Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:12

OzodDayjest: Баҳодир Йўлдошев: Шайбонийхонга нисбатан салбий муносабат ўзгариши керак


Муҳаммад Шайбонийхон.
Муҳаммад Шайбонийхон.

Таниқли режиссёр Баҳодир Йўлдошев Ўзбекистон Президентидан Шайбонийхоннинг қабртошини Россиядан келтиришни сўради. Ўзбек матбуоти хорижда ишлаб юрганларни ватанга қайтишга даъват қилмоқда. Тошкент шаҳри ва вилоятида 37 та матбаа корхонаси гувоҳномаси бекор қилинди.

_____________________________________________________________

Режиссёр Баҳодир Йўлдошев: Шайбонийхонга нисбатан салбий муносабатни ўзгартириш керак

​Таниқли режиссёр, Ўзбекистон халқ артисти Баҳодир Йўлдошев 1451-1510 йилларда яшаган ҳукмдор Шайбонийхон шахсига нисбатан салбий муносабатни ўзгартириш лозим, деб ҳисоблайди (“Даракчи”, 28 декабрь). Ушбу тарихий шахс ўтмишда қонхўр ҳукмдор, Бобур Мирзонинг ашаддий душмани сифатида талқин қилинган. Б.Йўлдошевга кўра, аслида Шайбонийхон Бобур Мирзо ҳаётини сақлаб қолишга уринади, темурийзода билан жанг қилганда ҳам уни қуршовдан чиқариб юборади. “Регистоннинг орқасида Шайбонийлар дахмаси бўлган, ўша ердаги қабртошларни совет даврида Ленинградга Эрмитажга олиб кетишган. Жуда чиройли қабртош бўлган. Энди замон ўзгарди, ҳукуматимиз, президентимиз иложи борича қабртошни қайтариб олиб келтириб, Шайбонийхон қабрига қўйишади, деб ўйлайман”, деган режиссёр Баҳодир Йўлдошев.

Матбуот: Эркаклар хорижда ишлаб юрса, ватанда тобутни ким кўтаради?

Аксар эркаклар ишлаш учун хорижга кетгани боис Ўзбекистоннинг айрим қишлоқларида оғир юмушларни аёллар қилишига тўғри келмоқда (“Жамият”, 22 декабрь). “Худо кўрсатмасин, биров ўлиб-нетиб қолса, бу туришда тобут кўтариш ҳам шу заифаларнинг елкасига тушадими? Назаримизда, буни жиддий ўйлаб кўрадиган вақт келди. Йўқса, ёмон оқибатларга олиб келадиган муаммолар гирдобида қолишимиз тайин”, деб ёзади газета. Мақолада эркаклар олис мамлакатларда юргани боис кўп сонли аёллар якка-ёлғизликда эзилаётгани қайд этилган ва муҳожирликдаги йигитлар Ўзбекистонга қайтишга даъват этилган. “Хўш, аёллар нима қилсин? Ахир, улар сизни кутишдан чарчади? Сиз мусофирликдан чарчамадингизми?” дея эҳтиросли саволлар қуйилади мақолада. Аммо муаллиф хорижда ишлаётган кўп миллионли ўзбекистонликлар ватанга қайтиб келса, уларни муносиб иш билан таъминлаш имкони борми, деган муҳим масалага эътибор қаратмаган.

Тошкент шаҳри ва вилоятида 37 та матбаа корхонаси гувоҳномаси бекор қилинди

Жорий йилнинг сўнгги икки ойи давомида Тошкент шаҳри ва вилоятидаги 444 та матбаа корхонасида мониторинг ўтказилиб, улардан 37 тасининг гувоҳномаси бекор қилинди (“Ҳуррият”, 27 декабрь). Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги Ахборот хизматига кўра, мониторинг тадбирлари ноқонуний матбаа фаолияти билан шуғулланаётганларни аниқлаш, ишлаб чиқарилаётган матбаа маҳсулотларининг стандарт талабларга мослигини ўрганиш, мазмунан саёз, маънавият ва миллий қадриятларга мос келмайдиган адабиётлар тайёрлашнинг олдини олиш мақсадида ўтказилган. Расмий маълумотга кўра, мамлакатда 1800 дан ортиқ матбаа корхонаси фаолият кўрсатади. Улар ҳар йили 4 мингдан ортиқ номда 60 миллиондан зиёд нусхада матбаа маҳсулотлари ишлаб чиқаради.

XS
SM
MD
LG