Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:44

OzodDayjest: Шаҳарларга ичимлик суви келтириш учун ОТБ ажратган маблағ талон-тарож этилган


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Осиё тараққиёт банки Ўзбекистон шаҳарларига ичимлик суви келтириш учун ажратган маблағ талон-тарож этилди. Тошкент милицияси бошлиғи тиланчилар катта даромад топаётганини тахмин қилди. “Халқ банки”нинг сайёр касса машинасидан 60 миллион сўм миқдордаги пенсия ва нафақа пуллари ўғирланди.

_____________________________________________________________

Қаршига ичимлик суви келтириш учун Осиё банки ажратган маблағ талон-тарож этилгани фош қилинди

Гулистон, Жиззах ва Қарши шаҳарлари аҳолисини тоза ичимлик билан таъминлаш мақсадида Осиё тараққиёт банки томонидан ажратилган йирик миқдордаги маблағ талон-тарож этилгани фош қилинди (“Ҳуқуқ”, 28 февраль). Хусусан, Гулистон ва Қарши шаҳрига ичимлик суви келтириш учун тендерда Туркиянинг “Eser insaat ve ticaret as” компанияси ғолиб чиқиб, Қаршида “Eser-4” муассасасини очган. 8,3 миллион долларлик лойиҳанинг 49 фоизи Осиё тараққиёт банки, 51 фоизи Ўзбекистон Молия вазирлиги томонидан қопланган. Аммо “Eser-4” муассасаси масъуллари ҳужжатларни сохталаштириб, бажарилмаган ишларни “бажарилди” деб кўрсатган. Шу тариқа 644 минг доллар ўзлаштирилган. Қайд этилишича, жиноий гуруҳ аъзолари қилмишига яраша жазоланган бўлса-да, Қарши шаҳрини ичимлик суви билан таъминлаш иши ҳамон охирига етказилмади. Оби ҳаётни кута-кута чарчаган аҳоли эса сувни фалон пулга сотиб олиб ичишга мажбур бўлмоқда. Таъкидланишича, Қарши шаҳрида бир машина сувни гоҳида 60-70 минг сўмга ҳам топиш амримаҳол.

Тошкент милицияси бошлиғи: Тиланчилардан 80-90 фоизининг ҳеч нарсага муҳтожлиги йўқ

Тошкент кўчаларида тиланчилик қилаётганларнинг 80-90 фоизи профессионаллар бўлиб, уларнинг ҳеч нарсага муҳтожлиги йўқ, деб ҳисоблайди пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи Рустам Жўраев (“Оила даврасида”, 28 февраль). Р. Жўраевга кўра, улар тиланчиликни енгил даромад манбаига айлантириб олганлар ва топаётган пуллари кўпчиликнинг бир кунлик даромадидан кўпроқдир. 2019 йил 9 январь куни Ўзбекистон қонунчилигига киритилган ўзгартиришга мувофиқ, тиланчилик билан шуғулланиш, бу ишга вояга етмаганлар ва ногиронларни жалб этиш учун жиноий жавобгарлик жорий этилди. Қонун кучга киргач, кўчаларда, хусусан, Тошкентдаги Қўйлиқ бозори атрофидаги тиланчилар ови уюштирилган. Газетага кўра, ички ишлар ходимлари тиланчилик қилиб турганларни ҳайдаш, қўрқитиш билан шуғулланаётган бўлса-да, мазкур рейдларда ҳокимликлар, хотин-қизлар ҳамда бандлик идоралари вакиллари қатнашмаяпти.

“Халқ банки”нинг сайёр кассасидан катта миқдорда пул ўғирланди

“Халқ банки”нинг “Дамас” сайёр касса машинасидан 60 миллион сўм миқдордаги пенсия ва нафақа пуллари ўғирланди. “Даракчи” хабарига кўра, воқеа Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида 16 февраль куни соат 13:00 ларда рўй берган. Қайд этилишича, банк ходимлари ИИБ қўриқлаш бўлими ходими ҳамроҳлигида пенсия ва нафақа пули тарқатиш учун йўлга чиққан. Қўриқлаш бўлими ходими ярим йўлда тушиб қолган. Банк ходимлари ҳам овқатланиш учун ошхонага кирган. Шу маҳал 60 миллион сўм пул машинадан ўғирлаб кетилган. Каттақўрғон ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими катта терговчиси Жалолиддин Суюновга кўра, ўғриликни амалга оширишда гумонланаётган уч шахсдан икки нафари қўлга олинган, яна бири қидирилмоқда. Уларга нисбатан тергов олиб борилаётгани хабар қилинган. Жиноий ишга оид бошқа тафсилотлар очиқланмаган. Бу сўнгги ҳафталарда “Халқ банки” тизимида рўй бераётган иккинчи ўғрилик ҳодисасидир. Жорий йил 5 февраль куни банкнинг Фарғона вилояти Ёзёвон тумани филиалида 100 минг доллар нақд пул йўқолган эди.

XS
SM
MD
LG