Линклар

Шошилинч хабар
19 июн 2019, Тошкент вақти: 20:56

OzodDayjest: Озодбек Назарбековдан даромадларини очиқлаш сўралди


Иллюстратив сурат.

Парламент Автомобиль йўллари қўмитаси раҳбариятини халқни алдашда айблади. Назарбековдан даромади ҳақида декларация, Ортиқхўжаевдан эса бизнесини лобби қилмаслик талаб этилди. Чирчиқ дарёси экологик фожиа ёқасига келиб қолган. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Олий Мажлис депутати Автомобиль йўллари қўмитаси раҳбариятини алмисоқдан қолган тартибда ишлашда айблади

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мамлакатда автомобиль йўллари аҳволини кескин танқидий баҳолади (“Даракчи”, 11 апрель). Палатада ўтган муҳокамада Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси раиси 1-ўринбосари Шуҳрат Назаров депутатларга ҳисобот берган. Депутат Қутлимурод Бабашевга кўра, “Обод қишлоқ” дастури бўйича қурилган йўллар қониқарли аҳволда эмас. Депутат Саттор Раҳматов эса Автомобиль йўллари қўмитаси раҳбариятини алмисоқдан қолган иш тартибида ишлаш, халқни алдашда айблаган. “Биргина Чироқчи туманининг жами 3 минг километр йўли бўлса, шундан 2600 километри ички қишлоқ хўжалиги йўллари ҳисобланади. Уларнинг 40 фоизи тупроқ, 20 фоизи тош, 20 фоизи асфальт бўлиб, қисқаси тамом бўлган йўллар... Биз халқни алдаяпмиз, халқимизнинг асосий қисми қишлоқда яшайди. Бир инсон туғилиб ўлиб кетадики, у юрадиган тупроқ кўча тош йўлга айланмайди”, деган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати С. Раҳматов.

Давлат амалдорлари ва уларнинг оила аъзолари даромади ҳақида жамоатчиликка маълумот бериши шарт

Давлат номенклатурасида турган раҳбарларнинг барчаси ва уларнинг оила аъзолари солиқ декларацияси тўлдириши, топаётган даромади ҳақида жамоатчиликка маълумот тақдим этиши шарт (www.xabar.uz, 8 апрель). Бу ҳақда Ахборот технологиялари вазирлигининг “Хабар” нашри онлайн версиясида чоп этилган мақолада сўз боради. Декларация ҳужжати ҳукумат портали, солиқ қўмитаси ёки расмий ахборот сайтларида бериб борилиши лозим.

Қайд этилишича, саккиз жойда дарс ўтаётган ва ҳар йили ўнлаб китоб ёзиб, яхшигина қалам ҳақи олаётган вазир мақомидаги Акмал Саидов, ҳукуматдаги юмушлардан ортиб, тўю томошаларда хизмат қилиб, даромад қилаётган Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Озодбек Назарбеков ҳамда даромадли корхона ёки бақувват банк акциясига эга бўлиб, мўмай дивиденд олаётган амалдорлар тушумини очиқ маълум килиши шарт. Декларация тўлдириш ташаббусини ўрнак сифатида Давлат солиқ қўмитаси раҳбари бошлаб бериши тавсия этилган.

Сўнгги пайтларда Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахтга раҳбар бўлгунга қадар йирик компания эгаси бўлгани, аммо аввалги бизнесидан тўлиқ узилмай, иккинчи муҳим лавозимни биргаликда олиб кетаётгани бўйича айбловлар янграмоқда. Шунга кўра, мақолада давлат иши ва бизнесни тартибга солувчи, лоббизмни тартибга солувчи қонун қабул қилиш лозимлиги айтилган.

Чирчиқ дарёси экологик фожиа ёқасига келиб қолгани ҳақида бонг урилди

Тошкент минтақасидаги ўнлаб корхона чиқинди сувларини тўғридан-тўғри Чирчиқ дарёсига оқизмоқда (“Ҳуқуқ”, 11 апрель). Масалан, “Intersok” МЧЖ ишлаб чиқаришдан чиқаётган маиший оқова сувларини кимёвий зарарсизлантирмасдан дарёга йўналтириб қўйган. Платмасса маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “Toshkent plast polimer” МЧЖда оқова сув таркибидаги кимёвий моддалар ушлаб қолинмасдан дарёга оқизилади. Шунингдек, Бектемир туманида фаолият юритувчи яна ўнлаб корхонадан чиқаётган маиший оқова сувлари дарёга қўшилиб кетмоқда. Қайд этилишича, кейинги йилларда Чирчиқ дарёсида балиқлар миқдори кескин камайган. Соҳилбўйида қушлар ҳам сийраклашган. Аҳвол шундай давом этса, бир неча йилдан кейин Чирчиқ дарёсидан фақат чиқинди сув оқади, дея бонг уради газета.

XS
SM
MD
LG