Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:05

“Садо” гуруҳи асосчиси¸ бастакор ва актëр Владимир Барамиков оламдан ўтди


Владимир Барамиков
Владимир Барамиков

Ўзбекистондаги илк поп мусиқий гурух "КИБЕРГИ" асосчиси¸ “Садо” ансамбли бадиий раҳбари бастакор¸ киноактëр Владимир Барамиков 13 ноябрь куни давомли хасталик ортидан Тошкентда оламдан ўтди. Барамиков яқинларининг Озодликка айтишича¸ санъаткор 15 ноябрь куни Тошкентдаги Боткин қабристонига дафн қилинади.

“Ўзбек мусиқа ва кино санъати талантли ўғлидан жудо бўлди”¸ дейди Озодлик билан суҳбатда таниқли ўзбек кинорежиссери Элëр Эшмуҳаммедов:

- Яқиндагина гаплашувдим. Суратга олаëтган янги фильмим учун мусиқа ëзиб бермоқчи эди. Афсус¸ жанозада қатнаша олмайман¸ чунки Тошкентда эмасман. Икка ҳафтадан кейин бориб мозорининг устида Қуръон тиловат қиламан деб ният қилдим. Ўлим хабарини эшитиб қайғурдим. Талантли мусиқачи эди¸ кўп фильмларимга мусиқа басталаган. 1969 йили “Севишганлар” фильмимга актëр сифатида таклиф қилгандим. Ўша пайтда у "КИБЕРГИ" ансамблини илк ташкил қилган пайти эди. Володяни ўшанда кашф қилгандим¸ дейди ўзбек киноси оқсоқолларидан бири Элëр Эшмуҳаммедов.

“Севишганлар” фильмида Барамиков билан бирга роль ўйнаган таниқли актëр Шуҳрат Эргашев ҳам марҳумнинг мусиқий салоҳияти ҳақида гапирди:

- У Ўзбекистондаги илк вокал-инструменталь ансамблни ташкил қилгани учун ҳам эътирофга лойиқ. ТошДУ (ҳозирги Миллий университет) тарих факультети қошида очилган эди бу ансамбль. Бу тажриба пойдеворида Барамиков 1978 йилда афсонавий “Садо” гуруҳини тузди. Бу машҳур трио таркибида Кумуш Раззоқова, Азиза Муҳамедова ва Мила Романиди каби ëрқин ижрочилар бор эди. 1981йили Ялтада ўтган халқаро қўшиқ фестивалида “Садо” биринчи ўринни олган эди¸ дея эслайди Шуҳрат Эргашев.

Унга кўра¸ кейинги ўн-ўн беш йил мобайнида Владимир Барамиков касал бўлишига қарамасдан ижоддан тўхтамаган:

- Кейинги пайтда киноларга мусиқа басталар эди. Яқинда Ҳиндистонга бориб даволаниб ҳам келувди. Ўлим бу қўшиқчининг режасида йўқ эди¸ дейди ўз дўстининг ўлими ҳақида қайғу билан гапирган Шуҳрат Эргашев.

Эргашевга кўра¸ Тошкентда туғилиб Тошкент тупроғига кўмилган Барамиков Ўзбекистонни жонидан севган:

- Унга бирор унвон ҳам беришгани йўқ¸ ҳолбуки у ташкил қилган учта мусиқий гуруҳ (“Киберги”¸ “Садо” ва “Наво”) ўзбек поп мусиқаси ривожида муҳим роль ўйнади¸ дейди суҳбатдош.

Барамиков таниқли шоирлар Илья Резник¸ Лев Ошанин, Юрий Энтин Евгений Ширяев, Николай Волков, Усмон Азим¸ Эркин Мадраҳимов каби шоирларнинг шеърларига қўшиқлар басталаган.

Шунингдек у Раймонд Паулс, Давид Тухманов,Евгений Ширяев, Энмарк Салихов, Дилором Сайдаминова ва Дилором Омануллаева каби бастакорларнинг асарларини оранжировка қилган музикачи сифатида қадрланган.

Барамиков ўндан ортиқ совет фильмларида суратга тушган.

XS
SM
MD
LG