Линклар

Шошилинч хабар
21 август 2019, Тошкент вақти: 23:34

Халқаро янгиликлар

АҚШ давлат котиби Колин Пауэлл Босния фуқароларини шанба куни бўлиб ўтадиган парламент сайловларида ислоҳотлар сиёсати учун овоз беришга чақирди.

Пауэллга кўра, бозор иқтисодиёти ҳамда Европа Иттифоқи билан яқинлашув тарафдорларига овоз бериш - боснияликларнинг ўзлари учун фойдалидир. Унинг фикрича, акс ҳолда, Босния яна миллатлараро можаролар гирдобида қолиши, иқтисодиёти таназзулга юз тутиши мумкиндир.

Европа Иттифоқи вакиллари ҳам олдинда турган сайловларнинг Босния келажаги учун жуда муҳим эканлигини таъкидладилар.

Сайловларда парламент депутатларидан ташқари Босния президиуми аъзолари учун ҳам овоз берилади. Босния президиуми - давлатнинг коллектив раҳбаридир. Унинг таркибига хорватлар, серблар ҳамда босниялик мусулмонлар вакиллари кирадилар.

БМТ ва Ироқ вакиллари Венада Ироқ ҳарбий объектлари ҳарбий инспекциясини қайта бошлаш тўғрисидаги музокараларнинг иккинчи раундини ўтказаяптилар.

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик раҳбари Муҳаммад Эл Барадей Ироқ вакиллари билан кеча ўтказган учрашувидан сўнг БМТ вакиллари Ироқнинг барча объектлари, жумладан ҳукумат биноларига ҳам ҳеч қандай монеликсиз киришга имконли бўлишга ҳаракат қилаяптилар, деди.

АҚШ давлат котиби Колин Пауэлл БМТ Хавфсизлик кенгаши Ироқни қуролсизлантириш бўйича янги резолюция лойиҳасини муҳокама қилишни якунлаганидан сўнггина Ироқ объектларини ҳарбий назоратдан ўтказиш ҳақида гапириш мумкин, деди.

Вашингтон ва Лондон томонидан таклиф қилинган янги резолюция лойиҳасига кўра, агар Ироқ БМТ билан ҳамкорлик қилишдан бош тортса, хусусан, ҳарбий назоратчиларнинг ўз ҳарбий объектларига эркин кира олишини 7 кун ичида таъминламаса, Ироққа қарши зарба берилиши мумкин.

Бағдод илгари эришилган келишувлардан ташқари БМТнинг янги резолюцияларини бажармаслиги тўғрисида баёнот берди.

Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида Исроил ҳарбийлари ўтган тунда 30 дан зиёд фаластинликни ҳибсга олдилар.

Уларнинг аксарияти исроилликларга қарши уюштирилган террористик ҳужумларга алоқадорликда айбланиб қидирилмоқда эди, дейилади хабарда.

"Ассошиэйтед-Пресс" агентлиги хабарига кўра, Исроил ҳарбийлари Фаластин мухторияти раҳбари Ёсир Арафотнинг Рамаллоҳ шаҳридаги қароргоҳи яқинидаги учта бинони эгаллаб олганлар.

Якшанба куни халқаро ҳамжамиятнинг босими остида Исроил Ёсир Арафотнинг қароргоҳи жойлашган ҳудуддан ўз ҳарбийларини олиб чиққан эди. Ўн кун давом этган қамал пайтида бу ҳудуддаги деярли барча иморатлар вайрон қилинган.

Иордан дарёсининг ғарбий соҳили ҳамда Ғазо минтақасида юз берган тўқнашувлар пайтида уч фаластинлик ва бир исроиллик нобуд бўлди.

Бугун Чеченистонда Россиянинг бир жанговар самолети ҳамда икки вертолети ердан туриб ўққа тутилди.

Ҳарбийларга кўра, учувчилар жабрланмаган, вертолетларга эса озроқ зарар етган. Учоқларнинг барчаси базага қайтиб учиб келган. Ачхой Мартан районидаги Бамут қишлоғи атрофида Ингушетия ва Шимолий Осетия ҳудудларидан ўтган йирик чечен отрядини қидирув давом этаяпти.

Ҳарбийларга кўра, ўтган бир кеча кундуз давомида тўқнашувлар юз бермади.

Агар Туркия Ироққа қарши ҳарбий ҳаракатлар олиб бориш учун ҳудудидан фойдаланиш ҳуқуқини АҚШга берса, Бағдод Анқарани дўст, деб ҳисобламай қўяди.

