Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:33

OzodDayjest: Иқтидорли болаларни имтиҳонда атайин йиқитган порахўр директор қамалди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Коррупционерлар ҳақида хабар берганлар мукофотланади. Консерватория ҳузуридаги лицей директори талантли болаларни имтиҳонда қасддан йиқитгани маълум бўлди. Ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст жамиятда дид пасайиб кетганидан баҳс этди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Коррупцияга йўл қўйган адлия мансабдорлари ҳақида хабар берганлар мукофотланади

Адлия тизими мансабдор шахслари томонидан содир этилган коррупцияга оид хатти-ҳаракатлар ҳақида хабар берган шахсларни мукофотлаш тартиби жорий этилади (“Ҳуррият”,17 апрель). Бу ҳақда Адлия вазири Русланбек Давлетов маълум қилган. Қайд этилишича, фуқароларга адлия маъмурий биноларида (нотариал идоралар, давлат хизматлари марказлари, Интеллектуал мулк агентлигида) иш жараёнларини видео ва аудиога ёзиб олиш ҳуқуқи берилди. Вазир коррупция ҳақида хабар берганларни мукофотлаш тартиби қачон ва қай тариқа жорий этилишини очиқламаган. Расмий маълумотларга кўра, 2018 йил давомида ўтказилган рейдларда 7 нафар нотариус, 6 нафар нотариус ёрдамчиси, 7 нафар нотариус котиби ҳамда 20 нафар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Айни пайтда матбуот нотариусларнинг ноқонуний хатти-ҳаракати, хусусан, битимларни расмийлаштирганлик учун йиғимларни ундиришда ҳамон адолатсизликлар бўлаётгани ҳақида хабар бермоқда. Масалан, Human.uz нашри ўтказган эксперимент чоғи Шайхонтоҳур туман 8-сонли давлат нотариал идораси нотариуси Н. Алиахунов ва Учтепа тумани 7-сонли давлат нотариал идораси нотариус О. Мусаевлар машина олди-сотдиси пайти мижозлардан давлат томонидан белгиланган суммадан 122 579 сўм кўп пул олгани аниқланган.

Консерватория ҳузуридаги лицей директори иқтидорли болаларни имтиҳонда атайин йиқитгани фош этилди

Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузуридаги иқтидорли болалар академик лицейи раҳбарияти порахўрлик ва мансаб сохтакорлигида айбланди (“Даракчи”, 18 апрель). Лицей директори А. Ю. ҳамда унинг ўринбосари А. М. 2018-2019 ўқув йили учун имтиҳон пайти 15 нафар иқтидорли болани атайлаб йиқитган. Керакли балл тўплай олмаганлардан эса пора талаб қилишган. Масалан, 56 балл йиғиб, ўқишга кира олмаган қашқадарёлик абитуриентнинг онасидан 2000 доллар, шунингдек, тандир гўшт, коньяк ва вино талаб қилишган. Лицей раҳбарияти талаб қилган пул ва нарсаларни пора тариқасида олаётганда ушланган. Лицей раҳбарлари фирибгарлик билан боғлиқ жиноятлар ҳам содир этгани аниқланган. Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди судьяси Муҳаммад Қаюмовга кўра, лицей директори 6 йил, унинг ўринбосари 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст “мустақиллик” сўзини хор қилмасликка чақирди

Узоқ йиллар масъул раҳбар лавозимларда ишлаган ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст ёшларнинг диди ўтмаслашиб кетаётганидан хавотир билдирди (“XXI аср”, 18 апрель). “Мен бекорга додлаётганим йўқ, ўртамиёна нарсаларни мезон қилиб олаётганимиз дидимиз тушиб кетаётганини кўрсатиб турибди. Бўлажак актёрлар, ёш театршунослар билан гаплашганим сайин қайғуга чўмиб боряпман. Кўп нарса билмайди, кўп нарса ўқимаган... Дидсизлик расмий даражага кўтарилган, шиорларга айлантирилган. Наҳотки, фаросатли одамлар йўқ? Бор, лекин айтгани қўрқади”, деган ёзувчи. Адиб, шу билан бирга, “мустақиллик” сўзини хор қилиб ташламасликка чақирган. “Мустақиллигимиз” деб гап бошлаши билан, демак, сен ҳали тўлиқ мустақил эмассан, деб ўйлайман. Нима кераги бор? Сўзнинг қадри йўқолиб кетди. Қанчалик кам ишлатсак, бу тушунчанинг қадри ўшанча баланд бўлади”, деган Мурод Муҳаммад Дўст.

XS
SM
MD
LG