Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:41

OzodDayjest: Тошкентда меҳмонхона фаррошлари хорижлик сайёҳларни тўнагани фош бўлди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Адабиётшунос Иброҳим Ҳаққул одамларнинг қон-қонига қўрқув туйғуси сингиб кетгани сабабини айтди. Тошкентдаги меҳмонхонада икки фаррош хорижлик сайёҳларнинг пулини ўғирлаган. Самарқандда Мажбурий ижро бюроси ходими пора билан қўлга олинди.

_____________________________________________________________

Таниқли олим қўрқоқ ва лаббайчилар мансабга кўтарилаётганидан хавотир билдирди

Ўзбек жамиятида узоқ даврлардан бери ҳукм суриб келган машъум қўрқув муҳити жамият аъзоларини “палағда” қилиб қўйди (kun.uz, 9 март). Бу ҳақда таниқли адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққул билан суҳбатда сўз борган. Қайд этилишича, шўро давридаги қирғин ва қатағонлар туфайли қўрқув миллатнинг қон-қонига сингиб кетган. “Назаримда, Горбачёв даврида ҳар қалай эркинлик бўлганди... Бу эркинлик мустақилликкача ҳам келди. Яъни, мустақилликнинг дастлабки даврларида ҳам аҳвол бошқача эди. Лекин 1995 йиллардан кейин қўрқув яна қайта бош кўтарди. Эркин фикрлашга бўлган бир қадар тақиқлар бошланди. Миллат учун қайғурган маърифатпарвар зиёлиларнинг айримлари жазоланди. Натижада, одамлар жасоратни эмас, қулликни ифодалайдиган гаплардан овунадиган бўлишди”, дейди Иброҳим Ҳаққул. Унинг таъкидлашича, бугун президент Шавкат Мирзиёевга жуда қийин. Негаки, қўрқоқ ва лаббайчи одамлар амалга кўтарилган. Адабиётшунос олим қўрқув ҳақида қўрқмасдан фикрлашиш лозимлигини таъкидлаган.

Тошкентда хорижлик сайёҳлар пулини ўғирлаган меҳмонхона фаррошлари жазоланди

Тошкентдаги меҳмонхонада ишловчи икки нафар фаррош аёл хорижлик сайёҳларнинг пулини ўғирлагани фош бўлди (“Инсон ва қонун”, 14 март). Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани суди раиси Зафар Бобонов хабар беради. Қайд этилишича, исми ошкор этилмаган аёллар Тошкентдаги меҳмонхоналардан бирида фаррошлик қилган. Икки аёл хоналарни тозалаш чоғида ўғриликка қўл урган. Улардан бири хорижий давлатдан келган меҳмонлар хонасида йўқ эканидан фойдаланиб, жомадонларидан пул ва тақинчоқлар ўмарган. Иккинчи фаррош эса йўлакда пойлоқчилик қилиб турган. Қайд этилишича, фаросатсизларча қилинган жиноят қисқа фурсатда фош этилган. Судья З. Бобоновга кўра, бошқа жиноят қилмасликка сўз берган аёлларга енгил жазо – энг кам иш ҳақининг 10 баравари миқдорида жарима тайинланган. Жиноий ишга оид бошқа тафсилотлар очиқланмаган.

Самарқандда МИБ ходими пора билан ушланди

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Жомбой тумани бўлими ходими С. Н. пора билан ушланди, деб хабар беради “Даракчи” нашри. 35 ёшли ходим Самарқандда яшовчи танишидан Мажбурий ижро бюроси тизимига ишга жойлаб қўйиш эвазига1000 доллар пора талаб қилган. У эса МИБ ходимининг тамагирлиги ҳақида ҳуқуқ идораларига хабар берган. Бюро ходими автомобилларга ёқилғи қуйиш шахобчасида кўрсатилган миқдордаги порани олаётганида ашёвий далиллар билан ушланган. Бош прокуратура матбуот хизматига кўра, 2018 йили прокуратура органлари ходимларига 98 та ҳолатда 57 минг 500 АҚШ доллари ва 48,8 миллион сўм миқдорида пора таклиф этилган, прокуратура вакиллари порани рад этган ва пора таклиф этган шахсларга қонуний жазо тайинланган. Аммо прокуратура матбуот хизмати ушбу муддат давомида тизим ходимлари неча марта пора билан ушлангани ҳамда олинган поранинг умумий суммасига ойдинлик киритмаган.

XS
SM
MD
LG