Линклар

Шошилинч хабар
06 декабр 2019, Тошкент вақти: 02:43

Халқаро хабарлар

Чет элликларнинг Ироқ ҳудудида бўлиши бехатар эмас, деб огоҳлантирди АҚШ давлат департаменти.

Америка хавфсизлик хизматлари маълумотларига кўра, Бағдодга қарши ҳарбий ҳаракатлар бошланиб кетган тақдирда, чет элликлар, айниқса, АҚШ фуқаролари Ироқ расмийларидан жабр тортиб қолишлари мумкин.

БМТ Хавфсизлик кенгаши ҳафта давомида Ироқ бўйича янги резолюцияни қабул қилишига АҚШ умид билдирди.

АҚШ давлат департаменти вакили Ричард Баучернинг баёнотига кўра, резолюция лойиҳасидаги мунозарали нуқталар имкони борича камайтирилган.
Янги резолюция БМТ билан ҳамкорлик қилишдан бош тортиш қандай оқибатларга олиб келишини Бағдодга аниқ кўрсатиб қўйиши лозим, деди яна бир бор Баучер.
Россия ва Франция АҚШ таклиф қилаётган резолюция лойиҳасига қарши чиқмоқда. Лойиҳага кўра, агар у қабул қилинган тақдирда, БМТ нинг қуролсизланиш тўғрисидаги талабларини бажармаса, Ироққа қарши автоматик тарзда ҳарбий куч қўлланилади.

Куба расмийлари таниқли диссидент Оскар Биссетни қамоқдан озод қилдилар.

Доктор Биссет, Фидель Кастро режимига қарши бир қатор рамзий чиқишлар қилгани учун, уч йил муқаддам қамалган эди.

Кубалик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига кўра, бу мамлакат қамоқхоналарида шу кунда 300 нафардан зиёд сиёсий маҳбус бор.

Фаластин муҳторияти бошлиғи Ясир Арафат, агар Исроил бош вазири Ариэль Шарон ҳукумат таркибига ашаддий ўнгчи ва диний партиялар вакилларини киритиш ниятини амалга оширса, Яқин Шарқдаги вазият кескинлашиб кетиши мумкин, деб баёнот берди.

Ташқи ишлар вазири Шимон Перес, мудофаа вазири Бинямин бен Элиэзер ва бошқа 4 вазир истеъфога чиққанларидан сўнг Шарон мудофаа вазирлиги лавозимини қаттиққўллик билан сиёсат олиб бориш тарафдори Шауль Мофазга таклиф қилди.

Шароннинг ёрдамчисига кўра, Мофаз таклифни қабул қилган.

АҚШ билан Канада ўртасидаги чегара дунёдаги энг шаффоф чегаралардан биридир.

Бироқ чегара назоратига доир АҚШ томонидан жорий этилган янги қоидаларга қарши Канада дипломатик норозилик билдирди ҳамда ўз фуқароларига АҚШга бормай туришни маслаҳат берди.

Бугун Россия давлат думаси аксилтеррор амалиётларини ёритишда оммавий ахборот воситаларининг фаолиятини чекловчи қонун қабул қилди.

Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши учун 231 депутат розилик берди, 106 депутат эса унга қарши чиқди. Қонун лойиҳасини Единство, ОВР ва ЛДПР фракциялари қувватладилар.

Қонун лойиҳасига либерал фракциялар ва коммунистлар қарши овоз бердилар. Уларнинг фикрича, янги қонун Россияда цензуранинг жорий этилишидир.

Марокашдаги қамоқхонада юз берган ёнғин оқибатида 49 маҳбус нобуд бўлди.

Москва воқеалари пайтида жабрланганлардан 172 киши шу кунгача касалхоналарда даволанмоқда.

Улардан 7 нафари оғир аҳволда.

Тўрт кун давомида касалхоналардан 479 киши чиққан эди, бироқ улардан 30 дан ортиғи саломатлиги яна оғирлашгани учун қайтадан тиббий ёрдам сўраб врачларга мурожаат қилдилар.

Кеча Италияда юз берган зилзила оқибатида нобуд бўлганлар сони 22 кишига етди.

Сан-Жулиано шаҳридаги болалар боғчаси вайроналари остидан 20 нафар боланинг жасади чиқариб олинди. Йиқилган уйларнинг тагида қолиб, икки аёл нобуд бўлди. Ўнлаб кишилар жароҳат олди.

Маҳаллий мактаблардан бирининг вайроналари остида саккиз ўқувчи ва ўқитувчининг қолиб кетган. Қутқарувчилар уларни изламоқдалар.

Македония парламенти бугун Бранко Црвенковский бошқараётган янги ҳукуматни тасдиқлади.

Янги ҳукумат таркибига Црвенковскийнинг яқинда бўлиб ўтган сайловларда ғалаба қозонган марказга яқин сўл қанот коалицияси ҳамда Али Ахметнинг албанлар партияси вакиллари кирди.
Бранко Црвенковский янги ҳукуматнинг асосий вазифаси мамлакатда тинчлик ва осойишталикни қайта тиклашдир, деб баёнот берди.

Бугун Россияда чет эллик фуқароларнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги қонун кучга кирди.

Мазкур қонунга кўра, Россияга келадиган ҳар бир чет элликка миграция варақчаси берилади. Уни Россияни тарк этгунча сақлаш лозим бўлади. Ўша ҳужжатга асосан, чет элликлар Россиядаги яшаб турган жойларида ярим йил давомида қайддан ўтиб қўйишлари лозим.

Янги қонунга биноан, иш берувчилар чет элликларни таклиф қилганлари ва уларга Россияда ишлашга рухсат берилгани учун давлатга пул тўлайдилар.

Шимолий Кореянинг Хитойдаги элчиси Чо Ким Су АҚШ томонидан хужум қилиниши эҳтимоли борлиги учун Шимолий Корея оммавий қирғин қуроллари ишлаб чиқариш устида иш олиб боришга ҳақлидир, деди.

Пекинда бугун бўлиб ўтган матбуот анжумани чоғида Чо Ким Су бундай программа борлигини на тасдиқлади, ва на инкор этди.
Элчи АҚШни икки давлат ўртасидаги кескинликка барҳам бериш учун бир-бирига ҳужум қилмаслик тўғрисида Шимолий Корея билан шартнома имзолашга чақирди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи халқаро "Хьюман райтс уотч" ташкилоти террористик хуружларни уюштирган ва амалга оширган фаластинликларни инсонийликка қарши жиноят содир этганликда айблади.

Бугун Ғазода эълон қилинган ҳисоботда Фаластин мухторияти раҳбари Ясир Арафот исроилликларга қарши амалга оширилаётган террористик хуружларга чек қўйиш учун зарурий чораларни кўрмаяпти, дейилган.
Ясир Арафот ҳуқуқ ҳимоячиларини танқид қилар экан, Исроилни Фаластин ҳудудларини босиб олганликда айблади.

АНТОНИУ МАРТИНШ ДА КРУШ ЎЗБЕКИСТОНГА ТАШРИФ БУЮРДИ

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ижрочи раиси
Ўзбекистон расмийлари билан учрашувлари давомида минтақавий хавфсизлик, иқтисодий ва экологик масалалар муҳокама этилганини маълум қилди. Бу хақда Антониу Мартинш да Круш 30 октябр куни Тошкентда Ўзбекистон сафари якунида ташкил этилган матбуот конференцияси чоғида гапирди. Антониу Мартинш да Крушнинг маълум қилганларига кўра¸ бўлиб ўтган учрашувларда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ва Ўзбекистон орасида кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга қаратилган лойиҳа муҳокама этилган. Ўзбекистондаги инсон хуқуқлари вазиятига тўҳталган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти раҳбари республика рахбарияти бу сохани яхшилашга интилаëтганини қайд этди.
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти раҳбари Ўзбекистонга ташрифи давомида республика президенти Ислом Каримов¸ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ҳамда бошқа расмийлар билан музокаралар ўтказган.

Бугун бўлиб ўтган матбуот конференциясида Россия президенти ёрдамчиси Сергей Ястржембский, Россия Чеченистоннинг сепаратчи президенти Аслан Масҳадовнинг Қатардаги вакили Зелимхон Яндарбиевни Россияга экстрадиция қилишни Қатар ҳукуматидан сўрашини айтди.

Ястржембскийга кўра, ўтган ҳафтада Москвадаги театрда кишиларни гаровга олган чеченлар бошлиғи Қатардаги Яндарбиевга қўнғироқ қилган. Телефон сўзлашувларини хавфсизлик хизмати яширинча ёзиб олган. Даъволарга кўра, ўша суҳбат чоғида Масҳадов ҳам тилга олинган.

Бугун Россия расмийлари матбуот йиғинида ўтган ҳафтада Москва театрида кишилар гаровга олингани воқеасида тўпланган ашëвий далилларни кўрсатдилар.

Журналистларга Москва театрида топилган гранаталар, портловчи моддалар ва бошқа ашëвий далиллар намойиш қилинди. Расмийлар кишиларни гаровга олган чечен жангариларининг магнит лентасига ëзиб олинган телефон суҳбатларини ҳам эшиттирдилар. Расмийларга кўра, телефон орқали қилинган ушбу суҳбатлар, жангарилар чечен сепаратчиларининг лидери Аслан Масҳадовнинг буйруғига биноан, кишиларни гаровга олганини исботлайди.

Кеча Исроилда Меҳнат партияси коалиция ҳукуматини тарк этганидан кейин бугун бош вазир Ариел Шарон бошқа партиялар иштирокида янги ҳукумат ташкил қилишга ҳаракат қилмоқда.

Мудофаа вазири ва Меҳнат партиясининг лидери Бинямин Бен-Элиэзер Шарон билан 2003 йил бюджети масаласида келиша олмаганидан сўнг кеча истеъфо берди.
Келаси йил бюджетида ишғол остидаги Фаластин ерларида яҳудийлар учун турар-жой пунктлари барпо қилиш ишларига 145 миллион доллар ажратилган. Меҳнат партияси Шарондан бу пул аҳолининг камбағал қатлами учун сарфланишини талаб этган.

Бугун Индонезия терговчилари 12 октябр куни Бали оролида портлашни амалга оширганликда гумон қилинаëтган 3 кишидан бирининг шахсини аниқладилар, аммо унинг номини эълон қилмадилар.

Кеча телевидение орқали тахминий суратлари кўрсатилган 3 киши бомба ҳужумини амалга оширганликда гумон этилмоқда.
Бали оролида содир этилган портлаш оқибатида 190дан ортиқ киши, шу жумладан 90га яқин австралиялик қурбон бўлган эди.
Австралия разведка бошқармаси директори Деннис Ричардсонга кўра, Бали ҳужумида “Ал-Қоида” террор тармоғининг алоқаси бор.
Халқаро терговчилардан ташкил топган гуруҳ хулосасига кўра, “Жамоа Исломия” гуруҳи Индонезия оролида содир этилган портлашни уюштирган бўлиши мумкин.
Ушбу жангари гуруҳнинг “Ал-Қоида” террор тармоғи билан алоқаси бор, деб шубҳа қилинмоқда.

Берлин Вашингтон билан бўлган кескинликни юмшатишга ҳаракат қилар экан, Германия мудофаа вазири Петер Страк 11 ноябр куни Қўшма Штатларга расмий сафар қилиши эълон қилинди.

Вашингтон визитини давом эттираëтган Германия ташқи ишлар вазири Йошка Фишер ҳам икки ҳукумат ўртасида Ироқ масаласида чиққан келишмовчиликни ҳал қилиш тўғрисида музокаралар олиб бормоқда.
Германия канцлери Герхард Шрëдер Қўшма Штатлар маъмуриятининг Ироқ сиëсатига қаршилик кўрсатгани – унинг қайта сайланишига ëрдам берди, лекин Берлин ва Вашингтон ўртасида муносабатлар совуқлашишига олиб келди.
Сайлов олди кампаниясида Германия адлия вазири АҚШ президенти Жорж Бушни Гитлерга қиëслагани оқибатида муносабатлар янада кескинлашган эди.

Бугун номаълум шахс Македония парламенти биносига граната отгани оқибатида бинонинг ташқи қисмига ва автопаркдаги кўплаб машиналарга зарар етди.

Полицияга кўра, парламентнинг мухим мажлиси ўтказилишидан олдин юз берган ҳужум туфайли ҳеч ким ҳалок бўлмаган ëки жароҳатланмаган.
Парламентнинг бугунги сессиясида Македония социал-демократлари ва собиқ этник албан жангариларининг Демократик бирлашув иттифоқи иштирокида янги коалиция ҳукуматини ташкил қилиш масаласи муҳокама этилади.
Ўтган йилги можарода ҳалок бўлган аскарларнинг яқинлари собиқ жангарилар иштирокида ҳукумат тузилаëтганига норозилик билдириш учун парламент биноси яқинида намойиш ўтказдилар.

Бугун Болгария ҳукумати, Болгария совуқ уруш давридан қолган барча қанотли ракеталарни йўқ қилганини маълум қилди.

Мудофаа вазири Николай Свинаров ракета қалпоқчаларини йўқ қилиш 19 октябрда тугатилганини, аммо ракета ёқилғиси ва моторларини йўқ қилиш ишлари давом этаётганини айтди.
Мудофаа вазири сўзига қўшимча қилиб, АҚШ бир ҳафта ичида ракеталар йўқ қилинганини тасдиқлаши кутилаётганини билдирди.

БМТнинг маълум қилишига кўра, Афғонистоннинг шимолий худудларида гужаралар ва бошқа этник гуруҳларнинг инсон ҳуқуқлари поймол этилгани ҳақдаги айбномаларни текшириш юзасидан махсус комиссия ташкил қилинган.

Бугун БМТ матбуот вакили Мануэл Силванинг айтишига кўра, маҳаллий қўмондонлар гужараларни камситгани ҳақдаги хабарлар тасдиқланган. Таҳор, Бағлон ва Бадаҳшон вилоятларида тахминан 100 минг этник гужара яшайди.
БМТ матбуот вакилига кўра, этник гужараларнинг уйларига ўт қўйилган, мол-мулклари тортиб олинган ва уларга қарши бошқа қатор зўравонлик ҳаракатлари содир этилган.
Этник гуруҳларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун минтақадаги юқори лавозимли ҳарбий амалдорлар, қишлоқ оқсоқоллари ва БМТ расмийлари иштирокида комиссия тузилган.

Бугун Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси мамлакатнинг жанубий ҳудудларида якшанба кунига белгиланган маҳаллий сайловларнинг сўнгги давраси кечиктирилиши кераклигини билдирди.

Комиссия раиси Сулаймон Имонбоевга кўра, Қорағулжа ва Ўзган худудларида норозилик намойишлари давом этаëтганидан хавотир олинмоқда.
Ўш шаҳар суди депутатликка номзод Усен Сиддиқовни рўйҳатга олишда хатога йўлга қўйилгани туфайли, унинг сайловнинг сўнгги даврасида иштирок этишини таъқиқлади. Суднинг ушбу қарори норозилик намойишлари бошланишига олиб келди.
Тахминан 300 киши Сиддиқовга сайловда иштирок этишига рухсат берилишини талаб этиб, Қорағулжадан Бишкекка юриш қилмоқда.

Бугун Шимолий Кореянинг Москвадаги элчиси Пак Ҳу Чаннинг айтишига кўра, Америка унинг давлати суверенитетига таҳдид этаëтгани туфайли, Шимолий Кореянинг ядровий ва бошқа оммавий қирғин қуроллари ишлаб чиқаришга ҳақи бор.

Аммо унга кўра, Шимолий Корея ядровий қуроллар ишлаб чиқараëтгани йўқ.
Америка маъмуриятининг маълум қилишига кўра, шу ой бошида Шимолий Корея расмийлари мамлакатда ядровий қуроллар ишлаб чиқарилаëтганини эътироф этишган.
Шимолий Корея элчиси Америка айбномасини асоссиздир, дея рад этди.
Бугун Россия ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Александр Лосюковнинг қайд этишича, унинг ҳукумати Шимолий Кореянинг бу масалада билдирган тушунтирувидан қаноат ҳосил қилмаган.

Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари илтимосига кўра Чечен лидери вакили Аҳмад Закаев Копенгагенда қўлга олинди.

Закаев Дания пойтахтида ўтаётган "Жаҳон чечен конгресси"да Аслан Масхадовнинг вакили сифатида иштирок этаётган эди. Дания полициясига кўра, Закаев ўтган ҳафтада Москвада кишиларни гаровга олиш амалиётларига ҳамда ундан олдин, 1996-1999 йилларда содир этилган бир қатор террорчилик ҳаракатларига алоқадорликда гумон этилмоқда. Бугун Дания маҳкамаси унинг ишини кўриб чиқишни бошлади. Россия ҳуқуқ-тартибот органлари Закаевнинг экстрадиция қилинишини талаб этмоқда.
Дания полицияси, Закаев устидан тергов иши якунланмагунча, яъни 12 ноябрга қадар, у хибсда ушлаб турилишини маълум қилди.
Москва ҳукумати кеча Копенгагенда якунланган "Жаҳон чечен конгресси"ни қоралаб, Россия президенти Владимир Путиннинг келаси ойга мўлжалланган Дания ташрифи қолдирилганини маълум қилди.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG