Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:25

Газсиз¸ светсиз яшашга кўниккан қаршиликлар энди сувсиз қолдирилди


Қарши шаҳрида ичимлик сувга навбат
Қарши шаҳрида ичимлик сувга навбат

Қарши шаҳрида ичимлик сув қувурларини профилактика қилиш тадбири ортидан аҳоли беш кун ичимлик сувисиз қолди. Бу ҳақда хабар берган қаршиликларга кўра, машиналарда келтирилган сув ҳаммага етмагани боис, айрим жойларда¸ ур-тўполон юзага чиққан. Қувурлар профилактикаси тугагандан кейин ҳам сув таъминотининг яхшиланмагани айтилмоқда.

“Беш кун одамлар дўкондан сув сотиб олиб ичди”

Қарши шаҳрида ичимлик сув тизимида юз берган бир неча кунлик узилиш¸ шаҳарликлардан бирининг Озодликка ëзишича¸ аҳоли кундалик турмушида жиддий муаммоларни келтириб чиқарган.

“Мана Қарши шаҳрида сув йўқлигига ҳам уч кун бўлди. Водовозларда келган сувдан олиш учун одамлар бир-бирини уриб, талаб, ишкал бўп ётибди. Сув етмаган одамлар ноилож ҳар куни магазиндан 10-15 минг сўмга сув сотиб олиб, ичаяпти. Қарши шаҳрининг марказида шундай бўлаяпти. Ишонмасаларинг, мана ўзларинг кўринглар”, деб ёзган қаршилик Даврон сув олиш учун бўлган тўполонлар тасвири туширилган фотосуратларни ҳам илова қилди.

Қарши шаҳрида ичимлик сув муаммоси
Қарши шаҳрида ичимлик сув муаммоси

​Қарши шаҳар “Сувоқова” ишлаб чиқариш бирлашмасининг навбатчи диспетчери шаҳарликларга бир неча кун ичимлик суви берилмаганини тасдиқлар экан, бу ҳақда аҳоли аввалдан огоҳлантирилганини айтди:

- Маҳаллий телевидение орқали 10-13 апрель кунлари сув бўлмайди¸ деб эълон қилгандик. Сабаби, профилактика ўтказиб, икки жойда қувур алмаштирдик. Ҳозир сувни очганмиз, қаергадир бормаган бўлса, энди боради, қувурлар тўлиши керак, чиқаяпти аста-секин, деди диспетчер.

“Барибир шаҳар сувга ёлчимади”

“Сувоқова” ташкилотининг исми сир қолишини сўраган мутахассисларидан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, ичимлик сув муаммосини бир-икки қувурни алмаштириш билан ҳал бўлмаслигини билдирди.

“Қаршига ичимлик суви 120 километр масофадан, Шаҳрисабз ва Яккабоғ туманларидан қувурда келади. Бу қувурларга ҳам қирқ йилдан ошган. Шаҳардаги аксарият қувурлар ҳам муддатини ўтаб бўлган. Шаҳар маҳаллаларига эрталаб икки соат, кечқурун икки соат сув берилади. Доимий оқиб турадиган сув йўқ. Бутун тизимни реконструкция қилиш лозим, бунинг учун эса маблағ йўқ”, деди бу мутахассис.

“Қарши аҳолисининг аксарияти ҳовуздан сув ичади”

Қарши шаҳрининг Маҳаллот маҳалласида яшовчи Гулшан Қораева, сувсизликнинг шаҳарда сурункали муаммога айлангани ортидан қурби етган оилалар ўз ҳовлисида сув сақлайдиган ҳовуз қурдириб олганини айтади:

- Бизда ҳам уч кунга деб эълон қилиб, бир ҳафта сув бўлмади. Мана ҳозир сув эрталаб ва кечқурун берди, лекин напор йўқ, сув тепага чиқмайди. Одамлар ернинг тагида ётган трубагача 1-2 метр кавлаб, ўша ердан ўзлари жўмрак ўрнатиб олган. Бу сув ҳам гоҳ бор, гоҳ йўқ. Шунинг учун ҳамма ҳовуз қилиб олган. Бир машинасини 30-40 минг сўмга сотиб олиб, ҳовузга қуйиб қўямиз ва ўшандан истеъмол қиламиз, биздаку арзонроқ, узоқ туманларда эса машинасини 150 минг сўмгача сотиб олишаяпти, деди Гулшан.

Бу суҳбатдош¸ ичимлик суви танқислиги сабабини шаҳарда боғ ва полиз учун суғориладиган сувнинг йўқлиги билан изоҳлайди:

- Бизда суғориладиган сув йўқ. Ҳамма ҳовлисидаги экинларини ичимлик суви билан суғоради. Шунинг учун ҳам сувнинг бошида турганлардан сув ортмайди. Токи Қарши шаҳрини суғориладиган сув билан таъминламас экан, ичимлик сув муаммоси барибир ҳал бўлмайди, деди Гулшан Қораева.

“Туманларда ичимлик суви жуда ҳам қиммат”

Қашқадарë вилояти маркази аҳолиси учун ичимлик суви муаммоси энди кучайиб бораëтган бўлса¸ бу жанубий вилоят районлари аҳолиси водопровод сувини унутганига кўп бўлган.

Хусусан¸ косонлик 46 яшар Акмал эсини таниганидан буён ичимлик сувини сотиб олишларини айтади:

- Косонда бир машина сувнинг нархи 130 минг сўм. Чунки Қаршидан ташиб келади. Бу сув қиш пайтида бир ойга, ёзда эса 15 кунга етади. Агар, мен 46 ёшга кирган бўлсам, эсимни танигандан буён сувни сотиб оламиз. Собиқ иттифоқ даврида кран бор эди, бир кунда бир маҳал сув келарди, одамлар навбатда туриб сув оларди. Ҳозир ўша водопровод ҳам йўқ, деди Акмал.

Президент ичимлик суви муаммосини ҳал қилишга киришди

18 апрель куни республика аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлашни тубдан яхшилаш ҳақида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев фармони эълон қилинди.

Фармонда сув таъминоти ва канализация тизими объектларини самарали эксплуатация қилиш, ичимлик суви ресурсларидан оқилона фойдаланиш, шунингдек, ичимлик сувидан фойдаланишни давлат томонидан назорат қилишнинг ягона тизимини яратиш мақсадида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси (“Давсувинспекция”) тузилиши айтилади.

“Ўзбекистон ичимлик сув тақчиллигини бошидан кечираётган давлат”

Ўзбекистон ўз сув ресурсларига эга бўлса-да, жиддий сув тақчиллигини бошидан кечираётган мамлакатлар сирасига киради. БМТ маълумотига кўра, бу иқтисодий ривожланиш ва аҳоли турмуш даражасининг юксалишига монелик қилмоқда.

Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистонда ичимлик сув муаммоси кундан кун оғирлашиб бораяпти, жанубий ва ғарбий вилоятларда ичимлик сув танқислиги айниқса яққол сезила бошлаган.

Мамлакатда ичимлик суви, асосан, ер ости манбалар ҳисобидан таъминланади. Ер ости чучук сув ресурслари Фарғона водийси (34,5 %), Тошкент (25,7%), Самарқанд (18%), Сурхондарё (9%) ва Қашқадарё вилоятлари (5,5%)да жамланган. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Бухоро вилоятлари маҳаллий оби ҳаёт манбаларидан деярли маҳрум.

БМТ маълумотига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг қарийб тўртдан бир қисми (6 миллиондан ортиқ киши) ифлосланган сувнинг салбий таъсирини ҳис қилмоқда.

Халқаро ташкилотлар неча йилдирки, Қорақалпоғистон ва Хоразм аҳолиси ичаётган сув амалдаги стандартлардан бир неча тош нарида экани ҳақида бонг уради. Давлат Санитария-эпидемиология идораси ҳам ушбу ҳудуддаги водопровод суви кимёвий таркибига кўра 18,7 дан 75 фоизгача давлат стандарти талабига жавоб бермаслигини тан олган.

Мутахассислар Самарқанд вилоятидаги Зарафшон, Тошкент вилоятидаги Чирчиқ ва Оҳангарон, Фарғона вилоятидаги Сўх сув манбаларининг ҳам таги кўриниб қолаётганига эътибор қаратади.

XS
SM
MD
LG