Бу ҳақда бугун хизмат сафари билан Туркияда юрган Ироқ ҳукумати раиси муовини Тариқ Азиз баёнот берди. У Туркия бош вазири Булент Эжевет билан сўзлашувлар ўтказди.

Туркия ҳукумати бир неча бор Ироқ муаммосини куч ишлатиш йўли билан ечишга қарши эканлиги тўғрисида баёнот берган. Бироқ, айни пайтда Анқара БМТ инспекторларининг Ироққа қайтиши тарафдори эканлигини ҳам билдирган.

АҚШ ва Буюк Британия Ҳарбий ҳаво кучлари Туркиянинг ҳаво базаларидан биридан Ироқ узра ўтказадиган парвозлари учун фойдаланмоқда.

Грузия президенти Эдуард Шеварднадзе ўз буйруғи билан Россиянинг автоколоннасига Грузия ҳудудидан ўтишга рухсат берди.

Еттита автомобиль ва битта автобусдан иборат колонна Кутаиси шаҳри яқинида ҳарбий комендатура соқчилари томонидан тўхтатилган эди. Маълум бўлишича, Россия ҳарбийлари Грузия ҳудудида ҳаракатланиш учун бу мамлакат Мудофаа вазирлиги рухсатини олмаган.

Ҳиндистонда икки ҳарбий-транспорт самолети ҳавода тўқнашиб кетди. Қурбонлар бор.

Дастлабки маълумотларга кўра, 12 киши - иккала самолет экипажлари аъзолари нобуд бўлганлар. Улардан уч нафарининг жасадлари топилган.
Самолетлардан бири қурилиш майдончасига қулаб тушган ва натижада 9 киши жароҳат олган.

Бугун Токио биржасида акциялар қадри яна пасайди.

Никкей индекси қарийб икки ярим фойизга тушиб кетди.
Таҳлилчиларга кўра, биржа кўрсаткичларининг муттасил пасайиб бораётганлигига сабаб - сармоя ётқизувчиларнинг Япония иқтисодиёти истиқболларига нисбатан ишонч пайдо қила олмаётганидадир. Дунёнинг бошқа биржаларидаги аҳволга доир нохуш хабарлар ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмаяпти.
Кеча Нью Йоркда Доу Жонс индекси бир ярим фойизга пасайиб кетди. Бу 1998 йил августидан буён кузатилган энг паст кўрсаткичдир. Замонавий технологиялар индекси - Насдак икки фойиз йўқотди. Кеча Франkфурт биржасида ҳам акциялар қадрининг сезиларли даражада тушиб кетгани кузатилди.

Эроннинг Язд шаҳрида исломчилар ёши элликка чиққан бир актриса ёш кинорежиссернинг юзидан ўпиб қўйганидан норозилик билдириб намойишлар уюштирдилар.

Эрон кино юлдузи Гавҳар Хайрандиш кинорежиссер йигитни Язд шаҳрида ўтказилган кинофестивалнинг ёпилиш маросимида ўпиб қўйган эди.
Намойиш уюштирувчилари актрисанинг аксилисломий ҳаракати Ислом динига жиддий путур етказди, деб баёнот бердилар.
Эроннинг диний лидери Али Хоманаийнинг вакили бугун ислом душманлари эътиқодимизга чанг солишга ҳаракат қилдилар, деди.
Эрон маданият вазири муовини актриса ёш режиссерни оналарча меҳр билан ўпиб қўйганди, холос, деди.

Британия бош вазири Тони Блэрнинг айтишига кўра, Ироқ президенти Саддам Ҳусайн қуролсизланиши керак, акс ҳолда ҳужумга учрайди.

