Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:06

OzodDayjest: Cанъаткорлар мустақиллик байрамида қўшиқ айтиш учун пора бергани фош қилинди


2012 йилдаги мустақиллик байрамидан лавҳа (иллюстратив сурат).
2012 йилдаги мустақиллик байрамидан лавҳа (иллюстратив сурат).

Кекса эр-хотин фуқаролиги йўқлиги сабаб ҳажга бора олмаяпти. Режиссёр Рустам Ҳамидов мустақиллик байрамида чиқиш учун айрим санъаткорлар пора бергани, яна айримлари мансабдор танишларини ишга солганидан баҳс этди. Хотин-қизлар қўмитасига фойдали ишлар билан шуғулланиш таклиф этилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Ўзбекистонда яшаётган кекса эр-хотин фуқаролиги йўқлиги боис ҳаж сафарига бора олмаяпти

70 яшар Ғойибназар Эрназаров ва унинг аёли 66 ёшли Баҳринисо аянинг ҳаж сафари ҳақидаги орзулари неча йилки амалга ошмаяпти (www.eurasianet.org, 19 август). Муқаддас зиёратга Ўзбекистонда 27 йилдан буён яшаётган кекса эр-хотиннинг фуқаролиги йўқлиги тўсиқ бўлмоқда.

Қайд этилишича, асли сўғдлик бўлган Эрназаровлар оиласи Тожикистондаги фуқаролар уруши даврида - 1993 йили Ўзбекистонга келган. Ўтган йиллар давомида улар Ўзбекистон фуқаролигини олиш учун давлат идораларига ариза берган, аммо ҳозирча уринишлар натижа бермаган. Қайд этилишича, фуқаролик орзусида юрган бундай оилалар жуда кўп.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач, фуқаролиги йўқ шахсларга Ўзбекистон ватандошлигини бериш амалиётига қайта йўлга қўйди. Адвокат Шуҳрат Ғаниевга кўра, 2019 йилда 2000 зиёд киши Ўзбекистон ватандошлигини олган, аммо бу дарёдан томчи, холос. БМТ ҳисоб-китобига кўра, Ўзбекистонда 87 мингга яқин фуқаролиги йўқ шахс бор. Уларнинг аксарияти Тожикистондаги фуқаролар уруши даврида Ўзбекистондан қўним топган ўзбеклардир.

Атоқли режиссёр мустақиллик байрами тантаналаридаги коррупция ҳақида гапирди

Ўзбекистон мустақиллиги байрам тантаналарига чиқиш учун айрим санъаткорлар пора берган, яна айримлари юқори мансабдаги танишларини ишга солган (www.uza.uz, 26 август). Бу ҳақда байрам тантаналарига узоқ йиллар бош режиссёрлик қилган Рустам Ҳамидов маълум қилди. Қайд этилишича, маданият ва санъат соҳасига яқин бўлган баъзи раҳбарлар пора эвазига истеъдоди ўртамиёна санъаткорларнинг президент иштирок этадиган байрам дастурида қатнашишини таъминлаган.

Режиссёр, шунингдек, байрам тантанаси учун ажратилган маблағларни талон-торож қилиш ўша пайтда газак олиб кетганини ҳам қайд этган. “Аслида ҳамма нарсанинг нарх-навоси бор, битта кўйлак, дейлик, ўша пайтда 70-80 минг сўмга тушса, улар бу нарсаларни 200 минг сўмдан олган. Кўрдингизми? Бу ишга нафақат ўртада юрган, балки каттароқ раҳбарлар ҳам аралашган”, деган Ўзбекистон халқ артисти Рустам Ҳамидов.

Хотин-қизлар қўмитасига “бозорларда Зулфия шеърларини ўқиш”дан кўра фойдали таклифлар берилди

Охирги пайтларда анча хира тортган Хотин-қизлар қўмитаси имижини яхшилаш борасида таклифлар берилди (www.xabar.uz, 29 август). Ҳуқуқшунос Хушнуд Худойбердиевга кўра, қўмита аввало туғруқ таътилига чиққан барча аёлларга 2 ёшга тўлгунга қадар “бола пули” берилишини таъминлаши лозим. 2013 йилгача ушбу нафақа ҳамма аёл ходимларга берилган. Aммо ўша йили Молия вазирлиги талаби билан бюджет ташкилотида ишлайдиган аёллар учун “бола пули”ни иш жойидан эмас, маҳалладан олиш тартиби жорий қилинди. “Mаҳалладан бола пулини олиш қай даражада қийин ва коррупциялашган тизим эканини кўпчилик яхши билса керак”, деб ёзади ҳуқуқшунос.

Хотин-қизлар қўмитасига, шунингдек, давлат боғчаларида болаларни қабул қилиш ёшини 3 ёшдан 2 ёшга тушириш, туғиш таътилидаги аёлларнинг декрет пулини тўлиқ олишини таъминлаш каби вазифалар тавсия этилган.

Қайд этилишича, ушбу муаммолар ҳал этилса, миллионлаб аёлларга “бозорларда Зулфия шеърларини ўқиб бериш”дан кўра (қўмита раиси Э.Боситхонова ташаббуси) кўпроқ амалий фойда келтиради.

XS
SM
MD
LG