Линклар

Шошилинч хабар
23 октябр 2018, Тошкент вақти: 15:18

Ўзбек-тожик чегара ҳудудини минадан тозалаш ишлари бошланди


Тожикистон расмийларига кўра, Мудофаа вазирлиги ва Миналар бўйича марказ сапёрлари чегара минтақаларини миналардан тозалаш ишлари икки мамлакат чегарасидаги Панжакент минтақасидан бошлади.

Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси қошидаги Чегара қўшинлари матбуот котиби Муҳаммад Улуғхожаев 8 октябрь куни Озодлик мухбирига чегара минтақаларини минадан тозалаш ишлари Ўзбекистон томони билан келишув асосида бошланганини айтди.

- Чегара минтақаларини миналардан тозалаш ишлари Панжакент туманида бошланди. Бундан олдин Тожикистон ва Ўзбекистон қўшма комиссияси мазкур муаммони муҳокама этган ва мина майдонлари харитаси Тожикистон томонига берилган эди. Келишувга кўра¸ Ўзбекистон ўз чегара ҳудудларини миналардан тозалайди,- деди Муҳаммад Улуғхожаев.

Тожикистондаги миналар бўйича миллий марказ раиси Муҳаббат Иброҳимзода 17 апрель куни Озодликка қўшма ишчи гуруҳи чегара минтақаларини миналардан тозалаш амалиётини ўтказиш учун тайёргарлик ишларини бошлаганини айтган эди.

Расмий манбаларга кўра, Тожикистон ва Ўзбекистон чегарасида 9,5 квадрат километрга тенг ҳудуд миналаштирилган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг март ойидаги Тожикистонга давлат ташрифи чоғида икки давлат раҳбари ўзаро чегараларни 2019 йилининг охиригача миналардан тозалаш бўйича келишувга эришган эди.

"Президентлар икки давлат чегараолди ҳудудларидаги муҳандислик тўсиқларини зарарсизлантириш масаласи бўйича ўзбек-тожик ишчи гуруҳи тузилишини олқишлади ва бу ишни 2018-2019 йилларда тугатиш зарурлигини таъкидлади", дейилган эди март ойидаги қўшма баённомада.

Ўтган асрнинг 90-йилларида Ўзбекистон Тожикистон билан бўлган чегара минтақаларининг айрим жойларини бир томонлама миналаштирган эди.

Ўзбекистон ўз қарорини расман Тожикистондаги 90- йиллардаги фуқаролар уруши даврида уюшган жиноий гуруҳлар ва наркотиклар оқими хавфининг кучайиши билан изоҳлаган эди.

Таҳлилчилар¸ миналаштиришнинг асл сабаби "Ўзбекистон исломий ҳаракати" жангариларининг мамлакат ҳудудига сизиб киришини олдини олиш бўлганини айтишади.

Тожикистондаги миналар бўйича миллий марказ маълумотига кўра, ҳозирга қадар пиёдаларга қарши миналарнинг портлаши оқибатида 80 нафардан ортиқ тожикистонлик ҳалок бўлган.

Расмий маълумотга кўра, ҳалок бўлганларнинг 15 нафари ёш бола, 5 нафари аёлдир.

Бундан ташқари, миналардан Ўзбекистон фуқаролари ҳам жабр кўргани айтиб келинади, аммо бу ҳақда ҳам расмий маълумот йўқ.

Охирги 20 йил ичида Тожикистон ҳудудида мина портлаши натижасида 374 фуқаро ҳалок бўлган ва 485 одам жароҳат олган.

XS
SM
MD
LG