Таниқли қрим-татар фаоли Недим Халилов Қримдаги Симферополь шаҳри суди қарори билан Ўзбекистонга депортация қилинадиган бўлди. Бир ой олдин эълон қилган очлик акциясини давом эттираётган қримлик фаол Ўзбекистонда туғилган. Лекин бу мамлакатдан 1991 йилда кўчиб кетган Халилов ўзини Ўзбекистон фуқароси, деб ҳисобламайди ва фуқаролиги йўқ шахс, деб тан олинишини талаб қилиб келмоқда. Халиловнинг ҳимоячилари эса, шу тариқа рус махфий хизматлари Россия томонидан қўшиб олинган Қримдаги татарлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келгани учун уни ўз юртидан чиқариб юбораётганини гапирмоқда.
Россия мамлакатда спортчилар томонидан допинг истеъмол қилиш чуқур илдиз отганини тан олди, аммо буни ҳукумат қўллаганини рад этди. Россия Миллий аксилдопинг агентлигининг амалдаги етакчиси Анна Анцелиович The New York Times газетасига берган интервьюсида “ташкилотлар тил бириктирган”, деди.
АҚШда ўзбекистонлик юк машинаси ҳайдовчиси полиция билан тўқнашиб, автомобиллар ҳаракатини бир неча соатга тўхтатиб қўйди. Ҳайдовчи ўзига қўйилган террор ҳужуми билан таҳдид солиш айбловини рад этмоқда. Маълум бўлишича, 25 яшар Хуршид Ҳайдаров Канзас шаҳри яқинидаги штатлараро 25- шосседа қўлида қурол билан, полиция билан 4 соат тўқнашувга киришган.
2016 йилда меҳнат муҳожирларига ишга рухсатнома – патент сотиш Москва шаҳри бюджетига ўтган йилга нисбатан 30 фоиз кўпроқ даромад келтирди. Москва мэрияси расмийларига кўра, ўтиб бораётган 2016 йилда мигрантлардан шаҳар ғазнасига 231 миллион АҚШ долларидан кўпроқ маблағ йиғилган.
2016 йил Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги совуқлашган муносабатларнинг кескин илиқлашуви даври бўлди. Икки давлат ўртасида йиллардан бери ёпиқ қолаётган чегаралар очилиб, бир-бирларини қарийиб ўн йил кўрмаган қариндошлар, дўсту-биродарлар яна дийдор кўришдилар.Ўзбекистон ва қирғизистонликлар бу илиқлик ҳақиқий дўстона муносабатларга айланишидан умид қилмоқда.
Бугун Россияда Мудофаа вазирлигига қарашли Ту-154 самолёти қулаши ортидан ҳалок бўлган 92 одам хотирасига мотам тутилмоқда. Россия расмийлари самолётнинг қулашига террор ҳаракати сабаб бўлган, деган таҳмин ҳозирча кўриб чиқилмаётганини билдирди. 25 декабрь тонгида Сочи қирғоқларида қулаган ҳарбий самолёт ҳалокатига техник носозлик сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.
Россия Мудофаа вазирлигига қарашли Ту-154 самолёти Сочи қирғоқларидан ҳавога кўтарилаётган кезда қулади. Расмий маълумотга кўра, самолёт бортида 92 киши бўлган. Булар ҳарбийлар, журналистлар ҳамда Александров номидаги ансамблнинг ижрочилари эди. Қора денгиздан нобуд бўлганларнинг жасадлари олиб чиқилмоқда.
23 декабр куни Россия президенти Владимир Путин 12 маротаба Катта матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб берди. Бир кун олдин ўтказилиши кутилган бу учрашув Туркияда отиб ўлдирилган элчи Карлов билан видолашув маросими туфайли қолдирилган эди. Анъанавий бўлиб қолган бу учрашув кузатувчилар томонидан йил сарҳисоби сифатида қабул қилинди.
21 декабрь куни Россия Давлат Думаси суд ҳакамларига миграция қонунчилигини бузган айрим хорижликларни мамлакатдан бирданига бадарға қилмаслик рухсатини берувчи қонун қабул қилди. Янги қонунга кўра, бир йил давомида қоидани такрор бузган муҳожирга 7 мингдан 10 минг рублгача жарима солиниб, депортация қилинади.
Бундан 2 йил муқаддам - 2014 йилда 2 эпидемияга оид янгиликлар дунёни ларзага солди. Иккала эпидемия ҳам қонли ва даҳшатли эди. Уларнинг бири 1976 йилда аниқланганидан бери тақрибан 15 минг одамнинг умрига зомин бўлган эбола вируси бўлса, иккинчиси “Исломий давлат” жангарилар гуруҳининг экстремистик мафкурасидир. Эбола қурбонлари қон йўқотиб ўлди. “Исломий давлат” эса ўз қурбонларини чормихга тортди, бошини олди, тириклайин ёқди.
Россия Транспорт вазирлиги Тожикистоннинг Somon Air авиаширкатининг Россия минтақаларига қатновларини 23 декабрдан бекор қилди. Бу қарор Тожикистон авиация расмийларининг русларнинг “Ямал” ҳамда “Уральские авиалинии” ширкатлари парвозларини Тожикистонга рухсат берилмагани ортидан қабул қилингани айтилмоқда. Шу тариқа, 22 декабр куни Тожикистон ва Россия ўзаро парвозлар тўғрисида келиша олмагани маълум бўлди. Москванинг “Жуковский” аэропортида эса Хўжандга учиб кета олмаётган бошқа тожикистонлик муҳожирлар қолмоқда.
Ҳиндистоннинг Калькутта шаҳрида таҳсил олаётган 17 ёшли Святослав Юраш миллионга яқин ҳамюрти Киевда намойишга чиққани акс этган видеони кўрганидан кейин, инқилобга айланиш арафасида турган намойишда шахсан иштирок этишга қарор қилди. Бир кун аввал, яъни 2013 йилнинг 30 ноябрида асосан талабалардан иборат юзлаб намойишчини полиция калтаклаган эди. Табиатан идеалист бўлган Юраш бошқа қўл қовуштириб ўтира олмас эди.
Давомини ўқинг