтаётганини билдирди.

Бугун минглаб кишилар АҚШ етакчилигида эҳтимоли бўлган Ироққа қарши ҳарбий амалиётларга Австралиянинг қўшилишига қарши намойиш ўтказдилар.

Норозилик намойишлари Сидней, Аделейд ва Канберра шаҳарларида бўлди. Шуни эслатиб ўтиш лозимки, Австралия Бош вазири Жон Ховард АҚШнинг Ироқни қуролсизлантириш йўлидаги уринишларини қўллаб-қувватлаган.

Европа иттифоқи расмий вакили “Престиж” нефт танкери ҳалокатининг олди олинган бўлиши мумкинлигини айтди.

Францияда чоп этиладиган “Ле Фигаро” журналига берган интервьюсида Европа иттифоқининг транспорт масалалари бўйича мутасадди раҳбари Лойола де Паласио хоним, агар Европа иттифоқига аъзо давлатлар 1999 йилда юз берган нефт танкери ҳалокатидан кейин берилган таклифларга риоя қилганида, 2002 йил 1 сентябридан бошлаб “Престиж” кемасидан фойдаланиш таъқиқланган бўлишини айтган. Маълумки, “Престиж” нефт танкери ноябр ойи бошида Испаниянинг Галиция қирғоқлари яқинида иккига бўлиниб кетгани натижасида сувга катта миқдорда нефт оқиб чиққан. Шу кунларда эсаётган кучли шамол кема бортидаги яна 9.000 тонна нефт сув юзига сизиб чиқишига сабаб бўлди.

БМТ Бош котиби Коффи Аннан Исроил ҳукуматини БМТнинг ёрдам кўрсатувчи ходимини отиб ўлдирган исроиллик аскарни аниқлаб, уни жазолашга чақирди.

БМТнинг британиялик ёрдам кўрсатувчи ходими Айен Хук 22 ноябр куни Фаластиннинг Ғарбий Соҳилдаги Женин шаҳрида отиб ўлдирилган. БМТ матбуот вакилининг айтишича, Коффи Аннан Исроил Бош вазири Ариел Шаронга йўллаган мактубида ундан, ушбу воқеа юзасидан жиддий текшириш ўтказишни, унинг натижаларини БМТга маълум қилишни ва БМТ ходимини ўлдирган шахсни жавобгарликка тортишни сўраган. Исроил армияси, дастлабки текшириш натижасига кўра, аскарлар жавоб ўти очган пайтда Хукни янглиш отиб ўлдирганини билдирган.

Бугун Покистоннинг жануби-ғарбий чегара вилояти ҳисобланган Белужистонда Покистон мусулмонлар лигаси - Қуайди Аъзам иштирокида янги хукумат коалицияси тузилгани эълон қилинди.

Ушбу келишув, Толиблар тарафдори бўлган уламо раҳбар бўлган, олтита исломий партиядан ташкил топган Муттаҳида Мажлиси Амал иттифоқини Покистон-Афғонистон чегарасида мустаҳкам позицияга қўяди.
Ғарб давлатлари, диний ҳуқуқларнинг ошгани Покистонга қочиб ўтган Ал-Қоида ва Толиблар тарафдорларини АҚШ етакчилигидаги коалиция томонидан таъқиб этилишига тўсқинлик қилиши мумкинлиги борасида хавотир билдирди.

Бугун Афғонистон ўтиш даври ҳукумати бошлиғи Ҳамид Карзайнинг матбуот котиби, Карзай Кобул шаҳрида кўпайиб бораётган жиноятчилик муаммоси билан шуғулланувчи комиссия тузиш ҳақида буйруқ берганини маълум қилди.

Президент матбуот котиби Сайид Фазл Акбар, ички ишлар ҳамда молия вазирлиги вакилларидан ташкил топган ва Президент ёрдамчиси бошлиқ бўлган ушбу комиссия Афғонистон ҳукумати ичидаги коррупция масаласи билан ҳам шуғулланишини айтди.
Маълум бўлишича, яқинда тунда содир этилган ҳужум оқибатида 10 нафар Кобул фуқароси ўлдирилганидан кейин президент Карзай махсус комиссия тузиш ҳақида қарор қабул қилган. Афғонистон пойтахтида ўғрилик билан боғлиқ ҳужумлар асосан тунда юз бермоқда. Шу ой бошида Кобулда кунутун жорий этилган комендантлик соати бекор қилинган эди.

Ироқни қуролсизлантириш бўйича халқаро инспекторлар бугун мамлакатда учинчи иш кунини бошладилар.

Ироқда жума дам олиш куни бўлгани сабабли 29 ноябрда инспекторлар ҳам дам олишди. Халқаро атом энергетикаси ташкилоти мутахассислари ва БМТ инспекторлари гуруҳи бугун маҳаллий вақт билан эрталаб 08:30да ўз идораларидан йўлга чиқдилар.
БМТ маълумотига кўра, биринчи ва иккинчи иш кунларида, яъни чоршанба ва пайшанбада инспекторлар қийинчиликка дуч келмаганлар.

Кения расмийлари пайшанба куни Мамбасада исроиллик сайёҳларга қарши ҳужум уюштиришга алоқадор эканида гумон қилиниб, қўлга олинган 12 шахснинг Ал-Қоидага алоқаси борлиги аниқланмаганини билдирдилар.

Бўлиб ўтган матбуот анжуманида ҳибсдагилар ва Ал-Қоида ўртасида боғлиқлик борлиги аниқландими, деб берилган саволга Кениянинг Ички хавфсизлик вазири Юлиус Сункули “ҳозирча йўқ”, деб жавоб берди. Шубҳа қилинган икки шахс, яъни америкалик аёл ва унинг испаниялик турмуш ўртоғи икки кун сўроқ қилинганидан кейин озод этилган.
Қолган ҳибсдагилар, аниқроғи, Покистон ва сомалилик 10 нафар шахс паспорти шубҳали бўлгани учун бомба ҳужумидан тўрт кун олдин қўлга олинганлар.

Бугун Туркия мамлакатнинг жануби-шарқидаги асосан курдлар яшайдиган Диёрбакир ва Сирнак вилоятларида 15 йилдан бери амал қилиб келинган фавқулодда ҳолатни бекор қилди.

Бу Туркияда яшовчи курдлар ҳуқуқларини яхшилаш мақсадида Анқара расмийлари томонидан кўрилган чора ҳисобланади. Туркия парламенти июн ойида фавқулодда ҳолатни бекор қилиш ҳақидаги таклифни ёқлаб овоз бериш орқали мамлакатнинг Европа иттифоқига аъзо бўлиши учун қўйилган шартлардан бирини бажарди. Анқара расмийлари асосан курдлар яшайдиган 11та вилоятда 1987 йилда фавқулодда ҳолат тартибини жорий этган.

Кения полициясининг билдиришича, кеча исроилликларга қарши қилинган икки ҳужумга алоқадорликда гумон қилинган 12 киши қўлга олинган.

Маълум бўлишича ҳодиса оқибатида 15 киши ҳалок бўлган. Ҳалок бўлганлардан 3 нафари исроилликдир.
Ғарб ахборот бошқармалари хабарига кўра, ҳодисадан кўп ўтмай қўлга олинган бир эркак ва бир аëлда АҚШ паспорти бўлган. Американинг Кениядаги элчихонаси бундай хабарлар ўрганиб чиқилаëтганини маълум қилди.
Полициянинг айтишича, меҳмонхонага қилинган ҳужумдан ташқари Исроил самолëтига қарата иккита ракета отилган. Полицияга кўра, ушбу ракеталар, меҳмонхонага ҳужум қилишда ишлатилган айни машинага ўхшаган машинадан отилган.

Бугун Тошкентда Европа тикланиш ва тараққиëт банкининг бошлиғи Жан Лемьер Ўзбекистан президенти Ислом Каримов билан учрашиб, ўзаро музокаралар олиб борди.

Лемьернинг матбуот анжуманида баëн қилишича, Марказий Осиë мамлакатлари ислоҳотлар жараëнини давом эттириш имкониятига эгадирлар.
Музокаралар давомида Лемьер май ойида Тошкентда мазкур Банк комиссияси йиғилишини ўтказиш масаласини президент Каримов билан муҳокама қилган.
Айрим инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, Банк Ўзбекистон ҳукуматини демократик ислоҳотлар ўтказишга ундаши кераклигини айтишмоқда.
Лемьерга кўра, май ойига мўлжалланган йиғилишнинг эркин ва очиқ тарзда ўтишига президентнинг ўзи ваъда берган.

Бугун, Америка Қўшма Штатларининг Яқин Шарқ, Марказий Осиë ва Афғонистандаги ҳарбий кучлари бош қўмондони Томми Фрэнкс АҚШнинг Афғонистондаги кучларини бориб кўриш мақсадида Кобул яқинидаги Багром ҳаво базасига етиб борди, мамлакатдаги ҳарбий коалиция сафларида хизмат қилаётган АҚШ аскарлари билан мулоқот қилди.

Фрэнкснинг айтишича, АҚШ амалдорлари, Американинг Афғонистандаги кучлари терроризмга қарши ҳарбий амалиëтларини давом эттирадими ëки уруш оқибатида вайрон бўлган мамлакатни қайта тиклаш ишларига ҳисса қўшадими, деган масалани муҳокама этишмоқда.

Икки ҳафта мобайнида Москвадан депортация қилинган тожикларнинг иккинчи гуруҳи бугун Душанбега етиб келди.

70 кишидан иборат бўлган бу гуруҳнинг ҳам Москвада ишлаш ва яшашга имкон берувчи қонуний ҳужжати бўлмаган. Ўтган ҳафтада худди шундай кишилардан 117 нафари ҳарбий-транспорт самолëтида Душанбега жўнатилган эди.

Россия Ички ишлар вазири Борис Гризлов, бу йил Чеченистонда ҳалок бўлган Россия аскарларининг сони ўтган йилги кўрсаткичнинг ярмини ташкил қилади, деб маълум қилди.

Аммо у, аниқ рақамлар айтмади. У шунингдек, сепаратчи республикада жорий йил давомида ярадор бўлганлар сони ўтган йилдагига қараганда 44 фоизга камайганини ҳам таъкидлаб ўтди.

БМТ Хавфсизлик кенгаши 20 декабрда муддати тугайдиган Афғонистондаги халқаро хавфсизлик кучлари мандатини бир йилга узайтирди.

Ушбу халқаро кучларга биринчи олти ой давомида Германия ва ундан сўнг Голландия қўмондонлик қилади.
Маълумки, 4.800 аскардан иборат халқаро кучлар фақат пойтахт Кобул шаҳрига жойлаштирилган. Афғонистоннинг БМТдаги элчиси Раван Фарходий, Кобул расмийлари хавфсизликни таъминлаш учун халқаро кучларнинг бошқа шаҳарларга ҳам жойлаштирилишини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Бундан ташқари, АҚШ етакчилигидаги аксил-террор кампанияси доирасида 9.000 нафар америкалик аскар Афғонистонга жойлаштирилган. Улар “Ал-Қоида” ва Толиблар жангариларини таъқиб қилиш билан шуғулланадилар.

Европа иттифоқининг ташқи сиёсати бошлиғи Хавиер Солана бугун Белградга келди.

У Югославия президенти Войислав Коштуница билан учрашди. Хавиер Солананинг Сербия ҳамда Черногория расмийлари билан сўзлашувлар олиб бориши режалаштирилган. У собиқ Югославиянинг Сербия ва Черногория республикалари ўртасида иттифоқ тузилишига умид қилмоқда. Сербия Бош вазири Зоран Жинжич, бугун Солана якуний шартнома матнини эълон қилишини айтди.

Афғонистондаги АҚШ харбийлари матбуот вакили полковник Роджер Кинг, бир номаълум мерган АҚШ махсус кучлари аскарини отиб ярадор қилганини маьлум қилди.

Кинг Багром ҳаво базасида журналистларга, АҚШ аскари Афғонистон шарқидаги Пактия вилоятининг Гардез шаҳрида оёғидан яраланганини, хужум уюштирган шахс қочишга улгурганини айтди. Ҳозир яраланган аскарнинг аҳволи оғир эмас. АҚШ кучлари хужум қилган шахсни изламоқда.

Террор таҳдиди сабабли бугун Канада ва Австралия Филиппиндаги ўз элчихоналарини вақтинча ёпди.

Австралия Ташқи ишлар вазири Александр Довнер Австралиянинг Маниладаги элчихонаси фақат бир неча кунга ёпилганини маълум қилди. Канада ва Австралия ўз фуқароларига Филиппинга саёҳат қилмасликни тавсия этди.
Австралия элчихонаси билан бир бинода жойлашган Европа комиссияси делегациясининг идораси ўз эшикларини ёпган. Аммо унга қарши террор таҳдиди борлиги билдирилмади. Манилада бундан бошқа элчихоналар ёпилгани ҳақида маълумот олинмади. АҚШ элчихонаси эса “Шукроналик” байрами муносабати билан ёпилган.

