Линклар

Шошилинч хабар
19 июн 2018, Тошкент вақти: 19:26

ЭКСКЛЮЗИВ: Қўчқоров Молия вазирлигини кимдан¸ қандай тозалаш ҳақида гапирди (АУДИО)


22 декабрь куни президент Мирзиëев жамжид Қўчқоровни турғизиб қўйиб¸ Молия вазирлигини бир ой ичида "каламуш"лардан тозалашни буюрди.

16 февраль куни Озодликка Ўзбекистон Молия вазирлигида ўтган йилнинг 23 декабрь¸ шанба куни ўтказилган мажлисда айтилган гапларнинг қарийб бир соатчаси акс этган аудиоëзув етиб келди.

Асосан Молия вазири Жамшид Қўчқоров гапирган бу мажлис¸ президент Шавкат Мирзиëев 22 декабрь куни Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисида Қўчқоровни тик турғизиб қўйиб¸ унга дакки берганининг эртасига ўтказилган.

“Атрофингдагиларнинг ҳаммасини ҳайдавор¸ янги-янги одамларни ол. Қўчқоров агар ўзгариш қилмаса¸ сизларнинг олдиларингда айтаяпман – бир ойда буниям ишдан оламан. Манга бундақа молия керак эмас. Ҳаммасини ҳайдайди молияда ўтирганларни. Битта Острогорский деган ноинсофни ҳайдаган билан¸ унинг ҳиди кеп турипти манга. Ташқаридан туриб бир-иккиталар ишлаяпти. Манга бунақа молия керакмас. Ватанни севган¸ ўзбек миллатини¸ ўзбек давлатини севган¸ ҳар бир фуқаронинг эртанги кунига бефарқ бўлмаган молиянинг бошлиғи керак манга”¸ деган эди президент парламент аъзолари ва жамоатчилик вакилларига қилган Мурожаатида жумладан.

Парламент йиғинидан чиқа солиб¸ бу топшириқ ижросига киришган Қўчқоров (Озодликдаги аудиода Қўчқоровнинг ўзи 22 декабрь куни ўринбосарлари билан ҳайдашлар ҳақида мажлис ўтказганини айтади – таҳр.) 23 декабрь куни вазирликнинг барча тизимлари бошлиқлари иштирокида мажлис ўтказган.

“Бу гаплар бу биноларда¸ умуман молия тизимида 100 йилдан бери айтилмаган гаплар¸” деб бошлайди Озодликка етиб келган гапларини Жамшид Қўчқоров.

«Ҳеч кимни аяб ўтирмайман¸ ҳеч кимни¸» деган Қўчқоров бунга:

- Чунки президентимиз жудаям қаттиқ норозилик билдирдилар. Битта нарсани аниқ ва равшан тушуниб олинглар. Бизнинг президентимиз Молия вазирлигига ишонмайдилар! Умуман ишончлари йўқ! дея изоҳ беради.

Қўчқоров бу мажлисда айтганларининг Озодликка юборилган қисмида¸ вазирликдаги кадрлар масаласини Рустам Азимов даврида “бутун дунëни мен ушлаб турибман” деган ишончда яшаб¸ пора эвазига доллардаги миллионерга айланганлар белгилаганини айтади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:19 0:00
Бевосита линк

“Ўзини доҳий деб билган вазир” ва унинг кадрлар бўлимини бошқарган Перетолчин даврида вазирликда ўзини “король” санаганлардан айримларини тасвирлаб берган Қўчқоров¸ президент топшириғини зудлик билан бажаришга киришганини айтади:

- Ман кеча ҳамма замминистрларга топшириқ бердим. Битта-битта топиб чиқасизлар. Кимни Перетолчин қўйган бўлса¸кимни Азимов қўйган бўлса¸ ë Азимовни ялтоқлари¸ бошқалари атрофида юрган кучукчалари¸ ким қўйган бўлса бирортаси қолмай йўқ бўлсин. Бирортасини қолдирмайсизлар! Секретари бўлсаям агар йўқ қилинглар бу ердан. Бу ерда ўтирволиб¸ ҳаммадан пул олиб¸ король бўлиб ўтирганлар кўп эди. Кабинетда оëғини столга қўйиб ўтирарди бир-иккита маймунлар! деган Қўчқоров бу жараëнда ҳеч кимни¸ ҳатто ўз укаси бўлсаям аямаслиги¸ президент қўйган вазирликни тозалаш вазифасини «оғзидан қони келса ҳам¸ бажаражагини» айтади.

Вазир молиячилар босган қадамини кузатишни МХХдан сўрашини айтади

Молия вазирлигининг коррупция ва ахлоқсизлик ботқоғига ботганини қайта-қайта таъкидлаган Жамшид Қўчқоров¸ вазирлик ходимларининг ҳатти-ҳаракатлари шахсан президентнинг қаттиқ кузатувида эканини айта туриб¸

- Президентимиз ҳар куни ҳаммасини эшитиб ўтириптилар. Ҳамманг ҳақда информация бор¸ дейди.

Ўз ходимларининг кимдан пора сўраëтганию кимга тегажоқлик қилаëтганидан вақтида хабардор бўлиш учун Қўчқоров¸ ҳозиргача қилинмаган радикал қадамга қўл уражагини айтади.

- Ман эрта душанба куни иккита хатга қўл қўяман. (мажлис шанба куни бўлаяпти – таҳр.) Иккаловиям тегишли ташкилотларга. Ман очиғини айтаман. Ҳар доим ҳаммамиз қўрқиб қочиб юрардик ўша ташкилотлардан. Ман ўзим ëзаманки¸ мани вилоят молиямни¸ казначествомни¸ КРУимни¸ Пенсия жамғармамни алоҳида назоратга олиб беринг¸ деб ўзим хат ëзаман. Ҳар бирларингиз ҳақида маълумот сўрайман. Бундан буëн ман президент топшириғини¸ қўпол бўлсаям айтаман¸ оғзимдан қоним келиб бўлсаям бажараман. Ораларингиздан укам чиқсаям бўшатаман! Укам ишламайди. Лекин чиқсаям¸ аяб ўтирмайман¸ дейди Жамшид Қўчқоров.

Молия тизимини коррупциядан тозалаш мақсадида Қўчқоров вазирлик кадрлар тизимида кадрлар фаолиятини тинимсиз кузатиб¸ бу ҳақда ўзига вақтида ахборот етказадиган махсус «мутахассис» ўрнини яратиш режаси борлигини ҳам айтиб ўтади.

23 декабрь кунги нутқида Молия вазири Жамшид Қўчқоров¸ Рустам Азимов даврида вазирлик бадиий ижод билан шуғулланиб¸ (Мирзиëев ибораси – таҳр.) ялпи миллий маҳсулот ўсиши ва инфляция даражаси ҳақида эртак тўқиш билан шуғулланганини эслатиб ўтади.

- Дунëда 200 та мамлакатнинг 199 таси инфляцияни битта методда санайди¸ фақат Ўзбекистон бошқача методда санайди¸ ëпирай! Энди бизнинг одамларимизнинг рангиям яшил деб айтайлик бўлмаса¸ дейди президент Мирзиëевнинг кескин танқидига учраган ëлғон рақамларга тўхталган Молия вазири.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:21 0:00
Бевосита линк

Бу гаплардан сўнг АҚШда ўқиб келган Қўчқоров¸ вазирликдагиларнинг дунëқарашини ўзгартириш миссиясини бошлагани¸ бундан сўнг мамлакатдаги молия-иқтисод вазияти ҳақида фақат ҳақиқатни айтишга ўтилажагини таъкидлайди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:41 0:00
Бевосита линк

Қўчқоров “люстрация”си?

Президент томонидан берилганбир ой муддатда Молия вазирлигини “каламушлар”дан тозалаш топшириғи ижросига дарҳол киришган Жамшид Қўчқоров¸ Озодликка маълум бўлишича¸ вазирлик марказий аппарати ва молия тизимидаги аксар бошқармалар раҳбарларини ëппасига ишдан бўшатди.

Ўзбекистон миллий агентлигининг Ёшлар Иттифоқи Молия вазирлиги тизимида ишлаш учун 1000 нафардан зиёд номзод топиб бергани ҳақидаги хабаридан¸бу тозалаш давомида бир ой ичида вазирлик ходимларидан 1000 га яқин одам ишдан бўшатилгани англашилади.

Ўтган ой Озодликка Молия вазирлигида юқори лавозимда ишлаган 23 раҳбар қатори 165 ҳисобчининг ҳам бўшатилганини билдирган вазирлик расмийси¸ эски кадрларга нисбатан тазйиқлар кучайганини айтган эди.

- Сен фалончининг думисан¸ ўзинг билиб ариза ëзиб кет, дейишмоқда. Унинг ўрнига малакали кадрлар келса ҳам майли. Саводсизлар келаяпти. Бунинг охири яхшилик билан тугамайди¸ деган эди Молия вазирлиги расмийларидан бири.

Қўчқоров тозалашидан кейин вазирлик фаолиятида нима ўзгарди?

Озодлик билан суҳбатда Молия вазирлиги валюта-иқтисод бошқармасининг собиқ бошлиғи Сапарбой Жубаев¸ бу жараëнда малакали ва тажрибали кадрларнинг ҳам ëппасига ишдан ҳайдалгани¸ молия тизими бошқарувида жиддий муаммоларга олиб келиши ва бунинг аломатлари айни кунларда кўрина бошлаганини айтади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:57 0:00
Бевосита линк

Айни пайтда¸ Нью-Йоркдаги Oppenheimer сармоя банки етакчи мутахассисларидан бири Фарҳод Иноғомбоев Ўзбекистон Молия вазирлигида либерал ўзгаришлар бошлангани ва бу тизимни жаҳон молия тизимига интеграция қилиш уринишлари бораëтганини олқишлайди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:34 0:00
Бевосита линк

54 яшар Жамшид Қўчқоров¸ Тошкент Халқ хўжалиги институтини тамомлаганидан сўнг Самарқанд вилоятининг ўзи туғилиб-ўсган Каттақўрғон туманида ҳисобчи бўлиб иш бошлаган. Иқтисодиëт университети аспирантурасини тугатиб¸ шу ерда доцентликка етган Қўчқоров¸ 1993-95 йилларда Марказий банкда ишлаб¸ бошқарма бошлиғи лавозимига кўтарилади. 1996 йили АҚШнинг Колорадо штати Иқтисодиëт институтида бир йиллик курсни тугатиб¸ Марказий банк раиси ўринбосари лавозимида ишга қайтади. 1997 йилдан 2017 йилгача Молия вазири ўринбосари¸ кейинроқ 1-ўринбосари бўлиб ишлаган Қўчқоров¸ 2017 йилда макроиқтисодий комплекси раҳбарлигига¸ йил охирида эса¸ Молия вазирлигига тайинланди.

Мутахассисларга кўра¸ либерал мутахассислардан саналган Жамшид Қўчқоров Ўзбекистонда 2017 йил сентябридан бошланган валюта эркин конвертациясига ўтиш жараëни муаллифларидан бири.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG