Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:08

"Гўзалликка тақиқ": Туркман аёллари зуғумга қарши кураш йўлларини излашмоқда


Туркман аёллари. Иллюстратив сурат.
Туркман аёллари. Иллюстратив сурат.

Туркманистонда аёлларнинг пардоз-андоз қилиши, замонавий кийинишига нисбатан ва бошқа турли тақиқлар жорий этилиши аҳоли норозилигини тобора кучайтирмоқда. “Гўзалликка тақиқ” мавзуси аёллар орасида кенг муҳокама қилиняпти. Айрим ҳолларда “нозик жинс” вакиллари бу зўравонликларга қарши чиқишмоқда.

“Янги юриш-туриш қоидалари”, полициянинг ва “рация кўтарган фуқаро кийимидаги одамлар”нинг ўзбошимчалиги аёллар орасида қизғин муҳокама қилинмоқда. Бу ҳақда Озодликнинг туркман хизмати хабар берди.

Яқиндан бошлаб Туркманистон аёлларига юз ва тирноқларни пардозлаш, соч бўяш, баданни сириб турадиган кийимлар, шунингдек жинси ва умуман шим кийиш ман этилди. Боз устига, аёллардан анъанавий кенг бичимли кўйлак ва жиякли иштон кийиб юриш талаб қилинмоқда. Эрли аёллар эса рўмол ўраб юришлари шарт. Эслатиб ўтамиз, мамлакатда “гўзалликка тақиқ” апрель ойи аввалида лаб шишириш ва тирноқ ўстиришни ман қилишдан бошланган эди.

Давлат муассасалари ва корхоналари, ўқув юртлари бу талабларни сўзсиз ижро этиш учун дарҳол ишга киришишди. Натижада аёллар косметика ашёларидан фойдалангани учун ишдан бўшатилиш хавфи остида қолдилар. Бу орада давлат авиа ҳамда темир йўлширкатлари лабини шиширтирган, лабларини коррекция қилдирган ёки силикон кўкрак қўйдирган хотин-қизларни стюардесса ва вагонбоши лавозимларидан бўшатишни бошлади.

Шаҳарларда полиция аёлларнинг ташқи кўринишини назорат қилмоқда. “Қоидага хилоф” ташқи қиёфаси учун аёлларни ўзбошимчалик билан қўлга олиш ва жаримага тортиш ҳоллари кўпайди.

11 май куни Озодлик турман хизмати мухбири Ашхобод кўчаларида полиция нафақат туркман аёл-қизларини, балки европача русумда кийинган бошқа миллатлар вакилаларини ҳам тўхтатаётганини маълум қилди.

“Бир ҳолатда патрул машинаси жинси кийган рус қизи ўтирган хусусий таксини таъқиб қилган ва қизни таксидан судраб тушириб, бўлимга олиб кетишга уринишган. Аммо қиз ҳали вояга етмаганини ва катта ёшли қариндошларисиз уни олиб кетишга полициянинг ҳаққи йўқлигини айтгач, ноилож, қўйиб юборишган”, дея хабар қилди Озодликнинг Туркманистон пойтахтидаги мухбири.

Давлат ишида ишламайдиган аёллар зуғумга қарши кураш йўлларини излашаркан, давлат хизматчилари ва талаба қизлар очиқ норозилик билдиришдан ўзларини тийишга ва бўшатилиш ёки ўқишдан ҳайдалиш қўрқуви туфайли мантиқсиз талабларга бўйин эгишга мажбур бўлишмоқда.

Давомли иқтисодий инқироз ва коронавирус пандемияси аҳолининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини зўрайтирди. Ҳамиша муаммоларни инкор этиб келган ҳукумат эса фуқаролар устидан назоратни йил сайин кучайтирмоқда. Собиқ президентнинг ўғли Сардор Бердимуҳамедов иқтидорга келганидан сўнг одамларнинг шахсий ҳаётига аралашув мисли кўрилмаган кўлам касб этди.

Мамлакат аҳолиси бир ой ичида турфа хил таъқибларга дуч келди, хусусан, расмий никоҳсиз бирга яшаётган эркак-аёлларни аниқлаш мақсадида полиция рейдлари ўтказилди. Кўчаларда эр-хотинлар тўхтатилиб, никоҳ дафтари текширилмоқда ва уларга ахлоқ-одобдан ваъзлар ўқилмоқда.

Туркман расмийлари аёлларга автомобилнинг олд йўловчи ўриндиғига ўтиришни ва оқ рангли тўй либоси кийишни ҳам тақиқлашди. Бундан ташқари, Озодлик манбаларига кўра, энди аёлларнинг мамлакатни тарк этишини буткул ман этиш масаласи кўрилмоқда.

XS
SM
MD
LG