Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:07

OzodDayjest: Самарқандлик бойни 70000 долларга чув туширган ички ишлар нозири 13 йилга қамалди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Самарқандда ИИБ биносини сотишга уринган милиция нозири узоқ йилга озодликдан маҳрум этилди. Тошкентлик йигит қўрқитиш йўли билан маъшуқасини иккинчи хотин қилишга уринди. Самарқанд туманида текширув ўтказилган боғчалар фаолияти танқид қилинди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Самарқандда милиция нозири ИИБ биносини сотиб, пулини ўзлаштиришга уринди

Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида профилактика катта инспектори лавозимида ишлаган А.С. фирибгарлик учун маҳкамага тортилди (“Даракчи”, 22 август). Инспектор ИИБга қарашли милиция таянч пункти маъмурий биносини маҳаллий бойга 70 минг долларга сотишга уринган. ИИБ ходими аслида сотилиши кўзда тутилмаган бино учун кадастр ҳужжати тўғрилашга ҳам сўз берган. Суд ҳужжатларига кўра, милиция инспектори А. С. келишилган пулнинг 60 минг долларини олаётганда ушланган. Жиноят ишлари бўйича Тойлоқ туман суди раиси Марат Эргашевга кўра, милиция катта инспекторига 13 йил озодликдан маҳрум этиш ва 40,5 миллион сўм жарима жазолари тайинланган.

Тошкентлик йигит маъшуқасини беҳаё видеони тарқатиш билан қўрқитиб, иккинчи хотин бўлишга кўндиришга уринди

Тошкент шаҳрида яшовчи йигит оила қурганидан кейин ҳам маъшуқаси билан ишқий суҳбатларни давом эттирди (“Ҳуқуқ”, 22 август). Кунларнинг бирида оилали йигит ҳали турмушга чиқмаган маъшуқаси билан шаҳар четидаги далаҳовлида кўнгилхушлик қилишади ва бир-бирларини шармандали ҳолатда фото ва видеога олишади. Шундан кейин йигит севган қизини беҳаё видеоларини интернетда тарқатиш билан қўрқитади ва ундан иккинчи хотин бўлишини талаб қилади. Қиз кўнмагач, шармандали ҳолатдаги суратларни қизнинг онасига юборади. Қизнинг яқинлари ҳуқуқ идораларига мурожаат қилгач, йигитга нисбатан жиноят иши очилади.

Қайд этилишича, Жиноят кодексининг 136-моддаси (аёлни эрга тегишга мажбур қилиш ёки унинг эрга тегишига тўсқинлик қилиш) бўйича айбланган йигит 2 йилга озодликдан маҳрум этилган. Жиноят ишига оид бошқа тафсилотлар очиқланмаган.

Cамарқандда боғчада болаларга аталган гўштни “туя қилиш” ҳолати аниқланди

Самарқанд туманида текширув ўтказилган 4 та МТМнинг бирортасида ҳам ижобий ҳолат кузатилмади (“Зарафшон” газетаси сайти, 21 август). Қайд этилишича, боғчаларда таомномада кўрсатилган барча маҳсулотлар, айниқса, гўшт болаларга тўлиқ етказиб берилмаяпти. Масалан, 1-мактабгача таълим муассасасида таомнома бўйича 180 нафар боланинг овқатига 18 кг гўшт солиниши керак бўлган ҳолда бор-йўғи 5 кг товуқ гўшти солинган.

Санитария-гигиена қоидаларига риоя этиш ҳам талаб даражасида эмас. Боғчада канализация тармоғи ишламаётгани боис ҳаммаёқни бадбўй ҳид эгаллаган. Ипакчи маҳалласида жойлашган 13-МТМ ҳовлисида бегона итлар дайдиб юргани аниқланган. Қайд этилишича, тумандаги кўпгина мактабгача таълим муассасаларидаги аҳвол ўта қониқарсиз.

XS
SM
MD
LG