Линклар

Шошилинч хабар
09 август 2020, Тошкент вақти: 01:54

OzodDayjest: Собиқ МХХчини ўлдирган “Akfa medline” ходими 16 йилга қамалди


Иллюстратив сурат.

Собиқ МХХчини ўлдирган шахс узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди. Ўзбекистонликлар учун Корея визасини олиш қийинлашиши мумкин. Сайлов комиссияси ходими уйдаги телевизорини сайлов участкасига олиб боришга мажбурланди.

_____________________________________________________________

Собиқ МХХчи қабристонда нега ўлдириб кетилгани сабаби очиқланди


Тошкент шаҳридаги қабристонда рўй берган қотиллик тафсилотлари маълум бўлди (“Ҳуқуқ”, 12 декабрь). 2018 йил 5 сентябрь куни “Шайх Зайниддин” қабристонидан бўйни кесилган жасад топилган эди. Тошкент шаҳри прокуратураси алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчиси Жасурбек Маҳмудовга кўра, тергов-суриштирув жараёнида қотиллик “Akfa medline” клиникаси ходими томонидан содир этилгани аниқланди.

Қайд этилишича, марҳум бир муддат Миллий хавфсизлик хизматида ишлагач, оилавий шароити тўғри келмагани сабаб тизимдан бўшаган. Шундан кейин у спиртли ичимликка ружу қўйган, фирибгарлик йўлига кирган. У таниши – “Akfa medline” клиникаси ходимидан ҳам 8 миллион сўмга яқин қарз олган, аммо қайтариб бермаган. Икки таниш қабристонга қарз олди-бердисини ҳал этиш учун боради. Аммо ўзаро низолашув оқибатида “Akfa medline” клиникаси ходими қарздор танишини бўйнига пичоқ тортиб ўлдиради.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри суди ҳукмига кўра, қотилликда айбланган шахсга 16 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

Кореяда ноқонуний яшаётган талабалар сони бўйича Ўзбекистон “пешқадам”лар сафида


Жанубий Кореяда ноқонуний яшаётган талабалар сони бўйича Ўзбекистон учинчи ўринда қайд этилди (www.sof.uz, 12 декабрь). Кореяга Д4 виза билан келиб, сўнгра ноқонуний яшаш йўлини танлаган талабаларнинг умумий сони 18627 нафарни ташкил этади. Улардан 14705 нафари вьетнамлик, 1251 нафари хитойлик ва 1205 нафари эса ўзбекистонликлардир. Қайд этилишича, улар корейс тили курсларида ўқиш учун виза олган, аммо курслардан қочиб кетган.

Бу ҳолат хавотирли деб аталган. Мазкур ҳолат сабаб ўзбекистонликлар учун Жанубий Кореяга виза бериш тартиби янада мураккаблашиши, виза муддатини узайтиришда қийинчиликлар ортиши тахмин қилинмоқда.

Сайлов комиссияси ходими шахсий телевизорини сайлов участкасига олиб боришга мажбурланди


Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани сайлов комиссияси ходими уйидаги телевизорни сайлов комиссиясига олиб боришга мажбурланди, дея хабар беради журналист Шуҳрат Шокиржонов Телеграмдаги саҳифасида. “Отам Шўрчи туманида сайлов комиссиясида ишлаяпти. “Сайлов участкасига телевизор олиб келиб қўйинглар” деган буйруқ келибди. “Қаердан бўлса ҳам топинглар”, дейилибди. Отам ноилож уйда оиламиз билан кўриб турган телевизорни олиб боришга мажбур энди. Кимга керак бу кўзбўямачилик?!” дея ёзади мактуб муаллифи.

Шўрчи тумани ҳокимлиги матбуот хизмати мазкур хабарни рад этган ва сайлов участкаларини телевизор билан таъминлаш мақсадида қарийб 45 миллион сўм маблағ ажратилганини билдирган.

“Лекин ўша ажратилган пулларни кимдир жиғилдонидан ўтказиб, сайлов комиссиясидагиларни мажбурлаётган бўлиши ҳам мумкин-ку?! Бу биргина Шўрчида бўлаётган ҳолат эмас. Бутун республикада кўзбўямачилик авжига чиққан”, дея раддияга муносабат билдирган журналист Ш.Шокиржонов.

Қайд этилишича, яна бир сайлов участкасига телевизор, компьютер, принтер, сейф ва байроқлар олиб келиш талаб қилинган.

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG