Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:45

Мактаб директори ўқувчилар рўзасини мажбурлаб очтиргани ҳақидаги иддаоларни рад қилди


Суратдаги ўқувчиларнинг хабарда тилга олинган мактабга алоқаси йўқ.
Суратдаги ўқувчиларнинг хабарда тилга олинган мактабга алоқаси йўқ.

Наманган вилоят, Чуст туман, Варзик шаҳарчасидаги 19-ихтисослаштирилган мактаб директори Низомжон Жўраев ўқувчилари тутган рўзани мажбурлаб очтиргани ҳақидаги иддаоларни "туҳмат" деб атади.

20 май куни аzon.uz портали таҳририяти Намангандан олинган аудиохабарга таяниб, Низомжон Жўраевни 60 нафар атрофидаги болани ошхонага йиғиб, мажбуран сув ичириш орқали рўзаси очтирганини иддао қилди.

Низомжон Жўраев аудиохабарни йўллаган манбани "нотўғри хабар" тарқатишда айблади.

Азон иддаоси

Ўзини "ахборот-таҳлилий портал", деб тақдим этувчи Аzon.uz 19-мактаб ўқувчиларидан бирининг тоғаси деб таништирган шахс гувоҳлигига таяниб, 6, 7, 8 ва 9-синф ўқувчиларинининг нонуштага чиқмаганидан хабар топган директор Низомжон Жўраев ҳамма ўқувчиларни йиғиб, рўзаларини очишга буйруқ бергани ҳақида хабар тарқатди.

Бу манба иддаосича¸ "ўқувчилар мактаб директорига қулоқ солмаган" ва "натижада синф раҳбарлари бошчилигида 60 нафар атрофидаги болани ошхонага йиғиб, мажбуран сув ичириш орқали рўзаси очтирилган."

Портал бу ҳолатни, ўз таъбирида,​ "совет тузумидан қолган эскилик сарқити," деб баҳолайди ва ўқувчилар ота-оналарига директор устидан шикоят қилишлари мумкинлигини эслатади.

Ҳуқуқлари топталган фарзандларнинг ота-оналари ҳатти-ҳаракатларида қонун бузилиши аломатлари кўриниб турган мактаб директори устидан тегишли тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишлари мумкин”¸ дейилади бу ҳақдаги хабарда.

Акс ҳолда, портал таъкидича, “оммадан яширилган ва жазосиз қолган бундай қонунбузарликлар кейинчалик жамиятнинг бошқа қатламларида ҳам урчиб кетиши ва оғир оқибатларга олиб келиши мумкин".

"Биринчи ўринда билим"

Озодлик мухбири билан 22 май кунги телефон суҳбатида Низомжон Жўраев ўқувчиларга мажбурлаб сув ичиргани ҳақидаги хабарни "туҳмат" деб атади:

- Йўқ хато. Унақа иш бўлмаган. Туҳмат бу нарса. Болаларни мажбуран сув ичиши (ҳақидаги хабар - таҳр.) бу асоссиз, - деди Варзикдаги ихтисослаштирилган мактаб директори.

Унинг маълум қилишича, ихтисослаштирилган мактабда ётиб таълим олувчи ўқувчилар эрталаб нонуштага чиқмагач, мактаб директорининг маънавият бўйича ўринбосари талабалар билан учрашган.

- Ҳолат шундай бўлганки, бир гуруҳ ўқувчилар эрталаб нонуштага чиқмаган. Улар билан маданий-маърифий ишлар бўйича ўринбосаримиз суҳбат қилган. "Биринчи ўринда оч қолмасдан, дарс ўқишларингиз, билим олишларингиз зарур," дедик. "Эртага оч қолиб, бирон касалликка чалинсангиз, ўзингизга зарар. Шунинг учун биринчи ўринда таълимга эътибор қаратинглар," деб насиҳат қилдик, - дейди Низомжон Жўраев.

"Йиқилай-йиқилай дейди"

Инглиз тили ва математика фанларига ихтисослашган 19-мактаб директори Низомжон Жўраев ётоқхонада болаларнинг рўза тутиши учун шароитлар йўқлигини айтади:

- Ўқувчилар ётоқхонада соат кечки 10 да уйқуга кетишади ва эрталаб соат 6 да уйғонишади. Тартиб шундай. Уларнинг рўза тутишига шароит йўқ. Рангини кўрсангиз оқариб, баъзилари йиқилай-йиқилай деяпти. Чунки, ярим тунда қанақа овқатланган, билмаймиз-ку. Унга ҳеч ким иссиқ овқат тайёрлаб бермаган-ку, - дейди Низомжон Жўраев.

Директор чекка қишлоқлардан қатнаб, интернат ётоқхонасида ётиб таълим олаётганлар болалар соғлиги учун масъулият мактаб маъмурияти зиммасида экани боис¸ уларнинг бундай аҳволда рўза тутиб¸ ўқишга қатнашларига йўл қўя олмаслигини эслатди:

- Рўзага қаршилигимиз йўқ. Фақат битта нарса борки, саломатлигингиз кўтармайди, ота онангиз бағрида бўлсангиз, ҳеч ким қаршилик қилолмайди, деб айтдик. Агар ота-оналар ўз фарзандлари соғлиги кафиллигини ўз зиммасига олса, ҳеч қандай қаршилигим йўқ, тутаверишсин, - деди Низомжон Жўраев.

Озодлик суҳбатлашган Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигининг юқори мулозимларидан бири исми сир қолиши шарти билан мактаб ўқувчиларининг рўза тутишига қаршилик йўқлигини маълум қилди:

"Ҳеч қандай ёзма ва оғзаки қаршилик йўқ. Бу барчанинг ҳуқуқи, албатта соғлиқ жиҳатдан маслаҳат ёки тавсия берилган бўлса, биз буни тўғри тушунамиз. Болалар соғлигини ўйлаб қилгандур деб, аммо кишилар ҳуқуқини ҳеч қачон чекламаймиз," деди вазирлик юқори мулозими.

XS
SM
MD
LG