Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:13

Оқ уй Мирзиëевни бошлаган ислоҳотларини давом эттиришга рағбатлантирмоқчи


Президент Мирзиëев 26 март куни Афғонистон бўйича халқаро конферецияга келган АҚШ делегацияси раҳбарини қабул қилган эди.
Президент Мирзиëев 26 март куни Афғонистон бўйича халқаро конферецияга келган АҚШ делегацияси раҳбарини қабул қилган эди.

15 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев АҚШ президенти таклифига биноан Вашингтонга келади. Оқ уй томонидан "тарихий" деб баҳоланган Оқ уй учрашувларида¸ АҚШ маъмурияти расмийларига кўра¸ Ўзбекистон раҳбарининг ҳокимиятга келгандан бери қилаëтган ислоҳотлари олқишланади ва бу ислоҳотларнинг давом эттирилишига рағбат берилади.

Ислоҳотлар рағбати

Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг Марказий ва Жанубий Осиё масалалари бўйича мутасаддиси Лиза Куртис 14 май куни Мирзиёев президентликни қўлга олгандан бери Ўзбекистон “улкан ютуқларни қўлга киритгани”ни айтди.

Куртис¸ Вашингтон учрашувлари давомида АҚШ расмийлари Шавкат Мирзиёевни иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва инсон ҳуқуқларига риоя этилишини давом эттиришга даъват қилмоқчи эканини айтди.

АҚШ расмийлари¸ Куртиснинг айтишича¸ Мирзиëев сафари давомида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, мажбурий меҳнат, дин ва матбуот эркинлиги билан боғлиқ эски муаммолар ечимини ҳам муҳокама қилади.

- Сафар ўша Мирзиёев бошлаган ислоҳотларни рағбатлантириш ва тасдиқлаш имкониятидир, - деди Куртис Вашингтондаги Атлантика кенгаши илмий-тадқиқот марказидаги учрашувда.

Мирзиёев 16 май куни Оқ уйда Доналд Трамп билан учрашади.

Мирзиёев даврига келиб, Каримов вақтида одатий ҳол бўлган сиёсий қатағонлар юмшади. Сўнгги ойларда бир неча йиллардан бери қамоқда ўтирган инсон ҳуқуқлари фаоллари озод қилинди. Хусусан¸ 12 май куни ҳуқуқ фаоли Фахриддин Тиллаевнинг озод этилишига Тошкентнинг Вашингтон учрашувлари олдидан кўрсатган яна бир яхши ният ифодаси ўлароқ қаралмоқда. У тўрт йил олдин, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари таъбирича, сиёсий сабабларга кўра қамалган эди.

Мирзиёев сафари олдидан Amnesty International ташкилоти Ўзбекистон раҳбарининг Оқ уйга ташрифини “Трамп маъмурияти учун Ўзбекистонда узоқ кутилган ва ўта зарур инсон ҳақлари соҳасидаги ислоҳотларни рағбатлантириш учун ўта қулай имконият” деб атади.

Мирзиёев аксар сиёсий маҳбусларни озод этганига қарамай¸ янги ҳокимият эски бошқарувнинг қатор раҳбарлари¸ хусусан¸ ҳуқуқ тизимлари расмийларини қамоққа олди. Бу қамоққа олишлар ва собиқ раҳбарлар устидан тергов ва суд жараëнлари қарийб ëпиқ ҳолда олиб борилмоқда. Бу жараëнни шаффоф ва адолатли ўтказишга чақираëтган ҳуқуқ фаоллари¸ акса ҳолда янги қамоққа олишлар Мирзиёев сиёсий тарафдорларининг бойиши ва унинг ҳокимиятини мустаҳкамлаш билан якун топишидан хавотир билдирмоқда.

Бизнес ва хавфсизлик

АҚШ сафари давомида Мирзиёевга ҳукумат расмийлари ва бизнес жамоасидан иборат катта делегация ҳамроҳлик қилади. Унинг Вашингтонга ташрифи чоғида¸ Мирзиëев матбуот котибининг 14 май куни билдиришича¸ АҚШ компаниялари билан 8¸5 миллиард долларлик шартнома ва битимлар имзоланиши кутилмоқда.

Мирзиëев матбуот котиб¸ 16 май куни Ўзбекистон президенти махсус зиëфат уюштириши ва унда Америкадаги йирик ширкат ва банклар вакиллари иштирок этишини билдирди.

Ўзбекистон ҳукумати сўнгги ойларда давлат ва хусусий сектор сармояларини жалб қилиш учун Вашингтон ва бошқа Ғарб пойтахтларида қатор маркетинг кампаниялари уюштирди.

Оқ уй маъмурияти расмийси Лиза Куртисга кўра, Мирзиёевнинг сафари чоғида Хитой ва Россиянинг минтақадаги хатти-ҳаракатлари ҳам муҳокама қилинади.

Шунингдек, Оқ уй маъмурияти Мирзиёевдан қўшни Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этишда воситачилик ёрдами кўрсатишни сўрайди. Унинг фикрича, Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари юкнинг маълум қисмини зиммасига олиши керак.

XS
SM
MD
LG