Озод Европа/Озодлик радиоси
Ҳоким хатоси учун товон: янги қонун ишлайдими?
Янги Қонунга кўра, мансабдор шахсларнинг хатоси туфайли жабр кўрган фуқаролар ҳамда тадбиркорларга товон пули тўлашнинг ягона ва аниқ механизми жорий этилмоқда.
Энди суд қарори билан бу тўловларни махсус ҳудудий жамғармалар амалга оширади. Кейин эса давлат ушбу пулни айбдор деб топилган мансабдор шахснинг ўзидан ундириб олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Бироқ таҳлилчилар суд мустақиллиги тўла таъминланмаган жамиятда бу Қонун амалда қай даражада ишлашини шубҳа остига олмоқда.
Тошкентлик Дилмурод Мирусмонов пойтахтда хусусий қурилиш компаниялари барпо этган “сити”лар ортидан жабр кўрган минглаб одамлардан бири.
У бузиб ташланган ҳовлиси учун муносиб товон пули ва кўп сонли оиласига мос уй-жой олиш мақсадида етти йил давомида курашган. Аммо унинг айтишича, бу курашдан ҳозирча на давлат идоралари, на қурувчи ташкилотлар, на судлар орқали адолат топилган.
Озодликка тақдим этилган ҳужжатларга кўра, Мирусмоновлар яшаган 300 квадрат метрлик ҳовли 2017 йилда хусусий қурилиш компанияси Absolute Business Trade ширкатигa ажратиб берилган.
Тошкент марказидаги 6 гектар ерни хусусий қурувчи ширкатга бериш ҳақидаги қарор ўша пайтдаги Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов томонидан имзоланган.
Айни пайтда ўша ҳоким лавозимидан кетган бўлса-да, ноқонуний қарор қабул қилгани учун жавобгарликка тортилмаган.
Ўн беш кишидан иборат Мирусмоновлар оиласи судларда адолат тополмаганидан кейин қурувчи компания билан ўзи шахсан гаплашган ва иккита 150 квадрат метрли эски уй учун компенсация ундира олган.
Бу бир оиланинггина эмас, балки кейинги йилларда юзлаб, эҳтимол минглаб оила бошидан кечирган фожианинг бир кўриниши.
Ўзбекистонда ҳокимликлар чиқарган ноқонуний қарорлар ортидан уйидан, еридан ёки бошқа кўчмас мулкидан айрилган оилалар ва тадбиркорлар ўн минглаб экани айтилади.
Ҳуқуқшунослар фикрича, “Давлат органи ёки мансабдор шахснинг ноқонуний қарори натижасида етказилган зарарни қоплаш тўғрисида”ги янги Қонун шу пайтгача турли ҳужжатларда тарқоқ ҳолда мавжуд бўлган нормаларни бир тизимга солади.
Жорий йилнинг 7 апрель куни Сенатнинг 14-ялпи мажлисида ушбу Қонун маъқулланди.Қонуннинг тўла матни ҳали ЛЕХ уз сайтида эълон қилинмаган.
Қонунга мувофиқ, энди зарарни қоплаш учун махсус ҳудудий жамғармалар ташкил этилади ва уларнинг маблағ манбалари аниқ белгилаб қўйилади.
Унда, жумладан, қуйидаги асосий тамойиллар назарда тутилган:
“товон пули миқдори фақат суд томонидан белгиланади ва фақат пул шаклида тўланади;
агар давлат фуқаро ёки тадбиркорга товон пули тўласа, кейинчалик ушбу маблағни айбдор мансабдор шахснинг ўзидан ундириб олиш ҳуқуқига эга бўлади;
қонунчиликда тушунмовчилик ёки “кулранг зона”лар бўлса, улар фуқаро ва тадбиркор фойдасига талқин қилиниши лозим”.
Қонунга кўра, агар фуқаро ёки тадбиркор давлат органининг қарори ёки ҳаракатини ноқонуний деб ҳисобласа, у судга мурожаат қилади.
Суд агар ҳақиқатан ҳам давлат органининг қарори ноқонуний эканини аниқласа, моддий ва маънавий зарар миқдорини белгилайди.
Шундан сўнг, суд қарори асосида ҳудудий жамғармалар фуқаро ёки тадбиркорга товон пули тўлаб беради.
Кейин эса давлат органи ушбу тўланган маблағни айбдор мансабдор шахсдан ундириш учун судга даъво киритади.
Бу тартиб 2026 йил апрелидан бошлаб амалиётга жорий этилиши белгиланган.
Аммо муҳим саволлар ҳали жавобсиз қолмоқда.
Масалан, ўтган йилларда ноқонуний қарорлар туфайли уй-жойидан ёки мулкидан ажралган минглаб фуқаро ва тадбиркорларнинг иши қайта кўриб чиқиладими? Янги Қонун уларга ҳам татбиқ этиладими?
Ҳозирча бу ҳақда аниқ норма ёки расмий изоҳ айтилмаган.
Бу эса айни пайтда энг асосий саволлардан биридир. Чунки Ўзбекистонда мулкка оид можароларнинг катта қисми айнан аввалги йилларда қабул қилинган ҳоким қарорлари, ер ажратиш, бузиш ва мажбурий кўчиришлар билан боғлиқ.
“Агар бу конун хакикатда хам ишласа, судьялар холис булса жуда куп хокимларини, айникса туман хокимларини уйи куяди, лекин мен бу конунни ишлашига шубха билан карайман, чунки хокимлар иммунитетга эга, уларни жазолашга факат юқорининг рухсати керак”, дейди андижонлик тадбиркор.
Шавкат Мирзиёев президентликка келганидан сўнг тадбиркорликни ривожлантириш, қурилиш ва инвестиция муҳитини кенгайтиришга оид бир қанча қарорлар қабул қилинди.
Бу қарорлардан руҳланган тадбиркорлар ҳокимлар чиқарган қарорларга таяниб, турар ва нотурар бинолар қуришга киришди.
Аммо кейин ҳокимлар алмашди. Янги раҳбарлар айрим ҳолларда аввалги ҳокимнинг қарорларини бекор қилди, қуриб бўлинган ёки қурилиши кетaётган объектларни буздирди.
Натижада тадбиркорлар миллионлаб, баъзан миллиардлаб сўм зарар кўрганини айтди. Фуқаролар эса бузилган ҳовлиси ёки уйига тенг келмайдиган квартираларга кўчирилди.
Ўзбекистонда “аввал қурдириб, кейин буздириш” амалиёти узоқ вақтдан бери энг оғриқли муаммолардан бири бўлиб келмоқда
“Бу қонун ҳуқуқий жиҳатдан тарихий бўлса-да, унинг ишлаш механизми бевосита суд ҳокимиятининг мустақиллигига боғланиб қолмоқда. Сиз таъкидлаган "инсон омили" ва "прокуратура билан келишилган фаолият" ҳақиқатан ҳам ушбу ислоҳотнинг энг заиф нуқталаридир. ​Қонунда белгиланган регресс тартиби (зарарни мансабдорнинг шахсий ҳисобидан ундириш) ишлаши учун судьяда ҳоким ёки бошқа раҳбарга қарши чиқа оладиган ирода бўлиши керак. Президент Администрацияси раҳбари айтганидек, суд тизими ислоҳ қилинмас экан, ҳар қандай мукаммал қонун ҳам фақат қоғозда қолиб кетиш хавфи бор. Аслини олганда мустақил судлар бўлган жамиятга бундай қонунлар керак эмас. Нормал жамиятда фуқарога зарар етказилган бўлса суд қарори билан давлат қоплаб бериши керак, тамом. Бу система бошқа давлатларда шундай ишлайди", дейди фарғоналик жамоат фаоли Йўлчибой Исмоилов.
Таҳлилчилар янги Қонун назарий жиҳатдан муҳим қадам эканини тан олади. Чунки у биринчи бор давлатнинг ноқонуний қарорлари учун молиявий жавобгарликни аниқ механизмга солишга уринмоқда.
Бу, агар тўла ишласа, мансабдорларнинг беэътибор ёки манфаатли қарорлар қабул қилишига қарши маълум даражада тўсиқ бўлиши мумкин.
Чунки ҳозиргача амалда шундай ҳолат кўп кузатилган: фуқаро ёки тадбиркор судда ҳақ бўлиб чиққан тақдирда ҳам, реал товон олиш, зарарни қоплатиш ёки айбдор амалдорни жавобгарликка тортиш жуда мушкул бўлган.
Янги Қонун шу бўшлиқни тўлдиришни мақсад қилган.
Аммо муаммо шундаки, Қонуннинг ўзи етарли эмас. Уни қўллайдиган суд, прокуратура ва ижро тизими ҳам мустақил ва холис ишлаши керак.
Янги Қонун, шубҳасиз, қоғозда фуқаро ва тадбиркор манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим ҳужжатлардан бири бўлиши мумкин.
Агар у амалда ишласа, мансабдор шахсларнинг ноқонуний қарори учун давлат эмас, охир-оқибат айбдор амалдорнинг ўзи жавоб беришига йўл очилади. Бу эса Ўзбекистонда мулк дахлсизлиги ва ҳуқуқий давлатчилик сари ташланган жиддий қадамга айланиши мумкин.
Бироқ қонуннинг ҳақиқий қиймати унинг матнида эмас, балки амалиётда намоён бўлади.
Агар судлар ҳали ҳам ҳокимлик ёки бошқа давлат органлари таъсиридан чиқолмаса, агар айбдор мансабдорлар яна жазодан четда қолаверса, бу Қонун ҳам аввалгилари каби фуқарога умид бериб, кейин ундан ишончни тортиб оладиган навбатдаги ҳужжатга айланиши мумкин.
Шундай экан, бу Қонуннинг тақдири битта саволга бориб тақалади:
Ўзбекистонда энди давлатнинг хатоси учун давлат эмас, мансабдорнинг ўзи жавоб берадими ёки яна ҳаммасини бюджет, яъни халқ тўлайдими?
Агар сизда ҳам бу янги Қонун ҳақида фикрларингиз бўлса, шарҳлар бўлимида ёзиб қолдиринг.
Фарғонада ер олган камбағаллар аукцион ва солиқ қарзи остида қолди
Расмийларга кўра, бу ташаббус аҳолининг кам даромадли қатламини қўллаб-қувватлаш, уларни мустақил даромад манбаига эга қилиш учун амалга оширилган.
Бироқ орадан уч йил ўтиб, бу дастур кутилган натижани бермагани, аксинча, айрим фуқароларни янада оғир аҳволга солгани маълум бўлмоқда.
Бекобод қишлоғи аҳолиси кутилмаган ҳолатга дуч келди: уларга берилган ерлар аслида аукцион орқали уларнинг номига сотиб олинган бўлиб чиққан.
Энди эса туман ҳокимлиги ва солиқ идоралари аҳолидан аукцион тўловлари ва солиқ қарзларини талаб қилмоқда.
Озодликка тақдим этилган ҳужжатларда 240 нафар фуқаро номига 15 сотихдан ер майдони 11–12 миллион сўм атрофида “ютиб олингани” расмийлаштирилган.
Бироқ, бу рўйхатдаги ўндан ортиқ шахс билан суҳбатлашилганда, уларнинг бирортаси ҳам аукционда қатнашмаганини билдирди.
“Биз бу аукционни билмаганмиз”Аҳоли вакиллари айтишича, 2022 йилда фермерлардан олиб қўйилган ерлар аукционга чиқарилган, аммо бу жараёндан фуқаролар бехабар бўлган.
“Ҳеч ким аукционда қатнашмаган. Кейин "сизлар ютгансизлар" дейишяпти,” — дейди Бекобод  маҳалласи турғуни.
Маълум бўлишича, мактаб ўқитувчилари фуқаролар номидан аукционда қатнашгани ҳақида даъволар бор. Натижада, аҳоли ўзлари билмаган ҳолда молиявий мажбурият остида қолган.
Ер бор — лекин ундан фойда йўқМуаммо фақат ҳужжатларда эмас.
Аҳолининг айтишича, ажратилган ерлар асосан шўр ва паст сифатли бўлган. Энг асосий муаммо — сув масаласи ҳал этилмаган.
“Ер бор, лекин сув йўқ. Сувни зовурдан соатига 50 минг сўм тўлаб олиб суғорамиз,” — дейди маҳаллий аҳоли.
Бу эса ердан даромад олишни деярли имконсиз қилган.
Шу сабабли кўпчилик ердан фойдалана олмаган. Бироқ солиқ ва ижара тўловлари барибир ҳисобланмоқда.
Камбағалликдан қашшоқликка?Аҳоли фикрича, бу жараён камбағалликни камайтириш ўрнига, аксинча, уларни янада оғир аҳволга туширмоқда.
“Камбағалликдан чиқарамиз деб ер беришди. Энди эса қашшоқ бўламиз,” — дейди мурожаатчилар.
Фуқароларга берилган огоҳлантиришларда қарзларни зудлик билан тўлаш талаб қилинмоқда. Акс ҳолда, иш Мажбурий ижро бюросига ўтказилиши айтилган.
Расмийлар сукут сақламоқдаОзодлик бу масала юзасидан муносабат олиш мақсадида Ўзбекистон тумани ҳокими Равшанбек Бегматовга бир неча бор қўнғироқ қилди. Бироқ ҳоким телефон қўнғироқларига жавоб бермади.
Туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Дилшод Жабборов ҳам изоҳ беришдан бош тортди.
Давлат сиёсати ва амалдаги зиддиятЎзбекистонда камбағалликни қисқартириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Аҳолига ер бериш, уларни даромадли қилиш — расмий баёнотларда асосий мақсад сифатида кўрсатилади.
Президент Шавкат Мирзиёев февраль ойида Фарғона вилоятининг 9 та туман ва шаҳрини ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш вазифасини қўйган эди.
Бироқ амалдаги ҳолат бу мақсадларга эришиш осон эмаслигини кўрсатмоқда.
Таҳлилчилар фикрича, вилоятда амалга оширилган айрим қиммат лойиҳаларнинг натижаси ҳам савол остида қолмоқда.
Масалан, Олтирариқ туманида барпо қилинган узум боғлари сувсизлик сабаб қуриб кетган. Қува туманидаги анор боғларининг катта қисми ҳам шундай аҳволга тушган. Бу эса режалар ва реал натижалар ўртасида жиддий фарқ борлигини кўрсатади.
Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 2025 йил якунига келиб 5,8 фоизга туширилган.
Давлат режасига кўра, камбағаллик 2026 йилда 2,8 фоиз, 2030 йилга бориб — 0 фоизга тушиши керак.
Бироқ иқтисодчилар бу рақамларга эҳтиёткорлик билан қарамоқда. Уларга кўра, расмий кўрсаткичлар ва реал ҳаёт ўртасида фарқ сақланиб қолмоқда.
Фарғонадаги ҳолат камбағалликни камайтириш дастурлари қандай амалга оширилаётгани ҳақида жиддий саволларни кун тартибига олиб чиқмоқда.
Ер беришнинг ўзи етарли эмас. Агар у ер, инфратузилмасиз бўлса, адолатсиз тарзда расмийлаштирилса ва ортидан кутилмаган қарз юкланса бу қўллаб-қувватлаш эмас, балки янги муаммо манбаига айланади.
Таниқли блогер “Sirojiddin media” қамоққа олинди. Нима бўлди?
Расмий маълумотга кўра, блогерга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, Самарқанд вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда нопок амалдорлар, судлар ва ички ишлар ходимларини доим танқид қилиб келган Сирожиддин Одилов сўнгги пайтда блогер ва журналистларга нисбатан кучаяётган таҳдид ва босимларнинг яна бир қурбонига айлангани айтилмоқда.
Ютуб каналида қарийб бир миллион нафар обуначиси бўлган таниқли блогер Сирожиддин Одилов 11 март куни Самарқанд вилоят ИИБга чақиртирилган ва ўша ерда қамоққа олинган.
Самарқанд вилоят ИИБсининг 11 март куни расмий Телеграм каналида тарқатган хабарида блогернинг қамоққа олиниш сабаби ҳақида бундай деб ёзилган:
“Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида яшовчи фуқаро Р.Х туман ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, 2024-йилнинг август ойларида Тошкент шаҳрида яшовчи С.А. га, бошқа шахс билан ўрталаридаги молиявий масаласини ҳал қилиб беришини сўраб мурожаат қилган вақтида, С.А. ваколатли шахс бўлмасада, жабрланувчидан ишини унинг фойдасига ҳал қилиб бериш эвазига маълум миқдорда пулларни олганлиги ва ҳозирги кунга қадар ваъдасини бажармасдан, алдаб келганлиги боис, қонуний чора кўришни сўраган”.
Хабарда айтилишича, бу ҳолат юзасидан фуқаро Сирожиддин Одиловга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг фирибгарлик ва пора бериш моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Эзгулик инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташановнинг Фейсбук саҳифасида ёзишича, Сирожиддин Одиловни қамоққа олиш жараёни процессуал хатоликлар билан бошланган.
Ташановга кўра Сирожиддин Одиловга эҳтиёт чорасини белгилаш бўйича маҳкамага Тошкентдан борган икки нафар адвокат ордери бўла туриб қўйилмаган, аксинча, фақат давлат адвокати иштирок этган.
Сирожиддин Одиловни яқиндан билган, таниган ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бу айблов унга нисбатан уюштирилганини, бу Ўзбекистондаги экрин сўз, эркин фикрга қарши бўлаётган навбатдаги ишлардан бири эканлигини айтмоқдалар.
Маликахон Рахимова(Фейсбук)
"Яхши блогер эди, халқпарвар кўп қийналган инсонларга ёрдам берган эди доим. Машинасини ичида жонли видео қиларди. Офисим машинам деб .. Аллох мушкилларини осон қилсин…"
Zulfiya Muhamedjonova(Фейсбук)
"Ҳеч қачон адолат, сўз эркинлиги бўлмайди Ўзбекистонда, бечора блогерлар қанчадан қанчасини туҳмат билан қамаб ташашяпти. Нимаям дердим Аллох мушкулларини осон қилсин".
Zinedin Zidane(Фейсбук)
"Сирожиддин халқпарвар инсон эди. Айби борлигига ҳеч ким ишонмайди, фақат троллар заказ бўйича айблашяпти. Ўзбекистон элитаси учун жуда катта иснод бу. Нагло инсон хуқуқларига тупуриб қўйишди. Ана сенга учунчи ренессанс, мана сенга янги Ўзбекистон!"
Сирожиддин Одилов Фарғона вилояти Фурқат тумани 29-мактаб директори Гулираъно Қосимованинг ИИБ ходимлари томонидан таҳқирланиши масаласини бошидан охиригача ўзининг Ютубдаги каналида ёритган ва туман ИИБ собиқ бошлиғи ва унинг биринчи ўринбосари тўрт йилга озодликдан маҳрум этилган эди.
ИИБдаги қийноқлар, аҳолининг ижтимоий муаммолари, депутатларнинг ўз вазифалари адо этмаётганлиги, газ ва электр энергияси тақчиллиги, баланд нарх-наволар Сирожиддин Одилов доим ёритиб келган муаммолар сирасига киради.
Сирожиддин Одиловга нисбатан қўйилган айбловлар ҳозирча тергов босқичида ва унинг айбдор ёки айбсиз эканига фақат суд нуқта қўяди.
Бироқ бу воқеа Ўзбекистонда блогерлар фаолияти, сўз эркинлиги ва жамоатчилик назорати масалалари яна бир бор баҳс марказига чиқишига сабаб бўлди.
Чунки охирги йилларда давлат идоралари фаолиятини танқид қилган блогерлар атрофидаги можаролар кўпайиб бормоқда.
Таҳлилчиларнинг айтишича, Сирожиддин Одилов иши фақат бир блогер тақдири эмас, балки Ўзбекистонда сўз эркинлиги ва фуқаролик жамиятининг ҳолати қандай эканига ҳам жамоатчилик назарини қаратаётган иш сифатида баҳоланмоқда.
«Сирожиддин Медиа» номи билан танилган Сирожиддин Одиловнинг YouTube’даги саҳифасида қарийб 1 млн, Facebookда 50 мингга яқин, Instagramда 30 мингдан зиёд обуначиси бор.
Дирекция: Андижонда фермер ерлари хитойликларга бериладими?
Фермерлар судсиз ва босим орқали “ихтиёрий” ариза ёздирилаётганини айтмоқда.
Расмийлар эса ҳозирча хорижий инвестор кирмаганини билдирмоқда — аммо фермерлар бу баёнотга ишонмайди.
Андижон вилоятида фермер ерларининг хитойлик тадбиркорларга берилиши билан боғлиқ можаролар яна кун тартибига чиқди.
Қўрғонтепа туманидаги “Савай ариқ сувлари” фермер хўжалиги раиси Зоиржон Гаппаровнинг айтишича, унинг ерларини олиб қўйиш борасидаги босим 2024 йил декабрь ойида бошланган.
Фермернинг сўзларига кўра, орган ходимлари унинг уйига келиб, ўзи ва хотинини мажбуран машинага солиб олиб кетган.
“Аввалига туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосари Қамчиев Шухратнинг олдига олиб киришди. Кейин мени етаклаб туман ҳокимининг олдига олиб борди. Ўша ерда менга турли босимлар бошланди. Туман ҳокимининг айтиши бўйича гўёки президентнинг топшириғи экан, хитойликларга ер беришимиз керак эмиш. ‘Сизнинг ерингизни оламиз, ариза ёзиб берасиз’, деди. Ариза ёзишдан бош тортдим. Милиция ходимларини чақириб, қўрқитмоқчи бўлди, лекин мен унамадим”.
Фермер айтишича, у ердан ихтиёрий равишда воз кечиш ҳақида ариза ёзишдан бош тортгач, ўзи ва оила аъзоларига нисбатан турли шаклдаги босимлар кучайган:
“Милиция ходимлари келиб даламни текширишди, прокуратура ҳам келиб текширди. Беш-олтита деҳқончилик билан шуғулланаётган йигитларни милицияга олиб бориб, мажбурлаб ‘ана шу фермердан пулга ер сотиб олганмиз’ деб ёзиб берасан, деди. Лекин улар рози бўлмади. Кейин бу тазйиқлар тўғрисида вилоят прокуратурасига ариза қилишга мажбур бўлдим. Лекин ҳеч қандай чора кўрилмади. Ҳатто аризамга жавоб ҳам беришмади”, дейди фермер.
Зоиржон Гаппаровнинг таъкидлашича, ўтган йил сентябрида туман ҳокимиятига борганида унга “энди деҳқончилик қилмайсиз, ерларингиз хитойликларга берилди” деб айтилган.
Бунга эса унинг ерга эгалик қилишга ҳеч қандай ҳужжати йўқлиги асос қилиб келтирилган. Аммо фермернинг айтишича, қонуний фермерлик қилиб келаётганини исботлайдиган барча ҳужжатлар унинг қўлида бор.
Қўрғонтепа туманидаги “Азизабону дурдонаси” фермер хўжалиги раҳбари Азизахон Эргашеванинг айтишича эса, ярим кечаси у ҳокимиятга олиб борилиб, ерни “ўз ихтиёри” билан хитойликларга топшириш ҳақида мажбуран ариза ёздирилган:
“Хитойликларга деб менинг еримдан 40 гектар олган. Кечаси соат 12:30 да олиб бориб, аризани мажбуран олган. Қишлоқ хўжалиги, агропром бошлиқлари, милисалар билан олиб боришган. Ярим кечасигача ерни Хитойга бер деб ушлаб туришди, ариза ёз, деб. Ўзим оғриб, кайфиятим бузилиб турган эди. "Ҳа бўпти, ер берсам берай", деб аризани ёзиб бердим. Ихтиёрий-мaжбурий аризани олди. Мен айтдим: "Бўпти, ерни Хитойга бер, лекин қарздорлигимни ҳам  уларгабер" дедим. "Йўқ, ўзингиз ишлаб, фермер хўжалигингизни ишлатиб қарз бўлгансиз, ўзингиз мажбурий тўлайсиз", деди”.
Фермер Зоиржон Гаппаровнинг айтишича, Андижон вилоятида махсус дирекция ташкил этилган ва фермерлардан олиб қўйилган ерлар айнан шу тузилма ихтиёрига ўтказилмоқда.
Қўрғонтепа тумани фермерлар кенгаши раиси Орифжон Қаюмов ҳам шундай дирекция ташкил этилганини тасдиқлар экан, фермерлар ўз ерларини “ихтиёрий равишда” захирага топшираётганини айтди:
“Фермерларнинг аризаси билан туман захирасига ер олинган. Лекин Хитой ёки бошқа инвестор келиб фаолият юритгани йўқ. Андижон вилояти ҳокимлиги томонидан қишлоқ хўжалигида дирекция ташкил қилинган, у Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган ташкилот. Ерлар дирекция балансига кадастр билан бириктириляпти. Ҳали чет эл инвестори кириб келгани йўқ. Баҳорда экин жойлаштирилганда агар ўшалар кирса, кейин кўрамиз. Ерни фермер розилигисиз олиб бўлмайди: ё суд орқали олинади, ё ўзи ихтиёрий топширади”, — деди Орифжон Қаюмов.
Фермерларнинг айтишича эса, туман ҳокимининг ерни дирекция учун суд орқали олиб қўйишга қонуний асоси йўқ. Шунинг учун ҳам уларни “ихтиёрий” ариза ёзишга мажбурлаш учун турли босим воситалари ишга солинмоқда.
“Кўпчилик фермерлар қўрқоқмиз — буни тан олишимиз керак. Чунки бошқа нарсани баҳона қилиб қамаб юборишлари мумкин. Масалан, ‘Тонг юлдузи парвози’ фермер хўжалиги раҳбари Шоҳруҳни туман ҳокими биринчи теримдан кейин ерни шудгорлаб юборгансан, ‘қаматаман’ деб қўрқитган ва 30 гектар ерини захирага топшириш ҳақида ариза ёздириб олган”, — дейди исми сир қолишини сўраган қўрғонтепалик фермер.
Андижонда фермерлар ерларини хитойлик тадбиркорларга мажбуран олиб беришга уринишлар ўтган йили Озодлик суриштирувида ҳам кўтарилган эди.
Унда Андижон вилоятининг бир неча туманида фермерларнинг ер майдонлари хитойлик тадбиркорларга мажбуран олиб берилаётгани айтилади.
Суриштирув эълон қилингач, жараён вақтинча тўхтаган, аммо айрим фермерлар учун бу тўхташ узоққа чўзилмаган.
Фермерларнинг аксар қисми ўз ерларида ишлашда давом этган. Лекин ҳамма фермер ҳам эмас.
“Савай ариқ сувлари” фермер хўжалиги раиси Зоиржон Гаппаровга “бу ерлар хитойликларга ўтиб кетди” деган гапни Қўрғонтепа тумани қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Дилмурод Хўжамбердиев айтган.
Озодлик билан суҳбатда Дилмурод Хўжамбердиев бу гапни айтганини тасдиқлади, аммо “бу ўтган йилги гап” дея изоҳ берди:
“Хитойга деб айтилган эди, лекин Хитойга эмас. Ўзбекистонда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан дирекция ташкил бўлган, ер шу дирекцияга берилган. Ўша пайтда ‘Хитойга’, ‘Хитой инвестициясига’ дейилган, лекин унақа бўлмади. Сабаби Ўзбекистон ерлари хитойлик тадбиркорга, умуман чет эл фуқароларига берилмас экан.
Озодлик: “Ўтган йили хитойликлар қалампир экиб етиштирдими?”
— “Ҳа, ижарага олганда. У дирекциядан ижарага олган”.
Озодлик: “Демак, барибир бериляпти-да?”
— “Ижарага берилади. Ижарага мен бермайман, дирекция билан шартнома қилади. Туман ҳокими ҳам бермайди. Дирекция ким билан хоҳласа, шунга ижарага беради”, — деди Дилмурод Хўжамбердиев.
Қўрғонтепа тумани фермерлар кенгаши раиси Орифжон Қаюмов ҳам фермерлар ерларини “ихтиёрий равишда” захирага топшираётганини яна бир бор таъкидлар экан, ҳозирча ҳеч қандай хорижий, жумладан хитойлик инвестор кириб келмаганини билдирди.
Бироқ фермерлар бу баёнотларга қўшилмайди. Уларнинг таъкидлашича, туман ҳокимиятида ерни суд орқали тортиб олиш учун қонуний асос бўлмагани сабаб, ҳокимлик турли босим воситаларидан фойдаланиб, фермерларни “ихтиёрий” ариза ёзишга мажбурламоқда.
Дилмурод Хўжамбердиев Озодликка қарздор бўлиб қолган, режани бажара олмаган фермерларнинг ерлари “ихтиёрий” олинаётганини айтган. Шундай фермерлардан бири — Азизахон Эргашева.
Аммо Эргашева қарздор бўлиб қолишига ҳокимликнинг ўзи сабаб бўлганини айтади. Биринчидан, ер бонитети мос келмаса ҳам, фермерларга 40 центнердан пахта топшириш бўйича мажбурий шартнома қилдирилган. Оқибатда фермерлар қарзга ботган.
Иккинчидан, ҳокимлик тавсияси билан томчилатиб суғориш ўрнатиши керак бўлган фирма фермерлар ҳисобидан пулни ундириб олиб, тизимни ўрнатмасдан “жуфтакни ростлаган” — оқибатда ўнлаб фермерлар алданган, дейди фермер:
“Қарздорлик томчилатишдан бўлди. Биз президент қарорини бажарамиз деб томчилатишни Султонободга берганида, биринчилар қаторида мен ҳам ўрнатмоқчи эдим. Лекин пудратчи ташкилот пулни олиб, жуфтакни ростлади. Битта ҳовузни кавлаб қўйди-да, мендан 120 миллион сўмни ўтказдириб олиб кетиворди. Туманда 23 фермер, вилоятда 47 фермер жабр кўрди. Ваҳоланки, пудратчи фирмани ҳокимликнинг ўзи тавсия қилган эди.
Ундан ташқари, бизни мажбуран Скортинг кластерга ўтказди. Ерим тошлоқ жой эди, зўрға 18–20 центнер пахта берардик. Кейин 26, кейин 28 центнер  режа қўйди. Кейин эса мажбуран 40 центнерга шартнома қилдирди. Табиийки, бажара олмадик ва қарзга кириб кетдик”, — дейди Азизахон Эргашева.
Фермерларнинг иддао қилишича, ҳокимлик “хитойликлар” баҳонасида фермерлар ерларини олиб, бошқаларга бериб юборган. Бу жараёнларда ҳоким ёки бошқа мансабдорлар қандай манфаат кўргани ҳақида Озодликда расмий маълумот йўқ.
Азизахон Эргашева эса ернинг амалда бошқа шахсга бериб юборилганини айтади:
“40 гектар еримни ‘Хитойга деб’ олиб, қарор чиқаришди. Аслида эса Сайдалиев Баҳодир деган бойга берди. У келиб ерларни ‘реструктуризация’ қилиб, тергам борми, толим борми, ҳатто ипак қурти боқадиган тутларимгача суриб ташлади. Ерни теп-текислаб, қора гилос кўчати экишди. ‘Интенсив кўчат экамиз’, деди. Лекин интенсив эмас — ҳар ерда чиқиб қолган ёввойи қора гилос кўчатларни экишди. Ҳеч нарса эплай олишмади: сув йўқ, қуриб ётибди. Ҳозир борсангиз, ажириқ босиб, ўт босиб ётибди. Энди тилла бериб туриб, ёнига пул қўшиб берса ҳам қайтариб олмайман. Ерни расво қилиб бўлди. Талабим шу: ерни мажбурлаб олдими, меҳнатимни йўқ қилдими — энди бўйнимдаги қарздорлигимни ҳам ўзлари тўласин”.
Аввалроқ туман фермерлар кенгаши раиси “ерни фермер розилигисиз олиб бўлмайди: ё суд орқали олинади, ё ўзи ихтиёрий топширади” деган эди. Аммо фермерларнинг ҳеч бири судга чақирилмаганини, гўёки “ўз ихтиёри” билан ариза ёзгани айтилмоқда.
Зоиржон Гаппаровнинг таъкидлашича, бу “ихтиёрий” аризалар туман ҳокими Алишер Халилов босими билан олинган.
Озодлик суҳбатлашган яна икки нафар фермер ҳам орган ходимлари уларни уйидан ички ишлар бўлимига мажбуран олиб борганини ва ҳоким босими остида ариза ёзиб берганини айтган. Улар яна босим бўлишидан чўчиб, исмлари сир қолишини сўраган.
Бу воқеалар Вазирлар Маҳкамасининг қишлоқ хўжалиги ерларига хизмат кўрсатувчи дирекциялар ташкил этиш ҳақидаги қарори фонида кечмоқда. Қарорга мувофиқ, Андижон билан бирга яна олти вилоятда ижарага берилган ерларни иккиламчи ижарага бериш ваколатига эга дирекциялар тузилган.
Қарорга биноан Андижон, Жиззах, Наманган, Тошкент, Фарғона, Сирдарё ва Қашқадарё вилоятларида “Ижарага берилган қишлоқ хўжалиги ерларига хизмат кўрсатиш дирекцияси” МЧЖлари ташкил қилинган.
Ҳужжатда дирекция фаолияти 5 та штат бирлигидан иборат бўлиши, ижарага берилган қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланишни ташкил этиши, шунингдек, дирекцияга берилган ер участкасини (ёки унинг бир қисмини) маҳаллий ва чет эллик инвесторларга қонунчиликда белгиланган тартибда иккиламчи ижарага бериш вазифаси юклатилгани қайд этилган.
Расмий ҳужжатларда дирекциялар маҳаллий ва чет эллик инвесторларни жалб қилишга мўлжаллангани таъкидланади. Фермерлар ва айрим таҳлилчилар эса бу инвесторлар асосан хитойлик тадбиркорлар бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Зеро, ўтган йил давомида хитойлик тадбиркорларнинг Андижон вилоятидаги учта туманга мунтазам ташриф буюриб, қишлоқ хўжалиги ерлари билан танишгани ҳақида расмий хабарларда ҳам айтилади.
Фермерларга кўра, дирекциялар учун ер топиш ва ажратиш ҳокимликлар зиммасига юкланган. Шу сабаб улар фермерларнинг қонуний ижара шартномалари бўлишига қарамасдан, ерларни тортиб олишга уриниб келмоқда.
Айни пайтда Ўзбекистонда хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар сони ўсишда давом этмоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2024 йил 1 декабрь ҳолатига мамлакатда 17 минг 900 та хорижий сармоя иштирокидаги компания фаолият юритган.
Хитой бу сегментда етакчи бўлиб қолмоқда: хитой капитали иштирокида 4873 та корхона мавжуд бўлиб, бу хорижий иштирокдаги барча компанияларнинг 27,2 фоизини ташкил этади.
Фақат сўнгги бир ой ичида 142 та янги хитой ширкати ташкил этилган, бир йил давомида эса уларнинг сони 1500 тадан ортиққа кўпайгани қайд этилади. Бу кўрсаткич Хитой сармоясининг Ўзбекистон иқтисодиётидаги таъсири ортиб бораётганини кўрсатади.
Таҳлилчиларга кўра, Хитой Ўзбекистонни стратегик ҳамкор сифатида кўради ва энергетика, табиий ресурслар, геосиёсий таъсир ҳамда хавфсизлик йўналишларида манфаатлар кўзлайди. Шунингдек, савдо ва бозорни кенгайтириш, транспорт-логистика лойиҳаларини кўпайтириш, маданий ва таълимий таъсирни оширишга интилади.
Бироқ Ўзбекистондаги экин ерларининг чет эл сармоядорларига, айниқса хитойлик тадбиркорларга узоқ муддатли ижара асосида берилиши турли хавотирларни ҳам кучайтирмоқда.
Айримлар бундай амалиёт маҳаллий қишлоқ хўжалиги бизнеси имкониятларини чеклаши, ерга кимёвий воситаларни ортиқча қўллаш эса деградация хавфини ошириши мумкинлигини таъкидлайди.
Хитой томонининг Ўзбекистонга қанча инвестиция киритгани ёки қанча қарз бергани ҳақидаги тўлиқ маълумотлар доим ҳам очиқ эълон қилинмайди.
Шу боис, Андижондаги фермер ерлари атрофидаги вазият Хитой сармоясининг Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига кириб келиши қайси механизмлар орқали амалга ошаётгани ҳақида жиддий саволларни кун тартибига олиб чиқмоқда.
Кремл тарғиботи: Марказий Осиёга ҳарбий амалиёт
Унинг бу баёноти ўзбекистонлик ва марказий осиёлик сиёсатчилар, жамиятшунослар ва журналистлар томонидан қаттиқ танқидларга сабаб бўлди.
Аммо на Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги на Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар ҳукуматлари ҳам бунга ҳозирча муносабат билдирди.
Россия телеканалининг бошловчиси Владимир Соловёв бу гапларини Ютубдаги ўзининг “Соловёв Лайф” каналида айтди.
«Биз ҳозир Сурия ёки Венесуэла билан шуғулланишимиз керак эмас. Биз ўз позицияларимизни йўқотмаслигимиз лозим, аммо биз учун энг муҳим ҳудуд — яқин хориж. Биз учун Арманистонда нима бўлаётгани Венесуэлада нима бўлаётганидан анча оғриқли. Арманистонни йўқотиш — мана шу улкан муаммо. Муаммо бизнинг Осиё, Ўрта Осиё ёки уларнинг таъбири билан айтганда Марказий Осиёда. Биз учун ана шу улкан муаммо бўлиши мумкин.
Биз ўз мақсад ва вазифаларимизни жуда аниқ белгилаб олишимиз керак. Биз тушунтириб қўйишимиз керак - ўйинлар тугади. Халқаро ҳуқуққа ҳам, халқаро тартибга ҳам тупуриш керак.
Агар миллий хавфсизлигимиз учун Украина ҳудудида махсус ҳарбий операцияни бошлаш зарур бўлган бўлса, худди шу мулоҳазалардан келиб чиқиб, нега биз ўз таъсир ҳудудларимиздаги бошқа нуқталарда ҳам махсус ҳарбий операция бошлай олмаслигимиз керак? Балки биз ўз миллий доктринамизни шакллантиришимиз лозимдир?», деди Владимир Соловёв
Соловёв ўз чиқишида халқаро ҳуқуқ ва халқаро тартибни очиқ инкор этиб, Марказий Осиё давлатларида худди Украинада бўлгани каби “махсус ҳарбий операция” ўтказиш кераклигини айтди.
Сиёсатчиларнинг айтишларича, Кремльга яқин тарғиботчи Владимир Соловьёвнинг сўнгги баёноти яна бир бор Россия расмий сиёсати билан уни қўллаб-қувватловчи медиа риторикаси ўртасидаги хавфли чегарани кўрсатди.
Соловёвнинг бу баёноти Ўзбекистон ижтимоий тармоқларда фаол бўлган сиёсатчилар, жамиятшунослар,журналист ва блогерлар ўртасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.
"Соловёв билдираётган фикрлар, баёнотлар фақат ўзининг шахсий нуқтаи назари сифатида қолмайди. У билвосита Кремлнинг стратегик режаларини ошкор қилиб туради, яъни Россиянинг ташқи сиёсати қандай бўлишини олдиндан акс эттириб туради. Жумладан Украина билан боғлиқ можаролар бўлганда Украина Россиянинг бир қисми бўлиши керак, русийзабон миллатдошларимизни ҳимоя қилишимиз керак деб бонг урган ва Украинага нисбатан махсус ҳарбий амалиёт бошланишига замин яратиб берган эди", дейди Экология қўмитаси раиси маслаҳатчиси Расул Кушербаев.
Сиёсий фанлар доктори Шерзодхон Қудратхўжанинг ёзишича, Владимир Соловьёв тўғридан-тўғри эфирда аввал қоғозга ўраб келинган нарсани очиқ айтди: халқаро ҳуқуқни инкор этиш мумкин, суверенитет — шунчаки расмий атама, бошқа давлатлар эса бемалол «таъсир доираси» деб эълон қилиниши мумкин.
Сиёсатшунос фикрича, «Бизнинг Осиё» деган формула унинг оғзидан тасодифий чиққан сўз эмас, балки соф мустамлакачилик тилидир.
“Бу энди на баҳс, на таҳлил. Бу — урушни сиёсатнинг мақбул воситаси сифатида нормаллаштиришдир. Украина — прецедентга айланди, Марказий Осиё — овоз чиқариб айтилган хаёллар объекти, «таъсир доираси» эса хавфсизлик ҳақидаги сўзлар ортига яширилган ҳар қандай зўравонликни оқлаш учун универсал баҳонага айланмоқда. Экран орқали «ҳуқуққа тупурамиз» деб айтилганда, гап риторика ҳақида кетмаяпти. Гап — ният ҳақида. Тарих бундай баёнотларни ҳиссиёт сифатида эмас, балки далил сифатида қайд этади. Ва ҳар сафар унинг охири бир хил бўлади — эфирдаги алжиш билан оқлаб бўлмайдиган оқибатлар билан”, деб ёзади Шерзодхон Қудратхўжаев.
Ўзбекистонлик журналист Илёс Сафаровнинг Фейсбук саҳифасида ёзишича, Владимир Соловёвнинг Марказий Осиёда ҳам “махсус ҳарбий операция” ўтказиш мумкинлиги ҳақидаги баёноти – бу шунчаки ҳайп эмас, балки Россия пропагандасининг энг тажовузкор ва хавфли йўналишларини ифодаловчи сиёсий сигналдир:
“Сир эмас, рус пропагандаси – ҳақиқатни бузиш, қўрқув ва адоватни ишлаб чиқаришга хизмат қиладиган заҳарли ахборот маҳсулоти. Соловёв эса айни шу заҳарни оммага етказадиган энг фаол ва тажовузкор узаткичлардан бири. Соловёв Путинга яқин шахс сифатида кўп ҳолларда Кремл доираларида шаклланаётган қарашларни оммага мослаб, баландроқ ва кескинроқ шаклда ифодалаб келади, шу боис ҳам унинг бу чиқишини оддий телебаҳс даражасида баҳолаб бўлмайди”.
Илёс Сафаров фикрича, бундай баёнот у етиб борадиган жамиятлар онгини зўравонлик ва ҳарбий аралашувга олдиндан тайёрлашга хизмат қилади ва айниқса, Марказий Осиё каби геосиёсий жиҳатдан “сезгир” минтақа учун бу каби реал хавф сифатида қабул қилиниши керак.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Соловёв видеоси эфирга чиққанидан бир кун ўтган бўлса бунга муносабат билдирмади.
Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон Ташқи ишлар вазирликлари ҳам бу борада сукут сақлаган.
Биргина Арманистон Соловьёвнинг баёнотлари муносабати билан Россияга нота йўллади
«Арманистон Россиялик телебошловчи Владимир Соловьёвнинг изоҳлари муносабати билан Россияга дипломатик нота юборди», — деди Арманистон ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян. Бу ҳақда APA нашри Арманистондаги ОАВларга таяниб хабар қилди.
Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги Соловёв баёнотини Россия жамоат арбоблари томонидан «бузиб кўрсатилган ва қабул қилиб бўлмайдиган баҳолашлар» деб атаган.
СССР парчаланганидан кейин мустақил давлатлар пайдо бўлганига қарамасдан, айрим Россия элиталари ҳали ҳам бу ҳудудларни Москва таъсир доираси сифатида кўради.
Сиёсатчиларга кўра, Украина уруши айнан шундай пропагандистик риторикадан бошланганини ҳам унутмаслик керак. Илгари “телевизорда айтилаётган гаплар” сифатида қабул қилинган тезислар кейинчалик расмий сиёсатга айлангани маълум.
Жириновский, Соловёв каби сиёсатчилар Украинани босиб олиш ҳақида ҳали уруш бошланмасдан олдин айтиб, россияликларнинг онгига сингдириб борган.
Соловьёв, шунингдек бошқа рус шовинистик доираларига яқин журналистлар ва сиёсатчилар Қозоғистоннинг шимолий ҳудудлари Россияники эканлиги, Марказий Осиё давлатларининг “тарихий Россия билан боғлиқлиги” ҳақида таҳдидомуз баёнотлар бериб келган.
Бундай чиқишлар одатда расмий Кремль томонидан очиқ қўллаб-қувватланмайди, аммо инкор ҳам этилмайди. Шу орқали, сиёсатшунослар фикрича, пропаганда майдонида “имконлар доираси” кенгайтирилади.
Инстаграм ижтимоий тармоғида Арманистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон блогерлари Соловёвнинг баёнотларига ўз муносабатларини билдиришда давом этмоқда.
"Менинг тушунишимча, Соловьёв Арманистонда СВО ўтказишга ишора қиляпти, кейин Ўрта Осиёда, кейин Озарбайжонда. Менимча, Соловьёв буни шунчаки айтмаяпти; ундан ҳам хавфлироғи — унга бундай гапларни айтишга имкон бераётганлар. Тушуняпсизми, у ерда уддалай олишмади, энди бу ёққа ўтиб келяпти. У ерда йўқотишди, бу ерда йўқотишди, энди эса бу томонга. Биз ўзимиз уддалаймиз, арманлар ҳам ўзлари ҳал қилади. Умид қиламанки, арманлар аста-секин ким ким эканини англаб ета бошлаяпти", деб ёзди блогер Камран Размовер.
"Оддий қилиб тушунтираман: Қозоғистон — сизларнинг таъсир ҳудудингиз эмас, ҳовлингиз ҳам эмас, навбатдаги нуқта ҳам эмас. Экран орқали “бизга ҳамма нарса мумкин” деб гапириш — бу куч эмас, бу қўрқув! Биз тинчмиз, қолганини синаб кўришни маслаҳат бермайман — тишингизни синдирасиз! Олға, Қозоғистон!", деб ёзди қозоғистонлик блогер Максим.
Ҳа, айтмоқчи, Соловёв фамилияси “соловей” яъни “булбул”дан олинган. Ижтимоий тармоқ фаолларидан бири Соловёвга шундай маслаҳат беради:
“Соловёвнинг айтганларига ҳам, унинг империячилик амбицияларига ҳам тупураман. Биз унга мана бу ўзбекча иборани ўрганишни тавсия қиламиз.У сўзма сўз шундай таржима қилинади: “Ўзингнинг булбулчанг билан ўйна”.
QR - рецепт: Дорихўрлик тугайдими?
Аммо шифокорларга кўра, амалиёт - ҳали тегишли инфратузилма яратилмай туриб жорий этилган ва оддий дориларга эҳтиёжи бор хасталар азият чекмоқда.
Ўзбекистон инсон саломатлиги учун қўлланиладиган барча дори-дармонни QR кодлари билан электрон рецептлар орқали сотишни талаб қиладиган янги қоидаларни жорий қила бошлади.
10 декабрдан Тошкент шаҳри ва мамлакатнинг 15 та туман ва шаҳарида дорилар электрон рецепт асосида берилиши йўлга қўйилди.
Содда қилиб айтганда, энди қоғоз рецептлар бўлмайди. Бемор одам шифокорга мурожаат қилиши, у эса дори рецептини ДМЭД номли тиббий ахборот тизимига киритади. Бемор телефонига юборилган QR код орқали бемор дорини аптекадан сотиб олиши мумкин.
Бу янгилик жамиятда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Шифокорларнинг айтишича, асосий мақсад тўғри қўйилган.
Агар рецептсиз дори сотиш тақиқланишига эришилса, аҳолини ўзбошимчалик билан дори истеъмол қилишдан ҳимоя қилиш, антибиотиклар ва гормонал препаратларни суиистеъмол қилишни тўхтатиш ҳамда болалар ва кекса инсонлар соғлиғини асраш мумкин бўлади.
Шифокор Муаззам Иброҳимованинг Фейсбукдаги саҳифасида ёзишича, агар бу ислоҳот нотўғри амалга оширилса, у фойда ўрнига зарар келтириши мумкин.
“Агар дориларни бир кундаёқ, барчасини рецептисиз сотишни тақиқлаб қўйсак:
оддий аҳоли қийналади; навбатлар, асабийлик, норозилик кучаяди;
қора бозор пайдо бўлади; “таниш орқали” рецепт ёзиш авж олади;
энг ёмони — бу ҳолат фармацевтик мафия учун жуда қулай муҳит яратади.
Чунки талаб бор жойда ноқонуний таклиф ҳам бўлади”
Ўзбекистонликлар бу қарор кучга киргач шифокорлардан электрон рецепт ёздириб олиш қийинлашиб кетгани ҳақида ижтимоий тармоқларда ёзмоқда. Поликлиникаларда шифокор қабулига кириш навбатлари янада кўпайди.
“Бугун шифокорга бордим. Шифокор сани дардингни тинглаб, санга тўғри назначение бир орасида компьютерда дорини излаш ва рецепт ёзиш билан 2 соат ҳар бир беморни кўряпти. Шу тизим тўғрими энди. Ўзи врачга боришдан безиллар эдик. Энди 3 баравар безиллашни бошладик. Бу яхшиликка олиб келмайди. Одамларни таранг асабини янада зўриқишига олиб келади", деб ёзади ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси Гулнора Умарбекова
Шифокор Муаззам Иброҳимова ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида ёзишича, бу тадбирни босқичма босқич амалга ошириш керак эди.
Биринчи босқичда, яъни 3 ой мобайнида электрон рецепт фақат антибиотиклар, гормонал препаратлар, психотроп дорилар ва кучли оғриқ қолдирувчи дорилар учун берилиши керак:
"2-БОСҚИЧ (4–8 ой)
Қўшимча равишда:
юрак-қон томир дорилари
қандли диабет препаратлари
қон босимига таъсир қилувчи дорилар
Электрон рецепт тизимини ишга тушириш, поликлиникаларда шифокорларга юкни камайтириш".
Шифокор фикрича, сўнгги учинчи босқич, яъни бир йилда тизим тўлиқ шаклланади, дорихоналар сони табиий равишда қисқаради, дори бозори соғломлашади.
Мутахассисларнинг айтишларича, сўнгги йилларда Ўзбекистон дорихўр мамлакатга айланди. Шаҳар ва туманларда аптекалар шунчалик кўпайдики, одамлар ҳатто дўхтирга ҳам бормай аптекачиларнинг ўзларига касалини айтиб, дори олиб истеъмол қилиш урфга айланди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг ўтган йилги маълумотига кўра, мамлакатда 15 253 та дорихона мавжуд. Бу ўртача 2 400 кишига битта дорихона тўғри келади, деганидир.
Статистикага қаралса, Ўзбекистонда аҳоли сўнгги ўттиз йил ичида икки баравар кўпайган бўлса,  дорихоналар сони етти баравар ошган.
"Чет элда дорихона кўп эмас рецептсиз антибиотиклар сотолмайди, тўғри. Биздачи дори бизнеси кимнинг қўлида. Қадамда дорихона. Халқни дорига ўтқазиб бўлиб, худди ҳавосиз кислородини бўғгандек бўлди. Қора бозор ривожланади энди, хусусий клиникаларни тўлдирамиз, текшириш учун керак-кераксиз анализлар, уқувсиз врачни шартномаси бор аптека, фирмаларнинг дориси сотилиши кўпаяди. Коррупция ривожланади. Амалдорлар олиб кирган, тендерсиз ютиб олган дориларни ёппасига аҳолига ёзиб олдиради, поликлиникалар, хусусий клиникаларни олдида ўладиган беморлар бўлади. Қисқаси бу меҳр ортида мана нима бор. Халқни пулини ечиш, ва бюджет пулини ечиш механизми бу", деб ёзади Фейсбук фаоли Дилбар Набиева.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов 14 декабр куни журналистларга берган интервюсида «Ўзбекистонда дори воситалари билан боғлиқ коррупцион механизм кўпроқ шаклланган» деди:
"Рецепт билан бериладиган 11 900 турдаги дори-дармоннинг 7600 таси импорт қилинса, шундан 65 фоизи, яъни 4960 таси фақат Ўзбекистон учун ишлаб чиқарилган. Биз ўрганган 10 та давлатнинг ичида бунча дори турлари умуман топилмади. Бу — жуда ҳам ёмон кўрсаткич. Қанақасига дори ишлаб чиқарувчилар Ўзбекистон учун алоҳида дори ишлаб чиқарган? Бу мантиқсиз”, дейди  Фармацевтика агентлиги директори Абдулла Азизов.
Ўзбекистонлик шифокор, нейропсихолог Зариф Ибодуллаевнинг айтишича, Ўзбекистон бозорини қалбаки дорилар босиб кетган ва бунга барҳам бериш мақсадида жорий қилинаётган электрон рецепт тизими тўла ишга тушса ижобий ўзгариш бўлади:
"Биринчидан, врачлар далилларга асосланган тиббиёт тизимига ўтишга мажбур бўлади.  врачлар даволаш ва диагностика стандарти бўйича ишлашга мажбур бўлади. Кўз олдингизга келтиринг, врач ташхис қўйди, электрон тизим бўйича рецепт ёзди ва бемор бориб аптекадан дорини олди. Эртага Соғлиқни сақлаш вазирлиги жуда катта экспертлар гуруҳини ташкил қилсин ва мана шу ёзилган рецептлар орқали врачларнинг билимини текшириш мумкин бўлади. Уларнинг малакавий билимини баҳолаш имкони бўлади. Чунки менимча, 70 фоиз врачларимиз даволаш, диагностика протоколларига амал қилмайди. Аптека билан ҳатто оддий дўхтирларнинг коррупцион боғланиш тизимлари мавжуд. Тўртта дори ўрнига саккизта дори ёзишларини биз кўп айтганмиз".
Зариф Ибодуллаевнинг айтишича, фармацевтика соҳасидаги коррупцион схемалар илдизлари юқорида турган раҳбарларга, профессор ва соҳа мутахассисларига бориб тақалади:
"Фармацевтика бизнесидаги коррупцион схеманинг энг юқори тизимини мен аввал ҳам айтган эдим.  Кафедра мудирлари ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош мутахассисларининг эшигини олдида доимо фармкомпанияларнинг вакиллари туради.  Қрамкомпаниялар катта-катта анжуманларга ҳомийлик қилиб баъзи нопок профессорларни сотиб олади. Қайси фармкомпания уни чет элга юборган бўлса, қайси ҳомийлик қилган бўлса ўша дори мақтаб айтилаверади. Агар рецепт тизими йўлга қўйилса, бу нарслара тартибга тушади".
Шифокорнинг фикрича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутақил экспертлар гуруҳини тузиб ҳар уч ойда электрон рецепт бўйича берилган барча дориларни ким ёзиб берганидан қатъий назар экспертизадан ўтказиш керак ва ўшанда ҳамма нарса маълум бўлади.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти Ўзбекистонда амалга оширилаётган бу тадбирни мамлакат бўйлаб соғлиқни сақлаш хизматларида тенглик ва мавжудликни мустаҳкамлашга хизмат қилишдаги ютуқ деб баҳолади.
Ташкилотга кўра, бу томонларнинг узоқ йиллик ҳамкорлиги ва ЖССТнинг Ўзбекистондаги мамлакат офиси ҳамда Европа минтақавий офисининг доимий кўмаги натижасидир.
Айни пайтда, бирданига амалиётга киритилган бу тадбир шифокорларни ҳам шошириб қўйди, ҳамда беморларнинг керакли дори харид қилиш имкониятини пасайтирди.
Электрон рецептнинг асосий мақсади — дори воситалари устидан назоратни кучайтириш. Лекин ҳозирча бу назорат биринчи навбатда беморга қийинчилик туғдиряпти.
Илгари шифокор ёзиб берган қоғоз рецепт билан дори олиш мумкин бўлган ҳолатда, эндиликда бемор электрон тизим ишламай қолса ёки код келмаса, дорисиз қолиши мумкин.
Электрон рецепт масаласида яна бир оғриқли нуқта — ёши катта фуқаролар смартфон тутмайди. QR-код, электрон идентификация каби тушунчалар улар учун бегона.
Рақамлаштириш ҳақида гап кетганда, аввало интернет, техника ва ягона стандартлар бўлиши шарт. Аммо амалда айрим қишлоқ врачлик пунктлари ва дорихоналарда, интернет узлуксиз эмас, компьютер ва дастурлар эски, техник мутахассис йўқ.
Бундай шароитда электрон рецепт жорий этиш, шифокорларга кўра тизимни эмас, беморни синовдан ўтказишга ўхшайди.
Яна бир жиддий муаммо шифокорлар юкламаси. Электрон рецепт тўлдириш, тизимга кириш, маълумотни қайта-қайта сақлаш шифокорнинг асосий вазифаси беморни кўрикдан ўтказиш ва даволашдан чалғитмоқда.
Айрим тиббиёт ходимларининг айтишича, битта беморга сарфланадиган вақт қисқариб, навбатлар узаймоқда. Бу эса сифатли тиббий хизмат ҳақидаги гапларни шубҳа остига қўяди.
Электрон рецепт коррупцияга чек қўяди, деган даъволар ҳам бор. Аммо тизим мукаммал бўлмаса, у қўшимча бюрократик тўсиқка айланиши мумкин. Масалан, баъзи ҳолларда бемор шифокор қабулига фақат рецепт олиш учун қайта-қайта боришга мажбур.
Электрон рецепт тизими жорий этилишидан олдин, мутахассислар фикрича, инфратузилма тўлиқ тайёрланиши, шифокорлар иши енгиллаштирилиши аҳолига тушунтириш ишлари олиб борилиши керак эди.
Акс ҳолда электрон рецепт соғлиқни сақлаш тизимини енгиллаштирмайди, балки бемор учун навбатдаги бюрократик синовга айланади.
Ислоҳотнинг ҳақиқий самараси ҳисоботларда эмас, шифокор қабулига соатлаб навбат кутиб турган ёки оддий бош оғриқ дорисини эркин сотиб ололмаётган бемор тақдирида кўрилиши керак.
Мақола нашрга тайёрланаётган пайтда, электрон рецептларни жорий қилиш қарори ҳақида мана бу хабар келди.
Вести.уз сайтининг ёзишича, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги электрон рецептлар бўйича ўз буйруғига ўзгартиш киритган.
Вазирликнинг дори воситалари учун электрон рецептларга 2026 йил давомида босқичма-босқич ўтишни назарда тутувчи янгиланган буйруғи эълон қилинди.
Янги қоидалар жамиятда катта муҳокамаларга сабаб бўлгани ортидан баҳсли қарор бекор қилингани айтилади.
Ўзгартишларга кўра, рецептсиз дори сотиб олишга тўла тақиқ бўлмайди, ҳозирча фақат антибиотиклар ва тизимли гормонал дори воситалари рецепт асосида берилади.
Ўтиш даврида тушунтириш ишлари олиб борилади ҳамда сурункали касалликка чалинган беморларни ҳимоя қилинади.
Когондаги портлаш: Нима маълум?
Расмий хабарларга кўра, яна тўрт киши жароҳат олиб, касалхонага ётқизилган.
Исми сир қолишини сўраган когонликлардан бирининг айтишича, аҳоли портлаш овозига унча эътибор бермаган.
“Корхонада ишлаб чиқарилган, лекин брак чиққан портловчи снарядларни ҳар замон унча узоқ бўлмаган полигонда портлатиб туришарди. Шунинг учун биз бу портлаш овози ҳам ўшаларники бўлса керак, деб аҳамият бермадик. Кейин билсак, ўша цех портлаган экан”.
Ҳодиса 6 декабрь куни соат 09:40 да «Мустақиллик» МФЙ ҳудудида жойлашган “Shams Ltd” корхонасига қарашли, тоғ-кон саноати корхоналари учун портловчи моддалар ишлаб чиқариш цехида содир бўлган ва катта ёнғин келиб чиққан.
Ҳозиргача портлашнинг аниқ сабаблари ҳақида маълумот берилмаган.
Озодликнинг аниқлашича, вафот этганлардан бири Когонда таниқли бўлган, узоқ йиллар колхоз раиси бўлиб ишлаган, кейин фермерлик қилган Эркин Ашуровнинг набираси бўлган.
“Бу йигит тўрт ой аввал уйланган эди. Тўйида қатнашган эдик. У ўша корхонада компьютерчи бўлиб ишлар экан. Қандай қилиб ўша пайт цехга бориб қолгани номаълум. Портлаган нарсанинг осколкаси бунга ҳам етган экан. Жуда кўп қон йўқотган ва касалхонада жон берган. Ҳозир портлашдан жароҳатланган яна 4 киши касалхонада. Уларнинг аҳволи барқарор-оғир, дейишмоқда”, дейди когонликлардан бири.
Когонликларнинг айтишларича, корхона милиция ва хавфсизлик ходимлари томонидан ўраб олинган ва ҳеч қандай маълумот берилмаяпти.
Когон тумани ҳокимлигининг исми сир қолишини сўраган бир мулозимининг айтишича, “SHAMS LTD” МЧЖни очган шахслар собиқ МХХ ходимлари бўлган:
“Бу корхонанинг эгаси асли наманганлик. Аввал ‘SHAMS RUBIN’ деган, темир-терсак билан ишлайдиган корхонаси бор эди. Асли МХХдан чиққан болаларники эди. Ички хавфсизлик бошлиғи бўлган. Кейин ‘SHAMS LTD’ МЧЖни очган. Навоий комбинати учун портловчи моддалар ишлаб чиқарадиган корхонага лицензияни ҳар ким ҳам ололмайди. Аслида унинг ҳақиқий эгаси ким эканини ҳеч ким билмайди. МЧЖ ҳам бошқанинг номига очилган бўлиши мумкин”.
Orginfo.uz сайтида “SHAMS LTD” МЧЖ директори Фазлитдин Муҳитдинов эканлиги кўрсатилган.
МЧЖ манзили Наманган вилояти, Тўрақўрғон тумани, Оқтош шаҳарчаси, Оқтош МФЙ деб қайд этилган.
МЧЖ 2023 йилда сейсморазведкада портлатиш ишлари учун оддий аралашма аммиак-селитра портловчи моддаларни етказиб бериш ҳамда эмульсион портловчи моддаларни етказиб бериш бўйича тендерларда ғолиб бўлгани айтилмоқда.
Озодлик “SHAMS LTD” МЧЖнинг orginfo.uz сайтида кўрсатилган телефон рақамига бир неча бор қўнғироқ қилди, аммо жавоб бўлмади.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, Шавкат Мирзиёев топшириғига мувофиқ Саноат хавфсизлиги қўмитаси раиси Абдуваққос Рафиқов бошчилигида масъул вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат Ҳукумат комиссияси тузилган.
Ҳукумат комиссиясига жабрланганларга зарур ёрдам кўрсатиш, портлаш оқибатларини бартараф қилиш, ушбу бахтсиз ҳодисанинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ҳамда келгусида бу каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кўриш вазифаси юклатилган.
2008 йилнинг 10 июль кечаси Когон туманида жойлашган ҳарбий қисм омборида кучли портлаш рўй берган эди.
Расмий маълумотларга кўра, бу портлашлар натижасида уч киши нобуд бўлган, 20 дан ортиқ фуқаро тан жароҳати олган.
Аммо ўша пайтда мустақил текширув ўтказган Ўзбекистондаги Қийноқларнинг олдини олиш ва қийноқларга қарши тезкор гуруҳи ҳисоботида тахминан 27 киши ҳалок бўлгани ёзилган эди.
Ўшанда ҳам портлаш қандай ва нима сабабдан содир бўлгани, қандай кўламда содир бўлгани, қанча уй вайрон бўлгани, қанча одам ҳалок бўлгани, расман тан олинган 3 нафар қурбон ким экани, жароҳатланганлар қаерда экани каби ўнлаб саволлар жавобсиз қолган эди.
"Болалар ва кексалар нафас олишга қийналяпти"- Бойсунни яна заҳарли газ қоплади
Озодлик суҳбатлашган бойсунликларнинг айтишларича, ҳаво ифлосланиши кучайган, нафас қисиш, аллергия ва юрак-қон томирлари касаллиги бор беморларнинг аҳволи оғирлашган. Касалхона ва поликлиникаларга мурожаат қилган беморлар сони кескин кўпайган.
Энергетика вазирлиги “М-25” конида вазият барқарор ва мутахассислар назорати остида эканини айтиб чиқди. Вазирлик ҳодисани "аввалдан ёқиб қўйилган оловнинг вақтинча сўниш ҳолати" дея таърифлади.
Бойсунлик фаол Фахриддин Тиллаевнинг 2 ноябр куни Фейсбукдаги саҳифасида ёзишича, газ чиқаётган ҳудудга яқин қишлоқларда нафас олиш қийинлашган:
“Бугун! Маҳаллий вақт билан соати 14.00 ларда Бойсун тумани "Кофурун" ("Мустақилликнинг 25-йиллиги") қишлоғида кучли портлаш содир бўлди. Бу кучли портлаш эвазига, ўткир олтингугурт моддаси бутун Бойсунни тезлик билан қоплаб олди. Кучли портлаш натижасида бутун Бойсун чанг ва тутун қуршовида қолди. Бойсунликлар кўчаларга чиқишни хам, юришни хам билмай қолишди. Ҳозирги вақтда маҳаллий аҳоли уйларида дераза ва эшикларни маҳкам ёпиб, жон сақлаб ўтиришибди. Газнинг ўткир ҳиди ёш болаларга ва кексаларга жуда ҳам қаттиқ таъсир қилмоқда”.
Мунтазам отилиб чиқаётган газ ҳидидан қийналаётган 14 яшар Мумтозабегим Озодлик билан суҳбатда 2 ноябрь куни яна нафас олиши қийинлашиб, касалхонага тушганини айтди. Мумтозабегим бронхиал астма касаллигининг тўртинчи даражасидаги бемор:
"Кечаси билан ухлолмай чиқдик. Бугун дарсга бордим, лекин тўртинчи соатда нафас олишим қийинлашди, ўқитувчилар "тез ёрдам" чақирди. Касалхонда дори-дармон қилишгандан сўнг аранг ўзимга келдим".
Тармоқларда тарқалган видеоларда газ олови вулқонга ўхшаб отилаётгани кўринади. “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конида ишлаётган ишчиларнинг ўз Телеграм-каналида ёзишича, бу жойдан аввал газ отилиб чиққан ва у чуқур жой бўлган, кейин уни ўчириш учун кўмиб ташланган. Аммо газ бу уюмни ҳам ёриб чиққан.
“Ўшани гирдига тупроқ уйган, газ кўтарилмасин деб, олдин чуқурлик жойда эди”, деб ёзиди кон ишчиларидан бири.
Бойсунликларнинг айтишларича, 2 ноябр куни ёнғин ўчирилган бўлиши мумкин ва шунинг учун ҳам шаҳарни қўланса ҳид босди.
"Бир ҳафтадан бери шунақа ҳид босган, ҳаво тумандай, ҳеч нарса кўринмаяпти. Эшик ва деразалар "Акфа", ёпиб олганмиз, лекин кириб келяпти. Кечадан бери ухламадик. Бомдодда турамиз, кечадан бери ёш болалар ва оналар нафаси қисиб "тез ёрдам" касалхонага кетиб қоляпти. Икки кундан бери кўчада одам юрмаяпти, ҳокимиятга арз қилиб борсак, мелисани чақириб, зўрлик билан тарқатиб юборяпти".
Ижтимоий тармоқларда тарқалган бошқа бир видеода газ отилиб чиққан жой ўчирилгани кўрсатилади, аммо, ёнғин ўчирилган бўлса-да, газ отилиб чиқаётгани кўриниб турибди. Бойсунликларни ташвишга солаётган ва ҳавони булғаётган ҳам ана шу ёнмаган газнинг ҳиди экани айтилади.
Ер юзидаги ёнғинларни сунъий йўлдош орқали кузатиш ва реал вақтда маълумот бериш тизими - АҚШ Миллий Аэронавтика ва Космос Идораси, NASA харитасидан Бойсундаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги кони”да ёнғин содир бўлганини аниқлади.
НАСА харитасида конда ёнғин содир бўлган жой аниқ кўрсатилган ва ўша ердан қалин тутун кўтарилаётгани акс этган.
Бойсундаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конида биринчи фалокат 2024 йилнинг 1 сентябр куни содир бўлган, вазиятни барқарор қилиш учун қарийб икки ҳафта вақт кетган эди.
Аммо 17 сентябрда яна портлаш содир бўлди ва бу фожиада тўрт нафар ишчи ҳалок бўлди.
Орадан уч ой ўтиб расмийлар газ сизиб чиқаётган қудуқлар батамом ёпиб ташлангани ҳақида баёнот берди.
Аммо, газ кондан эмас, атрофдаги майдонларнинг ёриқ ерларидан сизиб чиқа бошлади ва расмийлар ҳидни камайтириш учун уларни ёқиб юборди.
Шамолнинг эсишига қараб газ Бойсундан ташқари қўшни туманларгача етиб бораётгани айтилди.
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги бир йил орасида вазият назорат остида экани айтилган баёнотлар билан чиқди, аммо газ конида юз берган фалокат оқибатлари тўлиқ бартараф этилмади.
Тармоқ фойдаланувчилари газ осмонга ўрлаётган кон атрофидаги аҳоли ҳар йили қишда газсизликдан азият чекишини эслатишмоқда.
Тасдиқланган заҳираси бўйича минтақадаги энг йирик (109 миллиард кубметр) ҳисобланган “Мустақилликнинг 25 йиллиги” газ кони муқаддам Озодлик суриштируви марказида бўлган.
Озодлик ихтиëридаги ҳужжатлар нафақат Surhan Investments Limited таъсисчиларининг Natural Gas-Stream, Eriell, Enter Engineering, Газпромбанк тасарруфидаги бошқа компанияларга алоқадорлиги, балки юзлаб миллион долларнинг бу компаниялар орасидаги сирли ҳаракатини ҳам кўрсатган эди.
Озодликнинг ўтган йил январидаги энергетик инқироз авжида эълон қилган суриштируви Ўзбекистоннинг йирик газ конлари ва иншоотлари шубҳали схемалар воситасида Ўзбекистон ҳукумати ва Кремлга яқин олигархларга бериб юборилганини ўртага чиқарган.
Ўзбек расмийлари Озодлик суриштируви хулосаларини рад этишга уринганлар, аммо расмий раддия янада кўпроқ саволларни ўртага чиқарган.
Орадан 3 йил ўтган эса-да, Ўзбекистон ҳукумати ҳозирга қадар нима учун миллиардлаб кредит ва инвестицияларга қарамасдан, газ заҳираларига бой мамлакат аҳолиси куз ва қиш мавсумида газсизликдан азият чекиши ҳақидаги саволга ҳануз маънили изоҳ бермаган.
Миллий армияни шакллантирган генерал вафот қилди
Рустам Аҳмедов илгари Совет армияси тизимида хизмат қилган, лекин мустақилликдан сўнг армияни миллий асосда қайта қуриш ташаббусчиларидан бири бўлган. Унинг ташаббуси билан миллий ҳарбий академия ва Қуролли кучлар бош штаби тизими шакллантирилди.
Шу йил июн ойида AlterEgo лойиҳасига берган интервюсида Рустам Аҳмедов ўз фаолиятини шундай баён этган эди:
“Мен умримдан бир кун қолса ҳам давлатга хизмат қилган бўлардим. Сиз ҳозир кўриб турибсизку, миллионлар ишлаган баъзи раҳбарлар билан нима ишлар қилишяпти? Ҳалол ном, тоза ном пулдан кўра қадрлидир”.
Таҳлилчилар фикрига кўра, Рустам Аҳмедов президент Ислом Каримовга ўз нуқтаи назарини қўрқмасдан ифода этиши ва унинг кўзига тик қараб гапира олиши билан ажралиб турган.
У Каримовнинг ҳарбий масалаларга сиёсий аралашувини танқид қилган ва армияни партияга ёки шахсга боғлиқ эмас, давлатга садоқатли тизим сифатида кўришни талаб қилган.
1997 йил сентябрида у лавозимидан озод этилди ва бир йил Фавқулодда вазиятлар вазирлигини бошқарди. Вазирликдан четлатилиш сабабини у бундай изоҳлаган:
“Каримовнинг маслаҳатчилари Олимов ва Ғуломовга мен ҳеч қачон қуролли кучлар ишига аралашишга йўл қўймас эдим, чунки улар учун қуролли кучлар ‘маззали луқма’ эди. Президентнинг ўзига хабар берсам, у ҳам уларни тўхтатарди. Уларга қўлбола, бўйсунувчан вазир керак эди. Мана, бир ҳолат: Ғуломов мени ИИВга 5 минг автомат беринг, деб чақирди. Мен “қайси асосда?” деб сўрадим. У айтдики, президент билан келишилган. Мен Каримовга чиқиб, мана Зокир Алматовдан хат бор экан, сиз рози бўлганмисиз, деб сўрадим. У тасдиқланган тартибда беришни буюрди. Мен ҳам: ‘Ҳар бир автоматга 150 доллардан тўласин’, дедим. Уларга бундай вазир керак эмас эди. Шунинг учун мени ишдан олишди. Чунки бу Каримовнинг энг оғриқли жойи эди”.
Рустам Аҳмедов мудофаа вазири бўлган пайтда ҳарбий тузилмаларда коррупция йўқлиги, армияда “дедовшина”га чек қўйилиши ва аскарларнинг озиқ-овқат таъминоти яхши экани таъкидланган. Унинг вазирлиги даврида бирор жойда ўғрилик ёки сўкиш ҳолатлари қайд этилмаган.
Тарихчилар ва ҳарбий мутахассислар фикрича, генерал-полковник Рустам Аҳмедов мустақил Ўзбекистон тарихида энг юқори баҳоланган ва ҳурмат қозонган мудофаа вазири бўлиб қолмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон армияси Марказий Осиёда энг кучли қуролли кучлардан бири саналади. Аммо Рустам Аҳмедов орзу қилган “фақат халққа хизмат қиладиган, сиёсатдан холи армия” ғояси ҳали тўлиқ амалга ошмаган, деган фикрлар ҳам бор.
Армияда ёшлар тарбияси, кадрлар узлуксизлиги ва замонавий стратегия масалалари ҳануз долзарблигича қолмоқда. Истеъфодаги полковниклардан бири Озодликка шундай деган:
“Тўғри, армияда ислоҳотлар ўтказилган, лекин бюрократия, фарқли маошлар, коррупция каби муаммолар сақланиб қолган. Ҳарбий хизмат кўп ҳолларда фақат карьера воситаси сифатида қабул қилинади. Мудофаа вазирлиги фаолияти жуда ёпиқ, жамоатчилик назорати етишмайди. Армияда кадрлар танлови кўпинча шахсий садоқат асосида амалга оширилади. Ҳозирги тизимда ‘ҳақ сўзни президент кўзига қараб айта оладиган генерал’ қолмаган”.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда ёшлар бир йиллик ҳарбий хизматга чақирилади, аммо жисмонан соғлом ва бўйи баланд йигитлар танлаб олинади.
Таҳлилчиларнинг айтишича, бундай ҳарбий хизмат йигитлар учун орзу ҳисобланади, чунки хизматдан сўнг куч ишлатар тизимларига ишга ва олий ўқув юртларига имтиёзли ўқишга кириш имкониятлари пайдо бўлади.
Муқобил, бир ойлик ҳарбий хизмат тўлови эса жуда юқори: 2025 йил августидан 8,085,000 сўмдан 8,897,000 сўмга кўтарилган, бу камбағал оилалар учун қийин.
Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён мамлакат мудофаа тизими бир неча бор ислоҳ қилинган ва вазирлар тез-тез алмашган.
Илк мудофаа вазири генерал-полковник Рустам Аҳмедов 1991–1997 йилларда лавозимда бўлган. Кейинги йилларда вазирлар орасида Баходир Тошматов, Қобул Бекназаров, Қодир Ғуломов, Ҳикматулла Турсунов, Абдусалом Азизов, Баходир Қурбонов ва бошқалар бор.
Қодир Ғуломов 2005 йилги Андижон воқеаларидан кейин лавозимидан четлатилган.
Мирзиёев даврида 2017 йилда мудофаа вазири этиб тайинланган генерал Абдусалом Азизов кейинчалик Давлат хавфсизлик хизмати раиси лавозимига ўтди.
2019 йилда мудофаа вазири этиб тайинланган Баходир Қурбонов 2024 йилда ДХХ раиси бўлди. 2024 йил ноябр ойидан бошлаб генерал-майор Шухрат Холмухаммедов Ўзбекистон мудофаа вазири лавозимини эгаллаб келмоқда.
Наманганда имомларнинг хотинларидан ҳижобни ечиш талаб қилинди
Бу ҳақда Озодликка шикоят қилган, исми сир қолишини сўраган имомлардан бирининг айтишича, Наманган шаҳридаги масжидлар имомларининг хотинлари махсус мажлисга чақиртирилиб, улардан ҳижобдан воз кечишни, акс ҳолда эрлари ишдан бўшатилиши ҳақида огоҳлантирилган.
Наманган вилояти ҳокимлигининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар масалалар бўлими бошлиғи Жамшид Ҳатамов томонидан ташкил қилинган бу мажлисни шу бўлим бошлиғининг ёрдамчиси Сайёра Исоқова олиб борган.
Мажлисда иштирок этган, исми сир қолишини сўраган аёллардан бирининг Озодликка айтишича, ҳар бир имом-хатиб, имом ноиби ва мутаваллиларнинг аёлларининг мажлисга келишини таъминлаб бериш Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилояти бўлими раҳбари Мусохон Аббосидиновга юклатилган.
Мажлисда қатнашганлар давомат қилиниб аёли келмаган имомларга ишдан бўшатиш билан таҳдид қилинган.
Хўш, нега диний идора бошқармаси вакиллари имомларнинг ўзини эмас, балки уларнинг аёлларини мажлисга чақирди?
Озодликда икки соатдан ортиқ давом этган мажлиснинг аудиоси бор.
Наманган вилояти ҳокимлигининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар масалалар бўлими бошлиғи Жамшид Ҳатамовнинг ёрдамчиси Сайёра Исоқова йиғилишда бундай дейди:
“Энди қонун бор. Ўша имомнинг аёли ёпиниб юргани учун судга чиқарилди. Олдин бурқа билан ёпиниб юришарди. Одамлар ҳозир анча тушуниб қолди, мумкин эмаслигини, энди рўмол билан ёпишни ўрганиб олдик-да. 184 прим 4 модда бор, Маъмурий кодексда. Маска бўладими, рўмол бўладими,ички ишларнинг қўлига тушсангиз мен сизга ҳеч қанақа ёрдам беролмайман. Агар имомларимизнинг хотинларидан бирортаси қўлга тушадиган бўлса, эрингизни аяб ўтирмайди”
Мажлисда иштирок этган аёллардан бирининг сўзларига кўра, Сайёра Исоқова шундай усул билан имомларнинг аёлларига босим ўтказган ва у чиқишида “Қуръонда ҳижобнинг амри йўқ”лигини даъво қилган.
Гувоҳларнинг айтишича, бу босимдан сўнг баъзи имомларнинг аёллари йиғилишдан чиқар экан, “эримизни ишдан бўшатишаркан” деган хавотир билан уларнинг 3-4 нафари рўмолини ечиб, бошнинг орқасидан ўраб чиққан.
Ўзбекистон Конституциясида дин ва давлат ажратилгани ва фуқароларнинг виждон эркинлиги кафолатлангани ёзилган. Бироқ амалиётда диний либослар, айниқса ҳижоб масаласида давлатнинг қаттиқ чеклов сиёсати сақланиб қолмоқда.
Исми сир қолишини сўраган имомлардан бири ноибининг айтишича, вилоят имом-хатиби Мусохон Аббосидинов мусулмонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш эмас, балки ҳокимликдан ва диний қўмитадан тушган ҳар бир топшириқни сўзсиз бажарадиган имомга айланган:
“Сўнгги икки йил орасида Мусохон домла ўзига ёқмаган 40дан ортиқ имомни ишдан бўшатиб, ўзининг айтганини сўзсиз бажарадиган имомларни ишга қўйди. Масалан Маҳмудхон домланининг хотини кўчада ҳижобда юрганлиги учун, Шокиржон домла раҳбарларга ёқмай қолгани учун, Дилмуродхон домлани қўмитадаги ходим билан тортишгани учун ишдан олди. Мусохон домла ишдан олиш учун аввал ўринбосари Обидхон Икромовни ишга солади, унинг кучи етмаса кейин ўзи мажбурлайди", деди Намангандаги масжид имомларидан бири.
Озодлик Наманган вилояти имом-хатиби Мусохон Аббосидинов билан боғланиб, Сайёра Исоқова ўтказган йиғилиш ва имомларнинг юқорида келтирган иддаоларига муносабат сўради:
Мусохон Аббосидинов:Рўмол масаласида Наманганнинг ўзига хос менталитети бор. Ёпунчиқ деган аввалдан бўлган ҳолатлар бор. Бунга ҳеч қандай тазйиқ бўлгани йўқ. Муслима оналаримизнинг ҳаммаси ҳам динимизга, ҳам урфимизга мос ўранганлар".
Озодлик: Йиғилишда Сайёра Исоқова аёлларга рўмолни орқасидан боғлашни талаб қилганини айтишди. Рўмолни шундай ўраш, сизнинг фиркингизча мажбурийми ёки мажбурий эмас:
Мусохон Аббосидинов:Мажбурий эмас унга.
