Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:57

OzodDayjest: Данғара ҳокими жавоб хатидан 100 га яқин хато топилди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Сурхондарёда ўнлаб ИИБ мансабдорлари ишдан бўшатилди. Данғара ҳокими журналист фаолиятига тўсқинлик бўлмаганини иддао қилмоқда. Ўзбекистон бозорларида қовун ва тарвуз нархи арзонлаётгани йўқ. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Ички ишлар вазири хизмат вазифасига лоқайдлик қилган ўнлаб мансабдорларни ишдан олди

Ўзбекистон Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов Сурхондарё вилоятида жиноятчиликка қарши курашиш ҳолатини ўрганди (“Постда”, 8 август). Вазир асосан муаммоларга эътибор қаратган. Қайд этилишича, вилоятнинг айрим шаҳар ва туманларида жиноятчиликка қарши курашиш чора-тадбирлари тизимли олиб борилмаётгани сабабли оила ва қўшничилик доирасидаги жиноятлар, айниқса, қотиллик, қасддан баданга шикаст етказиш каби ўта оғир ва оғир жиноятлар ҳамон юқорилигича қолмоқда. Хизмат вазифасига лоқайдлик ва сусткашлик билан муносабатда бўлган ўнлаб раҳбар кадрлар ишдан олинган. Ишдан бўшатилганлар орасида Сурхондарё вилояти ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи И.Халилов, Шеробод тумани ИИБ бошлиғи Д.Кенжаев, Термиз шаҳар ИИОФМБ бошлиғи Ж.Ҳасанов ва бошқа бир қатор мансабдорлар бор.

Данғара тумани ҳокими журналист фаолиятига тўсқинлик қилганидан тонди

Фарғона вилояти Данғара тумани ҳокими С.Аминжонов “Жамият” газетасига ғиж-биж хатоларга тўла жавоб хати йўллаган (“Жамият”, 3 август). Туман раҳбарининг икки бетгина хати 95 та имловий ва услубий хатолар билан ёзилган. Аввалроқ Данғара тумани ҳокими газета мухбирининг касбий фаолиятига тўсқинлик қилган ҳақида мақола чоп этилган эди. Туман ҳокими жавоб хатида журналист фаолиятига тўсқинлик қилганидан тонган. Қолаверса, ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни хаспўшлашга уринган. Газета таҳририяти эса Данғара ҳокимини эскича фикрлашдан воз кечишга ундаган. “Муаммони инкор қилиш билан ҳеч бир натижага эришиб бўлмайди. Танқидни тўғри қабул қилиб, унда акс этган масала ечимини топа олгангина ютади”, дея эслатади газета.

Ўзбекистонда қовун ва тарвуз нархи қимматлигича қолмоқда

Ўзбекистон бозорларида қовунва тарвузнинг нархи қимматлигича қолмоқда (“Даракчи”, 9 август). Ўтган йилларда дастлаб қиммат бўлган ушбу полиз маҳсулотлари баҳоси арзонлашиб кетар эди. Аммо бу йил августнинг биринчи ўн кунлиги ўтган бўлса-да, Тошкент бозорларида тарвуз ва қовуннинг энг арзони 12 минг сўмдан сотилмоқда. Қайд этилишича, тарвуз ва қовун нархининг кам ва қимматлигига экин майдонларининг қисқаргани сабаб бўлмоқда. Қолаверса, полиз маҳсулотларининг хорижга экспорт қилиниши ҳам нархга таъсир этмоқда. “Ўзагроэкспорт” ширкатининг Жиззах вилоятидаги вакили Одил Зариповга кўра, биргина Жиззахдан Россия ва Латвияга 370 тонна қовун экспорт қилинди. Газетага кўра, ўзбекистонликлар витаминларга бой қовун ва тарвуздан тўйиб ейиши учун уларни етиштиришни кўпайтириш ва ички бозорда арзон нархни сақлаб қолиш керак.

XS
SM
MD
LG