Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:32

Бухорода ота-онасини тириклай ёқиб юборишга уринган йигит 16 йилга қамалди


Сурхондарёда почта бўлими бошлиғи нафақа ва дафн пулларини ўзлаштирди. Сирдарёлик оила итининг туғилган кунини нишонлаб, жониворга тўн кийгазди. Таълим масканларида “йиғ-йиғ”лар авж олгани танқид қилинди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

________________________________________________________________

Сурхондарёда почта бўлими бошлиғи 200 га яқин фуқаро ҳақига хиёнат қилди

Сурхондарё вилояти “Карвон” почта алоқа бўлими бошлиғи 200 га яқин фуқаронинг нафақа ва дафн пулларини ўзлаштирган (“Ҳуқуқ”, 2016 йил 50-сон). 10 йилдан бери тизимда ишлаб келган почта раҳбари “давринг келди, сур бегим” қабилида иш тутгани хабар қилинган. Исми ошкор этилмаган мансабдор 2016 йилнинг февраль, март ва апрель ойларида 198 нафар фуқаронинг қонуний ҳақи саналган дафн, боқувчисини йўқотганлик ва ногиронлик пуллари ҳамда нафақаларини эгаларига бермасдан, ҳужжат ва имзоларни сохталаштириб, талон-тарож қилган. Қайд этилишича, жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди почта раҳбарига тегишли жазо берган.

Матбуот: Мактаб ва боғчадаги “йиғ-йиғ”лар – порахўрлик сари дастлабки қадам

Боғча, мактаб, академик лицей ва коллежларда ўқитувчи ҳамда тарбиячиларнинг ота-оналардан пул йиғиши одатий тусга кириб бормоқда (“Оила даврасида”, 22 декабрь). “Зиммасида таълим-тарбия беришдек улкан вазифа бўлган айрим мураббийлар бу “анъана”нинг янги кўринишларини топиб, кундан-кунга авж олишига ҳисса қўшяпти. Тилида “Сизлардан менга ҳеч нарса керак эмас...” деб қайта-қайта такрорласа-да, совға билан йўқлаб турмаган ўқувчисига нисбатан ўз-ўзидан эътибори сусайиб қоляпти”, деб ёзади газета. Мазкур ҳолат “тамагирлик ва порахўрлик сари дастлабки қадам”, деб баҳоланган.


Бухоролик йигит ота-онасини тириклай ёқиб юборишга уринди

Бухоролик Фарҳод Эгамов мудҳиш жиноятга қўл урди.“Ҳуқуқ” газетаси хабарига кўра, 2016 йилнинг 25 январида “кўрнамакфарзанд” Ф. Эгамов ота-онасини тириклай ёқиб юборишга уринган. Маст ҳолда тўйдан қайтган жиноятчи ота-онаси яшайдиган хонага 2 та елим идишда бензин сепиб, ўт ёққан ва эшикни тамбалаб қўйган. Дод-фарёдни эшитган келин қайнота-қайнонани қутқариб қолган. Бухоро вилояти прокуратураси катта терговчси Улуғбек Ўриновнинг маълум қилишича, муқим бир ишнинг бошини тутмаган Фарҳод Эгамов узоқ йиллар давомида ота-онасига тирик товон бўлиб келган, беш марта уйланса-да, оила қадрига етмаган. Танбеҳ бериб уни тўғри йўлга солмоқчи бўлган ота-онаси эса кўзига хавфли душмандек кўрина бошлаган ва шу боис улар жонига қасд қилган. Суд ҳукмига биноан, Ф. Эгамов 16 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Машина ўғриси милиция ходимини жароҳатлади

Тошкент шаҳри Миробод туманида номаълум шахс “Матиз” ҳайдовчисига пичоқ билан жароҳат етказиб, автоуловни тортиб олган ва олиб қочган (“Постда”, 17 декабрь). Воқеа жорий йил 24 ноябрь тунида рўй берган. Жиноятчи уни тўхтатишга уринган “Назарбек” блокпости нозири Дилшод Жўраевни уриб кетишга ҳаракат қилган. Милиция ходими машина капотига тирмашиб, автоуловни тўхтатишга уринган. Шу ҳолатда у 80 метргача судралиб борган ва жароҳатланган. Милиция ходимини шу ердан ўтиб кетаётган ҳайдовчи Х. Пирназаров шифохонага олиб борган. Жиноят ишига оид бошқа тафсилотлар ошкор этилмаган. Қайд этилишича, милиция нозирига ўз вақтида кўмак берган ҳайдовчи Х. Пирназаровга Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти миннатдорлик хати йўллаган.

Сирдарёлик оила ити уч ёшга тўлиши муносабати билан зиёфат берди

Сирдарёда истиқомат қилувчи оила ити уч ёшга тўлиши муносабати билан зиёфат берди. Шу ҳудудда яшовчи Азиза Қаршибоеванинг “Оила даврасида” газетаси мухбирига айтишича, катта базм уюштирган ит эгаси жониворга тўн ҳам кийдирган. Тошкентлик Муқаддам Шайзоқова эса қўшниси мушугига этикча кийдириб юришини айтган. Умуман, кейинги пайтларда мушук, ит каби уй ҳайвонларини бошдан-оёқ ясантириб, ҳатто сирға тақиб қўйиш ҳолатлари учрамоқда. Қайд этилишича, бундан хурмача қилиқлар инсонийликка ҳам, ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилишга оид қонунларга ҳам зиддир.

Тошкентда “тез ёрдам” юраги хуруж қилган беморни даволашга кечикиб келди

Тошкентда юраги хуруж қилган кекса аёлга тез ёрдам кўрсатишга чақирилган шифокорлар гуруҳи ярим соатдан кўпроққа кечикиб келди (“Даракчи”, 22 декабрь). Мазкур ҳолатдан арз қилган беморнинг невараси Надежда Ермакова шифокорларнинг хатти-ҳаракатини “лоқайдлик” деб атаган. Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бош врачи ўринбосари Эльвира Ермановага кўра, “тез ёрдам” чақирувга сабаб бўлган хасталикнинг турига қараб 15 дан 30 дақиқагача вақт оралиғида етиб бориши керак. Агар етиб келган тиббий гуруҳ беморни шифохонага ётқизишдан бош тортса, 236-73-60, 236-73-32 рақамлари орқали станция етакчи мутахассисларига мурожаат этиш мумкин.

XS
SM
MD
LG