Мусохон Аббосидинов ўнлаб туман ва шаҳар имомларининг ёппасига ишдан бўшатилганига оид саволга бундай деб жавоб берди:
- Ишдан бўшатилган имомларнинг ўз сабаблари бор. Ёшлари ўқишга кирганлари, соғлиғи туфайли даволангани чиқиб кетганлари бор. Бизда ҳаммасининг таҳлили бор. Ҳаммасини ҳужжатларда асоси бор. Баъзилари маъмурий жавобгарликка тортилгани учун ишдан бўшатилганлари ҳам бор".
Сўнгги йилларда мактаб ва давлат муассасаларида соқол ҳижоб тақиқлари, жамоат жойларида диний кўринишдаги кийимларга нисбатан таъқиблар қайтадан кучайгани кузатилмоқда.
Ушбу кўрсатув эфирга тайёрланаётган пайтда, 20 август куни Озодликка Тошкентнинг Сергели машина бозоридан видео келиб тушди.
Видеони юборган тадбиркорнинг айтишича, бозор қоровуллари соқоли бор сотувчиларни профилактика инспектори хонасига мажбурлаб олиб бориб, соқолини олдиришга ва расмга тушишга мажбур қилмоқда. Бунга кўнмаганларнинг дўконлари ёптириляпти ва уларга савдо қилишга имкон берилмаяпти.
Имомлар ва уларнинг оилалари эса давлат назоратидаги энг заиф қатламлардан бири ҳисобланади. Чунки улар расмий диний тизимнинг бир қисми сифатида тўғридан-тўғри Дин ишлари бўйича қўмита ва маҳаллий ҳокимиятларга боғлиқ.
Таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистондаги имомлар ҳозир тўғридан-тўғри ҳокимиятга бўйсунади ва улар айтган чизиқдан чиқмайди. Ўзбекистон Мусулмонлар идораси ҳам ҳар жума барча масжидларга бир хил жума хутбаси юборади.
Мусулмонлар идорасини эса Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси ва президентнинг диний масалалар бўйича маслаҳатчиси назорат қилади.
Ўзбекистон ҳам имзолаган БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларацияси ва Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳар бир инсоннинг дин ва эътиқод эркинлигини, шу жумладан, уни ошкор ифода этиш ҳуқуқини кафолатлайди.
Бу ҳуқуқ диний кийимларни ихтиёрий равишда танлаш ва тақиш эркинлигини ҳам ўз ичига олади.
Диний либосни тақишга ёки ечишга мажбурлаш дин эркинлигини бузиш ҳисобланади. Бу ҳолат, айниқса, давлат хизматчилари ва уларнинг оилаларига босим кўринишида қўлланганда, халқаро майдонда кескин танқидга сабаб бўлади.
Ислом Каримов президентлиги даврида ўзбекистонлик мусулмонларнинг қаттиқ репрессия қилингани халқаро ташкилотлар танқидига учраган эди.
Мирзиёев президентликка келганидан сўнг, бу соҳадаги вазиятни анча юмшатди. Диний айблов билан қамалган юзлаб маҳкумлар озод қилинди, диндор қатламнинг давлатга бўлган ишончи янада орта бошлади.
Аммо сўнгги уч йил орасида яна диндорларнинг ҳуқуқлари камситилаётгани масаласи кун тартибига чиқмоқда.
2021 йилда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги янги қонун қабул қилинди: расман ҳижоб ва диний либосларни оммавий жойларда тақиқлаш бекор қилинди, диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш соддалаштирилди.
Энг қатъий расмий чеклов бўлмаса-да, ҳижоб ва соқолга нисбатан ўзгарувчан назорат амалда сақланиб қолмоқда.
2023 йилда Human Rights Watch ташкилоти ҳижоб ва соқол масаласидаги амалиётни “ваъда қилинган диний эркинлик ислоҳотларига зид” деб баҳолаган.
AҚШнинг Халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси маҳаллий даражадаги босимлар, айниқса имомлар ва диний фаоллар устидан назоратни, “қўрқитиш ва ишдан бўшатиш орқали амалга оширилаётган” тадбир деб қайд этган.
Таҳлилчилар фикрича, Намангандаги сўнгги ҳолат давлатнинг диний либослар ва диний фаол қатлам устидан қатағон сиёсати давом этаётганидан далолат. Бу амалиёт нафақат Конституцияда белгиланган эркинликка, балки халқаро инсон ҳуқуқлари меъёрларига ҳам зиддир. Агар бу сиёсат қайта кўриб чиқилмаса, у диндор жамоа ва давлат ўртасидаги муносабатларни янада ёмонлаштириши, ижтимоий беқарорликка замин яратиши мумкин.
“Араш - бюджетни талаш?”
Арашни Андижон вилояти ҳокимлиги таклиф қилган.
Аммо Араш Ўзбекистонда судга тортилган ва унга “Нигора Медиа Групп” МЧЖга 25 минг доллардан ортиқ зарарни тўлаш мажбурияти қўйилган.
Аммо, Араш учоқдан тушганидан сўнг, Ўзбекистон Прокуратураси ҳузуридаги МИБ ходимлари томонидан зарарни тўлаш учун ушлаб қолинадими ёки йўқ, буниси ҳозирча номаълум.
Гап шундаки, унга нисбатан даъво бор, чипта сотиб олиб концерт кўролмаганларнинг ва бунинг ортидан молиявий зарар кўрган тадбиркорлик субъектининг даъвоси бор.
Араш Лабаф  2017 йилда Тошкентдаги “Истиқлол” санъат саройида олдиндан келишилган концертга келмаган ва оқибатда  “Нигора Медиа Групп” 50 минг доллардан ортиқ зарар кўрган.
Nigora Media Group раҳбари Нигора Соимнинг Озодликка айтишича, у Арашнинг концерти учун келишилган шартноманинг барча талабларини бажарган. У олдиндан тўланиши керак бўлган 20 минг доллар юборилганини айтди ва тўлов ҳужжатини Озодликка тақдим қилган.
Нигора Соим пулни олиндан тўлашда қисман муаммолар бўлганини эътироф этди, аммо пулнинг қолган қисмини шартномада келишилгани каби Араш гуруҳи Тошкентга келгач, тўлашга ваъда берганини айтди.
Аммо Нигора Соим сўзларига кўра, Араш менеджерлари арзимас нарсаларни баҳона қилиб, концертга келмаган ва олинган пулни ҳам қайтармаган.
"Агар Араш ҳақ бўлганида судга келарди. Судда ҳатто видеоконференция ҳам ташкил қилинган, лекин на у, на менежери қатнашган. Менга судинг ҳам, бошқанг ҳам бир тийин деган. У қонуний равишда мендан қарздор. Энди у Андижонга ўз оёғи билан келганда, бизларнинг судларнинг қарорлари ижро этиладими ёки яна устимиздан кулиб кетадими?"
Нигора Соимнинг бу иддаоларига муносабат олиш учун Араш Лабаф билан боғланишга ҳаракат қилган Озодлик уринишлари натижа бермади.
Арашнинг продюсери Ҳенрик Улман Озодлик билан аввалги суҳбатида, Nigora Media Groupни уларни давомли алдаганликда ва шартларни бажармаганликда айблаган эди:
“Муаммо шундаки бажара олмайдиган ваъдаларни беришди ва бошидан охиригача ёлғон гапиришди. Шунинг учун концертдан бир неча кун олдин концертни бекор қилишга қарор қилдим”.
Тошкент туманлараро Иқтисодий суди “EXTENSIVE MUZIK SWEDEN AB” фирмасидан “Нигора Медиа Групп” МЧЖ ҳисобига 24.797 АҚШ доллари ва 7.200 000 сўм почта харажатлари ундириш ҳақида қарор чиқарган.
Гарчи суд қарори Араш ва унинг менежерларига юборилган бўлса-да, улар шу пайтгача бу зарарни тўлашдан воз кечиб келмоқда.
Араш Андижонда бўлиб ўтадиган  “Дунё садолари” халқаро мусиқа фестивали иштирок этадиган энг нархи қиммат санъаткор.
Унинг фестивалдаги чиқиши бюджетга 2 млрд 95 млн сўмга тушади, бу ҳозирги курс бўйича тахминан 164 минг доллар.
Бу ҳақда Давлат харидлари электрон тизимида маълумот бор.  Буюртмачи Хонобод шаҳар ҳокимлиги. Етказиб  беручи  "QATAG`ON IDEAL MARKET" MСhJ. Шартнома жорий йилнинг 18 июлида имзоланган. Бу корхонанинг асосий фаолияти — ихтисослашмаган дўконларда бошқа товарлар чакана савдоси, раҳбари Азизов Акбарали Қамбарович.
Фестивалга чақирилган яна бир хорижлик санъаткор, туркиялик Мустафо Сандалга бериладиган пул эса  2 млрд 49 млн сўм, яъни 160 минг АҚШ доллари.
Газета.уз нинг ёзишича, Мустафо Сандални Наманган вилояти Поп туманида рўйхатдан ўтган Bregin Мilk Soft корхонаси олиб келади. Унинг фаолияти йирик шохли қорамолларнинг бошқа зотларини ва буйволларни кўпайтиришдан иборат. Компания атиги тўрт ой олдин, 2025 йил март ойида ташкил этилган ва июнь ойида қайта рўйхатдан ўтган.
Италиялик қўшиқчи In-Grid ва ҳиндистонлик артист Алиша Чинай икковининг шартномаси ўзбекистонлик солиқ тўловчига  837 млн сўм, ёки 65 минг долларга тушмоқда.
Бу санъаткорлар  Маgnat Construction Planet компанияси томонидан шартнома асосида олиб келинмоқда. У улгуржи савдо билан шуғулланади ва бу фирма ҳам Акбарали Азизов Қамбаровичга тегишли.
Газета.уз таъкидига кўра,  энг қиммат учта шартнома шоу-бизнесга умуман алоқаси бўлмаган компаниялар билан тузилган.
Бу давлат харидларининг шаффофлиги ва пудратчиларни тайинлаш борасида саволлар туғдиради.
Зеро, мустақил манбаларнинг қайдича, Араш Лабаф ва Мустафо Сандалга бериладиган пул миқдори уларнинг шоу бозордаги ҳақиқий нархига нисбатан анча бўрттирилган.
Масалан, Россияда тадбирлар ва тўйлар ўтказиш билан шуғулланувчи PROCONCERT компанияси тарифига кўра, Араш Лабафнинг хизмат ҳақи 50 минг доллар қилиб кўрсатилган.
Негадир Андижонга у уч каррадан ҳам ортиқ нарх билан олиб келинмоқда. Қолаверса, 2017 йилда Араш Тошкентга “Нигора Медиа Групп” МЧЖнинг таклифи билан шунча пулга келишга рози бўлган эди.
Андижонда ўтказиладиган тадбирнинг шохи борми, деган ўринли савол пайдо бўлиши табиий.
Аммо, Андижон вилояти ҳокими, президент Шавкат Мирзиёевнинг эрка ҳокимларидан бири деб айтиладиган Шуҳрат Абдураҳмоновга бу пулларни давлат бюджетидан бериш чўт эмас, шекилли.
"Аслида бундай тадбирлар бюджетнинг пулини ўмариш учун ташкил қилинади. Масалан, артистга бериладиган гонорар билан, қоғозга ёзилгани фарқ қилади. Буни исботлаш жуда қийин. Чунки иккинчи томон ҳам бу махинациядан манфаатдор бўлади ва ҳужжатларга икки томо н келишгандек имзо қўяди", дейди АҚШда яшаётган ўзбекистонлик журналист ва ёзувчи Жаҳонгир Муҳаммад..
Ўтган йили Хонободда ўтказилган “Дунё садолари” фестивалига маҳалий журналистларнинг қўйилмагани ҳам анча саволларни туғдирган эди.
Бу фестивалга ҳам бюджетнинг 6 миллиард сўмдан ортиқ пули сарфланган эди.
"Даракчи" газетаси, жумладан бу тадбир ҳақида бундай деб ёзган эди:
“Биринчи кунда кутиб олиш учун дабдаба-ю карнай-сурнайлар қўштирноқ ичидаги "маддоҳлар" мақтовлари ўзи шундоқ ҳам “ўзидан кетган” Андижон ҳокимининг кибрига кибр қўшди.
Фестивалнинг илк куни одатдагидай ўтди-ю, ҳамма нарса кечги овқатга борганда кескин ўзгарди. Хал қаро бир фестивални ўтказиш маъсулияти елкасидаги ҳокимнинг ширакайф сўзга чиқиб “юксак аратор”лигини кўрсатиши кимнинг ҳам тушига кирибди дейсиз.
Тадбирни ёритиш учун нақд 350 км.дан ортиқ масофани автомашинада босиб келган ОАВ вакилларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари тадбирга киритмаса бўладими?!”
Бу йилги тадбирган хорижий хонандалар гонорари учун қарийб 5 млрд сўм — яъни 390 минг доллардан ортиқ маблағ Андижон вилояти бюджетидан ажратилади.
Бу эса шу вилоятдаги ҳар бир солиқ тўловчи, ҳатто хорижлик юлдузларни умуман тингламайдиган одам ҳам, уларнинг қўшиғи учун пул тўлаши керак деганидир.
5 млрд сўм — бу бир нечта мактаб синфларини таъмирлаш ёки касалхона учун замонавий ускуналар олиш мумкин бўлган маблағ. Аммо маҳаллий ҳокимият бу пулни бир кечалик саҳнага сарфламоқда. Бу тадбирнинг тўғрими ёки йўқлиги ҳақида жамоатчиликда мунозара бўлиши табиий.
Андижондаги “Дунё садолари” халқаро фестивали — маданий тадбир сифатида аҳамиятли бўлиши мумкин.
Аммо бюджет маблағларидан фойдаланишда шаффофлик, устуворлик ва жамоатчилик розилиги масалалари жавобсиз қолмоқда.
Маданият — халқ учун. Лекин уни молиялаштиришда халқнинг розилиги, халқнинг эркинлиги бўлиши шарт эмасми?
Сиз нима дейсиз?
Жавобларингизни шарҳларда қолдиринг!
Дилшод Тўрахўжаев иши: Россия элчихонаси нега айнан ҳозир нота йўллади?
Элчихона консуллик бўлими 3 июль куни йўллаган нотада россиялик инвесторга доир жиноят иши бўйича ахборот тақдим этиш сўралган.
Дилшод Тўрахўжаев Ўзбекистон Жиноят кодексининг 164-моддаси, тўртинчи қисми “а” банди билан босқинчиликда айбланиб, суд ҳукми билан 2024 йилнинг 7 феврал куни 15 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.
Тўрахўжаев судда ўзига қўйилган айбловларни инкор этган ва тергов давомида шафқатсиз қийноққа тутилганини иддао қилган.
Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонасига Дилшод Тўрахўжаевнинг адвокати Хуршидабону Насриддинова мурожаат қилган.
3 июл куни элчихона консуллиги бўлими мудири А.Терентьевнинг имзоси билан адвокатга берилган жавоб хатида Тўрахўжаев иши бўйича ўзбек томонига нота юборилгани маьлум қилинган.
“Элчихона томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига нота юборилган бўлиб, унда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари томонидан Д.А. Тўрахўжаевнинг аризасини кўриб чиқиш натижалари бўйича ахборот тақдим этиш сўралган.
Ўзбекистон томонидан жавоб олингандан сўнг, Сизга қўшимча маълумот берилади”.
Адвокат Хуршидабону Насриддинованинг Озодликка айтишича, ҳозирча Ташқи ишлар вазирлигидан Дилшод Тўрахўжаевнинг аризасига ҳеч қандай жавоб бўлгани йўқ.
Россия консуллиги ходимлари адвокатга бундан аввал ҳам Ташқи ишлар вазирлигига иш бўйича икки марта нота юборганини, аммо вазирлик бу ноталарга жавоб бермаганини айтган.
Хуршидабону Насриддинованинг сўзларига кўра, айни пайтда Дилшод Тўрахўжаев Қарши шаҳридаги 2-сонли жазони ўташ муассасасида жазони ўтаяпти.
Адвокатлар Олий судга бу жиноят ишини қайта тафтиш қилиш тартибида ариза беришган эди, аммо суд уни қайтарган. Шундан сўнг Олий Суди раиси ўринбосари Икром Муслимовга шикоят аризаси киритилган, лекин уч ойдан буён жавоб йўқ.
Адвокат фикрича, унинг ҳимоясидаги шахснинг ҳуқуқлари терговда ҳам, судларда ҳам қўпол равишда бузилган, аммо судлар очиқ-ойдин далилларни қайта кўриб чиқишни истамаяпти:
"Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексида тазйиқ ёки зўравонлик билан олинган ҳар битта тушунтириш, далиллар номақбул ҳисобланиши ёзилган. Биз адвокат сифатида жиноят иши тўғри кўрилишини, процессуал нормалар тўғри қўлланишини, келтирилган важлар ҳаммаси асосли эканлигини исботлаб берган бўлсак-да, судлар томонидан умуман муҳокамага ҳам қўйилмаяпти, гўёки кўзи кўр, қулоғи карга ўхшаб эътибор берилмаяпти".
Дилшод Тўрахўжаев ҳибсга олиниб, қамоқ жазоси берилганидан буён орадан икки йилдан ортиқ вақт ўтди.
Акаси Дилмурод Тўрахўжаевнинг Озодликка айтишича,  ўтган барча суд жараёнларида Россия элчихонаси вакили иштирок этган, лекин бунга қадар расмий нота берилганидан унинг хабари йўқ.
Поп тумани Чодак қишлоғидаги адирликда 1500 кишига мўлжалланган “Космос” меҳмонхонаси ва дам олиш маскани қурган Дилшод Тўрахўжаев 2023 йилнинг 12 апрелида Поп тумани ИИБ томонидан ҳибсга олиниб, Ўзбекистон Жиноят кодексининг босқинчилик моддаси билан айбланган эди.
Дилшод Тўрахўжаев ва унинг яқинлари, бу айбловларни инкор қилади. Тўрахўжаевнинг иддао қилишича, унинг Наманган вилоят, Поп тумани, Чодак қишлоғида бунёд этган “Космос” мажмуасини ундан тортиб олиш мақсадида, бу айблов тўқиб чиқарилган.
Тўрахўжаевнинг адвокати Нурилла Тўлаганов ўз ҳимоясидаги шахс иқрорлик кўрсатмаси бериш учун тергов давомида шафқатсиз қийноқларга солингани ҳақида ижтимоий тармоқларда видео чиқишлар қилган эди.
Дилшод Тўрахўжаев тергов изоляторидан президент Шавкат Мирзиёевга чиқарган мурожаатида туҳмат билан қамоққа олингани ва Тошкент ИИББда қийноққа солинганини айтган эди:
“Оғзим ва бурнимни скотч билан маҳкам боғлаб, бошимга полиэтилен пакет кийдириб, оёғимнинг товон, сон қисмига, олд қисмига, кўкрак қафасимга, бошимга резинкали дубинка ва махсус пластик қўлқоплар билан юзларимга, ҳамма жойимга олти соат тинмай уришди. Бир неча марта ҳушимни йўқотдим, электрошокерни танамга теккизиб уйғотишар ва яна уришар эди”.
“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, Дилшод Тўрахўжаевга нисабатан қийноқ қўллаган номаълум шахслар ҳақида суд мажлисида судланувчилар томонидан бир неча марта айтилган бўлса-да, уларга нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмаган:
"Дилшод Тўрахўжаевга нисбатан қийноқ қўлланилгани бўйича Тошкент шаҳар прокуратураси бўйича қўзғатилган жиноят иши кейинчалик ёпилган, Бош прокуратура бу қарорларни бекор қилиб яна қайтадан қўзғатган, лекин ўртада қийноқ қўллаганлар жазоланмай қолган. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, яъни Омбдусман баёнот берган эди, лекин қийноқ қўллаганлар гўёки "топилмади".
Озодлик ихтиёридаги маълумотларга кўра, Тўрахўжаев Дилшод Абдуваҳобович, 1984 йилда туғилган. Россия Федерацияси ватандоши, 20 йил мобайнида Россия Федерациясида яшаган.
2019 йилда Наманган вилояти Поп тумани Чодак қишлоғида 25 миллирад сўм сармоя киритиб, "APART HOTEL COSMOS" МЧЖни ташкил этган.
Меҳмонхона ва дам олиш масканларидан иборат мажмуа 1500 кишига мўлжалланган.
Тадбиркор Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг 2020 йилдаги Наманганга ташрифи чоғида унинг назарига тушган. Президент Чодак қишлоғи чўққисида қурилган мажмуани олқишлаган эди.
Тўрахўжаев 2022 йилнинг 28 августида "Туризм фидоийси", 2022 йил 8 декабрда “Конституциянинг 30 йиллиги” кўкрак нишонлари билан тақдирланган.
Айни пайтда президент қўллови билан қурилган «Космос» сайёҳлик маркази ишламаяпти, унинг қаровсиз қолгани айтилади.
Россия томони бунга қадар Ўзбекистондаги фуқароларининг манфаатини ҳимоя қилиб, ўзбек томонига нота йўллагани маълум эмас.
Ўтмишда Москва рус ватандошлигига эга бўлган ўзбекистонликларни Тошкент сўрови билан Ўзбекистонга топширган ҳолатлар талайгина.
Тўрахўжаев иши бўйича Россия томони расмий нота йўллагани ҳақидаги хабар Москва ва Боку ўртасида озарбайжонликларга қарши оммавий рейдлар билан боғлиқ можаро фонида пайдо бўлди.
Ўтган ой расмий Тошкент ўзбекистонлик мигрантларнинг ҳуқуқлари поймол этилганига норозилик билдириб, Москвага биринчи марта расмий нота топширганди.
Пилла: Фермерни қийнаган “қурт”лар
Аммо, пилла етиштириш мажбурияти бўлмаган фермерлар ҳам пилла топширишга мажбурланмоқда.
Ҳоким, прокурор ва Ички ишлар бўлими бошлиғи "ТРИО"си бу ишларга бош-қош бўлиб турибди.
Пилла топширишни истамаган фермерлар зўравонлик билан ИИБга олиб борилиб, пилла шартномаси тузишга мажбурланяпти.
Президент Мирзиёев пилла етиштиришни юз фоиз касаначилик тизимига ўтказган, аммо амалдачи?
Мана бу расмга эътибор беринг.
Орган ходимлари бир фермерни уриб, тан жароҳатлари етказиб, ерга босиб, қўлига кишан тақмоқда.
Бундай муносабатдан бу фермер ашаддий жиноятчи бўлса керак, деб ўйлашингиз тайин.
Йўқ, бу фермер жиноятчи эмас, ички ишлар ходимлари бу фермерни пилла топшириш бўйича мажбурий шартнома қилдиришга олиб боришмоқчи.
Бошлиқлари шундай буйруқ берган, қандай қилиб бўлса ҳам олиб келишни амр қилган.
Умуман олганда, бундай ҳолатар бугун Ўзбекистонда ўнлаб, балки юзлабдир.
Пилла етиштириш фермерлар бўйнига қўйилган ортиқча юк, ортиқча харажат ва фойдасиз соҳа бўлиб қолмоқда.
Гарчи президент фармони билан пилла етиштириш юз фоиз касаначилик тартибига ўтказилган бўлса-да, фермерлар ҳамон пилла етиштиришга мажбурланмоқда.
Бу мажбурлов эса ҳоким-прокурор-ИИБ бошлиғи учовлигида уюштирилмоқда.
Пилла шартномаси бўлмаган фермерлар ҳам ҳоким ва прокурорнинг топшириғи билан ички ишлар бўлимига мажбурлаб олиб бориляпти, улардан ёки пилла, ёки унинг пулини топшириш талаб қилиняпти.
17 май куни Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида ҳам шундай воқеа содир бўлди. Пилла тайёрлаш корхонаси билан ҳеч қандай шартномаси бўлмаган фермер Сирожиддин Қурбоновни учта профилактика инспекторлари қўлларини қайириб, уриб, тепкилаб прокурор олдига олиб боришган:
"Милисалар менга Қамаши ИИБга боришинг керак, бошлиқ чақиряпти деб айтишди. Мен уларга иш қиляпман, дала суғоришим керак, 20та қиз ишлаб ётибди, уларга сув олиб боришим керак, далам узоқ, уларни яна қайтариб олиб келишим керак дедим. Улар эса йўқ борасан деб, менга ҳужумга ўтди. Азамат, Ўрмон ва Ориф деган милисалар қўлимни қайириб, ерга босиб, уриб, тепкилашди. Азамат дегани мени бўғди, ҳушимдан кетиб йиқилдим. Ҳушсиз ётганимда ҳам мени қийнашди. Кейин қўлимга кишан тақиб ИИБга олиб боришди".
Орган ходимлари фермерга ҳатто кийиниб олишга рухсат бермаган. Дала кийимида, ялангоёқ машинага босиб ИИБга олиб кетишган.
Қандай жиноят қилганидан ўзи ҳам хабари йўқ Сирожиддин Қурбоновнинг айтишича, Қамаши тумани ички ишлар бошлиғи ва прокурор билан учрашганидан сўнг уни пилла режасини бажармагани учун олиб келишгани аён бўлган:
"ИИБ бошлиғига олиб киришди. Нима эмиш, пиллага шартнома қиласан эмиш. Ахир мен пилла олмаган бўлсам, пилла мавсуми тугаганда менга шартнома қил дейишяпти. Мен қаердан пилла топиб бераман".
Ўша куни Сирожиддин Қурбонов кечаси соат 11гача ички ишлар бўлимида ушлаб турилган ва кейин уйига қўйиб юборилган.
Ички ишлар ходимлари зўравонлигидан жисмоний ва руҳий жароҳат олган фермернинг саломатлиги ёмонлашган ва уйга тез ёрдам чақиртирилган.
Сирожиддин Қурбоновнинг укаси воқеа ҳақида 102 телефон рақми, ички ишлар бўлимига хабар берган, аммо чора кўрилмаган. 18 май куни экспертиза ишламайди деган баҳона билан унинг мурожаати қолдирилган.
20 май куни вилоят прокуратурасига арз қилганидан ва унинг калтакланаётганига оид суратларни тақдим қилганидан сўнггина, унга экспертизадан ўтиш ҳақида қарор берилган, тўрт кундан кейин. Бу муддатда унча бунча жароҳат ҳам битиб кетади.
Фермер ўзига нисбатан бўлган зўравонлик ҳақида вилоят прокуратурасига шикоят киритган. Экспертиза натижалари ҳозирча чиқмаган.
Аммо аризаси адолатли кўринишидан фермернинг умиди йўқ. Чунки, уни калтаклаган профилактика инспекторларидан бири унга, “мингта ариза қилмайсанми, бунақа ишларни биз ҳар куни қиламиз, бизга ҳеч нарса бўлмайди”, деб айтган.
Ўзбекистонда пиллачилик президент фармони билан хусусий секторга ўтказилганига анча бўлди. Аммо Озодлик суҳбатлашган фермерларнинг айтишича, улар ҳануз пилла етиштириш учун шартнома қилишга мажбурланмоқда.
Туман ҳокими, прокурор ва ИИБ бошлиғи агар шуртнома қилмаса, бир айб топиб фермер ери олиб қўйилиши билан таҳдид қилишда давом этяпти.
Бу ҳолатни фермерларнинг республика Телеграм каналида ёзилган юзлаб шикоятлардан ҳам билиш мумкин.
“Пилла топширмагани учун жарималар бекор қилинадиган вақтлар тезроқ келсайди”
“Мени дашт жойда фермерим бор, фермер жойдан артизан чикмайди яшаш жойимда ичимлик сув муоммо хуллас атрофимда деярли тут йук хар йили 100кг пилла шартнома киб план топшираман шу йил 105гектар лалми жойга 6кг дан план куйган Иштихон туман кенгашдан пилла шароитга караб яни тут бор йуклигига караб бокиладими еки мажбурийми мажбурий булса тут бумаса кайдан карайман шунга бирор ечим айтингсизлар”
"Ростдан хам курт бокишга одамим, барг сотиб олишга пулим йук. Кунора тракторчиларга иши учун пул беряпман.
Бугдойни суспензияси, чигит экишни якунлашимни узига хозир камида 30 млн. пул керак.
Бир кишига куртни олиб берсангиз 2 коп ун,ёг, барг кесиши учун одам, мошинасига газ куйиб беришингиз керак.
Нима дейсилар хурматли фермерларни химоячилари?
Мен ноконуний иш килмаяпман, ёлгон гапирмаяпман, узи ноконуний ишларни устида юрган одам сизни ишлашга куймаса нима килиш керак"
Телеграм каналида бу каби юзлаб шикоят бор.
Президент Мирзиёев ўз чиқишларида пилла етиштириш энди марказлашган тизимда бўлиши, ипак қурти учун етарли тут плантациялари ташкил қилиниши, пилла етиштиришда мажбурлаш йўқлиги ҳақида кўп гапирган.
Аммо, гарчи хўжаликларида тут плантациялари у ёқда турсин, тут дарахтининг ўзи бўлмаган ҳудудларда ҳам фермерларга ипак қурти боқиш мажбурияти қўйилмоқда:
“Давлат қонунчилигида фермерга мажбурий пилла боқтириш борми, ҳамма тут плантациялар пилла кластерларига президент қарори билан ўтган бўлса, фермер пиллага нима бериб боқса бўлади.
Ёки кластердан 1 кг пиллани 70 мингдан сотиб олиб кейин кластер фермерга 35-40 мингдан пулини тўлаб бериши қанчалик тўғри, қайси замонда яшаяпмиз, бу хоким деганлари кластер билан фермерни орасидаги ишга аралашиши тақиқланган бўлишига қарамасдан нега фермерларга ерни олиш бўйича тазйиқ ўтказмоқда?”
Аслида, президент қарорларига кўра, пиллани қайта ишловчи корхоналар пилла етиштирадиган касаначиларни, ишсиз аҳолини топиб улар билан шартнома қилиб ипак қурти боқишни йўлга қўйиши керак.
Аммо бундай бўлмаяпти. Фермерлар уларга юклатилган мажбурий шартномани бажариш учун изиллаб пилла излаяпти. Фермерлар Телеграм гуруҳида бундай фермерларни кўплаб учратиш мумкин:
“Бизда Чироқчида 60-70 минггача пилла”
“Пилла қаерда неча пулдан экан, билганлар ёзинглар”
“Пиллакорларга ассалом, бизга пилла керак сотиб олишга”
“Қашқадарё вилоят, Косон туманида 2024 йилги пилла пулини ололмаяпмиз. Буларни сўрайдиганлар борми, нима қилсак бўлади?”
Фермерларнинг айтишича, ўтган йилги пилла пулини ҳали бермаган пилла корхоналари бу йил ҳам ўтган йилги нархдан кам нарх белгилаяпти.
Агар пилла қабул қилиш пунктлари бугун фермер ва касаначилардан бир килограмм пиллани 35-40 минг сўмдан олаётганлар бўлса, “қора бозорда” унинг нархи 70-75 минг сўмга чиқиб кетди.
Пиллачиликда фермерларни ташвишга солаётган яна бир масала, бу ипак қуртининг озуқаси бўлган тут дарахтларининг етишмаслиги.
Баъзи туманларда тут дарахтининг ўзи йўқ. Бироқ фермерлар зиммасига пилла етиштириш қўйилган.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йилда имзолаган «Ўзбекистон Республикасида пиллачилик ва қоракўлчиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида пиллачиликни ривожлантириш бўйича аниқ чора тадбирлар белгиланган эди.
Яъни, пиллачилик касаначилик асосида ривожлантирилиши, янги тутзорларни барпо этиш, тут қаторларини кенгайтириш ва мавжуд тутзорларни модернизация қилиш орқали пиллачиликнинг озуқа базасини мустаҳкамлаш айтилган.
Фармоннинг бирор жойида фермерлар пилла етиштиришга масъул деб ёзилмаган.
“Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасига кўра, фермер хўжаликларининг хўжалик фаолиятига давлат органлари ҳамда бошқа органлар ва ташкилотлар, шунингдек уларнинг мансабдор шахслари аралашувига йўл қўйилмайди.
Фуқаролик кодексининг 354-моддасига кўра, фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркиндирлар. Шартнома тузишга мажбур қилишга йўл қўйилмайди.
Аммо, бугун ҳокиму прокурорлар ва ИИБ бошлиқларига Фермерлар тўғрисидаги қонун ҳам, Фуқаролик кодекси ҳам ва бошқа қонуний ҳужжатлар ҳам тегишли эмасдек, кўринади.
Мирзиёев ваъдаси: "Томчилатиш" субсидияси қани?
Гарчи президент Мирзиёев бундан икки йил аввал баланд минбардан туриб томчилатиш ёки ёмғирлатиш тизими ўрнатган фермерларга унинг ярим нархини бюджетдан қоплаб беришга ваъда берган бўлса-да, аммо аксарият фермер ҳануз бу ёрдамни ололмаётганидан шикоят қилади.
Оқибатда фермерларга субсидия қилинмаган пул учун ҳам юз миллионлаб сўм кредит ва солиқ фоизларининг кун сайин ошиб бораётгани уларнинг шундай ҳам оғир иқтисодий аҳволига зарба бермоқда.
Ўзбекистон ва минтақадаги қурғоқчилик муаммоси ҳақида президент Мирзиёев БМТ минбарлардан туриб огоҳлантирган эди.
Ўзбекистонда бу муаммони юмшатиш учун махсус дастурлар ишлаб чиқилган, миллионлаб доллар пул ажратилган ва фермерларга ваъдалар берилган эди. Аммо амалда вазият қандай? Бу ваъдалар бажарилдими?
Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи билан сув тежовчи технологияларни(СТТ) ўрнатган фермерларга бу технологиялар нархининг ярми давлат бюджетидан қоплаб берилиши керак эди.
Аммо, республикадаги фермерларнинг 70 фоиздан ортиғи йиллардан буён бу субсидияни ололгани йўқ. Оқибатда улар ўрнатилган тизимнинг бутун суммасига солиқ тўлашга мажбур бўлмоқда. Бу юз миллионлаб сўм дегани.
Шундоқ ҳам пахта харид нархининг пастлигидан, минерал ўғитлар ва ёнилғи нархларининг қимматлигидан ҳар йили қийинчилик билан йилни якунлаётган фермерлар энди уларга СТТ учун ажратилган субсидияларнинг берилмаётганидан қарз ботқоғига ботиб бормоқда.
Ўзбекистонда сув ниҳоятда исроф бўлаётганини бундан икки йил аввал таъкидлаган президент, СТТ ўрнатган фермерларга унинг қийматини 50 фоизини бюджетдан қоплаб берилишини ваъда қилган эди:
Қурғоқчилик эса Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига йилдан йилга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Фермер учун ҳам СТТ жуда қулай, агар унинг нархи чўнтак кўтарадиган бўлса.
Аммо сўнгги йилларда коррупция аралашгани боис, бу технологиялар фермерларга жуда қиммат нархда ўтказилди.
Фермерлар фақат вилоят ва туман ҳокимлари айтган ва буюрган фирмалардан сотиб олишга мажбурланди. Уларнинг аксарияти эса сифатсиз бўлиб чиқди. Бунинг устига бу технологияларни мутахассислар эмас, балки малакасиз мардикор ишчилар ўрнатди.
Оқибатда фермерларнинг кўпи уларни ишлата олмади ва йиғиштириб қўйди. Фермерларнинг айтишича, агар мустақил текширув ўтказилса камида 80 фоиз фермер сотиб олган СТТ йиғиштириб олиб қўйилган ёки ярим нархида яна ўша ўрнатиб берувчи фирмаларга сотиб юбориляпти.
Фирмалар эса уларни яна бўяб-бежаб бошқа фермерларга ўрнатиб беряпти.
Фермерларга СТТ  бир гектар ерга 25 миллион сўм миқдорида ўтказилган. Масалан, 100 гектар ери бўлса 2,5 миллиард сўмга кредит берилган. Президент фармони бўйича бунинг 50 фоизи бюджет ҳисобидан субсидия қилиниши керак.
Аммо республиканинг турли туманларида фермерларнинг аксарият қисми бу субсидияни йиллардан буён ололмагани ҳақида айтадилар.
Ўзбекистон фермерлари Телеграм каналида бу ҳақдаги норози муносабатларни кўплаб кузатиш мумкин:
“Бу гуруҳда вазир ўзими, Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосарими борми? Сув тежовчи технологияни ўтган йили ўрнатдим. Президент 2023 йил 30 май куни "50% субсидия тўланади" деган гапларидан илҳомланиб технология ўрнатганман, лекин бир йилдирки субсидиядан дарак йўқ. Ишонч рақамига чиқсам фойдаси йўқ. Маьсул борми бирор, илтимос ёрдам қилинг, киссангиздан пул демадим. Президент берган имтиёзни сўрадим”.
“2024йил 13 гектар томчилаш ва 8 гектар ёмғирлаш қилганман. 13 гектарга 150 миллион субсидия тушди, лекин  8 гектар ёмғирлашга мобильный  ариза кетмаяпти, субсидия олиб бўлмаяпти”.
“Қашқадарё вилояти Касби тумани “Хўжахитой кўрки” фермер хўжалигида 2025 йил 8 гектар ғаллани ёмғирлатиб суғориш қилдим. Субсидия қачон берилади, вазирликка ўтган дейишяпти тумандагилар”.
“Масалан мана шу субсидия учун ҳар бир бечора фермер камида 5-6 кун ҳокимият ва бошқа ташкилотларга бориб сарсон бўлиб юришибди. Эътибор қилаётган бўлсангиз, йилдан йилга фермерлар тракторларини, сув насосларини, трансформаторларини, молу уйларини сотишмоқда. Сабаби аниқ, субсидияларнинг етиб келмаслиги, солиқ қарзини ошиб бориши, пахта ва ғалламизнинг арзонлиги. Эҳееей, охири йўқ, фермерларнинг дарди ичида”.
Андижон вилоят, Қўрғонтепа ва Шаҳрихон туманида 41 нафар фермер ҳам 2021 йилда ҳоким таклиф қилган МЧЖ билан томчилатиб суғориш тизими ўрнатишга мажбурий шартнома қилдирилган. Аммо, ҳозир томчилатишдан дарак бўлмаган. Сабаби эса...
“Бизни мажбуран шартнома қилдиришди. Банкдан кредит чиқартириб, ҳоким айтган фирмага ўтказиб беришди. Лекин ҳеч қандай иш қилгани йўқ. Бу пуллар шахсан жаноб Ғаниевнинг заводларига чиқиб кетган, бу нарсалар судда очиқ айтилмади.  Кейин у фирмадан икки кишини “қурбон” қилиб 7,5 йилданга қамаб юборди. Улар қамоқда, кредит эса бизнинг бўйнимизда қолди. Биз бир сўм ҳам субсидия олганимиз йўқ. Баъзилар кредитни тўлаб бўлди, менда ҳам 50 миллионча қолган”.
Ўзбекистонда бу каби юзлаб ҳолат содир бўлган.
Фермерлар икки томонлама куйиб қолди. СТТ га юз миллионлаб сўм тўлаб, уни жорий қила олмади, боз устига бюджетдан ажратилган субсидияни ҳам ололмаяптилар.
Озодлик нима сабабдан  СТТ  учун субсидия ажаратилмаётгани сабабини сўраб, Қишлоқ хўжалиги вазири матбуот котиби Дилшодбек Назировга мурожаат қилди.
Саволларни ёзиб олган матбуот котибидан жавоб келмади.
Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигида ишлайдиган, хавфсизлик нуқтаи назаридан исми сир қолишини сўраган мулозимнинг Озодликка айтишича, субсидия учун пул Молия вазирлигидан ажратилмаяпти:
“Сўнгги йилларда СТТ ўрнатиш кампанияси авжига чиқди. Тўғри, президент субсидия ваъда қилди. Лекин бу катта пул. Ҳозир бунга 350 миллард сўм керак. Аммо бизга бор-йўғи 70 миллиард сўм беришган. Бизда ҳам фермерларнинг юзлаб мурожаати бор, лекин қўлимиз калта, қаердан топиб берайлик?”
Мутахассислар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида бир неча миллиардлаб субсидия ва кредитлар ажратилган томчилатиб суғориш бўйича технологиялар ўлда-жўлда қолиб кетаётганини, ишлатилмаган ускуналар учун маблағлар фермерлар бўйнида қолаётганини айтишади.
Мамлакатда қишлоқ хўжалигини модернизациялаш, қишлоқ хўжалиги экинлари ва пахта майдонлари интенсивлигини ошириш юзасидан ислоҳотларга Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев масъул қилиб тайинланган.
Томчилатиб суғориш технологиялари учун ажратиладиган субсидия ва маблағлар бевосита Ғаниевнинг кўрсатмаси ва ташаббуси орқали амалга оширилиши айтилади.
Гўшт нега қимматлаяпти?
Бу ҳақда Марказий банк ўтказган сўровда айтилади. Бу сўровда респондентларнинг 64 фоизи гўшт ва сут нархларининг юқори даражада ўсганини қайд этган.
Хориждан Ўзбекистонга гўшт импорт қиладиган тадбиркорларнинг иддао қилишича, Бош давлат ветеринария инспектори қўяётган сунъий тўсиқлар гўшт нархининг ошишига сабаб бўлмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистонда чорвачилик билан шуғулланувчи тадбиркорларга чорва озуқаси учун етарли ер ажратиб берилмаётгани ва ем-хашак нархининг кўтарилиб кетгани ҳам ўз навбатида гўштнинг қимматлашишига сабаб бўляпти.
Ўзбекистонда сўнгги ойларда гўшт нархи шиддат билан кўтарилиб боряпти. Тошкентда бир килограмм лахм гўшт нархи 180 минг, суякли гўшт эса 160 минг сўмга чиқди.
Бу 5 май куни Тошкентнинг Чилонзор мавзесидаги қассобхонадаги нарх. Вилоятларда эса 120-130 минг сўмдан сотиляпти.
Статистика қўмитаси маълумотига кўра, апрель ойида гўшт нархи 2 минг сўмга ошган.
Аммо Озодлик муштарийлари гўшт нархи ойига қарийб ўн минг сўмдан ошиб бораётганини айтмоқдалар.
Ўзи шундай ҳам қозони ойлаб базўр бир парча гўшт кўрадиган аҳолининг камбағал қатламига бу маҳсулотни харид қилиш қийинлашиб боряпти.
Таҳлилчилар гўшт нархининг бирданига ошиб кетганига икки асосий сабабни келтирмоқдалар.
Биринчиси, сўнгги ойларда Ўзбекистонга хориждан импорт қилинадиган гўштнинг камайганлиги. Ўзбекистон асосан Ҳиндистон, Покистон, Монголия, Украина, Беларус каби давлатлардан гўшт импорт қилади.
Ўзбекистонда гўшт импорти билан шуғулланадиган ўнлаб тадбиркор бор. Уларнинг айтишича, Ўзбекистон Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг гўшт импортига қўйган чеклови гўшт нархининг ошишига сабаб бўлди.
Аммо тадбиркорларнинг иддао қилишича, сўнгги олти ой давомида Бош давлат ветеринария инспектори Баҳром Норқобилов ўнлаб тадбиркорга турли баҳоналар билан ветеринария рухсати бермаяпти.
Исми сир қолишини сўраган, гўшт импорти билан шуғулланадиган тадбиркорнинг иддао қилишича, гўшт импорти Ўзбекистонда монополия қилиб олинди ва унда коррупция ҳолатлари авж олган:
“Ўтган йили ноябрь ойида Ўзбекистонга Ҳиндистондан бир фура сифатсиз гўшт келди, буни ветеринария аниқлади деган хабар тарқалди. Уч кундан сўнг уни “яхши гўшт” қилишиб қайта сотувга чиқариб юборишди. Шу воқеадан сўнг тадбиркорларга ветеринария рухсати бермай қўйилди. Покистондаги 8та гўшт комбинати Ўзбекистонда регистрация қилинган бўлса, апрель ойида ўшандан 4 таси қолди, 4 тасини эса қизил рўйхатга тиркаб қўйишди. Биз тадбиркорлар ўша тўртта комбинат раҳбарларига қўнғироқ қилиб сўрасак, улар "биз сизлар билан бошқа ишламаймиз, биз фақат “Осиё дон гуруҳ” ва “Чоп” брендларидаги фирмалар билан ишлаймиз, бу бренднинг раҳбари бизга телефон қилиб, фақат биз билан ишлайсан, бўлмаса Покистондан гўшт олишни тақиқлаймиз деб айтган. Шунинг учун узр, сизлар билан бошқа ҳамкорлик қилмаймиз”, деб айтди”.
Тадбиркорнинг иддао қилишича, Ўзбекистон Давлат ветеринария қўмитаси билан манфаатли ҳамкорлик қиладиган тадбиркорларгина ҳозир гўшт олиб кириш ҳуқуқига эга, қолганларига эса рухсат берилмаяпти:
“Ўзбекистонга гўшт маҳсулотларини импорт қилиш Ветеринария қўмитаси раиси ва унинг ўринбосари томонидан танлаб олинган учта тадбиркор орқали соҳа монополлаштирилмоқда. Сўнгги уч ойдаги гўшт нархларининг кескин ошишининг сабаби айнан шу”.
Озодлик ихтиёрида тадбиркорнинг иддаоларини тасдиқлайдиган ҳужжат йўқ.
Гўшт қимматлашишининг иккинчи сабаби эса, Ўзбекистонда чорвачилик соҳасининг ислоҳ этилмагани ва чорва учун ем-хашакнинг қиммат эканлигида.
"Бозорларда ем нархи кўтарилиб кетган, бир кило кунжарани 6200 сўмдан оляпмиз. 20 миллионга битта мол олсак уни уч ой боқиш керак. Юз кунда 6 килодан ем еган тақдирда 600 кило ем кетади. Бу 6 миллион сўм дегани. Жуда борса 28-30 миллионлик гўшт қилади. Агар бўлса шу ҳам. Гўр ҳам фойда қолмайди", дейди жиззахлик чорвадор Комил.
Қашқадарё вилоят, Шаҳрисабз туманидан бўлган чорвадор Собир Тўраевнинг айтишича, чорвачиликни ривожантириш учун аввало унинг озуқаси керак.
Собир Тўраев ҳукумат дастури асосида хориждан қорамол олиб келган ва мана неча йилдирки унга чорва озуқаси етиштириш учун ер ажратиб берилмаяпти.
"Хориждан кредитга мол сотиб олиб келганимга беш йил бўлди. Ана шу беш йилда мен 15 йилга қаридим. Чунки менга маҳаллий ҳокимият чорвага яраша ер бераман деб ваъда берган эди, лекин ваъдасида турмади. Энди шу қолган молларни сотиб фаолиятимни ҳам тўхтатмоқчиман. Мен президентимиз сўзларидан руҳланиб, сут-гўшт етиштираман, иш ўринлари яратаман деб ният қилгандим. Лекин буларнинг алдовидан чарчадим. Чорвадорни қўллаб қувватлаш ўрнига унга фақат тўсиқ қўйилади. Мана гўшт нархи нега кўтарилиб боряпти?"
Cобиқ иттифоқ даврида ҳам ерни алмашлаб экиш тизими жорий этилган ва чорва озуқаси учун етарли ер майдонлари алмаштирилган эди. Масалан, пахта майдонлари беда, арпа, макккажўхори каби экинлари билан алмашлаб экиларди.
Наманганлик фермер Қосимжон Мамажоновнинг айтишича, ҳозир бу тизим йўқолиб бўлди, асосий эътибор яна пахтага қаратиляпти:
"Ҳозир халқнинг қўлида уй ҳайвонлари камайди, чунки уни боқиш фойдасиз бўлиб қолди. Саабаби бугун бозорда буғдой 3 минг сўмнинг тепасида, оддий кепак ҳам 3 минг сўмдан кам эмас. Шрот ва шелухани гапирмаса ҳам бўлади. Икки-учта фермерни биламан, 50-60тадан моли бор. Лекин чорва озуқаси учун ер ололмайди. Алмашлаб экиш йўқ, ҳаммаёқ пахта бўлиб кетган!"
Чорвадор Собир Тўраевнинг айтишича, токи ҳукумат у чиқарган қарорлар ижросини назорат қилмас экан, хориждан мол олиб келган тадбиркорлар сарсон-саргардон бўлиб юраверар экан, бу соҳада ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди.
Таҳлилчилар фикрича, Ўзбекистонда чорвачилик соҳасини яхшилаш учун импортни диверсификация қилиш, қорамолчиликка субсидиялар бериш, чорва емини ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва унинг нрахини тушириш, эркин бозорни рағабатлантириш ва чорвачилки хўжаликларини қўллаб қувватлаш зарур.
Лекин ҳозирча, тадбиркор Собир Тўраев сўзларига кўра, Ўзбекистон Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси амалдорлари чиройли галстуклар билан суратга тушишдан бошқасига ярамаяпти.