Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:42

OzodDayjest: Таълим вазирлиги аҳолини табақалашга уринганликда айбланди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Парламент депутати Р.Кушербоев Халқ таълими вазирлиги ташаббусини уятли ҳолат, деб баҳолади. Ўзбекистон қидирувдаги жиноятчиларни хориждан ушлаб келиш учун уч йилда 30 миллиард сўм сарфлади. Фильмда роль бериш ваъдаси билан одамларни чув туширган режиссёр ушланди.

_____________________________________________________________

Халқ таълим вазирлиги аҳолини табақалашга уринишда айбланди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев Халқ таълими вазирлигининг давлат мактабларига тўлов жорий этиш ташаббусини уятли ҳолат, деб баҳолади. “Тошкентдаги бир қатор давлат мактабларига болаларни пуллик асосда жойлаштириш амалиётининг йўлга қўйилиши одамларни бой ва камбағалга ажратишнинг яққол намунаси бўлибди. Бундай адолатсиз таклифнинг келиб-келиб зиё ва маърифат тарқатувчи, болаларимизни адолат, тенглик, ҳақиқат ҳамда ҳалолликка ўргатувчи зиёлилар идораси вакилларидан чиққанлиги... билмадим нима дейишга тилим бормаяпти, уят хуллас”, деган депутат Р. Кушербоев.

Халқ таълими вазирлигига кўра, муайян мактаб микроҳудудига кирмайдиган жойда яшовчилар фарзандини 1-синфга топширишни хоҳласа, бир неча миллион сўмлик тўлов қилиши лозим. Бу ташаббусни жамоатчилик “Конституцияда белгиланган таълимнинг бепуллиги тамойили бузилиши”, “таълимда порани легаллаштириш” деб баҳоланган.

Вазир Шерзод Шерматов эса бу қадам тизимда коррупциянинг олдини олишга хизмат қилишини айтган.

Оғир жиноят содир этган қидирувдаги шахслар сони ошиб бормоқда

Оғир ва ўта оғир жиноят содир этиб, тергов ва суддан яшириниб юрган қидирувдаги шахслар кўпайиб бормоқда (“Ҳуқуқ”, 13 июнь). 2019 йил 1 апрель ҳолатига кўра, қидирувда бўлган 7650 шахсдан 74,2 фоизи ёки 5676 нафарини оғир ва ўта оғир жиноят содир этганлар ташкил қилди. Қидирувдагиларнинг 50 фоизи 5 йилдан ортиқ муддатдан бери қидирилмоқда. Аммо уларни топиш кўрсаткичи йилдан йилга камайиб бормоқда. 2015 йилда қидирувдаги шахсларнинг 47,5 фоизи, 2018 йилда эса 38 фоизи ушланган. Қидирувда шахсларнинг 2226 нафари Россия, 1358 нафари эса араб давлатларида экани аниқланган. Қайд этилишича, 2015-2018 йилларда 1457 нафар қидирувдаги шахсни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш учун давлат бюджетидан 30 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланган.

Фильмда роль ўйнайсан деган ваъда билан ўнлаб ватандошни чув туширган ёш режиссёр ушланди

Тошкентлик Равшанбек Раҳимов “фильмда роль ўйнайсан” деган ёлғон ваъда билан Самарқанддаги ўнлаб ватандошни чув туширди (“Ҳуррият”, 12 июнь). Р. Раҳимов “Ўзбеккино” миллий агентлиги томонидан суратга олинган икки фильмда роль ижро этган, шунингдек, Ёшлар иттифоқи Янгийўл шаҳар кенгашининг “Ёш режиссёрлар” тўгараги раҳбари лавозимида ишлаган. Осон пул топишни мақсад қилган йигит Самарқанд вилояти Пастдарғом туманига бориб, фильм учун кастинг эълон қилган. Кинода роль ўйнаш иштиёқидаги ўнлаб йигит-қизлардан 150 минг сўмдан 4800 долларгача пул олган. Уларга хорижда суратга олинаётган фильмда роль ваъда қилган. Фирибгар киночи жабрдийдаларнинг аризаси асосида қўлга олинган.

XS
SM
MD
LG