Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:13

ТОШКЕНТ – “Авария содир этиб, рафиқамни фалаж қилган ЙҲХБ нозири жазодан қутулиб қолмоқда” 


НУРАФШОН. “Мен – Шерзод Розиқов, Тошкент вилояти Нурафшон шаҳри Х.Йўлдошев кўчаси 50-уйдан ёзмоқдаман. Касбим – шифокор-руҳшунос-нарколог, тиббий хизмат лейтенантиман.

2019 йил 24 июнь куни соат 17:40 ларда Ўрта Чирчиқ тумани Янги тўлқин ҚФЙ “Изза овул” ҳудудида “Спарк” автомобилимда кетаётган эдим. Йўлнинг қарама-қарши тарафидаги дўкон ёнида турган “Нексия” автомобили тўсатдан машинам устига бостириб келиб чап ёнимдан урди.

Ҳайдовчининг ғирт маст экани бошқарувидан маълум эди, чунки у мени кўрганда машинани тўхтатишга ҳам уринмади. Машинам бетон тўсинига урилиб бир неча бор ағдарилди.

Кейин маълум бўлишича, бош миям чайқалиб, 12-кўкрак ва 1-бел умуртқанинг компрессион синиши қайд этилган. Машинада мен билан бўлган турмуш ўртоғим Муштарий Розиқованинг эса бўйин умуртқаси, қовурғалари ва ўнг кураги синган, ўпкаси тешилган ва гематоракс қон кетиши юз берган.

Рафиқамни Республика шошилинч тиббий ёрдам марказига олиб кетишди. 8 соатлик нейрожарроҳлик операциясидан кейин бир ой давомида даволанди. Шунга қарамай, у ҳамон оғир аҳволда қолмоқда. 26 ёшли аёлим она бўлиш бахтидан ва юриш қобилиятидан умрбод айрилди, фалаж бўлиб қолди. Мен ҳам 5 кун шифохонада ётдим ва ўз аризамга кўра даволанишни уйда давом эттирдим.

Турмуш ўртоғим ҳам умумий амалиёт фельдшери сифатида мен билан Нурафшон шаҳри “Тез ёрдам” бўлимида ишлар эди. Икки яшар қизимизнинг “Ойижон, қачон юрасиз?” деган саволини эшитиб, юрак-бағрим эзилмоқда.

Бизга жуда катта жисмоний ва маънавий зарар етказилган ушбу жиноят яширилмоқда. Ўша куни “Нексия” автомобили рулида йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими бўлган. Аммо тергов ҳужжатларида гўё рулда унинг укаси М.Н. бўлгани иддао қилинмоқда.

Ўрта Чирчиқ тумани ИИБ “қарға қарғани кўзини чўқимайди” қабилида иш тутиб, ЙҲХБ ходимининг жиноятини яширмоқда. Шу мақсадда ўша кунги камера ёзувлари ҳам ўчирилган. Воқеа гувоҳлари ҳам ўз-ўзидан “йўқ” бўлиб қолган ёки бошқача кўрсатма берган.

Мен Ўзбекистонда қонун устувор эканига ишонаман. Мутасадди идоралардан ушбу жиноят ишини холис кўриб чиқишлари ва айбдорни жазолашларини сўрайман”.


(Бу хабар Озодликка 11 октябрь куни келган. Бу мурожаат юзасидан суруштирув ўтказган "Тошкент" телеканалининг лавҳаси ҳам илова қилинган. Лавҳани тайёрлаган журналистлар ИИБдан ўз саволларига аниқ жавоб олишга урунган, бироқ ИИБ мазкур ҳолатни изоҳламаган.)

Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!

Резюме

"Sizdan Telegram" лойиҳасида Сиздан келаётган хабарлар, фото ва видеолар ўрин олади. Telegram, WhatsApp тармоғидаги рақамларимиз: +420 724 971 539; +420 724 740 755. Электрон почтамиз: ozodlikmail@gmail.com 60 йилдан зиёд вақт мобайнида холис журналистика андазалари асосида фаолият юритаётган Озодлик радиоси, агар истасангиз, шахсингиз сир қолишини кафолатлайди. ******************************************************************************

Илтимос, "Sizdan Telegram" лойиҳасига юбораётган хабарингизга, имкони бўлса, фото, видео ёки бошқа ҳужжатларни илова қилинг!​

XS
SM
MD
LG