Бугун ББС телевидениясида чиқиш қилган Блэр, халқаро ҳамжамият БМТ орқали Саддам Ҳусайнни қуролсизланишга мажбур этиши керак, деди.
Аммо Блэр агар бу харакат мувофақиятсизликка учраса ва агар БМТ ҳарбий ҳужум қилинишини тасдиқламаган тақдирда ҳам Британия АҚШ етакчилигида Ироққа қарши қилинадиган хужумга иштирок этишини таъкидлади.
Блэрнинг айтишига кўра, халқаро ҳамжамият орасида иккита мухим масалада яъни Саддам Ҳусайн таҳдид солаëтгани ва у қуролсизлантирилиши кераклиги борасида ҳеч қандай келишмовчилик йўқ. Ҳамма гап, буни амалга оширишнинг энг қулай йўлини топишда қолган.
Россия ташқи ишлар вазири Игор Иванов кеча Москвада АҚШ давлат котибини ўринбосари Марк Гросман билан учрашганидан кейин Россия Ироқни қуролсизлантириш тўғрисидаги янги БМТ резолюциясига ҳали ҳам қарши эканини айтди.
АҚШ ва Британия томонидан таклиф этилган янги БМТ резолюцияси Ироқни оммавий қирғин қуролларига оид барча материалларни кўрсатишга ва БМТ инспекторларига президентлик жойларини текшириш учун чекловсиз руҳсат беришга чақиради. Мазкур резолюцияда агар Ироқ ушбу талабларни бажармаса ҳужумга учраши хақида огоҳлантирилган.

Афғонистонда Толиблар лидери Мулла Мухаммад Умарни қидириб топиш харакатлари давом этаëтгани билдирилди.

Қандаҳор вилоят ҳокимини матбуот вакили Халид Паштуннинг айтишига кўра, Афғонистоннинг разведка бошқармаси ходимлари Умар мамлакатнинг марказий тоғли худудида беркиниб олганига ишонмоқдалар, аммо ҳозирча унинг қаердалигини аниқ билмайдилар. Маълумотларга қараганда, Умар турар-жойини мунтазам равишда ўзгартирмоқда.
Халид Паштуннинг таъкидлашича, агар Толиблар лидери Мулла Мухаммад Умар қўлга олинса, қирғин-барот содир қилган, инсон ҳуқуқларини поймол этган ва давлат хазинасини талон-тарож қилган, деган айблар билан суд қилинади.

Афғонистоннинг Ўтиш даври президенти Хамид Карзай, Германиянинг Недерландия билан биргаликда Кобулдаги халқаро тинчлик сақловчи кучларга қўмондонлик қилиши тўғрисида киритган таклифини мамнуният билан қабул қилди.

Президентнинг қайд қилишича, Германия Афғонистонни қайта қуриш ишларига катта ҳисса қўшаëтган давлатлардан биридир ва у Германияни Афғонистондаги фаолиятини давом эттиришга чақирди.
Карзайнинг айтишига қараганда, халқаро кучлар фақат хавфсизлик эмас, балки сиëсий сабабларга кўра Кобул ташқарисидаги бошқа ҳудудларда ҳам тинчликни сақлаш ишларини олиб бориши керак.
Германия мудофаа вазири Петер Стракнинг айтишича, Германия Недерландия билан биргаликда Вашингтон сўраганидек 2 йил эмас, балки фақат 6 ой давомида халқаро тинчлик сақловчи кучларга етакчилик қилади ва ушбу қўшма қўмондонлик остидаги кучлар Кобул ташқарисида фаолият олиб бормайди.

Бугун Исроил кучлари Фаластин лидери Ясир Арафатнинг Ғарбий соҳилдаги қароргоҳидан чиқиб кетишни бошлади.

Аммо Исроил ҳукумати бир баëнот тарқатиб, фаластинлик жангариларнинг қочиб чиқишига йўл қўймаслик учун Арафат қароргоҳи атрофида ҳарбий назоратни давом эттиришини билдирди.
Америка ва БМТ босими натижасида Исроил ҳукумати Арафат қароргоҳидан ўз кучларини олиб чиқишга қарор қилди.
Арафат маслаҳатчиси Ясир Абед Раббонинг айтишига кўра, қамал ҳақиқатдан ҳам тугатилди, деб бўлмайди, чунки Исроил кучлари Фаластин раҳбариятини қуршовда сақлашни давом эттирмоқда.
Бошқа томондан, бугун Исроил кучлари Ғазо секторида Хон Юнус ҳудудидаги турар-жой биноларига ўт очгани оқибатида 7 нафар фаластинлик яраланди.

Грузия ҳаво кучлари Россия билан бўлган чегарани қўриқлашга бошлагани билдирилди.

Хабарларга қараганда, Грузия чегарада қуруқликдан ҳавога отиладиган ракеталарни ҳам жойлаштирмоқда.
Айни пайтда, Россия Грузия ҳудудида яшириниб олганига гумон этилаëтган чечен жангчиларига қарши ҳарбий ҳужум қилиши хақида таҳдид этмоқда.
Россия Грузияни Панкиси дарасида бошпана топган чечен жангчиларига нисбатан чора-тадбирлар кўрмаëтганида айбламоқда.
Жума куни Грузия хавфсизлик вазири Валерий Хабурдзаниянинг айтишига қараганда, ҳукумат кучлари Панкисидаги барча ғайри қонуний қуролли гуруҳларни тор-мор қилган.
Россия ташқи ишлар вазири Игор Иванов Грузия даъвосига ишонмаслигини айтди.

Бугун Югославия федерациясининг ҳукмрон Сербия республикасида президентлик сайловлари ўтказилмоқда.

Аммо Сербиянинг жанубий ҳудудларида истеқомат қилувчи этник албанлар сайловни бойкот қилишмоқда.
Ҳозирги Югослав президенти ва етакчи номзод Войислав Коштунича биринчи даврада ҳеч бир номзод талаб қилинган 50 фоиз овозни ололмаслигини ва сайловнинг иккинчи давраси ўтказилиши мумкинлигини айтди.
Икки йил олдин Слободан Мелошевич ҳокимиятдан четлаштирилганидан бери, биринчи марта Сербияда президентлик сайловларига овоз берилмоқда.

Америка Қўшма Штатлари Россия ва Франциядан Ироққа қарши БМТ резолюциясини қўллаб-қувватлашни сўрамоқда.

Бугун АҚШ Давлат котиби ўринбосари Марк Гроссман Франция расмийлари билан сўзлашувлар олиб борди. Эртага у Россияга ташриф буюради. Америка ташқи сиёсат маҳкамаси бошлиғи Колин Пауэл резолюция лойиҳасини Вашингтон ва Лондон аллақачон маъқуллаганини маълум қилди. Резолюцияда, агар Бағдод БМТ билан ҳамкорлик қилишдан бош тортса унга қарши кескин чоралар қўлланиши назарда тутилади.

Германия Қобулдаги халқаро тинчликпарвар кучларга қўмондонлик қилиш навбатини шу йил декабр ойида Туркиядан қабул қилиб олишга тайёр.

Бу ҳақда Германия мудофаа вазири Петер Штрук маълум қилди. Бироқ, Штрукга кўра Германия Нидерландия билан бирга Қобулдаги халқаро кучларга қўмондонлик қилиш ниятида ва фақат олти ой муддатга, АҚШ сўраганидек икки йилга эмас. Шунингдек, Штрук халқаро тинчликпарвар кучларнинг Қобулдан ташқари ҳудудларга ҳам жойлаштирилишига қарши эканини маълум қилди.

Покистоннинг Ҳиндистон билан урушиш нияти йўқ. Шунга қарамай у ташқаридан бўладиган ҳар қандай ҳужумларни қайтаришга тайёр.

Бу ҳақда Покистон раҳбари Парвез Мушарраф баён қилди. Ушбу ҳафта ҳинд черковларининг бирида 28 киши икки ислом экстремисти тарафидан ўлдириб кетилганидан сўнг Ҳиндистон ва Покистон ўртасида вазият қайтадан таранглашди. Расмий Деҳли содир этилган қотилликларда Покистон томонини айбламоқда. Ўз навбатида Парвез Мушарраф Ҳиндистон ҳукумати Покистонни айблашдан кўра мамлакатдаги диний низоларни тартибга солса бўлар эди, деб таъкидлади.

Малайзияда "Ал-Қоида" террорчилик тармоғи билан алоқадорлиги гумон этилаётган маҳаллий экстремист гуруҳлар етакчиси қўлга олинган.

Малайзия полициясининг маълум қилишича, қўлга олинган шахс муқаддам университет лектори бўлиб ишлаган ва айни пайтда "Жэмаа Исламия" ташкилоти раҳбари Ван Мин Ван Матдир. Шунингдек, яна 8 террорчининг шахси аниқланган.

Исроил кучлари бугун эрталаб Ғазо минтақасидаги Дэйр эл-Бала шаҳрига қайтадан киритилди.

Гувоҳларнинг маълум қилишларича шаҳарда отишма рўй берган. Унинг оқибатида икки кишининг яралангани айтилмоқда.
Ғарбий соҳилдаги Хеврон шаҳрида эса Исроил аскарлари "Хамас" гуруҳи қуролланган жангарисини отиб ўлдиришган. Бугун БМТ Бош котиби Кофи Аннан Исроил кучларининг кечаги бомбалашларини қоралади. Кеча Исроил вертолётлари Ғазо шаҳрини ҳаводан ўққа тутган эди. Ракета ҳужумлари оқибатида "Хамас" гуруҳи етакчиси Муҳаммад Дейфнинг икки қўриқчиси ҳалок бўлди. Дейфнинг ўзи ва яна 25га яқин киши яраланди. Яраланганлар орасида 15 нафар ёш бола ҳам бўлган. Аннан, Исроил раҳбариятини аҳоли зич жойларда бундай ҳужумларни амалга оширмасликка чақирди. Бугун минглаб фаластинлик пайшанба куни бомба ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлган биродарларини кўмиш маросимига чиққан.

Италиянинг йирик авиаширкати "Алиталия" ҳаво диспетчерларининг шанба кунига белгилаган иш ташлашлари олдидан 250-рейсни бекор қилди.

Бунинг оқибатида таҳминан 40 мингга яқин йўловчи вақтида учиш имкониятидан маҳрум бўлди. Диспетчерларнинг иш ташлашларига авиаширкат билан улар имзолаган меҳнат шартномасининг бузулиши сабаб бўлган.

Америка Қўшма Штатлари Ироқнинг юқори мартабали вакиллари "Ал-Қоида" террорчилик тармоғи раҳбарлари билан алоқада бўлгани ҳақда батафсил маълумотга эга.

Бугун бу ҳақда Пентагон раҳбари Дональд Рамсфельд журналистларга маълум қилди. Рамсфельдга кўра, улар ўртасидаги алоқа сўнгги тўрт йили ичида анча фаоллашган. Бироқ, Пентагон раҳбари Ал-Қоида раҳбарлари деганда Усама бин Ладенни назарда тутмаётганига аниқлик киритди. Кеча Оқ уй раҳбарининг хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Кондолиза Райс ҳам Ироқ "Ал-Қоида" террорчиларини махсус тайёргарликдан ўтказганини баён қилган эди.

Буюк Британия Хорватиядан мамлакат собиқ бош штаби бошлиғи Янко Бобеткони зудлик билан Хаага Халқаро трибуналига топширишни сўради.

Бобетко ҳарбий жиноятларни содир этганликда айбланмоқда. Британия ташқи сиёсат маҳкамаси вакили Дэнис Макшэйн Хорватиянинг НАТО ва Европа Иттифоқига аъзо бўлиши унинг халқаро трибунал билан ҳамкорлигига боғлиқ дея огоҳлантирди. Бироқ, Хорват расмийларига кўра, Бобетконинг адлия қўлига топширилиши мамлакатда вазиятни издан чиқариши мумкин. Генерал Бобетко 1991-95 йилларда серб айримачиларига қарши урушлар давомида халқ эътиборини қозонган. Хага трибунали Бобеткони 100 нафар серб миллатига мансуб шахснинг ўлимида айбламоқда.

Кеча Махачқала атрофида магистрал газ қувурининг портлаши террорчилик ҳаракати бўлиши мумкин.

Бу ҳақда "Интерфакс" агентлиги "Газпром" мутахассислари сўзларига таяниб маълумот тарқатди. Бироқ, Доғистон Фавқулодда вазиятлар вазири Муртазали Гажиевга кўра, портлашга техник носозлик сабаб бўлган. Портлаш оқибатида Доғистоннинг 400га яқин аҳоли пункти газсиз қолди.

Россия Давлат Думаси бугун Москванинг Лубянко майдонида Дзержинский ҳайкалини қайта тиклаш масаласини кўриб чиқади.

Ҳайкалнинг қайта жойига қўйилишига кўплаб партиялар қарши чиқишмоқда. Либерал демократлар етакчиси Лубянко майдонига Андропов ҳайкалини қўйишни таклиф этди. Москва мэри Юрий Лужков Совет КГБсининг отаси Фэликс Дзержинский ҳайкалини қайтариб жойига қўйиш таклифи билан чиққан эди. Дзэржинский асос солган ташкилот КГБ узоқ йиллар давомида революция мухолифларини, кейинчалик эса ўзгача фикрловчиларни таъқиб этиш билан шуғулланиб келди. КГБ бош қароргоҳи рўпарасида жойлашган Лубянка майдонидаги Дзэржинскийга қўйилган ҳайкал 1991 йилнинг августида хунтага қарши чиққан минглаб намойишчилар тарафидан олиб ташланган эди. Бугун ҳам Лубянкода Дзэржинский ҳайкалининг қайта тикланишига қарши норозилик намоишлари бўлиши кутилмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG