Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:00

OzodDayjest: Вазир ўринбосари ишчилар ўлимига эътиборсиз масъулларни “дордан қочганлар” деб атади


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари ишлаб чиқариш жараёнида бахтсиз ҳодисаларни камайтириш учун раҳбар жавобгарлигини оширишни таклиф этди. Самарқанд ҳокими қоровул ва фаррошларни ҳимоя қилиб чиқди. Тошкент ва Хоразмда мансабдорлар пора билан ушланди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Парламент ишлаб чиқариш жараёнида ўлим ҳолати кўпаяётганидан хавотирда

Ўзбекистонда 2018 йили ишлаб чиқариш жараёнида 210 та бахтсиз ҳодиса қайд этилган (“Даракчи”, 10 январь). Аксар ҳолларда ўлим билан якунланган бахтсиз ҳодисалар 2017 йилга қараганда кўпайган. Бу эса хавотирлидир. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Мавлуда Хўжаевага кўра, иш жойларидаги бахтсиз ҳодисаларга меҳнат хавфсизлиги қоидаларига риоя этилмаслиги ва дастгоҳларнинг носозлиги сабаб бўлмоқда. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умурзоқов бу каби фожиаларни камайтириш учун раҳбар жавобгарлигини оширишни таклиф этган. Вазир ўринбосари меҳнат хавфсизлигига масъул ходимларни ҳам имтиҳондан ўтказиш лозимлигини айтган. “Кўпгина ташкилотларда меҳнат хавфсизлиги бўйича масъул лавозим бор. Бу лавозимда ким ишлайди, деб сўрасангиз, “дордан қочганлар” деб жавоб беришим мумкин. Ҳеч қаерда обрў-эътиборга эга бўлмаган одамлар ишлайди”, деган Б. Умурзоқов. Вазир ўринбосари бевосита ўзи назорат қилаётган тизимни “дордан қочганлар”дан тозалаш бўйича шахсан қандай чоралар кўраётганига аниқлик киритмаган.

Самарқанд ҳокими қоровул ва фаррошлар рағбатдан четда қолаётганини танқид қилди

Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов ташкилот ва идоралардаги қоровул, фаррош, ҳайдовчи ва бошқа техник ходимлар рағбат ва эътибордан четда қолаётганини танқид қилди (Zarnew.uz – “Зарафшон” газетаси сайти, 5 январь). “Гарчи хизмати муҳим бўлса-да, уларга эътибор етарли эмас. Маоши жуда кам бўлгани учун бу касб эгалари идорага номигагина келиб кетади, сидқидилдан ишламайди. Кўп жамоаларда уларнинг муносиб шароитда ишлаши, дам олиши учун имконият яратилмаган, иш қуроллари, махсус кийим учун маблағ ажратилмайди. Бундай тоифадаги кишилар байрамлар муносабати билан рағбатлантиришда ҳам эсдан чиқиб қолади”, деган Э. Турдимов. Самарқанд вилояти ҳокими ташкилотлар раҳбарлари ва касаба уюшмасини ушбу масалага жиддий эътибор қаратишга ундаган.

Вилоят ҳокимлиги мулозими 5000 доллар пора билан ушланди

​Тошкент вилояти ҳокимлиги молия бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ж. Н. катта миқдорда пора билан ушланди (“Постда”, 5 январь). Бу ҳақда ИИВ жиноят-қидирув бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Музаффар Маҳмудов маълум қилади. Ўзбекистон ватандоши Тошкент вилояти ҳокимлиги молия бош бошқармасига Бўстонлиқ туманидаги бўш турган ерда туристик зона ташкил этиш таклифи билан мурожаат қилган. Идора мансабдори эса 3 гектар ер ажратиш эвазига тадбиркордан 5000 доллар пора талаб қилган. Қайд этилишича, исми ошкор этилмаган ҳокимлик расмийси тезкор тадбир давомида жиноят устида ушланган. Мансабдорга нисбатан Жиноят кодексининг бир неча моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилгани хабар қилинган. ИИВ вакилига кўра, 2018 йилнинг 6 октябрь куни айнан ер ажратишга оид иш бўйича Хива шаҳри ҳокимининг ўринбосари О. Ш. ҳам хизмат хонасида 2000 доллар пора билан қўлга олинган.

XS
SM
MD
LG