Афғонистон Ташқи ишлар вазири Абдулла Абдулла бугун Ўзбекистонга ташрифини якунлаб, кечки пайт Москвага келади.

Сафари чоғида у Россия Ташқи ишлар вазири Игор Иванов билан учрашиб Афғонистондаги сиёсий вазият, хавфсизлик ва чегара, шунингдек, Афғонистонни қайта тиклаш ишларида қўшни давлатлар роли каби масалалар муҳокама этилади.
Бундан ташқари Абдулла Абдулла ва Игор Иванов сиёсий, иқтисодий, ҳарбий ва маданий соҳаларда ҳамкорлик қилиш сингари масалаларни ҳам муҳокама қиладилар.

Бугун Украина парламенти президент Леонид Кучманинг марказий банк раиси Володимир Стелмахни лавозимидан бўшатиш ҳақдаги таклифини рад этди.

Таклифи қабул қилиниши учун уни 226 депутат қўллаб-қувватлаши лозим эди. Аммо, унга 12та овоз етмади.
Леонид Кучма марказий банк раиси лавозимига парламентдаги президент тарафдори бўлган фракция раҳбари Серхий Тихипкони номзод қилиб кўрсатган.

Бугун БМТ мутахассислари Ироқни қуролсизлантириш бўйича иккинчи кун ўз фаолиятларини давом эттирдилар.

Олинган хабарларда, улар иккита иншоотни бориб кўрганлари билдирилган. Бу жараёнда улар тўсиққа дуч келмаганлар.
БМТ инспекторларининг бир гуруҳи Бағдоддан шимолда жойлашган Саноат вазирлигига қарашли заводни бориб кўрди. Иккинчи гуруҳ пойтахтдан жанубда жойлашган Ал-Дорадаги ҳайвонларни эмлайдиган дорилар ишлаб чиқарувчи лабораторияни текширди. АҚШ, Ироқ ушбу лабораторияни биологик қуроллар ишлаб чиқарадиган жойга айлантирганини даъво қилган. Бугунги текширишдан кейин БМТ инспекторлари журналистларга маълумот бермадилар.

Исроилнинг “Ликуд” партияси аъзолари бугун партия раҳбари лавозимига давогар Бош вазир Ариел Шарон ёки Ташқи ишлар вазири Бенямин Нетаняху учун овоз берадилар.

Сўров натижалари, Шарон Нетаняхуга қараганда анча кўп овоз олиши мумкинлигини кўрсатган. Ушбу сайловда ғолиб чиққан шахс 28 январ куни мамлакатда бўладиган парламент сайловларига “Ликуд” партияси вакили сифатида ўз номзодини қўяди.

Кеня полицияси уч нафар худкуш террорчи Момбаса шаҳридаги исроиллик кишига қарашли меҳмонҳонага автомобилда бостириб кириб бомба портлатгани натижасида, ҳужум уюштирган уч шахс ва камида саккиз киши ўлганини билдирди.

Ҳужум уюштирилишидан бир неча дақиқа олдин Момбаса аэропортидан ҳавога кўтарилган Исроилга қарашли самолётга ҳам иккита ракета отилган. Ушбу хужум масъулиятини хозирча хеч ким ўз зиммасига олмади. Исроил Ташқи ишлар вазири Бенямин Нетаняху шу ҳақда гапириб: “Ушбу террор хужумидан ташқари Кеняда Исроилнинг йўловчи самолётига қарши ракета ҳужуми уюштирилди. Бу халқаро терроризмнинг жиддий кучайганидир”,-деди.

Бош қароргоҳи Лондонда жойлашган Халқаро Амнистия ташкилоти баёнот тарқатди.

Унда ташкилот Туркманистон ҳукуматини душанба куни президент Сапармурод Ниёзовга қарши уюштирилган суиқад учун ўч олмасликка чақирган.
Халқаро амнистия ташкилоти, Туркманистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро қонунларини бузмаган холда, суиқасдга алоқадор шахсларни адолатли судга топширишига умид билдирган.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG